Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Наср»Алвидо болалик. Тоҳир Малик
Facebook
Алвидо болалик. Тоҳир Малик PDF Босма E-mail

Тоҳир Малик

АЛВИДО...БОЛАЛИК

МУҚАДДИМА

Қуёш қаердадир тоғ ортидан, қаердадир чўл адоғидан, қаердадир асрий музлар орасидан бош кўтаради. Қаердадир дарахт кокилларини ўйнаб, биллурий булоқ сувларига тўйиб олгач, хонадонларга мўралайди. Қаердадир қуриб-қақшаб ётган тиконларни, чанқоқ қум барханларни ялаб ўтиб, одамлар яшайдиган ерларга ошиқади. Қаердадир асрий музликлар орасида паноҳ тополмай, одамзотга дуч келишдан умидини узиб, тезроқ кўз юмишга ошиқади.

Баҳор ҳам шундай. У илиқ шабада нафасида, қалдирғоч қанотида, турналар солган арғимчоқда кириб келиб, ташна кўнгилларга тириклик сувини беради.

Қуёшнинг тонгдаги, айниқса баҳор тонгидаги кўркини кўриш барчага ҳам насиб этавермайди.

«Қуёш барчага баравар нур сочади», дейдилар. Ҳақ гап. Бироқ, унинг нуридан ҳамма ҳам бир хилда баҳраманд бўлавермайди.

Тиканли сим, темир панжаралар, баланд деворлар ортидан мўралаган тонгги қуёш кўнгилга озод ҳаётдаги каби илиқликни бера олармикан? Тиканли симлар билан ўралган қамоқхона ҳовлисига ҳам баҳор киради, бу ердаги дарахтлар куртаги ҳам кўз очади, сурхчалар барг чиқаради. Аммо, баҳор гашти тиканли симларни ошиб бу ерга ўта олармикан?

Озодлик сўзини бу ерда нондай азиз кўришади. Бу ерда ойлар саналади, кунлар, соатлар саналади.

Ҳар бир лаҳза, соат, кун... уларни озодликка яқинлаштиради.

Ҳар бир лаҳза, соат, кун... уларни исканжага олади, улар ўйламай босилган қадамларини лаънатлаб яшашади.

Бу ер — болалар ахлоқ тузатиш меҳнат колонияси. Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жиноятчилар жазо муддатларини шу ерда ўтайдилар. Бу ерга автомат тарзда очилиб-ёпиладиган темир эшиклардан кирилади. Бир хил кийим кийган, кўзларда мунг, баъзан алам яширинган болалар янги одамни дарров илғашади. Иккинчи марта борганингизда сиз ҳақингиздаги маълумотдан дарак топишган бўлишади.

Мен бу колонияга беш йил аввал бир келган эдим. Мана энди, ёзилиб, якунланай деб қолган асар баҳонасида яна йўлим тушди. Бу ердагиларнинг барчаси ҳам суҳбатдош бўлавермайди. Айримлари гаплашади, баъзилари эса нигоҳини бир нуқтага тикиб тураверади. Табиатан шундайми улар ё терговчиларнинг сўроқларидан кейин шунақа бўлиб қолишганми? Балки терговда очилмай қолган сирларини бой бериб қўймаслик учун тиллари тиш хатламас? Билмадим. Билолмадим. Ҳарҳолда улар менга жумбоқ бўлиб қолишган. Уларнинг айримларини сиртдан танийман. Крандан сув ичиб, аланглаб қўйган бола қўшни кампирни «тўполон қилма, чекма» деб тергагани учун ўроқ билан чопиб ташлаган. Ҳозир нимадан чўчиб аланглади: кўзига ўша кампир кўриндими ё? Кичкина бола эканида ўша аёл уни кўтариб суйган, эркалаган, боғидаги мевалар билан сийлаган. Оқибатда эса... бир гапи учун қонга беланган. Ҳозир бу бола ўроқ кўтариб кампирга ташланганини эсладими ё биринчи марта наша чекканиними?

Анави дарахтга суяниб турган бола катта ўғриларга қўшилган. Катта ўғриликлар бўлаётган дамда балки у шу ҳолда — дарахтга суяниб пойлоқчилик қилгандир? Балки ҳозир унинг кўз олдига орқа кураги остига пичоқ санчилган қоровул келгандир? Ахир қоровулни у гапга солиб, чалғитиб турган эди, унинг кўз олдида санчишди пичоқни! Бу дахшат исканжасидан у узоқ йиллар қутула олмаса керак.

Ҳамроҳим — капитанни телефонда йўқлаб чақиришди. Қийғос гуллаган олма остига қўйилган ўриндиқда ёлғиз қолдим. Худди шуни пойлаб тургандай бир бола яқинлашиб, салом берди:

— Ёзувчимишсиз, шу ростми? - деди қизиқишини яширмай. — Китобингиз кутубхонада бор экан. Лекин ҳали ўқимадим. Энди биз ҳақимизда фельетон ёзасизми?

— Фельетон? Ким айтди?

— Ҳамма айтяпти.

— Фельетон нималигини биласанми ўзинг?

— Қамалганлар ҳақида ёзилади-да?

— Йўқ, бу гапинг нотўғри. Фельетон бировни фош қилиш, ундан кулиш учун ёзилади. Сизларни фош қилиб бўлишган. Аҳволингиздан кулиш эса инсофдан эмас. Сенга ўхшаган боланинг аҳволини бир китоб қилмоқчиман. Шуни ўқиган бола ёмон йўлга киришдан ўзини тияр деган ниятим бор.

— У болангиз нима қилган экан?

— Одам ўлдирган.

— Иши чатоқ экан, кўп ўтиради.

— Ўзинг-чи?

Бола жиноят кодексининг моддасини айтди. Кейин айёрона кулумсираб қўшиб қўйди:

— Мендақаларни қадим замонда девор тагига бостиришган экан.

— Ёки тошбўрон қилишган,- деб мен ҳам қўшимча қилдим. - Ҳаммасини билар экансан, нимага кирдинг бу номаъқул кўчага?

У гарданини қашиган бўлиб кулумсиради:

— Ўзим ҳам билмайман. Бир аҳмоқ бўлдимда. Ҳозир эсим кирган. Аслида... мени қамашмаса ҳам бўларди. Айбимга тушундим, бошқа қилмайман бу ишни. Манави каллакесарлар билан юришим яхшими?

Унинг фалсафаси қизиқ эди. Бир жиҳатдан қарасангиз — у ҳақ. Айбига тушуниб етди. Бу ерда ушлаб туришдан маъно йўқ. Аммо масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор-да. Озодликка чиқиб, яна шундай вазиятга дуч келса, ўзини ушлаб тура оладими? Ахир бу ердаги болалар ичида иккинчи марта қамалганлар оз эмас-ку?

— Бу ер жонингга тегдими? — деб сўрадим ундан.

— Гапингиз қизиқ-ку? - деди у ажабланиб. — Маза қилиб ўйнаб-куладиган даврингда ўтириш... алам қилмайдими?

— Алам қилади... лекин, сен ва сенга ўхшаганлар дастидан жабр чекканлар-чи? Сен-ку, бу йил бўлмаса кейинги йиллар озодликка чиқасан, ўйнаб-куласан. Лекин, бахти яримта ўша қиз-чи? У бир умр азоб чекмайдими? Ўлдирилган одамлар-чи? Улар ҳам ёшми-қарими, ўйнаб-кулиш истагида бўлганлар-ку? Мана шуларни ўйламайсанларми, виждонларинг қийналмайдими?

Бола жим қолди. Мен жавоб кутдим. У бир оздан кейин тилга кирди:

— Бунақа гапларни кўп эшитамиз. Сиз ҳам насиҳатни яхши кўрар экансиз. Мен сиздан бошқа нарсани сўрамоқчи эдим.

У «сўрайверайми?» деган маънода менга савол назари билан қаради.

— Сўрайвер.

— Мен бошимдан ўтганини китоб қилиб ёзмоқчиман. Бўлармикан?

Бундай гапни кутмаган эдим, шу боис гангиб қолдим.

— Китоб?.. — Шундай дедиму ажабланишим уни камситиб, ранжитиб қўйиши мумкинлигини англаб, гапни маромга солдим. — Ёзишинг мумкин, албатта. Лекин... ёзишдан аввал аниқ мақсадни белгилаб олиш керак.

— Мақсадим бор. Ҳали айтдингиз-ку, бошқалар кирмасин бу кўчага, деб. Ҳаётим билан танишган мендақаларнинг кўзи очилармикан?

— Мақсадинг яхши. Ёзавер. Керак бўлса, ёрдам берай.

— Ёзишни билмайман. Бировга хат ёзишни ҳам шу ерда ўргандим. Китоб ёзиш қийиндир?

Бу ишнинг масъулияти, машаққатини тушунтирганим билан англаб етиши қийин эди. Бу иш жуда оғир, десам, боланинг шашти ҳам қайтиши мумкин. Нима дейишни билмай турганимда унинг ўзи жонимга оро кирди.

— Бу ерга яна келсангиз янги китобингизни олвололмайсизми? Ўқиб, ўшанга ўхшатиб ёзардим.

— Ҳали битмаганда у... — шундай дедиму хаёлимга келган фикрдан кўнглим ёришди. - Яхши, битган қисмини сенга ўқиб бераман. Баҳонада фикрингни биламан. Аммо келишиб олайлик: ёққан-ёқмаганини очиқ билдирасан. Ҳа, айтмоқчи, исминг нима?

У айтди, кейин қўшиб қўйди:

— Китобингизга мени ҳам қўшсангиз, бошқача қилиб ўзгартириб ёзинг. Одамлардан уяламан.

— Нима деймиз?

— Аҳбор дея қолинг.

Шунга келишдик.

Орадан ўн беш кун ўтди. Унинг олдига эртага бораман. Биринчи ўқувчи, биринчи танқидчи билан учрашишга тайёрланаяпман. Ёзганларимни қайта кўряпман. Қани, Аҳбор нима деркин?

УЙҚУСИЗ ТУН

ёхуд қотиллардан бирининг тундаги руҳий

кечинмалари ҳақида ҳикоя

Асрорни онаси туртиб уйғотди:

— Ёмон туш кўрдингми, мунча бақирмасанг?

Асрор индамади. Уйқули кўзларини чирт юмиб олди.

— Ёнбошлаб ёт, босинқирабсан...

Онаси шундай деб чиқиб кетди. Асрор кўзини очди. Бу тушми... йўқ, туш эмас... Кеча ўз кўзи билан кўрганлари... Шунчаки кўрган бўлганида кошки эди... Ўзи ҳам урди уни. Тепди, ёмон тепди. Бечора дод деб юборди. Ким эди у? Асрор танимайди. Ҳозир бир нарсанигина билади - сигарет берганида ортиқча машмаша йўқ эди. Хасислиги бошини еди унинг.

Энди нима бўлади?

У даҳанини ёстиққа тираганича мук тушиб ётди. Ҳозир милиция уларни қидираётгандир? «Йўқ, ҳали қидирмайди, - деб ўйлади Асрор, - у одам сув остида чўкиб ётибди. Неча кунда чиқаркин юзага? Ана ўшандан кейин бошлашади қидиришни. У одамнинг оиласи милицияга арз қилса-чи? Улар воқеани билишмайди. «Йўқолиб қолди» дейишади. Унинг ҳеч кими йўқдир балки... Унда яхши... Сув тагида балчиқ босиб қолиб кетса яна яхши...» хаёлига шу фикр келиб, Асрор бир оз енгил тортди.

Ҳозир у пивохонадан сархуш чиққан, кейин болалар орасида коптокдай тепилган, мурдаси сувга ташлаб юборилган одамни эмас, ўз тақдирини ўйларди. Милиция... Унинг ортидан қамоқ... Шу фикрнинг ўзиёқ уни ғиппа бўғиб оларди.

Кўзини юмди. Ўша одамнинг нигоҳлари... Кўзлари унга тикилиб турибди. «Мен сенга нима ёмонлик қилдим», деб сўраяпти. Асрор аниқ эслайди: қорнига тепган пайтида у одам шундай қарагандай бўлди. Қизиқ, нимага у одамнинг кўзлари кўринаяпти? Ахир қоронғи эди, кўзларини кўрмаган эди-ку? У одам пичоқ чиқарди, Салимнинг сонига урди... «Ҳа, ҳа, бўлди, ҳамма айб ўзида, пичоқ чиқармаганида тегмас эдик. Шуни ҳамма болалар қайтарса, бизга бало ҳам урмайди». Асрор бу фикрдан яна бир оз енгил тортиб, қаддини ростлаб ўтирди. «Шу гап болаларнинг хаёлига келармикан, — деб ўйлади у, — ё айтиб чиқсаммикан? Биронтасини милиция кузатаётган бўлса-чи? Қамар ўтириб чиққан. Уни кузатишлари мумкин. Салим ҳам шуникида. Ярасига қарашганмикан? Қамар қарармикан?»

Қамариддиннинг яхши-ёмонлигини Асрор шу пайтгача аниқ билмайди. Бир қарасанг - хўроз, ўртоғини деб ўтга тушишдан ҳам тап тортмайди. Бир қарасанг - ёвуз, ўзиникиларни ҳам аямайди. Шунданми, барча ундан қўрқади. Асрор бундан мустасно эмас. Қамариддин ўл деса ўлади, тирил деса, тирилади. Аввал қўрққанидан шундай қиларди. Энди кўникиб қолган. Осмонда қуёш сочаётганини кўриб ажабланмагани каби, Қамариддинга қулдай тобе эканига ҳам ҳайрон бўлмайди. Ҳа, Қамариддин уларга хожа, улар эса қул эди. Аммо бирортасининг хаёлига «Мен қулман ёинки, «нима учун мен қулман» деган фикр келмасди. Уларнинг назарида Қамариддин хожа эмас, балки валломат, айримларига эса васий эди.

Ҳозир ҳам Асрор унинг яхши ё ёмон томонларини ўйламади. Шунчаки «Салимга қарармикан?» деган фикр хаёлини бир ёритиб ўтди, холос.

Асрорнинг кўкраги қизиб, ўрнидан турди-да, ошхонага чиқди. Муздек сувдан симириб, кўнгли ором топди. Ҳозиргина сув ичиб енгил тортгандай бўлган эди. Дам ўтмай яна кўкраги қизиб, нафас олиши оғирлашди. Деразани очди. Кўчани тўзитиб юрган шамол унинг димоғига чанг уфурди. У пастга қаради. Уларнинг уйи бешинчи қаватда. Шундайгина деразалари остидаги кафтдек ерга уч туп гилос экиб, «боғ» қилиб қўйишган. Сал нарида гаражлари. Отаси тунда икки-уч марта шу ердан туриб хабар олади. Дадасининг бу ишини дастлаб кўрганида Асрор «биров машинани олиб қочмоқчи бўлса, шу бешинчи қаватдан ўзларини ташласалар керак», деб ўйлаган эди. Ҳозир нимагадир шу гап эсига тушди. «Агар милиция билиб қолиб уйга қидириб келса, ўзимни шу ердан ташлайман. Қамалганимдан кўра бирданига ўлганим яхши». Бу фикр миясига урилди-ю, товонигача зириллаб кетди. Пешонасидан муздек тер чиқди. Қўрқиб кетганидан дарров деразани ёпди. «Жинни бўлибманми, нимага ташларканман, нимага мени қамаркан, — деб ўзига ўзи тасалли бера бошлади, — мен ўлдирибманми уни, тепган бўлсам битта тепдим. Салимга пичоқ ургач, тепдим...»

Юлдузли осмонни бир четдан ямлаб келаётган қўнғир булутлар орасида нифоқ чиқиб, яшин чақнади. Унинг нури пешайвон деразаларидан ўтиб, гуллар туширилган деворга урилди. Асрорнинг назарида осмонда чақмоқ чақнамади, балки ўша одамнинг кўзлари ёнди. Нур ҳам ўша кўзлардан чиқди. «Мен қотилимни излаб эдим, топдим», дея шу бешинчи қават пешайвонига отилди. Момақалдироқ гумбурлади. Асрорниниг назарида ўша одам наъра тортди. «Қаранг, қотилимни топдим», дея шаҳар аҳлини уйғотмоқчи бўлди.

Асрор орқасига тисарилиб, ошхонага қайтди. Балкон эшигини қаттиқ ёпди. Жўмракдан сув оқизиб юзига тутди. Орқада шарпа сезиб, сапчиб тушди. Қараса — онаси. Синчков назарини қадаб турибди.

— Сенга нима бўлди? — деди у, Асрорнинг сочини силаб.

Асрор онасидан кўзини олиб қочди, кейин ютуниб:

— Уйқум келмаяпти, — деди.

— Чарчагансан. Кечаги тўйда ухлатишмабди, эшитдим. Кириб ёт, уйқунг келмаса, сана. Юзгачами, минггачами, санайвер. Ухлаганингни билмай қоласан.

Асрор онасига қараб олди. «Онамнинг соддаликлари ҳам яхши,» деб ўйлади-да, хонасига қараб юрди.

«Уриниб қоляпти, болам бояқиш, — деб ўйлади Маъсума унинг изидан қараб, — тўйга юбормай десам бўлмаса, борса бу аҳвол. Эрта-индин ҳаво юришиб кетса, тўй яна кўпаяди. Боламга яна жавр. Бормаса, отасига жавр. Топган-тутганлари шуларга-да ахир, кўтариб кетармиди. Яхши ҳамки Асрорим буни тушунади. Тушунгани учун индамайди. Яна бир-икки йил... кейин ўзи ҳам йўлга кириб кетади».

Маъсума орзуларининг оқибати кўпинча «кейин йўлга кириб кетади» деган фикрга қадалади. Шунда биров «қайси йўлга киради?» деб сўраса дафъатан жавоб бера олмайди. Хўш, қайси йўлга киради?

Отасининг йўлига — санъатгами, ёки ота-онадан пинҳон тутаётгани Қамариддин йўлигами? Ёки кул босган умиди—илм йўлигами? Буни на Маъсума, на Асрорнинг ўзи билади.

Асрор худди эртаклардагидай уч йўл қаршисига келиб қолган. Бир йўлнинг бошида оқ шайтон турибди. «Пул топиб, ақл топмаган одамлар кўп экан, шу йўлга кир. Пул, маишат ичидасан. Одамлар бошингдан пул сочишади, аммо истаган йўриқларига солишади. Ит бўлиб вовулла дейишса - вовуллайсан, мушук бўлиб миёвла дейишса миёвлайсан, кул деса куласан, хўрликка чидаёлмасанг ҳам куласан, кула туриб «раҳмат, акахон», деб таъзим ҳам қиласан. Аммо, бу билан ишинг бўлмасин. Пулини олсанг, бас Бу оқ шайтон Асрорнинг тушларига ҳам киради. Ажабланарлиси шуки, кўпинча бу оқ шайтон дадасига ўхшаб кетади. Асрор бола бўлиб дадасининг кўзига тик қарамаган. Шу сабабли оқ шайтон кўзига қараганда чўчиб тушади.

Иккинчи йўлда қора шайтон туради. «Йигитнинг йўли шу йўл,-дейди у, - бировга эгилмайсан, сенга қуллуқ қилишади. Сендан қўрқишади. Нимани истасанг - шунга эгасан. Озодсан, энг муҳими шу - эркин қушсан Қора шайтон Қамариддин бўлиб кўринганда чўчимайди. Нимагадир отасидан кўра кўпроқ уни ёқтиради. Суяги бузуқ, кўзи ғилай бўлса ҳам, шу йигит Асрорга истарали кўринади.

Учинчи йўл бошида ҳеч ким йўқ. Кўча ҳам ғира-шира қоронғулик ичида. Тўғри, бу қоронғуликда баъзан муаллими Маҳкам ака кўриниб қолади. Ўзи ёш, аммо сочлари текис оқарган бу олим уни имлайди. «Бир умр азобга маҳкум этилганларгина олим бўлишади, — дейди у, — олим дам олиш нима, дабдабали ҳаёт нима — билмайди. Бир умр ишлайди, кечаю кундуз тиним билмайди. Бойваччалар ундан кулишади, амалдорлар кўкрагидан итаради, ноқобиллар ҳазар қилади. У эса ҳаммасига чидаб чумолидай ишлайверади. Унинг меҳнати мевасини ўша бойваччалар, амалдорлар, ноқобиллар ҳам баҳам кўришади. Бир умрлик меҳнат азобидан, талашиш-тортишишлардан қўрқмаган одам кирсин бу йўлга...»

Асрор булардан қўрқмас эди, кирарди. Нолимасди ҳам. Фақат аввал оқ шайтон, сўнг қора шайтон учради унга. Мана, ҳозир икки шайтон қулига айланган бола кўзларини чирт юмиб, бирдан юзгача, юздан минггача санаб ётибди. Санагани фойда бердими ё уйқусизлик енгдими - ухлаб қолди.

Тушида шаҳар безовта эмиш. Милиционерлар елиб-югуришармиш. Уларни ўша ўлган одамнинг ўзи бошлаб юрганмиш.Нуқул «Қотил қани?» деб бақиришармиш. Асрор уни кўрган сари «Тирик экан-ку деб хурсанд бўлармиш. Кейин «Òирик бўлса, яна қанақа қотилни излашяпти?» деб таажжубланармиш. бешинчи қаватга чиқиб, қўнғироқ тугмасини босишганмиш...

Асрор эшик қўнғироғининг асабий жарангидан сапчиб туриб кетди. Туришга турди-ю, нима қиларини билмай тахтадай қотди. Онасининг «ҳозир» деган овозини, эшик очилгандан кейин қўшни аёлнинг «Маъсумахон иккитагина тухум бериб туринг, айланай» деганини эшитиб, сал ўзига келди. Вужудида жон-пон қолмаганини шундагина хис қилди. Бўш қопдай шалвираб ўтириб қолди. Совқатган одамдай баданига енгил титроқ турди. Онаси:

— Турдингми, болагинам? — деди эшикни қия очиб.

«Бормайман мактабга, — деб ўйлади Асрор, — ҳеч қаёққа чиқмайман». «Уйда ётиб олганимдан шубҳаланишса-чи?» деган ўй хаёлига келиб, бошини кўтарди. Кейин «мунча қўрқаман, ахир уни мен ўлдирганим йўқ-ку деб ўзига-ўзи тасалли берганича ўрнидан турди. «Мен ўлдирганим йўқ деб қайта-қайта такрорлади. Ўзини шунга ишонтирмоқчи бўлди. Бу руҳий муолажа таъсир этдими, сал енгил тортди.

Томоғидан нарса ўтмаса ҳам, ўзини мажбурлаб нонушта қилди. Кўчага чиқди. Чиқди-ю беихтиёр атрофга аланглаб олди. Бурчакдаги уй қаршисида Дилфуза уни пойлаётган эди. Улар ҳар куни шу ерда учрашиб, бирга мактабга кетишарди. Дилфуза уни жилмайиб қарши оларди. Ҳозир маҳзун бир аҳволда. «У ҳам ухламаганга ўхшайди», деб ўйлади Асрор. Бош ирғаб саломлашишди. Худди уришиб қолгандай индамасдан юришди.

— Энди нима бўлади? — деди Дилфуза паст овозда.

Асрор унга бир қараб олди, аммо жавоб қайтармади.

— Қамариддин бошламагандайди...

— Қамар бощламади, нимага ўзи пичоқ чиқаради! — деди Асрор жаҳл билан. — Сен.. кеча у ерда йўқ эдинг, билдингми?

— Сиз-чи? — Дилфуза Асрорнинг билагидан ушлаб тўхтатди, - Сиз-чи?

— Мен... билмадим...

— Сиз ҳам йўқ эдингиз. Бирга... кинода эдик. Гувоҳларим бор.

— Гувоҳ?

— Ҳа, дадамга кинода эдик, деганман. Тасдиқлашлари мумкин.

Асрор жавоб қайтаришга улгурмади. Орқадан кимдир чақириб қолди. Икковлари баравар тўхтаб, қарашди. Ўттиз қадамча нарида синфдошлари Зоир югуриб келаётган экан.

— Кеча Туроб билан борувдик, уйингда йўқ экансан, ойинг айтдиларми борганимизни? — деб сўради у етиб келгач.

— Кеча... кинода эдик, — Асрор беихтиёр шундай деб Дилфузага қаради. Дилфуза кўз ишораси билан унинг гапини маъқуллади.

— Нимага борувдинглар?

Туробнинг опаси эрга тегяпти-ку? Йигирма иккинчида зиёфати экан. Бир қизитиб берасан.

— Йигирма иккинчи... шанбами? Билмадим. Дадам тўй олиб қўйган бўлишлари мумкин.

— Агар Туробнинг бошида ташвишлари бўлмаганида сенга ялинмасдик. Ўзинг хўп дегандинг-ку?

— Хўп деганман, лекин бошқа кунлар бўлсин-да. Жума, шанба, якшанба банд бўламиз.

— Пулини берсак-чи?

— Ким беради?

— Ишинг бўлмасин. Дадангга айт, пулини тўлаймиз.

Зоир шундай дегач, худди дарсдан кечикаётгандай югуриб кетди. Унинг аччиқланганини, бирга юришдан ор қилганини Асрор ҳам, Дилфуза ҳам сезди. Сезса-да, бир-бирига бу ҳақида сўз очишмади. Чунки, одамгарчилик ҳақида баҳслашадиган кайфиятда эмасдилар. Ҳозир уларнинг хаёли бир нарса билан — кечаги мудҳиш воқеа билан банд эди.

Кинохонага яқинлашганда Асрор қатор тераклар томонга ўғринча қараб қўйди. Қамариддиннинг ўтирадиган ери шу жой. Ўтган йили худди шу ерда, худди шу пайтда Қамариддин уни чақирган эди. Асрор Қамариддинни ҳам, унинг атрофидагиларни ҳам сиртдан танир эди. Бир неча ой муқаддам қамоқдан чиққан Қамариддиннинг, шерикларининг ёмон болалар эканлигини ҳам биларди. Қамариддин чақирганида кўнгли ниманидир сезиб, оёғидан мадор кетди. Бормай, қочиб кетсам-чи, деб ҳам ўйлади. Аммо, қочиб қаёққа ҳам борарди. Беш-олти соатдан кейин яна шу ердан ўтади. Эртага ҳам, индинга ҳам... Ноилож борди.

— Кеча тўйда яхши тушдими? — деди Қамариддин ишшайиб. Ўшанда унинг ишшайганидан кўринувчи сўйлоқ тишлари ҳам, ғилай кўзи ҳам Асрорга дахшатли кўринган эди. Нима деб жавоб беришни билмай, индамай турганди. Қамариддин эса унинг елкасига қўлини қўйиб, юмшоқ оҳангда аммо қатъий буйруқ қилган эди, — Ширинкомадан чўзиш керак. Биздан қочма. Мен билан бўлсанг, биров чертмайди сени. Бўлмасанг - ўзингга қийин.

Дадаси Асрорга пул бермасди. Асрор онасидан олган овқат пулига қаноат қиларди. Ўшанда ҳам чўнтагида арзимаган тангалар бор эди. Қамариддин унинг бошини силаб туриб мазах қилди. Ўшанда Асрор тўйга борилганда қистирилган пуллардан беркитиб қолиб, унга келтириб бериш лозимлигини тушунди.

Бора-бора Асрорнинг ўзи ҳам Қамариддиннинг «ишончини оқлаб», шу ерда ўтирадиган бўлди. Қамариддин эса ундан бошқа пул сўрамади.

Ҳозир уларнинг жойи бўш. Ҳеч ким йўқ. «Ҳаммаси ин-инида беркиниб ётибди, - деб ўйлади Асрор, — мактабга келганим яхши бўлди».

Мактаб кўчасига бурилишганда Асрор қадамини тезлатди.

— Секинроқ борарсан, — деди Дилфузага қараб.

— Бугун кўришамизми? — деди Дилфуза синиқ овозда.

— Билмайман.

Дилфуза саккизинчида ўқийди, Асрор билан бирга мактабга келиб кетиши, танаффусларда гаплашиб туриши айрим ўқувчи, ҳатто ўқитувчиларда нотўғри фикр уйғотган, кераксиз миш-мишларга сабаб бўлган, оқибатда синф раҳбари қизни тартибга чақирган эди. Асрор кеча «тарбиявий соат» натижаларини Дилфузанинг ўзидан эшитди. Мактабга етмай ажралишларига шу сабаб эди. Энди уларни бирга кўрмаганлари маъқул.

Ҳозирча улар мактабга бора турсинлар. Биз уларни ўз ташвишлари, хаёллари майлига ташлаб қўяйлик-да, бу ердан уч чақирим наридаги район милициясига борайлик. У ерда биз кутилмаган учрашувга дуч келамиз.

МИЛИЦИЯГА ЕТИБ КЕЛГАН ХАБАР

ёхуд пенсияга чиқишни мўлжаллаб турган жиноятга доир

қидирув бўлими нозирининг аризасини қайтариб

олгани ҳақидаги ҳикоя

Майор Мақсуд Солиев ярим тунда операцияни якунлаб, уч ойдан бери изма-из қувиб келаётган ўғрибошини қўлга олгач, уйга қайтган эди. Кеч ётганига қарамай, одатича эрта турди. Нонушта пайти хотинига қараб:

— Иш битди. Ваъда бўйича бугун аризамга қўл қўйишади. Ана энди иккимиз қарилик гаштини сурамиз, — деди.

— Сиз-а?.. — деди хотини киноя билан, — уйда ўтира олармикансиз?

— Бу гапинг ҳам тўғри, енгилроқ бир ишга кирарман.

Майор бугун ишга шошилмаса ҳам бўларди. Лекин тарки одат - амримаҳол деганларидек, чой ича туриб ҳам соатига бир-икки қараб қўйди. Хотини буни сезиб, енгил уф тортди.

— Борақолинг ишингизга. Яна дунёни ўғри босиб кетмасин, — деб кесатди. Мақсуд Солиев бундай кесатиқларга, хотини эса унинг ҳамиша шошиб туришига кўникиб қолган. Агар у ишга шошилмаса, уйда ўтирса, хотинига кесатиқлар учун важ қолмайди. Ана шунда иккови чекишни ташлаган кашандадай гарангсираб қолса кераг-ов... Шубҳасиз, собиқ майор ишини қўмсайди. Хотин эса гап билан узиб-узиб олишни. То янгича бошланажак сокин ҳаётга кўниккунларича қийналишлари аниқ.

Тунлари жиноятчини қувишлар, аёзли кунларда дилдираб йўл пойлашлар, олишувлар... ҳаммаси тушда кўргандай ўтади, кетади. Ҳамма қатори шомда телевизор кўради, ҳамма қатори ётиб ухлайди. Елиб югурмайди. Ишга кирса кирар, бўлмаса чойхонада чойхўрлик қилиб юраверади-да.

Аслида пенсияга ўтган йили чиқиш керак эди. Аввал ўзи пайсалга солди. Ишдан кетса жони узилиб қоладигандай бўлаверди. Кейин юраги санчиб, нафаси қисилавергач, ариза берди. Бўлим бошлиғи анча оёқ тиради. Осонликча бўшатмасликларини майор биларди. Бошлиқ ёш, шошқалоқроқ. Жиноятчиларни тез қўлга туширса-ю, шуҳратга бурканса, юқорироққа кўтарилса. Билакда куч бор, ғайрат бор аммо Мақсуд Солиевдаги тажриба, ақл унда йўқ. Шундай бўлгач, ишонган ҳодимини осонгина пенсияга узата қолармиди? Бундан уч ой аввал майорнинг аҳди қатъийлигини билгач, кўнди. Бироқ, бир шарт қўйди. «Кечаги ўғриликни ўзингиз очасиз», деб туриб олди. Ўғриларнинг иш усули майорга таниш эди: бир аёл эшикни тақиллатади, қолганлар пойлаб туради. Эшик очилгач, бостириб киришади. Мана шу оддий усул, кўп ақл талаб этмайдиган ўғрилик майорни уч ой гангитди. Ниҳоят, кеча ишга якун ясалди. Бугун ваъда бўйича, аризага имзо чекилади.

Нонушта пайтида Мақсуд Солиевнинг дили равшан эди. Кўчага чиқиб ишхонага яқинлашгани сайин кўнгли хиралашиб бораверди. Ҳозир бошлиқ ҳузурига киради. Имзо чекилади. Тамом! Ўттиз йиллик меҳнатига шу зайлда якун ясалади. Балки бошқармадан фахрий ёрлиқ беришар, балки мажлис чақириб, тантанали равишда кузатишар. Майор буларни ўйлаб қайғурмайди. Унинг қайғуси бошқа — ўттиз йил умрини берган иш билан видолашишда.

Милиция биноси кўрингач, оёқлари юришдан бош тортаётгандай туюлди. «Ишқилиб бошлиқ жойида бўлмасин», «Ишқилиб бошлиқ кўнмасин», деган хаёллар вужудини қамраб олди.

Ичкарига кириши билан навбатчи милиционер «Бошлиқ йўқлаяпти, тез киринг» дегач, тарвузи қўлтиғидан тушди. «Тамом, иш пишибди. Бошлиқ кўнибди. Ҳозир мен билан хайрлашишади».

Подполковникнинг хонасида бўлим бошлиғи билан яна бир нотаниш киши бор эди. Мақсуд Солиев киргач, подполковник ўрнидан туриб унга пешвоз чиқди:

— Табриклайман. Раҳмат, сизга, — деди у, майорни икки елкасидан қучиб. Кейин жойига бориб ўтирди-да, нотаниш кишини таништирди:

— Ўртоқ Имомалиев бизга бир хабар етказдилар. Кеча шом қоронғисида беш-олти безори бир одамни калтаклаб, кейин сувга ташлаб юборибди.

Бу хабар майорнинг ғужғон хаёлларини бир зумда тарқатиб сергак торттирди. У бир зумнинг ўзида, пенсияга чиқаётган одам либосини итқитиб, жиноятга доир қидирув бўлимининг тажрибали нозири қиёфасига қайтди. У сарсари хаёлларини унутиб:

— Қаерда? — деб сўради.

— «Чеҳра» деган пивохона бор-ку, ўшандан юз метрча нарида. Анҳор бўйида уришди,- деди Имомалиев.

— Безориларни танийсизми?

— Йўқ.

— Жабрланган одамни-чи?

— Ҳеч қайсисини танимайман. Пиво ичиб ўтириб кўзим тушди. Аввал уришди. Одам йиқилганда тепишди. Кейин бир нималар қилишди. Кўзим илғамади. Кейин... одам ўлган бўлса керак, сувга отишди.

Икки ёноғи қип-қизил бу одам Мақсуд Солиевнинг кўзига ёмон кўриниб кетди.

— Индамай ўтиравердингизми пиво ичиб, ёрдамга бормадингизми?

— Кечирасиз, — деди Имомалиев ўрнидан туриб, — безориларга зарба бериш — сизнинг ишингиз. Мен бурчимни адо этдим — сизга хабар қилдим.

— Шунга ҳам шукр, катта раҳмат сизга, — подполковник шундай деб ўрнидан турди-да, унга қўл узатди. — Керак бўлсангиз яна безовта қиламиз.

Имомалиев чиқишга шайланганида майор уни гапга тутди:

— Безорилар неча киши эди?

— Беш-олтита дедим-ку!

— Аниқроқ билмайсизми? Ёши-чи, ёшларми ё катталарми?

— Билмадим, ғира-ширада ажратиб бўлмади. Гавдасига қараганда болалар эди.

— Сиздан илтимос, кўрганларингизни бошқаларга айтмай туринг.

Имомалиев хўп, деб чиқиб кетгач, подполковник Мақсуд Солиевга айёрона қараб олди.

— Нима қиламиз? Прокурорни огоҳлантирдик. ўаввосларни чақирдик.

— Ҳозирча шов-шув кўтармай туриш керак. Ўлдирилганини билдирмай турайлик.

Подполковник майорнинг мақсадини тушунди: қотиллар ҳозир ин-инига кириб кетган. Жиноий иш қўзғалганини билишса ҳали-бери чиқишмайди. Шунчаки бахтсиз ҳодиса, дейилса, уларнинг юзага чиқиши тезлашади. Мана шуларни назарда тутиб, подполковник унинг таклифига рози бўлди.

— Шу иш билан ўзингиз шуғулланмайсизми? Мана, бўлим бошлиғи рози бу таклифга.

Бу гапдан майор гангиди. Бу ерга киришдан мақсад бошқа эди. Гап тескари томонга айланиб кетди-ку? «Бўлим мудири розимиш, — деб ўйлади майор, — бу таклиф унинг ўзидан чиққандир, ҳойнаҳой, ҳа, айёр бола!»

— Мен... нима десам экан?

— Хоҳланг таклиф ўрнида қабул қилинг, хоҳланг буйруқ.

— Мен... ариза бериб қўйган эдим.

Подполковник столи устидаги бир варақ қоғозни олиб унга узатди.

— Манг олиб қўйинг. Ҳали эрта сизга. Энди кучга тўлиб, етилган пайтингизда кетмоқчимисиз?

— Саломатлигим... — Мақсуд Солиев гапини охирига етказа олмади. Подполковник уни шарт кесди:

— Шу ишни охирига етказинг-чи, кейин гаплашамиз.

Мақсуд Солиев йўқ, деб туриб олиши, каттароқ бошлиқларга мурожаат қилиши ҳам мумкин эди. Лекин, ҳақ гапга кўчилса, ҳозирги таклиф унга ёқди. Шунинг учун аризага қўл узатганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ҳатто чиқар маҳалида «яхши бўлди» деган фикр дилига равшанлик олиб кирди.

Даҳлизда Имомалиевга дуч келиб тўхтади.

— Ўртоқ майор, улар орасида бир қиз ҳам бор эди. Четда турувди.

— Индамай турувдими?

— Ҳа, у уришга қўшилмади, четда эди.

— Мен бу маънода сўрамадим, қиз қичқирмадими, ёрдамга чақирмадими?

— Йўқ, қичқирса эшитардим.

— Эртага эрталаб, йўқ саҳар соат олтида пивохона ёнига кела оласизми?

— Зарур бўлса келаман.

— Раҳмат сизга, яна бирор нима эсингизга тушиб қолса, телефон қилинг, — Мақсуд Солиев шундай деб унга ташриф қоғози узатди.

«Шунисига ҳам шукр деймиз, — деб ўйлади у нари кетган Имомалиевнинг орқасидан қараб. — Кўрган экан, югуриб бормайдими, одам тўпламайдими. Озгина ҳаракати билан бир бечорани ўлимдан сақлаб қоларди. Пивохонада бошқалар ҳам кўришган жанжални. Лекин, бирон бир инсоф эгаси топилмаган — биронтаси ҳам ўрнидан қўзғолмаган. Тағин ҳам бунда инсоф бор экан, хабар қилди. Бошқалар-чи? Қўрқоқми? Лоқайдми? Улар ўша одамнинг ўлимида ўзларини айбдор ҳис қилармиканлар? «Мен ўртага тушганимда тирик қоларди», деб виждонлари азоб берармикан?»

Мақсуд Солиев ўттиз йиллик иши давомида одамларнинг турфа хилини кўрди. У тажрибасига суянган ҳолда бир нарсага амин бўлди: жамият учун жиноятчидан кўра лоқайд одам хавфлироқ! Жиноятчи жабрини тортади, балки тўғри йўлини топиб олади. Лоқайд одам эса янги-янги жиноятларни кўрганида ҳам кўз юмиб кетаверади. Бунинг учун уни ҳеч ким айбламайди. Лоқайдлик деган дард бўлмаганида қанчадан-қанча одам жиноят жари ёқасида тўхтатиб қолинарди. Мақсуд Солиев мана шу ҳол билан сира муроса қила олмайди.

Мақсуд Солиев хонасига кириб, балоғатга етмаганлар билан иш олиб борувчи бўлимга қўнғироқ қилиб, пивохона атрофини назорат қилувчи нозирни топди.

— Рўйхатингизда турувчи барча ўсмирлар ҳақидаги маълумотни олиб келинг, — деб илтимос қилди. Унинг ишни ўсмирлардан бошлашига фақат Имомалиевнинг маълумоти эмас, балки кўп йиллик тажрибаси ҳам сабаб эди. Бир кишига кўпчилик бўлиб ҳужум қилинса кўп ҳолда улар орасида ўсмирлар учрарди. Калаванинг учини топиш ҳам айнан шулардан бошланарди. Дастлабки жиноят қўрқуви уларни фош қилиб қўярди...

Майор телефондаги гапини тугатмай, бўлим бошлиғи ёш йигитни бошлаб хонага кириб келди.

— Укамизни қанотингизга олинг, Талъат Шоумаров. Иккинчи курсда ўқир эканлар. Практикантлар. Афғонистонда хизмат қилган эканлар. Куч етарли. Аммо, билим билан тажриба бошқа.

Бўлим бошлиғи шошилиб турган экан, чиқиб кетди. Майор Талъат билан суҳбатлашиб, унинг оиласи, ҳарбийдаги хизматини сўраб билди. Кейин бошланажак ишни маълум қилди.

— Бир режам бор, сиз шуни амалга оширишда ёрдам берасиз. Ҳозирча сиз студент эмас, бекорчисиз. Пивони яхши кўрасизми? Ичмасангиз ҳам пивохона атрофида ўралашишга тўғри келади. Оқшомда сиз билан ўша ерда учрашамиз. Сиз мени танимайсиз, мен сизни.

Улар шу қарорга келиб хайрлашдилар.

Майор оқшомда уйига ўтиб кийимларини алмаштириб чиқди-да, пивохона томон йўл олди.

Биз майор билан пивохонада ҳали учрашамиз. У оқшомга қадар майда-чуйда ишлари билан овора бўлиб тура турсин. Унга қадар мактабга қайтайлик. Асрорнинг ҳолидан бир хабар олайлик.

КЕЧА ҚАЕРДА ЭДИК?

ёхуд ҳар эҳтимолга қарши топилган

баҳоналар ҳақида ҳикоя

Биринчи соатдаги дарсда Асрор ўз майли, ўз хаёлларига банди бўлиб ўтирди. Унга ҳеч ким ҳалал бермади. Алжабр муаллимаси — элликдан ошган, беҳад семиз аёл Асрор борлиги сабабли шу синфга киришга юраги безиллаб туради. Асрор буни билади. Баъзан муаллимага ачинади, баъзан ундан аччиқланади. «Ўттиз йилдан бери даққи бўлиб кетган. Математика оламидаги оддий янгиликларни билмаганидан кейин пенсияга қаноат қилиб ўтиравермайдими? Қўлланмадаги минг йиллик назарияни қайтаргани қайтарган...» Муаллима ҳам ўзини «эскириб» қолганини сезарди. Баъзан усталик қилмоқчи бўлиб, дарс ўтишни Асрорга юклар, Асрор аввалига бундан қувонар ҳам эди. Бир-икки шундай тажрибадан кейин Асрор муаллиманинг мақсадини пайқаб қолиб, унинг таклифини рад этадиган бўлди. Ундан ташқари болаларда билим пойдевори омонат, Асрор қурмоқчи бўлган иморатга дош беролмас эди. Ҳарҳолда математиклар тайёрлайдиган махсус мактаб билан, оддий мактаб билими ўртасида хитой девори бўлмаган тақдирда ҳам, каттагина фарқ мавжуд. Асрор дарс ўтишга хоҳиш билдирмай қўйгач, муаллима ундан чўчиб қолди. Хоразмийнинг илмий мероси, Бернуллининг қобилияти ҳақида соатлаб ҳикоя қилувчи ўқувчидан чўчиса арзийди. Муаллима дарс ўтатуриб дам-бадам Асрорга қарайди. Бирон бир савол бериб қолмаса гўрга эди, деб хавотирланади. Бугун ҳам шундай бўлди. Бироқ, Асрор бунга эътибор бермади.

Иккинчи соат — география. Асрор шу дарсда муаллиманинг қаҳр ўқига дуч келишини сезган эди. Ўттиз бешларга бориб қолган, озғин, сержаҳл бу аёлдан ҳамма безиллар эди. У ҳали ҳануз турмуш қурмаганми, ё эрдан чиққанми, болалар билишмайди. Уларга бир нарса аниқ — муаллима ёлғиз. Шу ёлғизликдан бўлса керак, сержаҳл. Бир куни Асрор ундан жаҳли чиқиб: «Бу хотиннинг сочидан то оёғидаги тирноғигача заҳар» деган эди. Шу аёл Дилфузанинг синфига раҳбар. Дилфузани «Асрор билан юрма», деб шу сиқувга олган. Кеча дарсдан кейин Дилфуза кинотеатр олдида Асрорни кутиб турган эди. Асрорни кўрди-ю, йиғламоқдан бери бўлиб, илмий бўлим мудири хонасидаги машмашани айтиб берди. «Давлат бизга фалон сўм сарфлармиш, биз эса санқиб юрганмишмиз. Ўғил бола билан юришга эртамиш. Вой тавба, ўғил бола билан бирга ўқигандан кейин, танаффусда ҳам гаплашиб бўлмайдими? Ичи қозон куясидан ҳам қора-да, унинг. Ўзи биров билан юрмайди, шунга бизни кўролмайди...»

Асрор қизнинг гапларини эшитиб ҳайрон бўлди. Уларнинг кўнглига шунақа қора фикр келган экан, нима учун қизни қийнашади? Нима учун унинг ўзига ҳеч нима дейишмайди. Агар ёмон ниятда юришган бўлса, айбдор қиз эмас, аввало бола бўлмайдими? Бу саволга Асрор тез жавоб топди. У — аълочи, мактаб фахри, математика, физика, химия олимпиадаларида биринчи ўринни олиб берган. Бадиий ҳаваскорларнинг иши Асрорсиз битмайди. Энг муҳими у — олтин медалга даъвогарлардан бири! Унга гард юқиши мумкин эмас. Дилфузага эса мумкин. Ўқиши ўрта. (Балки бу йил саккизинчини битириши ҳамон бирон билим юртига жўнатиш ҳаракатига тушиб қолишар?) Энг муҳими — у болалар уйида тарбия кўриб келган. Онаси вафот этиб, отаси аварияга учраб ётиб қолгач, у синглиси ва укаси билан икки йил болалар уйида яшади. Сал улғайгач, отаси «менга қарасин» деб, уни уйга олиб келди. Шундай экан, нима ёмонлик бўлса, фақат шу «бевош» қиздан чиқади. Асрор синф раҳбари билан илмий бўлим мудирининг хулосасини айнан тўғри фаҳмлаган эди.

Асрор тахмин қилганидай, муаллима биринчи бўлиб уни йўқлади.

— Хўш, Мирисаев, Лотин Америкаси мамлакатларининг ташқи бозорга қарамлиги нималарда яққол кўриниб турар экан?

Муаллиманинг кинояси Асрорга оғир ботди. Қўпол гапириб юбормаслик учун лабини тишлаб, индамади. Муаллима дераза ортида чайқалаётган дарахт шохларига қараб ўтирганича саволига жавоб кутди. Ўқувчисидан садо чиқавермагач, кўзини ташқаридан олмаган ҳолда сўради:

— Ўртоқ, Мирисаев, қулоғимиз сизда. Транспорт шаҳобчалари конфигурациясидан кўринармиди?

Аччиқни аччиқ, заҳарни заҳар кесади деганларидай, Асрор чидаб туролмай, ўзи билмаган ҳолда киноя билан жавоб қайтарди:

— Ўртоқ Аъзамхонова, бахтсизликни қарангки, мен Лотин Америкаси мамлакатларининг ташқи бозорга қарамлиги билан қизиқиб кўрмабман.

— Шунақами? — муаллима шундай деб унга ўгирилди. Лаблари пирпираб кетди, — унда нимага қизиқдингиз, ўртоқ Мирисаев?

— Ички бозорга қизиқибман, ўртоқ Аъзамхонова.

Киноя ўйини довулдан дарак берарди. Шу сабабли Асрорнинг гапига пиқ этиб кулган қизни болаларнинг ўзлари туртиб, тинчитишди. Муаллима синфдаги аҳволга эътбор қилмади. Ҳозир у учун энг муҳими — Асрор. Қотмадан келган, қора киприклари қизларникидай узун, кўзларидан ақллилиги сезилиб турган бу мўмин боланинг бу қадар беадаблиги уни лол қолдирган, йўқ, лол қолдирган, десак юмшоқ гапирган бўламиз, уни дарғазаблик минорасига чиқариб қўйган эди. Муаллима кечаги «тарбиявий соат»дан Асрорнинг хабар топганини билиб, арининг уясини кавлаб қўйганини сезди. Сезишга сезди-ю, аммо вақт ўтди. Ўйинни ўзи бошлади. Эвини қилиб, ютиб чиқмаса, болалар олдида обрўйи сариқ чақа бўлади.

— Яхши, — у бармоқларидаги титроқни яшириш учун мушт қилиб тугиб олди, — унда ички бозорда аҳвол қандай экан?

Асрор унга тик қарамоқчи эди, эплолмади. Муаллиманинг гезарган лабларидаги титроқни кўрди-ю, кўзини олиб қочди. Аввалги шаштидан асар ҳам қолмади.

— Ёмон экан, — деди боягидан пастроқ овозда, — айниқса паттачилари ёмон экан. Ақли етмаган ишларга аралашавераркан. Сен бу ерда сотма, сал нарёғда савдо қил, деб ғалва кўтаравераркан.

Болалар буни ҳазил деб тушуниб, кулишди. Аммо ўқ нишонга теккан эди. Муаллима титраб кетди. Асрор томон бир қадам қўйди-ю, яна тўхтади. Ўқувчисининг бу қадар бадаҳлоқлиги ундаги ғазаб дарёсини тошириб юборган эди.

— Сиз чарчабсиз, дам олинг ёки даволанинг, — деди муаллима сўнгги сўзига урғу бериб.

— Биз кеча яхши дам олганмиз. Бир эмас иккита кино кўрдик. Бор чарчоғимиз чиқиб кетди, — Асрор шундай дейишга деди-ю, «кинони дуруст айтдим» деб ўз-ўзидан мамнун бўлди.

— Сизга рухсат, сиз... бўшсиз, — муаллима шундай деб эшикни кўрсатди. Унинг бошқа иложи йўқ эди — ўйиннинг мағлубият билан якунланиши аниқ бўлиб қолган эди.

Асрор маданиятли киборлар каби бош эгиб, таъзим қилди-да:

— Завучнинг хонасида кўришгунча хайр, — деб чиқиб кетди. Синфда кулги кўтарилди. Муаллима болаларнинг бу гапларни оддий майнавозчилик, деб билганларидан бир томони қувонди. Агар улар Асрор айтган гапларнинг мағзини чақишса борми... Бозордаги паттачига тенглаштириб қўйди-я... Шу фикр миясига яна тўқмоқдай урилиб, Алининг аламини Валидан олди — столга мушт уриб «жим!» деб бақирди.

Асрор қилиб қўйган ишининг яхшими ёмон эканини билмай, гангиган бир аҳволда даҳлизда аста-секин юриб борарди. Унга кечаги фожеанинг ўзи етарли эди. Нима қиларди ўқитувчи билан ўчакишиб... Бирдан Асрорнинг фикри ёришиб кетди: тўғри қилди ўқитувчини ҳақоратлаб. Ахир кечаги ғалвага аралашишига бош сабабчи ўша-ку? Асрор кеча дарсдан кейин уйига бориб дам олмоқчи эди. Туни билан маст-аласт бойваччалар хизматида бўлиш уни анча ҳоритган эди. Қамариддин билан учрашиш, унга қўшилиб санқиб юриш режаси йўқ эди. Кинохона яқинидан ўтаётиб қараса, Дилфуза ўшалар билан турибди. Эси йўқ қизчага у ерда нима бор экан, деб яқинлашиб, мудир хонасидаги машмашадан хабар топди. Қамариддинга учраган бола осонликча кетарканми. Шу-шу уларга илакишиб, оқшомга қадар юраверди. Кейин Қамариддин пивохонага бирров кириб чиққач, анҳор ёқасида ўтиришди. Сўнг бир одам пивохонадан чиқди. Сигареталари қолмаган эди. Қамариддин билан Салим унинг йўлини тўсишди. У одам «кутиб турибсанларми, ҳаромилар» деб сўкди. Шунда Қамариддин у одамни бир урди. У одам эса Қамариддинни калла қилиб учириб юборди. Салим сергакроқ экан, сакраб туриб тепди. У одам эса пичоқ чиқаришга улгуриб, Салимнинг сонини тилиб юборди. Шундан кейин ҳаммалари ёпирилишди. Асрор бўлган воқеани бир-бир эслаб, « бош сабабчи - муаллима» деган қарорга келди.

У ҳовлига чиқаверишда комсоргга тўқнаш келди. Педагогика институтида сиртдан ўқийдиган бу йигит Асрорнинг назарида сал ҳовлиқмароқ эди. Ишининг тайини йўқ, аммо гап деса қоп-қоп топиб берувчи бу йигитга Асрорнинг ҳуши йўқ, шу сабабли комсоргнинг жамоат ишларига тортишга уринишлари зое кетарди.

— Асрорбек, яхши бўлди учратганим. Райкомсомол планни сал ўзгартирди. Эртага бошқачароқ қилиб ўтказамиз.

— Нимани? — деб сўради Асрор.

— Ие, эсингдан чиқдими? «Хоразмий — кибернетика отаси» деган кеча ўтказамиз, деб келишган эдик-ку? Бунинг ўрнига «Ломоносов - улуғ олим» деган мавзуда суҳбат ўтказиб берасан.

Асрор пешонасини тириштирди. Асрорнинг синфда дарс ўтиб, Хоразмий ҳақида гапирганини эшитган комсорг ҳовлиқиб келиб, уни саволга тутган эди.

— Ростданми? — деб сўраганди у ўшанда худди томдан тараша тушгандек қилиб.

— Нимани сўраяпсиз? — деб ҳайрон бўлган эди Асрор.

— Хоразмийни-да, кибернетикани яратгани ростми?

— Эшитмаганмидингиз? Ҳозир «алгебра» дейиладиган «алжабр» фанини тартибга келтириб, кибернетика асосларини яратган.

— Қачон?

— Минг йилдан ошди, — Асрор «бу одам чиндан жоҳилми ё лақиллатяптими», деб қараб қўйиб, шундай қўшимча қилган эди: — Кибернетикани алгоритм, алгорифм деган иборалари Хоразмий шарафига қўйилган. Европаликлар «ал Горезми» деб юриб, бориб-бориб «алгоритм»га айланиб кетган.

— Уни қара-я! Бойлик-ку, бу! Унга бағишлаб кеча ўтказамиз. Сен докладчисан. Мен райкомнинг рухсатини олиб бераман.

...Бу суҳбат Асрорнинг хаёлидан кўтарилган эди. Комсорг эса унутмаган экан. Лекин... мавзунинг ўзгариши...

— Докладинг эрталабгача тайёр бўлсин. Райкомдагилар «Кооперник билан Менделеевни ҳам қўшинглар», дейишяпти. Докладингга қўшиб қўй, хўпми?

— Уларнинг кибернетикага нима алоқаси бор?

— Ҳа, энди райком айтгандан кейин қўшиб қўявер-да. Докладингни олдин бизга кўрсатасан, комитетда кўриб чиқамиз.

— Комитетдагилар Хоразмийни билишадими? — деди Асрор, унинг гапидан ғаши келиб.

— Билса билмаса доклад кўриб чиқилиши шарт. Айниқса, ҳозирги кунда ҳар бир доклад сиёсий жиҳатдан пухта бўлиши зарур.

— Мен буни эплолмайман. Ломоносовнинг ҳаётини билмайман. Агар гапирадиган бўлсам, шу пайтгача Хоразмийни билмаганинглар учун танқид қиламан. Кооперник билан Хоразмийнинг фарқига бормайдиган райкомингизни ҳам айтаман. Бу ёқда ҳали Фаробий турибди. Ибн Сино, Улуғбек, Али Қушчи...

— Тўхта, тўхта, буларни билмаслигимизга комсомол комитети айбдорми, нимага танқид қиларкансан?

— Ҳамма айбдор. Буларни билмай туриб яхши билим олиб бўлмайди.

— Сен бу гапларингни қўй. Доклад қиласанми?

— Йўқ, қўлимдан келмайди.

— Унда комитетда ўзингни муҳокама қиламиз.

— Қандай қилиб? Ахир мен ҳали комсомолга аъзо эмасман-ку?

— Йўғ-е, нимага ўтмадинг?

— Ҳали қабул қилганингиз йўқ, — Асрор шундай деб истеҳзо билан кулди-да, унинг ёнидан ўтиб, ҳовлига чиқди. Бақатераклар орасига қўйилган ўриндиққа бориб ўтирди. Шамол терак баргларини беаёв юлиб хиралик қиларди. Қирқ йилдан бери чарчамай турган барабанчи пионер ҳайкали атрофида чанг тўзитади. Барабан чўплари ўн йиллар аввал синиб кетган, ҳар йили кумуш рангга бўялувчи бола нигоҳини узоқ уфққа тикканича шамолнинг қилиғига писанд қилмайди. Шу ерга ўрнатилгандан бери неча бўронни, дўл, ёмғирни кўрмади бу ҳайкал. Хашаки шамол нима деган гап унинг кўрганлари олдида.

Танаффусга қўнғироқ чалингач, Асрор «синфга кирсамми, кирмасамми, ё уйга кетаверсаммикин» деб иккиланди. Энди туриб юрган пайтда шошилиб келаётган синфдоши Отауллани кўриб, тўхтади. Сочи жингалак, ўзига оро бериб юришни яхши кўрадиган Отаулла ўзини Асрорга яқин тутарди. Ҳозир шошилиб келиши ҳам шундан.

— Нима қилиб қўйдинг, босс? — деди у Асрорни елкасига туртиб, — Қилиғингни бошқа ўқитувчига қилмайсанми? Бу география, бу йил охирги марта киради. Баҳо аттестатга кетади-я! Шунга ўчакишасанми?

— Нима қипти, — деди Асрор елка қисиб. У ҳозир бу ҳақда гаплашишни истамасди. Шу сабабли гапини қисқа қилмоқчи эди, аксинча бўлиб, Отаулланинг гап халтасини очишга сабаб туғдириб берди.

— Босс, бу нима деганинг? Институтда ҳисобга олишади ўртача баҳони.

— Институтга кирсам унинг баҳосисиз ҳам кираман.

— Ҳа, сенга гапириш осон. Калланг бор. Аммо... хафа бўлма-ю, сен учун кечирим сўраб қўйдим.

— Хафамасман, бердим сенга ўша «беш»ни.

— Э, беш керакмас, «тўрт» ҳам тешиб чиқмайди. Менга шунинг географияси керак эканми? Менга Бразилия иқтисодининг нима зарурлиги бор? Ўзи функцияларингнинг «максимум нуқтаси», «минимум нуқтаси» деганларинг манави еримга келиб қолди, — Отаулла шундай деб кўрсаткич бармоғини бўғзига бигиз қилди. — Лекин иложим йўқ. Аттестатни яхшилаб нархозга бормасам, баткам калламни олади. Мен аттестатни яхшиласам бас, қолгани баткамнинг иши. Баткамни биласан-ку, босс?

Унинг отасини, икки қаватли дўкон мудирини ким билмас экан. Ўқувчилар ҳам, муаллимлар ҳам яхши билишади.

— Менга нима учун дийдиё қилиб қолдинг? — деди Асрор унинг мақсадини тушунмай. — Мени уришгани келдингми ё бошқа дардинг борми?

— Вей, босс, сенга гап ёқмайдиган бўлиб қолибди. Мен сени география билан яраштираман. Сен кампирингга айтиб қўй, мени кўп қийнамасин. Тенглама-теоремаларига бари бир ақлим етмайди. Менинг келажагим тайин: карра жадвални билсам бўлгани, нима қилади бошимни қотириб.

— Бўпти айтаман.

Бошқа пайт, бошқа кайфият бўлганида Асрор Отауллани аямай, бу очиқ савдоси учун айтадиганини айтарди. Ҳозир бир ижирғаниб қўйди-ю, гапни чувалаштирмади. Унинг осонлик билан кўнганига Отаулла севинди.

— Маладессан-да, босс, кетворган боласан. Эртага йигирма бешни бераман.

— Қанақа йигирма беш?

— Йиғишяпти-ку? Тўйга... сен айтувдингми?

Асрорнинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. «Айтганини қилибди-да, ахир. Менга пул йиғиб беришмоқчи! Вой, бойвоччалар-е!..» У тез-тез юриб кетди. Синфга кириб Зоирни ёқасидан олмоқчи эди. Етиб боргунча дарсга қўнғироқ чалинди. Асрор китоб-дафтарини кўтариб чиқиб кетишга ҳам улгурмади.

Адабиёт ўқитувчиси журнални стол устига қўйди-да, думалоқ кўзойнагини бурни учига қўндириб, синфга разм солди.

-Демак, гап бундай: ўттизинчи йиллар адабиётини ўрганишни кечиктирамиз. РайОНОдан топшириқ бўлди, бугун сиз бизга «Бахтли болалик» деган мавзуда эркин иншо ёзиб берасиз.

— Ҳамма ёзадими?

— Бу нима деганлари бўлди? Зоирали бўтам, сизга алоҳида таклиф лозимми, ё?

— Иншони эркин деяпсиз-ку?

— Номи шунақа, бўтам. Қани, қоғоз олиб, иш бощланглар. Вақт кетмасин.

— Самад ака, биз болаликдан ўтдик-ку, нимасини ёзамиз?

— Ҳали ўтиб бўлганингизча йўқ, Зоирали бўтам, энди ўтяпсиз. Қилаётган ишингизга ўзингиз тўғри баҳо бера олган онингиздан бошлаб болалигингиз билан видолашасиз. Ҳа, ҳа, айнан видолашасиз. Болалик сизнинг хотирангизга кўчади. Вақти келиб, бу хотира виждон азобига солади, вақти келиб нималарнидир қўмсашга мажбур қилади. Хуллас, сизни ҳар куйга солади. У билан видолашишга ошиқманг. Болалик — ҳаётнинг асал палласи, ундан кўпроқ баҳраманд бўлишга интилинг. Асалдан кейин турли аччиқликларга дуч келасиз.

— Самад ака, шуларни ёзсак-чи? «Бахтли болалик» эмас, «Алвидо, болалик» десак-чи?

— Бўтам, кўп ақлли боласиз-ку, бироқ айрим вақтларда калтафаҳмлик қилиб қўясиз. Тушунинг, «Бахтли болалик» менга эмас, райОНОга керак. Шу боис мен билан тортишманг. Ишни бошланг.

Болаларни сизлаб, юмшоқ гапирувчи бу одам кўпинча ўз ишини ўзи қийинлаштирарди. Болалар уни бўшанг деб билиб, баравар тортишишдан тап тортишмасди. Баъзан бутун дарс тортишув билан ўтарди. Китоб ўқишни жонидан ҳам яхши кўрадиган Зоир кўпинча баҳс бошлаб қоларди.

Самад ака бугунги баҳсга барҳам бериш учун дераза олдига борди-да, қўлини орқасига қилиб, ҳовлига тикилиб олди.

Синфда шивир-шивир, қоғозлар шитири бошланди.

Асрор дафтар орасидан икки варақ йиртиб олиб «Бахтли болалик» деб ёзди-да, ўйга толди:

«Зоир тўғри айтди. Иншо эркин бўлганидан кейин ҳаммани мажбур қилишнинг нима кераги бор? Ҳамма ўзини бахтли деб ҳисоблайдими? Ана, Туроб, акасининг жасадини Афғонистондан олиб келишди. Онаси бунга чидолмай жинни бўлиб қолди. Ҳозир жиннихонада. Етти бола отасининг ўзига қолган. «Мен бахтлиман...» деб бошлайдими иншосини. Манзура-чи? Отаси кетиб қолган. Онаси иккови туради. У нима деб ёзади? Отауллага ҳам қийин. «Мен бахтлиман, чунки отамнинг пули кўп» дея олмайди. Аслида-ку, улар пулнинг кўплигини бахт деб билишади. Лекин очиқ айта олишмайди. Пул денгиз бўлиб мавжланади уларнинг уйида. Бироқ, ўзлари хоҳлаганча ишлата олишмайди. Бу бахтми ё бахтсизлик? Ҳарҳолда нима деб ёзаркин, у бойвачча? Бунақа гапларга Зоир уста, қотириб ташлайди. Умуман, бахтли бола у. Ота-онаси инженер, уйда ўзию синглиси. Газетага хабар ёзади. Нима истаса шунга эришади. Эргаш-чи? Отаси аравакаш. Дарс тугаши билан сомонбозорга югуради. Шуни ёзадими? Агар Дилфузаларга ҳам шу мавзу берилса у нимани ёзади? Икки оёғи қирқиб ташланган отасининг инжиқликлари, онасиз қолишнинг нақадар бахтсизлик эканини баён қиладими? Хўш, ўзим-чи? Ўзим нимани ёзай, кечаги воқеаними ё отам билан тўйма-тўй юришимними? Отамнинг ўйинчи хотинга суйкалишиними? Минг лаънат!» Асрор хаёлига келган фикрдан титраб, ўзини тутолмай қолди. Қаламни стол устига тақ этиб урди. Ўзига тикилган нигоҳларни туйиб, бошини эгди. Ич-ичида нимадир қизиб, кўкрагини ёндирди. У синфда ўтира олмаслигини сезиб, шарт ўрнидан турди-да, чиқиб кетди.

Эшикни ёпа туриб: «Босс касал бўпқопти», деган овозни эшитди.

Асрор ҳеч нарсага қарамай, кўчага чиқди. Кинотеатр қаршисидан ўта туриб яна ўша жойларига қаради. Не кўз билан кўрсин-ки, Қамариддин сигарет тутатиб ўтирарди. Ёнида икки югурдаги. Қамариддин Асрорни кўриб имлади.

— Кеча қаерда эдинг?

— Кинодайдим.

— Во, профессор бу, эшитдиларингми? Башкаси ишлайди. Сен кеча мени кўрганинг йўқ, демак. Қаёқдан ҳам кўрардинг? Кеча мен йўлда эдим. Андижондан келдим бугун эрталаб. Поезддан энди тушиб турибман. Мана билетим, — у шундай деб кўкрак чўнтагидан поезд билетини олиб кўрсатди. «Демак, эрталаб вокзалга борган, билетни ўша ерда кимдандир сўраб олган, ё ўмарган. Иши пишиқ бунинг», деб ўйлади Асрор.

— Демак, гап бундай, братишка, ҳамма қаердалигини яхши билади. Кеча ҳеч қандай воқеа юз бермади. Бугун сабантўй.

— Менинг вақтим йўқ.

— Ўзинг биласан. Билиб қўй: башкангни йўқотма. Ўзингга қийин. Мени ҳеч қандай қармоқ илинтира олмайди. Сен мактабда профессор бўлсанг, мен у ёқда...- Қамариддин бармоқларини панжара қилиб кўрсатди, — академик бўлиб келганман. Омон қоламан, десанг, мендан узоқлашма.

— Салимнинг ярасини боғладингми?

— Салимнинг иши беш, ундан хавотир олма. Сен фақат қўрқмасанг бас, бу ёғи о­’кей бўлади.

Қамариддиннинг гапидан кейин Асрор ўйланиб қолди. «Ҳозир бу ердан кетиб қаёққа ҳам борардим. Уйга қайтсам ҳисоб беришим керак. Бир ўзим шаҳарда санқиб юраманми?» Шу фикрга келиб, Қамариддиннинг ёнидан жой олди.

Энди уларни шу ерда қолдирайлик-да, майор Мақсуд Солиев билан учрашайлик. Тажрибали изқувар режаси билан танишайлик.

АШЁВИЙ ДАЛИЛ

ёхуд мурданинг сувдан чиқариб олиниши

ҳақида ҳикоя

Пивохонада одам кўп. Пиво ҳиди, сигарет тутунидан нафас қайтади. Отни эртароқ қамчилаганлар столлар атрофида, кечроқ қолганлар дуч келган ерда тик турганча нафс балосининг кўнглини овлаш билан банд. Талъат шундайгина кондиционер яқинидаги столдан жой олган. Стол усти шишага тўлган. Айрим шишалар бўш, айримларидаги пиво «озодликка чиқишни» кутиб, муте одамдай пайт пойлаяпти.

Мақсуд Солиев ичкари кириб атрофга тезгина кўз югуртирди. Талъатда нигоҳини тўхтатмади. Ёнидагиларга гап уқтираётган Талъат ҳам Солиевни кўриб кўрмаганга олди. «Нималарни гапираётибди экан, ҳаммани ўзига қаратиб олибди-ку? Ё «қамоқда кўрган-кечирганлариними»?

Пештахта атрофида одам кўринмаганидан билдики, пиво йўқ. Шундай бўлса ҳам сотувчига яқинлашиб, пиво сўради.

— Пиво соп бўлди, окам, бу ёғини тортиб қўйишган. Эртага воҳлироқ келас, — деди юзлари бўриқиб қизариб турган йигитча. Нарида пул санаётган ёши каттароқ киши Солиевга бир қараб олди-ю, ишини хотиржам давом эттирди.

— Зоримиз бор, зўримиз йўқ, илож қанча, — деди Мақсуд Солиев нари кетаркан. Эшик оғзида тарбияси бузилган ўсмирлар билан ишловчи нозирни кўриб, кўзини олиб қочди. Ёш лейтенант йигит бунинг маънисига етмай, майор билан сўрашди. Яхшики кафтини чаккасига олиб келмади. Энди индамай чиқиб кетиш мумкин эмас. Қайтиш керак. Айб майорнинг ўзида. Талъатни огоҳлантирибди-ю, тарбияси бузилган ўсмирларнинг ҳужжатларини олиб келган лейтенантга кундузи бу ҳақда ҳеч нима демабди.

Мақсуд Солиев лейтенантни қўлтиғидан олди.

— Менинг кимлигимни бу ердагиларнинг билмаслиги дуруст эди, — деди у, — бўлар иш бўлди. Пивохона хўжайинига сўзингиз ўтадими?

— Ўтганда қандоқ. Ҳозир айтаман. Сизни юрфакдаги домлам деб қўя қоламан.

Лейтенант сотувчи томон борди-да, каттасига нимадир деб шипшиди. Катта йигитчага гапирмади ҳисоб. Киши билмас имо қилиб қўя қолди. Йигитча шошилганича пештахта ортидан чиқиб, бурчакда устига шишалар териб қўйилган столни бўшатди-да, артиб, кирроқ бўлса ҳам дастурхон ёзди. Ичкаридан иккита стул олиб чиқиб қўйгач, қуллуқ қилганича майорга жой кўрсатди.

Пивохона каттасига лейтенант яна бир нарса дегач, ўтирмай чиқиб кетди. Катта эса тўрт шиша пивони келтириб қўйди-да, майор билан қўшқўллаб сўрашди.

— Танимасни сийламас дейдилар. Сизга ўхшаган ҳурматли акахонларга олиб қўймасак, уялиб қоламиз. Қани, олсинлар, — у шундай деб бир пайтлар оппоқ бўлган халати чўнтагидан иккита қурут чиқариб қўйди. Майор чўнтагидан пул олмоқчи эди, «қаттиқ хафа бўлишини» айтиб, қуллуқ қила-қила жойига қайтди.

«Бу илтифотлар қўрқув натижасими ёинки «арзимас бир илтимос»нинг муқаддимасими? — деб ўйлади майор унинг изидан қараб. — Бугун тўртта пиво қўйди. Эртага тўртта эмас, керак бўлиб қолса, қирқта қўяди. Даста-даста пулларни тахлаб бир учини кўрсатади-да, ўша «арзимас илтимоси»ни айтади. Карра жадвалдан бошқасини билмайдиган шу думбул ўғли ё укасининг «юрфакда ўқишга иштиёқи баланд»лигини билдиради. Чиндан домла бўлсам нима қиламан — кўнаман. Кўнмайдиганлар ҳам борми? Бор бўлса билимсиз, иқтидорсиз, туйғусиз студентлар қаёқдан ёғиляпти? Домлаларга бу билимсизлар икки томонлама фойда: ҳам киришда ишлаб олишади, ҳам беш йил ўқув давомида соғин сигирдек соғишади. Билимли боладан уларга нима наф бор? Отасининг пулига ўқиётган болада инсоф, виждон деган нарса қолармикан? Ўқишни битиргунча порахўрлик, юлғичлик йўлларини тўла-тўкис эгаллаб олмайдими? Жиноят кўпайяпти, деймиз, қаёқдан пайдо бўляпти, бу нусхалар, деймиз. Ахир уларни ўзимиз шундай тарбия қиляпмиз-ку? Акасининг пули эвазига ўқиётганини кўрган ука мактабда дуруст тарбия, билим олади, деб ким кафолат беради?»

Майорнинг хаёлидан шу гаплар ўтиб, пиво ичгиси келмай қолди. Лекин ичишга мажбур. Катта қараб-қараб қўйяпти. Мақсуд Солиев стаканга пиводан қуйиб симирди.

«Бу аҳволда жиноятни камайтириб ҳам, олдини олиб ҳам бўлмайди, — деб ўйида давом этди майор. Кечаги марҳумни ҳам, қотилларни ҳам бу ердагиларнинг кўпи кўрган: аммо сўрасанг, без бўлиб туриб олишади. Баъзилари қўрққанларидан айтишмайди, айримларнинг сарсон бўлишга тоқатлари йўқ. Қизиқ... агар ҳозир турсам-да: «ўртоқлар, кеча беш-олти безори бир одамни ўлдириб кетибди. Милиция уларни қидирмайди ҳам, топмайди ҳам», десам нима қилишаркин? О, ғалаён кўтарворишар? «Нимага тутмайсиз, тутишга мажбурсиз, бу сизнинг вазифангиз...» деб даъво қилишади. Бизга ёрдам беришни истамаган одам эртага ўша безорилар қўлига тушиб қолса-чи? Кўринг томошани...»

Майор беихтиёр Талъат ўтирган томонга кўз ташлади. Талъат ҳам у томон қараб-қараб қўйиб гапирарди. Бир маҳал ўрнидан турди-ю, тўғри майорга қараб юрди.

— Амаки, бир ўзингизга тўртта пиво кўплик қилар, иккитасини менга сотинг, — деб уч сўм узатди. Кейин тусини ўзгартирмаган ҳолда қўшиб қўйди: — танишиб олдим, кунда-шундалар экан.

— Учтасини ола қол, ичмайман, — майор шундай деб шишаларни суриб қўйди-да, Талъат узатган пулни олди.

Талъат узоқлашиши билан пивохона эгаси югуриб келди:

— Нима бўлди, домлажон?

— Кўнгли тортиб қолибди. Менга кўплик қилади. Сотиб юбора қолдим, — майор шундай деб унга пулни узатди. У индамай олиб, чўнтагига солди. — Сиз хижолат чекманг, — деди майор юмшоқ оҳангда, — мен шунчаки чанқоқ босдига кирган эдим. Сизни ҳам уринтирдим, узр.

— Қизиқмисиз, домлажон, сиз туя сўйиб чорласак ҳам келмайдиган одамсиз, бир кеп қопсиз, — катта «мен ҳозир» деди-да, ичкари кириб кетди. Дам ўтмай иккита шишани газетага ўраб олиб чиқиб, стол устига ётқизиб қўйди.

— Уйда оёқни узатиб бир хумордан чиқасиз. Бу ерда, манавилар олдида иштаҳа ҳам бўғилиб кетади.

Майор унга миннатдорлик билдирди-да, Талъатга имо қилиб сўради:

— Бу йигит кўп ичадими, дейман, яна ғалва-палва кўтармасайди.

— Бу йигитни билмайман, бугун пайдо бўлиб қолди. Аммо шериклари ғалва чиқаришмайди. Молдай ичишга ичишади-ю, аммо индамай кетишади.

— Мижозларингизни билар экансиз-да?

— Касбимиз шу-да.

— Ишқилиб тинч кетишса бас, замон оғир ҳозир. Сизга ҳам гап тегиб қолиши мумкин.

— Тинч кетишади. Биз томонларда ғалва йўқ. Икки йилдан бери шу ердаман, бир марта ҳам ғалва чиқмади.

Майор яна миннатдорлик билдирди-да, ташқари томон юрди. Катта уни кўчага қадар кузатиб, қўшқўллаб хайрлашди.

— Эртадан кейин бир келинг, домлажон. Чимкентникидан олиб келиб қўяман. Биласиз-а, ҳозир энг зўри шу Чимкентники. Оғайнилар бир-икки яшик бериб туришади. Сизга ўхшаган акахонларга деб олиб қоламиз.

«Демак, Чимкент пивосидан бошлаб, кейин Арман коньягига, балки французларнинг «Наполеон» коньягига ўтсак керак. Ишимиз «беш»ку», деб ўйлади майор ғижиниб. У анҳор ёқалаб юрди. Пивохонадан юз қадамча узоқлашгач, орқасига ўгирилди. Ичкарида ўтирганларга бемалол кўринадиган ер. Эртага тонгда Имомалиев жойни аниқроқ кўрсатиши мумкин. Майор столбага яқинлашиб тепага қаради: лампочка синдирилган. «Қачон синдирилган, кечами ё анча бўлганми? Ким билади буни? Ҳеч ким. Фақат экспертиза аниқлаб бериши мумкин... Демак, қоронғи бўлган... Йўқ, кеча ойдин эди-ку? Қотиллик барвақтроқ содир бўлган. Пивохона қоронғи тушгунча ишламас. Талъат сўраб билса яхши эди...»

Мана шу оҳиста оқаётган сув остида бир одам ётибди. Унинг гуноҳи нима эди? Нима учун беш-олти безори уни копток қилиб тепди? Уларни ваҳшийликка нима даъват этди? Унда аламлари бор эдими? Ёки шунчаки йўлтўсарлик қилишганми? Йўқ, йўлтўсарлик бўлса, бир-икки уриб тарқалишарди. Ўлдириб сувга ташлашга бошқа муҳимроқ сабаб керакдир. Бугун тунда ғаввослар мурдани олиб чиқишади. Ёнида бирор ҳужжати бўлса-ку, дуруст. Бўлмаса, яқинлари қидиргунча номаълумлигича қола туради.

Майор Солиев шуларни ўйлаб борарди. «Агар ғаввослар кундузи ищ бошлашганда пивохонада ҳозир барча шу воқеа ҳақида гапираётган бўларди. Бугун қотиллар бу ерга яқинлашишмаган. Агар мурда топилгани, милиция иш бошлаганидан хабар топишса мутлақо яқинлашишмайди бу ерга». Майор «Қотиллар шу атрофда яшайдиган одамларми ё марҳумнинг изидан тушганларданми деган саволни кўп ўйлади. Унинг фикрича қотиллар шу атрофда ўралашиб юрадиган бебош ёшлар бўлиши керак. Чунки қасддан қилинадиган қотиллик учун ҳоли жой танланади. Бу ер — йўл усти, сал нарида гавжум пивохона. У одам пивохонадан чиққан. Пивохонага эса фақат шу йўлдан бориб-қайтилади. Йўлнинг нариги боши кавлаб ташланган. Ҳозирча Мақсуд Солиев қатъий қарорга келганича йўқ. Марҳумнинг шахси аниқлангандан кейингина бир хулосага келиш мумкин.

ўаввослар тунги соат учда иш бошлашди. Анҳор сокин оқарди, шунинг учун иш узоқ чўзилмади. Мурдани экспертизага жўнатиб, анҳор ёқасида майорнинг ўзи қолди. Тонгда бу ерга Имомалиев келиши керак. У марҳум калтакланган жойни аниқроқ кўрсатиб беради. Балки ашёвий далил топилиб қолар? Ҳозирча майорга бир нарса аниқ: марҳумнинг чўнтагидан чиққан гувоҳномага қараганда у — Мирқосим Миртиллаев — самолётсозлик заводининг ишчиси. Эртага кундузи заводга бориб, маълумот тўплашни бошлайди.

Майор ой нурида жимирлаётган анҳор сувига тикилиб турар эди, одам шарпаси эшитилиб, орқасига қаради. Талъатни кўриб, ажабланди.

— Сиз нима қилиб юрибсиз? Сизни айтмаган эдим-ку?

— Ёрдамим керак бўлиб қолармикан, девдим.

— Сизга аниқ вазифа юкланган.

— Бажаряпман, — деди Талъат сал жонланиб, — ҳалиги кўрганларингиз ичкилик деса ўзларини томдан ташлашади. Қурилишда ишлашаркан. Кеча пиво кўп бўлибди. Пивохона ўн иккиларда ёпилибди. Безори болалар ҳам ўралашиб юришаркан. Жанжал ҳам бўлиб тураркан.

— Безорилар бугун кўринишмабдими?

— Бир-иккитаси кўринибди. Менга ғилай йигитни кўрсатишди. Атрофига болаларни йиғиб юраркан. Яна олифта кийинган уч йигитча келиб ўтирди.

— ўилай деганингиз болалар билан кирдими?

— Йўқ, бир ўзи. Уч шиша пиво ичиб чиқиб кетди. Кўп ўтирмади.

— Кузатаётганингизни сездириб қўймадингизми?

— Йўқ, гап орасида шунчаки сўраб кўрдим. Лекин кечаги жанжални тилга олишмади. Кўрмаганга ўхшашади.

— Бўлиши мумкин. Аммо кўпинча кўришса ҳам кўрмаганга олишади. Сиз ҳали ишингизда бунақаларга кўп дуч келасиз. Сиз энди бундай қиласиз: безорилар якка-ёлғиз юришмайди сира. Ундан ташқари улар бир неча гуруҳ бўлади. Сиз зўравон гуруҳни аниқланг. ўилайнинг гуруҳими ё учта олифтами ё бошқами. Сиз зўравон гуруҳнинг зўри билан яккама-якка чиқишингиз керак. Шунда қолганлари ҳам қўлингизда бўлади. Эртага кундузи сизга колонияни кўрсатишади. Қамоқдан озод қилиш ҳақидаги қоғозни беришади. Сиз шартли равишда озод қилинган безорисиз. Бизнинг район милициясида рўйхатда турасиз.

— Ўртоқ майор, шартми шулар, ахир бунақа усуллар йирик жиноятларни фош қилишда қўлланилмайдими?

— Йирик? — майор Талъатга бошдан-оёқ разм солди. Аммо ундан аччиқланмади. Бир у эмас, бошқа ёшлар ҳам шунақа фикр юритишади, Мақсуд Солиев эса жиноятни катта-кичикка ажратмайди. Бу ажратиш ишни қийинлаштиришга олиб келишини билади. Ҳозир шулар ҳақида гапиргиси келди-ю, бироқ вақти-соати билан ўзи фарқлаб олар деган фикрда қароридан қайтди.

— Шу атрофда жиноятлар кўпайяпти. Сиз айтмоқчи «майда жиноятлар» бари. Қани, бир ҳаракат қилиб кўрайлик-чи? Аввал қотилларни топишимиз керак. Кейин адашиб, санқиб юрган бошқа безориларни тўғри йўлга солишимиз зарур.

— Биз тўғри йўлга соламизми? Улар, менингча, сира тўғри йўлга тушишмайди. Шартта обориб қамаш керак. Қотилларни шарт пешонасидан отиб ташлаш керак. Шунда тартиб бўлади.

Икки-уч йилдан кейин одамларнинг тақдирини ҳал қилиши лозим бўлган йигитдан бу гапларни эшитиб Мақсуд Солиев лол қолди. Демак, жиноятчига нисбатан унда фақат нафрат бор. Ана шу нафрат ҳақиқат йўлига ҳамиша тўсқинлик қилиб туради. Жиноятчининг юрагига қўл солишга имкон бермайди. Адаш хулосалар, адаш ҳукмлар шундан келиб чиқади. Шу нафрат туфайли тўғри йўлга қайтиши мумкин бўлган жиноятчилар ҳаётдан аламзада бўлиб, қайта-қайта ўч олишга киришадилар. Талъатга бу нафрат қаердан юқди? Унга жиноятни очиш йўлларини эмас, аввал жиноятчини тўғри тушунишни ўргатиш керак экан.

Майор шуларни хаёлидан ўтказиб, бир оз жим қолди. Кейин уни қўлтиғидан олиб аста юрди.

— Сиз Афғонистонда ўлим билан юзма-юз бўлиб қайтгансиз. Рўпарангизда ашаддий душманлар билан бир қаторда адашганлар ҳам бўлган, шундайми? У ерда ўқ ким душман, ким адашган — ажратиб ўтирмайди. Бу ерда ҳам ашаддий жиноятчилар бор, адашганлар бор. Биз бараварига ўққа тутсак, биласизми, нима бўлади? Биз адашганларга, ҳатто ашаддийларга ҳам, тўғри йўлга тушиш учун имкон яратиб беришимиз керак.

— Улар-чи? Улар тўғри йўлга тушгунларича ўғрилик қилаверадилар, одам ўлдираверадилар. Биз эса имкон туғдириб бераверамизми? Унда бизнинг нима керагимиз бор?

— Иним, кўнглингизга олманг-у, аммо бир саволим бор: бу соҳага нима учун кирдингиз? Афғонистонга бориб келганингиз учун берилган имконият мавжудлиги учунми?

— Мен у ерда ўлимларни кўрдим, ваҳшийликларни кўрдим, ўртоқ майор. Ўшаларга нисбат қилсангиз — биз жаннатда яшаяпмиз. Шунақа ҳаётнинг қадрига етмаганларни отиб ташлагим келади. Нима учун ўғрилик қилишади, нима учун одам ўлдиришади? Нима етишмаяпти уларга? Меҳнат қилса оч қолмайди-ку ҳеч ким? Мен ҳарбийга чақирилмасимдан олдин ҳам шуларни ўйлардим. Аввалига ўқишга киролмадим. Кейин сиз айтгандай имкониятдан фойдаландим.

— Лекин бу кайфият, бу нафрат билан ишлаб бўлмайди — майор шундай деб ҳозиргинада кўнглидан ўтган гапларни тушунтирган бўлди. Талъат анчагина қайсар экан, ўзиникини маъқул деб тураверди.

— Мен хат олдим қуролдош дўстимдан, — деди у гапини маъқуллаб. — Улар бир порахўрни фош этишиб, милицияни ҳам, идораларни ҳам огоҳлантиришибди. Улар эса, сиз айтгандай, имкон яратиб беришибди. Порахўрга чора кўрилмагач, уйига ўт қўйишибди. Ҳозир ишлари терговда эмиш.

— Дубровскийчасига иш кўришибди-да?

— Яна бошқа иложлари бормиди? Милиция жиноятчини тушунишга ҳаракат қилгунча у қанча одамларнинг шўрини қуритади. Йўқ, ўртоқ майор, кескинроқ бўлиш керак. Шартта-шартта ишлаш керак. Аямаслик керак уларни. Уларнинг тузалиб кетишларига мен ишонмайман!

— Агар шу фикрда қатъий қолсангиз, мен сизни ишдан четлатишга мажбурман. Сизнинг ҳаракатингиз менинг иш услубимга мутлақо зид. Ўйлаб кўринг. Менга халал берманг.

Майор унинг билагидан қўлини олиб, нари кетди. Талъат унинг орқасидан анчагача қараб турди-да, кейин тез-тез юриб бориб унга етиб олди.

Улар тонгга қадар анҳор ёқасини кездилар. Талъат майор билан бошқа баҳслашмади. Афғонистонда кўрганларини гапириб берди. Ўн саккиз йил иссиқ ўринда улғайган йигитнинг уруш шароитига тушиб қолгандаги аҳвол-руҳияси ҳам маълум. Майор бунга тушунарди. Ўзи ҳам дастлаб жиноятчилар билан олишганда, биқинидан ўқ еганда мана шундай хаёлларга борган. Вақт ўтиши билан совуққонликка ҳам ўрганди. Ҳали Талъат ҳам кўникади бунга. Энг муҳими бу йигитда мақсад бор, жамиятни тозалаш нияти бор. Бунақа одамни пора у ёқда турсин, дунё бериб ҳам сотиб олиш мумкин эмас. Майорнинг Талъат ҳақидаги дастлабки таасуроти шу.

Тонгда, белгиланган вақтда суратчи, эксперт, кейин Имомалиев етиб келди. Суратчи пивохонани, унинг атрофини, сўнг Имомалиев кўрсатган жойни суратга олди.

Мақсуд Солиев кеча одам ўлдирилган жойни синчиклаб кузатди. Соҳилда ўтлар топталган. Аммо ашёвий далил бўла оладиган бирор нарса, ҳатто сигарет қолдиғи йўқ. Майор шундан ажабланади. Наҳот шунча боладан биронтаси чекмаса? Ё атрофни тозалаб кетишганми? Назарга тушадиган фақат бир нарса — кўлмак ўрнида оёқ изи қолган эди. Экспертнинг асосий иши шу бўлди.

Улар кўчада ҳаракат кўпаймасдан ишларини якунладилар.

— Ҳалиги гапимни унутманг, ўйлаб кўринг, муносабатингизни ўзгартирсангиз бирга ишлаймиз. Бўлмаса йўқ, — деди Мақсуд Солиев Талъат билан хайрлашар экан.

Энди майор уйига бориб озгина мизғиб олади. Кейин милицияга қайтади. Судмедэксперт хулосаси билан танишади. Унга қадар биз Асрорнинг ёнига қайтамиз. Уни Қамариддинга рўпара қилиб қўйиб, бошқа воқеага кўчган эдик. Қани, у Қамариддин билан нималарни гаплашди экан?

АЛАМЗАДА ОДАМ

ёхуд онаси ташлаб кетган боланинг аянчли ҳаёти

ҳақида ҳикоя

Асрор ўтириши билан Қамариддин ёнидаги икки болани «сигарет олиб келларинг», деб турғизиб юборди.

— Дарсдан қочдингми? — деди Қамариддин, Асрорга диққат билан тикилиб.

— Қочмадим, чиқиб кетдим. Асрор мактабдаги воқеани айтгиси келмади.

— Профессор, башарангда ранг қолмабди. Шунчалик қўрқяпсанми? Сен қўрқма. Ўзим ўтирсам ҳам сени тортмайман. Болаларга ҳам тайинлайман. Сен йўқсан орамизда. Сен ичимизда башкалик боласан. Ўқишинг керак. Мен бари бир қамалиб кетаман. Бугун бўлмаса, эртага. Сенга ўн беш йил вақт бераман. Агар ўн беш йилда профессор бўлолмасанг, ўғриларга қўшиб юбораман.

Қамариддин шундай деб унинг елкасига муштлади. Асрор уни ҳазиллашяпти, деб ўйлади. Йўқ, Қамариддиннинг кўзида қувлик йўқ эди. Қарашлари жиддий, ҳатто ўйчан эди.

— Ўнинчини битириб, уйингдан чиқиб кет. Гапимга хафа бўлма. Отанг сени ўқитгиси келмаяпти. Сени мен ўқитаман. Пулим бор. Ўнинчини битирган кунинг бераман. Унгача қамалиб кетсам, хат билан маълум қиламан. Китобни фалон жойдан, фалон одамдан олиб юбор, десам, пулни тушунавер. Ўзинг олиб ишлатасан. Ўқимай юриб пулни еб юрсанг... ўлдираман.

Қамариддин кейинги гапини совуққина қилиб айтди. Асрорнинг эти сесканди. Қамариддин гапини қандай совуққонлик билан айтса, шундай совуққонлик билан амалга ошириши мумкин эди. Асрор бунга кеча гувоҳ бўлди. Қамариддин талатўпда шошиб ҳам қолмади, ҳаяжонланмади ҳам. Ўлган одамнинг чўнтагини кавлаб пулини олди-да, сув бўйига судраб келди. Кейин тўрт киши кўтариб анҳорга отишди. Қамариддин шунчаки тош ирғитгандек отди. Кейин «жўналаринг, бугун биз кўришмадик», деди. Овозида заррача ҳаяжон, қўрқув сезилмади. У кунда, кунора мол сўйиб юрадиган қассоблардек хотиржам эди.

Асрор учун Қамариддиннинг бу ҳиммати янгилик эмас. Қамариддин кўпдан бери «Сени ўқитаман, профессор бўласан», деб юрарди. Лекин Асрор буни ҳазил деб тушунарди. Асрор Қамариддинни аввалига шунчаки майда йўлтўсар, кисавур деб ўйлаган эди. Айниқса, уни дастлаб чақириб пул талаб қилганида шу фикрда эди. Кейин қўрқув туфайли унга яқинлашиб қолгач, фикри ўзгара бошлади. Қамариддин йўлтўсарлик қилмас эди. Айниқса ёш болаларга тегмас эди. Ёнидаги болалар Қамариддин йўқ пайтдагина бу ишга қўл уришга журъат этишарди. Қизиғи шуки, Қамариддин ёш болаларга тегишга йўл қўймасди, аммо бирон бир боланинг бу ишга қўл урганини билгач, уни жазоламасди ҳам. Асрор унинг мана шу жумбоқли феълидан ажабланарди.

Қамариддиннинг ёнидан сира пул аримасди. Болаларни ҳамиша меҳмон қилиб юрарди. Унинг вужудида ҳам меҳр, ҳам ваҳшийлик яширинган эди. Асрор қачон меҳр, қачон ваҳшийлик бош кўтаришини билмас эди. Мана ҳозир Қамариддин меҳр ҳукмига бўйсуниб ўтирибди. У бекордан бекорга гапирмайди. Айтганини қилади. Пул бераман дедими, беради. Ураман, деса — уради. Ўлдираман, деса— ўлдиради, тамом!

Асрор ҳам, бошқа болалар ҳам Қамариддиннинг армонини билишмайди. Қамариддиннинг дарди ичида. Фақат бир марта, кайф қилиб ўтириб, Асрорнинг бўйнидан ушлаб, пешонасини пешонасига босиб хўрсинган: «Менинг ҳам ўқигим келарди, студент бўлиб юргим келарди. Олим бўлиб оқ «Волга»ларда керилиб юргим келарди», деган эди. Ана шунда Асрор унинг қалбида катта дард, алам борлигини сезган эди.

Ҳозир Қамариддиннинг ўша хўрсиниб айтган гапларини эслади.«Демак, ўзи эришолмаган даражани менга инъом этмоқчи», деган тўхтамга келди.

— Сенга бир маслаҳат айтай: анави маржага уйлан, яхши кўрмасанг ҳам уйлан. Унинг юраги яримта. Уйлангин-у, аммо бурнингдан ип ўтказиб олишига йўл қўйма.

Қамариддин «маржа» деб Дилфузани назарда тутган эди.

— Уни... яхши кўрмайман, биласан-ку...

Ҳа, Қамариддин билади. Сочи калта қирқилган, дуркун бу қиз болалар уйидан қайтиб, шу мактабга қатнай бошлагач, унинг атрофида ўралашадиганлар кўпайиб қолди. Отаси у аҳволда, онаси йўқ, деб унга тинчлик бермай қўйишди. Бир куни иккитаси қизнинг йўлини тўсиб хиралик қилаётганида Асрор келиб ўртага тушди. Икки бола урадиган бўлса Асрор бас келолмас эди. Лекин болалар Асрорнинг Қамариддин деган ҳомийси борлигини билишарди. Шу-шу Асрор Дилфуза билан мактабга бирга келиб-кетиб юриб, қизни бу балолардан қутқарди.

Дилфузанинг кўнгли чинакам яримта эди. Уйда дардини эшитадиган дардкаши йўқ эди. Мактабда ҳам, кўчада ҳам йўқ эди, бундай дардкаш. Шунданми, бора-бора Асрор унинг кўзига авлиё бўлиб кўрина бошлади. Дардини ҳам, ҳасратини ҳам унга айтадиган бўлди. Дилфуза яхши кийиниб юрадиган синфдошларига ҳавас қиларди. Аммо отасининг нафақаси тирикчиликка аранг етарди. Амакиларининг топиш - тутишлари яхши бўлгани билан қайишишмас эди. Асрор бундан хабар топиб, тўйда отасидан яшириб қолган пулларни Дилфузага сарф эта бошлади. Аввал чиройли сумка олиб берди. Кейин туфли... Дилфуза Асрорни мана шу меҳрибонликлари эвазига яхши кўриб қолди. У Асрорнинг раҳмдиллиги туфайлигина шундай қилаётганини тушуниб етмаган эди. Буни Қамариддингина биларди. Болалар уйида ўсгани учун қиз унинг ҳимоясида эди. Бир куни Шомил Асрор йўғида Дилфузага тегажоқлик қилганида Қамариддиндан кўрадиганини кўрган эди. «Ўз оғайнингга номардлик қилишни ўргансаларинг каллаларингни оламан» деб дўқ ургач, Дилфуза гуруҳда эрка сингилга айланди.

— Ма, маржангга бер? — Қамариддин чўнтагидан битта юзталикни олиб, Асрорга узатди.

— Олмайди, кечаги одамникими?

— Ишинг бўлмасин, беравер, ўзимники де. Отасига янги аравача олиш керак, деяётувдинг-ку?

— Сен худди бир ёққа кетадиган одамга ўхшаб гапиряпсан, — деди Асрор пулни олиб чўнтагига солар экан.

— Баъзи гапларни вақтида айтиб қўйиш керак. Кетишга-ку, ҳеч қаёққа кетмайман. Ўзи сафардан бугун келдим-ку? — Қамариддин шундай деб ишшайди. Энди у тамом бошқа одамга айланди. Ундаги меҳр қаёққадир яширинди. Асрорнинг кўз олдига унинг кечаги ҳолати — ўликнинг чўнтакларини кавлаши келди.

— Қамар, сен нимага ўликнинг пулини олдинг? — Асрор шундай деб унинг ғилай кўзларига тикилди. Бу кўзлардан бирор маъно уқмоқчи бўлди. Қамариддин эса унга жавобан яна хунук ишшайди:

— Пул — халқ мулки, у сувда чиримаслиги керак.

Шу жавоб кифоя эди. Асрор нафасини ютди.

Бу орада икки югурдак сигарет келтирди. Асрор Қамариддиннинг мақсадини шунда билди: Асрор билан гувоҳларсиз гаплашмоқчи экан.

Қамариддин «бари бир қамалиб кетаман» деб тўғри айтган эди. Гарчи кечаги воқеадан қутулиб қолиш чорасини кўриб қўйган бўлса ҳам, эртага ё кейинги ойдами юз беражак воқеада қўлга тушишига амин эди. Қадимги юнонлар одамни ҳаёт уммонидаги қайиққа, тақдирни эса шу қайиқ елканларига урилиб сурувчи шамолга қиёс этган эканлар. Қамариддиннинг кемаси адоғи уфққа тутуаш бепоён денгизда эмас, балки атрофи қоялар билан ўралган кўрфазда эканини билади. У ўзи истаган кенгликларга чиқиб кетолмайди. Йўқ, агар астойдил истаса, чиқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин бунга ўзида ишонч йўқ. Ўзини-ўзи шу кўрфазга мослаган, тақдир шамоли туриб қояларга урилиши тайин эканига ишонтирган. Айни чоқда атрофидаги одамларга ишонмай қўйган. Айниқса кайф қилганида одамлар унинг кўзига ёмон бўлиб кўринаверади. «Эҳ, сиз, тўйганлар!..» деб ғижинаверади.

Нима учун бундай деяётганини болалар билишмайди, тушунишмайди. Билиш учун, тушуниш учун Қамариддин бўлиб туғилиш, Қамариддин бўлиб яшаш, у тотган заҳар-заққумлардан тотиш керак.

Қамариддин отаси кимлигини ҳалигача билмайди. Онасини учинчи синфга бораётганида илк бор кўрган. Бор гапни кейин бувиси айтган. «Туғилганингни билиб хурсанд бўлдим. Онанг чиқадиган куни гулдаста кўтариб борсам, бир ўзи келяпти. Мақсадини тушундим. У ёш эди. Умрини бадном қилгиси келмаган. Турмуш қуриб яхши бўлиб кетар девдим. Сени менга беришмади. Ҳаққим йўқ экан. Лекин исмингни мен қўйганман: ойдек юзи ёруғ бўлиб юрсин, деб Қамариддин қўйганман, болам...» Қамариддин бувисининг нима учун ҳаққи йўқлигини анча кейин, унинг ўлимидан кейин билди. Аввало у буви эмас, мутлақо бегона — Қамариддиннинг онаси уникида ижарада туриб она-бола тутинишган экан. Иккинчидан, бу аёл ҳали унча қари бўлмаса ҳам, сиҳати ёмонлиги учун пенсияга чиққан экан. Қамариддин туғруқхонада кўз очиб, болалар уйида тетапоя бўлди, болалар уйида эсини таниди. Ота-она меҳри, киндик қони тўкилган уй деган тушунчалар унга бегона эди.

Қамариддин нотаниш одамлар келиб болаларни олиб кетишларини билгач, қандайдир умид билан кимнингдир келишини, бошидан силашини, маҳкам қучоқлаб ўпишини интиқ кутарди. Одамлар келишарди, аммо уни олиб кетишмас эди. ўилай бўлгани сабаблими ё айиқполвондай хунук юришини ёқтирмайми, уни ҳеч ким чақирмас, бошини силамас, маҳкам қучоқламас, ўпмас эди. У фақат бувисидан умид қиларди. Аммо бувиси нима учундир уни олиб кетмас эди.

Ота-оналарининг келишларидан умидлари узилганда болалар тўпланиб олиб афсоналар тўқишарди.

— Менинг дадам билан ойим космонавт бўлишган. Қуёшгача учиб бориб, қайтиб келишаётганида бензинлари тамом бўлиб қолиб портлаб кетган, уйда расмлари бор, — дейди уйи бор-йўқлигини аниқ билмайдиган дўмбоқ қизча. Қамариддин у билан ўйнашни яхши кўрарди. Ҳозир, йиллар ўтгач, унинг исмини унутган. Ҳамиша ота-онам космонавт эди, деявергач, каттароқ болалар уни Терешкова, деб чақирадиган бўлишган эди.

Бу афсонани ёлғон эканини ҳамма биларди. Лекин ҳеч ким ёлғон деб масхараламасди. Шунданми, айрим болалар ўзлари тўқиган афсонага ўзлари ишониб қолишарди. Қамариддин ҳам отасининг учувчи, онасининг ҳарбий врач эканига, уларнинг уруш адоғига етган куни Берлинда ҳалок бўлишганига ишониб қолаёзган эди. Санашни ўрганганидан кейингина ўзининг урушдан йигирма йил ўтгач туғилганини билиб қолди. Бошқа афсона тўқишга тўғри келди: ота-онаси Тошкентда ер қимирлаганда одамларни қутқараётиб ҳалок бўлишган. Учинчи синфда ўқиётганида бу афсона ҳам барҳам топди. Аниқ эслайди: баҳор эди. Осмонда паға-паға оппоқ булутлар сузиб юрарди. Ҳовлидаги дарахтлар гуллаган палла эди. Уни директор хонасига чақирдилар. Сочи калта қирқилган, лабларига қизил суртилиб, кўзларига сурма тортилган оқ шим, оқ куртка кийган чиройли аёлни кўриб «ким экан бу?» деган хаёлда унга тикилиб қолди.

— Қамариддин деган азаматимиз шу, — деди директор.

Аёл ўрнидан туриб қучоқ очди.

— Ўғлим, жоним ўғлим, — деб Қамариддин томон юрди.

Қамариддин аввалига анқайиб турди. Болалик онги онасини аввал Берлинга, кейинроқ Тошкентга дафн этган эди. Унинг тасаввуридаги онаси дастлаб фашистлардан ҳам қўрқмайдиган қаҳрамон, кейинроқ одамларга куюнувчи, меҳрибон аёл эди. Тасаввуридаги икки она ҳам, тасаввуридаги қабрда ётибди. Бу олифта ким бўлди? Ростдан онасими? Бундан олти-етти йил аввал шу воқеа содир бўлса балки Қамариддин ўзини унинг бағрига отарди. Ҳозир уни нима ушлаб турибди? «Қани, Қамариддин, ўзингни от унинг бағрига, қувон, шодлан, онанг келди!» дейди бир овоз. «Қамариддин қочиб қол, бу она эмас, ялмоғиз, сендан ўн йил хабар олмаган хотин она бўларканми?» дейди иккинчи овоз.

Аёл Қамариддинни гўдак фаҳмлаб ҳато қилган эди. Ота-онасиз ўсаётган болаларнинг ҳаёт фалсафаси, ҳаёт ҳақидаги, беимон оталар, бевафо оналар ҳақидаги тушунчалари анча барвақт шаклланади. Уларнинг митти юракларида бу беимонларга, бу бевафоларга нисбатан нафрат анча илгари кўз очган бўлади. Қамариддинни қочишга ундаган иккинчи овоз ана шу нафрат овози эди. У шу овозга қулоқ тутди. Онаси иккинчи, учинчи келганда ҳам яқинлашмади. Бувиси йўқлаб келганда «айтинг энди кўринмасин, ўлдираман» деди. Бувиси ўн яшар боладан бундай гап кутмаган эди, қўрқиб кетди. Анча насиҳат қилди, онасини мақтади. У ўша онда боланинг аҳди қатъий эканини ҳам фаҳмлади. Шундан сўнг ўзини «она» деб танитган аёл икки йилгача келмай қўйди. Фақат бир марта — бувиси оламдан ўтганда келиб олиб кетди. У меҳрибон кампирнинг ўлими Қамариддинда меҳр-шафқат уйғотар, деб ўйлаган эди. Йўқ, Қамариддин икки кундан сўнг болалар уйига қайтди.

Бувисидан сўнг бу олам аро Қамариддиннинг ёлғиз ўзи қолган эди. Ўртоқлари билан ҳам, энагалари билан ҳам иши йўқ эди. У барча хўрликларга олтинчи синфга қадар чидади. Синфда бировнинг дафтарими, қаламими йўқолса Қамариддиндан ҳадиксирашарди. У кураш тўгарагига қатнашар, ўзидан каттароқларга ҳам бас келарди. Ундан йиқилганлар «давлатнинг текин овқатини еб қутуряпти-да, бу» деб жиғига тегишарди.

Қамариддин олтинчи синфда ўқир эди. Ўқишнинг иккинчи ҳафтаси эди. Мактаб йўли икки қаватли коттеджлар ёнидан ўтарди. Қамариддин бу ердан ўтаётганида «ана, детдом болалари» деган ҳақоратомуз сўзларни кўп эшитган. Бу сафар ҳаворанг «Волга» атрофида уч бола турган экан.

— Э, ҳароми ташландиқлар, бу кўчада юрмаларинг, — деди улардан бири. Қамариддин уни танирди. Отаси шу «Волга»нинг, шу уйнинг эгаси. Ўзи саккизинчида ўқийди, умрида овқат емагандай озғин, рангпар бола. Нимасига олифтагарчилик қилади, Қамариддин тушунмайди. Агар Қамариддин ёлғиз бўлганида бу гапга балки индамасди. Ёнида учинчи синфда ўқийдиган тўрт қизалоқ бор. Улар балки ҳароми, ташландиқ деган сўзларнинг маъносига етишмас. Аммо, Қамариддин яхши биларди бу сўзларни. У ана шу қизалоқлар олдида ҳақорат учун ўч олишга ўзини мажбур деб ҳис этди. Папкасини ерга қўйиб, болага яқинлашди-да, жағига мушт туширди. Бу болага шунинг ўзиёқ кифоя қилди. Иккинчи бола ҳамла қилган эди, Қамариддин елкасидан ошириб отди. Учинчи бола унга яқинлашишга журъат этолмай, қочиб қолди. Бу орада «Волга»нинг эгаси чиқди.

— Ўзлари бошлашди, — деди Қамариддин ундан нажот кутиб. У эса кўзлари мўлтиллаб турган болага тарсаки тортиб юборди.

— Ҳароми, беадаб, турқингни кўрсатма бу ерда, — деди сўкиниб.

Қамариддин йиғлаб юборди. Қўрқув билан қараб турган қизчалар ёнига қайтиб, папкасини қўлига олди. У иложсиз эди, бу одамга кучи етмасди, аммо аламини ҳам ичига сиғдиролмасди.

— Ўзинг ҳаромисан! — деди у бор овозда бақириб. Шундан кейингина бир оз енгил тортгандай, аламлари унутилгандай бўлди.

Эртасига Қамариддиннинг ахлоқи мактабда ҳам, болалар уйида ҳам муҳокама этилди. Қамариддин уч-тўрт кунгача азобда юрди.

«Нима учун гуноҳкор эмас, бегуноҳ одам жазоланади? Айбим ота-онам йўқлигими, етимлигимми? Энди ҳамиша шундай бўлаверадими? Нима қилишим керак? Ҳимоячим ким менинг?» Қамариддин кўп ўйлади. У ҳаётда бундан баттар ноҳақликлар ҳам борлигини ҳали билмасди. Унинг учун энг катта ноҳақлик — тирик етимлик. Бошқа ноҳақликлар шундан келиб чиқаверади. «Сенинг ҳимоячинг йўқ, ҳеч ким сенга қайишмайди, ноҳақликка қарши ўзинг курашишинг керак. Ўзингни ўзинг ҳимоя қил, кураш, енгиб чиқ. Кимлигингни кўрсат уларга! Агар енгиб чиқолмасанг, ўзингни кўрсатиб қўя олмасанг, ўлиб кетганинг минг марта яхши!» Қамариддин шу қарорга келди. Ақл нуқтаи назаридан қаралганда бу нотўғри қарор, бироқ яхшилар меҳрига муҳтож, қалби зада бола учун эса бирдан-бир тўғри йўл шу эди.

Бир куни кечки овқатдан кейин ҳақоратга гувоҳ бўлган қизларни, ҳамиша калака остида юрадиган заифроқ болаларни тўплади-да, коттеджлар томон бошлади. Ўша коттедж, ўша «Волга», ўша болалар... фақат учта эмас, бешта. Ҳаммаси қилтириқ. Қамариддин ғазабга минса бешовига бас кела олади.

— Мен сенга нима деганман? — деди тунов куни мушт еган бола. У шерикларига орқа қилиб гапирган бўлса ҳам, ҳадик бор эди.

— Сендан кечирим сўрагани келдим, — деди Қамариддин.

— О, детдомда одам тарбиялайдиган бўлишибди, — деди бола хохолаб кулиб.

Қамариддин унга яқинлашиб қўл узатди:

— Кечир.

— Назимчик, бечорани кечира қол. Ўзи шундоғам худо уриб қўйибди, — деди болалардан бири.

Нозим деганлари «ҳа, майли» деб қўл берди. Қамариддин бу нозик панжаларни маҳкам қисиб эди, бола инграб ўтириб қолаёзди.

— Мен сендан ҳароми, ўша куни яхшилаб урмаганим учун кечирим сўрамоқчиман!

Қамариддин шундай деб уни ўзига силтаб тортиб, чалиб юборди. Нозим вой-войлашга ҳам улгурмай ўзини Қамариддиннинг елкасида кўрди. Нафас ўтмай эса ўртоқлари устига учиб тушди. Қамариддин дуч келган болани ушлаб ураверди. Бу орада Нозимнинг отаси пижама кийган аҳволда югуриб чиқди. Энди Қамариддин ундан нажот кутиб турмади. Катта тошни олиб шайланди. У одамнинг важоҳати ёмон эди. Айни чоқда Қамариддиннинг кўзига ҳам ҳеч нима кўринмасди — у тошни мўлжаллаб, зарб билан отди. У одам ўзини ҳимоя қилишга улгурмай бошини чангаллаганича ўтириб қолди. Шунда Қамариддин югуриб келиб уни тепди. Кап-катта одам кичкина боланинг тепкисидан чўзилди. Қамариддин бунга ҳам қаноат қилмай қўлига ҳалиги тошни олиб машинага отди. Машина ойнаси чил-чил синди. Қамариддин ана шундан кейингина қочди. Болалар уйига эмас, ўзини дуч келган кўчаларга урди. Тунда вокзалга борди. Юриб кетаётган поездга осилиб чиқди. Хуллас уни беш кундан кейин Қизил Ўрдада тутиб, изига қайтардилар. Энди у ўзи учун қадрдон бўлиб қолган болалар уйига эмас, балки тарбияси оғир болаларнинг махсус мактабига жўнатилди. Қамариддин атрофи баланд девор, симтўсиқ билан ўралган махсус мактабга шу зайлда тушди. Дастлабки қасос уни дастлабки жазо, дастлабки қамоқ билан мукофотлади.

Махсус мактабда яхшилик ҳақида кўп гаплар эшитди. Тингланган насиҳатлари тўпланса катта бир китоб бўлар. Бироқ, у насиҳатларни қулоққа илмади. Ундаги аламзадалик қора булути ҳар қандай ёруғлик, ҳар қандай нурга тўсиқ бўла оларди. Хуллас, яхшилик нури унинг юрагига йўл топмади, қалбига сепилган яхшилик уруғи ёруғликдан бебаҳра бўлгани учун чиқмади. Унинг кўз олдида «Волга» ёнидаги қилтириқ, унинг важоҳатли отаси кетмас эди. Улар билан кунда бир уришар эди. Улардан яна қасос олишнинг минг бир хилини ўйлаб топарди. Кунлар, ойлар ўтган сайин шу баланд девор ортида эркин юрган барча одам ўша қилтириқ, ўша важоҳатли отадай туюлаверди унга. Бир неча кишига нисбатан бўлган ғазаби ортиб, бутун одамзотдан нафратлана бошлади.

Нафрат ўқига энг аввало бевафо онаси, сўнг беимон отаси дуч бўлишган эди. Энди улар ҳақидаги афсона тумандай тарқалиб кетган, уларнинг асл башаралари қуёш ёруғида мана ман деб турарди. Махсус мактабнинг катта, оғир жигарранг дарвозаси бўларди. Унинг рўпарасидаги ўриндиққа ўтириб Қамариддин хаёл сурарди: «Ҳозир қўлимга милтиқ бериб қўйишса-ю, дарвозадан отам билан онам кириб келишса, шартта отардим. Ана ундан кейин ўзимни отиб юборишса майли. Йўқ, аввал суд бўлиши керак. Боласини ташлаб кетган ота-онанинг жазоси шу, дейман. Тирик етимлар, ҳаммангиз аблаҳ ота-онангизни топиб отиб юборинг. Ёлғон гаплар тўқиб, уларни яхши одам қилиб кўрсатманг бир-бирингизга, аямай отиб ташланг, дейман. Тирик етимларга милтиқ беринглар, дейман! Ана шундан кейин мени отишса ҳам майли».

Қамариддин шундай ўйлагани билан онасининг ёнига қайтишга мажбур бўлди. Тўғрироғи онаси уни гаровга олгани сабабли махсус мактабдан барвақт чиқаришди. Ҳунар билим юртига киришга мажбур қилишди. Унинг бундан бўлак иложи ҳам йўқ эди. Қамариддинни оддий мактабларга қабул қилишмас эди. У ердагилар бўш ўқийдиган, шўхроқ болалардан қутулиш пайида юришади. Қамариддиндақаларни кўришганда дод дегандай қилиб эшикларини тақа-тақ беркитишади. Қамариддин аввал ўқиган мактабига ҳам борди. Ҳарҳолда яхши ўқирди, спортда пешқадам эди. Йўқ, бу гаплар унутилгандай, қабул қилишмади. У ҳунар билим юртига уч кунгина қатнади. Кейин бормай қўйди. Билим юртидагилар унинг кетиб қолганидан қувонишдими, ҳар қалай нимага келмаяпсан, деб хабар олишмади. Қамариддиндай «тарбияси оғир болага» уларнинг ҳам тоқати йўқ эди. Қамариддин фақатгина милициягагина керак экан. Дам-бадам инспекцияга чақиришади. Ишга жойлашишга ёрдам бермоқчи бўлишади. Қамариддин ишлашга рози, ўқишдан кўнгли совиб бўлган. Аммо ишга оладиган азамат йўқ. Ҳали у, ҳали бу баҳона. Онаси ишда, ўзи кунбўйи кўчада. Омадини қаранг, у кўчадагиларга ҳам керак экан, у каби бола кам эмас экан. Пес песни қоронғида топгандай, кўчабезорилар бир-бирлари билан тез топишар экан. Шу аҳволда эркин юраверди. Аммо тўдага қўшилиб бировларни тунамади. Буни майда иш деб билди. Унинг ҳаётдан алами бор, қасос олганда ҳам бирваракайига олишни истарди. Шундай қасос они яқинлашиб келарди.

Уларникига бир одам серқатнов эди. Дастлаб кўринганида онаси «дадангнинг дўсти, биздан хабар олиб туради» деб изоҳ берди. Қамариддин «дадамнинг ўзи қаерда, нима учун ўзи хабар олмайди» деб сўрамади. У гўдак эмаски, бу одамнинг мақсадини билмаса. Аввалига Қамариддин қўққисдан кириб қолса ичиб ўтирганларини яширишга ҳаракат қилдилар. У гўл эмаски, ароқнинг ҳидини билмаса. Кейинроқ бориб яширмай ичавердилар. Бир куни Қамариддин келиб у кишининг рўпарасига ўтиди. Кўчада болалар билан мусаллас ичган, ширакайф эди. Пиёлада онасига қуйилган ароқ турган экан, шартта олиб ичиб юборди-да, яна қуйинг, деб «отасининг дўсти»га узатди.

— Ёшлик қиласан, — деди у одам пиёлани четга олиб қўйиб.

Шу пайтгача Қамариддин у билан деярли гаплашмаган эди. Салом берарди-ю, кўчага чиқиб кетарди. Бугун кайф таъсирида қитмирлик қилгиси келди.

— Сенинг боланг борми? — деди у дабдурустдан сенсираб.

— Бор, — деди «дадасининг дўсти» ғазабини ичига ютиб.

— Детдомдами?

— Нимага детдомда, уйда.

— Ташлаб кетмайсанми?

— Жинни бўлганмисан?

— Болаларингни ташлаб, онамга уйлан. Мени ўғил қилиб ол.

Шу пайт ошхонадаги онаси кириб, уларнинг суҳбатидан лол бўлиб тош қотди. «Отасининг дўсти» ҳам бу таклифдан тамом гангиди.

— Қамаржон, бунақа масалада ҳазил қилма.

— Уйлансанг уйлан, бўлмаса ўлдираман.

— Қамар! — деди онаси, уни елкасидан ушлаб.

Қамариддин қитмирлик билан уларни масхараламоқчи эди. Аммо ўзи кутмаган ҳолда нафрати уйғониб, ғазаби қўзғий бошлади.

— Сен аблаҳсан, одаммассан, — деди у, онасининг силаб-сийпашига эътибор бермай.

У одам ўрнидан туриб, эшик томон юрди. Қамариддин ҳам ирғиб ўрнидан турди-да, йўлини тўсди.

— Сен ҳайвонсан! Сен... сан! — деб ҳақоратлашда давом этди.

Бу мишқидан шундай сўзларни эшитишга ори келди бу одамнинг: Қамариддиннинг юзига шапати қўйиб юборди. Худди ўша коттедж, ўша «Волга» эгасидай урди. Унда Қамариддин йиғлаб юборган эди. Бу сафар йиғламади, кулди. Бу кулгусида заҳар зоҳир эди. Бу кулгуси ёмон бир нарсанинг даракчиси эди. Қамариддин кулиб турганича унинг қорнига калла қилиб букчайтириб қўйди. Тепмоқчи эди, ўртага онаси тушди. Қамариддин «ҳа, майли» деди-да, ошхонага кириб катта пичоқни олди. Хонага кирганида онаси стулда, у одам эса ерда онасининг тиззасига бош қўйиб ўтирган эди. Онаси пичоқ ушлаган Қамариддинни кўрди. Бақириб юборди. Аммо у одам бошини кўтаришга улгурмади. Қамариддин отилиб келиб унинг бўйнига пичоқ санчди. Ошхонада, пичоқ олаётган чоқда, онасини ҳам ўлдиришни фикр қилган эди. Аммо онасига қўл кўтара олмади. Нимага шундай бўлганини кейинроқ ҳам кўп ўйлади. Бироқ, минг ўйлагани билан сабабини билолмади. У бир нарсани аниқ биларди: уни ўзи ҳам сезмаган қандайдир куч ушлаб қолган эди.

У махсус мактабда юрганида беимон отасини, бевафо, бемеҳр онасини ўлдиришни хаёл қиларди. Онасини ўлдиролмади, бироқ бегонани ўлдирди. «Тўғри қилдим, — деб ўйларди у қамоқда юрган кезларида, — болалари беимон отадан қутулишди. Болаларини алдаб юрган одам одаммиди?»

Суд бўлди. Судда йиллаб ўйлаб юрган гапларини айтди. Гаплар эътиборга олинмади. У ўзини энди болалар аҳлоқ тузатиш меҳнат колониясида кўрди. Уч йил шу ерда бўлди, кейин катталарнинг колониясига ўтди. Қимор ҳам, ароқ ҳам, наша ҳам, бир-бирини бўғишлар... ҳаммаси бор эди бу ерда. Етти йилда ўзи, Асрорга айтгандай, «академик» даражасига етди. Онаси қамоқдан қутулиб чиққан ўғлини кутиб олмади. Уйга ўзи бостириб борди. Унга бошпана керак эди. Уни кутиб турган биродарлари бор эди. Ўшалар билан иш бошлади.

Қамариддин бировга хизмат қилишни ёқтирмасди. Ўзи мустақил иш бошқаришни истарди. Энг муҳими — ҳаётда ўз мақсади бор эди. Бу мақсадига мустақил яшасагина эришарди. «Академия»да орттирганлари унга қул эмас, хожа эди. Улар Қамариддиннинг мақсадига тушуна олишмасди. Улар учун пул бўлса, маишат бўлса бас. Қолган тушунчалар, туйғулар барчаси бир чақа. Қамариддин билан уларнинг ҳаёт ҳақидаги тушунчалари бошқа-бошқа. Қамариддиннинг улардан паноҳ излашига сабаб бор: у ҳозирча олам аро ёлғиз. Ёнида ишончли одамлари йўқ. Бу одамларни тўплагунча фурсат керак. Қуруқ чўнтак билан эса одддий иш ҳам битмайди. Шундай қилиб Қамариддин қамоқдан чиқиб икки йўналишдаги ҳаётни бошлади. У аста-секинлик билан атрофига бекорчиларни тўплаб, бўлажак ишларига тайёрланди. Муштлашишга ўргатди. Энг муҳими уларда атрофдагиларга нисбатан нафрат уйғотишга киришди. У Асрорни аввалига бошқа ишга мўлжаллаган эди. Ҳарҳолда тўйма-тўй юради, керакли ахборотни беради, деб ўйловди. Кейин унинг ўқишини, отасининг номардлигини билиб, болани тинч қўйишга аҳд қилди. «Мени биров суямаган эди. Мен шу болани одам қиламан, ўзим қамалиб, отилиб кетсам ҳам, уни ўқитаман!» деган қарорга келди. Шунинг баробарида қобилиятли ўғлини ўқишига монеълик қилаётган отасининг адабини бериб қўйишни ҳам кўнглига тугиб қўйди.

Қамариддиннинг атрофида тўпланган болалар унинг феълини тушуниб ололмасдилар. Чунки улар Қамариддин ўзини жиноятчи эмас, қасоскор деб ҳисоблашидан бехабар эдилар.

Асрор Қамариддинни сал-пал тушунарди. Аммо кечаги қотилликдан сўнг ундан қўрқиб қолди. Одамни ўлдириб қўйиши етмагандай, чўнтагидаги пулни олиши уни довдиратиб қўйди.

Ҳозир эса... ҳотамтойлик қилиб ўтирибди...

Мактабда дарслар тугади шекилли, кўчада болалар кўринди.

— Қамар, мен кетдим. Салимни бориб кўраман. Бир ўзи сиқилиб ётгандир?

— Хўп, сен боравер. Ҳалиги гапимни унутма. Уйингдан чиқиб кет. Отанг подлец одам, у билан яшаб бўлмайди.

«Отанг подлец одам» деган гапни эшитиб Асрорнинг кўзларидан олов сачраб кетгандай бўлди. У отасининг ким эканлигини яхши билади. Отаси минг ёмон бўлганда ҳам бировнинг оғзидан ҳақорат эшитиш Асрорга оғир эди. Айниқса бу икки бола олдида айтилиши уни ғазабга миндирди. Қамариддин бу гапни бир эмас, бир неча марта айтган. Ҳар сафар ҳам Асрор ғазабли нигоҳи билан унга қаршилик билдирган. Унинг бошқа чораси ҳам йўқ. Биринчи сафар бу гапни эшитиб сапчиб тушган, «отамга тил теккизма!» деб бақирганида Қамариддин хунук тиржайиб, унинг бўйнини босиб турган сочини тутамлаб тортган, жойига ўтқизган эди.

— Ўпкангни бос, братишка. Яхшини яхши дейиш керак, подлецни подлец дейиш керак. Хоҳласанг отангнинг подлецлигини исботлаб бераман.

Асрор унда Қамариддинни яхши билмас эди. Шунинг учун бир воқеа кўз олдига келиб қўрқиб кетди. Отаси айтиб берган эди: бир эларо машҳур ҳофизни тўйдан кейин қолиб, қиморбозлар тоза калака қилишган экан. Элликталик, юзталик пулни худди бузуқ хотинларнинг сийнабандига қистиргандай ҳофизнинг ёқасига қистиришган, дунёдаги жамул бемаъни қилиқларни қилишган, бу ҳам етмагандай бир сигирни етаклаб келтириб, ҳофизни унинг қулоғига қўшиқ айтишга мажбур қилишган экан. Асрор бу воқеани эшитганда эти увишиб кетган эди. Қамариддин «исботлаб бераман» деганда сигирнинг қулоғига ашула айтаётган одам ўрнида отасини кўриб қўрқиб кетган эди. Қамариддин «отанг подлец одам» деганда Асрорнинг индамай қолиши, ғазабини ичига ютиши шундан.

-Сен менга чақчайма. Яхшини яхши дейман, подлецни подлец дейман, сен дорихонага кириб, бинт ол, кўпроқ ол. Ярасини боғлаб қўй.

Асрор Қамариддин узатган пулни олиб, ўрнидан турди. Йўл-йўлакай дорихонага кириб, бинт харид қилди.

Қамариддин ғиштли уйнинг иккинчи қаватида турарди. Яхши жиҳозланган шинам бу уйда Асрор кўп бўлган, аммо Қамариддиннинг онасини кам кўрган. У бугун ҳам йўқ эди. Салимнинг бир ўзи катта уйдаги диванда чалқанча тушиб, инграб ётган эди. Асрорни кўриб, нимагадир кўзларини юмиб олди.

— Оғрияптими? — деди Асрор унга яқин келиб. Салимнинг юзига қараб қўрқиб кетди: ранги оппоқ, лаблари ёрилган. Пешонасига қўлини қўйди: иссиқ. — Доктор чақирайми?

Салим кўзини очди. «Йўқ, — деди заиф овозда. — Шунга ҳам докторми... Сув бер, ичим куйяпти...»

Сувни ича туриб яна инграб юборди. Асрор жунчойшабни кўтарди. Сони бинтлаб ташланган. Қон бинтнинг сиртига сизиб чиққан. Қимирлаганида яра очилиб, яна қонаётганга ўхшайди.

— Бошқатдан боғлаб қўяйми?

— Йўқ, тегма. Қамар йод қўйган. Босилиб қолади. Нега келдинг?

— Нега бўларди, сени кўргани келдим.

— Бошқа келма. Сен мени билмайсан. Кеча йўқ эдинг сен.

— Қамар айтдими?

— Қамар айтмаса ҳам каллам ишлайди.

— Салим, мен ҳам уни тепдим. Мен тепганимдан кейин ўлиб қолди шекилли?

— Билмадим, мен сени кўрмадим у ерда.

— Одаммисан ўзинг?! — Асрорнинг ғазаби қўзиб, ўрнидан туриб кетди. — Ахир у сенга пичоқ урди. Биз уни калтаклаб тўғри қилдик. Ҳаққимиз бор.

— Ҳаққинг йўқ, аҳмоқ! — Салим шундай деб инграб юборди. — Йўқол, чиқиб кет...

Асрор туриб чиқиб кетарини ҳам, кетмаслигини ҳам билмай ўтираверди. Салим жон аччиғида ҳайдаяптими ё ростдан кўргиси йўқми, фарқлай олмади. Бир маҳал, оғриқ ўтди шекилли, Салим кўзини очди.

— Уйимдагиларга айтиб қўй, шошилинч мусобақага олиб кетишди, де. Сув бер...

Салим сувни ютоқиб ичди. Баданига сал роҳат ораладими, кўзини оҳиста юмиб, чуқур нафас олди.

— Анави ерни қара, Қамарнинг сигарети бор, олиб бер.

Асрор стол устидаги сигарет қутисини олиб Салимга узатди. У очиққан одам нонга ташлангандай сигаретни титроқ қўллари билан чангаллади. Қути ичидан бирини олиб ҳидлади. ўижиниб отди. Кейин бошқасини... Охири қутини ғижимлади. «Ў... ҳароми, ташлаб кетмабди» деди тишларини ғижирлатиб. Асрор Салим нашанинг хуморида эзилаётганини билди. «Қара, у ер-бу ерни» деб бақирди Салим унга. Асрор хонани қараб чиққан бўлди. Топилмагач, Салим бақириб, бўралаб сўка бошлади. Шундан сўнг Асрор чойнакни тўлдириб сув олиб келтирди-да, Салимнинг бош томонидаги стулга қўйиб, чиқиб кетди.

Салимнинг уйи анҳорнинг нариги соҳилида. Кўп қаватли уйлар шаҳар томондан бостириб келиб, шуларнинг ҳовлисига тақалиб қолган. «Мана ҳозир янчиб юбораман», дегандай турган тўққиз қаватли бетон уйнинг адоғи — Салим яшайдиган уй. Йигирма беш йил аввал Салимнинг бобоси солиб кетган икки уй бир даҳлиз тўкилай, тўкилай деб турибди. Бобосининг ўлими туфайли битмай қолган айвон ҳали ҳам ўша-ўша — чала. Салимнинг отаси болалигида оёғини синдириб олганми ё туғма чўлоқми, ҳарҳолда ҳассасиз юролмайди. Қалдирғоч мўйловини қўйиб, сочни қирдириб дўппи кийиб юрадиган бу одамнинг меҳнатга тоби-тоқати йўқ. Шамолласа аксиришга ҳам эринадиган ота боласи нечталигини ҳам билмаса керак. Ўн бир бола нима еб, нима ичяпти, икки қиз нима учун эрга чиқмай туриб туғиб олди, энди уларнинг туриш-турмуши нима бўлади — иши йўқ. Ҳаммасига Салимнинг онаси балогардон. Бечора уззукун тинмайди. Асрор қачон шу уйга келса, бу аёлни иш устида кўради. Уларнинг бир сигири бор. Салимнинг опалари уйма-уй сут-қатиқ сотиб юриб, бола орттириб олишган. Биринчисида нимагадир даъво қилишмади. Иккинчисида бир йигитни маҳкам ушлаб, ўтган йили тўйча қилиб беришди. Аммо у ҳам номигагина турмуш. Салимнинг опаси бир кун у ерда турса, бир ой бу ерда — ўз уйида. Шунданми, Салимнинг онаси асабийроқ. Сал нарсага бобиллаб беради. Кейинги пайтда ундан эри ҳам қўрқиб қолган шекилли, кўчага чиқиб писта-қурут сотиб ўтиришга мажбур бўлди.

Асрорнинг Салимга ачиниши бежиз эмас. Салим унинг болаликдан қадрдони. Шу кўчаларда бирга улғайишган. Бир синфда ўқишди. Ўтган йили Салим саккизинчини битирди-ю, «оилага ёрдам беришим керак», деб ҳунар-техника билим юртига кетди. Асрорларнинг уйлари мана шу баҳайбат тўққиз қаватли уйнинг ўрнида эди. Катта қурилиш баҳонасида уйлари бузилиб, анҳорнинг нариги бетига кўчишди. Асрорнинг Қамариддинга рўпара бўлишига ҳам шу Салим сабабчи. Асрорнинг бениҳоя қобилиятли экани, махсус математика мактабида ўқиётганда дадаси «менга ёрдамлашсин», деб у ердан чиқариб олгани, ана энди Асрор отаси билан тўйма-тўй юриб, қобилиятини хор қилаётганини Қамариддинга Салим айтган эди. Салим айтмаса, Асрорнинг Қамариддин назаридан четда қолиши турган гап эди. Қамариддин билан Салимнинг ўртасида бошқалар билмайдиган сир ҳам бор эди. Бу сирни на Асрор на бошқа болалар билишарди. Салим Қамариддин билан бирга яна учта катта ўғрига шерик, уларнинг қилмишларини тун қоронғиси беркитар эди. Уларнинг ўғриликлари ҳақидаги хабар милиция қулоғига етиб келмасди. Чунки жабрдийдалар дарак беришга қўрқишарди. «Шунча нарсамни ўғирлашди», дейишса, милиция «маошингиз бир юз йигирма сўм экан, бу нарсаларни қаердан топдингиз деб қолиши мумкин-да. Улар дуч келганни уйини урмай, танлаб, обдон ўрганиб бўлишгандан кейин ишга киришишарди.

Қамариддин Асрордан ҳам фойдаланмоқчи бўлганида, Салим йўл қўймади. Тўғри, Қамариддин Асрордан бир мартагина фойдаланган. Салим уйидан аразлаб дайдиб юрган маҳаллар эди. Шошилинч иш чиқди. Асрорнинг вазифаси жўн: Қамариддин кўрсатган уйга бориб, қўнғироқ тугмасини босади. Эшик очган аёлга ҳовлиқиб: «Ҳаким акамлар қўлга тушиб қолдилар. Молларни беркитар экансиз», дейди-ю, ғойиб бўлади. Асрор Қамариддин айтгандай қилди ўшанда. Унинг гапини эшитиб, семиз аёлнинг ранги бирдан ўзгарди. «Вой, шўри-и-им» деб ўтириб қолди. Кейин эса эсини йиғди-ю, дарвоза эшигини тарақ этиб ёпди. Қамариддиннинг режаси бўйича, Асрор ўша заҳоти кетиши керак эди. «Шумхабар»ни эшитган аёл Асрордан ҳам тезроқ ҳаракат қилди. Асрорга шу ҳолат қизиқ туюлиб нарироққа бориб, муюлиш панасида пойлаб турди. Ярим соатга қолмай ҳалиги дарвоза олдида оқ «Волга» тўхтаб, ундан оқ костюм кийиб, қора кўзойнак таққан икки киши тушди. Қўнғироқ тугмаси босилди. Эшик очилди. Улар ичкари кириб кетишди. Дам ўтмай тугунлар ташиб чиқилиб, машинага ортилди.

Дағ-дағ титраётган семиз аёл ҳам кўчага чиқди.

— Ҳеч нимани яшириб қолмадингизми? — деб сўради қора кўзойнаклининг бири.

— Йўқ, йў-ўқ, барака топгур, шу ҳаммаси, — деб жавоб берди семиз аёл.

— Билиб қўйинг, у ёқда эрингиз рўйхат ёзиб ўтирибди. Молларни шу рўйхатга солиштирамиз-а, тўғри чиқмаса ўзингизни ҳам олиб кетамиз.

Улар шундай деб машинага ўтирдилару, жўнаб қолдилар. Аёл ўкраб йиғлаб, юбориб, ичкари кириб кетди. У эрининг қўлга тушганидан фиғон чекдими ё қўлдан кетган мол-дунё аламиданми, Асрор билмади. У аввалига Қамариддин бирон чайқовчи оғайнисига яхшилик қилди, деб ўйлади. Ҳалиги икки киши Қамариддиннинг шериклари эканидан, Ҳаким ака деганлари бу пайтда бозорда жавлон ураётганидан хабари йўқ эди. Салим кейинроқ бу гапдан огоҳ бўлиб, Асрорнинг гўллиги учун сўккан эди.

Ҳозир Салимларникига кетаётган Асрор шуларни эслади.

У анҳор томон бурилганида юраги ғалати бўлиб кетди. Оёғи ўзига бўйсунмай, юришдан бош тортди. Шарт орқасига бурилиб кетмоқчи ҳам бўлди. Аксига олиб, Салимникига бошқа йўл йўқ. Бу ерданми, икки чақирим нариданми, бари бир, анҳорни кесиб ўтиш керак.

Асрор кўприкка яқинлашиб, кўзи анҳор сувига тушди-ю, нафаси бўғзига тақалди: анҳор тубидан худди ўша одам қараб тургандай туюлди. Воқеа уч-тўрт чақирим нарида, анҳорнинг қуйи оқимида юз берган. Ўлик оқса ҳам бу ерга, юқорига эмас, қуйига оқади. Асрор буни яхши билса ҳам, сув юзасида мурданинг кўзи кўриниб, қўрқди.

Кўприкдан ўтаётганда яна эсхонаси чиқди: бу сафар мурда сув юзасига қалқиб чиққандай бўлди. Асрор кўприкдан югуриб кетганини ўзи ҳам сезмади. Салимнинг уйига яқинлашганда нафас ростлаб, қўрқоқлиги учун ўзини-ўзи койиди.

Салимнинг онаси молга терт қораётган экан. Асрорнинг саломига алик олди-ю, ишини қилаверди.

— Ўртоғинг йўқ уйда, — деди ғўдайиб турган Асрорга бир қараб олиб.

— Биламан, — деди Асрор, — айтиб қўй, девди. Мусобақага кетди. Эсимдан чиқибди, шуни айтгани келувдим.

— Қачон кетди у, жувонмарг бўлгур.

— Кечамиди... ўтган куни. Шошиб турган экан.

— Шошмай бўйингинаси узилсин. Онани она демаса, отани ота демаса. Боксларига илойим қирғингина келсин.

— Мусобақа тугагандан кейин келади.

— Келмай гўрга борармиди, келади мулла минган эшакдай бўли-и-иб.

— Мен кетдим бўлмаса.

— Онанг шўрлик яхшими, ишқилиб. Бир келсин, гаплаши-и-иб юрагининг чигалини ёзиб кетсин. Сенларнинг дастингдан бир ёққа чиқиб ҳам бўлмайди.

Асрор онасига бу таклифни айтиши ҳам мумкин, онаси келиши ҳам мумкин. Аммо бу аёл «гаплаши-и-иб ўтириш»га вақт топармикан?

Асрор кўприкка яқинлашганда яна юрагида титроқ турди. Аммо бу сафар ўзини тез қўлга олди.

Шу кетишда у уйига борди.

Энди уни бу кеч ҳоли қўяйлик. У тунда бир неча бор чўчиб уйғонади. Кўзига ўша одам кўринаверади. Хонанинг қоронғи бурчагида биқиниб тургандай туюлаверади. ўаввослар мурдани чиқараётган дамда Асрор туннинг аёвсиз тирноқлари орасида азоб чекаётган бўлади. Биз бу тун унинг азобларига шерик бўлмаймиз. Ҳали олдинда тўлғоқли тунлар кўп. Ҳозирча уни қийноқлар исканжасига ташлаймиз-да, калаванинг учини қидираётган майор Солиев ҳузурига қайтамиз. Ёдингизда бўлса, майорни ҳордиқ чиқариш учун уйига кузатган эдик. Энди уни район милициясида учратамиз.

БИР ИПНИНГ ИККИНЧИ КАЛАВАСИ

ёхуд иккинчи жиноятнинг очилиши

ҳақида ҳикоя

Экспертиза хулосаси майор Солиев учун кутилмаган эди: марҳум Мирқосим Миртиллаев калтакланиш натижасида ўлмаган, сувга ташлаш пайтида тирик бўлган. Демак, қотиллар шошиб қолишган. Шошганига қараганда бу ёшларнинг ишига, майорнинг мўлжали эса тўғрига ўхшайди. Энди бир нарсани аниқлаш керак: бу тасодифий воқеами ё Миртиллаевнинг пайига тушишганми? Мақсуд Солиев шуни аниқлаш мақсадида заводга йўл олди. Цех бошлиғи унинг гапини эшитиб, аввалига ишонмади.

— Кеча ишга чиқмади. Тоби қочгандир деб, ўйлабмиз. Болалари ҳам телефон қилишмади. Ҳайрон бўлиб турувдим. Ўтган куни маош олувди.

— Кўпми?

— Кўп бўлиши керак. Ҳам ойлик маош, ҳам мукофот пули. Сизга аниғи керакми? — цех бошлиғи бухгалтерга телефон қилгач, майорга қаради: — Тўрт юз ўн икки сўм етмиш саккиз тийин.

— Кассирдан сўраб билинг-чи, пуллар беш сўмликми, ўнми, йигирма бешталикми?

Цех бошлиғи буни ҳам аниқлаб берди: уч ва беш сўмлик аралаш экан.

— Нимага керак бу? — деб сўради у ажабланиб.

— Майда пулда чўнтак қаппайиброқ туради.

— Тунашган деб ўйлайсизми?

— Ҳозирча ҳеч нарса деб ўйламайман. Миртиллаевнинг ишчилар билан муносабати яхши эдими?

— Ҳа. Йигирма йилдан бери биргамиз... бирга эдик у билан.

— Ёшлар билан-чи?

— Улар билан ҳам дуруст эди. Иш ўргатарди. Фақат биттаси... биттаси билан олишиб қолган экан. У бўшаб кетибди. Миртиллаев шу болани мендан ол, деб уч-тўрт кирди. Кейин орада гап қочиб, бир шапалоқ урган экан.

— Ким эди у?

— Ҳозир, ҳозир айтаман, цех бошлиғи дарров эслолмади. Қандайдир дафтарни варақлаб кўрди: — Ҳа, Келдиёров Санжар.

— Адреси борми?

— Бор, — цех бошлиғи дафтарга қараб айтди.

Мақсуд Солиев адресни эшитиб, ажабланди. Келдиёров марҳум билан бир мавзеда яшар экан. Яна ҳам ажабланарлиси — қотиллик содир бўлган мавзеда. Лекин Келдиёровнинг номи болалар инспекцияси рўйхатида учрамаган эди. Шу сабабли майор заводдан чиқиб, тўғри инспекцияга келди. Омадини қарангки, лейтенант Муллақўзиев шу ерда экан.

— Пивохўрлик яхши ўтдими, ўртоқ майор, — деди у, Солиевни жилмайиб қарши олиб.

— Олмоқнинг бермоғи бор, дейдилар. Зиёфатни мен еб, ўғлини сиз ўқишга киритасиз энди. Чимкентнинг пивоси ҳам турибди мени кутиб. Топган баҳонангизни йўққа чиқармасангиз бўлмас.

— Бундан осони борми, ҳозир нима кўп — ишдан кетди кўп. Сизни ҳам шулар қаторига киритамиз-да.

— Хўп, бу масала ҳал. Йигирма учинчи уй сизга қарайдими? Келдиёров деган болани биласизми?

— Келдиёров Санжарми? Етмиш биринчи йилда туғилган, а?

— Ҳа, шу. Рўйхатда турганми?

— Туриши керак эди... Лекин...

— Қани, бир бошидан баён қилинг-чи. «Лекин...»да анча гап борга ўхшайди.

— Ўртоқ майор, бу болани ҳоли қўйганингиз маъқул. Отасининг қўли узун.

— Шу юрак билан ишлаб юрибсизми?

— Ўртоқ майор, биламан, ҳозир замон бошқа. Лекин... у одамнинг қўли илгари ҳам узун эди, ҳозир ҳам... тинч қўйганингиз маъқул.

Муллақўзиевнинг мужмаллиги майорнинг ғашини келтирди.

— Ўртоқ лейтенант, огоҳлантирганингиз учун раҳмат. Энди марҳамат қилиб, Келдиёровнинг қилмишларини айтинг менга, — деди у қатъий оҳангда.

— Келдиёров ўзига ўхшаган тўрт бола билан пул йиғиб видеомагнитафон олган.

— Видеомагнитафон кимники, японларникими?

— Ҳа.

— Нархини биласизми? Болалар қандай қилиб шунча пул йиғиши мумкин?

— Айтдим-ку, оталарининг қўллари узун.

— Яхши, давом этинг.

— Улар яширинча видеосалон очиб, болаларга тамошалар кўрсатишган.

— Текингами?

— Йўқ, пулга. Бир кишига йигирма беш сўмдан. Биз шу ишни очдик. Кечаси босдик. Эрталаб ҳужжат тайёрлаятувдик, қўнғироқ бўлди. Шундан кейин ўғлини заводга киритиб қўювди.

— Видеосалонда бошқа ишлар бўлганми?

— Очиғини айтсам... оз-моз наша ҳам топилувди... Наша чекишаркан.

— Оз-моз наша ҳам топилувди денг? «Оз-моз» ишлардан яна бордир?

Лейтенант унинг ўткир нигоҳига дош беролмай кўзларини олиб қочди.

— Гапираверинг, бу оз-моз ишлардан латта ҳиди келиб турибди.

— Сизга айтган ишларимни кечирса ҳам бўларди, аммо бир қилиғи... Шуни ёпди-ёпди бўлганига армондаман. Бу бойвачча кечаси касалхонага кирибди, бир ўртоғи билан навбатчи врачдан аввал илтимос қилибди, кўнмагач дўппослабди. Врачни қўрқитишдими, кўнглини олишдими, даъвосидан кечди.

Майор Солиев гиёҳванд ёшларнинг кечаси касалхоналарга бостириб киришлари, қўрқитиб, уриб морфийдан укол олаётганларини прокуратурадаги дўстидан эшитган эди. Санжар Келдиёров шуларнинг бири экан. У шунчаки эркатой эмас, балки жиноят кўчасига буткул кириб олган, шу кўчадан жарлик томон бораётган одам. Орага тушиб уни шу жар ёқасидан ушлаб қолишдими ё бутунлай тубсизлик чоҳига итариб юборишдими?..

Лейтенант ҳали ҳам Солиевга қарашга ботинолмай турарди. У майорни ғазабланяпти деб ўйларди. Бир жиҳатдан у ҳақ. Солиев ғазабга минган эди. Аммо, у фақат Келдиёров ишининг «ёпди-ёпди» бўлганидан эмас, балки бу «ёпди-ёпди»ларнинг ҳамон давом этаётганидан ғазабда эди. Шу ёшга етгунча неча-неча жиноятни очди, ишни «ёпди-ёпди» қилиш ҳақида неча илтимослар, неча пўписалар, неча кўрсатмалар, неча буйруқлар олди. Бирига чап берди, бирига қаттиқ турди, бирига бўш келмади... аммо, ён босган кезлари ҳам бўлди. Айрим ҳолларда иложсизлик қилди, суянадиган қояси бўлмади. Мана бу йигит ҳам шу ҳолда: иложсизликданми, суянадиган қояси бўлмаганданми эзилиб турибди. Бор воқеани нима учун Солиевга айтяпти? Ё уни қоя деб ўйлаб, суянмоқчими, кирланган виждонини поклаб олмоқчими?

«Мен буларга қоя бўла олармиканман?» Солиев хаёлига келган саволга жавоб топа олмади. Кераксиз фикрларга берилмаслик учун шарт ўрнидан турди:

— Қани юринг, Келдиёровникига борамиз.

— Ахир...

— Юраверинг, мен у болани кўришим керак. Бўладиган қўнғироқлардан қўрқманг...

Муллақўзиев ноилож йўл бошлади.

Эшикни жингалак сочли, юзлари юмалоқ, эгнига олачипор кўйлак-шим кийган йигитча очди. Майорни, шубҳасиз, танимади. Лейтенантни эса дарров таниб, қўлингдан нима иш келарди, дегандай киборлик билан қараб қўйди.

— Санжар, уйингда ким бор? — деб сўради лейтенант.

— Ўзимман.

— Аданг, ойинг-чи?

— Кетишган, курортга.

— Сен ишлайсан шекилли, нимага ишга бормадинг? — деб сўради майор унинг безбетлигидан аччиқланиб.

— Отпускадаман.

— Демак, ҳар куни уйдасан?

— Нимайди, кимсиз ўзи, нимага суриштириб қолдингиз?

— Биз бирга ишлаймиз, — деди лейтенант.

— Устанг Миртиллаевни қачон кўрувдинг?

— Минг йил бўлди, эсимда йўқ.

— Заводда у сени урган экан, шу ростми?

Санжар қўл силтади.

— Дурак он, — деди у, — мени одам қилмоқчимиш. Меҳнат маймунни одамга айлантирганмиш, меҳнат қилмаса одам қайта маймунга айланармиш.

— Хўш, кейин-чи?

— Нима, кейин?

— Сен индамай кетавердингми?

— Ну... сўкдим уни, нимайди?

— У-чи?

— У урди! Шу керакми сизга?! — Санжар шундай деб кўзини лўқ қилиб олди. — А я между прочем, уни урмадим. Қўлимни ҳаром қилгим келмади.

— Вақти келса аламингни оларсан?

— Мы это посмотрим. Бўлдими?

— Бўлди. Демак... ёлғизсан?

— Ҳа.

— Бизни уйга ҳам таклиф этмадинг? — деди майор унга синовчан қараб.

— Папуль бегоналарни қўйма, деганлар, — Санжар «бегоналарни» деб атай бураб гапирди. У ўзининг гаплари, кўз қарашлари билан милиция деганларини сариқ чақага ҳам олмаслигини ошкор қилиб турарди. У майорнинг ғаши келаётганини билиб атай ўтга мой сепди. — Сиз бировникига киришдан олдин прокурорингиздан ордер олишингиз керак шекилли?

— Ҳа, рухсат керак. Қонунни яхши билар экансан. Хўп, омон бўл.

Кўчага чиқишгач, Муллақўзиев «энди нима қиламиз?» дегандай майорга қаради.

— Хонангизда ўтира туринг. Мен сизга икки соатдан кейин телефон қиламан, — деи майор унга.

Мақсуд Солиевнинг кайфияти бузилган эди. У бундай безбетликни биринчи марта кўраётгани йўқ. Бундан баттарларига ҳам дуч келган. Аҳмоқнинг катта кичиги бўлмайди, деганларидай, беадаблик ҳам ёшга қарамайди. Санжарни барчага шундай муомала қилади, дейиш нотўғри. Майор буни яхши тушунади. Санжар тарбия топган оилада одамларни навларга ажратиб муомала қилиш расм бўлганлиги сезилиб турибди. Ўзларидан юқорироқда турувчи одамнинг ити адашиб келиб қолса ҳам унга салом берилади, «бизникига кириб бир вовуллаб кетмасангиз, хафа бўламиз» деб таваллолар қилишади. Пастроқ одамни эса кўриб кўрмаганга олишади. Санжар лейтенантни таниди. Отасининг қўли узунлигига ишонмаганида, милиционерни кўрибоқ ташвишга тушарди. Энди унга лейтенант нима экан, генерал келмайдими...

Майор мана шуларни ўйлаб сиқилди. «Бола тарбияси ҳақида радио тинмайди, телевизор тинмайди, матбуот тинмайди. Тарбия эса яхшиланиш ўрнига... — деб ўйлади у. — Хўп бу одамнинг бугун қўли узун. Эртага-чи? Эртага суроби тўғри бўлгач, бу думбул эркатой нима қилади? Додини кимга айтади? Буни ўйламайди. Улар бугун билан яшашади. Агар бу бола Миртиллаевнинг қотилларидан бири бўлиб чиқса, унда нима қилишади? Видео, касалхона воқеасидан қуруқ чиқишибди. Қотилликдан-чи? Ким ўртага тушади? Наҳот бу сафар ҳам зўр келишса?! Наҳот мен сўнгги ишимни шундай шармандаларча якунласам?»

Мақсуд Солиев шу кетишида шаҳар прокуратурасига борди. Бахтига унга керакли одам хонасида экан. У майорнинг гапларини эшитиб, гумонларини тарозига солиб кўрди.

— Келдиёровнинг қўли узун эди, — деди у, — районингиздагилар ана шу «эди»ни ҳисобга олишмабди. Сиз вазиятга қараб эркин ҳаракат қилаверинг. Келдиёров аралашгудай бўлса, ўзига ёмон.

Майор бу гапдан анча далда олиб, лейтенант Муллақўзиевга телефон қилди-да, кеч соат ўн бирда учрашув тайинлади.

Мақсуд Солиевнинг режаси содда эди. Келдиёровлар курортда экан, демак, Санжар учун тўла озодлик муҳайё этилган. У бундан фойдаланмай қўймайди. Видеосалонлари ишини шу уйда давом эттирса ажабмас.

...Аввал қўшниларни безовта қилишди. Ўнг томондаги эшикдан чиққан ўрта ёш аёл Солиевнинг гапини эшитиб:

— Хайрият-е, ҳақиқат бор экан-ку, — деди-да, гувоҳликка ўтишга дарров кўна қолди.

Чап қўшни сал иккиландими, чўчидими дарров рози бўлмади. Майор «наилож, юқори қаватдагиларни чақириб тушамиз» дегандан кейин кўнди.

Эшик қўнғироғини қўшни аёл чалди.

Санжар ярим яланғоч ҳолда эшикни очиб, аёлга ўқрайди. Кейин Мақсуд Солиевни кўриб чўчиб тушди-да, эшикни ёпмоқчи бўлди. Муллақўзиев оёқ тираб олмаганида ёпиб оларди ҳам.

— Ўзинг айтгандай, меҳмонга рухсатнома олиб келдик, — майор шундай деб ордерни узатди. — Ёлғизмисан, ё меҳмонлар борми?

Майор жавоб кутмай ичкари кирди.

— Сен жойингдан қимирлама, — деди майор, ҳамон талмовсираб турган Санжарга. Кейин гувоҳларга қаради: — Сизлар мен билан юринглар.

Ичкари хонада ажнабий тилда сўзлашувлар қулоққа чалинди. Майор эшикни аста очиб, қаради. Телевизорда ажнабий фильм, хонада эса фильмдан қолишмайдиган томошалар бўлаётган эди. Қўшни хоналардан ҳам ғўнғир-ғўнғир овозлар чиқарди. Майор телевизор қўйиғлиқ хонага кириб чироқни ёқди. Ярим яланғоч қизлар ва болалар чўчиб тушишди. Милиционерни кўриб қизлар чинқириб юборишди.

— Манавиларга қараб қўйинглар, — деди майор гувоҳларни ичкари таклиф этиб. Кейин «телетомошабинлар»га қатъий буюрди: — Ҳамма ўз жойида қолсин. Лейтенант манави қўлбола сигаретларни йиғиб олиб, сўроқни бошланг.

Бошқа хоналарда кичикроқ давралар бор эди.

Санжарда аввалги безбетлик, қатъият йўқ, аксинча саросима мавжуд эди. Майор унинг телефонга қараб-қараб қўяётганини сезди. «Кимдандир нажот кутяпти ё кимгадир арз-дод қилмоқчи. Қани, кимга экан?»

— Сенга биров телефон қилмоқчимиди? — деб сўради майор ундан.

— Йўқ... Мен телефон қилиб олсам майлими?

— Майли, телефон сеники, — деди майор. У Санжар терган рақамларга разм солиб, ёдига муҳрлади. Нариги томонда трубка кўтарилди шекилли, Санжар майорга тезгина қараб олди.

— Мен Санжарман, — деди у, — уйимизда меҳмон бор. Милиция...

Тамом. Гап шу билан тугади.

— Сен энди ичкари кир. Лейтенантнинг сўроғига жавоб бер, — деди майор. Санжар кириб кетгач, телефон трубкасини кўтариб, бошқармага қўнғироқ қилди-да, Санжар терган рақамларни айтди: — Телефон эгасини тезда аниқлаб беринг. Иш жойини ҳам.

Бошқармадан жавоб ҳаялламади. Санжардан ахборот олган одам— Келдиёровнинг ёрдамчиси экан. Масала равшан. Фақат бир нарса қоронғи: Келдиёров шаҳарга қайтармикан ё ўша ердан туриб телефон орқали иш битирармикан?

Хоналарни айланиб чиққан майор бир нарсага ажабланди: уйда бир эмас, иккита видеомагнитафон, учта магнитола, фотоаппарат... бор эди, ҳаммаси японларники. Пулга чақилса — фалон минг сўм. Келдиёров камбағал одам эмас, уй тутишининг ўзиёқ кўрсатиб турибди буни. Аммо пули ошиб-тошиб кетса ҳам иккита видеомагнитафоннинг нима кераги бор унга? Қизиғи шуки, тўпланган болалар, қизларнинг бу нарсалардан хабарлари йўқ. Санжаргина «барчаси ўзимизники» деб турибди.

Мақсуд Солиев учун кутилмаган воқеалар айнан шу дамларда юз берди. Бир ўйи охирига етмай, иккинчи жумбоқ қад ростлайверди. Болалар, қизлар қотиллик юз берган кечаси қаерда эканликларини ўйлаб ўтирмай, шартта-шартта айтдилар. Фақат кичик хонадаги кичик давра иштирокчиларидан уч бола мужмал жавоб берди.

Шу болалардан бирини сўроқ қилаётганда телефон жиринглади. Санжар гўшакни кўтарди. Майорга қаради:

— Ҳа, шу ерда, — деди-да, Солиевни телефонга чақирди.

Майор Солиев район ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарининг овозини эшитиб ажабланди.

— Солиев, — деди бошлиқ ўринбосари дабдурустдан, — Келдиёровларни ўз ҳолига қўй. Бола ёш, вақти-соати келиб, эсини таниб олади. Бир-икки пўписа қилу чиқиб кет.

— Тушунмадим? — деди Солиев.

— Нимага тушунмайсан?! — деди бошлиқ ўринбосари. — Эрта-индин пенсияга чиқадиган одамсан, тинчгина кетсанг-чи, нима қиласан Келдиёровнинг жиғига тегиб.

— Мен аризамни қайтариб олганман, хабарингиз йўқми?

— Қайтиб олганмисан, йўқми, бари бир қиладиган ишингни қилиб бўлгансан. Энди биттагина мукофот олиб, тинчгина кетишингни ўйла.

— Ўйламасам-чи?

— Мен сенга буюраман.

— Буйруғингизни ёзма равишда юборинг. Ишни ана шунда тўхтатаман. Келдиёровингизга айтиб қўйинг: мен ундан зўрларини ҳам кўрганман.

Солиев гўшакни шундай деб жойига қўйди. Кейин яна кўтарди-да, бошлиқнинг уйига қўнғироқ қилди.

Солиевнинг гапларини подполковник бўлмай эшитди.

— Нозик ишга дуч келибсиз, — деди ниҳоят у. Кейин бир нафас жим қолди. Солиев унинг икки ўт орасида эканини сезди. Келдиёров ростдан ҳам зўр бўлса, подполковникни жойидан жилдириб юборади. Солиевнинг иши осон: пенсияга чиқади, кетади. Эндигина қад ростлаётган подполковник эса бошқа кўкармайдиган бўлиб ерга кириб кетиши мумкин. Подполковник жимиб қолганда шуларни ўйладими экан? Ниҳоят, бошлиқ тилга кирди: — Нимани лозим кўрсангиз, шуни қилинг. Ёш бола эмассиз!

Шу билан гап тамом. Подполковник нима демоқчи бўлди? Ёш бола эмассиз, ўринбосарим билиб айтган, унинг йўриғидан чиқманг, дедими ё ёш бола эмассиз, ким нима деса йўрғалаб кетаверасизми, дедими? Ҳа, Солиев ёш бола эмас. Бошлиққа телефон қилишдан мақсад маслаҳат сўраш эмас, балки чархпалак ўйинининг бошланганидан хабардор қилиш. Балки Солиев кечиккандир, Келдиёровнинг шотирлари ундан аввалроқ подполковникка телефон қилиб, уни пишитиб қўйишгандир?

Мақсуд Солиевнинг кўнгли хира бўлиб, ичкари хонага кирди. Ҳалигина бошларини ҳам қилиб ўтирган болалар телефоннинг кучини сезишган шекилли, қадларини ростлаб, оёқларини чалиштириб ўтириб олишибди. Кўз қарашларидан: «акахон, нима қилардингиз бизнинг маишатимизни бузиб, бир телефонлик ҳолингиз бор экан-ку?» деган маънони уқиш мумкин эди.

— Айрим ўртоқлар сизларга жон куйдиришяпти. Тинч қўйинг, дейишяпти, — Солиев шундай деб болаларга бир-бир тикилди. Уларнинг нигоҳидан булутни ёриб чиққан офтоб мисол чақнаб чиқди.

— Биз бошқа қилмаймиз, ваъда берамиз, бизни қамаманг, амакижон,- деди болалардан бири киноя оҳангида.

— Сизларни ҳозир қамаш ниятим йўқ.

— О, шундайми, миннатдормиз сиздан.

— Гап бундай: телефон қилганлар чучварани хом санашибди. Жумладан, сизлар ҳам. Шунинг учун ҳозир ўтириб, икки кун аввал қаерда бўлганингизни ёзиб берасиз.

— Кейин бизга жавобми?

— Шошилиб нима қиласиз? Ахир уйингизда бу тун сизни кутишмайди-ку? Агар уйга қайтгингиз келаётган бўлса, марҳамат, ота-онангизга телефон қиламиз, олиб кетишади.

— Уйимизда телефон йўқ.

— Шундайми, унда бошқа йўл қиламиз. Лейтенант, шаҳар навбатчисига телефон қилинг: бир гуруҳ номаълум шахслар, балоғатга етмаган ёшлар жиноят устида қўлга олинди, адреслар бўйича ота-оналарига хабар қилишсин. Қизларнинг ётоқхоналарига бориб, маъмуриятни олиб келишсин.

Лейтенант Муллақўзиев хўп, деб ўгирилган ҳам эдики, болалардан бири ўрнидан туриб кетди:

— Тўхтанг, бўпти, мушук-сичқон ўйнамаймиз. Уйларимизда телефон бор. Лекин билиб қўйинг, биз кўчада санқиб юрадиган ташландиқлар эмасмиз. Оталаримиз тинч қўйишмайди сизларни.

— Лейтенант, телефонларни ёзиб олиб, ишга киришинг, — деди майор у боланинг гапига эътибор қилмагандай.

Қўйиб берилса-ку, бу безбетнинг тумшуғини ерга ишқарди-я, аммо хизмат бурчи бунга йўл қўймайди. Солиев қанчадан-қанча жиноятчига дуч келди. Баъзан жиноятчини шартта отиб ташлашни истарди ҳам. Аммо ўзини тутиб қоларди. Талъат бир томондан ҳақ. Бу болаларнинг тарбиясини энди тузатиб бўлмайди. Энди улар баттар бўлса бўладики яхши томонга ўзгармайди. Жамиятни булғаб яшайверади. Дарахтга қурт ё шира тушса, дори сепиб, чора кўрилади. Бундайларга эса чидаб юрилаверади. Тўғри, жиноятчини аксари ўзини ўнглайди. Солиев буни тушунади, бундайларга имконият яратиб беришни ўз бурчи деб билади. Аммо тузаладиган жиноятчилар бошқа, мана бундайлар бошқа. Булар «мен ҳам жамиятга фойдам тегадиган одам бўлишим керак» демайди. «Мен хожаман, жамият қулим, нима истасам шуни қилишим шарт», дейди.

Бола тўғри дағдаға қилган эди: уларнинг оталари, айримларнинг оналари кўпга сўзи ўтадиган одамлар экан. Айримлари воқеа қисқа баён этилгач, қўйиб юбора қолинг, деб илтимос қилишди, айримлари дўқ уришди, фақат иккитасигина «ҳозир етиб бораман», деб гапни калта қилди.

Бу орада яна телефон жиринглади. Санжар трубкани қулоғига олиб келди-ю, бирдан тунд чеҳраси ёришиб кетди.

— Да, папуль, все в порядке, — деди у майорга тикилган ҳолда, — просто ошналар билан ўтирувдик. Ничего плохого. Нет, папуль, не болдели. Те же ребята. Хўп, — у майорни имлаб чақирди, — сизни сўраяпти, дадам.

Майор трубкани олди:

— Майор Солиев, — деди у қуруққина қилиб.

— Келдиёровман, — деб эшитилди вазмин овоз, — нима гап, ўртоқ майор?

— Ман этилган ишлар билан шуғулланишяпти болалар.

— Ўртоқларнинг учрашуви ман этилганми?

— Учрашув ман этилмаган, аммо бузуқчилик билан шуғулланиш, нашавандлик қилиш жиноят ҳисобланади.

Келдиёров жимиб қолди. Афтидан, биринчи ҳодисадан ўғлини қутқариб олгач, «тарбиявий соат» ўтказган, Санжарнинг ваъдасига ишониб, дам олишга хотиржам отланганга ўхшайди.

— Ўртоқ майор, сиздан илтимос, болаларнинг шўхлигини афв этинг. Қайтиб борганимда сиз билан бафуржа гаплашаман.

— Ўртоқ Келдиёров, бу шўхлик эмас, жиноят.

— Яхши, жиноят бўлса жиноят! — Келдиёров ғазабини ошкор қилиб қўйди. — Биз сиз билан тил топишармиз, а?

— Ўртоқ Келдиёров, телефон қилганингиз яхши бўлди: айтинг-чи, уйингизда нечта видеомагнитофон бор?

— Битта ҳам йўқ.

— Япон магнитоласи-чи?

— Бунақа нарсалар йўқ менда. Нимага сўраяпсиз?

— Фото билан ўзингиз шуғулланасизми ё Санжарми?

— Гапни айлантирманг. Мен сизга тил топишиб кетамизми, дедим. Гапимга тушунгандирсиз?

— Гапингизга тушунмадим. Ўғлингизни айтишича, уйингиздаги икки видеомагнитофон ҳам сизники эмиш. Шундай деб ёзиб ҳам берди.

— Шунақами?.. Мен эртага етиб бораман. Сиздан илтимос, ҳужжатларни расмийлаштирмай туринг. Тушундингизми, биз тил топиша оламиз сиз билан.

Майорнинг чеҳрасига ғолиб одамнинг нури урилди. Гўшакни қўйди-да, ичкари кириб креслога ўтирди.

-Даданг фотосуратчилик билан шуғулланмас эканлар. Гапинг тўғри чиқди. Фотоаппарат ўзингники экан. Шу аппаратда ҳеч сурат олганмисан?

— Ҳа. Санжар вазият ўзгарганини билиб мулойимлашди.

— Сергей Александрович! — майор шундай деб ўзи билан бирга келган сураткашни чақирди. Хонага тепакал, паст бўйли киши киргач, ундан илтимос қилди: — Сергей Александрович, фотоаппаратга қизиқувдингиз, мана, эгаси тушунтириб беради.

Сураткаш майорнинг мақсадини тушуниб, жавонда турган яп-янги фотоаппаратни қўлга олди.

— Видержкаси автоматми ё?..

Санжар уларнинг ҳийласини тушунди.

— Ҳаммаси автомат, — деди гапни қисқа қилиб.

— Диафрагмаси қаерда белгиланади?

— Ҳаммаси автомат дедим-ку?

— Ҳарҳолда, қаердалигини биларсан?

— Йўқ, билмайман, ҳали яхши ўрганмадим.

Хуллас, шу зайлда Санжарнинг фотоаппаратни ишлатишдан бехабар экани маълум бўлди.

— Лейтенант буни ҳам протоколга киритиб, қўл қўйдириб олинг, гувоҳлар ҳам имзо чекишсин.

Келдиёровнинг уйида бошланган иш шу зайлда давом этди.

Бу бобга якун ясамай туриб, Талъат Шомуродов ҳолидан хабар олсак. У билан эрта тонгда хайрлашиб эдик. Безори қиёфасига кирган бу йигит кимлар билан учрашди экан?

*

Талъат аввалига майорнинг гапларини ҳазм қилгиси келмади. Ётоқхонасига бориб дам олай, деб ётди-ю, кўзига уйқу илинмади. Майорнинг гаплари миясида ғужғон айланаверди. Хизмат бурчи нуқтаи назаридан олиб қаралганда майор ҳақ: жиноятчиларни ботқоқдан тортиб чиқариб, одам қаторига қўшиш керак. Бўладиган одам бир марта қоқилгандан кейин кўзига қараб юради, бошқа қоқилмайди. Иккинчи, учинчи марта жиноят қилганлар-чи? Уларнинг тузалишига ким кафолат беради, майорми? Йўқ, ҳатто у ҳам ишонч билан кафолат бера олмайди. Кечаги қотиллар орасида ҳеч бўлмаса бир марта ўтириб чиққанлар ҳам бор. Хўш, улар қўлга олиниб, жазосини тортиб чиққач, яхши одамларга айланадими?

Талъат мана шуларни ўйлай-ўйлай, ўйига етолмасдан охири қўл силтади. «Менинг вазифам — жиноятчини ушлаш, қолганига қонун бор. Қонун нима буюрса — шу», деган қарорга келди.

Бир оз ҳордиқ чиқаргач, майор айтган ҳужжатларни олди-ю, тўғри пивохонага борди. У ерда иш қизғин: катта юк машинасига кеча бўшаган шишалар ортиларди. Пиво тўла шишалар ортилган юк машина эса кутиб турарди. Бу Талъат учун айни муддао эди. У тўғри пивохона хўжайинига рўпара бўлди:

— Қарашворайми, шеф? — деди. Шошилиб турган хўжайин арзон хизматкорнинг ўз оёғи билан келиб қолганидан мамнун бўлди.

— Тўрттага кўнсанг, майли, қарашвор, — деди.

— Тўрт донами? — деди Талъат норози оҳангда.

— Хўп, беш шиша бераман.

— Йўқ, олтитадан камига бўлмайди.

Хўжайин бир тўнғиллаб олди-ю, ноилож кўнди. Талъат олти шиша эвазига машинадаги пивони ташиб берадиган бўлди.

Ишини якунлаши билан хўжайин олти шиша пивони ажратиб, териб қўйди.

— Э, ҳозир ичмайман, — деди Талъат, — нима, бир ўзим ичиб, алкашманми? Одамлар келсин, ҳамсуҳбат топай. Унгача холодильникда тура турсин.

-Вей, жа без бола экансан-ку! Кечаёқ билувдим. Туппа-тузук одамнинг пивосини тортиб олдинг-е.

— Туппа-тузук одамингиз ича олмагандан кейин нима қилади ўзини қийнаб. Пулини бердим, олдим. Мен текинга томоқ емайман. Текин томоқ танни тоза қилади, деганлар бошқалар. Умуман, хўжайин, агар кўнсангиз беш-ўн кун сизга қарашиб турай. Паспорт қўлга тегса ишга кириб кетаман. Унгача менга ҳам эрмак керак. Аммо мендан қўрқманг. Ўғри эмасман. Фақат қўлим қичиб туради. Биров жиғимга тегса аямайман. Сизга биров олифталик қилса, менга рўпара бўлаверади, мана, қоғозим, ишонмасангиз кўринг.

Хўжайин «қамоқдан озод қилиш ҳақидаги гувоҳнома»ни синчиклаб ўқиса ҳам тушунмади.

— Нимага қамалгансан?

— Ёзиб қўйибди-ку, 204-модда. Безорилик учун. Биттасининг жағини тескари қилиб юборибман.

— Бўлмайди, сендақаларга қайишиб, бало орттираман.

— Бўлмаса бўлмас, олтита пивога итдай ишлаб берадиган гўлни топиб кўринг-чи?

Хўжайин бир оз ўйлангач, ноилож рози бўлди. Шундан сўнг Талъат шарт қўйди:

— Олтита пивони текинга берасиз. Қирқтасини сотиб оламан.

— Нима қиласан?

— Сиз саройингизни беркитиб кетаверасиз, мен қоламан, одамларнинг ҳожатини чиқариш керак-ку?

— Бекор айтибсан, бор, тошингни тер. Сени деб энди...

Хўжайин гапини тугатиб ололмади. Талъат шарт ёқасидан бўғди. Хўжайиннинг ўғли буни кўриб ёрдамга ташланмоқчи эди, Талъат оёғининг учи билан унинг даҳанига секин тепди. Унинг учиб тушишига шу секин тепки ҳам етарли бўлди.

— Сен бола аралашма. Шишаларингга Чимкентнинг ёрлиғини ёпиштириб туравер. Биз аданг билан келишиб оламиз. Келишамиз, а?

— Келишдик, — деди хўжайин, нафаси қайтиб. Шундан сўнг ёқаси бўшади. — Фақат нарироққа обориб сотасан. Ана, ҳув кўприк остига олиб бор.

— Қаерда сотишим билан ишингиз бўлмасин. Мен икки соатдан кейин келаман. Кеча ўтирган жойим бўш турсин.

Талъат бир таваккал қилган эди, мўлжали тўғри чиқди. Қайтиб келганида столи атрофида уч йигитни кўрди. Бир хилда — почаси бўғма, тизза ёнига ҳам шапалоқдай чўнтак тикилган олачипор шим, олачипор куртка, «Саламандра» деб донг таратган оқ туфли кийиб олган бу йигитларни Талъат кеча ҳам кўрган эди. Уларнинг керилиб ўтиришидан билдики, хўжайин яна ўнта пивонинг баҳридан ўтган. Шу йигитлар зўри билан Талъатнинг таъзирини бериб қўймоқчи бўлган. Талъат йигитларга яқинлашди-да, уларга ҳеч нима демай хўжайинни имлаб чақирди.

— Столнинг бандлигини бу укаларга айтганмисиз? — деди Талъат қўпол оҳангда.

Бундай бўлишини кутмаган хўжайин талмовсираб «ҳа» деб юборди.

— Сиз холодильникдаги олтита пивони олиб келинг. Унгача укахонлар жойни бўшатишади, — деди Талъат йигитларга бир-бир қараб. Улар ҳам ўзаро кўз уриштириб олишди, аммо индашмади. Талъат стол устидаги қопқоғи очиқ турган шишани сўрамасдан олиб, кўтарди. Ярмини ичиб, жойига қўйди-да, тўрда ўтирган йигитга қаради:

— Жойни бўшатиш керак, укам.

— Эртага келсанг, бўшайди, — деди йигит унга ўқрайиб.

— Бугунги ишни эртага қўйиб нима қиламиз. Юр, эркак, отамлашайлик.

Уларнинг учови баравар туриб ташқарига йўналишди. Талъат эса шошилмай, стулларни қийшайтириб, суянчиқларини столга тираб, ёндаги столда ўтирганларга «қараб туринглар, банд», деди-да, бамайлихотир юриб, ташқарига чиқди.

Пивохона хўжайини улардан кўз узмай қараб тургани билан учта йигитнинг қандай қилиб уч томонга учиб тушганини билмай қолди. Йигитлар бирин-сирин туриб яна Талъатга ташланишди, бироқ яна аввалгидай учиб тушишди. «Бола эмас, бало экан-ку, бу», деб қўйди ўзича хўжайин.

Талъат учала йигитни бошлаб қайтди. Тўғри пештахта ортига ўтиб хўжайиннинг стулини олди-да, банд қилиб қўйган столига борди. У худди пивохона хўжайинидай эркин ҳаракат қиларди. Бу ўйинда ютқизганини фаҳмлаган хўжайин ғазабини сездирмади. Мулойимлик билан келиб, олтита муздек пивони қўйиб кетди.

Суҳбат аввалига қовушмади. Уч йигит аламданми, қўрқувданми ҳарҳолда ҳалигача ўзига келолмаган эди. Талъат эса худди ҳеч нарса бўлмагандай уларни бир тоғдан бир боғдан қилиб гапга тутишга ҳаракат қиларди.

Учта стол нарида бир ғилай икки ўспирин билан ўтирарди. Улар кеча ҳам шу ерда эдилар.

— Анави ким? — деди Талъат ёнида ўтирган йигитга қараб.

— ўилайми? Қамар деган бола.

— Кунда-шундами?

— Хушига келса ҳар куни шу ерда, бўлмаса йўқ.

— Кунда-шундалар кўпми?

Йигит бир-икки одамни кўрсатди.

— Буларда ишинг борми?

— Пул керак, — деди Талъат. — Ишга киргунимча пул керак.

— Бизда пул йўқ.

— Билиб турибман. Сенлар олифталикни биласанлар. Қамарда-чи, бормикин?

— Унинг қўлида кўп пул кўрмаганман. Майда болаларни олдига тўплаб балки пинҳона шилар?

— Манави иккита пивони қўйиб кел, столига, кейин ўзини чақирамиз.

Қамариддин пивони нохуш қабул қилди. Ёнидаги болага бир нима деган эди, у чаққон ўрнидан туриб пивохона хўжайинига борди-да, пештахта ортидан саккизта пиво олиб Талъатнинг столига келтириб қўйди.

— Биз боп экан бу Қамариддин, — деди Талъат, — бориб чақириб кел, Граф чақиряпти, де.

Қамариддин таклифни эшитиб, туришга шошилмади. Олдидаги пивони ичиб бўлгандан кейингина ўрнидан аста қўзғолди.

Талъат ўтирган жойида унга қўл узатди. Қамариддин ҳам қўл учида сўрашди.

— Мен Графман, эшитганмисан?

— Графлар кўп. Қайси бирисан?

— Курортдан келдим.

— Курортдан келганлар ҳам кўп. Нима демоқчисан?

— Ишга киргунимча пул билан жой керак.

— Керак бўлса, қидириб топ.

— Ёрдам бермайсанми?

— Мен бунақа ишларни ташлаб юборганман.

— Сен меҳмондўстликни унутиб қўйибсан, эслатиб қўйишим мумкин?

— Юр, — Қамариддин шундай деб ўрнидан турди.

Қамариддиннинг ўзига бунчалик ишонишида жон бор экан. Бир-икки ҳамласи усталик билан қайтарилгандан кейин Талъат буни сезиб, олишишни бас қилди.

— Мен боп йигит экансан, ке, дўст бўлайлик.

Талъатнинг узатган қўли муаллақ қолди.

— Мендан узоқроқ юравер, Граф! — Қамариддин шундай деди-да, эшик оғзида пойлаб турган икки ўспиринни эргаштириб катта йўл сари кетди.

Талъат унинг ҳаракатига тушунмай бир оз гангиб турди-да, кейин жойига қайтди.

— Мен боп йигит экан, — деди у, — келишиб олдик. Ҳа, нимага соатларингга қараяпсанлар, қайтишларинг керакми? Бўпти, мен ҳар куни шу ердаман.

Йигитлар туриб кетиши билан Талъат кеча танишган улфатларидан бири ҳовлиқиб келди.

-Бахтимдан айланай, сиз бор экансиз. Номардлар ишдан кейин олиб қолиб мажлис қилса денг. Қайта қурсанг қуравермайсанми, нима қиласан бизни гангитиб? — у шундай деб шишани кўтарди-да, ютоқиб-ютоқиб ичди.

— Роса чанқабман, шу мажлисни деб кеч қолдим. Қайта қуришни айтаман, бизга вақтида ғишт бер, вақтида сиймон бер, ишингни қотириб ташлайлик, — у иккинчи шишани кўтарди. — Эшитдингизми, бир одам чўкибди. Шу яқин орада чўкканмиш. Танирдим уни. Болаларига жавр бўпти.

— Хурмачага қараб ичмаган-да.

— Бе, ичган бўлса, иккита ё учта ичгандир. Чанқовбосдига кирган экан. Лақиллаб анча ўтирди. Ҳайронман, қандай қилиб сувга тушиб кетган экан?

— Битта -яримта уриб ташлаб юборгандир?

— Бе, уни уриб ким барака топарди. Бировда қасди бўлмаса. Яна ким билади, биров урса милиса аралашмайдими, тинч-ку улар?

Улфат жаврагандан жавради. Талъат бугунги ишини бажариб бўлган эди. Унга «ҳозир келаман», деди-ю, чиқиб кетди.

Майор Мақсуд Солиев билан Талъат Шоумаровнинг ишлари ҳақидаги ҳикоямиз ҳийла чўзилиб, муҳтарам ўқувчимиз Асрор билан учрашувга бетоқат бўлаётгандир. У ҳолда биз Талъатни тун қўйнига узатамизу ўзимиз тонг билан Асрорникига мўралаймиз. Қотилликдан кейинги навбатдаги тун исканжасида аранг қутулган Асрорни нонушта устида учратамиз.

ХУМДА КАТТА БЎЛГАН БОЛА

ёхуд Асрорнинг синфдошлари олдидаги шармандаликдан

қутулиб қолгани ҳақида ҳикоя

Асрорнинг нонушта қилгиси йўқ эди. Шундай бўлса ҳам ноилож катта хонага чиқди. Укалари аллақачон жой-жойларини олган. Тўрда дадаси. Бир нарсадан қуруқ қолаётгандай шошилиб чойини ичяпти. Унинг одати шу, гапирганда ҳам тез гапиради. Ишлаганда ҳам тез ишлайди. Дадаси Асрорнинг саломига алик олмади. Бу — хафалик аломати. Асрор кеча у айтган жойга бормади. Бориб доира чаладиган аҳволда эмасди. Асрор ёлғизликни, фақат ёлғизликни истарди. Қамариддин буни тушунди. Уни ҳоли қўйди. Аммо дадаси... Дадасида айб йўқ. Ахир у ўғлининг аҳволидан бехабар-ку... Унга тушунтириб бўлмаса, айтиб бўлмаса...

Маъсума эрининг феълини билгани учун, Асрорга кўз қараши билан «парво қилма, жаҳлидан тушиб қолади», деб далда берди.

Нонушта осойишта, аниқроғи ўлик бир сукутда давом этди. Маъсума бунга тоқат қилолмади. Нонуштадан кейин айтмоқчи бўлган гапини ҳозирнинг ўзида айтиб юбора қолди:

— Дадаси, эшитдингизми, Мирқосим ака оламдан ўтибди, — деди у эрига қараб.

— Мирқосим аками, қачон? Нима бўпти?

— Анҳорга чўкканмишлар.

— Анҳорга? Чўмилибдими?

— Йўғ-а, биров йиқилибди, дейди, биров ўлдириб ташлашгандир дейди. Пивохона ўлгур бор-ку, ўшанинг яқинидан чиқибди жасадлари.

Асрор пиёлани кўтарганича қотиб қолди. Бу ўша одамми? Уни ота-онаси танирканми? Демак, унинг қараши... Асрорни таниганми у? Нима учун у — Асрор танимади? Яхши ҳамки онаси гапириб қолди, бўлмаса Асрор шу қотганича қанча турарди, билмайди.

— Асрор, даданг билан боргин фотиҳага, бечора кичкиналигингда сени яхши кўрарди, илойим энди яхши кўрмасин.

«Яхши кўриб ёнига чақирмасин», деган маънода айтилган бу гап Асрорга «Сен уни ўлдирдинг, шу сабаб энди сени яхши кўрмасин», дегандай туюлиб, бадани титраб кетди.

— Бунинг танимайди уларни, эсида йўқ, — деди дадаси.

— Ҳа, борди-келди бўлмаганидан кейин... Асрор, улар эсингда йўқми?

Асрор жавоб берадиган аҳволда эмасди. Бош силкитиб қўя қолди.

— Биз уларникида ижарага турганмиз. Бирам яхши одамлар эди, бояқишлар. Кузда хотини тўппа-тўсатдан қайтиш қилиб берувди. Энди ўзи... болаларига жавр бўлди.

— Нечта эди боласи? — деб сўради дадаси.

— Олтита шекилли? Тўнғичи Асрордан икки ёшгина катта-да.

— Болаларнинг ризқи ўзи билан. Қариндошлари бордир. Бўлмаса детдом бор, кўчада қолишмайди.

Шу пайт кўча қўнғироғи чалиниб, суҳбат узилди. Шу баҳонада Асрор ўрнидан туриб кетмоқчи эди отаси «ўтир, гап бор», деб тўхтатди. Асрор учун сира кутилмаганда онаси Зоир билан Туробни бошлаб кирди. Асрор уларнинг мақсадларини билгани учун ҳам қафасдаги қушча ҳолига тушди. Ўзининг дарди ўзига етарли эди. Энди уятдан ёрилиб ўлиши керакми? Шубҳасиз, улар пул олиб келишган. Пулни синфдаги болалар тўплаб беришган. Асрор Зоирга гапиргани билан унга гап таъсир қилмаган, бари бир айтганини қилган.

Зоир муомалага уста бола. Кира солиб Асрорнинг дадаси билан эски қадрдонлардай қуюқ сўрашди.

— Ҳофиз амаки, бир хизмат чиқиб турибди, йўқ демайсиз. Дўстимиз опасини узатяпти, шунга мана, хамир учидан патир, — у шундай деб бир даста пул узатди. — Ҳозирча уч юз. Қолганини келишармиз?

— Ие, ие, овора бўлибсиз-ку, ўғлим. Тўй қачон ўзи? Билайлик-чи?

Туроб айтди. Асрорнинг дадаси дафтарчасини варақлади.

— Бахтингизни қаранг, шу куни бўш эканмиз. Мана, Асрорбек билан би-ир қизитиб берамиз тўйни, буёғидан хавотир бўлманглар. Қани, чойга марҳамат.

Болалар дарсга кечикамиз, деб унашмади. Улар Асрорга «юр, сен ҳам борасанми мактабга», дейишмади ҳам. Худди уни кўрмагандай чиқиб кетишди. Бундан кўра Асрорни дўппослашмайдими, сен аблаҳсан, ифлоссан... дейишмайдими, энг ёмон ҳақоратларга булғаб ташлашмайдими?.. Асрорга бунчалик оғир бўлмасмиди шунда. Ҳозир эса... афтига тупургандай қилишди. Гўё «ўл, бу кунингдан» деб кетишди.

Асрорнинг укалари бирин-кетин туришди. Дадаси шундагина тилга кирди:

— Кўчада турган машина, бу уй, бу мол-мулкни мен орқалаб кетмайман. Ҳаммаси сизники ўғлим. Дунё омонат. Мендан кейин укаларингизги сиз бошсиз. Худо овозни менга бир умрлик қилиб бермаган. Эрта-индин овоздан қолсам, бизга биров битта нон бермайди. Худо бериб турган пайтда тўплаб олмасак бўлмайди. Кеча бормадингиз. «Юз бола»ни етти ёт бегона чўнтагига солиб кетди. Нимангизга кериласиз?

Бу сизлаб гапириш, бу киноя жонни биттадан суғуриб олиш демак, Асрор энди нима қилсин: шарт туриб ўзини деразадан ташласинми ё ўзини трамвайнинг тагига отсинми? Ҳаммасидан бира тўла қутула қолсинми? У одамнинг (энди унинг исмини билади) таъқибидан ҳам, синфдошларнинг маломатидан ҳам, дадасининг миннатли ошидан ҳам... барчасидан бира тўла қутулса қандай яхши...

— Дадаси, қўйинг, кеча тоби йўқ эди. Шу пайтгача бир гапингизни икки қилибдими?

Онасининг овози бирдан тун бағрига ёпирилиб кирган ёруғ нурдай бўлди. Ҳозир бадбин фикрларга берилганда нима учун онасини ўйламади? Онасини ташлаб қаёққа кетади? Шундай меҳрибон, мунис онани аламлар оловига ташлаб кетиш мумкинми?

Асрор шундай хаёллар қафаси ичида ўтирар эди.

Ота-онасининг эса ўйлари бутунлай бошқача:

«Болагинам кеча ўжарлик қилганига пушаймон еб ўтирибди. Отасига тик қарамайди, шунисига шукр», деб ўйларди она.

«Болага қаттиқ туриш керак. Кеча ўзича бир эркалик қилди. Индамасам эртага яна тарозига солади. Узиб олганим дуруст бўлди», деб ўйларди ота.

Ота «тавбасига таянган» ўғлига рухсат берди. Асрор хонасига кириб қайси китобни олишни билмай гарангсиб турди. Бугун қандай дарслар бўлиши мутлақо хаёлидан кўтарилган эди. Бундан ўзи ҳам ажабланди. «Бунақада жинни бўлиб қоламан-ку» деб ўйлади ўзича. Кейин дуч келган китоб-дафтарни дипломатга солиб, мактабга йўл олди. Зоир узатган пулни олаётганида дадасидан нафратланган эди. Ҳозир ўша нафрат ўқлари қайтиб ўзининг юрагига санчила бошлади. Дадасини эмас, ўзини лаънатлай кетди. «Дадамга тушунтириб айтсам нима қиларди. «Акаси Афғонистонда ҳалок бўлган, онаси ақлдан озиб жиннихонада ётибди, уларга қийин, кўнгилларини кўтарайлик» десам тушунмасмидилар? «Томсувоқларинг жонга тегди» дермидилар ё?»

Саволга Асрорда жавоб йўқ эди. Дадаси шундай деб қайириб ташлаши ҳам ҳеч гапмас.

Энди нима қилиш керак? Қайси юз билан синфга кириб боради? Бирдан хаёлига яшин каби урилган фикр музга чулғанаётган қалбига қайта жон ато этди. Қамариддин!!! Уни бу шармандаликдан Қамариддин қутқаради!

У йўлни Қамариддинникига қараб бурди. Эшикни Қамариддиннинг онаси очди. Хушрўйгина бу аёлнинг кўзида бу сафар ғазаб бор эди. Қамариддиннинг ҳам кайфияти бузилган эди. Асрор сезди: она-бола жиғиллашиб олишган. Қамариддин Асрорни ўзининг хонасига бошлади. Орқасидан онаси «Билиб қўй, боланинг уволига қоласан», деганича қолди.

Салим Қамариддиннинг каравотида ётарди. Шу уч кун ичида янаям озиб, ранги оқарган. Лабларининг соғ жойи қолмаган. Илгаригидай инграмайди. Ҳолсизгина ётибди. Асрорнинг саволларига асосан имо-ишора билан жавоб қайтарди: гапиришни ё хоҳламади ё ҳол йўқ ё... оғриқни босиш учун наша чекиб олган эди. Асрор эрталаб уйида бўлган воқеани айтиб бериб, Қамариддиндан пул сўради. Қамариддин унинг мақсадини англади. Жавонни очиб пул олди.

— Ма, тўрт юз. Юзи сендан тўёна. Отангни бари бир адабини бериш керак. Бир кунмас бир кун ўзинг ҳам хоҳлаб қоласан буни. Лекин унда Қамар бўладими, йўқми... — Қамариддин шундай деб аянчли жилмайди. Асрор ҳайрон бўлди. Уни бу аҳволда сира кўрмаган эди.

— Мен билан отанг ўртасида нима фарқ бор, биласанми? Билмайсан. Мен ўғриман. Қўлга тушсам, кетдим. Отанг ҳам ўғри. Лекин у қўлга тушмайди. Мен одамларни қон қақшатиб оламан. Отанг кулдириб туриб, ўйнатиб туриб юлади. Фарқимиз борми?

— Қамар сўксанг, ўзимни сўк, отамга тегма.

— Эҳ, братишка, сенга қийин, сенга раҳмим келади. Укам бўлганингдами... Бари бир укамсан. Хоҳласанг, хоҳламасанг — акангман. Йиллар ўтиб унутиб юборсанг ҳам майли. Лекин тирик эканман, сенга акаман. Бошқа гап йўқ.

— Қамар, ўша одамни топишибди.

— Биламан.

— Ўзи чўккан, дейишаётганмиш.

— Янаям яхши. Демак, ишлар ёмон эмас. Бор, мактабингдан кеч қолма.

Қамариддин Асрорнинг гўллигидан қувонди. Агар шу гапга ишонса — яхши, қўрқиб юрмайди, довдирамайди. Қамариддин эса милицияга кўп нарса аёнлигини яхши билади. У одамнинг калтаклангани, кейин сувга ташлаб юборилганини узоқдан бўлса ҳам кимдир кўрганига, ўша «кимдир» хабар берганига Қамариддин ички бир туйғуси билан ишонар эди. Шу сабабли эрта тонгда келиб, ўтирган ерларида қолган сигарет қолдиқлари, сув ёқасидаги бутага илашиб турган шишани сувга отган, ашёвий далилларни шу зайлда йўқотган, у одамнинг қўлидан тушган пичоқчани эса рўмолчасига ўраб чўнтагига солган, кейин вокзалга бориб проводникдан «командировка ҳисоботи учун» иккита билет сўраб олган эди. Оқшомда эса пивохонада Мақсуд Солиевни кўргач, гумонлари ҳақиқатга айланди.

Қамариддиннинг хотираси жуда яхши эди. Бир кўрган одамини эсдан чиқармасди. Майорни район милициясида формада кўриб эсда сақлаб қолганди. Унинг олдидан пиво олиб кетган йигитни ҳам хотирасига муҳрлади. Милициянинг шов-шувсиз иш юритаётганига ишончи комил эди. Шу сабабли кеча Талъатнинг узатилган қўли муаллақ қолди. Агар Қамариддин шуларни Асрорга айтса борми, бола бечора адойи тамом бўлади.

Асрор Қамариддинникидан кўнгли кўтарилиб чиқди. Бунга фақат пул олгани эмас, балки ўша одамнинг ўзи чўкиб ўлгани ҳақидаги хабарни ҳақиқатга айланаётгани сабаб эди.

Синфига кириб ажабланди: ҳеч ким йўқ. Болалар бирон ёққа кетишдими ё ёппасига дарсдан қочишдимикан, деб ўйлаб ҳовли томон йўл олганида зал тарафдан комсоргнинг овози келди:

— Мирисаев, қаёққа кетяпсан!

Асрор ноилож зал томон юрди.

— Нимага лекцияга кирмадинг, нима жа-а ақлли бўп кетганмисан, қани кир, тез, — деди комсорг жаҳл билан.

Асрор залга кирганида тепакал нотиқ маърузасини якунлаётган экан. Асрор бўш ўринга ўтираётганида унинг: «Шундай қилиб, дин афюн экан, биз унга қақшатқич зарба беришимиз зарурдир», деган гапларини эшитиб, суҳбат мавзуини англади. Нотиқ жойига ўтириши билан залда ғала-ғовур кўтарилди. Аммо директор ўрнидан туриши билан барча жимиб қолди.

— Тушунарлими? — деди директор салмоқлаб, — саволларинг бўлса беринглар.

«Саволни Зоирга чиқарган-да», — деб ўйлади Асрор. У янглишмаган эди, олдинги қаторда ўтирган Зоир қўл кўтарди.

— Сиз дин билан муроса қилиб бўлмайди, дедингиз. Мен бу фикрингизга қаршиман, — деди у дабдурустдан. Нотиқ буни кутмаган эди, директорга савол назари билан қаради.

— Бу саволингми ё мунозара қилмоқчимисан? — деди директор таҳдид оҳангида.

— Унисиям, бунисиям, — деди Зоир ўзини эркин тутиб. — Мен бир мисол айтаман сизга: бувам намоз ўқийдилар. Урушга борганларида ҳам намоз ўқиган эканлар. Урушда иккита орден олганлар. Кейин заводда ишлаб яна орден олганлар. Дадам намоз ўқимайдилар, менам Худога ишонмайман. Муросага йўл йўқ экан, бувамни нима қилайлик энди?

Нотиқ кулди:

— Буванг дин эмас, диндор. Диндоларни қайта тарбиялаш керак.

— Яна битта саволим бор.

— Марҳамат, савол-жавобдан ҳақиқат юзага чиқади.

— Сиз мачитни зулмат уйи дедингиз, унда дискотека, ресторанларни нима дейсиз?

— Кечирасиз ўртоқ, мақсадингизни тушунмадим, уларни динга нима алоқаси бор?

— Дискотекадан, ресторан, бардан чиққан одамлар муштлашадилар, бир-бирларини ўлдирадилар. Зулмат уйидан чиққанлар эса тинчгина уй-уйларига кетадилар. Жамият учун қайси бири зарарли, шуни билмоқчийдим?

Зоир шундай деди-ю, нима учундир орқасига ўгирилиб қаради. «Мени айтмоқчи?» деб ўйлади Асрор. Унинг дискотекаларга бориб туришини Зоир биларди. Ҳозир шунга шама қилдими ё «ўлдирадилар» деганда... Асрорнинг калласига шу фикр келиб юраги увишиб кетди. Кейин «йўғ-е, у қаердан билсин», деб ўзига-ўзи далда бера бошлади.

Залда бошланган ғовурни директорнинг овози бўлди:

— Исматов! Сен маҳмадана, гапни чалғитма, ўтир. Саволинг кўпайиб қолган бўлса дарсдан кейин олдимга кирасан. Яна кимда савол бор? Йўқ бўлса ўртоқ лекторга мактаб маъмурияти номидан миннатдорлик билдираман.

Қарсаклар янгради. Иккита қиз гул олиб чиқиб нотиққа берди. Директор нотиқни қарсаклар гулдуроси остида олиб чиқиб кетгач, саҳнага комсорг кўтарилди.

— Тўққиз «А» қолсин, бошқаларга рухсат, — деб эълон қилди у. Залда Асрорнинг синфи қолгач, минбарга қалами билан «тўқ-тўқ» уриб, болаларга таҳдид билан қаради:

— Тўққиз «А»га тушунолмай қолдим. Мирисаев жамоат ишидан бўйин товлайди, адабиёт дарсида иншо ёзмай чиқиб кетади, география дарсида ўзини тутолмайди, аммо синф жамоатчилиги, комсомол ташкилоти ҳеч нима билмагандай ҳотиржам. Синф комсорги қани? Каримбердиева, иш режасини қайта туз. Мирисаев аҳлоқини комсомол мажлисида кўриш керак.

— У комсомол эмас-ку? — деди комсорг қиз.

— Биламан, биз бундай анархияга йўл қўя олмаймиз. Яхшиси бундай қиламиз: уни аввал комсомолга ўтказамизда, кейин шармандали равишда ўчирамиз. Энди Исматовнинг бугунги аҳлоқи ҳақида: мен унда антиатеистик кайфият сездим. Сизнинг синфингизда атеистик мавзуда алоҳида суҳбат ўтказамиз. Каримбердиева, эшитдингми, ёзиб қўй. Сен, Исматов, бувангни урушда қатнашганини рўкач қилма. Неча марта таклиф қилдик бувангни, бирон марта учрашувга келдиларми?

— Нимага келмасликларини биласиз-ку, Туроб, сен айтгин.

— «Мен бировларга мақтаниш учун жанг қилмаганман», деганлар. Лекин, иккита «Шуҳрат» орденлари бор, ўзим кўрганман.

— Бўпти, буни бизга аҳамияти йўқ. Келмасалар ялинмаймиз. Лекин сенга, Исматов, диний ташвиқот ўтқазишингга йўл қўймаймиз, билиб қўй. Мажлис тамом, синфларингга боринглар.

Синфга ҳамма кириши билан Асрор Зоир билан Туробни ёнига чақирди-да, чўнтагидан пулни чиқарди.

— Дадам хафа бўлдилар. Сени деб мен ҳам гап эшитдим. Ма, болаларга қайтариб бер, — деди Зоирга. Кейин юз сўмни Туробга узатди: — бу биздан тўёна экан.

— Керакмас, — деди Туроб қўлини орқасига қилиб.

— Олавер, — деди тўсатдан улар ёнида пайдо бўлган Отаулла, — олавер, тўёнадан юз ўгириш мумкинмас. Сенам бир кун қайтарарсан. Зоир, буни ҳам бер Туробга, синфдан тўёна.

— Йўқ, йўқ, — Туроб шундай деб орқага тисарилди, хафа бўламан... мактабдан кетиб қоламан, шундай қилсаларинг. Ҳамма нарса бор, етарли. Фақат ашулачи йўқ эди. Зоир, болаларга қайтариб бер.

— Бўпти, олмасанг олма. — Зоир шундай деб пулни чўнтагига солди. — Бозор қилмаларинг.

Дарслар тугагач, Асрор кўчага чиқиб Дилфузани кутди. Дилфуза танаффусда ҳам кўринмаган эди. Асрор анча кутди. У чиқавермади. Энди кетаман, деганида Зоир кўринди.

— Дилфузани кутяпсанми? — деди Зоир унга яқинлашиб, — бугун келмади шекилли?

— Қаёқдан биласан?

— Сенинг башарангдан биламан, — деди Зоир кулиб.

— У менга сингил қаторида, гапни бошқа ёққа бурма.

— Биламан, дарров тўнғиллама, ҳазиллашдим.

— Ўзинг нимага қолиб кетдинг?

— Комсоргинг билан олишдим, атеистик мавзуда. Билимини синаб кўрдим.

— Қалай?

— Бир қўйсам ҳаққим кетади. Одам деган билмаган нарсасини билмадим, деб тан олса-ю, қўлидан келса ўрганса. «Ҳадеб валдирамай, ўқиб ўрганинг», дедим.

— Йўғ-е, шундай дедингми? У-чи?

— Уми, сендан кейин менинг ахлоқимни муҳокама қилса керак. Ё бирга ўтказар?

— Йўқ, сен комсомол аъзосисан, сенинг пўстагингни алоҳида қоқишади.

— Улгурмайди. Комсомол мажлисида ўзини фош қилиб ташлайман. Институтда сиртдан ўқийдиган одамнинг, комсоргнинг, билими мактаб ўқувчисиникидан паст бўлиши мумкинми, деб масалани кўндаланг қўяман. Комсоргни ўзимиз сайлаймиз, дуч келган одамни юқоридан юборишмасин, дейман. Нима, ҳозир ҳамма ерда бошлиқлар сайланяпти. Бу йигит эплолмайди комсоргликни. Ҳалигадақа лектор чақириб, иш қиляпман, деб керилиб юради.

— Бу гапинг ҳам тўғри.

— Менга қара, ростданам пулни даданг қайтариб бердиларми?

— Ишонмадингми?

— Адангни сал-пал бўлсаям биламан-да. Сен бошқасан, аданг бошқа. Сен хумда катта бўлган боласан. Гоҳи-гоҳида хумдан бошингни чиқариб қўясан-у, кейин димиқиб яшайверасан.

— Бу нима деганинг?

— Виктор Гюгонинг «Кулаётган инсон» деган асари бор. Ўшанда болаларни хумга солиб боқишади. Одамнинг танаси ўша хумга мосланиб бесўнақай бўлади. Сени танангни эмас, руҳингни хумга тиқишган. Одамга ўхшамайсан сен.

— Нимага ўхшамайман?

— Менга қара, довдир десам, довдирмассан, гўл десам гўлмассан. Аданг нима деса кўнаверасанми? Математиклар мактабидан индамай кетишингни қара, галварс! Адангга беш йил чилдирмакашлик қиларсан, балки, ўн йилдир, кейин-чи? Бошқа бир отарчининг қули бўлиб юрасанми? Қийин формулаларни ечишга етган ақлинг, шунга етмадими?

— Жуда ўзингга бино қўйиб менга ақл ўргатаверма. Бу вақтинчалик иш. Мен ўқишни ташлаганим йўқ-ку? Ҳозир дадамга ёрдамим керак. Рўзғор тебратиш оғирлигига ўзингнинг ҳам ақлинг етмайдими?

— Рўзғорни сенсиз ҳам тебратиб олади. Хўп, адангнинг орқасидан рўзғор деб юрибсан, анави безорилар билан-чи?

— Буни сенга минг марта айтдим. Мен борлигим учун улар сенларга тегмайди. Бўлмаса кўрардиларинг кунларингни.

— Ол-а, сендақа ҳимоячидан ўргилдим. Менга қара, Отаулла билан гаплашдим, ҳалиги пулга чинни сервиз оладиган бўлдик. Нима дейсан?

— Яхши ўйлабсан.

— Мен ҳечам ёмон ўйламайман.

Муюлишда тўхтадилар. Шу ерда уларнинг йўли ажралди.

— Зоир, сен кўп китоб ўқийсан. Дадам радиога янги қўшиқ ёздирмоқчи эканлар. Акмал Пўлат деган шоирнинг янги шеърларини топиб беролмайсанми?

Зоир бу гапни эшитиб, Асрорга ажабланиб қаради.

— Аданг сўрадиларми?

— Ҳа, кўзинг тушса ол, девдилар.

— Адангни эси жойидами, бу шоирнинг ўлиб кетганига ўн йилдан ошган-ку?

— Сен қаердан биласан?

— Вей, истаган ёзувчингни сўра, нечта боласи, нечта хотини борлигигача айтиб бераман.

— Унда... қайси шоирнинг шеърларини олсинлар?

— Эркин Воҳидовни биласанми?

— «Ўзбегим»ни ёзганми?

— Хайрият, биларкансан. Мен эртага китобини олиб келиб бераман.

Улар шу ерда хайрлашишди. Зоирнинг кун тартиби Асрорга маълум: бориб ювинади, овқатланади, китоб ўқийди, бир соатча кўча айланади, кейин дарс... «Менга хумда ўсяпсан, дейди. Ўзи-ку, хумда яшаётган, бир хилда ўтади кунлари. Гап деса қоп-қоп. Гапларига қараб, ҳаёт қонунларини шу бола кашф қилганми дейсан», деб ўйлади Асрор унинг орқасидан қараб.

Аравачага аталган пулни ҳали Дилфузага бермаган эди. Шуни бериб қўяй деб Дилфузанинг уйига яқинлашиб... Аъзамхоновани кўрди. Аввалига нима қилишини билмай тараддудланди. Аъзамхонова ҳам уни кўрган, беркинишнинг фойдаси йўқ. Шу сабабли Асрор тўғри унга қараб юриб, яқинлашганда салом берди. Муаллима Асрорни биринчи марта кўраётгандай бошдан оёқ разм солиб «Салом» деди-да, йўлида давом этди.

Эшикни Дилфуза очди.

— Аъзамхонова сеникидан чиқдими? — деб сўради Асрор.

— Ҳа... — шундай деб Дилфуза ерга қаради, — тез-тез келадиган бўлиб қолган.

— Тез-тез? Нимага айтмовдинг?

Дилфуза жавоб ўрнига елка қисди.

— Нимага келади?

— Билмадим... дадам... унга уйланадилар шекилли?

— А? Ўзлари айтдиларми?

— Ҳа. Бизга раҳми келаётганмиш.

— Ўша хотинда раҳм бор эканми? Сен-чи? Сен нима дединг?

— Мендан сўрашармиди? Укаларимни ҳам болалар уйидан олиб келишади шекилли. Сени... безори болалар билан юришингни айтди дадамга. Дадамнинг жаҳллари чиқди, кўринмаганинг яхши уларга.

— Кўринмайман бўпти... балки унинг келгани чинданам яхшидир. Укаларинг билан бирга бўласизлар.

Дилфуза яна елка қисди.

— Мени тушунмаса керак, — деди хўрсиниб. — У минг яхши бўлгани билан онамни унутолмайман-ку? Уни балки меҳрибон аёл сифатида қабул қилишим мумкиндир. Лекин она ўрнида кўролмайман. Бу унга бориб-бориб малол келади.

Асрор унга жавобан тайинли гап айта олмади. Чўнтагидан пулни чиқарди.

— Аравачага ишлатарсан. Болалар беришди.

Дилфуза пулни олди.

— Асрор, нима қилай? Қочиб кетайми ё?

— Эсинг борми? Қаёққа қочасан? Аввал келсин-чи, уйларингга, кейин бир гап бўлар?

— Кейин дейсанми? Майли келсин-чи.

Дилфуза шундай деб орқасига ўгирилди. Унинг хўрлиги келган эди, Асрор сезди.

— Эртага бирга кетамиз, — деди унинг кўнглини кўтариш мақсадида. Дилфуза бош силкиди. Асрор унинг елкалари титраётганини сезди. Бу ёшда бегона аёлни она деб қабул қилишнинг нақадар оғир эканини Асрор тушунмас эди.

Ўз дардининг малҳамига муҳтож юрган Асрор ўзганинг қайғусига шерик бўла олмас ҳам эди. Одамзодга қайғу-алам ботмонлаб берилиб, мисқоллаб олинади, деганларича бор. Бу навниҳоллар ҳаётнинг заҳарли изғиринига бемаврид дуч келишди. Ҳали яхши илдиз отмаган, сурҳчалари заиф, куртакчалари энди кўз очаётган дарахт ниҳолини кўз олдингизга келтиринг. Илиқ нафаси билан табиатни эркалаб уйғотаётган қуёшга пешвоз чиқаман, деб турганида шамол ёпирилса, осмонни булут қопласа сўнг совуқ еллар етиб келиб ниҳолни бўғса... Ҳозир Асрор ҳам, Дилфуза ҳам шу совуқ еллар чангалидаги навниҳол ҳолига тушишган эди.

Дилфузага, кўнгли ярим бечора қизга онасининг ўлими каммиди, отасининг бахтиқаролиги каммиди?! Бундай бокира қизга бу ёзуғнинг нима лозимлиги бор эди? Отасининг уйланиш ниятида эканини, яна ким — ўз муаллимаси Аъзамхонова билан турмуш қурмоқчи эканидан хабар топгач, ҳасратини кимга айтишни билмай қолди бу қиз. Ҳасратини тошга айтса — тош тарс-турс ёрилиб кетмасмиди, дарёга айтса — сув орқасига оқмасмиди, осмонга айтса — осмон қоқ иккига бўлинмасмиди... Қиз боланинг ҳасратига тош чидамаса, сув чидамаса, осмон чидамаса... Яна ҳам шу митти юрак чидар экан. Дилфуза ичига ютди дардлари, ҳасратларини. Онасининг суратига қараб соатлаб гаплашиб ўтирди. Мана шу сурат атрофида, ошхонада, меҳмонхонада, ётоқда... бегона бир аёлнинг юриши кўз олдига келганда чинқириб юборай деди. Бироқ, лабларини тишлаб, фарёд йўлини тўса олди...

Аламлар гирдобида эзилаётган дамда анҳор бўйидаги воқеа... У нарида турган эди. Аммо ҳаммасини кўрди: тепкилашларни ҳам, сувга отиб юборишганларини ҳам... Ҳатто Қамариддиннинг чўнтак кавлаётганини ҳам кўрди. У мактабда болаларнинг, кўчада катталарнинг муштлашишганини кўрган. Лекин бунақа ёвузликка биринчи дуч келиши. Ёдидан кўтарилмайди: кичкиналигида дадаси, онаси — учовлашиб меҳмондан қайтишаётган эди. Рўпарасидан икки маст йигит чиқиб дадасига хиралик қилди. Дадаси бир нима деган эди, дўппослаб кетишди. Онаси дод солди. Дилфузанинг ўзи бўлса титраб «ада, адажон!» деб йиғлаб тураверди. У ўшандан кейин кўп ўйлади, у одамларга дадаси ёмонлик қилмаган бўлса, нимага уришади, атрофда ўтиб турган одамлар нимага орага тушиб, ажратиб олишмайди? Шунга ўхшаган саволлари кўп эди қизалоқнинг. Бу саволларга жавоби ҳам бор эди: урганлар ҳам ажратмаганлар ҳам ёмон одамлар.

Анҳор бўйида бегона одамни тепкилашаётганда Дилфузанинг қулоғи остида онаси дод деб юборгандай бўлди. У ўн йиллар нарёғидаги ўша фарёдни эшитди. Эшитди-ю, қўрқиб кетганидан қулоқларини кафтлари билан беркитиб олди. Баданига титроқ турди. Бироқ, йиғламади. Тепкиланган одам сувга ташлангач, Қамариддин бир нима деб бақирди. Дилфуза унинг гапини англай олмади. Асрор келиб унинг билагидан ушлаб югурди. Дилфуза қоқилиб-суқилиб эргашди. У анҳор ёқасидан узоқлашгани сайин онасининг фарёди акс-садо бериб таъқиб қилаверди. Уйига келиб зиналардан чиқаётганида ҳам, ичкари кирганда ҳам эшитди бу фарёдни. Бу фарёдга болаларнинг ҳансираши, бегона овознинг инграши қўшилиб кетди. Ётганда каравотнинг ғижирлаши ҳам бировнинг инграшига ўхшаб эшитилиб, сакраб туриб кетди.

Момақалдироқ гулдираб, яшин чақнаган маҳалда Дилфуза ҳам Асрор сингари болахонада эди. Момақалдироқ гумбури унинг юрагига ҳам даҳшат солган эди. Аммо... уни юпатгучи, «Бирдан юзгача сана...» деб маслаҳат бергувчи мунис меҳрибони йўқ эди. Тунни ёлғиз бир ўзи талвасада ўтказган қиз ўзига меҳрибон бўлган йигитчанинг тақдирини ўйлашга, уни ҳимоя қила оладиган баҳона қидириб топишга ҳам имкон топган эди. «Кинода эдик...» ўша аҳволда бундан дуруст баҳона излашга қурби ҳам етмас эди...

Ҳозирча Асрор Дилфуза билан хайрлашиб, Аъзамхонованинг мақсадини англашга, қизнинг аҳволига тушунишга ҳаракат қила турсин. Дилфуза ҳам уйига қайтиб, онасининг суратига қараб илтижолар қилсин. Биз эса район милициясига борайлик. У ерда Мақсуд Солиевни ҳайратга соладиган, ғазабини келтирадиган воқеалар кутяпти.

АСП ЮРИШ

ёхуд майор Солиевни пенсияга чиқаришга

уриниш ҳақида ҳикоя

Мақсуд Солиев идорасига келиши билан навбатчи бошлиқ ўринбосари йўқлаётганини айтди. Солиев йўқловнинг боиси кечаги масаладир, деб ўйлади. У бир оз янглишган эди. «Бир оз» дейишимизнинг боиси — кутилмаган йўқловга кечаги воқеа туртки бўлган, бошлиқ ўринбосарининг асосий мақсади эса ўзгача эди. У майорни кеча ҳеч воқеа юз бермагандек, тунда телефонда гаплашмагандек хотиржам тарзда кутиб олди.

— Соғлиқ қалай? — деди у, майорга синовчан назар ташлаб.

— Ёмон эмас, — деди майор ҳам унга савол назари билан қараб.

— Катталар билан маслаҳатлашиб, илтимосингизни қондирадиган бўлдик. Ўттиз йил хизмат қилиш катта гап. Хизматларингиз қадрланади. Биз бу масалани ҳам катталар олдига кўндаланг қўйдик. Инобатга олинади. Аризангиз кимда эди?

Майор мақсадга дарров тушунди. Демак, туни билан телефонлар олишуви давом этган. Охирги хулоса эса шу — уни пенсияга узатиш. Майор ўттиз йил бадалида жиноятчилар билан олишиб енгилмаган эди. Келиб-келиб бир мишқи туфайли енгилиб, кураш майдонидан чиқиб кетадими? Ўттиз йил виждонига қулоқ осиб яшашга тиришди, ишлади, курашди. Энди тоза виждон билан пенсияга чиқиб кетаман деганда жиноятни ёпишга йўл қўядими? Булар нима деб ўйлашяпти? Бундан тўрт-беш йил илгари шундай қилишса тушунарли — замон зўрники эди. Бугун замон ўзгарди-ку? Ёки булар замон ўзгаргани қуруқ гап, замон ҳали ҳам зўрники, деб ишонишадими? Талъатнинг қонунга ишонмаслиги тўғри бўлиб чиқмайдими у ҳолда?

— Ариза ўзингиздами?

Бу савол майорни чулғаётган хаёллар булутини тарқатиб юборди.

— Қанақа ариза? Ариза йўқ, — деди у дадил. — Менга қотилликни очиш топширилган. Шу иш билан бандман.

— Биламан. Иш оғир, масъулиятли бўлгани учун махсус гуруҳ тузилди. Унга бўлим бошлиғи раҳбарлик қилади. Масала келишилган.

— Ким билан?

— Мен сизга ҳисобот бермайман, ўртоқ инспектор.

— Ҳа, албатта... наилож. Ҳужжатларни кимга топширай?

— Бўлим бошлиғига.

— Ижозат берсангиз телефон қилиб олардим.

— Хонангизда ҳам телефон бор шекилли?

— Бор, аммо суҳбатни ўз қулоғингиз билан эшитсангиз девдим.

Бошлиқ ўринбосари энсаси қотиб, телефон аппаратини унинг олдига суриб қўйди. Солиев телефон номерини тера туриб унга қаради. Ўринбосар «қўлингдан нима келарди», дегандай ўзини бепарво тутишга ҳаракат қиларди. Лекин, майорнинг зийрак зеҳни унинг ичидан қиринди ўтаётганини сезарди. Ҳарҳолда бу кичкина одам — ижрочигина холос. Ҳатто подполковник ҳам усталик билан бу ишни ўзидан ошириб юборган.

— Алло, шаҳар прокуратурасими? Майор Солиевман. Ўртоқ Самандаров билан уланг, илтимос.

Самандаровни эшитиб, бошлиқ ўринбосари сергак тортди.

— Ўртоқ Самандаров, Солиевман, ассалому алайкум. Ишлар ёмон эмас. Сизга айтганимдай бўляпти. Миртиллаевнинг иши билан Келдиёровлар ишини шаҳар прокуратураси назоратига олиш керак деб ўйлайман. Икковининг алоқаси бор, деган тахминдаман. Ҳа муҳим. Сабабми, мени бу ишдан четлатишмоқчи. Бу ердагиларми, йўқ, эплашолмайди. Тажриба ҳам йўқ, дадиллик ҳам. Ҳа, озгина ҳалоллик ҳам. Келдиёровга бас кела олишмайди. Республика прокурорига ўзингиз маълум қиласизми, яхши. Мен ишни ҳозир топширишим керак экан. Топширайми? Хўп.

Майор трубкани қўйди.

— Республика прокуратурасидан телефон қилишади. Менга рухсатми?

Бошлиқ ўринбосари ўрнидан туриб Солиевга ғазаб билан тикилди.

— Бўлимни обрўсизлантиришга нима ҳаққингиз бор?

— Янглишяпсиз. Мен ҳақиқатдан чекинмоқчи бўлган бўлимнинг обрўйини сақлаб қолмоқчиман. Сиз ҳам, бошлиқ ҳам, туни билан телефонбозлик қилган казо-казолар ҳам чучварани хом санабсизлар. Мен думини қисиб қочадиганлар хилидан эмасман. Бошлиққа айтиб қўйинг, бунчалик қўрқоқлик қилиш ярашмайди у кишига. Амал қўлдан кетса кейинроқ яна топиш мумкин, аммо виждон одамга бир донагина берилган, у қўлдан кетса қайтариб бўлмайди. Аризам эса тайёр, шу иш якунланиши билан кетаман.

Бошлиқ ўринбосари зиммасига юкланган вазифанинг бунчалик мушкуллигини билмаган эди. Ана энди, ишга шаҳар, республика прокуратураси аралашгач, нишонга фақат у рўпара бўлади. Келдиёров, Келдиёров (!) деб кўкрагига муштлаётганлар лип этиб четга чиқиб олишади. Э, йўқ, у ўққа кўкрак тутиб берадиган анойилардан эмас. Бошлиқ ўринбосари шу заҳотиёқ ўйиндан чиқиш йўлини топди.

— Тўхтанг, ўртоқ майор, гапнинг ўғил боласини айтайми? Менга туни билан уйқу беришмади булар. Сизни пенсияга кузатиш мендан чиққан ташаббус эмас. Юқоридан келди.

