Ув-увууу-ув! Мен шўрликка бир разм солинглар, ўляпман, ахир. Ташқарида ўкираётган бўрон бамисоли жанозамни ўқияпти, мен ҳам бўронга қўшилиб ув тортяпман. Шўргинам қурсин, шўргинам… Халқ Хўжалиги Марказий Кенгашининг оддий ишчилар ошхонасида исқирт қалпоқли бир аблаҳ ошпаз устимга қайноқ сув тўкиб, чап биқинимни пиширди-қўйди. Вой лаънати-ей, яна пролетарий! Вой жоним-эй, бирам оғрияптики!.. Суякларимгача сирқиратиб юборди. Энди ётиб ув тортяпман. Фақат ув тортганинг билан дардинг енгиллашса қани эдия…
Нима, мен унинг арпасини хом ўрибманми? Товба! Ўша ахлатхонасини озгина титкилаганим билан Халқ Хўжалиги Кенгашининг жами озуқасини ямлаб юборармидим? Очофат махлуқ! Сиз фурсат топиб унинг афти-ангорига бир разм солинга: башараси мой сурилгандек ялт-юлт қилади. Қип-қизил ўғри. Эҳ одамлар, одамлар… «Қалпоқ» мени пешинда қайноқ сув билан меҳмон қилганди, ҳозир эса қоронғи тушган, Пречистенка ўт ўчириш командаси қароргоҳидан қовурилган пиёз ҳиди келаётганига қараганда, орадан яна тўрт соатлар чамаси ўтган. Ўзингизга яхши маълумки, ўт ўчирувчилар бўтқа истеъмол қилишади. Улар учун бўтқа қўзиқориндай мазали таом. Лекин ўша пречистенкалик итларнинг ҳикоя қилишларича, Неглиннийдаги «Бар» ресторанида гўёки кундалик таом сифатида порцияси 3 сўм 75 тийин турадиган қўзиқорину пикан қайласи истеъмол қилишармиш. Бу, албатта, шинавандаларнинг иши, калиш ялагандек бир гап… Увуу-ув… Биқиним зирқираб оғрияпти, яқин истиқболимни ҳам мутлақо аниқ сезиб турибман: куйган жойларим ярага айланади. Қандай даволанаман энди? Ёз бўлса эканки, зинғиллаб Цоколникига борсанг, у ерда ажойиб, жуда яхши бир шифобахш ўт ўсади, ундан ташқари, текин колбаса бўлакларини териб еса бўлади. Ҳурматли гражданлар ёғли қоғозларни ташлаб кетишади, уларни маза қилиб ялаш мумкин. У ерда анави ой нурида ўлтириб, «Азизим Аида»ни куйлайдиган қандайдир лўттибознинг юракни эзувчи ноласини ҳисобга олмаса, ҳаммаси жойида бўларди… Ҳозирчи, қаерга ҳам борасан?.. Сизнинг ҳеч этик билан орқангизга тепишганми? Тепишган. Қовурғангизга ғишт билан туширишганми? Етарлича туширишган. Ҳаммасига чидаганман. Аллақачон тақдирга ҳам тан берганман. Агар ҳозир йиғлаётган бўлсам, фақатгина жоним оғриганидан, совуқдан йиғлаяпман, лекин руҳим ҳали тетик. Итларнинг руҳияти барқарор бўлади. Мана, бутун танамнинг соғ жойи қолмаган, яра-чақа, ҳаммаси меҳрибон одамларнинг шарофати. Лекин асосийси қайноқ сув билан пиширишганидан кейин юз берди: биқинимнинг жунлари тўкилиб, шир яланғоч бўлиб қолдим. Энди ўпкамни шамоллатиб қўйишим ҳам ҳеч гапмас, ундан ҳам олдин, қадрли гражданлар, очимдан ўламан. Ўпкаси шамоллаган ит зинапоя тагидаги қалин қилиб тўшалган бурчакда жим ётиши керак. Хўш, у ҳолда мендай бўйдоқ ва ошқозони пакиллаб ётган кучук ўрнига ким қорин тўйғазиш учун ахлатхонама-ахлатхона чопади? Ўпкам бутунлай ишдан чиққан тақдирда ҳам қорним билан эмаклаб, обдон ҳолдан тойиб юрганимда истаган одам таёқ билан бир уриб суробимни тўғрилайди-қўяди. Кўча супурувчилар эса мени оёғимдан ушлаб, ахлат ортилган аравага улоқтиришади. Кўча супурувчилар пролетарлар ичидаги энг бераҳм, баттол одамлардир. Улар энг паст табақага мансуб. Ошпазларнинг ҳар хили учрайди. Масалан, пречистенкалик марҳум Влас. У озмунчамизнинг ҳаётимизни сақлаб қолдими? Ҳар қандай бемор учун энг муҳими – бир бурдагина нимадир еб олиш. Қари итларнинг гапига қараганда, ўша Влас деганлари баъзида суякка қўшиб яхши ғажилмаган гўшт ҳам ташлаб тураркан. Жойинг жаннатда бўлгур асил инсон бўлганда, ман-ман деган граф Толстойларнинг хонадонида хизмат қилган, анавиларга ўхшаб мўътадил овқатланиш кенгашида эмас… Уларнинг овқатланиш тармоғида кўрсатаётган кароматларига итнинг ҳам ақли бовар қилмайди. Анави аблаҳлар бўлса, тузланган сассиқ гўштдан карам шўрва пиширишади, ҳеч нарсадан бехабар ҳалиги шўрликлар эса югура келиб еб-ичиб мазза қилиб кетишади. Анови машинкачи тўққизинчи разряд бўйича тўрт ярим сўлкавой олади, тўғри, унинг ўйнаши момиққина пайпоқ совға қилиб туради. Лекин битта момиқ пайпоқ учун қандай хўрликларга чидаши керак, чунки ўйнаши ундан оддийгина усулни эмас, французча муҳаббат қоидаларини талаб қилади. Гап ўртамизда қолсин, ўлгудай бемаза бўлишади ўша французлар. Лунжлари тўла овқату, устидан қизил вино ичганларига нима дейсиз. Ҳа… Югуриб-елиб келади шўрлик машинкачи… Ахир, унинг 4,5 сўлкавойига «Бар»га киришнинг иложи йўқ. Ҳатто кинематографга ҳам етмайди. Кинематограф эса аёллар ҳаётида яккаю ягона овунчоқ. Афтини бужмайтириб, кўзларини юмиб-очиб турган бўлса ҳам, гупиллатиб ҳаммасини еб олади. Ўзингиз ўйлаб кўринг: икки хил овқат учун 40 тийин тўлаш керак. Ваҳоланки, бу овқатлар 15 тийинга ҳам арзимайди. Чунки қолган 25 тийинни завхоз чўнтагига уради. Машинкачига шунақа ҳашаматли стол керак дейсизми? Унинг ўнг ўпкасининг юқори қисми дардга чалинган. Яна французча муҳаббат туфайли хотинларга тааллуқли касал ҳам орттирган. Ишхонасида ундан бало-баттарлар учун пул ушлаб қолишади, ошхонада эса ювинди билан қорнини тўйғазворишади, ана у, ана у… ўйнаши совға қилган пайпоқчаларда югуриб кетяпти. Оёқлари муздай, қорнига совуқ шамол кириб кетяпти, чунки кўйлаги менинг жунимга ўхшаган, иштони ҳам ипилдириққина, қуруқ тўрлару ленталардан тикилган. Ўйнашининг нигоҳи учун. Иссиқ, пахмоқ иштон кийиб кўрсинчи қани… Намунча қўпол кийинасан, деб шунақанги бақириб берадики! Жонимга тегди менинг матрёнам пахмоқ иштонлари билан… Энди менинг даврим келди. Энди раис бўлдим, қанча ўғирласам, ҳаммасини аёл танасига, нозик бўйинларга, Абрау-Дюрсо*га бахшида этаман. Чунки ёшлигимда орзуларимга етолмай, оч-наҳор армон билан ўтганман, нариги дунёсига эса ишонмайман. Ачинаман унга, жуда ачинаман! Лекин ундан ҳам кўпроқ ўзимга раҳмим келади. Худбинлигим туфайли айтаётганим йўқ бу гапларни, биз ҳақиқатан ҳам у билан бир хил шароитда яшамаяпмиз. У ҳеч бўлмаса, уйига кириб исинадику! Менчи, мен қаёққа бораман? Уууу-!.». – Куч-куч-куч! Шарик, ҳой, Шарик, намунча ғамнок ув тортмасанг сен шўрлик? Ким сени хафа қилди? Эҳ… Жодугар бўрон дарвозаларни тарақлатиб, бечора хонимнинг қулоқларини ялаб ўтди. Юбкасини кўтариб, оч сарғиш пайпоқли тиззаларини, яхши ювилмаган ич кийимининг тўрларини кўрсатиб, унинг сўнгги сўзларини ютиб, итни эса нарига суриб ташлади. «Вой худойим-эй. Бу қанақа ҳаво бўлдиа?.. Вой… Қорним ҳамон бураяпти. Ўша гўштнинг асорати бу, сасиган гўштнинг… Қачон буларнинг охири бўларкина?» Хоним бошини эгганча, бўронга қарши ҳужумга ўтди, дарвозадан чиқиб, кўчада изғирин билан олиша-олиша, қорда тойғана-тойғана кўздан ғойиб бўлди. Ит эса дарвозахонада ярадор биқинидан азоб чеккан ҳолда муздай деворга суянганча ёлғиз ўзи қолди. Ҳамда бу ердан энди асло қўзғалмасликка, шу ерда ўлимини кутишга қатъий қарор қилди. Тушкунлик уни шу кўйга солганди. Қалбида шунчалар армон, шунчалар дард-алам, ёлғизлик ва даҳшат бор эдики, ҳатто кўзларида майда ёш томчилари пайдо бўлиб, пастга оқиб тушар ва шу заҳоти қуриб қоларди. Куйган биқинида жунлари сув, қор теккани туфайли сумалак бўлиб қотиб қолган, улар орасидан эса терининг куйгани, катта-катта қизғиш доғлар яққол кўзга ташланарди. Бу ошпаз деганлари намунча бефаҳм, бефаросат, тошбағир бўлмаса?! Хоним уни «Шарик» деб чақирдими? Қанақасига у Шарик бўлсин, ахир? Шарик деганлари хўппа семиз, тўйиб овқат еган, юм-юмалоқ, тентак, сули бўтқасини тановул қилувчи, зодагон итларнинг фарзанди деганику, ахир! У эса жунлари юлинган, танаси шилинган, куйган, ориқ, кўча-кўйда санғиб юрадиган, саёқ ит бўлса… Ҳа, майли, ширинсуханлиги учун ҳам раҳмат. Кўчанинг нариги томонидаги чироқлари чарақлаб ёниб турган магазиннинг эшиги шарақлаб очилиб, остонада бир гражданин кўринди. «Ҳа-ҳа, ўртоқ эмас, гражданин, тўғрироғи – жаноб. Жаноб дейилса, ҳақиқатга яқинроқ ва аниқроқ бўлади. Пальтосига қараб, шундай деяпти деб ўйлаяпсизми? Хато қиласиз! Ҳозир пролетарларнинг кўпчилиги пальто кияди. Тўғри, ёқаси буникидай эмас, албатта, бунақаси ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас, лекин узоқдан адаштириш мумкин. Аммо кўзлар… Бу шундай нарсаки, узоқдан ҳам, яқиндан ҳам ўзгармайди, адаштира олмайсан. Худди барометрга ўхшайди улар. Кўзга қараб, одамнинг қалбида нималар кечаётганини билиш мумкин, ҳаммасини пайқаса бўлади: кимнинг қалби Саҳройи Кабир сингари бўм-бўш, кимдир ҳеч нимадан ҳеч нима йўқ этиги билан қовурғангга нуқиб қолади, баъзи бировлар эса ўзларидан-ўзлари «пирр» этган нарсадан қўрқиб юришади. Мана шу охирги ландовурнинг «хап» этиб болдиридан тишлаб олиш жуда мароқли бўладида. Қўрқасанми, ол оладиганингни! Қўрқсанг, демак, нархинг шу… р-р-р-вов-вов… Жаноб дадил қадамлар билан симёғоч бўйи баравар бўрон кўтарилаётган кўчани кесиб ўтиб, дарвозахона томон йўналди. Ҳа-ҳа, ҳаммаси кўриниб турибди. Бу жаноб сасиган гўшт емайди, мабодо, бирон жойда шундай гўшт таклиф қилинган тақдирда ҳам шунақанги жанжал кўтарган бўлардики… Кейин эса газетага ёзарди: мени, Филипп Филипповични, заҳарламоқчи бўлишди. Мана, у тобора яқинлашиб келяпти. Бу тўйиб овқат ейди, ўғирлик қилмайди, ҳеч кимни тепмайди, лекин ўзи ҳам ҳеч кимдан қўрқмайди. Нима учун қўрқмайди? Чунки ҳамиша тўқ. У ақлий меҳнат одами, юмшоқ, оппоқ, француз рицарлари каби чўққи соқол ва мўйлов қўйган жаноб. Сигараси ҳам бор. Аммо ундан ёқимсиз касалхона ва сигарета ҳиди анқиб турибди. Нима жин уриб, у Марказий Хўжалик кооперативида адашиб юрган экан? Мана, у ёнгинамда… Нима қидиряпти ўзи?.. – Уууу… Шу ипирисқи дўкончадан нима харид қилиши мумкин? Наҳотки, овчилик бозори унга камлик қилган бўлса? Нима-нима? Колбаса. Жаноб, сиз бу колбасанинг нимадан тайёрланганлигини билганингизда эди, дўкончанинг яқинига ҳам йўламаган бўлардингиз. Уни менга берганингиз маъқул». Ит сўнгги кучини тўпладида, дарвозахонадан йўлакка қараб судралиб кетди. Ўқ овозидай гувиллаб авжига чиқаётган бўрон «Ёшариш мумкинми?» деган плакатнинг катта-катта ҳарфларини учириб юрарди. «Албатта, мумкин. Мана, мени ҳид ёшартирди, оёққа турғазди, икки кундан бери ҳеч вақо тушмаган ошқозоним борлигини ёдимга солди, касалхона ҳидини ҳам ютиб юбораётган антиқа ҳид, пиширилган от гўшти, саримсоқ ва мурчнинг жаннатбахш ҳиди… Сезиб турибман, йўқ, аниқ биламан, пўстинининг ўнг чўнтагида колбаса бор. Мана у, шундоқ бурним устида. О, ҳазратим! Менга бир назар сол. Мен ўляпман, ахир! Қисматимиз қурсин, қуллар қисмати!» Ит кўзларидан шашқатор ёш оқизганча калтакесакка ўхшаб қорни билан эмаклаб кетди. Ошпазнинг нималар қилганини бир кўринга! Лекин сиз бир тишлам ҳам бермайсиз. Бойвачча одамлар табиатини жуда яхши биламан, ахир! Лекин, аслида, сизга нима кераги бор сасиган от гўштининг? Бунақа заҳарни Мосселпромдан бошқа ҳеч қаердан топа олмайсиз. Сиз эса бугун эрталаб нонушта қилгансиз, эркаклик пуштингиз туфайли сиз жаҳоншумул аҳамиятга молик одамсиз. Уууу… бу ёруғ жаҳонда нималар бўляпти ўзи? Кўриниб турибди, ҳали ўлишимга анча бор, руҳан таслим бўлиш эса – ғирт гуноҳ. Қўлини ялаш керак, бошқа илож йўқ. Турган-битгани жумбоқдан иборат жаноб эса итга энгашди, кўзларини ялтиллатганча, ўнг чўнтагидан узунгина оқ ўрам олди. Жигарранг қўлқопчаларини ечмаган ҳолда қоғоз ўрамни очди, уни шу заҳоти шамол учириб кетди, сўнгра Краков колбасасидан бир бўлак синдирди. Наҳотки, шу бўлак ит учун бўлса? «О, марҳаматли жаноб! Ууу!» – Ҳушт-ҳушт, – ҳуштак чалди жаноб, кейин жиддий овозда қўшимча қилди: – Олақол! Шарик, Шарик! «Яна Шарик! Пешонамга шу ном ёзилган экан, шекилли… Э, майли, нима десангиз деяверинг, бундай марҳаматингиз учун нима деб атасангиз ҳам розиман». Ит бир зумдаёқ колбасанинг пўстини артдида, инқиллай-синқиллай бир ямлашдаёқ еб ташлади. Қор аралаш бир бўлак колбаса томоғига тиқилишига сал қолди, чунки очкўзлик қилиб, ипини ҳам ютиб юбораёзганди. «Қўлларингизни қайта-қайта ялашга, ҳатто иштонингизни ҳам ўпишга тайёрман, халоскорим!» – Ҳозирча етади. Жаноб худди ҳарбий одамларга ўхшаб қисқа-қисқа гапирарди. У Шарик устига энгашиб, синовчан нигоҳда итнинг кўзларига тикилди, кутилмаганда меҳрибонлик билан Шарикнинг қорнини силаб қўйди. – Ҳмм, – деди у сирли оҳангда, – бўюнтуруғи йўқ, жуда соз, менга айнан сен керак эдингда, ошна. Қани, мен билан юрчи, – у бармоқларини қарсиллатди. – Фит-фит! «Сиз билан?! Э, сиз билан дунёнинг нариги чеккасига ҳам боравераман. Оёғингиздаги чарм ботинкангиз билан тепсангиз ҳам миқ этган номард». Чироқлар бутун Пречистенкани сутдай нурафшон этган. Биқини узлуксиз оғришига қарамай, Шарик пўстин кийган олижаноб бу кишини йўқотиб қўйишдан қўрқиб, ундан бир қадам ҳам орқада қолмасликка интилар ва ҳатто оғриқни ҳам унутаёзгудай эди. У қандай бўлмасин, ўз меҳри ва вафодорлигини изҳор этишни истарди. Ва буни Пречистенкадан то Обухов жинкўчасигача бўлган оралиқда етти марта изҳор этди, ботинкасини ўпди, Мурда жинкўчаси муюлишига етганда, ўзига йўл очаётиб, шундай даҳшатли ув тортдики, йўловчи бир хоним қўрққанидан ўтириб қолди, ўзига нисбатан янаям раҳм-шафқат уйғотиш мақсадида бир-икки бор зорланиб ув тортиб қўйди. Кутилмаганда сув қувури остидан бадбашара бир дайди мушук чиқиб келди, бўрон авжига олаётганига қарамай, у Краков колбасасининг ҳидини сезиб қолганди, чамаси. Дарвозахонадан ярадор итларни йиғиб юрадиган бу думбул бойвачча манави қароқчини ҳам ўзи билан бирга олиб кетиши, кейин Мосселпром маҳсулотини ўртасидан арра қилишга тўғри келиши ҳақидаги фикрдан Шарикнинг кўзларида ўт чақнаб кетаёзди. Шунинг учун тишларини ғижирлатиб, мушукка қараб шундай ирилладики, у шўрлик, тешик шлангага ўхшаб пишиллаганча қувур ичидан чопқиллаб иккинчи қаватга чиқиб кетди. «Фр-р-р… Вов! Йўқол! Мосселпромнинг Пречистенкада изғиб юрадиган ҳар бир дайдининг қорнини тўйғазишга вақти йўқ». Деразасидан валторна*нинг ёқимли овози эшитилаётган ўт ўчириш командаси ёнига етганларида, жаноб итнинг садоқатини яна бир бўлакча колбаса билан тақдирлади, лекин бу бўлакча аввалгисидан кичикроқ, беш тийинлик чақани эслатарди. «Эҳ, ғаройиб одам экан! Мени ўзига оғдириб олмоқчи… Хавотирланманг! Шундоқ ҳам ҳеч қаёққа жилмайман. Қаерга десангиз, ўша ёққа эргашиб кетавераман!.». – Фит-фит-фит! Бу ёққа юр! «Обуховгами? Маъзур тутасиз. Бу жинкўча бизга жуда яхши таниш. – Фит-фит! – Бу ёққами? Бажони… Э, йўқ, маъзур тутинг. Йўқ. У ёқда швейтсар бор. Бунақаси оламда йўқ. Кўча супурувчи фаррошлар ҳам унинг олдида ип эшолмайди. Жуда худо урган зот. Индамасанг, бошингга миниб, қорнингни чавақлашдан ҳам тоймайди». – Нега қўрқасан, ахир? Юравер. – Саломатмисиз, Филипп Филиппович. – Салом, Фёдор. «Мана буни шахс деса бўлади. Вой худойим-эй, бахтиқаро қисматим мени кимга рўпара қилди? Кўчада юрган итларни бундай ҳашаматли ўртоқлик уйига олиб киришга қодир жуда ҳурматли, гапи ҳаммага ўтадиган қанақа шахс экан ўзи бу? Қаранга, анави аблаҳнинг қимир этгани ҳоли йўқ. Кўзларига эътибор беринг, ўзи индамагани билан, кўзлари еб ташлагудай тикиляпти, шунга қарамай, ҳар доимгига нисбатан анча сипо, анча босиқ. Гўё шундай бўлиши керакдай. Ҳурмат қилар экан, жуда ҳурмат қилар экан бу жанобни! Эҳ-ҳа! Мен бўлсам у билан биргаман, изма-из кетяпман. Нима, тегиб кетдимми? Эпласанг, узиб ол. Ўша қадоқ босган пролетар оёғидан би-ир ғажисанг! Авлодимизга кўрсатган ҳамма ҳунарлари учун. Башарамни калтак билан неча марта бежагандинг, а?» – Юр, юра қол. «Албатта, албатта, сиз ҳеч хавотир олманг, фақат йўлакни кўрсатсангиз бас, у ёғини бизга қўйиб бераверинг. Биқинимнинг лўқиллашига қарамай, орқангиздан бир қадам ҳам қолмайман». Жаноб зинадан пастга қарата: – Фёдор, менга хат келмадими? – дея савол берди. Пастдан илтифот ила жавоб беришди. – Йўқ-йўқ, Филипп Филиппович, – деди (кейин секин, сирли товушда), – учинчи квартирага бир неча ўртоқ жойлаштирилди. Итларга меҳрибон ҳурматли жаноб зинада кескин орқасига ўгирилиб, пастга энгашдида, даҳшатга тушиб сўради: – Хўш-ш? Унинг кўзлари ола-кула бўлиб, мўйловлари тиккайиб кетди. Швейтсар пастдан оғзига кафтини тутиб, бош ирғаган ҳолда тасдиқлади: – Худди шундай, бир эмас, тўрт киши. – Ё тавба! Уйимизда нималар бўлишини энди тасаввур қилиш мумкин. Ўзлари нима қилишяпти? – Ҳеч нима. – Сиздан сўраяпман, Фёдор Павлович? – Ғишт ва парда олиб келгани кетишди. Уйни иккига бўлиб, девор қуришмоқчи. – Э, жин урсин, бу қанақаси, ахир! – Ҳамма квартираларга одам қўйишаркан, Филипп Филиппович, сизникидан ташқари. Ҳозир мажлис бўлди, янги ширкат сайлашди, эскиларининг эса думини тугишди! – Нималар бўляпти ўзи, тавба… Фит-фит. «Кетяпман, мана, ёнгинангиздаман. Биқиним қурғур зирқираб, сира тинчлик бермаяптида. Ижозат этинг, ботинкангизни яна бир ялаб қўяй. Швейцарнинг зар уқали бош кийимининг гардиши кўринмай кетди. Мармар ётқизилган майдончада қувурдан чиқаётган иссиқлик «гуп» этиб димоғимга урилди. Яна бир марта бурилиб, мана, манзилимизга ҳам етиб келдик».
II
Гўшт ҳидини бир чақирим наридан билиб олса бўладиган жойда ўқишни атайлаб ўрганишнинг сира ҳожати йўқ. Бинобарин, агар сиз Москвада яшасангиз, каллангизда салгина ақл деган нарса мавжуд экан, хоҳласангиз – хоҳламасангиз саводхон бўлиб кетасиз, бунинг учун қандайдир курсларда ўқиш ҳечам шарт эмас. Москвадаги қирқ минг кучукдан аллақандай мутлақо телбасигина ҳарфма-ҳарф «колбаса» сўзини ўқий олмайди. Шарик ўқишни ранг ажратишдан бошлаган. У тўрт ойликлигида бутун Москва бўйлаб кўкимтир-ҳаворанг «МСПО» – гўшт савдоси, деб номланган номлавҳалар осиб чиқишди. Такрор айтаманки, бунинг сира ҳожати йўқ эди, чунки гўшт бор жой шундоқ ҳам сезилиб туради. Бир марта Шарикнинг димоғига моторнинг бензин ҳиди ўрнашиб қолиб, янглиш юз берди; кўкимтир рангга ишониб бориб, гўшт дўкони ўрнига, Мяснитский кўчасидаги ака-ука Гаубизнерларнинг электр хўжалик моллари магазинига кириб кетибди. У ерда эшилган сим зарбини тотиб кўргач, извошчиларнинг қамчиси ундан юмшоқроқ эканлигига амин бўлди. Мана шу кунни Шарикнинг ақли кирган кун деб ҳисоблаш керак. Йўлакчада оғриқдан думини бутлари орасига қисганча, кўкимтир-ҳаворанг ҳар доим ҳам хом гўшт маъносини англатавермаслигини уқиб етди. Оғриқдан ув тортар экан, ҳамма гўшт дўконларида чапдан биринчи бўлиб чанани эслатувчи тилла ёки малларанг белги туришини эслади. Бу ёғи янаям муваффақиятлироқ бўлди. «А» ҳарфини Моховой муюлишидаги – «Главрибанда ўрганди, кейин «Б» ҳарфини. «Риба» сўзининг дум томонидан писиб келиш унинг учун қулайроқ эди, чунки бош томонида милиционер турар эди. Москванинг хилват бурчакларида тўртбурчак кошинлар билан безатилган жойлар ҳар доим «С-и-р» деган сўзни билдирар эди. Сўз олдидаги самоварнинг қора жўмрагига ўхшаган белги эса тоғ-тоғ уюлиб ётган голланд пишлоғи, итларни кўрса ваҳшийлашиб кетувчи приказчиклар, қипиқ сепилган тахта пол, сассиқ ҳид ҳамда дўконнинг собиқ хўжайини Чичкин номини билдирар эди. Агар гармондан «Азизим Аида»га қараганда сал тузукроқ куй эшитилиб, димоққа эса сосиска ҳиди урилар экан, оқ матога қора ҳарфлар билан ёзилган сўзлар силлиққина «Беада..». деб бошланса, бу «Беадаб сўзлар ишлатилмасин, чойчақа берилмасин» дегани эди. Бу ер ари уясидай доимо гавжум, шовқин-суронли, камдан-кам бўлсада, одамлар ўртасида жанжал, бир-бировининг башарасига мушт солишлар зоҳир бўлиб турарди; кучукларни эса қоғоз сочиқ билан уриш, этик билан тепкилаш одат тусига кирганди. Ойнадан қорайиб кетган эски гўштлар, мандаринлар кўриниб турган бўлса, бу… гау-гау… гастрономияни англатарди. Агар ичига ёмон суюқлик тўлдирилган қорамтир шишалар кўринаётган бўлса, бу маа-ай дегани эди. Ака-ука Елисеевларнинг собиқ дўкони. Итни ўрта қаватдаги ҳашаматли уйига бошлаб келган нотаниш жаноб қўнғироқни босди. Ит дарҳол катта, пуштиранг ва тўлқинсимон ойна билан қопланган эшикнинг ён томонига осиб қўйилган ва устига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган қора тахтачага нигоҳ ташлади. Биринчи учта ҳарфни у дарров таниди. «Пе-эр-о-Про». Кейингиси эса қанақадир қорни икки томонга тарвақайлаб кетган нотаниш алламбало эди. «Наҳотки пролетар, – ўйлади ит ҳайрат билан, – бундай бўлиши мумкин эмас». У тумшуғини тепага кўтариб, жанобнинг пўстинини яна бир бор ҳидлаб кўрди ва қатъий ишонч ҳосил қилди: «Йўқ, асло! Пролетар ҳиди келмаяпти. Бирон бир ақлли сўздирда, қандай маъно англатишини худо билсин». Пуштиранг ойна орқасида кутилмаганда чироқ нури чарақлади, у эшикка осилган тахтачани янада аниқроқ кўрсатди. Эшик оҳиста очилиб, остонада оппоқ фартук ва жияк таққан хушбичим юзли ёшгина аёл кўринди. Итнинг вужудига жаннатий илиқлик югуриб, димоғига аёлнинг кўйлагидан келаётган анбар ҳиди «гуп» этиб урилди. «Вой-бў… жудаям зўрку», – хаёлидан ўтказди у. – Марҳамат қилсинлар, жаноб Шарик, – кинояомуз таклиф қилди жаноб ва Шарик думини ликиллатганча ичкарига кирди. Даҳлиз ҳашаматли буюмлар билан лиқ тўла эди. Ўзининг куйган, озиб-тўзиб кетган аксини кўрсатган одам бўйи баравар ойна, деворга тираб қўйилган ваҳимали кийик шохи, сон-саноқсиз пўстинлар ва оёқ кийимлар, шипга осилган лола қандил дарров Шарикнинг хотирасига ўрнашиб қолди. – Қаердан топдингиз бунақасини, Филипп Филлиппович? – сўради аёл жилмайиб, тулки пўстидан тикилган кўкимтир ҳошияли қоратўриқ пўстинини ечишга ёрдамлашар экан. – Вой, худо! Намунча исқирт! – Бекорларни айтибсан, нимаси исқирт? – деди жаноб қатъият билан гапни чўрт кесиб. Пўстинини ечгач, инглиз мовутидан тикилган қоп-қора костюм ҳамда қорни устида хирагина ялтираб турган тилла занжири кўринди. – Шошмачи, қимирлама, фит… Тек турсангчи, тентак. Ҳм!.. Бу исқирт эм… жим тур деяпман, ахир, шайтон… Ҳм! Аа! Куйибди. Қайси аблаҳ сени шу кўйга солдиа? Жим турсангчи, э!.. «Каторгачи-ошпаз, ошпаз», – унсиз нола қилди ит ва секингина ув тортиб қўйди. – Зина, уни дарҳол текшириш хонасига олиб киринг, кейин менга халат беринг, – буюрди у. Аёл ҳуштак чалиб, бармоқларини қирсиллатди ва итни орқасидан юришга ундади, у бир оз иккиланиб тургач, аёл кетидан эргашди. Улар иккаласи хира ёритилган тор йўлак бўйлаб кетишди. Лакланган ялтироқ эшик ёнидан ўтиб, йўлак охирида чапга бурилишдида, қоп-қоронғи ҳужрага киришди. Ҳужра шу заҳоти итга ёқмади, чунки унда нафасни бўғиб қўядиган бир ҳид бор эди. Қоронғилиқ «шиқ» этиб, чароғон кунга айланди, ҳаммаёқ чарақлаб, жилоланиб, оқариб кетди. «Э, йўқ… – хаёлан нола қилди ит, – маъзур тутасиз, лекин мен осонликча қўлга тушадиганлардан эмасман. Тушуниб турибман. Э, уларни колбасалари билан қўшиб жин урсин! Мени итлар касалхонасига олиб келишибди, шекилли. Ҳозир кана-кунжут мойини ичиришади, пичоқлари билан куйган биқинимни кесиб ташлашади, ўзику тегмаса ҳам зирқираяпти». – Ҳой, тўхта, қаёққа? – қичқирди Зина деганлари. Ит эса ғужанак бўлиб, бор кучини тўпладида, соғ биқини билан эшикка шундай зарб билан урилдики, бутун уй қисирлаб кетди. Орқасига қайтиб, бир жойда гир капалак айлана туриб, ёнидаги оқ челакни ағдариб юборди. Челак ичидаги думалоқ-думалоқ пахта ўрамлари сочилиб кетди. Итнинг кўз олдида оппоқ деворлар, ялтироқ асбоблар, аёл кишининг оппоқ этаги, буришиб кетган юзи – ҳамма-ҳаммаси чаплашиб, гир айлана бошлади. – Қаёққа, ҳой, жундор махлуқ?! – бақирарди Зина қизишиб. – Вой, лаънати-эй! «Орқа йўлак қаерда экана?.». – ўйларди ит. У иккинчи эшик бўлса керак, деб таваккалига ўзини ойнага урди. Чил-чил цинган ойна парчалари ҳар томонга сочилди, айни вақтда сариқ алламбало суюқлик солинган бир банкача ҳам учиб кетиб, чилпарчин бўлди, шу заҳоти суюқлик полга тўкилиб, ҳаммаёқни қўланса ҳид тутди. Асосий эшик очилди. – Тўхта, ҳайвон! – қичқирарди халатининг бир енгини кийишга улгурмаган жаноб итнинг орқа оёғидан ушлаб олишга интиларкан. – Зина, бўйнидан ушла бу гўрсўхтани! – Вой-бў, ит бўлмай ўл! Эшик каттароқ очилиб, оқ халат кийган яна бир эркак кириб келди. У кира солиб ит эмас, ойна синиқларини босиб, шкаф томонга отилди. Уни очган эди, хонани кўнгилни айнитувчи алланечук ҳид босди. Нотаниш шахс итнинг устига қорни билан ўзини ташлаган эди, жонҳолатда эркакнинг ботинкасидан сал юқорироғига тишларини ботириб олди. Ҳалиги кимса «вой» дедию, лекин ўзини йўқотмади. Кўнгилни айнитувчи ҳид итнинг бошини айлантириб, юрагини ҳаприқтириб юборди, оёқлари бўшашиб, гавдаси қийшайганча қаёққадир қулай бошлади. «Раҳмат, ҳаммаси тугади, – ўйларди у нақ шиша синиқлари устига ағдарилар экан. – Хайр, Москва! Энди ҳеч қачон Чичкинни ҳам, пролетарларни ҳам, Краков колбасасини ҳам кўриш менга насиб этмайди. Итларга хос сабр-тоқатим учун жаннатга равона қилишса керак. Эҳ азизлар, қайси гуноҳларим учун?» У оёқ-қўлларини буткул узатиб, ҳушидан кетди. У қайта тирилганида боши енгилгина айланар, қорнида сал-пал оғриқ пайдо бўлган, лекин биқини умуман йўқдай жимиб қолган эди. Ит ўнг кўзини пича очиб, кўз қири билан биқини ва қорни кўндалангига бинт билан қисиб боғланганини кўрди. «Барибир, ўз айтганларини қилишибдида, баччағарлар, – ўйлади у кўнгилғашлик билан. – Лекин боплашибди, тан олиш керак». – Севилядан Гренадага қадар… Сокин шом палласида, – дея куйлади унинг тепасида паришон ва ёқимсиз овоз. Ит ҳайрат ичида иккала кўзини буткул очиб, ўзидан икки қадам наридаги оқ ўриндиқ устида шими ва иштонининг почалари қайрилган оёқни кўрди. Оёқнинг тўпиғи атрофи қонаб кетган ва унинг қотган жойларига ёд суркалган эди. «Галварслар! – ўйлади ит. – Ҳойнаҳой, бу менинг ишим. Энди нима бўларкин?.. Боплаб таъзиримни беришса керак..». – Янграр серенадалар, янграр қиличлар жаранги!.. Ҳой, дайди, сен нега докторнинг оёғини тишлаб олдинг? А? Ойнани нимага синдирдинг? А? – Уу-ув! – маҳзун ув тортди ит. – Ҳа, майли, ўзингга келган бўлсанг, ётавер, тентаквой. Бундан буён ҳам таъкидлайвераман. Улар зўравонлик ёрдам беради, деб чучварани хом санашади. Йўқ, йўқ-қ, оқми, қизилми, ҳатто жигаррангми, у ёрдам беролмайди! Зўравонлик асаб тармоғини буткул фалаж қилиб қўяди. Зина! Мен манави тентакка бир сўм қирқ тийинлик Краков колбасасидан сотиб олдим. Илтимос, кўнгли тусаши билан уни овқатлантириб қўйгин. Ойна синиқларининг қисирлаб супурилаётгани ва аёл кишининг истеҳзоли овози эшитилди: – «Краков колбасаси» эмиш! Товба, ахир, унга гўшт дўконидан икки тангалик қолган-қутган суякларни олиб келсангиз ҳам тешиб чиқмасди. Краков колбасасини яхшиси ўзим ейман. – Қани, еб кўрчи. Ўзим ейман эмиш! У инсон ошқозони учун ғирт заҳарку! Кап-катта қизку, гапини қаранглар, ёш болага ўхшаб, ҳар балони оғзига тиқиш пайида. Еб бўпсан! Эсингда турсин: агар қорнинг оғриб қолса, мен ҳам, доктор Борментал ҳам сен билан ади-бади айтишиб ўтирмаймиз. «Бошқа биров сени ўзига тенглаштираяпти, деб айтувчи ҳамма билан..». Майин ва қисқа-қисқа қўнғироқ жиринги эшитилар, қаердандир одамларнинг ғўнғир-ғўнғир товушлари келарди. Телефон жиринглади. Зина ғойиб бўлди. Филипп Филиппович папирос қолдиғини челакка ташлаб, халатининг тугмаларини тақди, ойна олдига келиб, пахмоқ мўйловини бураб қўйди ва итни чақирди: – Фит-фит! Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ. Қани кетдик. Ит зўрға оёққа қалқиди, бироз гандираклаб, титраб тургач, ўзини қўлга олиб, Филипп Филлипповичнинг полда судралаётган этаклари ортидан эргашди. У яна ўша тор йўлакдан ўтди, лекин бу сафар йўлак ёп-ёруғ эканлигини пайқади. Лакланган эшик очилиб, Филипп Филлиппович билан ичкарига кирган итнинг хонадаги ўта озодалик ва орасталикдан кўзлари қамашди. Бу ерда ҳаммаёқ чароғонлик оғушида: шипнинг ости ҳам, ён деворлари ҳам, стол усти ва шкаф ойналари ҳам нурга чўмган, чарақлар эди. Бу чароғонлик хонадаги ҳамма нарсани аниқ кўриш имконини берарди. Лекин уларнинг ичида энг мароқлиси девордаги ясама шохда ўтирган бойқуш эди. – Ёта тур, – буюрди Филипп Филиппович. Қаршидаги ўймакор эшик очилиб, остонада оёғи тишланган киши кўринди. Ёруғда Шарик унинг ёш, чўққи соқолли, келишган одам эканлигини пайқади. У бир варақ қоғоз узатиб, минғирлади: – Яна ўшаниси… Шу заҳоти яна кўздан ғойиб бўлди. Филипп Филиппович эса халатининг этакларини кўтариб, катта ёзув столи ортига ўтирди ва ўта жиддий ҳамда салобатли кишига айланди. «Йўқ, бу касалхона эмас, мен бошқа жойга тушиб қолганга ўхшайман, – хаёлидан ўтказди ит оғир чарм диван ёнидаги гулдор гилам устига чўзилар экан. – Анави бойқуш масаласида эса ҳали аниқлик киритамиз..». Эшик очилиб, итни ҳайратга солган ғалати бир кимса кирдики, у беихтиёр акиллаб юборди, лекин овози жуда сўник эшитилди. – Жим бўл! Об-бо, сизни таниб бўлмайдику, азизим, – кирган одам қимтиниб, эҳтиром билан Филипп Филипповичга таъзим қилди. – Ҳе-ҳе! Сиз сеҳргар, пайғамбарсифат одамсиз, профессор, – деди у саросима ичида. – Иштонингизни ечинг, азизим, – буйруқ берди Филипп Филиппович ва ўрнидан турди. «Ё товба, – хаёлидан ўтказди ит, – бу ёғи ғаройиб бўлдику!» Бу ғаройиб кимсанинг кўм-кўк сочлари орқасига ташланган бўлиб, учлари занглаган, тамаки рангида, юзларини ажин босган, лекин ёноқлари гўдакникидай қип-қизил эди. Чап оёғи букилмас, шунинг учун гилам устида судралиб юрар, ўнг оёғини эса, аксинча, ёш боладай сакраб-сакраб босарди. Ажойиб костюмининг олдига кўздай келадиган қимматбаҳо тош қадалган эди. Азбаройи қизиқиб қолганидан ит кўнгли айнаётганини ҳам унутди. – Вов-вов, – енгилгина акиллаб қўйди у. – Ҳа-ҳа… Биз ёлғизми, профессор? Бунга ақл бовар қилмайди, – деди келгинди Пароль Доннер, – 25 йил мобайнида бунақасини кўрмаганман, – шимининг тугмасини еча бошлади, – ишонасизми, профессор, ҳар кеча яланғоч қизлар гала-гала келишади. Мен чинакамига мафтунман. Сиз пайғамбарсиз. – Ҳм, – деб қўйди Филипп Филиппович меҳмонининг кўз қорачиғига тикилар экан. У эса, ниҳоят, тугмаларни бўшатгач, йўл-йўл шимини ечди. Шимининг тагидаги иштони жуда антиқа эди. У оч жигарранг тусда бўлиб, тиззаларига қора ипак билан мушук расми туширилган, атир ҳиди анқиб турарди. Мушукни кўрган ит чидаб туролмай вовуллаб юборди, ҳалиги кимса қўрққанидан сакраб тушди. – Вой! – Ҳозир таъзирингни бераман! Қўрқманг, у тишламайди. «Нега энди тишламас эканман?», – ҳайрон бўлди ит. Келгиндининг чўнтагидан гилам устига сочлари тўзиган чиройли аёлнинг сурати акс эттирилган жажжи конверт тушди. Бечора сапчиб кетди, энгашиб конвертни ердан оларкан, юзига қизиллик югурди. – Лекин эҳтиёт бўлинг, – огоҳлантирди Филипп Филиппович хўмрайиб, бармоғини силтаб пўписа қиларкан, – барибир, эҳтиёт бўлинг, суиистеъмол қилманг! – Йўқ, мен суиист… – ғўлдиради у энди иштонини ечаркан. – Мен, муҳтарам профессор, фақат тажриба тариқасида. – Хўш, қалай? Натижа яхшими? – сўради Филипп Филиппович. Ҳалиги кимса иштиёқ билан қўл силтади. – Худо урсин, профессор, 25 йил мобайнида бунақасини кўрмаганман. Сўнгги марта 1899 йили Парижда рю де ла Педа бўлган эди. – Нега энди кўкариб кетдингиз? – келгиндининг юзи ғамгин тус олди. – Лаънати «Жиркост»*. Бу ишёқмасларнинг, профессор, бўёқ ўрнига нима берганларини сиз ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсиз. Йўқ, сиз бир қаранга, – минғирлади у кўзлари билан ойнак изларкан. – Тумшуғини ёриш керак уларнинг! – қўшимча қилди у қутуриб. – Энди нима қилсам экана, профессор? – сўради у йиғлагудай аҳволда. – Ҳм, сочингизни устарада қирдиринг. – Профессор, – хитоб қилди келгинди шикоятомуз оҳангда, – ахир яна оқ соч ўсиб чиқадику. Бундан ташқари, ишхонада кам кўринишим мумкин бўлмай қолади, ўзи шундоқ ҳам уч кундан бери ишга бормаяпман. Эҳ, профессор, сочни ҳам ёшартиришнинг бирор йўлини топганингизда эди!.. – Ҳа, энди, бирдан эмас, бирдан эмасда, азизим, – тўнғиллади Филипп Филиппович. У энгашиб, чақноқ кўзлари билан беморининг яланғоч қорнини назаридан ўтказди. – Нимаям дердим, жуда яхши, ҳаммаси жойида. Очиғини айтсам, мен бунақа натижани кутмаган эдим. «Қонлар сероб, қўшиқлар мўл..». Кийининг, азизим! «Менчи, ҳамон ўша жонон висолини!.». – чийиллаган овозда қўшиқни давом эттирди у ва севинчи ичига сиғмай кийина бошлади. Ўзини эпақага келтириб бўлгач, ирғишлаганча атрофга атир ҳидини анқитиб, Филипп Филипповичга бир боғлам пул узатди ва унинг иккала қўлини миннатдорлик билан майин қиса бошлади. – Яна икки ҳафталардан кейин келарсиз, – деди Филипп Филиппович, – лекин, барибир, илтимос қиламан: эҳтиёт бўлинг. – Профессор! – хитоб қилди овоз остонадан азбаройи иштиёқ билан, – мутлақо хотиржам бўлаверинг, – у ширинсухан ҳиринглаб, кўздан йўқолди. Хона бўйлаб узуқ-юлуқ қўнғироқ жиринги янгради, ярқироқ эшик очилиб, остонада яна ўша оёғи тишланган кимса кўринди, у Филипп Филипповичга бир варақ қоғоз узатар экан: – Ёши нотўғри кўрсатилган. Чамаси, 54–55 ларда, юрак уриши сустроқ. У ташқарига отланди ва лаҳза ўтмай лайлак уясидай шляпасини бир томонга қийшайтириб кийган, махси почасидай қуришиб-буришиб кетган бўйнига ялтироқ занжир осган аёл пайдо бўлди. Унинг ёноқларига сунъий қизил бўёқлар чапланган, кўз остлари эса халта бўлиб осилиб ётарди. У қаттиқ ҳаяжонда эди. – Ёшингиз нечада, хоним? – сўради Филипп Филиппович ўта қатъий оҳангда. Хоним қўрқиб кетди ва рангининг бўзаргани ҳатто сунъий бўёқлар остидан ҳам сезилди. – Профессор, мен… онт ичаман, бунинг қанчалар фожиа эканлигини билганингизда эди… – Мен ёшингизни сўрадим, хоним? – янаям қатъиятлироқ овозда такрорлади Филипп Филиппович. – Чин сўзим… Ҳм… Қирқ бешда… – Хоним, марҳамат қилиб беҳуда вақтимни олманг, мени кутишяпти, ёлғиз сиз эмассиз қабулимга келган, – бақириб берди Филипп Филиппович. Аёлнинг кўкраги тез-тез кўтарилиб тушарди. – Фан машъали сифатида ёлғиз сизгагина айтаман, профессор! Лекин қасам ичишим мумкин, бу шунақанги даҳшатки… – Ёшингиз нечада?! – ғазаб билан бақирди Филипп Филиппович товуши чийиллаб ва унинг кўзойнаклари ярақлаб кетди. – Эллик бирда! – қўрқувдан дийдираб жавоб берди хоним. – Ҳа, балли, энди иштонингизни ечинг, хоним, – енгил нафас олиб деди Филипп Филиппович қўли билан жаллод кундасига ўхшаган баланд супачага ишора қилиб. – Онт ичаман, профессор, – ғўлдирарди аёл титроқ қўллари билан белидаги аллақандай тугмачаларни ечар экан, – ўша Моритс… Ҳа-ҳа… мен сизга худодай ишонганим учун айтяпман… – Севилядан Гренадага қадар… – паришонхотирлик билан куйлай бошлади Филипп Филиппович мармар обҳовучда қўл ювар экан. Сувнинг шовқини эшитилди. – Худо ҳаққи! – дерди азбаройи қизариб кетганидан ҳатто юзидаги сунъий бўёқлари ҳам сезилмай қолган аёл. – Биламан, жуда яхши биламан, бу ҳаётимдаги сўнгги муҳаббат, сўнгги бахт. У шундай разил одамки! Оҳ, профессор! У қиморбоз, буни бутун Москва билади. У чиройлилари у ёқда турсин, биронта тасқара таннозни ҳам ёнидан беҳуда ўтказмайди. Шунақанги ёшки… – хоним тинмай гапирар ва айни вақтда шитирлаётган юбкаси остидан гул солинган тўрга ўралган алланималарни олиб ташларди. Ит тамомила карахтланиб, миясида ҳамма нарса айқаш-уйқаш бўлиб кетди. «Э, ҳаммасини жин урсин, – хаёлидан ўтказди у паришонхотирлик билан бошини оёқлари устига қўйиб, уятдан мудрай бошлар экан. – Гап нимадалигини тушунишга уриниб ҳам ўтирмайман – барибир, тушунолмайман». У алланиманинг жарангидан уйғониб кетди ва Филипп Филипповичнинг тоғорачага қандайдир ялтироқ найчалар ташлаётганини кўрди. Қизариб кетган аёл қўлини кўксига қўйганча, Филипп Филипповичга умид билан термулар эди. Филипп Филиппович эса қовоғини уйганча иш столига бориб ўтирдида, алланималарни ёзишга киришди. – Мен сизга, хоним, маймуннинг тухумдонини кўчириб ўтказаман, – деди у аёлга қатъият билан тикиларкан. – Оҳ, профессор, наҳотки маймунникини? – Ҳа, – иккиланмай жавоб берди Филипп Филиппович. – Операция қачон? – бўшашибгина сўради аёл ранги бўзариб. – Севилядан Гренадага қадар… Ҳм… душанба куни. Эрталаб келиб клиникага ётасиз, ассистентим сизни операцияга тайёрлайди. – Э, клиникага ётишни истамайман, операцияни ўзларингизда ўтказиш мумкин эмасми, профессор? – Биласизми, хоним, мен операцияни бошқа иложи бўлмаган ҳоллардагина уйда ўтказаман. Кейин у жуда қимматга тушади – 50 червон. – Мен розиман, профессор! Яна сувнинг шовуллагани эшитилди, ранг-баранг патлар тақилган шляпа бир силкиндию, кейин тарвуздай силлиқ, қандайдир топ-тоза бош пайдо бўлиб, Филипп Филипповични қучоқлаб олди. Ит мудраб ётар, биқинида оғриқ тўхтагани ва хонанинг иссиқлиги туфайли маза қилиб ухлаб, ҳатто қисқагина ширин тушь кўришга ҳам улгурди, гўё анави бойқушнинг думидан бир сиқим патини юлиб олган эмиш… кейин боши устида ҳаяжонли овоз бамисоли акиллагандай бўлди. – Мен Москвада ҳаддан зиёд таниқли одамман, профессор! Энди нима қилишим керака? – Жаноблар! – қичқирди Филипп Филиппович аччиғланиб. – Бу қанақаси, ахир?! Одам ўзини тута билиши керак. Ёши нечада? – Ўн тўртда, профессор! Агар бу гап тарқалиб кетса, менинг тамом бўлганим! Тушуняпсизми?.. Яқинда мен чет эл командировкасига жўнашим керак эди… – Азизим, ахир, мен юрист эмасман… Яна икки йил сабр қилинг, кейин уйланасиз-қўясиз. – Мен уйланганман, профессор. – Эҳ жаноблар, жаноблар! Эшик узлуксиз очилиб-ёпилар, ҳар хил юзли одамлар келиб-кетар, шкафдаги асбоб-ускуналар шарақлар, Филипп Филиппович эса қўли-қўлига тегмай ишларди. «Жуда расво уй экан, – ўйларди ит, – лекин менга жуда маза. Унга нимага керак бўлдим экана? Наҳотки шу ерда яшагани қолдиради? Хўп ғаройиб одам экан! Салгина имо қилса – бас, шунақанги зўр итларга эга бўлиши мумкин. Балки, мен ҳам чиройлидирман. Омад деганлари шу бўлса керакда. Лекин анави бойқуш жудаям исқиртга ўхшайди… бетамиз». Кеч кириб, эшик қўнғироғи жиринглашдан тўхтаган чоғда ит бутунлай уйғонди ва худди шу маҳал эшикда махсус қабулга келганлар пайдо бўлишди. Улар тўрт киши эдилар. Ҳаммаси ёш ва камтарона кийинган. – Буларга нима керак экан? – ҳайрон бўлиб ўйлади ит. Филипп Филиппович эса уларни янаям нохушроқ кайфиятда қабул қилди. У ёзув столи ёнида ўз душманлари билан юзма-юз турган қўмондонга ўхшар эди. Қирғийникисимон бурун катаклари тобора кенгайиб бораётгандай эди. Меҳмонлар гилам устини топтаб, куймаланишарди. – Биз ҳузурингизга, профессор, – гап бошлади сочлари саватдай ҳурпайган кимса, – бир масала билан келдик… – Жаноблар, шундай ҳавода ковушсиз юриб чакки қиласизлар, – унинг гапини бўлди Филипп Филиппович. – Биринчидан, шамоллаб қоласизлар, иккинчидан, оёғингиз остидаги эрон гилами, сизлар эса уни лой оёғингиз билан ифлос қилдингизлар. Пахмоқсоч жим бўлди ва тўрттови ҳайратдан оғиз очганларича Филипп Филипповичга тикилишди. Бу сукут бир лаҳзагина давом этди. Филипп Филипповичнинг стол устидаги ўймакорлик усулида безак берилган ёғоч идишни бармоқлари билан тиқирлатаётганигина мазкур жимликни бузарди. – Биринчидан, биз жаноблар эмасмиз, – гап бошлади ниҳоят, юзлари шафтолига ўхшаган энг ёш кимса. – Биринчидан, марҳамат қилиб жавоб берсангиз, сиз эркакмисиз ёки аёлми? Тўртталаси яна ўзларини йўқотиб, оғизларини очганча жим қолишди. Бу сафар биринчи бўлиб пахмоқ соч ўзига келди. – Бунинг нима аҳамияти бор, ўртоқ? – сўради у мағрурлик билан. – Мен аёлман, – тан олди чарм куртка кийган, шафтолисимон юзли ўспирин юзлари ловуллаб. Кетма-кет бошига папаха кийган малла юзли йигит ҳам негадир қизариб кетди. – Ундай бўлса, сиз бош кийимингизни олмаслигингиз мумкин, сизлардан эса муҳтарам жаноблар, бош кийимларингизни ечиб гаплашишларингизни илтимос қиламан, – деди Филипп Филиппович салобат билан. – Мен муҳтарам жаноб эмасман, – деди малла кескин оҳангда, бошидаги қалпоғини қўлига оларкан. – Биз ҳузурингизга бир масалада… – гап бошлади саватсоч. – Авваламбор, биз деганингиз – кимлар ўзи? – Биз – мана шу уйнинг янги хўжалик бошқармаси, – ғазабини зўрға босиб деди пахмоқсоч. – Мен Швондерман, анави – Вяземская, булар ўртоқ Пеструхин ва Жаровкинлар. Хуллас, биз… – Федор Павлович Саблиннинг уйига ҳали сизларни жойлаштиришганмиди? – Бизни, – жавоб берди Швондер. – Ё парвардигор, Каблуховлар уйи адойитамом бўлибдида! – хитоб қилди Филипп Филиппович ачиниб, қўлларини бир-бирига ишқаларкан. – Нима, сиз устимиздан куляпсизми, профессор? – деди Швондер аччиғланиб. – Кулишга бало борми? Мен буткул саросимадаман. Хўш, энди буғ билан иситиш ишлари нима бўлади? – Сиз масхара қиляпсизми бизни, профессор Преображенский? – Нима иш билан келганингизни тезроқ айта қолинг, тушликка боришим керак. – Биз, уй хўжалиги бошқармаси, – нафрат билан гап бошлади Швондер, – сизнинг ҳузурингизга уйимиздаги квартираларда аҳолини зичлаштириш масаласи кўрилган умумий мажлис қарорига биноан ташриф буюрдик. – Кимларни зичлаштириш? – қичқирди Филипп Филиппович, – илтимос, фикрингизни аниқроқ ифодаланг! – Квартираларни зичлаштириш масаласини айтяпман. – Бас! Тушунарли! Менинг квартирам шу йилнинг 12 августида қабул қилинган қарорга биноан ҳар қандай зичлаштириш ва кўчиришлардан истисно этилганлиги сизларга маълумми? – Ҳа, маълум, – жавоб берди Швондер, – лекин бизнинг умумий мажлисимиз, сиз ёлғиз ўзингиз ҳаддан ташқари катта квартирани банд қилгансиз деган хулосага келди. Мутлақо катта квартирани. Бир ўзингиз еттита хонада яшайсиз. – Ҳа, мен бир ўзим еттита хонада яшаб, ишлайман ва саккизинчи хонам бўлишини ҳам истардим. У менга кутубхона учун керак. Тўрттовлон тахтадай қотиб қолишди. – Саккизинчи хона! Ҳе-ҳе-ҳе, – ғўлдиради қалпоқсиз малла, – аммо жуда бопладингиз. – Ақл бовар қилмайди! – хитоб қилди аёл бўлиб чиққан ўспирин. – Менинг қабулхонам – эътиборга олинг – айни вақтда кутубхона, ошхона вазифасини ҳам ўтайди. Кейин менинг иш кабинетим, касалларни кўриш хонаси, операция хонаси, ётоқхона, хизматкор хонаси. Хуллас, кўриб турибсизки, шундоқ ҳам етмаяпти. Ҳа, дарвоқе, бунинг аҳамияти йўқ. Менинг уйим ҳар қандай зичлаштиришлардан истисно, гап тамом. Энди тушликка борсам бўладими? – Кечирасиз, – деди миқти қўнғизга ўхшаган тўртинчи кимса. – Кечирасиз, – унинг гапини бўлди Швондер, – биз айнан мана шу беморларни кўриш ҳамда овқатланиш хоналари юзасидан гаплашгани келдик. Умумий мажлис сиздан овқатланиш хонангиздан ўз хоҳишингиз билан меҳнат интизоми тариқасида воз кечишингизни сўрайди, Москвада ошхона ҳеч кимда йўқ. – Ҳатто Айседора Дунканда ҳам йўқ ошхона, – жарангдор товушда қичқирди аёл. Филипп Филипповичга нимадир бўлди, натижада унинг юзлари бўзариб, бўғриқиб кетди ва товуш чиқармай воқеанинг давомини кута бошлади. – Шунингдек, кўриш хонасидан ҳам, – давом этди Швондер, – кўриш хонаси билан иш кабинетингизни бирлаштириш мумкин. – А-ҳа, – ғалати товуш чиқарди Филипп Филиппович, – қаерда овқатланишим керак унда? – Ётоқхонада, – бараварига жавоб беришди тўрттовлон. Филипп Филипповичнинг бўғриққан юзи энди кулранг тус олди. – Ётоқхонада овқатланиш, – гап бошлади у пича бўғиқ овозда, – кўриш хонасида китоб ўқиш, қабулхонада кийиниш, хизматкорнинг хонасида операция қилиш, ошхонада эса касалларни кўриш… Балки, Айседора Дункан айнан шундай қилаётгандир, балки, у кабинетида овқатланиб, ваннада қуёнчаларни сўяётгандир. Бўлиши мумкин. Лекин мен Айседора Дункан эмасман, – бирдан ҳайқириб юборди у ва қизарган юзлари сариқ тусга кирди. – Мен ошхонада таом тановул қиламан, операцияни эса операция хонасида ўтказаман! Умумий мажлисингизга шу гапларимни етказинг, энди эса марҳамат қилиб ўз ишларингизга қайтсангиз, менга эса, одатдаги барча одамлар сингари овқатланиш хонасида, таъкидлаб айтаман, қабулхонада ёки болалар хонасида эмас, овқатланиш хонасида таом истеъмол қилишимга ижозат берсангиз. – У ҳолда, профессор, қаршилик билдирганингизни назарга олиб, устингиздан юқори ташкилотларга шикоят ёзишимизга тўғри келади, – деди ҳаяжонга тушган Швондер. – А-ҳа, – пўнғиллади Филипп Филиппович, – шунақа денг? – Унинг овози шубҳали бир майинлик касб этди, – бир дақиқа сабр қилишингизни илтимос қиламан. «Оббо азамат-эй, – хаёлидан ўтказди ит завқ билан, – худди ўзима. Ҳозир боплайди уларни, шунақанги таъзирини берадики!.. Нимани мўлжаллаганини билмайману, лекин яхшилаб қопади ҳозир. Бопла, азамат! Анави йўғоноёқни этигининг юқорисидан ғарчиллатиб узиб олсанг… р-р-р..». Филипп Филиппович шаҳд билан телефон трубкасини кўтариб, унга шундай деди: – Илтимос… ҳа… миннатдорман… Марҳамат қилиб, Петр Александровични чақирсангиз. Профессор Преображенский. Петр Александрович? Жойингизда эканлигингиздан жуда хурсандман, раҳмат, соғлиғим ҳам жойида. Петр Александрович, сизни операция қилиш қолдирилади. Нима? Йўқ, бутунлай қолдирилади. Бошқа операциялар ҳам. Нимага дейсизми? Мен Москвада, нафақат Москвада, бутунлай Россияда иш фаолиятимга якун ясаяпман. Ҳозир ҳузуримга тўрт киши ташриф буюришди, улардан бири эркакча кийиниб олган аёл, иккитаси эса тўппонча билан қуролланган, квартиранинг бир қисмини тортиб олиш мақсадида зўравонлик қилишяпти. – Маъзур тутасиз, профессор, – гап бошлади Швондер ранги қув ўчиб. – Кечирасиз, уларнинг гапларини такрорлашга имкониятим йўқ. Мен бемаънилик ишқибози эмасман. Беморларни кўриш хонасидан воз кечишимни таклиф қилганларини айтиб ўтишимнинг ўзи кифоя, сизни операция хонасида эмас, илгари қуён сўйиладиган жойда операция қилишимга тўғри келади. Бундай шароитда мен нафақат ишлай олмайман, бунга ҳаққим ҳам йўқ, деб ҳисоблайман. Шунинг учун ўз фаолиятимни тўхтатиб, Сочига жўнаяпман, уйимни қулфлаб, унинг калитини Швондерга қолдиришим мумкин. Ўзи операция қилаверсин. Тўрттовлон қотиб қолишди. Этикларига ёпишган қор эрий бошлаганди. – Нимаям қилардик… бу менинг ўзим учун ҳам кўнгилсиз, албатта. Қанақасига? Э, йўқ, Пётр Александрович! Йўқ. Ортиқ бундай ишлашга рози эмасман. Сабр-тоқатим тугади. Бу воқеа август ойидан буён иккинчи бор такрорланиши. Қандай? Ҳм… Қайдам. Ўзингиз биласиз. Лекин бир шартим бор: ким томонидан, қачон, қаерда берилишидан қатъи назар, у шундай қоғоз бўлсинки, на Швондер, на бошқаси ҳатто менинг эшигимга ҳам яқинлаша олмасин. Пўлат қалқон каби шундай зўр ва ҳақиқий қоғоз бўлсинки, улар ҳатто менинг номимни ҳам тилларига олмасинлар. Мен улар учун ўлганман. Ҳа-ҳа. Марҳамат. Кимга? Э-ҳа… Мана бу бошқа гап. Яхши. Ҳозир дастакни бераман. Марҳамат қилсинлар, – Филипп Филиппович заҳарханда билан Швондерга мурожаат қилди, – ҳозир сиз билан гаплашишади. – Профессор, – деди Швондер, оқариб-бўзариб, – сиз гапларимизни бузиб талқин этдингиз. – Аввал ўйлаб, кейин сўйлашни маслаҳат берардим, яхши йигит. Швондер саросима ичида трубкани қўлига олди. – Эшитаман. Ҳа… Уй хўжалиги раиси… Биз қонун бўйича иш тутяпмиз. Профессор шундоқ ҳам алоҳида имтиёзларга эга. Биламиз, унинг ишларидан… хабардормиз. Бешта хонани унинг ихтиёрида қолдирмоқчи эдик… Ундай бўлса, майли… яхши… Лавлагидай қизариб кетган Швондер трубкани жойига осиб, орқасига ўгирилди. «Вой азамат-эй! Жуда бопладикуа?! – хаёлидан ўтказди ит завқланиб. – Қандайдир сўз сеҳрини билади чоғи… Энди мени хоҳлаганингизча ураверинг, барибир, ҳеч қаёққа жилмайман». Учовлон оғизларини очганча роса изза бўлган Швондерга тикилишарди. – Бу ғирт шармандалик, – минғирлади у журъатсизгина. – Агар ҳозир баҳслашишнинг мавриди бўлганда, мен Петр Александровичга исботлаб берган бўлардим, – деди аёл қизишиб ҳаяжон ичида. – Маъзур тутасиз, сиз баҳслашишни ҳозир бошламоқчимисиз? – мулойимлик билан сўради Филипп Филиппович. Аёлнинг кўзларида ўт чақнагандай бўлди. – Киноянгизни тушуниб турибман, профессор, биз ҳозир кетамиз… Фақат, мен, уй хўжалигида маданият ишлари бўлимининг мудири сифатида… – Мудираси, – унинг гапига тузатиш киритди Филипп Филиппович. – Сизга бир таклифим бор, – аёл қўйнидан ялтироқ ва қор теккани туфайли намиққан журналларни чиқарди, – мана бу бир неча журнални Германия болаларига ёрдам тариқасида сотиб олсангиз. Донаси эллик тийиндан. – Йўқ, олмайман, – қисқа жавоб берди Филипп Филиппович журналларга кўз қирини ташлаб. Уларнинг юзларида ўта ҳайратланиш ифодаси акс этди. Аёл эса чўғдай қизариб кетди. – Нима учун рад этяпсиз? – Истамайман. – Германия болаларига раҳмингиз келмайдими? – Раҳмим келади. – Пулингизни қизғаняпсизми? – Йўқ. – Бўлмаса нима учун? – Истамайман. Жим бўлиб қолишди. – Биласизми, профессор, – яна гап бошлади аёл оғир хўрсиниб, – агар сиз Европада ном чиқарган фан юлдузи бўлмаганингизда ва айрим шахслар мутлақо асоссиз ёнингизни олмаганида (малла соч унинг курткасига туртиб қўйди, лекин аёл унга эътибор ҳам бермади), сизни қамоққа олиш керак эди. Биз уларни ҳам ҳали текширамиз. – Нима учун энди? – астойдил қизиқиб сўради Филипп Филиппович. – Сиз пролетариатдан нафратланасиз! – деди аёл мағрурлик билан. – Ҳа, мен пролетариатни ёмон кўраман, – деди Филипп Филиппович маъюслик билан ва тугмачани босган эди, қаердандир қўнғироқ жиринглади. Йўлак эшиги очилди. – Зина, – қичқирди Филипп Филиппович, – овқатни сузавер. Энди менга ижозат берарсизлар, жаноблар? Тўрттовлон индамай иш кабинетини тарк этишиб, қабулхона ва йўлакдан ўтишдида, ташқарига отланишди. Уларнинг кетидан кўча эшикнинг оғир ёпилгани эшитилди. Ит оёқларида туриб, Филипп Филипповичга бамисоли таъзим қилаётгандай бошини қуйи эгди.
III
Ошхонанинг ўртасида қордай оппоқ дастурхон ёзилган катта, оғир стол, унга икки кишилик овқатланиш анжомлари, шунингдек, цилиндрга ўхшатиб бураб қўйилган сочиқ ва ҳар хил рангдаги ароқ тўлдирилган учта шиша териб қўйилган эди. Сал нарироқда эман дарахтидан ўймакорлик усулида ишланган ва ичидаги ойнаси ҳамда кумуш идишлари ялтираб, товланиб турган жавон, унинг ёнига эса кичкинагина мармар стол қўйилган, усти турли ноз-неъматлар билан лиқ тўла эди. Чиройли гуллари қора ҳошия билан ўралган нозик ликопчаларда юпқа кесилган сёмга балиғи, димиқтирилган илонбалиқ, оғир тахта идишларда эса устида сув томчилари диркиллаб турган пишлоқ, кичкинагина, ичи қор билан тўлатилган кумуш бочкачага эса икра солинганди. Булардан ташқари, катта столга бир нечта нозик қадаҳ ҳам терилганди. Зина ичида бир нима биқирлаб қайнаб турган, қопқоғи берк кумуш идиш кўтариб кирди. Овқатдан шунақанги хушбўй ҳид чиқаётган эдики, итнинг оғзи бир дақиқадаёқ сўлакка тўлди. «Семирамида боғлари», – хаёлидан ўтказди у думини худди қамчиндай қилиб паркет полга урар экан. – Бу ёққа қўйинг, – буюрди Филипп Филиппович. – Доктор Борментал, худо хайрингизни берсин, икрани ўз ҳолига қўя турсангизчи! Сизга яна бир маслаҳатим: инглиз ароғи эмас, оддий рус ароғидан қуйинг. Оёғи тишланган келишган кимса – энди халатсиз, ҳашаматли қора костюм кийиб олган эди – кенг елкаларини қисаркан, майин жилмайиб, қадаҳларга шаффоф суюқликдан қуйди. – Янги ҳукуматникими? – қизиқсинди у. – Худо асрасин, азизим, – жавоб берди уй эгаси. – Спирт бу. Даря Петровнанинг ўзи ажойиб ароқ тайёрлайди. – Унчалик эмасдир, Филипп Филиппович, айтишларича, янги ҳукуматники ҳам тузуккина эмиш, 30 даража. – Ароқ 30 эмас, 40 даража бўлиши керак, бу бир, иккинчидан эса, худо билади, унинг ичига яна нима балоларни қўшиб юборишади экан. Уларнинг хаёлига нималар келишини айта оласизми? – Улардан ҳамма нарсани кутса бўлади, – ишонч билан деди оёғи тишланган кимса. – Мен ҳам худди шундай фикрдаман, – қўшимча қилди Филипп Филиппович жажжи қадаҳни бир ютишда бўшатиб. – Ҳм… Доктор Борментал, ўтинаман сиздан, манавини бир татиб кўринга, ҳозироқ… агар айтсангизки, бу… бутун умрга ашаддий душманингиз бўлиб қоламан. Севилядан Гренадага қадар… У шу сўзларни айтаркан, кумуш вилкада қора нонга ўхшаган алланимани олиб, оғзига солди. Тишланган кимса ҳам айнан шундай қилди. Филипп Филипповичнинг чеҳраси ёришди. – Ёмонми, а, ёмонми? – чайнаб туриб сўроққа тутар эди у. – Сиз жавоб беринг, ҳурматли доктор. – Бениҳоя зўр, – чин дилдан жавоб берди тишланган. – Секинроқ ҳам айтасизми… Эътибор беринга, Иван Арнолдович, ароқни совуқ газак ва шўрва билан фақат большевиклар томонидан сўйиб тугатилмаган бойларгина тановул қилишади. Ўзини жиндек бўлсада эъзозлайдиган киши иссиқ овқатли газак истеъмол қилади. Бу эса Москвадаги газакларнинг энг биринчиси. Бир вақтлар уни славян бозорида қойилмақом қилиб тайёрлашар эди. Ма, бу сенга. – Итни ошхонада овқатлантирганингиз нимаси, – аёл кишининг жарангдор овози эшитилди, – кейин уни бу ердан калтак ёрдамида ҳам чиқаролмайсиз. – Ҳечқиси йўқ, қорни очиб кетди шўрликнинг, – Филипп Филиппович газакни вилкасининг учига қўндириб итга узатди, у эса фокус кўрсатаётгандай усталик билан уни илиб олди, вилкани эса уй эгаси шарақлатиб, қўл ювадиган идишга улоқтирди. Ликопчадан пиширилган қисқичбақанинг ҳиди гупиллаб димоққа урар, иссиқ буғ кўтариларди. Дастурхон соясида ўтирган ит ўқдори омборхонасини қўриқлаётган соқчига ўхшарди. Сочиқнинг бир учини ёқасига қистириб олган Филипп Филиппович қошиғини маъноли силкитиб қўйди. – Жумладан, овқат маҳалида нималар хусусида гаплашишни ҳам. Ҳа. Агар овқат ҳазм қилиш тармоқларингиз яхши ишлаб туришини хоҳласангиз, овқат устида большевизм ва тиббиёт ҳақида гаплаша кўрманг. Овқат олдидан совет газеталарини ўқишдан эса сизни худонинг ўзи асрасин!.. – Ҳа, лекин бошқачалари йўқку! – Йўқ бўлса, яна ҳам яхши, ҳеч қанақасини ўқиманг. Биласизми, мен клиникада 30 нафар бемор устида кузатиш ишлари олиб бордим. Натижа қандай бўлди, деб ўйларсиз? Газета ўқимайдиган беморлар ўзларини жуда зўр ҳис қилишади. «Правда» газетасини ўқишга махсус мажбур қилганларим эса оза бошлаганини пайқадим. – Ҳм… – қизиқиш билан минғирлади тишланган кимса вино ва иссиқ шўрва таъсирида қизариб. – Бу ҳам ҳолва. Тизза рефлекси сусайиб, иштаҳаларини йўқотиб, ҳатто руҳий тушкунликка мубтало бўлишди. – Ё, тавба… – Ҳа. Дарвоқе, менга нима бўлди, тиббиёт ҳақида ўзим гап очганим нимаси? Филипп Филиппович гавдасини ўриндиқ суянчиғига ташлаганча қўнғироқ тугмасини босди, гилосранг парда ортидан Зина пайдо бўлди. Итга осётр балиғининг семиз, рангсизроқ жойидан тегди, лекин бу унга ёқинқирамади, ундан кейин эса қони силқиб турган бир бўлак ростбиф узатишди. Уни ҳам еб бўлгач, ит овқат ҳақида бошқа ўйлашни ҳам истамаётганини, уйқу элитаётганини ҳис этди. «Қизиға, – ўйларди ит тобора оғирлашиб бораётган қовоқларини зўрға кўтариб, – ҳеч қандай овқатни кўргим ҳам йўқ. Овқатдан кейин чекиш эса тентакликдан бошқа нарса эмас». Ит бошини олдинги оёқлари устига қўйганча мудраб ётар, хонани ёқимсиз кўкимтир тутун ўраган эди. – «Сен-Жулен» – жуда яхши вино, лекин ҳозир уни топиб бўлмайди, – уйқу аралаш итнинг қулоғига чалинди. Қаердандир юқоридан, ён томондан ғала-ғовур эшитилди. Филипп Филиппович қўнғироқ тугмасини босди ва яна Зина пайдо бўлди. – Зинуша, нималар бўляпти ўзи? – Яна умумий мажлис қилишяпти, Филипп Филиппович, – жавоб берди Зина. – Яна! – хитоб қилди Филипп Филиппович жиғибийрон бўлиб. – Демак, Калабуховлар уйи адойи-тамом бўлибди, деяверинг. Кўчиб кетиш керак, лекин… қаёққаям борасан. Ҳаммаси сувдан қил суғургандек кечади. Аввал ҳар кеча қўшиқбозлик қилишади, сўнгра ҳожатхона қувурлари музлаб қолади, ундан кейин эса буғ билан иситиш қозони ёрилиб кетади ва ҳоказо. Хуллас, Калабуховлар уйи гумдон бўлди, деяверинг. – Намунча куюнмасангиз, Филипп Филиппович, – деди Зина жилмайганича бир талай ликопчаларни йиғиштириб олиб кетаркан. – Куюнмай бўладими, ахир?! – қичқирди Филипп Филиппович фиғон бўлиб. – Бу илгари қанақанги уй бўлганлигини тушунсангизчи! – Сиз масалага ҳаддан зиёд тушкунлик руҳида ёндошаяпсиз, Филипп Филиппович, – эътироз билдирди оёғи тишланган чиройли эркак, – улар ҳозир жуда ўзгариб кетишган. – Азизим, сиз мени биласиза! Тўғрими? Мен кузатиш ва таҳлилга, фактларга ишонадиган одамман. Мен асоссиз фаразларга қаршиман. Буни нафақат Россияда, балки бутун Европада ҳам яхши билишади. Мен бир нарсани гапираётган эканман, демак, тагида қандайдир дастурим бор, мен шунга асосланиб хулоса чиқараман. Мана, сизга яна бир факт: уйимиздаги кийим осиладиган илгич ва калиш қўйиладиган мослама… – Қозиқ… «Э калиш ҳам гапми, гап калишда эмас, – хаёлидан ўтказди ит, – лекин ўзи оламшумул шахс экан». – Калиш қўйиладиган мосламани олайлик. Мен 1903 йилдан буён яшайман шу уйда. 1917 йилнинг март ойигача бирор марта – қизил қалам билан тагига чизиб яна таъкидлайман – бирор марта бирор кимсанинг оёқ кийими йўқолган эмас. Ташқари эшик қулфланмаслигига қарамай, бир жуфт калиш ғойиб бўлган эмас. Аҳамият беринга, бу ерда 12 та хонадон бор, улардан ташқари менинг қабулимга келадиган одамлар… 1917 йилнинг мартида эса, кунларнинг бирида ҳамма калишлар, шу жумладан, менинг ҳам 2 жуфт калишим, 3 та ҳасса, пальто ва швейцарнинг самовари сувга тушгандай йўқ бўлди-қолди. Шу бўлдию, оёқ кийимлари қўйиладиган мослама ҳаёт фаолиятига якун ясади. Азизим! Мен уйларни иситиш ҳақида гапирмай ҳам қўя қолай. Майли, социал революция содир бўлган экан, иситмай қўя қолишсин. Лекин менинг бошқа саволим бор. Нима учун ҳамма лой калишлари билан мармар зиналарни топтайди? Нима учун калишларимизни қулфлаб юришимиз, бунинг устига ўғирлаб кетишмасин деб, соқчи ҳам қўйишимиз керак? Нима учун кираверишда зинага солинган гиламни олиб ташлашди? Ё Маркс зинага гилам солишни таъқиқлаб қўйганми? Карл Маркснинг бирон китобида Пречистенкадаги Калабуховлар уйининг 2-подъездини тахталар билан қоқиб ташлаб, ичкарига орқа эшикдан айланиб кирилсин, деган жойи борми? Кимга керак бу? Нимага керак? Нима учун пролетарий калишини пастга ечиб кирмайди, мармар зиналарни булғайди? – Филипп Филиппович, ахир унда калишнинг ўзи йўқку, – дея ғўлдиради оёғи тишланган кимса. – Ҳечамда, – момақалдироқдай гулдиради Филипп Филиппович унга жавобан ва стаканга вино қуйди. – Мен тушликдан кейин май ичишни тан олмайман. У ички аъзоларга оғир таъсир кўрсатиб, жигарни ишдан чиқаради. Ҳечамда! Энди унинг калиши бор… Менинг калишларим унда! 1917 йилнинг баҳорида йўқолган айнан ўша калишлар! Хўш, уларни ким ўмариб кетган деб ўйлайсиз? Менми? Йўқ! Бойвачча Саблинми? – Филипп Филиппович бармоғи билан шипга ишора қилди. – Тасаввур қилиш ҳам кулгили. Қанд заводининг хўжайини Полозовми? – Филипп Филиппович чап томонни кўрсатди. – Асло! Бу – мана шу ашулачиларнинг иши. Ҳа… Остонада ечиб кирсалар ҳам майли эди, фаросатлари шунга ҳам етмайди. (Филипп Филиппович қизариб-бўзара бошлади.) Майдончадаги гулларнинг нима гуноҳи бор эди? Уларни нимага йўқ қилишди? Худо ҳали хотирадан қисганича йўқ, нима учун 20 йилдан бери 2 мартагина ўчган электр чироқ эндиликда мунтазам ҳар соатда ўчади? Доктор Борментал, статистика – бу даҳшатли нарса. Сиз менинг сўнгги ишларим билан яхши танишсиз, шунинг учун бу нарсалар бошқаларга нисбатан сизга кўпроқ таниш бўлиши керак. – Вайронагарчилик, Филипп Филиппович. – Йўқ, – мутлақо ишонч билан эътироз билдирди Филипп Филиппович. – Йўқ! Сиз, ҳурматли Иван Арнолдович, ўзингиз биринчи бўлиб шу сўзларни ишлатишдан воз кечасиз! Бу – кўзбўямачилик, тутун, сароб бу! – Филипп Филиппович калта бармоқларини кенг ёзиб юборди, оқибатда уларнинг тошбақага ўхшаган икки сояси дастурхон устида титрай бошлади. – Вайронагарчилик дедингиз, хўш, нима бу ўзи? Эгри ҳасса тутган кампирми? Ё таёғи билан барча ойналарни синдириб, ҳамма чироқларни ўчириб кетаётган ялмоғизми? Сиз нимани назарда тутяпсиз ўзи? – ғазаб билан сўради Филипп Филиппович, оёғи осмондан қилиб буфетга осиб қўйилган ўрдакча ёнида тураркан. У ўз саволига ўзи жавоб берди. – Агар мен операция қилиш ўрнига, уйимда хор билан қўшиқ айта бошласам, мана буни вайронагарчилик деса бўлади. Агар мен ҳожатхонага кирсаму, маъзур тутасиз, унитазга эмас, ёнига ўтирсам, Зина ва Даря Петровна ҳам айнан шундай қилсалар, мана, буни вайронагарчилик дейиш мумкин. Бинобарин, вайронагарчилик ҳожатхонада эмас, каллаларда юз беради. Шунинг учун йўғон овозли бу ашулабозлар «вайронагарчилик йўқолсин!», деб қичқирганларида, менинг кулгим қистайди. (Филипп Филипповичнинг юзи шундай буришиб кетдики, оёғи тишланган кимсанинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди). Ўлай агар, жудаям кулгили… Демак, улар ўзларининг бўйинларини мўлжаллаб уришга даъват қилишяпти, шундай эмасми? Уриб-уриб, мияларидан ҳар хил хомхаёлларни чиқариб ташлашса, тўғридан-тўғри оғилхоналарни тозалаш, яъни ўз вазифаларини бажариш билан шуғулланишса, ҳаммаси жой-жойига тушарди-қўярди. Икки худога сиғиниб бўлмаганидек, бир вақтнинг ўзида ҳам трамвай йўлини супуриш, ҳам қандайдир испан ялангоёқларининг тақдирини ҳал этиш мумкин эмас. Бу ҳеч кимнинг қўлидан келмайди, доктор, айниқса, европаликлар тараққиётидан 200 йил орқада қолиб кетган ва ҳанузгача ўз иштонининг тугмасини айтарли ишонч билан қадай олмайдиган одамлар учун бу мумкин бўлмаган иш. Филипп Филиппович тўйимли овқатдан куч йиғиб, янада кескинроқ, янада ғазаблироқ овозда ҳайқирар, бурун катаклари гоҳ кенгайиб, гоҳ тораяр, боши эса кумушранг тусда жилоланарди. Шу туришда у қадимги пайғамбарларга ўхшаб кетарди. Унинг овози пинакка кетган итнинг қулоғига ер остидан келаётган бўғиқ гулдуракдай эшитиларди. У тушида сариқ кўзлари маъносиз тикилган бойқушни, гоҳ исқирт кийимли ошпазни, гоҳ Филипп Филипповичниниг электр чироғида ёритилган чеҳрасини ва чапани мўйловини, гоҳо эса чаналарни кўрарди. Итнинг ошқозонида эса, айни шу чоқда бурдаланган бир бўлак ростбиф ҳазм бўлмоқда эди. «Агар митингларда сўзласа, роса пул ишлаши мумкин, – мудроқ ичида орзу қиларди ит. – Ўта тадбиркор экан. Бинобарин, чамаси шундоқ ҳам пули ошиб-тошиб ётган бўлса керак». – Городовой! – қичқирарди Филипп Филиппович ўзини босолмай. – Городовой! – «Ув-в-в!.. – итнинг миясида қандайдир пуфаклар ёрила бошлаганди». – Городовой! Ўша ва фақат ўша. Кўкрагига нишон тақадими ёки бошига қизил кепка киядими, бунинг мутлақо аҳамияти йўқ! Городовойни ҳар бир одам билан ёнма-ён қўйиб, ўша Городовойни гражданларимиздаги ашулага иштиёқни сўндиришга мажбур қилиш керак. Мана, сиз вайронагарчилик деяпсиз. Мен сизга айтаманки, доктор, ўша қўшиқчиларни қўшиқ айтишдан тўхтатиш керак, шундагина бизнинг уйда ва ҳар қандай бошқа уйларда ҳам аҳвол ўз-ўзидан яхшиланади. Концертни тўхтатишлари биланоқ вайронагарчилик ҳам барҳам топади. – Аксилинқилобий гапларни айтяпсиз, Филипп Филиппович, – деди оёғи тишланган кимса ҳазилга айлантириб, – биров эшитиб қолишидан худо асрасин. – Ҳечам қўрқинчли жойи йўқ, – қизишиб эътироз билдирди Филипп Филиппович, – қанақа аксилинқилобий сўзлар бўлсин?! Дарвоқе, бу мен мутлақо ҳазм қила олмайдиган сўз. Аксилинқилоб дегани нима ўзи, унинг замирида қандай маъно ётади? Худо билади! Шунинг учун яна таъкидлаб айтаманки, менинг сўзларимда ҳеч қандай аксилинқилобий маъно йўқ. Уларда соғлом мазмун ва ҳаётий тажриба бор. Филипп Филиппович ёқасига қистириб олган сочиқни олиб ғижимлаганча ярми ичилган қадаҳ ёнига қўйди. Оёғи тишланган кимса дарҳол ўрнидан туриб, миннатдорчилик билдирди: «Мерси». – Шошманг, доктор! – тўхтатди уни Филипп Филиппович шимининг чўнтагидан ҳамёнини чиқарар экан. У кўзларини сузганча бир қанча оқ қоғозларни санаб ҳамсуҳбатига узатди: – Бугун сизга, Иван Арнолдович, 40 сўм беришим керак. Марҳамат. Итдан жабр кўрган кимса мулойимлик билан миннатдорчилик билдириб, қизарганича пулни костюмининг кўкрак чўнтагига солиб қўйди. – Бугун кечқурун сизга керак бўлмайманми, Филипп Филиппович? – назокат билан сўради у. – Йўқ, азизим, миннатдорман, бугун ишламаймиз. Биринчидан, қуёнимиз ўлиб қолди, иккинчидан, бугун Болшой театрда «Аида»… Анча бўлди эшитмаганимга. Жуда ёқади менга. Эсингиздами? Дуэт… Тари-ра-рам… – Ҳаммасига қандай улгурасиза, Филипп Филиппович? – ҳурмат билан сўради шифокор. – Одам ҳеч қаёққа шошилмаса, ҳамма нарсага улгуради. Агар мен ҳам мажлисдан-мажлисга сакраб, ўз вазифамни бажариш ўрнига эртадан кечгача булбулга ўхшаб сайраб юрганимда ҳеч қаерга улгурмаган бўлар эдим, албатта, – Филипп Филипповичнинг чўнтагидаги соат майин мусиқий товуш чиқарди, – тўққиз бўлибди. Иккинчи қисмига етиб бораман… Мен меҳнат тақсимоти тарафдориман: Болшой театрда куйлашсин, мен эса операция қиламан. Қандай яхши бу! Ҳеч қандай вайронагарчилик ҳам юз бермайди. Гап шундай, Иван Арнолдович, яхшилаб кузатиб юринг, бизга тўғри келадиган бирон-бир мурда учраб қолса, дарҳол ҳузуримга келтирарсиз. – Хотиржам бўлинг, Филипп Филиппович, патолог-анатом оғайниларим ваъда беришган. – Яхши. Унгача биз манови кўча супургисини кузатиб юрамиз. Биқини ҳам тузалиб кетсин. «Менинг ташвишимни қиляпти, – хаёлидан ўтказди ит, – жудаям ажойиб одам экан. Кимлигини энди билдим. У итлар эртагидаги донишманд, мўъжизакор ва сахий сеҳргар. Кўрганларимнинг ҳаммаси тушь бўлиши мумкин эмаску, ахир? (Тушида чўчиб тушганди) Шундоқ кўзимни очсаму, ҳаммаси – ипак билан ўралган чироқлар, манави ёқимли иссиқ уй, бу тўқлик… ҳаммаси сароб бўлиб чиқса… Яна ўша дарвозахона, изғирин совуқ, қор бўрони, музлаган асфальт йўллар, оч-наҳор изғишлар, ёвуз одамлар… Яна ўша ошхона, исқирт ошпаз… Вой, худойим-эй, менга қанчалик қийин бўлади!» Лекин ундай бўлиб чиқмади, аксинча, дарвозахона ҳам тушь билан бирга эриб кетди. Ва бошқа қайтиб кўз олдида балқимади. Вайронагарчилик деганлари унчалик қўрқинчли нарса бўлмаса керак. Кўримсизгина гармончилар кунига икки марта ойна тагига келиб, куйиб-пишиб қўшиқ айтишар, улардан чиққан иссиқлик тўлқинлари хоналар бўйлаб тараларди. Итга омад кулиб боққанлиги мутлақо равшан эди. Унинг кўзлари кунига икки маҳал пречистенкалик донишмандга нисбатан миннатдорчилик ёшлари билан тўлар, бундан ташқари, меҳмонхонадаги қўшойна ва шкафлар оралиғидаги қабулхонада пешонаси ярқираган итнинг акси кўринар эди. «Мен чиройлиман. Эҳтимол, қандайдир номаълум аслзода итлар наслидандирман, – ўйларди у ойнадаги ўзининг қаҳваранг аксига тикилиб. – Ҳойнаҳой, бувим раҳматлик «водолаз» итлари билан дон олишган бўлса, ажаб эмас. Шунинг учун бўлса керак, тумшуғимда оқ холим ҳам бор. Қаёқдан пайдо бўлиши мумкин у? Филипп Филиппович жуда нозиктаъб одам, кўчада дуч келган саёқ итни эргаштириб келавермайди». Бир ҳафта давомида Шарик шунақанги тўйиб овқатландики, бунақасини дайдиб юрган чоғларида бир ярим ой мобайнида ҳам кўрмаган. Албатта, бу фақат миқдори, Филипп Филиппович берган овқатларнинг сифати ҳақида эса гапирмаса ҳам бўларди. Ҳар куни Даря Петровнанинг Смоленск бозоридан 18 тийинлик майда-чуйда гўшт бўлаклари харид қилиб келишини эътибордан соқит қилинган тақдирда ҳам, ҳар кеч соат 7 да меҳмонхонада бўладиган кечки овқатни эслатиб ўтиш кифоя. Зинанинг эътирозларига қарамай, Шарик ҳам бу ерда ҳозиру нозир бўларди. Бундай овқатланиш пайтларида Филипп Филиппович Шарик учун тамомила худога айланар, у орқа оёқларида туриб, костюмининг этагини ялар эди. Ит Филипп Филипповичнинг қандай қўнғироқ чалишини ҳам билиб олди. Қўнғироқ икки марта тўла овозда қисқа-қисқа жиринглаши билан вовуллаганича йўлакка отилиб чиқарди. Унинг ёқаси қўнғир тулки терисидан тикилган пўстинини доимо қор учқунлари қоплаган, тамаки, мандарин, атир, бензин, лимон ва яна алламбалоларнинг ҳиди гупиллаб турган бўларди, овози эса товуш кучайтирадиган карнайдай бутун уй бўйлаб янграрди. – Сен, тўнғиз, нега бойқушни бурдалаб ташладинг? У сенга халақит бердими? Сендан сўраяпман? Профессор Мечниковни ҳам чил-чил синдирибсан. – Буни бир марта бўлсаям роса савалаб, адабини бериб қўйиш керак, Филипп Филиппович, – дерди Зина аччиғланиб, – йўқса, у жуда ҳаддидан ошиб кетяпти. Мана, калишингизни қай аҳволга солганига ўзингиз бир қаранга?.. – Ҳеч бир жонзотни савалаш мумкин эмас, – дерди Филипп Филиппович ҳаяжон билан, – бу доимо ёдингизда бўлсин. Инсонга ва ҳайвонга фақат ишонтириш йўли билан таъсир ўтказиш мумкин. Бугун гўшт бердингизми унга? – Вой худойим-эй! Филипп Филиппович, бунингиз ёрилиб кетмаса гўрга эди, жағи тинмайди… – Майли, ош бўлсин, еяверсин… Ҳой, безори, бойқуш сенга халақит бердими, а? – Уу! – ғингширди ит қорни билан Филипп Филипповичнинг олдига эмаклаб келар экан. Уни бўйинтуруғидан тортқилаганларича қабулхона орқали иш кабинетига олиб ўтишди. Ит юрмай тихирлик қилар, гиламга оёқлари билан ёпишар, ириллар ва худди циркдагидай орқаси билан полда сургалар эди. Кабинетнинг ўртасида кўзлари шишадан қилинган, қорни ёрилиб, ичидаги нафталин ҳиди анқиб турган ранг-баранг латта-лутталар сочилиб кетган бойқуш, стол устида эса тирнаб йиртилган портрет ётарди. – Ўз кўзингиз билан кўришингиз учун атайлаб йиғиштирмадим, Филипп Филиппович, – ҳисобот берарди Зина фиғон бўлиб, – аблаҳ, стол устига чиқиб кетса бўладими! Думига ёпишиб бир тишлади! Кўз очиб-юмгунимча дабдаласини чиқарди. Тумшуғини бойқушга ишқаланг, Филипп Филиппович, буюмларни ишдан чиқариш қанақа бўлишини билиб қўйсин. Кейин ангиллаш бошланарди. Тумшуғини бойқушга ишқалаш учун уни тортқилашар, у эса бор кучи билан қаршилик кўрсатар, кўзларидан дув-дув ёш оқаркан: «Қанча урсангиз ҳам, майли, фақат уйдан ҳайдамасангиз бас», дея ўйларди. – Қушни шу бугуноқ устага жўнатиш керак. Кейин… мана, сенга 3 сўм, 16 тийин трамвайга, Мюрининг олдига бориб занжирли яхши бўйинбоғ харид қилиб кел. Эртасига итнинг бўйнига хийла қалин ялтироқ ҳалқа солишди. У ойнага қарадию, кайфияти бузилиб кетди, думини гажак қилганча ваннахонага қочиб кирди. У қандай бўлмасин, ҳалқадан қутулиш чорасини изларди. Сандиққа ишқаласинмикин, яшикками? Лекин сал ўтмай, у ўзининг ғирт тентаклигини англади. Зина уни занжиридан етаклаб, Обухов муюлишига сайрга олиб чиқди. Шарик асирга ўхшаб занжирбанд кўчага чиққанидан уялиб, ерга киргудай бўлиб борарди. Бироқ Пречистенка кўчасидан Христос мақбарасига етиб боргунларича ҳалқа ҳаётда нима эканлигини аъло даражада англаб етди. Кўчадаги дайди итларнинг кўзларида қутурган ҳасад ўти кўринар, ўлимтик муюлишида эса битта думи кесилган лайча ит унга «лаганбардор» ва «бой ялоғи» деб акиллади. Трамвай йўлини кесиб ўтаётганларида, милиционер аввал ҳалқага, кейин итга мамнунлик ва ҳурмат билан қараб қўйди. Уйга қайтиб келганларида эса ҳеч кутилмаган воқеа юз берди: Фёдор – швейтсар ўз қўли билан эшикни очиб, Шарикни ичкарига киритаркан, Зинага қараб деди: – Филипп Филиппович роса зўр ит топибдику. Яна семизлигини айтмайсизми!.. – Олти кишининг овқатини кўрдим демайдику, семиз бўмасинми яна, – деди юзлари совуқдан қизарган ва чиройи янаям очилган Зина. «Бўйинтуруқ деганлари портфелдай бир гап экан», – ўйлади ит истеҳзо аралаш ва орқасини ликиллатганча бойваччалардай зинадан юқорига кўтарилди. Шу хонадонга келганидан бери Шарик учун фақат битта хонага кириш бутунлай тақиқланган эди. У хонада деворларга олтин буюмлар осилган, хона бекаси Даря Петровнанинг ҳам қулоғида бриллиантга ўхшаган 22 тошли зирак ялтирар, унинг сочлари саватга ўхшатиб турмакланган бўлиб, юзлари ёғдай ялтиллаб кўринарди. Бўйинбоғ баҳонасида бугун биринчи марта ит бу жаннатга ташриф буюрди. Газ плитасида нимадир қайнар, вақирлар, духовкада нималардир хушбўй ҳид таратиб пишар эди. – Йўқол! – бақириб берди Даря Петровна. – Ҳозироқ йўқол кўзимдан, дайди очофат! Сан етмай турувдинг ўзи! Нақ терингни шиламан бўлмаса… – Нима бўлди? Хўш, нега акиллаяпсан? – ҳимоясизлик билан кўзларини сузди ит. – Наҳотки ҳалқамни кўрмаётган бўлсанг? – у эшик тирқишидан тумшуғини тиқиб, ёни билан ичкарига ўтишга уринарди. Шарикнинг инсон қалбини забт эта оладиган қандайдир хусусияти бор эди. Икки кундан кейин у кўмир солинган сават ёнида Даря Петровнани кузатганча ёнбошлаб ётарди. Даря Петровна ўткир ингичка пичоғи ёрдамида олдин ҳимоясиз булдуруқнинг боши ва қанотларини, кейин эса усталик билан гўштини суякларидан ажратиб олар, товуқларнинг ичидан алланималарни чиқариб ташлар, яна нималарнидир қиймакашда майдалар эди. Шарик эса бу пайтда маза қилиб, булдуруқнинг бошини ғажиш билан банд эди. Даря Петровна сутга ивитилган нон бўлакларини олиб, майдаланган гўштга аралаштирдида, устидан қаймоқ қуйди, кейин туз сепиб, бўғирсоқ ясашга киришди. Плита устидаги олов худди катта ёнғин бўлаётгандай вишиллаб ёнар, товадаги ёғ пишиллаб қайнар, пўрсиллаб ёрилар, ҳаммаёқ дўзахга айлангандай эди. Кечқурун жаҳаннамий ҳовур бир оз сусаяр, ярим қилиб тутилган парда тепасидаги бир парча маъводан ёлғиз юлдуз милтираб кўринар эди. Ошхонанинг поли нам эди, идиш-товоқлар хира ва сирли тарзда жилоланар, стол устида ўт ўчирувчилар фуражкаси турарди. Шарик илиққина плита устида дарвозани қўриқлаётган шердай ёнбошлаб ётар, қулоқларини динг қилганича, энлик чарм белбоғ билан белини сириб боғлаган қора мўйловли кишининг Зина ва Даря Петровнанинг хонасида Даря Петровнани қучоқлаётганини кузатарди. Эшик қия очиқ бўлиб, Шарикка уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати аниқ кўринарди. Даря Петровнанинг пудра сурилган оппоқ бурнини айтмаса юзи уят ва эҳтирос билан ёнар эди. – Девга ўхшаб бунча ёпишасан, – минғирлади Даря Петровна ғира-шира қоронғуликда, – қўйвор! Ҳозир Зина келиб қолади. Нима бало, ё сени ҳам ёшартиришдими, а?.. – Э, бизга бунинг ҳожати йўқ, – хириллаган товушда жавоб берди мўйлов ўзини зўрға тутиб, – намунча олов бўлмасангиза?! Кечқурунлари Болшой театрда «Аида» бўлмаса ва Бутун Россия жарроҳлари жамиятининг мажлиси ўтказилмаса, табобат пайғамбари оғир дарпардалар туширилиб, юлдузларни тўсган иш кабинетида чуқур курсига ўтирганча хаёлга чўмарди. Тепада чироқ йўқ, стол устидагина кўк чироқ ёниб турарди. Шарик гилам устида сояда ётиб, атрофдаги даҳшатли нарсаларга ҳайрат билан боқарди. Қандайдир хира ва ёқимсиз суюқликли шиша идишда одамнинг мияси солинган эди. Қўлига сариқ резина қўлқоп кийиб олган пайғамбар эса бармоқлари билан унинг иланг-биланг жойларини ушлаб кўрар, баъзан кичкина ялтироқ пичоқча билан қуролланиб, сариқ рангли қаттиққина мияларни оҳиста кесиб кўрарди. – Нилнинг муқаддас соҳилларига, – минғирлаб қўшиқ айтарди у пастки лабини тишларкан, Болшой театрнинг нақадар чароғон ва ялтироқ эканлигини эслаб. Қувурлар қизиб, улардан чиқаётган иссиқлик тепага кўтарилар, сўнгра хона бўйлаб ёйилар эди. Итнинг жунлари орасида эса Филипп Филиппович ўзи шахсан тозалаганига қарамай қолиб кетган, лекин куни битиб қолган биттагина бурга ғимирлай бошлади. Гиламлар хонадондаги овозларни бўғар эди. Узоқдан кўча эшигининг очилиб ёпилгани эшитилди. «Зина кинематографга кетди, – ўйларди ит, – демак, у келиши билан овқатланамиз. Бугун, тахминимча, ёш мол гўштини тановул қилсак керак». Ўша даҳшатли куннинг тонготаридаёқ итнинг дилини нохуш ҳислар чулғади. Бир ёмонликни сезгандай кўнгли ғаш тортиб, ярим коса бўтқа ва кечаги қўй гўштининг суякларидан иборат нонуштани иштаҳасиз кавшади. Сўнг эринчоқлик билан қабулхонага ўтди ва ойнадаги ўз аксига қараб, ув тортиб қўйди. Зина уни кўчага олиб чиқиб айлантириб келгач, куни одатдагидай осойишта ўта бошлади. Сешанба бўлгани учун ҳеч ким йўқ, чунки сешанба кунлари беморлар қабул қилинмас эли. Пайғамбар ўз иш кабинетида ўтирар ва аллақандай турфа суратлари бор китобни варақларди. Тушлик вақти яқинлашаётган эди. Итнинг руҳини бугун овқат изидан курка гўшти берилиши ҳақидаги фикр анча кўтарди. Курка пиширилаётганини ошхонага бориб, ўзи аниқ кўриб келган эди. Йўлакдан ўтиб кетаётиб, Филипп Филипповичнинг хонасида телефон кутилмаганда ёқимсиз жиринглаганини эшитди. Филипп Филиппович дастакни кўтариб, қулоғига тутаркан, бирдан ҳаяжонга тушди: – Жуда соз, – титраб чиқди унинг овози, – ҳозироқ олиб келинг, ҳозироқ! У типирчилаб қолди, қўнғироқ тугмачасини босди, эшикда пайдо бўлган Зинага овқатни тезлаштиришни буюрди. – Тушликка! Тушликка! Тушликка! Меҳмонхонадан тарелкаларнинг шақирлаши, ошхонадан эса Даря Петровнанинг: «Курка ҳали тайёр эмас», деб тўнғиллагани эшитилди. Итнинг кўнглига яна ғулғула тушди. «Уйдаги шовқин-суронни сира жиним ёқтирмайдида», – ўйларди у. Хаёлидан шу фикр ўтдию, шу заҳоти ғала-ғовур яна кучайди. Бунга хонага бир вақтлар доктор Борментал деб аталмиш оёғи тишланган кимсанинг ташриф буюриши сабабчи бўлди. У ўзидан қўланса ҳид таратаётган катта жомадон кўтариб кирди ва ечинмасданоқ тўғри кўриш хонасига равона бўлди. Филипп Филиппович эса, ўз одатига хилоф тарзда, охиригача ичиб улгурмаган қаҳвасини қолдириб, Борменталнинг истиқболига югуриб чиқди. – Қачон ўлди? – бақирди у. – Уч соат аввал, – жавоб берди Борментал қор босган қалпоғини ҳам ечмай, жомадонни очаркан. «Ким ўлди экана? – қовоқ-лунжи осилиб ўйлади ит оёқ тагида ўралашаркан. – Югуриб-елишларигаям тоқатим йўқ». – Оёқ остида ўралашма! Тезроқ, тезроқ, тезроқ! – қичқирди Филипп Филиппович, кейин кетма-кет барча қўнғироқларни босиб чиқди, ҳар қалай итга шундай туюлди. – Зина! Телефон ёнида Даря Петровна ўтирсин, ёзиб олсин. Ҳеч ким қабул қилинмасин! Ўзинг менга кераксан! Доктор Борментал, қимирласангизчи, ахир, ўтинаман, тезроқ, тезроқ! «Ёқмаяпти бу ишлар менга, ёқмаяпти», – ўйларди ит хафа бўлиб, хонадан-хонага санқиб юрар экан. Ҳамма олатасир шовқин кўриш хонасида бўлаётганди. Кутилмаганда Зина кафанга ўхшаган оқ халат кийиб олди ва кўриш хонасидан ошхонага, у ердан яна орқасига зир югура бошлади. «Бориб, овқатланиб олсаммикан? Жин урсин ҳаммасини», – деган қарорга келди ит ва қўққисдан ғалати вазиятга дуч келди. Кўриш хонасидан: – Шарикка ҳеч нима берилмасин, – деган буйруқ жаранглади. – Вой, уни назорат қилиб бўларканми?.. – Қамаб қўйилсин! Шарикни алдаб, ваннахонага қамаб қўйишди. «Қандай сурбетлик, – ўйларди Шарик қоронғи ваннахонада ўтираркан, – ғирт бемаънилик..». Ўн беш дақиқа чамаси у ғалати бир кайфиятда ўтирди, гоҳ жаҳли чиқар, гоҳ оғир руҳий тушкунликка тушарди. Вазият ўта зерикарли, мавҳум эди. «Майли, ҳурматли Филипп Филиппович, эртага кўрасиз келишингизни! Икки жуфт сотиб олдингизми, эртага яна бир жуфтини янгилайсиз. Итларни бошқа қамамаслигингиз учун». Лекин кутилмаганда унинг ғазабнок фикри чекинди. Қоронғу осмон нурга чулғангандай, унинг хаёлида ёшлигининг энг ажойиб, энг мусаффо хотиралари жонланиб, қалби чироқ ёнгандай ёришди: Преображенский заставасидаги кенг ҳовли, шиша бўлакларида жилоланган қуёш нури, цинган ғишт бўлаклари, озод дайди итлар… «Йўқ, мен энди бу ердан ҳеч қандай озодликка кета олмайман, – бурнини тортиб ўйларди ит, – ўз-ўзини алдашга нима ҳожат? Мен энди тарбия кўрган, зиёли итман, мен шундай ҳаётни кўрдимки, энди эркинлик ҳақида ўйлашим ҳам ноўрин. Хўш, озодлик деганлари нима ўзи? Тутун, сароб, шарпа… Бахтиқаро демократларнинг алаҳсираши бу!» Ваннахонадаги нимқоронғилик ўрнини зимистон қоплади, ит ув тортганча ўзини эшикка урди, олдинги оёқлари билан тирнай бошлади. – У-уву! – бочка ичидан чиққандай бўғиқ овоз бутун уйни тутди. «Бойқушини яна бурдалайман», – ўйлади ҳолдан тойган ит ғазаб билан. Ҳолсизланиб, яна пича ётди, ўрнидан турганда эса, жунлари ҳурпайиб кетди, унга қоронғуликдан жирканч ваҳший кўзлар қараб тургандай туюлди. Азоб-уқубати айни авжига чиққанида эшик очилиб, ёруғлик тушди. Ит бир силкиниб, ошхонага ўтиб кетмоқчи бўлган эди, лекин Зина унинг ҳалқасига маҳкам ёпишганича куч билан кўриш хонаси томон судради. Итни совуқ титроқ босиб, баданидан тер чиқиб кетди. «Нимага керак бўлиб қолдим ўзи уларга? – ўйлади у шубҳа ичида, – биқиним тузалиб кетган бўлса. Ҳеч нимага тушуниб бўлмайди». Уни паркет полда судраганларича кўриш хонасига олиб келишди. Бу ердаги ғайритабиий чароғонлик кишини ҳайратга соларди. Тепада катта оқ шар бамисоли ловуллаб ёнар, унинг ўткир нуридан итнинг кўзлари қамашиб кетди. Стол ёнида ҳамма ёғи оппоқ ёғду билан чулғанган одам турар, мавҳум ҳидидангина унинг Филипп Филиппович эканлигини англаш мумкин эди. У тишлари орасидан Нилнинг муқаддас соҳиллари ҳақидаги қўшиғини хиргойи қиларди. У бошдан-оёқ оппоқ кийимда эди. Бошидаги оқ қалпоғи руҳонийларнинг бош кийимини эслатар, халат устидан резина этак тутиб олган, қўлларига эса қора қўлқоп кийган эди. Оёғи тишланган кимса ҳам шу ерда эди. Катта стол кенгайтирилган, унинг ёнбошига ялтироқ оёқли кичик тўртбурчак стол ҳам тақаб қўйилган эди. Итнинг кўзига оёғи тишланган кимса бугун ҳаммадан ҳам ёмон кўриниб кетди, айниқса, итга унинг бугунги кўз қараши ёқмади. Унинг кўзларида шубҳали ва ясама ифодалар жилоланарди. Доимо тик ва мардона боқувчи бу кўзлар энди итнинг нигоҳи билан тўқнаш келмасликка интилар, уларнинг туб-тубида жиноят бўлмаган тақдирда ҳам қандайдир ёмонлик аломатини эслатувчи ифода ётарди. Ит унга хўмрайиб, оғир қараш қилди ва бурчакка ўтиб кетди. – Зина, ҳалқа, – паст овозда деди Филипп Филиппович, – фақат чўчитиб юборма уни. Зинанинг кўзлари ҳам оёғи тишланган кимсаники каби қабиҳона тусга кирди. У итга яқин келиб, ясама меҳрибонлик билан елкасини силаб қўйди. Ит эса унга изтироб ва нафрат аралаш тикилди. «Нимаям дердим… Сизлар уч кишисизлар. Истаганингизни қилишингиз мумкин. Фақат… уят сизларга… Нима қилмоқчи эканлигингизни билганимдаям бир нави эди..». Зина уни ҳалқадан озод қилди. Ит бош силкитиб, пишқириб қўйди. Шу пайт унинг олдида дабдурустдан оёғи тишланган кимса пайдо бўлди, ундан қўланса ҳид анқирди. «Фу, намунча сассиқ… Нега бунча қўрқиб қалтирамасам..»., – ўйлади ит ва орқага тисланди. – Тезроқ, доктор! – деди Филипп Филиппович сабрсизлик билан. Ҳавога ўткир чучук ҳид таралди. Оёғи тишланган кимса безовта ва аблаҳона нигоҳини итдан узмай, орқасига яширган ўнг қўлини олдинга узатиб, итнинг бурнига ҳўл пахта бўлагини теккизди. Шарикнинг боши енгил айланиб, мувозанатини йўқота бошлади, лекин яна орқага тисланишга улгурди. Оёғи тишланган кимса эса унинг ортидан сакраб, тумшуғини пахта бўлаги билан бутунлай ёпиб қўйди. Итнинг нафаси тиқилиб қолди, лекин у яна бир марта қўлдан чиқиб кетишга муваффақ бўлди. «Бадкор..». – ҳидлатишди, шу заҳоти кўриш хонасининг ўртасида катта ҳовуз пайдо бўлди. Унда нариги дунёлик жуда қувноқ, антиқа қизил тусли итлар қайиқда сайр қилиб юрардилар. Оёқлари суяксиздай шилқ этиб букилди. – Столга ётқизинг! – Филипп Филипповичнинг қувноқ овози гулдираб, қизғиш оқимлар қаърига сингиб кетди. Қўрқув ғойиб бўлиб, ўрнини севинч эгаллади. Сўниб бораётган итнинг оёғи тишланган кимсага нисбатан ҳам бир лаҳза меҳри товланди. Кейин ҳамма нарса остин-устун бўлиб, қорнида муздай, аммо ёқимли қўлни ҳис қилди. Кейин йўқлик қаърига равона бўлди.
IV
Узун ва эни тор операция столида Шарик чўзилиб ётар, унинг ҳимоясиз боши елим ёстиқ устида ликиллаб турарди. Қорнининг жунлари қирилган, Доктор Борментал энди оғир нафас олганча машинкада ошиғич билан унинг калласини қиртишлаётганди. Филипп Филиппович кафтларини стол четига тираган кўйи кўзларини кўзойнак ҳошиясидек ялтиратганча ҳамкасабасининг ишини кузатар ва ҳаяжон билан сўзларди. – Иван Арнолдович, энг муҳими – мен турк эгарига кирган дақиқани бой бермаслик. Ўтинаман, доктор, мия ўсимтасини менга узатингу, дарҳол тикишни бошланг. Агар қон кета бошласа, уни тўхтатиш учун вақт йўқотамиз, ҳам айриламиз. Дарвоқе, унинг яшаб кетиши шундоқ ҳам даргумон, лекин, биласизми, – у нигоҳини сузиб, итнинг ярим юмуқ кўзларига тикилганча гапида давом этди: – анча ўрганиб қолган эканман унга, юрагим ачишяпти. У Шарикка хатарли жасорати олдидан оқ фотиҳа бераётгандай қўлларини юқорига кўтарди. У қора қўлқопига заррача ҳам гард қўндирмасликка уринарди. Жуни олинган итнинг оппоқ териси кўриниб қолди. Борментал соч олиш машинкасини четга отиб, устара билан қуролланди. У итнинг ҳимоясиз кичкинагина бошига совун суриб, устара ёрдамида қира бошлади. Устара тагидан қирсиллаган овоз чиқар, баъзи жойлари эса қонаб кетди. Қириб бўлгач, бензинда ҳўлланган латта билан бошини артди, кейин унинг яланғоч қорнини тўғрилаб, чуқур нафас оларкан, «Тайёр», деди. Зина чағаноқ жўмрагини буради ва Борментал қўл ювишга тутинди. Зина унинг қўлига шишадаги спиртдан ҳам қуйиб юборди. – Мен кетсам майлими, Филипп Филиппович? – сўради Зина итнинг топ-тоза қилиб қирилган бошига қўрқув билан кўз қирини ташлаб қўяркан. – Майли. Зина ғойиб бўлди. Борментал ишини давом эттирди. У енгил дока бўлаклари билан Шарикнинг бошини ўраб чиқди ва ёстиқ устида шу чоққача ҳеч ким кўрмаган манзара, оппоқ қилиб қирилган ит калласи ва соқолдор ғалати башара намоён бўлди. Шу пайт пайғамбар ҳаракатга келди. У қаддини ростлаб, итнинг бошига термилди ва деди: – Ё Парвардигор! Мадад бер. Пичоқ. Борментал бир уюм асбоблар ётган стол устидан қориндор жажжи пичоқни олиб, пайғамбарга узатди, шу заҳоти ўзи ҳам пайғамбарникига ўхшаган қора қўлқоп кийиб олди. – Ухлаяптими? – сўради Филипп Филиппович. – Ухлаяпти. Филипп Филиппович тишларини қаттиқ тишлаб олди, кўзларида ўткир жило пайдо бўлди ва Шарикнинг қорнини усталик билан узунасига кесиб чиқди. Кесилган тери очилиб, ундан атрофга қон сачради, Борментал йиртқич ҳайвондай шиддат билан дока бўлакларини олиб, қон чиқаётган жойга босдида, кичкина қайчига ўхшаш асбоб ёрдамида яранинг чеккаларини туташтирган эди, қон тўхтади. Борменталнинг пешонасини тер томчилари қоплади. Филипп Филиппович яна кесди ва иккаласи Шарикнинг танасини қандайдир қисқичлар, қайчилар билан ёра бошладилар. Иссиқ қонга беланган сариқ пушти тўқималар кўринди. Филипп Филиппович пичоқ ёрдамида яна алланима қилдида, кейин: «Қайчи!» – деб бақирди. Оёғи тишланган кимса қўлидаги асбобни ялтиллатиб кўз очиб юмгунча узатди. Филипп Филиппович қайчисини Шарикнинг ёрилган жойига ичкарироқ суқди, бир неча уринишдан сўнг, унинг моягини бир парча қандайдир қонли бўлакларга қўшиб узиб олди. Ҳаяжон ва ҳаракатининг зўрлигидан жиққа ҳўл бўлиб кетган Борментал ўзини бошқа мояк солинган идишга отди. Зудлик билан унинг ичидан бошқа шиллиқ моякни олди. Профессор ва унинг ассистентининг қўли-қўлига тегмас, улар қисқичга қистирилган эгри нина ва яна аллақандай нозик асбоблар ёрдамида Шарикнинг мояги ўрнига шишадаги ўзга моякни тика бошлашди. Пайғамбар бир бўлак докани жароҳатга босдида, четга ўтди ва буйруқ оҳангида: – Тезроқ терини тикинг, доктор! – деди, сўнгра ўгирилиб, девордаги соатга қаради. – 14 минутда бажардик, – деди Борментал эгри нина ёрдамида шалвираган терини тикар экан. Сўнгра шошилаётган қотиллар сингари иккаласи ҳам ҳаяжонга тушишди. – Пичоқ! – қийқирди Филипп Филиппович. Пичоқ унинг қўлида бамисоли ўз-ўзидан пайдо бўлди. Сўнгра Филипп Филипповичнинг юзи даҳшатли тус олди. У тилла ва садаф тишларини ғижирлатганча Шарикнинг пешонасини бир зарб билан айлана шаклида кесиб чиқди. Жунлари тозалаб қирилган бош терисини эса пиёз пўстлоғидай сидириб ташлади. Калла суяклари кўринди. Филипп Филиппович яна бақирди: – Трепан! Борментал унга ялтироқ пармдастани узатди. Филипп Филиппович Шарикнинг калла суяги бўйлаб айлана ҳолида ўзаро қисқа масофада туйнуклар ҳосил қила бошлади. Ҳар бир туйнукни пармалаш учун 5 секунддан зиёд вақт кетказмади. Кейин эса антиқа шаклдаги аррача олиб, учини биринчи туйнукка тиқдида, аёлларнинг тирноқ эговидай арралашга киришди. Калла суяги оҳиста қирсиллар ва хиқилларди. Орадан яна уч дақиқа ўтар-ўтмас Шарикнинг бош мия қопқоғи очилди. Шунда унинг кўкимтир томирчалар ва қизғиш доғлар билан қопланган мия гумбази кўринди. Филипп Филиппович қайчиси билан устки қатламни кесиб, ички қисмини очди, қўққисдан ингичка қон фонтани отилиб, профессорнинг кўзларига кириб кетишига оз қолди, қалпоғига сачради. Қисқич пинцет тутган Борментал арслондай олдинга ташланиб, қон отилган жойни сиқиб қўйди. Ундан бамисоли челаклаб тер қуяр ва гўштдор юзлари қизариб-бўзариб кетган эди. Унинг кўзлари дам профессорнинг қўллари, дам асбоблар турган столга қадаларди. Филипп Филиппович эса чинакамига даҳшатли қиёфага кирганди. У пишиллаб бурнидан нафас олар, очиқ оғзидан милклари кўриниб турарди. У миянинг устки қатламини шилиб, ярим шарни бир четга сурганча қўлини қаёққадир ичкарига йўналтирди. Шу пайт Борменталнинг ранги оқариб кетди, у Шарикнинг кўкрагига қўлини қўяркан, бўғиқ овозда: – Томир уриши кескин пасайяпти… – деди. Филипп Филиппович унга ваҳшиёна нигоҳ ташлаб, пишқириб қўйдида, яна ичкарироққа интилди. Борментал қандайдир ампулани қарсиллатиб синдирди, шипритсни дорига тўлатиб, совуққонлик билан Шарикнинг юраги яқинига санчди. – Турк эгарига яқинлашяпман, – пишқирди Филипп Филиппович ва қонга бўялган қўлқоплари билан Шарикнинг сарғиш-кулранг миясини косасидан суриб қўйди. Кейин Шарикнинг «башарасига» кўз қирини ташлаган эди, Борментал шу заҳоти яна битта ампулани синдириб, шпритсни тўлатди. – Юракками? – журъатсизгина сўради у. – Сўрашга бало борми? – бақириб берди профессор жаҳолатга кириб, – барибир, у беш марта ўлиб бўлди! Тезроқ қимирланг! – Унинг юзи айни дамда жазаваси тутган қароқчи қиёфасини эслатарди. Доктор игнани енгил ҳаракат билан итнинг юрагига санчди: – Зўрға нафас оляпти, ҳаёти қил устида, – пичирлади у. – Яшайди ёки яшамайди деб фол очишга вақт йўқ, – пишиллаб жавоб қилди Филипп Филиппович, – эгарга етдим. Барибир, ўлади… Эҳ… жин ургур… Нилнинг муқаддас соҳилларига… Ўсимтани беринг. Борментал унга ипга боғланган оқ шиллиқ тугунча солинган шишани узатди. «Худо ҳаққи, бунга тенг келадигани бутун Европада ҳам топилмайди», – хаёлидан ўтказди у. Профессор бир қўли билан ҳилвиллаб турган тугунчани олиб, иккинчи қўлидаги қайчи ёрдамида арраланган яримшарларнинг ичкарисида жойлашган худди шундай нарсани қирқиб олди. Шарикнинг тугунчасини ликопчага улоқтирди, янгисини эса ипи билан бирга унинг ўрнига жойлади, калталигига қарамай, ҳозир қандайдир сеҳр туфайли ингичка ва чаққон бўлиб кетган бармоқлари ёрдамида қаҳрабо ип билан ўша жойни яхшилаб ўради. Шундан кейин калла ичидан қандайдир эгов ва қисқиччаларни чиқариб ташладида, мияни яна ўз косасига солиб, орқага тисланди ва энди бир оз хотиржамлик билан сўради: – Ўлди чоғи? – Жиндай пульс бор, – жавоб берди Борментал. – Яна адреналин беринг. Профессор миянинг ҳар бир қатламини эҳтиётлик билан жой-жойига қўйди, арраланган мия қопқоғини ёпиб, скалпни туширдида: – Тезроқ тикинг! – дея ҳайқирди. Борментал учта нина синдириб, беш дақиқа ичида ишни тугатди. Мана энди Шарикнинг айланасига ўралган ярадор калласию жонсиз танаси қонга беланган ҳолда узала тушиб ётарди. Филипп Филлиппович қонга тўйган ваҳший кўршапалакдай ўзини четга отди, бир қўлидаги қўлқопини ечиб ташлади, унинг ичидан тер аралаш оқ пудра тўкилди, иккинчи қўлқопини йиртиб полга улоқтирдида, девордаги қўнғироқ тугмасини босди. Зина қонга беланган Шарикни кўрмаслик учун юзини тескари бурганча кириб келди. Пайғамбар қонга беланган бош кийимини ечиб ташлади: – Папирос беринг, Зиночка, тезроқ! Кейин тоза уст-бош ва ваннани тайёрланг! У энгагини столга тираб, иккита бармоғи билан итнинг ўнг қовоғини кўтариб кўрди, муқаррар равишда ўлаётган кўзларига тикилганча ачиниб гапирди: – Вой, жин олгур-эй. Ўлмабди. Лекин барибир ўлади. Эҳ доктор Борментал, жуда раҳмим келяпти унга, айёр бўлсаям, ёқимтой ит эди.
V
Доктор Борменталнинг кундалик дафтаридан
Оддий ёзув варағидай катталикдаги юпқа дафтар. Дастлабки икки саҳифаси жуда озода, чиройли, тартиб билан ёзилган, бу ёғи эса шошилинч ва ҳаяжонда ёзилган бўлса керак, жуда кўп тузатишлар киритилган, доғ-дуғ билан қопланган. 22 декабрь, 1924 йил. Душанба.
