Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Арслон терисига ўранган эшак
Facebook
Арслон терисига ўранган эшак PDF Босма E-mail

Қадим замонлар бой бир савдогар яшаб ўтган экан. Орадан маълум бир вақт ўтиб савдогар касодга учрабди. Ҳамёнида бир чақа ҳам қолмабди. Бечоранинг бор-йуғи эшаги қолган экан, лекин у ҳам очликдан озиб-тўзиб кетибди. Тирик мурдага айланиб қолган эшак юк у ёкда турсин ўзини ҳам кўтара олмайдиган аҳволга тушибди. Бир куни савдогар эшагига қараб: “Бечора жонивор, очликдан ўладиган кўринади, уни бир ўтлоққа олиб бориб қўйсам балки жон кирар...”, деб ўйлабди. Айни баҳор мавсуми, майсалар униб ётган вақт экан. Савдогар эшакни ўтлаш учун яйловга қўйиб юборибди. Нима бўлганда ҳам эшак жуда озғин ва нимжон эди. Савдогар ваҳший ҳайвонлар эшакка зарар келтирмасин деб, эшакнинг устига уйидаги эски бир арслон терисини кийдириб, хавф-хатардан қўриган бўлибди. Уни «хих-хих»лаб яйловга ҳайдабди. Арслон терисига ўралган эшак ўтлай бошлабди. Узоқдан кўрган йиртқич ҳайвонлар, арслон деб ўйлаб ундан ҳуркиб қочишар экан. Эшак ҳам бемалол ўтлаб хоҳлаганича айланиб юрар экан. Қисқа вақт ичида жон кирган эшак эски аҳволига қайтибди. Кунлардан бир кун нимадир бўлиб бир шаҳарча ичига кирибди. Боғбонлар уни кўриши билан арслон келди деб ўйлаб, қўрқиб қоча бошлашибди. Баъзилари дарахтга тирмалашишибди. Эшак эса у ердаги ўтларни иштаҳа билан ейишда давом этибди.
Шу пайт боғнинг ёнидан бир нечта эшак ўтиб кетаётган экан, бирданига ҳанграшни бошлашибди. Уни эшитган арслон терисини кийган эшак ҳам уларга жўр бўлибди. Бу ёқимсиз овоздан боғбонлар, боғга кирган арслон эмас, балки эшак эканини англаб етишибди. Дарахтдан тушиб эшакни тутиб олишибди ва ҳамон устидаги арслон терисини ечиб олишибди. Адабини бериб, роса ишлатишибди.

Инсон насл-насабини яширишга қанчалик ҳаракат қилмасин, маълум бир муддат буни уддасидан чиқиши мумкин, лекин бир кун келиб бир ножўя ҳаракати билан ким эканини ошкор қилиб қўяди.

Юсуф Товалийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан