Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Сайловми, босқунчиликми? Абдулла Қодирий
Facebook
Сайловми, босқунчиликми? Абдулла Қодирий PDF Босма E-mail

Уламо ва бойларимиз иттифоқга келмовлари ила баробар сайловни зўр тартибсизлик ила ўтқаздилар. «Шўрои ислом»га товуш берувчига такфир қилувлардин ва бошқа зўрлик ила ўз нўмирларини халққа таратувдин, учунчи нўмирни олмай ўнунчига товуш берувни хоҳлаганларни маҳалладан чиқармоқ, ўлук-тиригиға кирмаслик ила таҳдид қилдилар. Сайлов куни низомға хилоф ўлароқ, ҳар кимни ўз тарафиға кучлаб ундадилар. Масалан бизнинг «Беш оғоч» даҳасина тобеъ «Хўжа Нуриддин» мозорида шундай воқиъалар бўлди: эрта билан сайловга бормоқ қасди ила кўчага чиқдим. Катта саллалик муллалар, зўр қоринлик бойлар қўлларинда даста-даста ўз сайлов нўмирларин олиб, баланд овоз ила ўткан-кетканларга ўз нўмирларин тарғиб қилмакда, ҳаттоки «Учунчини олмаган кофир! Ўнунчини хоҳлаган бадмазҳаб!» деб қичқирмакда эдилар. Бу зотларнинг ҳадларидан бунча тажовуз қилганлариға таассуф чекиб, участка эшикиға етдим.
Бу ерда қўлларинда учунчи нўмир қоғаз ушлаган муллалар ва маҳалла имомлари дасталаб бўлиб, контрўл равишинда текшириб, агарда учунчи тарафдори бўлса хўб, ўнунчи бўлса неча хил мазаммат ила қўлидан конвертин олиб, ўз қўллариндаги учунчи жойланган конвертни бермакда эдилар. Сайлов бутун босқунчилик ҳолин олган эди.
Бу ҳолни кўргач, милитсияга мурожаат қилдим. «Маат-таассуф, муллалардан қўрқаман!» деган жавобни эшитдим. Раисга билдирмоқ бўлиб эдим, тиғизлиқдан уйга кирмоқ мумкин бўлмади. Ҳайрон бўлиб туриб эдим, бир танишим ёнимга келиб: «Бу ерда ўнунчидан дам ура кўрманг, муллаларнинг тарафидан қўюлган махсус кишилар бор, агарда муллаларга еткузсалар снзга ҳужум қилувлари эҳтимол», деди. Воқиъан ҳужум қилувларин ўзимда сезган эдим. Чунки баъзи муллаларнинг ва бойларнинг ўз оғзидан: «Ҳар ким ўнунчига тарғиб қилса тўб-тўғри уриб ўлдириш», деганларини ҳалидан ҳали эшитмакда эдим. Бу ҳолларни кўргач, бутун ҳушим бошимдан учди.
Бояги эшик контрўллари олдига қайтиб оларнинг сиёсатларига қараб туриб эдим, қора куч тарафдорлариндан бир махдум менга ўқрайди. Бу муҳтарам зот-бобаракот махдумнинг хўмраювин дарров сездим ва дедимки: «Махдум афанди, мен халқни таҳдид ва такфир ила қўрқутиб «Шўрои ислом» испискасиға тарғиб қилмаячиқмин. «Шўрои ислом» бу ишни ҳар бир кишининг инсоф виждонина топширмишдир. Аммо сиз муҳтарам махдумнинг уламо-боён жамиятингиз тарафидан билмадим на учундир низом ва қонунға хилоф ҳаракатлар кўрулмакдадир. Менга ўқрайманг! Ҳақсизлик қаю тарафда бўлса шу тарафка ўқрайинг!», дедим.
Шу аснода атрофимни ҳалиги махдумга ўхшаш зотлар чулғаб олмиш, гўёки махдумнинг буйруғини кутмақдалар, токи менга ҳужум келтурсунлар. Махдум ранги бўзарган ҳолда маним ёнларимга ва қўлтуғим орасига қаранур эди. Токи ўнунчи нўмирдан бўлса тортиб олсун ҳамда дўстларига буюриб урдирсин. Менда ҳеч нарса йўғлигини билиб бошқа тарафка йўналди.
Ҳамон бояги босқунчилик ҳукм сурмакда, ўнунчини йиртиб, учунчини бермоқ давом этмақда, балки борган сайин ривожланмакда эди. Такфир ва таҳдидлар…
Шул орада ёшлардан мулла Зайниддин афанди Ҳусаинов қора куч тарафиндан қаттиғ равишда қийналди. Бу ҳолларни кўргач, қора халқ орасинда турмакни хавфлик санаб, участкадан чиқдим. Маним ила баробар кўб кишилар учунчига овоз берувга виждонлари қабул қилмай, ўнунчига бермоққа муллалардан қўрқиб, сайловдан маҳрум бўлиб кетдилар. Биноан алайҳи бу сайловимиз яширин, текиз, ҳар кишининг хоҳишича бўлмай, уламо, бой ва махдумлар босқунчилиги остинда ижро этилди. Бунга таассуф этмаска мумкин тугил. Чунки учунчи испискада ҳуррият ва ҳуқуқға шул қадар қарши эскилик тарафдори қора гуруҳлар борки, булар ҳоким бўлғанда на бир тартибли мактаб ва на бошқа ислоҳот кўрурга мумкин тугил.

Мазлум (Эски шаҳарлик)
«Улуғ Туркистон»[2] — 1917 йил, 4 август, 20-сон, 4-бет