Касаллик тарихи
Икки ёшлар чамасидаги лаборатория ити. Эркак. Насли – кўппак. Лақаби Шарик. Жуни сийрак, тўп-тўп, қорамтир, куйган жойлари бор. Думи сариёғ рангида. Ўнг биқинида куйган териси мутлақо тузалиб кетган чандиқ бор. Бу ерга келтирилгунига қадар ёмон овқатланган. Профессорникида бир ҳафта яшаганидан сўнг семириб кетди. Вазни 8 кг (ундов белги.) Юрак, ўпка, ошқозон, температура… 23 декабрь. Кечқурун соат 8.30 да Европада биринчи марта профессор Преображенский усулида антиқа операция ўтказилди. Хлороформли наркоз ёрдамида Шарикнинг мояги олиб ташланиб, ўрнига операциядан 4 соату 4 минут олдин вафот этган 28 ёшли эркакнинг мояги қуйруқ ўсимтаси ва пушт арқончаси билан бирга кўчириб ўтказилди. Операцияга қадар бу нарсалар профессор Преображенский усули бўйича стерилизация қилинган суюқлик ичида сақланган ўсимтаси – ўша одамнинг гипофизига алмаштирилган. Юракка 8 кубик хлороформ, 1 шпритс камфара ва 2 шпритс адреналин дорилари юборилди. Операцияга кўрсатма: гипофиз ва моякнинг ўзга организмга кўчирилгач, мўътадил ишлаб кетиши билан боғлиқ қурама операция ўтказиш ва унинг кейинчалик одам организмини ёшартиришга таъсирини аниқлаш бўйича профессор Преображенский тажрибасини амалга жорий қилиш. Операцияни профессор Филипп Филиппович Преображенский амалга оширди. Доктор И. А. Борментал ассистентлик қилди. Операциядан кейинги кеча: юрак урушининг қайта-қайта кескин камайиши. Ўлим жараёнининг муқаррарлиги. Преображенский усулида жуда кўп миқдорда камфара юборилди. 24 декабрь. Эрталаб аҳволи яхшиланди. Нафас олиши икки бор тезлашди, ҳарорати 42 даража. Тери остига камфара, кофеин юборилди. 25 декабрь. Аҳвол яна ёмонлашди, томир уриши сезилар-сезилмас, танасининг сўнг қисмлари совуб бормоқда; кўз қорачиқлари бетаъсир. Юракка адреналин, Преображенский усулида камфара ва қон томирига физиологик суюқлик юборилди. 26 декабрь. Аҳвол бир оз тузук. Томир уриши 180, нафас олиши 92, ҳарорати 41. Камфара, клизма ёрдамида овқатлантириш. 27 декабрь. Юрак уруши 152, нафас олиши 50, ҳарорати 39,8, кўз қорачиғларида жонланиш. Тери остига камфара юборилди. 28 декабрь. Анча яхши. Кун ярмида қўққис роса терлади, ҳарорати 37,0. Операцион жароҳатлари ўзгаришсиз. Яралар бошқатдан боғланди. Иштаҳа уйғонди. Суюқ овқат берилди. 29 декабрь. Кутилмаганда пешона ва гавда биқинларидан жун тўкилаётгани аниқланди. Таносил касалликлари кафедрасининг профессори Василий Василевич Бундарев ва намунали Москва ветеринар институтининг директори маслаҳатга чақирилди. Улар бундай ҳолат илмий адабиётда ҳали қайд этилмаганлигини айтишди. Диагноз номаълумлигича қолди. Ҳарорати мўътадил. (Қаламда ёзилган.) Кечқурун илк бор вовуллаб қўйди (8 дан 15 минут ўтганда). Овози паст, оҳанги ҳам кескин ўзгарганлиги эътиборга молик эди. Унинг товуши итнинг вовуллашига ўхшамас, нола қилгандай «а-о, а-о» ҳолида эшитиларди. 30 декабрь. Энди жун тўкилиши фақат пешона ва биқинда эмас, балки бутун баданга ёйилди. Тарозига тортиб кўрилганда, кутилмаган натижа олинди. Унинг оғирлиги суякларнинг узайиши ҳисобига 30 килога етганди. Лекин ҳали ўрнидан турганича йўқ. 31 декабрь. Иштаҳаси карнай. (Дафтарга доғ тушган. Доғ кетидан шошилинч ёзилган). Кундузи соат 12 дан 12 минут ўтганда ит «Қи-лаб» деган аниқ товуш чиқарди. (Дафтарда узилиш бўлиб, кейинги сатрлар ҳаяжондан хато ёзилган бўлса керак). 1 декабрь. (Чизиб ташланиб, тузатилган.) 1 январь, 1925 йил. Эрталаб суратга туширилди. «Қи-лаб» деб энди аниқ, баланд товушда, ҳатто қандайдир севинч билан акиллаяпти. Кундузи соат 3 да бирдан (йирик ҳарфлар билан) кулиб юборди, Зина шайтонлаб қолаёзди. Кечқурун эса кетма-кет 8 марта «қилаб-қшоб» сўзини такрорлади. (Қаламда қинғир-қийшиқ қилиб ёзилган) Профессор «қилаб-қшоб» сўзининг маъносини аниқлади. Бу «Балиқ бошқармаси» дегани экан. Жуда ғарой… 2 январь. Кулиб турган пайтида ёруғ чироқ нури остида суратга олинди. Ўрнидан турди ва ярим соатча бемалол орқа оёқларида юрди. Бўйи деярли меникидай. (Дафтар орасидан қўшимча варақ чиқди). Рус фани оғир жудоликка учрай деди. Профессор Преображенскийнинг касаллик тарихи. Соат 1 дан 13 минут ўтганда профессор Преображенскийнинг тоби қочиб, ҳушидан кетиб қолди. У йиқилаётиб, бошини стулнинг оёғига уриб олди. Валериан тинтураси берилди. Ит (агар уни ит деб аташ ўринли бўлса, албатта) мен ва Зина олдида профессор Преображенскийнинг онасини сўкди. (Дафтарда ёзиш тўхтаган). 6 январь. (Гоҳ қалам, гоҳ кўк сиёҳ билан ёзилган.) Бугун думи батамом тушиб кетганидан сўнг у аниқ қилиб «пивохона» сўзини талаффуз этди. Фонограф ишлаб турибди. Нималар бўлаётганини худонинг ўзи билади. Саросимадаман. Профессор ҳеч кимни қабул қилмай қўйди. Кундузи соат 5 дан бошлаб кўриш хонасидан ўша мавжудотнинг у ёқдан-бу ёққа юрган оёқ товушлари, қўпол сўкиниши ва: «Яна бир жуфт», дегани эшитилди. 7 январь. У жуда кўп сўзларни талаффуз эта бошлади: «Извошчи», «Жой йўқ», «Кечки газета», «Энг яхши совғалар – болаларга» ва рус тилида мавжуд бўлган жамики сўкиниш сўзларини биларкан. Унинг кўриниши жуда ғалати эди, фақат боши, энгаги ва кўкрагидагина жунлари қолганди, холос. Қолган жойлар тап-тақир, териси қуришиб, бужмайиб кетганди. Жинсий маънода у энди балоғатга етаётган эркакка ўхшарди. Калласи анча йириклашган, пешонаси дўнг ва тор эди. Ё раббим, ишқилиб, ақлдан озмасам бўлди. Филипп Филиппович ҳали ҳам ўзини ёмон ҳис қиляпти. Асосий кузатишларни мен олиб боряпман. (Фонограф, фотосуратлар). Шаҳарда турли миш-мишлар тарқалди. Операция оқибатлари сон-саноқсиз. Бугун кун бўйи муюлиш қандайдир ишёқмаслар ва кампирлар билан тўла бўлди. Бекорчилар ҳозир ҳам дераза тагида туришибди. Тонгги газеталарда ғалати бир хабар босилди: «Марсдан Обухов муюлишига тушиб қолган одам ҳақидаги гаплар асоссиз бўлиб, уни Сузаревкалик чайқовчилар тарқатгани маълум бўлди. Улар, албатта, жазоланадилар». Товба, Марсдан келгани нимаси? Ахир, бу даҳшатку! «Оқшом» газетасида эса ундан ҳам антиқароқ хабар. Гўё туғилибоқ скрипка чаладиган бола пайдо бўлганмиш. Хабарга – мен ва скрипка, тагида эса «Онанинг қорнини ёриб, боласини олган профессор» Преображенскийнинг сурати илова қилинганди. Бу ҳеч қандай таърифга ҳам сиғмасди. У «милиционер» деган янги сўз кашф этди. Даря Петровна мени севиб қолган ва Филипп Филипповичнинг альбомидан битта суратимни ўғирлаб қўйган экан. У барча репортёрларни ҳайдаб юборгач, қайсидир бирови ошхонага киришга муваффақ бўлган ва ҳоказо. Қабул пайтида нималар юз бермаяпти, дейсиз! Бугун 82 та қўнғироқ бўлди. Телефон ўчириб қўйилган. Бефарзанд аёллар тамомила ақлдан озиб, узлуксиз келишяпти… Уй хўжалиги аъзоларининг ҳаммаси Швондер бошчилигида яна ташриф буюришди. Нима мақсадда келишганини ўзлари ҳам билишмайди. 8 январь. Кечаси диагноз қўйилди. Филипп Филиппович чинакам олим сифатида ўз хатосини тан олди. Гипофизнинг алмаштирилиши ёшартирмайди, балки бутунлай одамга айлантиради. (Тагига 3 марта чизиб қўйилган). Бу хато унинг ажойиб ва ғаройиб кашфиётига заррача ҳам путур етказмайди. Ҳалиги мавжудот бугун биринчи марта хоналарни айланиб чиқди, йўлакда электр чироғига тикилиб, роса кулди. Кейин Филипп Филиппович ва менинг кузатувимда кабинетга кирди. У орқа оёқларида бемалол тураркан, қадди-қомати хунук ва чуваккина эркак кишидай таассурот қолдирарди. Кабинетда ҳам кулиб юборди. Кулгуси ёқимсиз ва сунъий эди. Кейин у пешонасини қашиганча, атрофни кўздан кечирди ва «буржуйлар» деган яна бир янги сўзни аниқ талаффуз этди. Сўкинди. У кетма-кет ва узлуксиз сўкинар, бу, афтидан, ғирт бемаънилик эди. У маълум маънода фонографик характерга эга: мавжудот илгари қаердадир ўзи англаб етмаган ҳолда жами ёмон сўзларни эшитган ва миясига қуйиб олган, энди эса уларни фонтандай қайт қилмоқда, деган фикр уйғонарди. Дарвоқе, мен психиатр эмасман, яна ким билади дейсиз… Унинг сўкинишлари Филипп Филипповичга жуда ёмон таъсир кўрсатарди. У баъзида гўё сабр косаси тўлиб-тошгандай, совуққонлик билан олиб бораётган кузатишларини ҳам тўхтатиб қўярди. Шундай сўкиниш маҳалида охири у чидай олмади ва асабийлик билан: – Бас қилинсин! – дея бақирди. Лекин унинг бу бақириши ҳеч қандай наф бермади. Кабинетда айланиб юрган Шарикни биргалашиб кўриш хонасига олиб кирдик. Кейин биз Филипп Филиппович билан ўтириб вазиятни муҳокама қилдик. Шуни тан олишим жоизки, мен бу донишманд ва ўзига ҳаддан ортиқ ишонган одамни биринчи марта бундай, ўзини йўқотган ҳолатда кўришим эди. Одатига кўра қўшиқ хиргойи қилар экан: «Хўш, энди нима қиламиз?» – деб сўради ва ўзи жавоб қайтарди: «Москвашвея», менимча… Севилядан Гренадага қадар… Ҳа-ҳа, азизим, «Москвашвея». Мен ҳеч нарсага тушунмадим. У изоҳ берди: – Илтимос, Иван Арнолдович, унга костюм, кўйлак ва ички кийим сотиб олсангиз. 9 январь. Унинг тил бойлиги (ўрта ҳисобда) ҳар 5 минутда янги сўз билан бойиб бормоқда. Бугун эрталабдан эса иборалар ишлата бошлади. Улар онгининг қаеридадир музлаб, қотиб ётгану, энди эриб, бирин-сирин юзага чиқаётганга ўхшарди. Талаффуз этилган ҳар бир сўз кейин амалда қўлланилаверар эди. Кечадан бери фонограф: «Тикилмасангчи!», «Аблаҳ», «Зинадан тушь», «Кўрсатиб қўяман сенга», «Примус», «Американи тан олиш» каби сўзларни қайд этди. 10 январь. Кийинтирилди. Ички кўйлакни қувноқлик билан кулиб-кулиб кийди, иштон кийишдан эса, буткул бош тортди, хириллаган овозда эътироз билдираркан: «Навбатга тур-э, қанжиқдан тарқаган, тур навбатга!» – деди. Хуллас, чала-ярим кийинди. Пайпоқ оёғига катта келди. (Дафтарда, чамаси, ит оёғининг инсон оёғига айланишини ифодаловчи қандайдир чизмалар.) Товон суякларининг орқа қисми анча узайиб, бармоқлари чўзилди, тирноқлари пайдо бўлди. Ҳожатхонага бориш такроран ўргатилди. Хизматкор буткул жонидан тўйган. Лекин бу мавжудотнинг уқувли эканлигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Хуллас, ишлар чакки эмас. 11 январь. Иштон кийишга бутунлай кўникди. Узун, олифта иборани талаффуз этди: «Аканг қарағай, носингдан бир чекай!» Бошидаги жуни сийрак, майин, худди сочга ўхшайди, лекин баъзи жойларида сарғиш доғлар қорайиб кўринарди. Бугун қулоқларидаги сўнгги жунлари ҳам тўкилиб тушди. Иштаҳаси карнай. Дудланган балиқни, айниқса, иштиёқ билан ейди. Кундуз соат 5 да муҳим воқеа: махлуқ биринчи марта уни ўраган ҳодисаларга бевосита алоқадор сўз ишлатди. Профессор унга: «Овқат қолдиқларини полга ташлама», – дея танбеҳ берганида, «Овозингни ўчир, исқирт!» – деб жавоб берди. Филипп Филиппович ҳайратдан анграйиб қолди, кейин ўзини қўлга олиб деди: – Мени ёки докторни яна бир марта ҳақорат қилсанг, кўрадиганингни кўрасан. Мен бу пайтда Шарикни суратга тушираётгандим. У профессорнинг гапини тушунганига имоним комил, чунки бирпасда қовоқ-лунжи осилиб кетди. Профессорга хўмрайганча энсаси қотиб, ер остидан қаради, лекин эътироз билдирмади. Ура, у гапга тушуняпти! 12 январь. Қўлини чўнтагига солиб юришни ўрганди. Сўкинишни ташлашга ундаяпмиз. «Вой, олма»ни ҳуштак чалиб куйлаяпти. Гапга аралашиб туради. Мен бир неча фаразни олдинга суришдан ўзимни тўхтатолмаяпман: ёшартиришни қўя турайлик. Бу ерда бошқа, муҳимроқ масала бор: профессор Преображенскийнинг тажрибаси инсон миясининг янги бир сирини кашф этди. Энди мия ўсимтаси – гипофиз бажарадиган вазифа равшанлашди. Гипофиз – инсон қиёфасини белгилайди. Унга тегишли гормонларни инсон қиёфасининг гормонлари деб атаса ҳам бўлади. Фанда янги йўл, янги қирра очилмоқда: Фаустнинг сеҳрли шишачаларисиз ҳам сунъий одам дунёга келтирилди. Жарроҳ тиғи янги бир инсонни бунёд этди. Профессор Преображенский, сиз – даҳосиз! (Сиёҳ доғи). Дарвоқе, мавзудан чалғидим… Шундай қилиб, у гапга аралашадиган бўлиб қолди. Фикримча, яхши ўрнашиб олган гипофиз ит миясидаги гапириш марказини ишга тушириб юборган, оқибатда сўзлар сельдай қуйилиб кела бошлади. Бу янгитдан бунёд этилган мия эмас, аксинча, тирилтирилган, янги хусусиятлар касб этган миядир. О, ахир, бу эволюция назариясининг ажойиб тасдиғику! О, ахир, бу оддий итдан буюк кимёгар Менделеевгача босиб ўтилган буюк йўл занжирику! Яна ўзимнинг фаразим: Шарикнинг мияси олдинги ҳаёти давомида сон-саноқсиз тушунчаларни йиғиб олган. У ишлата бошлаган сўзлар биринчи навбатда – кўча сўзлар, ит уларни кўчада эшитган ва миясига яшириб қўяверган. Кўчадан ўтиб кетатуриб, йўлимда учраган итларга пинҳоний даҳшат ҳисси билан тикиламан. Уларнинг мияларига нималар яширинганини худо билади. Шарик ўқий олади. (3 та ундов белгиси). Ҳа-ҳа! Мен буни «балиқ бошқармаси» сўзи туфайли англадим. Охиридан бошига қарата ўқийди. Бу жумбоқнинг ечимини ҳам биламан: гап итнинг кўриш ҳужайраларида зоҳир бўладиган танаффусда. Москвада инсон ақли бовар қилмайдиган ишлар бўлмоқда. Сухаревкалик еттита савдогар, большевиклар охир замонни бошлаяпти, деган шов-шув тарқатганликлари учун қамоқда ўтиришибди. Даря Петровна эса бўлажак қиёмат-қойимнинг аниқ кунини ҳам айтар эди. 1925 йилнинг 28 ноябри – жафокаш руҳоний, авлиё Стефан кунида еру жаҳон осмону фалак ўқи билан туташиб кетар эмиш. Қандайдир кўзбўямачилар эса ҳатто лекциялар ҳам ўқиб юришганмиш. Хуллас, ўша гипофиз туфайли шунақанги қовоқхона бунёд этдикки, уйни тарк этиб, жуфтакни ростласа ҳам бўлаверади. Мен Преображенскийнинг таклифига биноан унинг хонадонига буткул кўчиб келдим. Шарик иккаламиз қабулхонада ёта бошладик. Кўриш хонаси эса қабулхонага айлантирилди. Швондер ҳақ бўлиб чиқди. У тантана қилмоқда. Жавонларда битта ҳам шиша идиш қолмаган, чунки у роса сакраган. Бу одатини зўрға тарк эттирдик… Филипп Филиппович жуда ўзгариб кетди. Мен унга ўз гипотезаларим, Шарикни олий даражадаги шахс қилиб тарбиялашимиз кераклиги ҳақида гапириб берганимда, у кинояли илжайиб: «Сиз шундай деб ўйлайсизми?», деб жавоб берди. Унинг бу жавобида қандайдир мудҳиш бир оҳанг бор эди. Наҳотки, янглишган бўлсам? Қария нимадир ўйлаб топганга ўхшайди. Мен касаллик тарихи билан овора бўлган айни чоғда, у гипофизи Шарикка кўчириб ўтказилган одамнинг тарихини ўрганишга киришган эди. (Дафтар орасига қўшимча варақ қўйилган). Клим Григоревич Чугункин, ёши 25 да, бўйдоқ. Партиясиз, хайрихоҳлардан, 3 марта судланган ва оқланган: биринчи марта далиллар етишмаслиги сабабли, иккинчи марта ўзининг келиб чиқиши сақлаб қолган, учинчи марта эса 15 йилга шартли сургун қилинган. Ўғирлик учун, касби – қовоқхоналарда балалайка чалиш. Паст бўйли, гавдаси бузуқ ва қўпол. Жигари шишиб кетган (алкоголь). Ўлимининг сабаби: Преображенский заставасидаги «Стоп-сигнал» пивохонасида юрагига пичоқ уришган. Қария қимирламай ўтириб, Климовнинг касаллик тарихини ўрганар эди. Нима бўлаётганига сира ақлим етмай қолди. У ўзича: Чугункиннинг ўлигини патолог-анатомлар хонасида синчиклаб ўрганиш хаёлимга келмаганини қаранга, дея минғирлаб қўярди, бу билан нима демоқчи – тушуниш қийин эди. Кимнинг гипофизи эканлигининг нима фарқи бор? 17 январь. Бир неча кун ёза олмадим. Инфлюенса билан оғриб қолдим. Шу бир неча кун ичида ташқи қиёфаси тамомила шаклланиб бўлди: а) гавда тузилиши мукаммал одамникидай; б) оғирлиги 3 пудлар атрофида; в) бўйи калта; г) боши кичкина; д) чека бошлади; э) ўзи мустақил кийинади; з) равон гапира бошлади. Мана буни гипофиз деса бўлади (Сиёҳ доғи). Шу билан касаллик тарихини тугатаман. Қаршимизда янги организм, уни бошидан кузатиб бориш керак. Илова: нутқ стенограммалари, фонограф ёзувлари ва фотосуратлар. Имзо: профессор Преображенскийнинг ассистенти Доктор Борментал.
VI
Қиш кечаси эди. Январнинг охирлари. Ҳали тушлик вақти ҳам, қабул пайти ҳам бўлмаган. Қабулхона эшигининг кесакисида оқ қоғоз осилиб турар, унга Филипп Филипповичнинг қўли билан «Уйда писта чақишни ман қиламан», деб ёзилган бўлиб, тагига Ф. Преображенскийнинг имзоси чекилганди. Имзодан пастроқда эса йирик-йирик ҳарфларда Борменталнинг қўли билан: «Кундузи соат 5 дан эрталаб соат 7 гача музика асбобларини чалиш ман этилади», деб ёзилган. Хат Зинанинг қўли билан давом эттирилган: «Қайтганингизда Филипп Филипповичга айтинг, унинг қаерга кетганини билмайман. Федорнинг айтишича, Швондер билан юрганмиш». Преображенский қўли билан: «Ойначини 100 йил кутишим керакми?» Даря Петровнанинг қўли билан (босма ҳарфларда): «Зина магазинга кетди, ойначини ҳам бошлаб келади». Ипак абажур тагида ёниб турган лампа меҳмонхонага оқшомга хос алоҳида файз бағишлаган. Буфетдан келаётган чироқ нури иккига бўлинган, ойналарнинг эса у рахидан бу рахигача қийшиқ шаклда хоч ёпиштирилган эди. Филипп Филиппович стол устида мукка тушганча катта очилган газетани ўқимоқда, унинг юзи яшин ургандай гезариб, тишлари орасидан узуқ-юлуқ ва чўлтоқ сўзлар чиқарди. У газетадаги хабарни ўқиётганди: «Бу унинг никоҳсиз туғилган ҳаромзода (чириган буржуа жамиятида шундай дейиларди) ўғли эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Сохта буржуа олимлари мана қандай вақтичоғлиқ қилишади. То одил суднинг адолатпарвар қиличи тепасида қизил нур таратиб чақнамагунича еттита хонани ҳар ким ҳам эгаллаб ўтираверади». «Шв…р». Қўшни хонадан ўжарлик билан, моҳирона чалинаётган балалайка овози эшитилар, «Ой нур сочар» қўшиғининг шўх оҳанглари газетадаги хабар сўзларига қўшилиб сассиқ бўтқа каби Филипп Филипповичнинг миясида нафрат уйғотмоқда эди. Ўқиб бўлгач, елкаси оша қаттиқ тупурдида, ўзи сезмаган ҳолда тишларини қисирлатиб куйлай бошлади: – О-ой ну-ур сочар… О-ой ну-ур сочар… О-ой ну-ур сочар… Туф-эй, лаънати куй, канадай ёпишиб олганичи! Қўнғироқ тугмасини босди. Пардалар орасидан Зинанинг юзи кўринди. – Унга айтинг, соат 5 бўлди, бас қилсин, ўзини ҳам бу ерга чақиринг, илтимос. Филипп Филиппович стол ёнидаги креслода ўтирар эди. Чап қўлининг бармоқлари орасида охиригача чекиб улгурмаган жигарранг папирос қолдиғи бор эди. Парда ёнида паст бўйли, кўриниши ёқимсиз кимса оёқларини чалиштирганча кесакига суяниб турарди. Сочлари худди тўп-тўп ўсган буталарга ўхшаб нотекис, юзларини эса соқолни эслатувчи тук босиб кетганди. Пешонаси ҳайратда қоларли даражада тор эди, қалам билан чизиб қўйилгандай ва бир-биридан узоқ жойлашган қошлари устиданоқ соч бошланар эди. Эгнидаги чап қўлтиғи сўкилган костюмига хашак ёпишган, йўл-йўл шимининг ўнг тиззаси йиртилиб кетган, чап тиззаси эса кўкимтир бўёқ билан бежалганди. У бўйнига сохта ёқут тўғноғич қадалган кўм-кўк галстук тақиб олганди. Галстук шунақанги тўқ-заҳарли рангда эдики, Филипп Филиппович чарчоқ кўзларини юмса ҳам, гоҳ деворда, гоҳ шипда ловуллаб ёнаётган кўм-кўк чамбаракли маёқни кўраётгандай бўларди. Кўзларини очаркан, яна қисишга мажбур бўлар, чунки ерда оқ гетра кийилган оёқдаги лакланган бошмоқлар чироқ нурида ялтираб жилоланарди. «Худди анови калиш кийиб юрганлардай», – нохушлик билан хаёлидан ўтказди Филипп Филиппович, хўрсиниб, бурнини тортди, ўчиб қолган сигараси устида имирсилай бошлади. Эшик ёнида турган одам нурсиз кўзларини профессорга қадаганча папирос чекар, кулини бот-бот кўйлагининг кўкрагига тўкиб қўярди. Девордаги ёғоч бурулдуқ ёнига осиб қўйилган соат 5 марта бонг урди. Филипп Филиппович гап бошлаганида, соатнинг ичидан ҳали ҳам аллақандай нидо чиқаётгандай эди. – Ошхонадаги сўрида ухламанг, деб, икки марта илтимос қилгандим чоғи, айниқса, кундуз куни? Эшик олдидаги одам томоғига данак тиқилгандай қалқиб, йўталди ва: – Ошхонанинг ҳавоси жуда ёқимлида! – деб жавоб берди. Унинг овози жуда ғалати: бўғиқ, айни пайтда, худди ингичка бочкадан чиқаётгандай жарангдор эди. Филипп Филиппович бош чайқаганча сўради: – Бу тасқарани қаердан топдингиз? Галстугингизни айтяпман? У аввал бармоқларига, кейин эгилиб галстугига меҳр билан қиё боқди: – Нимаси тасқара экан? Зўр галстук. Даря Петровна совға қилди. – Даря Петровна худди ботинкангизга ўхшаган қабиҳ нарса совға қилибди. Бу нима масхарабозлик? Қаердан келиб қолди? Мен нимани илтимос қилгандим? Ях-ши-и, одми туфли сотиб олинглар, девдимку?! Наҳотки буни доктор Борментал танлаган бўлса? – Мен ундан лакланганини олишни илтимос қилдим. Нима, менинг одамлардан камлик жойим борми? Кузнетскийга бориб кўринг – ҳамма лакланган туфлида юрибди. Филипп Филиппович бошини сарак-сарак қилганича, давом этди: – Ошхонада ухлашга чек қўйилсин. Тушунарлими? Бу қандай сурбетлик ўзи? Халақит берасизку. У ерда аёллар бор, ахир. Кираверишда турган кимсанинг ранги қорайиб, лаблари чўччайди. – Нима? Шулар аёлларми? Ҳм-м. Вой, хонимлар-эй… Бор-йўғи хизматкорку, димоғларидан от ҳуркади… бамисоли комиссарлардай. Биламан, булар бари чақма-чақар Зинканинг иши. – Зинани Зинка дегани нима ҳақингиз бор? Иккинчи эшитмай! Тушунарлими? Жимжитлик. – Сиздан сўраяпман, тушунарлими? – Тушунарли. – Анави бўйинтуруқни эса йўқотинг бўйнингиздан. Сиз… сен… сиз… ойнага бир қаранг ўзингизга, кимларга ўхшайсиз… Хм… Папирос қолдиқларини полга ташламанг, деб юз марта айтдим. Сўкканингизни ҳам бошқа эшитмай. Тупурманг! Мана – тупук учун махсус идиш. Ҳожатхонага ҳам батартиб боринг. Зинага бўлар-бўлмас гапларни гапирманг! Бурчак-бурчакда пойлаб юришингиз ҳақида шикоят қилди. Ўзингизга қаранг. Қабулга келган беморга ким «Ит биладими?» деб савол берди? Бу ер сизга қовоқхонами? – Жаа бизни тергаб, сиқавераркансизда, отахон, – бирдан йиғламсираб деди эшик ёнидаги кимса. Филипп Филиппович қизариб, кўзойнаклари чарақлаб кетди. – Бу нима деганингиз? Ким сизга отахон? Бу сўзни бошқа эшитмай. Мени ўз исмим билан атаб чақиринг! Ҳалиги кимсанинг юзидаги ифода дағаллашди: – Э, намунча-э… Тупурма. Чекма. У ёққа борма… Нима бу ўзи? Худди трамвайга ўхшайдия! Тинч яшагани қўясизми-йўқми ўзи? Кейин, отахон десам нима бўпти. Сиздан мени операция қилишингизни сўраганмидим? – акилларди у аччиғланиб. – Жаа қизиқа! Бечора ҳайвонни тутиб, бошини нимталаб ташлаб, яна жирканишганига ўлайми… Эҳтимол, мен операцияга розилик бермаган бўлардим, – у кўзларини шипга тикиб, бир нарсани эслагандай бўлди, – шунингдек, қариндош-уруғларим ҳам. Ҳозир, балки, менинг даъво қилишга ҳам ҳақим бор. Филипп Филипповичнинг кўзлари дум-думалоқ бўлиб қолди, чекиб ўтирган сигараси ҳам қўлидан тушиб кетди. «Оббо ярамас-эй», – хаёлидан ўтказди у. – Сиз операция йўли билан итдан одамга айланганингиз учун норозилик билдиряпсиз, шундайми? – сўради у кўзларини сузиб. – Балки, сиз яна ахлатхонама-ахлатхона изғиб юришни истарсиз? Дарвозахонада музлаб ётишни афзал кўраётгандирсиз, эҳтимол… Агар шундайлигини билганимда… – Ахлатхона, ахлатхона, деб намунча юзимга солавермасангиз. Мен ўзимнинг бир бурда нонимни топиб, еб юрувдим. Агар ўша пичоқ остидан тирик чиқмаганимда нима бўларди? Бунисига нима дейсиз, ўртоқ? – Филипп Филиппович! – дарғазаб ҳолда хитоб қилди Филипп Филиппович. – Ўртоқ эмасман мен сизга! Қандай жаҳолат! – «Даҳшат, даҳшат», – ўйларди у. – Ҳа, энди албаттада… Ҳе… – деди у киноя билан тантанавор равишда оғирлигини бир оёғидан иккинчисига ташларкан, – тушунамиз, ўлиб қолибмизми тушунмай. Қанақасига биз бедаволар «ўртоқ» бўламиз. Йўл бўлсин бизларга. Университетларда ўқимаган, ичида ванналари бор 15 хонали уйларда яшамаган бўлсак… Бироқ… бунақа нарсаларга чек қўйиладиган вақт бўп қопти энди. Ҳозир ҳамма ўз ҳақ-ҳуқуқини билади… Филипп Филиппович унинг сўзларини ранги докадай оқариб тингларди. У эса ўзини кўрсатмоқчи бўлгандай, гапини бирдан тўхтатиб, қўлидаги эзғиланган папирос қолдиғини намойишкорона кўтарганча кулдон томонга тантанали одимлаб ўтди. У тарвақайлаб юрарди. «Мана, кўриб қўй», – дегандай, кулдон ичида папирос қолдиғини анча эзғилади. Орқасига қайтаётиб, бирдан тишларини ғижирлатиб, тумшуғини қўлтиғининг орасига урди. – Бургани бармоқлар билан тутинг. Бармоқлар билан! – ғазаб билан қичқирди Филипп Филиппович. – Мен тушунолмай қолдим, қаердан топяпсиз уларни ўзи? – Э, нима, мен уларни урчитибманми? – хафа бўлди кимса, – бургалар мени яхши кўришса керакда, – шу чоқ у бармоқларини енгининг астарига тиқиб кавларкан, йиртиғидан бир сиқим сарғайиб кетган пахтани ҳавога чиқариб ташлади. Филипп Филиппович шипдаги чироқлар маржонига тикилганча, бармоқлари билан столни черта бошлади. У эса тутган бургасини ўлдириб кўнгли жойига тушгач, стулга ўтирди ва панжаларини осилтирганча, қўлини тирсагидан букиб олди. Кўзларини олайтириб паркетга тикилди. У ўзининг бошмоқларини томоша қилар, бу иш унга завқ бағишлаётгани кўриниб турарди. Филипп Филиппович ҳам ялтираб турган тумшуғи тўмтоқ бошмоқларга тикилганча, яна тилга кирди: – Хўш, яна нима демоқчи эдингиз менга? – Ҳм… Оддий бир гап. Менга ҳужжат керак, Филипп Филиппович. Филипп Филипповичнинг қовоғи уча бошлади. – Ҳм… Жин урсин! Хўжайин! Чинданам… Ҳҳм… балки мумкиндир, йўлини топармиз… – деди у журъатсиз ва изтиробли оҳангда. – Афв этинг бизни, – қатъият билан жавоб берди кимса, – ҳужжатсиз юриш… бу қанақаси? Йў-ўқ, маъзур тутасиз! Ўзингизга яхши маълум, ҳар бир одамга ҳужжатсиз яшаш қатъиян ман этилади. Биринчидан, уй бошқармаси… – Уй бошқармасининг нима алоқаси бор! – Нима алоқаси бор, деганингиз нимаси? Кўришиб қолганимизда сўрашяпти, ҳурматли ўртоқ, қачон пропискага ўтасан, дейишяпти. – Оббо, худо урди! – тушкунлик билан гапирди Филипп Филиппович. – Сўрашяпти денг! Сиз уларга нималар деб жавоб беришингизни тасаввур қиламан. Ахир, мен сизга зинада санқиб юришни ман этган эдимку! – Нима, мен сургундаманми? – хафа бўлди у ва ўзининг ҳақ эканлигига комил ишонч ҳисси ҳатто галстугидаги ёқут тўғноғичда жилолангандай бўлди. – Санқиб юриш деганингиз нимаси? Гапларингиз жаа кишини ранжитади. Ҳамма одамларга ўхшаб мен ҳам юраманда. Шу гапни айта туриб у лакланган бошмоғи билан паркет полни тепиб қўйди. Филипп Филиппович кўзларини рўпарасидаги номаълум бир нуқтага тикканча сукутга ботди. «Барибир ўзингни тут», – ўйлади у ва буфетга яқинлашиб, бир стакан сувни бир кўтаришда сипқорди. – Жуда соз, – осойишта гап бошлади у, – гап сўзларда эмас. Хўш, ўша уй хўжалигидаги билимдон танишингиз нималар деяпти ўзи? – Нимаям дерди… Сиз бекорга уни билимдон деб калака қиляпсиз. У кишилар ҳуқуқини ҳимоя қиляпти. – Қизиқишимга ижозат этинг, кимларнинг ҳуқуқини? – Кимларнинг ҳуқуқини бўларди, меҳнаткаш халқникинида! Филипп Филипповичнинг кўзлари олайиб кетди. – Сиз қачондан бери меҳнаткаш бўлиб қолдингиз? – Лекин ахборотингиз учун, НEПчи ҳам эмасман. – Хайр, майли. Шундай қилиб, айтингчи, сизнинг инқилобий ҳақ-ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишда унга нима керак ўзи? – Маълумку бу, мени пропискага ўтказиш керак, вассалом. Улар, Москвада пропискасиз яшайдиган одамни қаерда кўргансан, дейишяпти. Бу – биринчидан. Энг асосийси эса ҳисобга олиш карточкаси. Мен дезертир (қочоқ) бўлишни истамайман. Яна ҳалиги уюшма, меҳнат биржаси… – Сўрашга ижозат беринг, нимани асос қилиб пропискага ёздираман? Манави дастурхонгами ёки ўз паспортимгами? Юзага келган вазият билан ҳисоблашиш керакда, ахир! Хўш, сизни пропискага ўтказиш ва ўша уй хўжалигингизнинг планидаги бошқа ишларнинг ҳаммасини амалга ошириш учун нима қилиш мумкин? Ахир, сизнинг на исмингиз, на фамилиянгиз бор. – Э, йўқ, бу адолатдан эмас. Исмни хотиржамлик билан ўзим танлашим мумкин. Газетада эълон берилса – вассалом. – Қандай исм танламоқчи эканлигингизни билсак бўладими? Кимса галстугини тўғрилаб, жавоб қайтарди: – Полиграф Полиграфович. – Бас қилинг масхарабозликни. Мен сиз билан жиддий гаплашяпман, – деди Филипп Филиппович хўмрайиб. Ҳалиги кимсанинг лаблари заҳархандалик билан чўччайиб, мўйлови бир томонга қийшайиб кетди. – Тушунолмай қолдим сизни… – деди у қувноқ ва маъноли оҳангда, – исмни онадан олишим мумкинмас! Тупуриш мумкинмас. Сиздан эса фақат «аҳмоқ, тентак», деган сўзларнигина эшитаман. Чамаси, ресефесерда фақат профессорларгагина сўкиниш ҳуқуқи берилган эканда? – Филипп Филипповичнинг миясига қон қуйилди, сув қуяётиб, стаканни тушириб юборди, бошқасидан ичаркан, ўйларди: «Яна бир оздан кейин у мени ўқита бошлайди ва мутлақо ҳақ бўлиб чиқади. Ўзимни ушлаб туролмаяпман». У стулда ўтирганча ёнига ўгирилди, гавдаси билан керагидан ортиқ даражада букилиб, қатъий оҳангда гапирди: – Афв этасиз. Асабларим чатоқ. Исмингиз менга ҳақиқатан ҳам ғалати туйилди. Қизиқ, қаердан кавлаб топдингиз уни? – Уй хўжалигининг раиси маслаҳат берди. Календардан қидирдик, қайси бири тўғри келади, дейишди. Мен танладим. – Ҳеч қайси календарда бунақаси бўлиши мумкин эмас! – Қизиқ гапларни гапирасиз, – истеҳзоли тиржайди у, – кўриш хонангизда осиғлик турибдику. Филипп Филиппович ўрнидан турмай, қўнғироқ тугмасига чўзилди ва жиринглаган овозга Зина кириб келди. – Кўриш хонасидаги календарни олиб киринг. Зум ўтмай Зина календарни кўтариб, қайтиб кирди. Филипп Филиппович сўради: – Қаерда? – 4 март куни нишонланади. – Кўрсатингчи… Ҳм-м… Тавба… Зина, печькага ташланг буни. Ҳозироқ. Зина қўрқув тўла кўзларини олайтирганча календарни олиб чиқиб кетди. У кимса эса бошини сарак-сарак қилиб қўйди. – Фамилиянгизни билсак бўладими? – Фамилиямми?.. Аждодларимдан мерос фамилияни танладим. – Нима? Мерос? Қани-қани? – Шариков. Кабинетдаги стол ёнида чарм тужурка кийган Швондер турарди. Доктор Борментал эса курсида ўтирар, унинг совуқдан қизариб кетган (у эндигина кўчадан кирган эди) юзи ёнида ўтирган Филипп Филипповичга ўхшаб саросимали эди. – Қандай ёзиш керак? – сўради у тоқатсизланиб. – Ҳа… бу – мураккаб иш эмас, – тилга кирди Швондер. Ёзинг, гражданин профессор, гувоҳнома берилди ушбу хусусдаким, Шариков Полиграф Полиграфович… ҳм… менинг хонадонимда… ҳалигиндай… туғилган. Борментал ҳеч нима уқмагандай ўрнида қимирлаб қўйди. Филипп Филипповичнинг мўйлови уча бошлади. – Ҳм… жин урсин! Бундан бемаънироқ нарсани тасаввур ҳам қилиш қийин. Ахир, у туғилган эмас… Нима десам экан… бир сўз билан айтганда… – Бу сизнинг ишингиз, – заҳархандали хотиржамлик билан деди Швондер, – туғилганми-йўқми… Умуман олганда, тажрибани сиз ўтказгансиз, профессор! Гражданин Шариковни ҳам сиз бунёдга келтиргансиз! – Оппа-осонлик билан, – шанғиллади Шариков китоб жавоннинг орқасидан. У ойнада акс этаётган галстугига маҳлиё бўлиб тикиларди. – Мен сиздан гапга аралашмаслигингизни илтимос қилардим, – деди Филипп Филиппович аччиғланиб. – Бекорга оппа-осонлик билан, деяпсиз. Мутлақо осон бўлган эмас бу иш! – Нега энди аралашмас эканман, – тўнғиллади Шариков хафақонлик билан. Швондер шу заҳоти уни қўллаб-қувватлади: – Кечиргайсиз, профессор, гражданин Шариков мутлақо ҳақ. Ўз тақдири ҳал этилаётган муҳокамада иштирок этишга унинг ҳақи бор. Айниқса, гап нозик масала – ҳужжатлар хусусида бораётган пайтда. Ҳужжат – бу дунёда энг муҳим нарса. Шу чоқ телефоннинг қулоқни қоматга келтиргудай қаттиқ жиринглаши гапни бўлиб қўйди. Филипп Филиппович трубкани кўтариб: – Эшитаман, – дедию, шу заҳоти қип-қизариб, бақириб берди: – Бундай бўлар-бўлмас гаплар билан мени безовта қилмаслигингизни сўрайман! Сизга барибир эмасми?! – Трубкани куч билан шарақлатиб, жойига қўйди. Швондер мамнуният билан тиржайди. Филипп Филиппович жаҳлдан бўғилиб, қичқирди: – Хуллас, бас қилиш керак буни. У ён дафтарчадан бир варақ йиртиб олиб, унга алланималарни ёзди, кейин энсаси қотганча овоз чиқариб ўқиб берди: «Гувоҳлик бераман ушбу ҳақдаким..». Қандай бемаънилик… Ҳм. «Ушбуни кўрсатувчи шахс лабораторияда, бош мияда операция ўтказиш йўли билан вужудга келтирилган бўлиб, ҳужжатга муҳтождир». Э, жин урсин! Бундай аҳмоқона ҳужжат берилишига мен умуман қаршиман. Имзо: «профессор Преображенский». – Гапларингиз жуда ғалати, профессор, – деди Швондер хафа бўлиб, – нега энди ҳужжатларни аҳмоқона дейсиз? Мен ҳужжати йўқ ва бунинг устига, милицияда ҳарбий ҳисобда турмаган одамнинг уйимизда истиқомат қилишига йўл қўёлмайман. Бирдан империализм йиртқичларига қарши уруш бошланиб қолсачи? – Мен ҳеч қанақанги урушга бормайман, – хўмрайганча гап қистирди Шариков шкаф орқасидан. Швондер довдираб қолди, лекин тезда ўзини қўлга олиб, назокат билан Шариковга юзланди: – Сиз, Шариков, мутлақо онгсиз одамнинг гапини гапиряпсиз. Ҳарбий ҳисобда туришингиз шарт. – Ҳисобгаку тураман, урушни эса елкамнинг чуқури кўрсин! – ижирғаниб жавоб берди у бантини тўғрилар экан. Швондер баттар довдираб қолди. Преображенский Борментал билан хусумат ва изтироб аралаш кўз уруштириб олди. Унинг нигоҳи: «Хўш, қиссадан ҳисса нимадан иборат?», деб сўраётгандай эди. – Мен операция вақтида оғир жароҳатланганман, – увиллади Шариков хўмрайганича. У қўли билан бошига ишора қилди. Унинг пешонасида операция пайдо қилган кўндаланг чандиқ бор эди. – Нима, сиз яккахон анархистмисиз? – сўради Швондер қошларини чимириб. – Менга оқ билет берилиши керак, – деди Шариков унга жавобан. – Ҳа, яхши, ҳозирча бу иккинчи даражали масала, – деди ҳайратга тушган Швондер, – асосийси, биз профессорнинг гувоҳномасини милицияга топширамиз ва улар сизга ҳужжат беришади. – Айта олмайсизми… – ногоҳ унинг гапини бўлди Филипп Филиппович, чамаси қандайдир ички ўйлардан сиқилиб, – сизларда, яъни шу уйда бирон бўш хона топиладими? Мен сотиб олардим. Швондернинг жигарранг кўзларида сарғимтир учқунлар пайдо бўлди. – Афсуслар бўлсинки, профессор, биронтаям бўши йўқ. Яқин орада бўлмайди ҳам. Филипп Филиппович лабларини қаттиқ қисганча, индамади. Қулоқни қоматга келтиргудай овоз чиқариб, яна телефон жаранглади. Филипп Филиппович трубкани олдию, индамасдан жаҳолат билан улоқтириб юборди. Трубка ҳавода ликиллаганча осилиб қолди. Ҳамма чўчиб тушди. «Асаблари тамом бўлди қариянинг», – ўйлади Борментал, Швондер эса кўзлари ялтираганча таъзим қилди ва хонадан чиқиб келди. Шариков ҳам бошмоғининг рантини ғижирлатиб, унинг кетидан ташқарига йўл олди. Профессор Борментал билан ёлғиз қолди. Бирмунча сукунатдан кейин Филипп Филиппович бошини енгил ирғаб, гап бошлади: – Ўлай агар, бу – даҳшат! Ўзингиз кўрдингизку! Онт ичиб айтаманки, азизим Иван Арнолдович, сўнгги ўн тўрт йил мобайнида ҳам шу икки ҳафта ичидагичалик азоб тортган эмасман. Мени айтди дерсиз – бунақа нусхани етти оламни чироқ ёқиб қидирсангиз ҳам тополмайсиз!.. Олисдан ойнанинг қарс этиб цингани ва аёл кишининг чинқирган овози эшитилдию, шу заҳотиёқ тинди. Қаердандир тўсатдан пайдо бўлган инс-жинсга ўхшаш кимдир кўриш хонаси томон ўтар экан, гумбурлаб йўлак деворига урилди. Кўриш хонасида ҳам у алланимани тарақлатиб тушириб юборди ва яшин тезлигида орқасига қайтди. Эшикларнинг тарақлаб очилиб-ёпилгани ва ошхонадан Даря Петровнанинг «вой» деб қичқиргани эшитилди, кейин Шариков ув тортиб юборди. – Ё Худо, яна нимадир юз берди! – бақирди Филипп Филиппович эшикка отиларкан. – Мушук бўлса керак, – фаҳмлади Борментал ва изма-из югуриб кетди. Улар йўлак орқали чопиб, кираверишдаги хонага ўтишди, кейин ванна ва ҳожатхона томонга бурилишди. Ошхонада Зина Филипп Филипповичнинг истиқболига отилиб чиқди. – Уйда мушук бўлмасин, деб неча марта тайинловдим! – жазавага тушиб қичқирди Филипп Филиппович. – Қани у? Иван Арнолдович, худо ҳақи, қабулхонадаги беморларни тинчлантиринг. – Ваннада, лаънати ваннада ўтирибди, – ўпкаси тўлиб деди Зина. Филипп Филиппович бутун гавдаси билан ваннахонанинг эшигига ташланди, лекин у очилмади. – Очинг, ҳозироқ очинг деяпман! Жавоб ўрнига эшик ортидан ниманингдир девордан-деворга сакрагани, тоғораларнинг тарақ-туруғи ва Шариковнинг талваса ичида: – Жойидаёқ ўлдираман! – дея қийқиргани эшитилди. Сув трубалардан шариллаб полга оқиб туша бошлади. Филипп Филиппович гавдасини ташлаб, эшикни буза бошлади. Ошхона остонасида ҳаммомдан чиққандай қип-қизил юзлари даҳшатдан буришиб кетган Даря Петровна пайдо бўлди. Шу пайт ваннахонанинг баландда жойлашган ва ошхонага қараган ойнаси илон изи шаклида дарз кетди ва иккита ойна бўлакчаси ерга тушди. Ундан кейин эса бўйнида кўк лентаси бор, йўлбарс ҳалқа тақилган городовойдай катта мушук кўринди. У тўппа-тўғри столда турган лаган устига сакради. Лаган иккига бўлинди. Мушук ерга, сўнгра уч оёқда айланганча ўнг оёғини худди рақсга тушаётгандек қаттиқ силтадида, яширин йўлакка олиб чиқувчи кичкина тирқишга кириб кетди. Тирқиш кенгайиб, мушук ўрнида рўмол ўраган кампир пайдо бўлди. Оқ нўхат гулли юбка кийган бу кампир зум ўтмай ошхонага кириб келди. Кампир бош ва кўрсаткич бармоқлари билан оғзининг четларини артаркан, бир оз шишган ва тикондай ўткир кўзлари билан ошхонани назаридан ўтказди ва шоён-диққат билан хитоб қилди: – Ё худоё, тавба! Ранги оқариб кетган Филипп Филиппович ошхонани кесиб ўтиб, кампирдан важоҳат билан сўради: – Сизга нима керак? – Гапирадиган итни томоша қилиш қизиқда, – деди кампир гуноҳкорона ва чўқиниб қўйди. Филипп Филипповичнинг ранги бешбаттар гезарди, кампирга жуда яқин бориб, бўғиқ овозда пичирлади: – Ҳозироқ ошхонадан туёғингизни шиқиллатинг! Кампир орқаси билан эшик томонга юраркан, хафа бўлиб деди: – Намунча қўпол бўлмасангиз, жаноб профессор. – Даф бўлинг деяпман! – такрорлади Филипп Филиппович ва унинг кўзлари худди бойқушларникидай дум-думалоқ бўлиб қолди. Кампирнинг орқасидан орқа йўлак эшигини тарақлатиб ёпди. – Даря Петровна, ахир, сиздан илтимос қилган эдимку, – деди Филипп Филиппович йиғламсираб. – Филипп Филиппович, – деди Даря Петровна хижолат билан яланғоч қўлларини мушт қилиб тугаркан, – нима қилай, ахир? Кечгача одамлар оқими тўхтамаяпти! Ваннахонадан сувнинг бўғиқ ва ваҳимали шовуллаши келар, лекин бошқа овоз эшитилмай қолганди. Доктор Борментал кирди. – Иван Арнолдович, ўтиниб сўрайман… ҳм… Қабулда нечта одам бор? – Ўн битта, – жавоб берди Борментал. – Ҳаммасига жавоб бериб юборинг, бугун қабул қила олмайман. Филипп Филиппович бармоғи билан эшикни тақиллатиб, бақирди: – Марҳамат қилиб, ҳозироқ чиқинг! Нега қамалиб олдингиз? – Гу-гу! – аянчли ва тусмол жавоб берди Шариковнинг овози. – Нима жин урди сизни ўзи!.. Эшитмаяпман, сувни тўхтатинг! – Гау! Гау!.. – Сувни тўхтатинг деяпман! У нималар қиляпти – ҳеч нарсага тушунмаяпман, – қичқирди Филипп Филиппович ғазабдан ўзини йўқотиб. Зина ва Даря Петровна ошхона эшигини очиб, мўралаб туришарди. Филипп Филиппович мушти билан яна эшикни гумбурлатиб урди. – Мана у! – қийқирди Даря Петровна ошхонадан. Филипп Филиппович ичкарига югурди. Тепадаги цинган деразачадан Полиграф Полиграфовичнинг башараси кўринди. Унинг юзлари буришиб кетган, кўзлари жиққа ёш, бурнининг усти узунасига тимдаланган бўлиб, илиқ қондан оловдай қизариб турарди. – Ақлдан оздингизми? Нимага чиқмаяпсиз? – сўради Филипп Филиппович. Шариков аянчли аҳволда қўрқув билан у ёқ-бу ёққа қараб олдида, жавоб берди: – Қулфланиб қолдим. – Қулфни очинг. Нима бало, сиз сира қулф кўрмаганми-сиз? – Очилмаяпти, лаънати! – жавоб берди Полиграф даҳшатга тушиб. – Вой, шўрим! У электр сақлагични ўчириб қўйибди! – қичқирди Зина қўлларини сонларига уриб. – Ўша ерда кичкина тугмача бор, – Филипп Филиппович сув шовқинидан баландроқ бақиришга тиришарди, – ўшани пастга туширинг. Пастга босинг! Пастга. Шариков кўздан ғойиб бўлди ва бир дақиқа ўтар-ўтмас яна кўринди. – Тугмача тугул ит ҳам кўринмаяпти, – даҳшат ичида акиллади у деразадан. – Лампа чироқни ёқинг, ахир. У эсини ебди! – Лаънати мушук лампани чил-чил қилди, мен у аблаҳни оёғидан торта бошлагандим, кран суғирилиб чиқди. Энди қоронғида топа олмаяпман. Турганларнинг учови ҳам қўлларини бир-бирига урганча тахтадай қотиб қолишди. Орадан бир неча фурсат ўтгач, Борментал, Зина ва Даря Петровна ўрам ҳолида эшик тагига қўйилган ҳўл гилам устида ёнма-ён ўтиришар ва орқалари билан босганча эшик тирқишини беркитишга уринишарди. Швейтсар Федор эса Даря Петровнанинг ёниқ никоҳ шамларини ушлаганча ёғоч зиналардан юқорига, ванна деразасига кўтарилди. Унинг катта кулранг иштони ҳавода бир «лип» этдию, дераза ичида ғойиб бўлди. – Гу… гу… гу… – нималардир деб қичқирарди Шариков сувнинг шариллаши фонида. Федорнинг овози эшитилди: – Филипп Филиппович, барибир, очиш керак, оқиб кета қолсин, ошхонадан сўриб оламиз. – Очаверинг! – жаҳл билан қичқирди Фнлипп Филиппович. Учовлон гилам устидан туриши билан ваннахона эшиги очилиб, сув тўлқини йўлакка отилди. Бу ерда у уч оқимга – тўғридаги ҳожатхона, ўнгдаги ошхона ва чапдаги даҳлиз томонга бўлинди. Зина сувни шалоплатганича сакраб-сакраб бориб, даҳлиз эшигини беркитиб қўйди. Тўпиғигача сувга ботган Федор чиқиб келди, у нимагадир илжаярди. Уст-боши шалаббо эди. – Зўрға тўхтатдим, босими катта экан, – изоҳ берди у. – Анави қани? – сўради Филипп Филиппович ва лаънатлар ўқиб, бир оёғини кўтарди. – Чиққани қўрқяпман, – тушунтирди Федор аҳмоқона тиржайиб. – Урасизми, отахон? – Шариковнинг йиғламсираган овози эшитилди ваннахонадан. – Галварс! – қисқа жавоб қилди Филипп Филиппович. Зина ва Даря Петровна кўйлакларини тиззадан юқори кўтариб, ялангоёқ, Шариков ва швейсар ҳам ялангоёқ ҳолда ошхона полидаги сувни латтага шимдириб, ахлат челак ва раковинага сиқишарди. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган плита гувиллаб қизиб ётарди. Сув эшикдан шовқин солиб зинага қараб оқар, у ердан эса, зиналар уланган жойдаги тирқишлар орқали тўғри ертўлага туша бошлаганди. Борментал паркет устидаги кўлмакда оёқ учида турганча, ярим очиқ эшик орқали музокара олиб борарди. – Бугун қабул қилмаймиз. Профессорнинг тоблари қочиб қолди. Марҳамат қилиб, эшикдан нарироқ турсангиз, сув трубаси ёрилиб кетган… – Қачон қабул бўлади? – таслим бўлмасди эшик ортидаги овоз. – Менинг бир лаҳзалик ишим бор эди, холос. – Иложим йўқ, – жавоб берди Борментал пошнасида тураркан, – профессор ётибдилар, бунинг устига труба ёрилган. Эртага келинг, Зина! Азизим! Бу ерни артинглар, йўқса, сув катта зинапояга оқиб тушади. – Латта билан эплаб бўлмаяпти. – Ҳозир кружкада чирпиб оламиз, – деди Федор, – ҳозир… Эшик қўнғироғи узлуксиз жиринглади. Борменталнинг оёқ ости буткул ҳўл бўлиб кетганди. – Операция қачонлигини айтсангиз, – ўжарлик билан дерди овоз ва эшик тирқишидан ичкарига киришга интиларди. – Труба ёрилган… – Мен калишда кираман. Эшик ортидан одамлар қораси кўринарди. – Мумкин эмас, эртага келинглар… – Мен бугунга ёзилганман. – Эртага, эртага. Сув трубаси ёрилиб кетди. Федор докторнинг оёғи тагида куймалашиб юраркан, кўлмак бўлиб қолган сувни кружка билан чирпиб оларди. Шариков эса янги усул ўйлаб топди. У улкан латтани узун қилиб ўраб ерга солди, кейин қорни билан сувга ётганча, латтани суриб, сувни орқага – ҳожатхона томонга ҳайдади. – Миянг ачиб кетгур, сувни квартира бўйлаб у ёқдан-бу ёққа ҳайдагунча, раковинага тўксанг бўлмайдими? – деди Даря Петровна аччиғланиб. – Раковинага эмиш, – деди Шариков лойқа сувни қўллари билан қайтараркан, – катта зинапояга қараб оқади ҳозир. Йўлакдан ғижирлаганча скамейка юриб кела бошлади, унда йўл-йўл кўк пайпоқ кийган Филипп Филиппович мувозанат сақлаган ҳолда оёқларини кериб ўтирарди. – Иван Арнолдович, жавоб беришни бас қилинг. Ётоқхонага киринг, мен сизга бошқа пойабзал бераман. – Ҳечқиси йўқ, Филипп Филиппович, арзимаган иш. – Калиш кийиб олинг. – Ҳечқиси йўқ, барибир, оёқларим ҳўл. – Вой худойим-эй! – кўнгли бузилди Филипп Филипповичнинг. – Қандай зараркунанда ҳайвон! – кутилмаганда овоз берди Шариков шўрва ичадиган товоғини кўтарганча, тиззалаб ошхонадан чиқиб келаркан. Борментал эшикни ёпди ва ўзини тутолмай, кулиб юборди. Филипп Филипповичнинг эса бурун катаклари кенгайиб, кўзойнаги ялтираб кетди. – Нима ҳақда гапираётганингизни билсак бўладими? – тепадан туриб сўради у. – Мушукни айтаманда! Шунақанги ярамаски… – деди Шариков кўзларини олазарак қилиб. – Биласизми, Шариков, – деди Филипп Филиппович нафасини ростлаб, – мен ҳеч қачон сиздай бебурд мавжудотни кўрган эмасман. Борментал қиқирлаб қўйди. – Сиз ўтакетган сурбетсиз, – давом этарди Филипп Филиппович. – Қандай ҳаддингиз сиғди бундай дегани? Қилғиликни қилиб қўйиб, яна гапирасиза… йўқ! Буни нима деб аташ мумкин – худо билади! – Шариков, марҳамат қилиб айтингчи, – гапга аралашди Борментал, – қачонгача мушуклар кетидан қувасиз? Уялмайсизми?! Ахир, бу ғирт номаъқулчиликку?! Ёввойилик бу!.. – Қанақасига ёввойи бўларканман, – қовоғини уйиб тўнғиллади Шариков, – ҳечам ёввойи эмасман. Уни квартирага киритиб бўлмайди. Кирди дегунча ниманидир ўғирлаш пайига тушади. Дарянинг қиймасини еб қўйибди. Мен унинг адабини бериб қўймоқчи эдим. – Аввало, ўзингизнинг адабингизни бериш керак, – жавоб берди Филипп Филиппович, – ойнага бориб, афт-башарангизга бир қаранг. – Кўзимни ўйиб олишига сал қолди, – деди Шариков хўмрайганча, ифлос ва ҳўл қўлини кўзига теккизиб. Намдан қорайиб кетган паркет бироз селгигач, барча ойналар буғ қатлами билан қопланди ва эшик қўнғироғи ҳам тинчиб қолди. Филипп Филиппович қизил саҳтиён туфли кийганча кираверишдаги хонада турар эди. – Мана бу сизга, Федор. – Ғоят миннатдорман. – Ҳозироқ кийимларингизни алмаштиринг. Ҳа, айтганча, Даря Петровнанинг олдига кириб, ароқ ичиб олинг. – Ғоят миннатдорман, – Федор ийманиб туриб гапирди: – Яна… ҳалиги… Филипп Филиппович, кечирасиз, айтгани ҳам истиҳола қилади одам, 7-квартиранинг ойнаси учун… Гражданин Шариков тош отган… – Мушукни мўлжалга олибми? – қовоғидан қор ёғиб деди Филипп Филиппович. – Қанийди шундай бўлса, уй эгасига отган. У судга бераман, деяпти. – Оббо, жин ургур! – Шариков уларнинг ошпазини қучоқлаб олган экан, уй эгаси эса буни ҳайдаган. Шу икки орада уришиб қолишибди… – Худо ҳақи, бундай нарсаларни менга дарҳол хабар қилинг! Қанча керак? – Бир яримта. Филипп Филиппович учта эллик тийинлик ялтироқ танга чиқариб, Федорга тутқазди. – Бундай ярамас учун яна бир ярим сўлкавой тўлаш, – эшик томондан бўғиқ овоз эшитилди, – ахир, унинг ўзи… Филипп Филиппович ўгирилиб, лабларини қимтиганча индамай Шариковни итариб қабулхонага киргиздида, калит билан устидан қулфлаб қўйди. Шариков шу заҳотиёқ мушти билан гумбурлата бошлади. – Бас қилинг! – хитоб қилди Филипп Филиппович касалванд овозда. – Ҳа, чинданам, умрим бино бўлиб бунчалик сурбетни кўрган эмасман, – маънодор қилиб деди Федор. Ер тагидан чиққандай, Борментал пайдо бўлди. – Филипп Филиппович, ўтинаман, ҳаяжонланманг. Серҳаракат эскулап қабулхона эшигини зарб билан очиб кирди ва ичкаридан унинг овози эшитилди: – Бу нимаси? Қовоқхонада эмассиз, ахир! – Шунақа… – қўшиб қўйда чўрткесар Федор, – бу шунақа… Аммо қулоқ чаккасига яхшилаб бир… – О, нималар деяпсиз, Федор, – маъюс ғўлдиради Филипп Филиппович. – Кечирасизу, лекин сизга жоним ачияпти, Филипп Филиппович.
VII
– Йўқ, йўқ, йўқ! – қатъий деди Борментал, – марҳамат қилиб, ёқангизга қистириб олинг! – Э, товба… – ғўлдиради Шариков энсаси қотиб. – Миннатдорман, доктор, – юмшоққина деди Филипп Филиппович, – ҳадеб танбеҳ беравериш жонимга тегиб кетди. – Тақиб олмагунингизча овқат ейишингизга рухсат бермайман. Зина, Шариковнинг маёнезини олиб кетинг. – Олиб кетингиз нимаси? – кўнгли бузилди Шариковнинг, – ҳозир тақиб оламан. – Чап қўли билан овқатини Зинадан яшириб, ўнг қўли билан салфеткани олд ёқасига қистириб, сартарошхонадаги мижозларга ўхшаб қолди. – Марҳамат қилиб, вилкада енг, – қўшимча қилди Борментал. Шариков чуқур хўрсиниб, қуюқ қайла ичидан осетр бўлакларини тута бошлади. – Мен яна ароқ ичсам бўладими? – деди у савол оҳангида. – Балки, етар шу ичганингиз? – деди Борментал, – сўнгги пайтларда ароққа ружу қўйяпсиз. – Нима, қизғаняпсизми? – сўради Шариков унга ер остидан тикиларкан. – Бўлмағур гапни гапиряпсиз… – аралашди баджаҳл Филипп Филиппович, лекин Борментал унинг гапини бўлди. – Сиз ҳаяжонланманг, Филипп Филиппович, мен ўзим. Сиз, Шариков, бемаъни гапни гапиряпсиз, лекин афсусланарли жойи шундаки, сиз бу гапларни ўта масъулиятсизлик билан узил-кесил гапиряпсиз. Ароқни сиздан қизғанаётганим йўқ, бунинг устига у меники ҳам эмас, Филипп Филипповичники. Авваламбор, у – зарарли, ундан кейин эса сиз ароқсиз ҳам ўзингизни тута билмайсиз. Борментал қўли билан қулфлаб ташланган буфетга ишора қилди. – Зинуша, илтимос, менга яна балиқ беринг, – деди профессор. Шариков бу борада ароқ солинган графинга қўл чўзди, Борменталга кўз қирини ташлаб, ўзининг қадаҳини тўлатиб олди. – Бошқаларга ҳам таклиф қилиш керак, – деди Борментал, – қоидаси эса бундай: аввал Филипп Филипповичга, кейин менга, охирида эса ўзингизга. Шариков истеҳзо аралаш илжаяркан, бошқа қадаҳларни ҳам тўлатди. – Сизларда ҳамма нарса параддагига ўхшайди, – гап қистирди у, – салфеткани у ёққа, галстукни бу ёққа, «кечиргайсиз», «марҳамат – мерси»… чинакамига эмас булар… Худди подшолик тузумидагидай тартиб ўрнатиб, ўз-ўзингизни қийнайсиз. – Чинакамига эмас, деганингиз нимаси, билсак бўладими? Шариков Филипп Филипповичнинг бу саволини жавобсиз қолдирди, қадаҳ кўтариб деди: – Хуллас, ҳамма ишларингиз… – Сизнинг ҳам, – бирмунча киноя аралаш деди Борментал. Шариков бир кўтаришда қадаҳни томоғига қуйиб юборди, афтини буриштириб, бир бўлак нонни бурнига яқинлаштирди, ҳидлади ва оғзига солиб ютиб юборди. Илло кўзлари ёш билан тўлди. – Одат, – тўсатдан, ўз-ўзига гапиргандай деди Филипп Филиппович. Борментал ҳайратга тушди. – Маъзур тутасиз… – Одат! – қайтарди Филипп Филиппович ва бошини надомат билан чайқаганча қўшимча қилди: – Бу ерда биз бир нима қилишга ожизмиз – Клим. Борментал фавқулодда қизиқиш ва синчковлик билан Филипп Филипповичнинг кўзларига тикилди. – Сиз шундай деб ўйлайсизми, Филипп Филиппович? – Ўйлашнинг ҳожати йўқ, бунга ишончим комил. – Наҳотки… – дея сўз бошлаган Борментал Шариковга қараб тўхтаб қолди. У эса шубҳали тарзда қовоғини уйиб олганди. – Спатер… – деди Филипп Филиппович овозини пасайтириб. – Гут, – жавоб қилди ассистент. Зина курка товуқ олиб кирди. Борментал Филипп Филипповичга қизил винодан қуйиб берди, Шариковга ҳам таклиф қилди. – Йўқ, вино, ичмайман, яхшиси, яна битта ароқ ичаман. Унинг юзлари ялтираб, пешонасини тер босди, ўзи ҳам анча хушчақчақ бўлиб қолди, Филипп Филиппович ҳам винодан кейин бир мунча қувноқ ва меҳрибонроқ қиёфага кирди. Унинг кўзлари нурланиб, Шариковнинг оқ салфеткалар орасидаги қаймоққа тушган пашшадай қоп-қора бошига хайрихоҳлик билан қараб ўтирарди. Борментал эса ичкиликдан сўнг ўзида ижодга мойиллик ҳис қилди. – Хў-ўш, бугунги оқшомни қандай ўтказамиз? – сўради у Шариковдан. У кўзларини пирпиратиб деди: – Энг яхшиси, циркка борамиз. – Ҳар куни циркка бориш, менимча, зерикарли, – мулойимлик билан таъкидлади Филипп Филиппович. – Сизларнинг ўрнингизда бўлсам, ҳеч қурса бир марта театрга борардим. – Театрга мен бормайман, – жавоб берди Шариков ёқимсиз оҳангда ва оғзини чапараста қилиб. – Дастурхон устида ҳиқичоқ тутиши бошқаларнинг иштаҳасини бўғади, – деди Борментал беихтиёр. – Афв этасиз мени… Лекин нима учун сизга театр ёқмайди? Шариков бўш қадаҳ ичига дурбинга қарагандай нигоҳ ташлади, ўйланиб, лабларини қимтиди. – Э, масхарабозлик… Гаплашаверишади, гаплашаверишади… Турган-битгани контрреволюция. Филипп Филиппович стулнинг ёй шаклидаги суянчиғига суянганича, шундай хохолаб кулдики, оғзидаги зич тилла тишларининг ҳаммаси чарақлаб кўринди. Борментал бошини чайқаб қўйди. – Сиз бирон китоб ўқисангиз бўлармиди, – таклиф қилди у, – йўқса, биласизми… – Шундоқ ҳам ўқияпман, ўқияпман, – жавоб берди Шариков ва ёввойиларча эпчиллик билан ўзига ароқ қуйиб олди. – Зина, – чақирди Филипп Филиппович хавотир аралаш, – ароқни олиб қўйинг. Бошқа керак эмас. Хўш, нима ўқияпсиз? Унинг хаёлида одамсиз орол, пальма ва ҳайвон териси ёпинган киши намоён бўлди. «Робинзонни бериш керак..». – Ҳалиги… нимайди… Энгелс билан… Э, жин ургур, оти нимайди… Каутскийнинг ёзишмаларини ўқияпман. Борментал оқ гўшт бўлагини санчқига илганча, оғзига олиб бораётиб, қўли ҳавода муаллақ осилиб қолди, Филипп Филипповичнинг эса виноси чайқалиб тўкилиб кетай деди. Шариков фурсатдан фойдаланиб, ароқни ютиб юборди. Филипп Филиппович тирсакларини столга тираганча Шариковнинг кўзларига тикилиб сўради: – Хўш, билсак бўладими, ўқиган китобингиз юзасидан қандай мулоҳазадасиз? Шариков елкасини қисди: – Мен қаршиман. – Кимга? Энгелсгами, Каутскийгами? – Иккаласининг ҳам фикрига қаршиман. – Худо ҳақи, бу жуда ғаройиб. Ким нима деса деяверсин… Хўш, сиз ўзингиз нимани таклиф қилган бўлардингиз? – Э, таклиф қилишгаям арзимайди… Ёзаверишади, ёзаверишади… конгресс… қандайдир немислар… Одамнинг боши ғовлаб кетади. Ҳаммасини олиб, бўлашиш керак, вассалом. – Мен ҳам шундай деб ўйлагандим, – хитоб қилди Филипп Филиппович, дастурхонга кафти билан бир тушириб, – худди шундай деб ўйлагандим. – Сиз бунинг йўлларини ҳам биласизми? – қизиқиб сўради Борментал. – Қанақа йўл, – деди Шариков охирги қадаҳдан сўнг алжирай бошларкан, – бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Ўзингиз ўйлаб кўринга, кимдир еттита хонада яшайди, иштонлари ҳам 40 жуфтдан ортиқроқ, кимдир эса ахлатхоналардан бир бурда нон излайди. – Еттита хона деганингизда, сиз, албатта, менга шама қиляпсиз! Шундайми? – сўради Филипп Филиппович мағрурлик билан кўзларини қисиб. Шариков шумшайиб, жим қолди. – Нимаям дердим, яхши, мен ҳам бўлашишга қарши эмасман. Доктор, кеча нечта одамни қайтардингиз? – Ўттиз тўққизта, – жавоб берди Борментал. – Ҳм… демак, 390 сўм… Учта эркакка, хонимларни – Зина ва Даря Петровнани ҳисобга қўшмаймиз, – Шариков сиздан – 130 сўм. Марҳамат қилиб, чўзиб қўйинг. – Ие, бу ёғи қизиқ бўлдику, – деди Шариков қўрқиб-писиб, – нега энди, нима учун? – Кран ва мушук учун, – деди Филипп Филиппович бақиргудай бўлиб, киноя аралаш, хотиржам кайфияти қўққис ўзгара бошлар экан. – Филипп Филиппович! – хитоб қилди Борментал хавотирга тушиб. – Шошмай туринг. Кеча қилган ишингиз учун! Безорилик қилиб, кечаги қабулни йўққа чиқардингиз. Бунга чидаб бўлмайди, ахир! Тавба, худди ибтидоий одамга ўхшаб, хонадон бўйлаб сакраса, кранни узиб олса… Паласухер хонимнинг мушугини ким ўлдирди? Ким?.. – Сиз, Шариков, уч кун бурун бир хонимни зинада тишлаб олибсиз, – қўшимча қилди Борментал. – Сиз қаерда яшаётганингизни… – Ўзи башарамга қараб, бир туширди, нима, менинг башарам тошданми? – чийиллади Шариков. – Чунки сиз унинг кўкрагидан чимчилаб олгансиз, – бақириб юборди Борментал қадаҳини бўшатиб, – сиз… – Сиз тараққиётнинг энг қуйи зинасида турибсиз, – бақирди Филипп Филиппович ҳамкасабасининг овозини босиб, – сиз энди шаклланаётган, ҳали ақли заиф мавжудотсиз, қилаётган ишларингизнинг ҳайвонникидан фарқи йўқ ҳали, лекин шунга қарамай, қаршингизда иккита университет таълимини кўрган одам ўтирганини ҳисобга олмай, нималарнидир бўлиш ҳақида мутлақо чидаб бўлмайдиган сурбетлик билан самовий миқёслардаги панд-насиҳатлар беришни ўзингизга эп биласиз. Маслаҳатларингизнинг аҳмоқоналиги ҳам самовий миқёсларда. Айни дамда тиш порошогини еб қўйишдан ҳам сира тойинмайсиз… – Уч кун бурун, – тасдиқлади Борментал. – Хуллас, гап шу, ёдингизда бўлсин, – чақмоқдай гумбурларди Филипп Филиппович, – ҳа, айтганча, бурнингиздаги рух малҳамини нима учун артиб ташладингиз? Бундан буён нафасингизни ютиб, сизга нима дейишса, шуни тинглайсиз. Социал жамиятнинг, бир оз бўлсада, мувофиқ аъзоси бўлишга интилишингиз, ўрганишингиз керак. Бу китобни сизга қайси нобакор берди? – Сиз учун ҳамма ярамас, – икки томонлама ҳамладан чўчиб жавоб қилди Шариков. – Фаҳмлаб турибман, ким берганини, – хитоб қилди Филипп Филиппович азбаройи ғазабланганидан чўғдай қизариб. – Нима бўпти, хўш, Швондер берди, нима қипти. У ярамас эмас… Мен ўсишим, ривожланишим учун… – Кўриб турибман, Каутскийдан кейин қандай ривожланаётганингизни, – қичқирди Филипп Филиппович гезариб. У ғазаб билан девордаги қўнғироқ тугмасини босди. – Бугунги воқеа аниқ кўрсатди буни. Зина! – Зина! – қичқирди Бормеитал. – Зина! – бақирарди қўрқиб кетган Шариков. Ранги оқарган Зина кирди. – Зина, қабулхонада… Қабулхонадами ўзи? – Қабулхонада, – итоаткорлик билан жавоб берди Шариков, – купоросга ўхшаган, кўм-кўк. – Яшил китоб… – Ҳозир ёнади энди, – хитоб қилди Шариков надомат билан, – давлатники, кутубхонаники, ахир! – Ёзишма, деб аталади, нимайди… Энгелснинг… отинг қурғур… анови билан… Печкага тиқинг!.. Зина учиб кетди. – Ўша Швондерни мен, худо ҳаққи, биринчи дуч келган дарахтга осардим! – хитоб қилди Филипп Филиппович, курканинг қанотини жон-жаҳди билан тишлар экан. – Уйда худди чипқонга ўхшаб, ярамасликда тенги йўқ бир одам ўтирибди. Газетага ҳар хил бемаъни туҳматномалар ёзгани камлик қилгандай… Шариков профессорга дарғазаб ва истеҳзоли нигоҳ ташлади. Филипп Филиппович ҳам ўз навбатида унга олайиб қарадида, жим бўлиб қолди. «Эҳ, бу уйда, чамаси, ҳеч қандай яхшилик бўладиганга ўхшамайди», – кутилмаганда пайғамбарона башорат қилди хаёлида Борментал. Зина думалоқ патнисда ўнг томони малла, чап томони қип-қизил ғўласимон нон ва кофейник олиб кирди. – Мен буни емайман, – пўписа аралаш нохушлик билан эълон қилди Шариков. – Сизга ҳеч ким таклиф қилгани йўқ. Ўзингизни тута билинг. Доктор, марҳамат. Тушлик осойишталик билан ўтди. Шариков чўнтагидан ғижимланиб кетган папиросини чиқариб, тутатди. Кофесини ичиб бўлган Филипп Филиппович соатга қаради ва репетирни босган эди, нозик куй таралиб, 8 дан 15 минут ўтганини билдирди. Филипп Филиппович одатига кўра стулнинг ёйсимон суянчиғига суялганча, газеталарни қўлига олди. – Доктор, илтимос, у билан циркка бориб келсангиз. Фақат, худо ҳақи, аввал яхшилаб программани кўздан кечиринг, мушук бўлмасин. – Қандай қилиб, шундай ярамас махлуқни паркка қўйишадиа? – деди Шариков қўрслик билан бошини лақиллатар экан. – У ерга кимларни ҳам қўймайди, дейсиз, – деди Филипп Филиппович маъноли қилиб, – Хўш, нима экан уларда? – Саломонскийда, – ўқий бошлади Борментал, – қандайдир тўртта… Юссемс ва ўлик нуқта одами. – Юссемси нимаси? – шубҳа билан сўради Филипп Филиппович. – Худо билади. Биринчи учратишим бу сўзни. – Ҳм… ундай бўлса, Никитинларникига бора қолинглар. Ҳаммаси ойдин бўлгани тузук. – Никитинлар… Никитинлар… ҳм… филлар ва инсон чаққонлиги имкониятлари. – Хўш-ш. Филлар борасида сиз нима дейсиз, қадрли Шариков? – ишончсизлик билан сўради Филипп Филиппович Шариковга юзланиб. У хафа бўлди. – Нима, шуниям тушунмайди, деб ўйлайсизми? Мушук – бошқа гап. Филлар эса – фойдали ҳайвонлар, – жавоб берди Шариков. – Хўш-ш, жуда соз! Фойдали эканми, демак, бориб кўриб келинг уларни. Иван Арнолдовичнинг гапларига қулоқ солиш керак. Буфетда ҳеч қандай гапга аралашманг! Иван Арнолдович, илтимос, Шариковга пиво таклиф қила кўрманг. Ўн минутлар ўтгач, Иван Арнолдович билан эгнига ёқаси кўтарилган мовут пальто, ўрдак бурнига ўхшаган кепка кийган Шариков циркка жўнаб кетишди. Квартира жимжит бўлиб қолди. Филипп Филиппович иш кабинетига кирди. У яшил қалпоқли чироқни ёқди, чироқ нурлари ёритган ҳайҳотдай хона жуда файзли кўриниб кетди, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Чекиб тугатмаган сигарасининг учида анча вақтгача кўкиш ранг яллиғланиб турди. У қўлларини шимининг чўнтагига солиб, пешонасини тириштирганча қандайдир оғир ўйлар изтиробида алланималар деб ғўлдирар, тилини танглайига уриб-уриб қўяр, тишлари орасидан: «Нилнинг муқаддас соҳилларига», деб хиргойи қиларди. Кейин сигарани кулдонга ташлаб, қуруқ ойнадан иборат шкаф ёнига борди, тепадаги 3 та ўта ёруғ чироқни ёқиб хонани янаям чарақлатиб юборди. Шкафнинг учинчи ойнаванд қаторидан ингичка банкани олиб, қовоғини осилтирганча чироққа тутиб кўра бошлади. Тиниқ ва оғир суюқлик ичида Шариковнинг миясидан олинган кичкина оқ тугунчак чўкмасдан сузиб юрарди. Елкаларини қисиб, лабларини буриб, кинояли кулганча, уйидаги осойишта ҳаётни остин-устун қилиб юборган ғалати воқеалар сабабини мана шу чўкмаётган, кичкинагина оқ тугунчадан излаётгандай унга синчковлик билан тикилиб турарди. Мазкур улкан аллома буни кўрган ҳам бўлиши эҳтимолдан сира узоқ эмас. Ҳар ҳолда мия ўсимтасига обдан тикилгач, банкани олиб шкафга яширди, шкаф эшигини калит билан қулфлаб, калитни камзулининг чўнтагига солди ва қўлларини костюмининг чўнтагига яшириб, елкасини қисганча, ўзини чарм диванга ташлади. У иккинчи сигарани олиб, узоқ тутатиб ўтирди, оғзидаги қисмини тамомила чайнаб ташлади. Ниҳоят, ўзини мутлақ ёлғиз ҳис этгач, оқсоч Фаустга ўхшаб хитоб қилди: – Худо ҳақи, шунгача борсам ажабмас. Унинг бу хитобига ҳеч ким жавоб бермади. Уйда барча товушлар босилган эди. Маълумки, Обухов чорраҳасида соат 11 дан кейин қатнов тўхтайди. Аҳён-аҳёнда кечиккан йўловчининг оёқ товушлари эшитилиб қолар, улар парда ортида бир-икки тўқиллаб, яна тинарди. Кабинетда Филипп Филипповичнинг чўнтагидаги репетир нозик оҳанг таратиб жиринглади. Профессор доктор Борментал ва Шариковнинг циркдан қайтишини бетоқатлик билан кутарди.
VIII
Филипп Филипповичнинг қандай қарорга келгани номаълум. Лекин кейинги ҳафта мобайнида у бошқа ҳеч қандай иш билан шуғулланмади, эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, уйдаги ҳаёт яна ҳар хил воқеалар билан бойиб кетди. Сув ва мушук воқеасидан кейин чамаси 6 кунлар ўтгач, уй хўжалиги бошқармасидан Шариковнинг олдига пировардида аёл бўлиб чиққан ўспирин келиб, унга ҳужжатларини топшириб кетди. У ҳужжатларни дарҳол чўнтагига яшириб, доктор Борментални чақирди. – Борментал! – Э, йўқ, сиз мени исм-шарифимни айтиб чақиринг, – жавоб қилди Борментал ранги ўзгариб. Қайд этиб ўтиш керакки, шу ўтган 6 кун ичида жарроҳ ўз тарбияланувчиси билан камида 8 марта уришди. Шунинг учунми, Обухов хоналарида об-ҳаво диққинафас эди. – У ҳолда мени ҳам исм-шарифим билан чақиринг, – мутлақо асосли жавоб берди Шариков. – Йўқ! – эшикдан Филипп Филипповичнинг гулдирак овози янгради. – Менинг уйимда сизни бунақа исм-шариф билан аташга ижозат бермайман. Агар сизни фамилиянгиз билан Шариков дейишларини истасангиз, мен ҳам, доктор Борментал ҳам сизни «жаноб Шариков» деб чақирамиз. – Мен жаноб эмасман. Жанобларнинг ҳаммаси Парижда! – акиллади Шариков. – Швондернинг иши, – қичқирарди Филипп Филиппович. – Хайр, майли, у ярамас билан ўзим ҳисоб-китоб қиламан. Тирик эканман, менинг уйимга жаноблардан бўлак ҳеч ким қадам босмайди. Акс ҳолда, бу ердан ё сиз, ё мен чиқиб кетишимиз керак, тўғрироғи – сиз. Бугуноқ газетага эълон бериб, инонинг, сизга хона топиб бераман. – Эҳ-ҳа, мен бу ердан осонгина чиқиб кетадиган аҳмоқ эканманми?! – деди Шариков дона-дона қилиб. – Нима?! – сўради Филипп Филиппович ва унинг юзи шунақанги важоҳатли тусга кирдики, қўрқиб кетган Борментал унинг олдига учиб келди, ҳаяжон ва эҳтиёткорлик билан қўлтиғидан олди. – Биласизми, сиз сурбетлик қилманг, – Шариков орқага чекинди, чўнтагидан қизил, сариқ ва оқ рангдаги 3 та қоғоз чиқариб, бармоғи билан уларни нуқиб кўрсатаркан: – Мана. Турар-жой ширкатининг аъзосиман, шунинг учун менга масъул ижарачи Преображенскийга тегишли 5-уйдан 16 аршин жой ажратилиши керак, – Шариков ўйлаб туриб: – Борментал мурувват қилсинлар, – қайд этди. Филипп Филиппович лабларини тишлаганча, эҳтиётсизлик билан нидо қилди: – Ўлай агар, охир-оқибат ўша Швондерини отиб ташлайман! Шариков бу сўзларни диққат билан тинглаб, дастур сифатида илиб олгани унинг кўзларидан кўриниб турарди. – Филипп Филиппович, ворсичтиг – огоҳлантирувчи оҳангда деди Борментал. – Йўқ… биласизми?.. Бу шунақанги аблаҳликки!.. – қичқирди Филипп Филиппович русчасига. – Билиб қўйинг, Шариков… жаноб, ўзингизга сурбетларча яна битта қилиқ кўрсатишга эрк берсангиз, сизни тушликдан ва умуман, менинг уйимда овқатланишдан маҳрум этаман. 16 аршин жуда антиқа, лекин мен сизни тасқара қоғоз асосида боқиш кафилини олган эмасман, ахир!.. Шариков қўрқиб кетди ва оғзини очганча: – Мен овқатсиз қололмайман, – пўнғиллади у, – қаерда қорин тўйдираман унда? – Шундай экан, ўзингизни тутиб олинг, – деди иккала эскулап бир овоздан. Шариков анча тинчиб қолди ва ўша куни ўзидан бўлак ҳеч кимга зарар келтирмади. Борменталнинг бир неча фурсат йўқлигидан фойдаланиб, унинг устарасида ёноғини шундай кесиб олдики, натижада Филипп Филиппович билан Борментал унинг ярасини тикишга мажбур бўлдилар. У эса кўзёшларини оқизганча узоқ ув тортди. Навбатдаги оқшом профессорнинг иш кабинетида икки киши – Филипп Филипповичнинг ўзи ва унга содиқ доктор Борментал яшил чироқ нури остида ўтиришар эди. Уйдагилар уйқуга ётишган. Филипп Филиппович ўзининг кўк халати ва қизил туфлисида эди, Борментал эса кўйлаги устидан кўк тасма тақиб олган эди. Икки врач ўртасидаги думалоқ столдаги қалин альбом ёнида бир шиша коньяк, юпқа кесилган лимон ва сигара қутиси турарди. Олимлар хонани тутунга тўлатиб, бўлиб ўтган сўнгги воқеаларни қизиққонлик билан муҳокама қилишарди: бугун кечки пайт Шариков Филипп Филипповичнинг кабинетидаги пресс-папе тагидан 2 червон олиб, уйдан ғойиб бўлди ва ярим кечада ғирт маст ҳолда қайтди. Бу камлик қилгандек, у билан бирга қандайдир 2 та номаълум нусха ташриф буюриб, кираверишдаги зинада Шариковнинг уйида ётиб қолишга хоҳиш билдириб, шовқин солишди. Ички кийим устидан кузги пальтосини ташлаган Фёдор кўриниб, телефон орқали қирқ бешинчи милиция бўлимига қўнғироқ қилганидан сўнггина улар ғойиб бўлишди. Улар кетгач, кираверишдаги тошойна олдида турадиган малахит кулдон, Филипп Филипповичнинг қундуз қалпоғи ва ёзувли ҳассаси ҳам қаёққадир йўқ бўлди. Ҳассага: «Қадрли ва ҳурматли Филипп Филипповичга миннатдор ординатордан», дея зарҳал ҳарфларда ёзилган, кейин рим рақами ХХВ келарди. – Улар кимлар? – ҳужум қиларди Филипп Филиппович Шариковга дағдаға билан муштларини тугиб. У эса гандираклаб, пўстинларга ёпишиб, ҳалиги шахсларни танимаслиги, лекин улар итвачча эмас, яхши одамлар эканлиги ҳақида ғўлдирар эди. – Ҳайратланарли жойи шундаки, уларнинг иккаласи ҳам ғирт маст эдику… Қандай эплашди экан? – ҳайрон бўларди Филипп Филиппович ҳамиша юбилей хотираси осиғлиқ турадиган устунга тикилиб. – Устаси фаранг булар, – изоҳ берди Федор ухлагани чўнтагида бир сўм билан қайтар экан. Икки червонни олганини Шариков бутунлай рад этар, уйда бир ўзи яшамаслигини рўкач қилиб, тушунарсиз яна алланималар дея минғиллади. – Эҳ-ҳа, икки червонни, балки, доктор Борментал ўмаргандир? – сўради Филипп Филиппович паст, лекин даҳшатли овоз билан. Шариков чайқалиб, бутунлай карахт кўзларини аранг очаркан, тахминини айтди: – Эҳтимол, Зинка олгандир… – Нима-нима?.. – бақирди остонада арвоҳдай пайдо бўлган Зина, кофтасининг очиқ кўкрагини қўллари билан яшириб. – У нималар деб… Филипп Филипповичнинг бўйнига қизил ранг қуйилди. – Қизишма, Зинушка, – ўтинч оҳангда нола қилди профессор қиз томонга қўлини чўзганча, – ҳаяжонланма, биз ҳаммасини тўғрилаймиз. Зина шу заҳотиёқ лабларини чўччайтириб, йиғлаб юборди, қўллари кўкси устида ирғишлай бошлади. – Зина, уят эмасми? Ким шундай деб ўйлаши мумкин? Ффу, қандай шармандалик! – деди Борментал паришонлик билан. – Оббо, Зина-эй! Тентак экансан! Худо ҳақи, кечир, – гап бошлади Филипп Филиппович. Шу пайт Зинанинг йиғиси ўз-ўзидан тўхтаб, ҳамма жим бўлиб қолди. Шариковнинг мазаси қочганди. У боши билан деворга урилиб, «и» билан «э» оралиғидаги «э-э-э»га ўхшаш ғалати овоз чиқарди. Унинг юзи докадай оқариб, томири тортишган жағлари такиллай бошлади. – Кўриш хонасидаги челакни беринг бу ярамасга! Ҳамма Шариков билан овора югургилаб қолди. Жойига ётқизишаётганда у Борменталнинг қўлида чайқалганча, нозик бир қўшиқ куйлаётгандай ҳамма ҳақорат сўзларини айта бошлади. Унинг тили зўрға айланарди. Бу воқеаларнинг ҳаммаси кечаси соат бирда бўлиб ўтди. Ҳозир эса соат 3 бўлиб қолган эди. Лекин хонадаги икки киши коньяк ва лимон таъсирида ўзларини анча тетик ҳис қилишарди. Улар шунақанги кўп чекишган эдики, тутун ҳавода қатлам-қатлам бўлиб туриб қолган, зичлигидан ҳатто сузмас эди. Ранги оқаринқираган, қатъий нигоҳли Борментал бели ниначиникидай ингичка қадаҳни кўтарди. – Филипп Филиппович, – деди у ҳаяжон билан, – мен ярим оч студент, сизнинг олдингизга келганим ва сиз мени кафедрага, ўз бағрингизга жойлаштирганингизни ҳеч қачон унутмайман. Ишонинг, Филипп Филиппович, сиз менга нафақат профессор ва устозсиз, ундан ҳам улуғроқсиз! Менинг сизга нисбатан ҳурматим ҳадсиз-ҳудудсиз! Рухсат этинг, сизни бир ўпай, қадрли Филипп Филиппович! – Ҳа, азизим, – ғўлдиради профессор ўзини йўқотиб ва ўрнидан турди. Борментал уни қучоқлаб, тамаки ҳиди гуркираб турган пахмоқ соқолидан ўпиб қўйди. – Худо ҳақи, Филипп Фили… – Шундай тўлқинлантириб юбордингизки… Раҳмат сизга, – дерди Филипп Филиппович, – азизим, мен баъзан операция маҳалида сизга бақириб юбораман. Қарияларга хос бу қизиққонлигим учун афв этасиз. Аслини олганда, мен шундай ёлғизманки… Севилядан Гренадага қадар… – Филипп Филиппович, уят эмасми сизга? Қандай тилингиз борди? – чин дилдан хитоб қилди оташин Борментал. – Агар мени хафа бўлмасин, десангиз, иккинчи бундай гапни гапирманг… – Раҳмат сизга… Нилнинг муқаддас соҳилларига… Раҳмат… Мен ҳам сизни истеъдодли шифокор сифатида яхши кўриб қолганман. – Филипп Филиппович, хўп денг! – ёниб гапирди Борментал ва ўрнидан сакраб туриб, йўлак эшигини зичроқ ёпиб қўйди. Жойига келиб ўтираркан, шивирлаб, давом этди: – ахир, ягона йўл шу. Мен сизга ақл ўргатишга журъат қилолмайман, албатта, лекин… Филипп Филиппович, ўзингизга бир қаранга, мутлақо тинкангиз қуриган, ортиқ бундай ишлаш мумкин эмас! – Ҳа, асло мумкин эмас, – чуқур хўрсиниб деди Филипп Филиппович. – Ана, кўрдингизми… бу ақлга сиғмайдиган нарса, – пичирларди Борментал, – ўтган сафар мендан хавотир олаётганингизни, менинг келажагим ҳақида қайғураётганингизни айтгандингиз, бу билан мени қанчалик тўлқинлантириб юборганингизни билсангиз эди… Лекин мен ҳам ёш бола эмасманку, мен ҳам бунинг қандай даҳшатли оқибатларга олиб келишини яхши тушунаман. Лекин юз фоиз имоним комилки, бунинг бошқа йўли йўқ! Филипп Филиппович ўрнидан туриб, қўлларини унга силкитганча хитоб қилди. Сиз мени йўлдан урманг, оғиз очманг бу ҳақда, – профессор сигарета тутунларини тебратиб, хонада у ёқдан-бу ёққа юра бошлади, – эшитишни ҳам истамайман. Агар билиб қолишса, нима бўлишини тушунасизми? Биз сиз билан, гарчи бир бор судланган бўлишимизга қарамай, ўз «келиб чиқишимизга» таяна олмаймиз. Ахир сиз уларга маъқул келадиган таржимайи ҳолга эга эмассизда, азизим? – Э, қаёқда дейсиз! Отам Вилнодаги судда терговчи бўлганлар, – тушкун овозда деди Борментал қолган конягини ҳам кўтариб. – Ана кўрдингизми! Ахир, бу – жуда бемаъни мерос! Бундан баттарроғини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Ҳа, айтганча, маъзур тутасиз, меники янаям расво. Отам олий мартабали поп бўлганлар. Мерси. Севилядан Гренадага қадар… сокин кечалар қўйнида… Э, минг лаънат! – Филипп Филиппович, сиз жаҳонга машҳур алломасиз, мени кечирасизу, лекин наҳотки қандайдир бир итваччани деб, сизга тегишлари мумкин? Ишонмайман. – Шунинг учун ҳам қилмайман бу ишни, – деди Филипп Филиппович тўхтаб, ўйчан ҳолда ойнаванд шкафга боқаркан. – Нимага энди? – Чунки сиз дунёга машҳур аллома эмассизку. – Э-ҳа, бизга йўл бўлсин… – Ана, кўрдингизми, ҳамкасбини жар ёқасида қолдириб, машҳурлиги туфайли жонини сақлаб қоладиган одам, кечирасизу… Мен Москвада таълим олган талабаман, Шариков эмасман. Филипп Филиппович ғурур билан елкаларини кўтарди ва шу ҳолатда қадимий француз қиролига ўхшаб кетди. – Филипп Филиппович, эҳ… – алам билан хитоб қилди Борментал, – бу қанақаси? Демак, сиз бу безорининг одам бўлишини пойлар экансизда?.. Филипп Филиппович қўл ҳаракати билан уни тўхтатиб, ўзига коньяк қуйиб ичди, лимонни шимдида, гап қотди: – Иван Арнолдович, сиз нима дейсиз, мен инсон мияси физиологияси ва анатомияси борасида бирон тушунчага эгаманми ўзи, йўқми? Сизнинг фикрингиз қандай? – Филипп Филиппович, нима ҳақда сўраяпсиз ўзи? – ҳайрат билан деди Борментал қўлларини ёзиб. – Хўп, яхши. Ортиқча камтарликсиз айтаман, мен Москвада энг сўнгги одам эмаслигимни биламан. – Мен эса сизнинг нафақат Москвада, балки Лондонда, Оксфордда ҳам биринчи эканлигингизни яхши биламан, – қизишиб унинг гапини бўлди Борментал. – Ҳа, яхши, шундай бўла қолсин. Демак, гап шу, бўлажак профессор Борментал, бу иш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Тамом, бошқа сўраманг бу ҳақда. Преображенский айтди, деяверинг ҳаммага. Клим! – бирдан тантанавор хитоб қилди Филипп Филиппович… – Клим, – такрорлади у ва шкаф унга жавоб қилгандай жангиллаб кетди. – Биласизми, Борментал, сиз мен яратган мактабнинг биринчи ўқувчисисиз, бундан ташқари, ҳақиқий дўстим эканлигингизга ҳам бугун амин бўлдим. Мен сизга, дўстим сифатида, кичкина бир сирни очмоқчиман ва бунинг учун устимдан кулмаслигингизни ҳам яхши биламан. Қари эшак Преображенский бу операцияда учинчи курс талабасининг аҳволига тушиб қолди. Тўғри, кашфиёт юзага келди, лекин… – Филипп Филиппович алам билан дераза пардалари томонга ишора қилди, у Москвани назарда тутган бўлса керак, – бу кашфиётнинг қай даражада эканлигини ўзингиз биласиз ва ёдингизда бўлсин, Иван Арнолдович, бу кашфиётнинг бирдан-бир натижаси сифатида, биз ҳаммамиз мана бу еримизга келган, – Преображенский қўли билан эгри ва палажга мойил бўйнига шаппати урди, – Шариковни орттирдик. Хотиржам бўлаверинг! Агар ҳозир кимдир мени ётқизиб, ичимни ёриб ташлаганда, мен унга, худо ҳақи, яна 5 червон ҳам берган бўлардим, – давом этди Филипп Филиппович ички бир эҳтирос билан, – Севилядан Гренадага қадар… Э, жин урсин мени! Ахир, беш йил ўтириб, мия ўсимтасини ковлаштирибмана! Хабарингиз бор, ақл бовар қилмас ишни амалга оширганман ўшанда. Мана энди савол туғилади: Нима учун? Ажойиб кунларнинг бирида… Ювошгина кучукни кўзи тушса одамнинг сочлари тикка бўлиб кетадиган шунақанги ярамас бир махлуққа айлантириш учун… – Бу бир фавқулодда ҳодиса! – Фикрингизга буткул қўшиламан. Мана, доктор, агарда тадқиқотчи табиатни пайпаслаб, у билан ёнма-ён бормаса масалани тезлатиб, пардани кўтарса, марҳамат, Шариковни қабул қилиб ол, ўз пиширган бўтқангни ўзинг е! – Филипп Филиппович, агар Спинозанинг мияси бўлгандачи? – Ҳа, – ҳайқирди Филипп Филиппович. – Ҳа! Шўрлик ит пичоқ остида ўлиб кетмаса, албатта! Операциянинг қанчалик мураккаблигини ўзингиз кўрдингиз. Қисқаси, мен Филипп Преображенский, бундан кейинроқ бирон иш қилган эмасман. Спинозанинг ёки унга ўхшаган бирон донишманднинг гипофизини кўчириб ўтказиб, оддий итдан жуда юксак севимли кимсани яратиш мумкин. Лекин, нима кераги бор, деган савол туғилади. Марҳамат қилиб, менга тушунтириб беринг; ҳар қандай аёл истаган вақтида туға оладиган шароитда сунъий Спинозани бунёд қилишнинг нима ҳожати бор? Холмогордаги шундай буюк фарзандни Ломоносова хоним туғдику, ахир! Доктор, бу борада инсониятнинг ўзи қайғуради ва эволюция тараққиёти ҳар йили ўжарлик билан омма орасидан турли маразларни ажратиб чиқарар экан, ер юзини безовчи ўнлаб даҳоларни ҳам дунёга келтиради. Нима учун Шариковнинг касаллик тарихига оид фикрларингизни қоралаганимни, доктор, энди тушунган бўлсангиз керак. Сизни сарсон қилаётган бу кашфиётим, – жин урсин бунақасини, – сариқ чақага ҳам арзимайди. Ҳа-ҳа, Иван Арнолдович, баҳслашманг, мен аллақачон тушуниб етдим. Мен ҳеч қачон шамолга гапирмаслигимни яхши биласиз. Назарий жиҳатдан бу жуда қизиқ. Хайр, майли! Физиологлар ҳайратга тушишади. Москвада васваса кўтарилади. Лекин амалдачи?.. Қаршингиздаги нусха ким ўзи? – Преображенский бармоғи билан Шариков ухлаб ётган кўриш хонаси томон ишора қилди. – Фавқулодда муттаҳам. – Лекин… ким у? Клим, Клим, – қийқирди профессор, – Клим Чугунов (Борменталнинг оғзи очилиб қолди) – мана шундай; икки марта судланган, ароқхўр, ҳамма нарсани тенг бўлиш тарафдори, қалпоқ, икки червон йўқолди, (юбилей ҳассаси ёдига тушиб Филипп Филипповичнинг юзига қон тепди) – аблаҳ ва тўнғиз… Ҳассамнику топаман, албатта… Хуллас, гипофиз – у ёки бу инсоннинг ҳақиқий башарасини акс эттирувчи ёпиқ камера! У ёки бу инсоннинг! Севилядан Гренадага қадар… – ҳайқирарди Филипп Филиппович ғазабкор кўзларини ўйнатиб, – умуминсоний эмас. Бу ўзи ўша миянинг митти бир шакли. Менга энди, минг лаънат, унинг мутлақо кераги йўқ. Мен умуман бошқа нарсалар тўғрисида, инсон зотини янада такомиллаштириш, евгеника ҳақида қайғурган эдим. Иттифоқо, инсонни яшартириш масаласига дуч келиб қолдим. Наҳотки, сиз мени, буларни фақат пул учун қилади, деб ўйласангиз? Ҳар ҳолда мен олимманку, ахир! – Сиз буюк олимсиз! Шундай! – хитоб қилди Борментал коньяк ича туриб. Унинг кўзларига қон қуйилганди. – Бундан икки йил муқаддам биринчи марта гипофиз таркибидан жинсий гормон олишга муваффақ бўлганимдан кейин кичкинагина тажриба ўтказмоқчи эдим, холос. Бунинг ўрнига нима бўлганини кўряпсизку! Ё товба! Гипофиз таркибида шунча гормон… Э, худо!.. Доктор, қаршимда – умидсизлик жари, онт ичаман, ўзимни йўқотиб қўйдим. Борментал кутилмаганда енгларини шимариб, кўзларини олайтирганча деди: – Ундай бўлса, қадрли устоз, сиз истамасангиз, мен ўзим жавобгарликни зиммамга олган ҳолда унга маргимуш едираман! Отам терговчи ўтган бўлса, мен нима қилай энди?! Қолаверса, бу шахсан ўзингиз дунёга келтирган экспериментал мавжудотку, ахир! Филипп Филипповичнинг кўзларидаги чўғ сўниб, шалпайганча ўзини курсига ташлади. – Йўқ, бундай қилишингизга йўл қўймайман, азиз болакайим. Мен 60 ёшга кирдим, маслаҳат беришга ҳақим бор деб ўйлайман. Кимга қарши бўлишидан қатъи назар, ҳеч қачон жиноятга қўл урманг. Умрингизнинг охиригача қўлларингиз тозалигича қолсин. – Маъзур тутасиз, Филипп Филиппович, анави Швондер уни яна яхшилаб ўқитиб-ўргатса нима бўлади? Ё тангри, охир-оқибат манави Шариковнинг қандай нусхага айланиши мумкинлигини энди англаяпман! – Аҳа! Тушундингизми энди?! Мен эса операциядан 10 кун ўтганидан кейиноқ тушунган эдим. Гап шундаки, Швондер – ўтакетган аҳмоқ одам. У Шариковнинг мендан кўра ўзига кўпроқ хавф туғдириши мумкинлигини тушуниб етмаяпти. Ҳозир у зўр бериб Шариковни менга қарши гиж-гижлаяпти, айни пайтда мабодо кимдир уни Швондернинг ўзига қарши қайраса, ундан ном-нишон ҳам қолмаслигини уқишга ақли калталик қиляпти. – Бўлмасамчи! Мушукларни қанақа зинғиллатди. Ит юрагини кўтариб юрган одама… – Йўқ, йў-ўқ… – чўзиб жавоб берди Филипп Филиппович, – сиз доктор, жуда катта хато қиляпсиз. Худо ҳақи, итга туҳмат қилманг. Мушуклар вақтинчалик гап… Бу интизом, қолаверса, икки-уч ҳафталик нарса, холос. Ишонаверинг. Яна бирон ой ўтгач, у мушукларга аҳамият бермай қўяди. – Нима учун ҳозир эмас? – Иван Арнолдович, бу жуда оддий… Нимани сўраяпсиз ўзи? Ахир гипофиз ҳавода осилиб қолмайдику! Ит миясига ўрнашиб, сингиб кетади, шунга имкон бериш керак, вассалом. Ҳозир Шариковда итдан қолган-қутган қилиқлар намоён бўляпти, тушуняпсизми, мушуклар эса у қилаётган ишлар ичида энг яхшиси! Тасаввур қилинг, бутун фожиа шундаки, унинг кўксида итники эмас, аллақачон инсон юраги уриб турибди. Боз устига табиатдаги барча мавжудотлар юраги ичида энг ифлоси ва энг ярамаси. Сабр косаси тўлиб-тошган Борментал озғин ва кучли қўлларини мушт қилиб тугганча, елкасини қисдида, қатъият билан деди: – Тамом. Мен уни ўлдираман! – Мен ман этаман! – эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда жавоб берди Филипп Филиппович. – Маъзур тутасиз, ахир… Филипп Филиппович бирдан ҳушёр тортиб, бармоғини кўтарди. – Тўхтангчи, оёқ товушлари келяпти… Иккаласи қулоқ солишди, лекин йўлакда жимлик ҳукм сурарди. – Менга шундай туйилди чоғи, – деди Филипп Филиппович ва қизишиб немис тилида гапира бошлади. Унинг гаплари орасида русча «жиноятчи» сўзи бир неча бор такрорланди. – Бир минут, – қўққисдан зийрак тортиб, эшик томон қадам қўйди Борментал. Қадам товушлари аниқ эшитилар ва тобора улар ўтирган хона томон яқинлашиб келар эди. Бундан ташқари, гангур-гунгур овози ҳам қулоққа чалинарди. Борментал эшикни очдию ҳайратдан қотиб қолди. Бутунлай эс-ҳушини йўқотаёзган Филипп Филиппович курсида ўтирганча докадай бўзарди. Йўлакнинг тўртбурчак шаклида ёришган ерида биргина ичкўйлакда юзлари ёниб, жанговар тарзда Даря Петровна турарди. Бўлиқ тананинг, қўрқувдан бўлса керак, бутунлай яланғоч кўринганлиги профессорнинг ҳам, шогирдининг ҳам кўзларини қамаштириб юборди. Даря Петровна забардаст қўлларида ниманидир судраб келар, у «нимадир» эса қаршилик кўрсатганча, орқаси билан полга ўтириб олган, унинг калта, қора жун билан қопланган оёқлари эса, паркетда чалишиб-чатишар эди, «Нимадир» – албатта, ҳали кайфи тарқамаган, ўзини йўқотиб қўйган, биргина кўйлакдаги Шариков эди. Басавлат ва яланғоч Даря Петровна бир қоп картошкани ташлагандай, Шариковни ерга отиб, қуйидагиларни айтди: – Тунги меҳмонимиз Полиграф Полиграфовичнинг аҳволини кўриб қўйинг, жаноб профессор! Менку, майлия, турмуш кўрган аёлман, Зиначи, ахир, у бокира қиз болаку! Яхшиям уйғониб қолдим. Гапини тугатгач, Даря Петровнани уят ҳисси қамраб олди, у қичқириб юбордида, қўллари билан кўкрагини беркитганча югуриб кетди. – Даря Петровна, худо ҳақи, кечиринг, – ўзига келиб, унинг орқасидан қичқирди Филипп Филиппович. Борментал енгларини шимариб, Шариков томон юрди. Унинг кўзларига нигоҳи тушган Филипп Филиппович қўрқиб кетди. – Нима қилмоқчисиз, доктор! Ман қиламан… Борментал ўнг қўли билан Шариковнинг ёқасидан олиб, шундай силтадики, унинг кўйлаги олд томонидан тарсиллаб йиртилиб кетди. Филипп Филиппович ўзини улар ўртасига отиб, нимжонгина Шариковни жарроҳнинг чайир қўллари исканжасидан чиқариб олишга ҳаракат қиларди. – Урушга ҳақингиз йўқ! – қичқирди бўғилаёзган Шариков ўтирган ерида кайфи тарқай бошлар экан. – Доктор! – аюҳаннос соларди Филипп Филиппович. Борментал бироз ўзига келиб, Шариковни қўйиб юборди ва у шу заҳоти ҳиқиллашга тушди. – Хўп, майли, – пишиллади Борментал, – эрталабгача кутайликчи. Бенефисни кайфи тарқагандан кейин кўрсатаман. Шу заҳоти у Шариковни қўлтиғидан олиб, уйқуга ётқизгани қабулхонага судраб кетди. Шариков қаршилик кўрсатишга уриниб кўрди, лекин оёғида туролмайдиган даражада эди. Филипп Филиппович оёқларини кериб, қўлларини юқори кўтарганча, аянчли нигоҳини даҳлиз шипидаги чироқларга қадаркан: – Вой-во-эй!.. – дея нолиди.
IX
Доктор Борменталнинг Шариковга ваъда қилган бенефиси эртасига эрталаб амалга ошмади, чунки Полиграф Полиграфович уйдан ғойиб бўлган эди. Борменталнинг ғазаби қайнаб кетди, кўча эшигининг калитини яшириб қўймаганлиги учун ўзини ўзи эшак деб ҳақоратлади, буни асло кечириш мумкин эмаслигини айтиб, бақирди ва ўзи кўтарган тўполонга, илоё автобуснинг тагида қолсин, деган тилак билан якун ясади. Филипп Филиппович бармоқлари билан сочларини силаганча кабинетида ўтирарди: – Тасаввур қиляпман… Кўчада нималар юз беришини тасаввур қиляпман… Севилядан Гренадага қадар… – У уй хўжалиги бошқармасида бўлиши ҳам мумкин, – дерди Борментал аччиғланиб ва қаёққадир чопқиллаб кетарди. Уй бошқармасида Борментал Швондер билан шунақанги уришиб қолдики, оқибатда раис бақир-чақир қилганича, профессорнинг боқимандаларига қоровул эмаслигини, кечагина Преображенскийнинг ўша боқимандаси, уй хўжалиги кооперативидан дарсликлар олиш учун 7 сўм олиб, қайтиб бермаганини айтиб, Хамовнический район халқ судига ариза ёзишга ўтирди. Уч сўм ишлашга муваффақ бўлган Федор уйнинг барча бурчакларини тафтиш қилиб чиқди. Лекин Швондернинг излари ҳеч ерда кўринмасди. Фақат бир нарса – Шариковнинг эрта тонгда кепкаси, иссиқ шарфи ва пальтосини кийиб, буфетдан бир шиша вино, Борменталнинг қўлқоплари ва барча ҳужжатларини олиб кетгани маълум бўлди. Даря Петровна ва Зина чексиз хурсандликларини яшириб ўтирмай, Шариковнинг бошқа қайтиб келмаслигига умид билдиришди. Бир кун аввал Шариков Даря Петровнадан ҳам уч сўм эллик тийин олган экан. – Ажаб бўлган, – бўғилиб деди Филипп Филиппович муштларини силкиганча. Телефон кун бўйи жиринглашдан тўхтамади, эртасига ҳам кечгача жиринглади. Шифокор икки кун ичида ақл бовар қилмайдиган даражада беҳисоб касалларни қабул қилди. Учинчи куни эса кабинетда Шариковни Москва гирдобидан қидириб топиш учун милицияга хабар етказиш масаласи кўрилди. «Милиция» сўзи ишлатилиши биланоқ Обухов муюлишининг тинчини юк машинасининг чийиллаши бузди, уйнинг ойналари зириллаб кетди. Бир оздан кейин эшик қўнғироғининг кескин жиринглагани эшитилди ва кутилмаган бир тавозе билан Полиграф Полиграфович кирди. У индамасдан бош кийимини олди, пальтосини ечиб, шохга илди. Унинг кўриниши бутунлай бошқача эди. Унинг эгнида елкалари осилиб турган чарм куртка, эскириб қолган чарм иштон, оёғида эса қўнжи тиззагача чиқадиган баланд пошнали инглиз этиги бор эди. Бутун йўлакни мушук иси босиб кетди. Преображенский ва Борментал худди гаплашиб олгандай қўлларини кўксига чалиштирганча, остонада Полиграф Полиграфовичнинг гап бошлашини кутиб туришарди. Полиграф ноқулайликни юмшатиш учунми, дағал сочларини силаб, йўталиб қўйдида, атрофга разм солди. Бу билан ўз ҳаяжонини яширишга уринаётгани кўриниб турарди. – Мен, Филипп Филиппович, – дея гап бошлади у ниҳоят, – хизматга кирдим. Иккала шифокор ҳам томоқларидан ноаниқ қуруқ товуш чиқариб, қимирлаб қўйишди. Преображенский биринчи бўлиб ўзига келди ва қўлини чўзганча деди: – Қоғозни беринг. Қоғозга қуйидагилар ёзилган эди: «Ушбу гувоҳнома эгаси Полиграф Шариков ҳақиқатан Москомхозда шаҳарни дайди ҳайвонлардан (мушук ва бошқалар) тозалаш бўлимчасининг мудиридир». – Хў-ўш, – деди Филипп Филиппович оғир тин олиб, – ким сизни ишга жойлади. Э-ҳа, дарвоқе, ўзим ҳам фаҳмлаяпман. – Ҳада, Швондер, албатта, – жавоб берди Шариков. – Сўрагани ижозат беринг: нега сиздан қўланса ҳид келяпти? Шариков хавотирланиб, курткасини ҳидлаб қўйди. – Ҳа… энди… ҳиди бўладида… касбимиз шу бўлгандан кейин… Кеча роса мушукларни бўғиб ўлдирдик. Филипп Филиппович сесканиб кетди ва Борменталга нигоҳ ташлади, ассистентнинг кўзлари Шариковга тикка қаратилган милтиқнинг икки нилига ўхшарди. У ҳеч қандай гап-сўзсиз Шариковга яқинлашдида, енгил ва қатъий ҳаракат билан унинг бўғзидан олди. – Қоровул! – чийиллади Шариков бўзариб. – Доктор! – Хавотирланманг, Филипп Филиппович, қуюшқондан чиқадиган ҳеч нима қилмайман, – деди Борментал қатъий ва совуққонлик билан, кейин шу заҳоти: – Зина, Даря Петровна! – деб қичқирди. Улар кираверишда пайдо бўлишди. – Қани, такрорланг, – деди Борментал Шариковнинг бўғзини пича қисиброқ, – мени кечиринглар… – Хўп, яхши, такрорлайман, – деди чийиллаган овозда бу кутилмаган ҳамладан буткул ўзини йўқотиб қўйган Шариков ва кўкрагига ҳаво тўлдириб, бир силкиндида, яна «қоровул» деб қичқирмоқчи бўлдию, лекин овози чиқмади, эгилган боши эса тобора пўстинининг ичига кириб борарди. – Доктор, ўтинаман сиздан… Шариков таслим бўлганини билдириб, майли, такрорлайман, дегандай бошини сараклатди. – Кечиринг мени, ҳурматли Даря Петровна ва Зинаида!.. – Прокофева, – пичирлади Зина қўрқа-писа. – Уф, Прокофева… – дерди хириллаб қолган Шариков нафаси қисиб, – ўзимга эрк бериб… – Кечаси маст ҳолда аблаҳона хатти-ҳаракатлар қилганим учун… – Бошқа ҳеч қачон бундай қилмайман… – Бундай қилм… – Қўйворинг, қўйвора қолинг уни, Иван Арнолдович, – ялинишга тушишди иккала аёл бараварига, – бўғиб қўйманг яна. Борментал Шариковни қўйиб юбориб, сўради: – Юк машинаси сизни кутяптими? – Йўқ, – эҳтиром билан жавоб берди Полиграф, – у мени олиб келди, холос. – Зина, машинани жўнатиб юборинг. Энди гапимга қулоқ солинг: сиз яна Филипп Филипповичнинг уйига қайтиб келдингиз, шундайми? – Бошқа қаерга бораман, ахир? – қўрқа-писа жавоб берди Шариков кўзлари олазарак бўлиб. – Жуда соза! Энди отдан ҳам, эгардан ҳам тушиб юрасиз. Акс ҳолда ҳар бир бемаъни хатти-ҳаракатингиз учун мен билан иш юритишингизга тўғри келади. Тушунарлими? – Тушунарли, – жавоб берди Шариков. Филипп Филиппович Шариковга зуғум ўтказилган вақт давомида сукут сақлади. У остонада бечораҳол, қисиниб, тирноғини тишлаганча паркетга тикилиб турарди. Бирдан нигоҳини кўтариб, Шариковга қаради ва бўғиқ овозда беихтиёр сўради: – Ўша… ўлдирилган мушукларни кейин нима қиласизлар?.. – Пальтога ишлатилади, – жавоб берди Шариков, – улардан ишчи кредитлари учун оқсил олинади. Шундан сўнг квартира жимжит бўлиб қолди ва бу сокинлик икки кун давом этди. Полиграф Полиграфович эрталаб юк машинасига ўтириб кетар, кечқурун пайдо бўлар ва Филипп Филиппович билан Борментал даврасида индамайгина овқатланар эди. Борментал ва Шариков битта хонада – қабулхонада ётишларига қарамай, бир-бирлари билан гаплашмас эдилар. Бу ҳолдан Борментал биринчи бўлиб зерикди. Орадан икки кунлар чамаси ўтгач, квартирада кўзлари бўялган, оч сариқ пайпоқли озғингина хоним пайдо бўлди. Квартиранинг ҳашаматлилигидан у ўзини йўқотиб қўйди. Унинг эгнида эскигина пальтоси бор эди. У Шариковнинг орқасидан эргашаркан, кираверишда профессор билан тўқнаш келиб қолди. У довдираб тўхтаб қолдида, кўзларини қисганча сўради: – Ўзингизни таништирсангиз? – Мен унга уйланяпман, бу – бизнинг машинисткамиз, бугундан бошлаб мен билан яшайди. Борментални эса қабулхонадан кўчиришга тўғри келади. Унинг ўз уйи бор, – қовоқ-лунжини осилтириб, ўта нохуш жавоб берди Шариков. Филипп Филиппович кўзларини пирпиратганча ўйланиб қолди, қип-қизариб кетган хонимга қараб, илтифот билан таклиф қилди: – Мен билан бир минутга хонамга кирсангиз. – Мен ҳам у билан кираман, – тез ва шубҳали илтижо қилди Шариков. Шу пайт худди ер остидан чиққандай Борментал пайдо бўлди. – Кечирасиз, – деди у, – профессор хоним билан гаплашиб олсинлар, биз эса шу ерда ўтира турамиз. – Мен истамайман, – деди Шариков жаҳл билан уятдан ерга киргудай аҳволга тушган хоним ва Филипп Филипповичнинг орқасидан эргашишга уриниб. – Йўқ, кечирасиз, – Борментал Шариковнинг кафтидан ушлаганча, кўриш хонаси томон етаклади. Беш минутлар чамаси кабинетдан ҳеч қандай товуш чиқмади. Кейин эса хонимнинг йиғиси эшитилди. Филипп Филиппович стол ёнида турар, хоним эса кир бўлиб кетган жимжимадор рўмолчасини ушлаганча кўзёш қиларди. – Ярамас, менга жангда ярадор бўлганман, деди, – ҳўнграрди хоним. – Ёлғон, – қатъият билан деди Филипп Филиппович. У бошини сараклатиб, гапини давом эттирди: – Менинг сизга чиндан ҳам раҳмим келяпти, лекин амали деб биринчи учраган одам билан кетавериш яхши эмас. Агар билсангиз, бу – нодонлик, қизим. Биласизми?.. – у ёзув столининг тортмасини очиб, учта 3 талик червон олди. – Умрим заҳар ютаётгандай ўтяпти, – йиғларди хоним, – ошхонада ҳар куни қуритилган шўр гўшт… дағдаға қилади… қизил командирман… ҳашаматли квартирада мен билан яшайсан… ҳар куни ананас билан боқаман, дейди… табиатан жуда меҳрибон, фақат мушукларни кўргани кўзи йўқ эмиш. У эсдалик учун узугимни олиб қўйди. – Бай-бай-бай, табиатан меҳрибон эмиш. Севилядан Гренадага қадар…– ғўлдиради Филипп Филиппович, – сабр қилиш керак. Сиз ҳали жуда ёш экансиз. – Наҳотки мана шу дарвозахонада?.. – Пулни олинг. Қарз беришаётганда олиш керак. Кейин эшиклар тантанали очилиб, Борментал Филипп Филипповичнинг таклифига биноан Шариковни бошлаб кирди. Унинг кўзлари атрофга олазарак боқар, бошидаги туклари эса, чўткадай тик туриб кетганди. – Аблаҳ, – деди хоним йиғидан бўялиб кетган кўзлари ва олачипор упа сепилган бурнини ялтиллатиб. – Пешонангиздаги яра қаёқдан пайдо бўлган? Марҳамат қилиб, буни хонимга изоҳлаб берсангиз, – секин сўради Филипп Филиппович. Шариков таваккал қилди: – Мен Колчакка қарши жангда яраланганман, – акиллади у. Хоним ҳўнграганча ўрнидан туриб, эшикка йўналди. – Бас қилинг! – унинг кетидан қичқирди Филипп Филиппович. – Кетмай туринг, узукни берингчи, – деди у Шариковга мурожаат қилиб. У итоаткорлик билан зумрад кўзли қуббасимон узукни бармоғидан ечиб берди. – Хўп, яхши, – деди у кутилмаганда ғазабга кириб, – шошмай тур ҳали. Эртагаёқ кўрсатиб қўяман сенга… Штатингни қисқартириб… – Қўрқманг ундан, – қичқирди Борментал қизнинг орқасидан. – Унақа аблаҳлик қилишга мен йўл қўймайман! – жарроҳ ўгирилиб Шариковга шундай қаттиқ тикилдики, у қўрқиб орқасига тисариларкан, бошини шкафга уриб олди. – Фамилияси нима? – сўради ундан Борментал. – Фамилияси?! – ўкирди бирдан ёввойиларча даҳшатли қиёфага кирган Борментал. – Васнетсова, – жавоб берди Шариков кўзлари билан бирон ерга қочишни мўлжаллаб. – Ҳар куни, – деди Борментал Шариков курткасининг қайтарма ёқасидан олиб, – шахсан ўзим текшириб тураман. Агарда сиз… мабодо гражданка Васнетсованинг қисқартирилганини билиб қолсам… ўз қўлим билан шу ердаёқ отиб ташлайман. Эҳтиёт бўлинг, Шариков – рус тилида айтяпман! Шариков Борменталнинг бурнига кўз узмай тикиларди. – Буларда револьверлар ҳам топилади… – минғирлади у ўта журъатсизлик билан ва қўққисдан эшикка шўнғиди. – Эҳтиёт бўлинг, – орқасидан Борменталнинг қичқириғи эшитилди. Кечаси билан ва эртасига ярим кун давомида момақалдироқ олдидан пайдо бўладиган булутдай уйни сукунат қамради. Ҳамма жим эди. Эртасига эрталаб ёмон бир ҳисдан кўнгли ғалати бўлган Полиграф Полиграфович, хўмрайганича ўз юк машинасида хизматга жўнагач, профессор Преображенский одатдан ташқари вақтда қабулга келган баланд бўйли, ҳарбий кийим кийган барваста одамни қабул қилди. У профессорнинг ҳузурига киришга узоқ уринган ва ниҳоят рухсат олганди. У хонага кириб, пошналарини оҳиста бир-бирига уриб қўйди. – Яна оғриқ пайдо бўлдими? – сўради юзлари сўлиб қолган Филипп Филиппович. – Қани, ўтиринг, марҳамат. – Мерси. Йўқ, профессор, – жавоб берди меҳмон бош кийимини стол чеккасига қўяр экан, – сиздан жуда миннатдорман. Ҳм… Мен бошқа бир иш билан келган эдим… Филипп Филиппович, сизга ҳурматим жуда баланд, шунинг учун… ҳалиги… огоҳлантириб қўймоқчи эдим… Ўтакетган бемаънилик. У ўзи муттаҳам… – У портфелини титкилаб, қандайдир қоғоз олди: – Яхшиям бевосита менга хабар қилишди. Филипп Филиппович кўзойнаги устидан бурнига пенсне қўндириб, ўқишга киришди. У ғўлдираб нималарнидир узоқ ўқиди, юзи эса ҳар лаҳзада ўзгариб турди. “…шунингдек, уй бошқармасининг раиси ўртоқ Швондерни ўлдирмоқчи бўлганлигидан маълумки, ўқ отадиган қуроли бор. Бундан ташқари, аксилинқилобий гапларни гапиради, ҳатто Энгелсни ўзининг социал хизматкори Зинаида Прокофевна Бунинага печкага ташлаб юборишни буюрди. Унинг ассистенти, меньшевиклиги кундай равшан Борментал Иван Арнолдович пропискасиз, яширинча унинг уйида яшайди. Тозалаш бўлимчасининг мудири П. П. Шариковнинг имзосини тасдиқлайман. Уй бошқармаси раиси Швондер, секретарь Пеструхин». – Буни ўзимда олиб қолишга ижозат берасизми? – сўради Филипп Филиппович юзи қизил доғлар билан қопланиб. – Ёки… маъзур тутасиз, балки, бу сизга ишни қонуний расмийлаштиришингиз учун керакдир? – Афв этасиз, профессор, – у хафа бўлиб, бурун катакларини керди, – сиз ҳақиқатан ҳам бизлардан жуда ҳазар қиласиз. Мен… – у хўроз куркасига ўхшаб ҳурпая бошлади. – Кечиринг, кечиринг мени, азизим, – ғўлдиради Филипп Филиппович, – худо ҳақи, сизни хафа қилмоқчи эмас эдим. Азизим, хафа бўлманг, у мени шундай жонимдан тўйдириб юбордики… – Ҳа… тушунаман, – деди ҳалиги кимса ўзига келиб, – қандай расво одама! Унинг турқини бир кўриб қўйсак, ёмон бўлмасди. Москвада сиз ҳақингизда қандайдир афсоналар юрибди. Филипп Филиппович ғамгинлик билан қўл силтаб қўйди. Ҳарбий кийимдаги одам профессорнинг букчайиб қолганини, сўнгги вақтларда эса ҳатто сочлари ҳам оқариб кетганини пайқади.
* * *
Жиноят одатдагидай обдан етилиб, тошдай ағдарилди. Полиграф Полиграфович кечқурун юраги алағда бўлиб, ўзининг юк машинасида қайтиб келди. Филипп Филиппович уни кўриш хонасига таклиф этди. Ҳайрон бўлган Шариков мавҳум бир даҳшат ҳисси билан эшик тирқишидан аввал Борменталнинг, сўнгра Филипп Филипповичнинг юзига қаради. Ассистентнинг атрофида тутун булути сузиб юрар, папирос тутган ва акушерлик столининг ялтироқ тутқичига тиралган қўли сезилар-сезилмас қалтирарди. Филипп Филиппович ёвуз бир хотиржамлик билан гапирди: – Ҳозироқ нарсаларингизни – шим, пальто, хуллас, нима керак бўлса, ҳаммасини олингда, уйдан даф бўлинг. – Қанақасига? – чинакамига ҳайрон бўлди Шариков. – Йўқолинг уйдан – бугуноқ, – дона-дона қилиб деди Филипп Филиппович кўзларини сузганча тирноқларига тикилиб. Полиграф Полиграфовичнинг вужудига бамисоли шайтон яширингандай, афтидан, уни азроил эзиб, аччиқ қисмат елкасига миниб олгандай эди. У қутулиб бўлмас бир тузоқ тўрига ўзини ўзи отди ва жаҳолатга кириб, узуқ-юлуқ акиллади. – Э-э, бу нима деган гап ўзиа! Нима, дон сизларнинг ҳам танобингизни тортиб қўядиганларни тополмайди, деб ўйлайсизми? Мен шу ерда, 16 аршинда яшашим керак, яшайман ҳам. – Уйдан даф бўлинг деяпман, – бўғилиб пичирлади Филипп Филиппович. Шариков ўз ўлимини ўзи сотиб олди. У чап қўлини кўтариб, Филипп Филипповичга тишлаб ташланган ва димоғни ёргудек қўланса мушук иси анқиб турган ярасини кўрсатди. Кейин эса ўнг қўли билан чўнтагидан шубҳали Борментални нишонга олишни мўлжаллаб, тўппонча чиқарди. Борменталнинг папироси учган юлдуздай пастга тушиб кетди, бир неча лаҳзадан сўнг Филипп Филиппович даҳшат ичида синиқ ойналар устидан сакраб, шкаф ёнидан кушетка томон чопарди. Кушеткада инқиллаб-синқиллаб тозалаш бўлимининг мудири чўзилиб ётар, унинг кўксига ўтириб олган жарроҳ Борментал, кичкинагина оқ ёстиқча ёрдамида уни бўғаётганди. Сўнгра у ошхона остонасида пайдо бўлиб, хавотирли қиёфада Зина ва Даря Петровнага қарата: – Профессор сизлардан уйдан ҳеч ёққа чиқмаслигингизни илтимос қилди, – деди. – Яхши, – қўрқа-писа жавоб қилишди Зина ва Даря Петровна. – Кечирасизлар, орқа эшикни ҳам қулфлаб, калитни олиб кетсам, – деди Борментал, эшик соясига яширинганча юзини ҳам қўллари билан беркитди. – Бу вақтинча, сизларга ишонмаганимиздан эмас… Лекин кимдир келиши, очиб қўйишингиз мумкин. Бизга эса халақит бериш мумкин эмас – бандмиз. Яна бир неча дақиқадан сўнг юзлари қорайиб кетган доктор Борментал киравериш хонасига чиқди ва эшик қўнғироғи ёнига: «Бугун профессорнинг бетоблиги туфайли ҳеч кимни қабул қилолмаймиз. Қўнғироқ чалиб, безовта қилмасликларингизни сўраймиз», деб ёзилган қоғозни осиб қўйди. Ялтироқ ўткир пичоқ билан қўнғироқ симини кесиб ташладида, ойнага қараб, тирналган ва қонга бўялган юзини ҳамда шилинган титроқ қўлларини кўрди. Борментал орқа йўлакни, олд эшикни ва йўлак билан киравериш хонаси ўртасидаги эшикни қулфлаб қўйди ва унинг қадам товушлари кўриш хонасига етгач, эшитилмай қолди. Уйни сукунат қамраб олди ва у ҳамма бурчакларга ёйилди. Аввал ғира-шира шом кирди, кейин қоронғилик бостириб кела бошлади, охири ҳаммаёқни зулмат қоплади. Тўғри, кейинчалик қўшни ҳовлида яшовчи қўшнилар кўриш хонасининг кўчага қараган ойнасида ҳамма чироқлар ёниб турганини, ҳатто Преображенскийнинг оқ қалпоғини ҳам кўришганини гапириб беришди. Буни аниқлаш мушкул, албатта. Ҳа, Зина ҳам, ҳаммаси тугагандан сўнг профессор ва ассистенти кўриш хонасидан чиққанларидан кейин кабинетда камин ёнида ивирсиётган Борментал уни жуда қўрқитиб юборгани ҳақида вайсаб юборганди. Гўё Иван Арнолдович кабинетда камин ёнида чўккалаганча, профессор мижозларининг касаллик тарихи ёзиладиган кўк дафтарни ёқиш билан овора эди. Унинг юзлари мурдадай кўкариб кетган ва ҳамма ёғи ўлгудай тимдаланганди. Филипп Филиппович ҳам ўша куни сира ўзига ўхшамай қолганди. Яна… ҳалиги… ким билади дейсиз, Пречистенкадаги уйда турадиган бу бокира қиз, балки, ёлғон гапиргандир. Лекин бир нарсага имон келтириш мумкин: ўша куни уй тўла-тўкис ва мудҳиш бир сокинлик оғушига чўмган эди.
ПОВЕСТЬ ТУГАДИ
Эпилог
Обухов муюлишидаги профессор Преображенский уйининг кўриш хонасида бўлиб ўтган тўс-тўполондан кейин роппа-роса ўн кеча ўтгач, эшик қўнғироғи кескин жиринглади. – Жиноят-қидирув милицияси ва терговчи. Марҳамат қилиб эшикни очсангиз. Дўпир-дўпир қадам товушлари эшитилиб, ичкарига киришди ва шкаф ойналари янгитдан солинган қабулхонада бир талай одам пайдо бўлди. Иккитаси милиция кийимида, яна бирови қора пальтода, портфель кўтарган, ранги гезарган ичиқора Швондер, ўспирин – аёл, швейцар Фёдор, Даря Петровна ва чала-ярим кийинган, галстук тақилмаган бўйнини уялиб беркитишга уринаётган Борментал турарди. Филипп Филиппович эшик орқали ичкарига ўтди. У ҳаммага таниш кўк халатини кийиб чиқди ва ҳамма унинг сўнгги ҳафта ичида яхшигина тўлишганига ишонч ҳосил қилди. Илгариги ўша ҳаракатчан ва амирона қиёфадаги Филипп Филиппович савлат тўкиб кечки меҳмонлар ҳузурига чиқди ва халатда эканлиги учун узр сўради. – Сиқилманг, профессор, – деди граждан кийимидаги киши жуда ийманиб, кейин у тусмоллаб гап бошлади: – Жудаям хунук иш… Бизда уйингизда тинтув ўтказиш ва натижасига қараб, ҳисобга олиш ҳақида ордер бор. Филипп Филиппович кўзларини қисганча сўради: – Маъзур тутинг, қандай айбнома юзасидан ва кимни? У киши чакагини қашиганча портфелидан қоғоз чиқариб ўқий бошлади: – Преображенский, Борментал, Зинаида Бунина ва Даря Иванова, тозалаш бўлимчасининг мудири Полиграф Полиграфович Шариковни ўлдирганликда айбланасизлар. Зинанинг ҳўнграши гапнинг охирини ютиб кетди. Хонадагилар ғимирлаб қолишди. – Ҳеч нарсага тушунмаяпман, – жавоб берди Филипп Филиппович қироллардек виқор билан елка учириб, – қанақа Шариков? Э-ҳа, афв этасизлар, мен операция қилган итни айтяпсизлар чоғи? – Кечирасиз, профессор, итни эмас, у одамга айланиб улгурган эди. Мана, гап қаерда… – Сиз унинг гапиришини назарда тутяпсизми? – сўради Филипп Филиппович. – Гапирган билан одам бўлиб қолмайди, албатта. Дарвоқе, бунинг аҳамияти йўқ. Шарик ҳозир ҳам бор ва уни ҳеч ким ўлдиргани йўқ. – Профессор, – гап бошлади қаттиқ ҳайратга тушган қора одамча қошларини чимириб, – бўлмаса, уни бизга кўрсатишингиз зарур. Йўқолиб қолганига ўн кун бўлди, биздаги маълумотлар эса, маъзур тутасиз, жуда хунук… – Доктор Борментал, илтимос, Шарикни терговчига кўрсатсангиз, – буюрди Филипп Филиппович, ордерни қўлига оларкан. Доктор Борментал мийиғида илжайганча чиқиб кетди. У қайтиб кириб, ҳуштак чалган эди, кабинет эшигидан жуда антиқа бир ит чиқиб келди. Танасининг баъзи жойлари доғ-дуғга ўхшаб тақир, баъзи жойларида эса жун ўсмоқда эди. У худди ўргатилган цирк ўйинчисидай икки оёқлаб юриб келди, кейин тўрттала оёғида туриб, атрофни кўздан кечирди. Қабулхонага қабристон жимлиги чўкди. Пешонасида қип-қизил жароҳат изи бор, мудҳиш қиёфали ит яна орқа оёқларига кўтарилиб, сўнгра тиржайганча курсига ўтирди. Иккинчи милиционер қўққисдан бесўнақай ҳаракат қилиб чўқиндида, ўзини орқага ташлаб, Зинанинг иккала оёғини бараварига босиб олди. Қора кийимли одам оғзини очганча лаби лабига тегмай гапирди: – Бу қанақаси, ахир?.. У тозалаш бўлимида ишлар эдику?.. – Шарикни у ерга мен тайинламаганман, – жавоб берди Филипп Филиппович, – агар янглишмасам, унга жаноб Швондер тавсиянома берган. – Ҳеч нарсага тушунолмаяпман, – деди қора одам эсанкираб ва биринчи милиционерга мурожаат қилди: – Бу ўшами? – Ўша, – унсиз жавоб берди милиционер, – ғирт ўша. – Худди ўзи, – Фёдорнинг овози эшитилди, – фақат яна жунлари ўсиб кетибди ярамаснинг. – У гапирардику, ахир… кхм… кхм… – Ҳозир ҳам гапиради, фақат борган сари камгап, камсуқум бўлиб қоляпти, вақт ғаниматда гаплашиб олинглар, яқинда бутунлай гапирмай қўяди. – Нега энди? – сўради қора одам. Филипп Филиппович елкасини қисди. – Фан ҳали ҳайвонни одамга айлантириш усулларини билмайди. Мана мен бунга уриниб кўрган эдим, кўриб турибсизки, омадим келмади. Тилга кирдию, дарҳол ибтидоий ҳолига қайта бошлади. Атавизм. – Бепарда сўзлар ишлатилмасин, – вовуллади ит ва ўрнидан турди. Қўққис ранги оқариб кетган қора одам портфелини тушириб юбордида, ёнбошига йиқилаётган милиционер уни ёнидан, Фёдор эса орқасидан ушлаб қолишди. Ҳаммаёқ ғала-ғовур бўлиб кетди. Шовқин-сурон ичида учта ибора аниқ янгради: Филипп Филиппович: – Валерьянка. У ҳушидан кетди. Доктор Борментал: – Агар Швондер яна бир марта профессор Преображенскийнинг уйига келса, уни ўз қўлим билан зинадан улоқтириб юбораман. Швондер: – Шу сўзларни протоколга киритишингизни сўрайман.
* * *
Айланма қувурлардан ёқимли иссиқ тараларди. Дарпардалар биттагина юлдуз милтиллаб турган қоронғи кечани хонадан яшириб турарди. Табобат пайғамбари итларнинг салобатли ҳомийси курсида ўтирар, ит Шарик эса чарм диван ёнидаги гилам устида мудраб ётарди. Март ойининг туманлари дастидан эрталаблари Шарикнинг боши тикилган жойидан айланасига оғрир, лекин уйнинг иссиққиналиги туфайли кечга бориб бироз қўйиб юборар эди. Ҳозир ҳам оғриқ тобора пасайиб бормоқда ва Шарикнинг миясидан бир текис ва илиқ фикрлар ўтмоқда эди. «Шундай омадим юришдики, шундай юришдики, – ўйларди у мудроқ ичида, – таърифлашга ҳам ожизман. Бу уйга мустаҳкам ўрнашиб олдим. Келиб чиқишим шубҳали эканлигига энди тўла ишонч ҳосил қилдим. Жойинг жаннатда бўлгур бувим суюқоёқ ўтган, шекилли. Вужудимда «водолаз» қони бўлса ҳам ажаб эмас. Тўғри, бутун бошимни негадир парпаша қилиб ташлашди, лекин бу тўйгача битиб кетади. Бунақа нарсаларга биз эътибор бермаслигимиз керак».
Қаердандир шишаларнинг жаранглаган овози эшитиларди. Оёғи тишланган кимса кўриш хонасидаги шкафни тартибга келтираётганди. Оқ сочли пайғамбар эса ўтирган жойида қўшиқ куйларди: – Нилнинг муқаддас соҳилларига…
Ит даҳшатли ишларнинг гувоҳи бўларди. Басавлат одам сирғанчиқ қалқон кийган қўлини идишга тиқиб, у ердан мияни оларди, айтганини қиладиган, қайсар бу одам ҳали ҳам нимагадир муваффақ бўлиш илинжида мияни кесар, диққат билан кузатар, кўзларини қисганча қўшиқ хиргойи қилар эди: – Нилнинг муқаддас соҳилларига…
Ҳожиакбар Шайхов ва Гулчеҳра Нишонова таржимаси «Ёшлик» журнали, 2019 йил, 11-12-сон |