— Биламан. Ўзингизни оқламанг. Бир марта Келдиёров ишини ҳам ёпганлар маълум менга. Аммо менга бир нарса қоронғи: сиз билан мен амал столимиздан ажраб қолишдан қўрқиб, жиноятчини қўйиб юборамиз. У эса эрта-индин кимнингдир шўрини қуритади. Ана шунда биз кимни айблаймиз? Жиноятчилар қаторига ўзимизни қўшамизми? Сиз ёшсиз, фақат муроса билан кун кўраман, десангиз янглишасиз. Узоққа бормайсиз.

Бошлиқ ўринбосари истеҳзо билан кулди:

— Сиз-чи? Муросасизлик билан нимага эришдингиз? Бир умр инспекторликдан бошингиз чиқмади.

-Гапингиз тўғри. Менга юқори лавозимларни ишонишмади. Чунки мени виждонан ишлашимга ишонишарди. Турли мақомга йўрғаламаслигимни ҳам билишарди. Тушуняпсизми, улар мендаги виждоннинг сотилмаслигига тан беришган. Ҳалол одамга яна нима керак? Мана, улар сизни виждонсиз деб билиб, шу вазифани юклашган, сиз эса ялтоқланиб, кўнгансиз. Ахир бу сизга кўрсатилган ишонч эмас, сизни ҳақоратлаш-ку?! Энди дўппи тор келганда хоинлик қилиб, ўйиндан чиқмоқчисиз. Ижозат берсангиз, чиқиб ишимни қилсам.

— Замон ўзгариб, энди катта гапиряпсиз. Вақти келганда ўзингиз ҳам ёпгансиз ишларни. - Бошлиқ ўринбосари юракдаги ярани нишонга олган эди. Солиев бошини эгди. Ҳозирги дадиллигидан асар ҳам қолмади.

— Вақти келганда ёпганман ишларни. Замонни айбламайман. Ўзим гуноҳкорман. Бўшлик қилганман...

Мақсуд Солиев хонага кирганида ҳамхонаси, ўтган йили дорилфунунни битириб келган йигит бошини чангаллаб ўтирарди. Солиевни кўриб чеҳраси ёришиб кетди.

— Э, Мақсуд ака, бормисиз! Қаёқдан қидирсамкин, деб турувдим, бошим қотиб қолди, — деди Эшбоев.

— Нима бўлди яна? Дунёдаги энг оғир ишни сенга топширишдими?

— Бунақа ишни сиз боплайсиз. Менга жиноятчини кўрсатиб: тутиб кел, денг, қотириб ташлайман.

— Нимага тушунмаяпсан, сўрайдиганингни тезроқ сўра, вақт зиқ.

— Иккита ўғрилик бир кунда, бир хил усулда содир бўлган. Жабрдийдаларнинг иккаласи ҳам бир ҳафта бурун чет элдан келишган. Уч йил ишлаб топган нарсаларидан бир кечада айрилишган.

— Нималар ўғирланган?

— Видеомагнитофон, магнитофон...

— Фотоаппарат, ўарбий Германияники...

Эшбоев майорга ҳайрат билан тикилди.

— Тўғри, фотоаппарат ҳам олинган. Қаердан биласиз?

— Шунчаки тахминимни айтдим. Магнитофоннинг маркаси «Шарп»ми?

— Шундай.

— Қандай ўғирлашган?

— Аввал телефон қилишган. Профессор Шоузоқовнинг номидан.

— Ким у?

— Шарқшунослик факультетида бор экан шундай профессор, лекин у ҳеч нимани билмайман, деб турибди. Хуллас, бу икки жабрдийда шу факультетда, шу профессорнинг қўлида ўқиган. Кечқурун тўрт йигитча видеомагнитофонга харидор бўлиб келишган. Уйга киргач, пичоқ ўқталишган.

— Йигитчаларнинг кўринишларини ёзиб олдингми?

— Ҳа, назаримда иккала уйни бир тўда босган.

— Вақтини аниқладингми?

— Биринчи уйга кеч соат ўндан беш минут ўтганда киришган. Телевизорда «Қайта қуриш прожектори» бошланган экан. Ўн-ўн беш минутда чиқиб кетишган. Иккинчи уйга соат ўн бирларда киришган. Вақтини аниқ билишолмади. Кино кўриб ўтиришган экан.

— Қани, менга уйларини кўрсат-чи харитадан.

Эшбоев кўрсатди, майор чамалаб кўрди.

— Машинада йигирма минутлик йўл. Сен уй эгаларидан сўраб бил: кинонинг қаерига келганда эшик қўнғироғи чалинган. Сўнг телевидение билан боғлан. Вақтини аниқлаш шарт. Энди гап бундай: омадли йигит экансан. Сен қидираётган буюмларни мен кеча тасодифан топганман. Хориждан келганларингни чақир, буюмларни кўрсатамиз. Ўғрилардан бири жингалаксоч, тўладан келган бола эмасми?

— Ҳа, шунақа дейишди. Кўринишларидан бойвачча болалар экан.

— Ҳозир сураткашга кир, тунда болаларнинг суратини олган эди, тез тайёрласин.

Солиев шаҳар прокуратурасига телефон қилиб, воқеани баён этди-да, бошқармага келишларини сўради.

Бир соат ичида ҳамма нарса аён бўлди. Шаҳар прокурори Санжар Келдиёров ва унинг уч шеригини қамоққа олиш ҳақида санкция берди.

Эшбоевнинг иши ўнгидан келди. Аммо Мақсуд Солиев бошлаган иш чап кетди. У калаванинг учини Келдиёровдан қидирган эди. Миртиллаевни ўлдириб кейин ўғирликка тушган, деган гумонни аниқлаш учун ҳали кўп уриниш керак. Пихини ёрган жиноятчилар одатда шунақа қилишади. Каттароқ жиноятни яшириш учун кичикроғига қўл уриб атайин фош бўлишади. Наҳот Келдиёровларнинг шунга ақллари етган бўлса? Бу тергов чоғида аён бўлади.

ИККИ ХИЛ ЎЛЧОВ

ёхуд қамоқ жабрини тортган боланинг фикрлари

ҳақида ҳикоя

Шу ерда энди бир дам нафас рослашга тўғри келади. Қисса аввалида айтганимдай, болалар аҳлоқ тузатиш меҳнат колониясига, Аҳбор билан учрашувга боришим керак. Асарнинг шу қисмини унга ўқиб беришим лозим. Ваъдани бажариш муддати етди.

Колония бошлиғи мен билан омонлашгач, Аҳборнинг бир неча марта йўқлаганини айтди-да, уни чақиртирди. Биз Аҳбор билан кутубхонага кирдик. Вақтни тежаш мақсадида мен ортиқча гап-сўз қилиб ўтирмай ёзганларимни ўқий бошладим. Орадан бир соатми, икки соатми ўтди, билмайман. Ҳарҳолда охирги бобни ўқиётганимда томоғим қуриб, бир неча марта қисқа танаффус қилишга тўғри келди. Шунда ҳам Аҳбор мени гапга тутмади. Сўнгги саҳифани тугатганимдан сўнг ҳам бир оз сукутда қолди. Кейин ўзим кутган саволни эшитдим. «Ўзим кутган» дейишимга сабаб: китобхонлар билан учрашувда албатта биринчи савол шундай бўлади:

— Бу бўлган воқеами?

— Бўлган воқеа эканига ишоняпсанми?

Аҳбор елка қисиб қўйди.

— Ҳаммаси тўғри. Шунақа болалар бор бу ерда. Бир хиллари ҳаётдан жуда аламзада. Озодликка чиқишгач, кўпга боришмайди. Уларнинг мақсади одамлардан ўч олиш, Қамариддинингиз шунақа экан. Ҳали у яна одам ўлдирса керак, а?

— Ҳозирча айта олмайман. Сенингча кимни ўлдириши мумкин?

— Ҳалиги практикант йигитни, Талъатмиди? Унинг милицияданлигини билиб қолса, ўлдиради.

— Билади-ку? Сезиб қолди-ку?

— Сезди, аммо ҳали аниқ ишончи йўқ. Ишонса ўлдиради, тўғрими?

Мен унинг шаштини қайтаргим келмади.

— Кўрамиз, - дедим кулумсираб. — Ишонмаган жойларинг ҳам борми?

— Салимнинг қўрқиб ётишига ишонмадим. Кўчада биров пичоқ уриб қочди, деб докторга борса бўлмасмиди?

— Йўқ, буларнинг аҳволида бундай қилиб бўлмасди. Вазиятга яна жиддий эътибор бер: улар одам ўлдиришди. Бунинг оқибати нима бўлишини барчалари билишади. Айниқса, Қамариддин қўрқади бундан. Иккинчи марта одам ўлдиришнинг оқибати маълум унга. Иккинчи томондан улар бу ярага жиддий қарашмади. Ўзи битиб кетадиган яра деб ўйлашди.

— Энди Салимга нима бўлади?

— Биз сен билан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гаплашайлик, келажак ҳақида ҳозир фол очмайлик.

— Уни асраб қолиш керак.

— Нима учун? Ахир жиноятни у бошлади-ку? Яна бир томони — нашаванд бўлса...

— У ҳали ғўр, кўп нарсага тушунмайди. Оиласига оғир экан. Оиласи ўзига тўқ бўлса у ёмон йўлга кирмас эди.

— Келдиёров-чи? Унинг оиласи тўқ-ку?

— Ҳаддан ташқари тўқ демайсизми! Келдиёровингиз ўғлини талтайтириб юборган. Шу ерда ҳам бор ўшанақа талтайганлар. Болаларининг аҳволи маълум-ку, лекин шунда ҳам талтайтираверишади. Уларни йўқлаб келишганда кўрсангиз. Қамоқдаги болани эмас, иззатдаги болани кўргани келишгандай. Сават-сават озиқ-овқат. Назоратчи, тарбиячилар ҳам уларга алоҳида муомала қилишади. Бизни билмайди, сезмайди, дейишади-да. У болаларнинг шароити бошқа, Салимдақаларники бошқа. Бу ерда ҳам кўринмас девор бор. Деворнинг у томонидаги бола айб иш қилса ҳам кўз юмилади. Чунки улар тарбияси яхшиланган бола сифатида муддатидан олдинроқ чиқиши керак. Бу томондагилар сал тойиб кетса тамом: Дизо1 дан жой тайин. Муддатидан олдин чиқишга умид йўқ.

— Ота-оналари бу ердагиларни ҳам қўлга олволишган, деб ўйлайсанми?

— Билмагандай гапирасиз-а, шунча келиб, кузатиб сезмадингизми? Майли гапирмай, айтганим билан исботим йўқ, иғвога ўхшаб қолади. Сиз менга бошқа нарсани тушунтириб беринг: Қамариддин атрофидаги болаларга йўлтўсарлик қилишга рухсат бермас экан. Унда кинохона олдида ин қўйиб нима қилади?

— Ҳар бир кинохонанинг, боғнинг... хуллас, одамлар кўп тўпланадиган жойнинг ўз «эгалари» бор, буни билсанг керак. Қамариддин ўша кинохона атрофининг хўжайини. Болалар унга келажак учун керак. Қамариддин уларни одамларга нафрат руҳида тарбиялайди. Токи улар улғайиб, бировга қасд қилса, қўли қалтирамасин, виждони қийналмасин.[X1] [X2]

— Унинг меҳрибонликлари... ниқобми?

— Йўқ, ниқоб эмас. Биласанми, одам жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни атроф-муҳит жиноятчи қилиб тарбиялайди. Меҳрибонлик Қамариддиннинг қонида бор. Аммо у ҳаётдан зада бўлиб ўсган. Ана шу задалик унинг руҳиятига ҳукмрон. Бироқ, баъзи-баъзида булутларни ёриб қуёш кўрингандай, унинг қонидаги меҳрибонлик юзага қалқиб чиқади. Қамариддиннинг бахти ҳам, бахтсизлиги ҳам шу. Бу ҳақда яна гапирамиз.

— Менга яна бир нарса ёқмади, айтаверайми?

— Айт.

— Қиссада нуқул ёмон болаларни кўрсатяпсиз. Яхшилар қани?

— Сен келажакда танқидчилардан кутаётган саволимни бердинг. Тўғри, бу асарни ўқиганда ҳаммаёқни ёмон бола босиб кетганга ўхшаши мумкин. Лекин бу нотўғри тушунча. Менинг мақсадим - ёмонлар тўдасини акс эттириш, яхшиларни бундан огоҳ қилиш. Шундай экан, асосий эътиборни шу тўдага қаратганим маъқул. Яхшиларнинг яхшилиги яширин эмас, ёмонларнинг ёмонлиги зирҳланган бўлади. Барча ана шу зирҳни ёриб, ҳақиқатни кўравермайди. Менинг муддаом шу зирҳни ёриб ўтишга бир ҳаракат қилиб кўриш.

— Менга Асрорнинг иншо ёзмагани ёқди. Унинг ўрнида бўлганимда мен ҳам шундай қилардим. Агар шошилмаётган бўлсангиз, биз ёзган иншоларни ўқирдингиз. Олиб келайми, тарбиячимизга келишингизни айтган эдим. Сиз ўтириб туринг, мен ҳозир.

У шундай деб чиқиб кетди. У колониядаги тартиб ҳақида гапириб аччиқ ҳақиқатни очган эди. Мен бир неча йиллар муқаддам Фарғонадаги болалар колониясида, кейин бу ерда бўлиб ўтган маҳбус болаларнинг ғалаёнларини

1 — Дисциплинарный изолятор — колониядаги интизомни бузганлар сақланадиган ички қамоқхона.

эсладим. Тарбиячиларнинг нотўғри муомаласи, виждонсизлиги туфайли пораланган

қалблар жунбушга келиб, бетартибликлар юз берган эди. У дамларда бу ҳақда гапириб бўлмасди. Қарангки, ноҳақликларни болалар сезмайди, деб ўйлашаркан. Сезмай-чи! Уларнинг зийрак зеҳни ҳар бир нарсани илғайди. Мен қаламга олган Санжар Келдиёров ҳам бир неча ойдан кейин бу ерга келиши керак. Келдиёров вақтни бой берди, ўғлини сақлаб қололмаслигини билади. Энди у суд органларини сиқувга олади. Кейин қўлини бу ёққа узатади. Аҳбор айтмоқчи, Санжар тарбиячиларнинг алоҳида эътиборида юриб, «тарбияси яхшилангани учун» муддатидан илгари чиқариб юборилади. У қамоқ нима, озодликдан бебаҳра юриш нима, жазо нималигини билмай иссиқ уйига қайтади. У балки эсини таниб, яхши бўлиб кетар? Умидимиз ушалмай, у эски ҳунарини қилса-чи? Жазо муддатини қисқартирган суд, интизом бузилганини кўриб ўзини кўрмаганга олган колония тарбиячиси жазога тортилмайдими? Афсуски, улар жазодан четда қолишади. Уларни айблайдиган қонун йўқ.

Аҳбор кириб, хаёлим бузилди. У менга бир даста дафтар варақларини берди. Чиройли ва бадхат, саводли ва чаласавод ёзувлар. Иншонинг мавзуи ажабтовур: «Бахт ва бахтсизлик, эзгулик ва ёвузлик ҳақида».

Билмадим, бу мавзу кимнинг ақлидан чиққан экан. Бахт ва бахтсизлик, эзгулик ва ёвузлик ҳақида асрлар бўйи неча-неча донишмандлар баҳс қурганлар. Бу ерда, қуёш нурлари симтиконлар орасида ўтадиган жойда, қоровул итлар тинмай вовуллаб турадиган нохуш гўшада бахт ва бахтсизлик ҳақида нима деб ёзиш мумкин? Биламан, колония фақат симтўсиқлар эмас. Колония — болалар тақдири, аламлари, дардлари жамланган жой. Иншога шубҳасиз, шу алам, шу дард тушган бўлиши керак.

— Аввал ўзингникини ол, — дедим Аҳборга.

Аҳбор варақлар орасидан ҳуснихат билан ёзилган иншони олиб узатди. Ўқийман:

«Бу ерда атрофга қарашни ёқтирмайман: баланд девор, симтикон ортидан кўча шовқини эшитилади, уйларнинг бўғотлари кўринади. Бу томлар остидаги иссиқ хоналарда бахтиёр ота-она, бахтиёр ўғил-қиз яшайди. Бу ердан ўн-ўн беш чақирим нарида, худди шундай том остида бир оила яшайди. Улар ҳам бахтиёр эдилар. Энди-чи, бир ўғиллари шармандалик тамғаси билан симтикон ортига ташлангач, бу оиладаги бахтиёрлик қуёши сўндими? Мен — бахтсизман. Ўйнаб-куладиган давримни қамоқхонада ўтказаман. Ота-онам ҳам бахтсиз — ўғил ўстирдим, деб яйрайдиган маҳалда шармандалик юкидан қадди эгилиб, кўча эшигига кўз тикиб яшайди. Мен уларни бахтсиз қилиб қўйганим учун икки карра бахтсизман. Бахтли бўлиш учун нима қилиш керак, билмайман, ҳарҳолда бахтни кутиб узоқ йиллар яшашим, курашишим керак».

Аҳбор фикримни эшитишни хоҳламагандай дарров иккинчи иншони узатди:

«Бахт — озодликдаги ҳаётдир. Истаган жойда ўқисанг, истаган жойда ишласанг, ишинг одамларга маъқул келса — бахтлисан. Мен бу ерда ҳам ўқиб, ишлаяпман. Лекин бу бахт эмас. Ёшим ўн еттига борди. Отам бор. Аммо онам йўқ. Ўз онанг бўлиши — бахт. Уч йил олдин отамни қамашди. Бу отам учун ҳам, мен учун ҳам улуғ бахтсизлик эди. Отам чиқадиган пайтда мен қамалдим. Бахт деган нарса бизга насиб этармикан. Ўғрилик туфайли бу ерга тушиб, ўйлайман: ўғрилик қилишга ҳожат бўлмаса, ҳамма нарса муҳайё турса, ҳеч нима қидирмай, санқимай яшасанг — бахтлидирсан. Чўнтагинг қуруқ бўлса-ю, ўғрилик қилсанг, сўнг қамалсанг — бундан ортиқ бахтсизлик борми?»

Аҳбор учинчи иншони тутди:

«Отам ароқхўр эди, онамни урарди. Мени бувим олиб кетиб боқдилар. Ўн иккига кирганимда бувимни машина босиб ўлдирди. Уйга қайтдим. Бувимникида бахтли эдим. Бу ерда отам энди онамга қўшиб, мени, ҳатто синглимни ҳам дўппосларди. Бир куни сўйил олиб уни калтакладим. Кейин уйдан қочиб кетдим. Ўғрилик қилиб кун кечирдим. Энди бахт нималигини билмайман. Бу ердан чиқиб нима қилишимни ҳам билмайман».

Кутганимдек бўлиб чиқди: иншолар — тақдирлар, аламлар, мажмуаси эди.

Ташқарида сафланиш ҳақида буйруқ янгради. Суҳбат қизиб, кеч кирганини сезмабмиз. Энди Аҳбор сафга чиқиши керак. Рўйхатдагилар номма-ном чақирилиб, текширилади.

Мен колониядан қайтгач, ёзганларимни қайта варақлаб ўтириб, Аҳбор билан бўлган суҳбатни, болалар ёзган иншоларни бир-бир эсладим. Колонияга ҳар бир боришим руҳий эзгинлик билан якунланади. У ердаги болалар, гарчи шу жазога лойиқ бўлсалар-да, бари-бир уларга одамнинг раҳми келади. Бу болаларни кимдир йўл бошида ушлаб қолиши мумкин эди, деб ўйлайман. Аммо қани ўша «кимдир»? Нима учун ҳеч ким болаларни ушлаб қолмади. Колониялар торлик қилиб, ёнига қўшимча ётоқлар қуриляпти. Демак, ўша «кимдир» орамиздан буткул йўқолиб кетяпти. Бу даҳшат-ку, ахир! Бу даҳшатни қачон англаб етамиз?!

Шу ўйлар мени бир неча кун ёзув столига яқинлаштирмади. Хаёлим Асрор, Қамариддин, Салимда эмас, савол назари билан қараб қолган Аҳборда эди. Кунлар ўтиб, аста-секин яна Асрорнинг оламига қайтдим. Уларнинг тақдири яна мени ўзига чорлади. Қўлга қалам олиб, асарнинг давомини ёза бошладим. Аросат оловида қоврилаётган Асрорнинг ёнига қайтдим.

ТОМЧИ

ёхуд Асрорнинг икки хил она билан учрашуви

ҳақида ҳикоя

Денгизнинг бехудуд бағрида, мавжлар орасида яшаётган томчи бир куни тиниқ осмонга маҳлиё бўлиб юксакларда яшамоқни орзу қилибди. Қуёшга илтижо этган экан, унинг муножоти қабул бўлибди. Қуёшнинг илиқ нурлари томчини денгиз бағридан юлиб олибди-да, юксакларга кўтара бошлабди. Бу орада томчини маҳлиё қилган тиниқ осмон юзини булут тўсибди. Қуёш нури томчини шу булут устига қўндирибди. Бу ер шунчалар совуқ эканки томчи дийдираб охири муз парчасига айланибди. Кейин булут устига сирғалиб туша бошлабди. Сал пастроқ тушгач, баданига иссиқ ўтиб, у яна асл ҳолига қайтибди. Аммо шамол уни ҳайдаб кетибди. Оқибатда томчи қадрдони денгиз мавжларига эмас, қақраб ётган тупроққа тушиб сингиб кетибди. Кўкат илдизларига илашиб ёруғ жаҳонга чиққунча эса анча вақт ўтибди...

Анҳор бўйлаб бораётган Асрор шу томчи кўйига тушган. У аввал қўрқиб, кейин маҳлиё бўлиб Қамариддиннинг осмонига чиқди. Энди ерга қай аҳволда тушади? Тупроққа сингиб, кейин қачон асл ҳолига қайтади? Бу Асрорга номаълум. Гарчи одамлар «Мирқосим ака сувга тушиб кетиб ўлибди», деб юрган бўлсалар-да, унинг кўнгли тинчигани йўқ. Ёлғизлик уни темир тирноқлари билан бўғади. Кўнгли нима истаётганини Асрорнинг ўзи ҳам билмайди. Одамлардан қочишни хоҳлайди, биров билан гаплашишга тоқати йўқ. Кўнглининг бу майлига итоат этса яна ёмон — ёлғизлик чангалида тўлғона бошлайди. Кеч киришини эса қўрқув билан кутади. Қоронғи тушиши билан ўша одам — Мирқосим унинг хонасига кириб келади. Қарашлари ҳеч ўзгармайди, ҳатто киприк қоқмайди. Энди у Асрорга ташланмайди. Томоғидан бўғмайди. Мўмин, итоаткор одамдай жим ўтиради, хўрсинади.

«Бошпаналаринг йўқ эди. Отанг энди кўкариб келаётган эди. Уйимдан жой бердим. Кейин уй олишида балогардон бўлдим. Чақалоқлигингда кўтарган эдим. Бағримга босган эдим. Шу кўкрагимга тепдинг. Қаттиқ тепдинг. Ҳали ҳам оғрияпти. Ўлган бўлсам ҳам оғрияпти. Сал улғайганингда елкамга миндириб ўйнатганман. Шу елкамга ҳам тепдинг. Суягимни синдириб юборгансан шекилли, оғрияпти. Ўлган бўлсам ҳам оғрияпти. Даданг опамнинг тўйига бормаганидан кейин «одамгарчилиги йўқ экан», деб борди-келдини узиб юборган эдим. Сен мени танимадинг. Мен эса сени танидим. Тепмасанг бўларди, ўлмасдим. Ўлганимдан хафа эмасман. Бир кунмас бир кун бари бир кетаман-да, бу дунёдан. Болаларим ҳали ёш эди. Ҳеч бўлмаса ўн йилдан кеийн ўлдирсанг ҳам майли эди. Ҳозир уйимга бордим. Эзилиб ўтиришибди, бояқишлар. Ўзим ҳам эзилиб кетдим. Чидай олмасдан чиқиб кетиб, сенинг олдингга келдим. Биламан, сен энди урмайсан. Мен ҳам сенга тегмайман. Кел, елкамга мин, сени ўйнатаман. Узоқларга олиб бораман, юр...»

Асрор жавоб беришга қўрқарди. Итоаткорлик билан ўрнидан туриб унга эргашди. Дераза олдига яқинлашганида Мирқосим йўқолиб, Асрорнинг кўзлари мошдай очилиб, қўрқувга тушиб ўзини орқага ташлайди.

Кўзи илинди дегунча яна ўша аҳвол.

Бу тонгни ҳам шу аҳволда кутди.

Оёғи тортмаса ҳам мактабга кетди. Икки соат чидаб ўтирди. Танаффус пайтида дипломатини кўтарди-да, чиқиб кетди. Кейинги кунлар ичида одамови бўлиб қолган Асрорнинг қилиғи синфдошларини яна бир ажаблантирди. Кўпчилик «пул йиғиб адасига берганимиздан хафа» деб ўйларди.

Кинохона олдида Қамариддин йўқ эди. Тўдага яқиндагина қўшилган икки бола писта чақиб ўтирарди. Асрор уларга эътибор бермай ўтди. Бир-икки кун аввал анҳорга яқинлашса юраги орқасига тортиб кетаётган эди. Марҳум сувдан сапчиб чиқиб унинг ёқасига ёпишиб олаётгандай эди. Бугун оёқлари шу анҳор ёқасига бошлади. Не ажабки, бу сафар сув юзасида у одамнинг кўзлари кўринмади. Лойқа сув «ҳамма сирларни ёпиб юбордим, хотиржам юравер» дегандай оҳиста оқади. Бу сокинлик Асрорнинг юрагига далда берди. Бироқ, одам ўлдирилган ерга етганда ўзи сезмаган ҳолда тўхтаб қолди. Яна ҳаммаси кўз олдида гавдаланди...

...Узоқдан одамнинг қораси кўринди. Салим билан Қамариддин туриб ундан сигарет сўрашди. У одам: «Кутиб турувдиларингми харомилар» деб сўкди. Қамариддин мушт туширди. У одам кучли экан, бир уриб Қамариддинни учириб юборди. Салим ҳам урди, у одамни, «уруғини қуритиш мана бунақа бўлади», деди. Кейин Салим бирдан сонини чангаллаб қолди. Кейин Қамариддин турди. Унинг ургани ҳам етарди, Асрор нимага қўшилди? Балки Қамариддин урганда ўлгандир у киши?..

— Нима қилиб турибсан?

Асрор чўчиб тушиб орқасига қаради: Қамариддин ўқрайиб турибди.

— Нима бор бу ерда? — деди у ғазаб билан, кейин Асрорнинг елкасига туртди. — Қани юр, бу атрофга келма девдим-ку! Яна дарсдан қочдингми? Башканг ишламай қоляптими? Ўзингни тут!

Улар аста боришар, пивохона олдида бўш шишаларни машинага ортаётган Талъат эса чекиш баҳонасида улардан кўз узмай кузатарди.

Кўприкка етганларида Қамариддин чўнтагидан бешта юзталик чиқарди-да:

— Салимникига ташлаб чиқ, — деб Асрорга узатди.

— Нима деб бераман?

— Шунақа башканг чатоқ-да. Китобим бор эди, де. Кейин шу китоб ичида экан, деб бер. Аэропортда ҳаммоллик қилиб йиғарди, де. Бор. Ҳа, бугун гастролга кетаман. Икки-уч кун бўлмасам керак. Салимдан хабар олиб тур.

Қамариддин шундай деб тез-тез юриб кетди.

Асрор эса борайми-бормайми, дегандай қилиб секин-секин одимларди.

Салимнинг онаси ҳовлига экилган помидор кўчатларини теша чопиқ қилаётган эди.

— Санқи ўртоғинг келгани йўқ ҳали, — деди у, Асрорнинг саломига алик олиб.

Асрор китоби борлигини айтди.

—Кириб олавер, биласан-ку, нарсаларини. Кошки китоб ўқийдиган бола бўлса.

Асрор кириб китоб ахтарган бўлди. Ҳолбуки, қидиришга ҳожат йўқ, синган оёқ ўрнига ғишт қўйилган майиб хонтахта устида уч-тўрт ўқув қўлланмаси чанг босиб ётарди. Қўлига илинган китобни олиб, чангини қоқди. Ҳовлига чиқиб аёлга яқинлашди.

— Опоқи китобнинг ичидан чиқди, — деди унга пулни узатиб.

Аёл қаддини ростлаб, бир пулга, бир Асрорга ажабланиб қаради. У юзталик пулни энди кўраётган эди. Пулни қўлига олиб уёқ-буёғини айлантириб кўрди.

— Ростакам пулми? — деди соддалик билан.

— Ростакам бўлса керак.

— Бунча пул?.. Ўғирлаганми?

— Билмадим... йўқ... Аэропортда юк таширди-ку, йиққандир?

— Йиққандир?.. Нимага йиғади? Қани, буёққа юрчи.

Аёл этагини қоқди-да, уни бир туп баҳайбат тут остидаги супага бошлади.

— Ўтир, сен эсли боласан. Қуриб кетгуримга ўхшамайсан. Тўғрисини айт, ўғирлаганми?

— Айтдим-ку?

— Айтганинг қурсин, сени. Ҳаммоллик қилиб шунча пул топиб бўларканми?

— Топса керак... топади. Битта чамадонга бир сўм олади. Ўттизта ташиса — ўттиз сўм. Ўн кунда уч юз сўм.

Асрорнинг ҳисоби аёлни ишонтирди шекилли, индамай қолди. Кейин елкалари силкиниб йиғлай бошлади.

— Пешонам шўр бўлмай ўлсин, — деди у бурнини тортиб, — пешонам шўр бўлмаса шу аммамнинг бузоғига тегаманми? Эр экан деб тегибман, туғиш керак экан деб туғаверибман бу итваччаларни. Болам бечора шу ёшида чамадон ташиб пул топса-я.. Мен ўлгур уни ўғри деб юрибман. Сан қуриб кетмагурнинг ҳам раҳминг келмайди ўртоғингга. Чилдирма чалишни ўргатсангу юрарди ёнларингда. Одам бўлиб қоларди.

Асрор шуни ўйламаган экан. Рост, кичкина ноғорани тиқиллатиб юрса бўларди-ку? Дадаси жон-жон деб кўнарди. Беш-ўн сўм билан қутуларди. Эҳ аттанг... «Шу ишлар тинчиб кетса, ёнимга оламан», деб қарор қилди Асрор. Аёл эса дардкашга ёлчигандай, ҳасратини тўкиб соларди.

— Нимага Худонинг қаҳрига учрабман, билмайман. Бошқаларга ўхшаб олдири-и-иб ташласам ғазаб қилса майлийди. Худо бергани деб туғаверган бўлсам, насибасини бермайдими? Сан билмайсан, баъзан ҳафтада бир гўшт еймиз-а. Амакинг ўлгур инвалид бўлиб инвалидмас, одам бўлиб бутун одаммас. Умидим Салимдан эди. Бу ҳам пешонамга сиғмайди шекилли, кўнглим сезиб турибди. Санқигани санқиган. Тўғрисини айт, ростдан мусобақадами?

— Рост, у зўр бокс тушади.

— Ютса пул оладими?

— Олади.

— Қанча?

— Билмайман.

— Пул олса майли-я, башарасини кўкартирганига яраша бир кам-кўстига яратади. Пул тўплаб қўйгани яхши бўлибди, боламнинг. Қишнинг ғамини ёзда ейиш керак. Укалари бу қишни аранг чиқаришди. Қишлик кийим олиб қўяман. Одам боласига ўхшаб юришсин бояқишлар.

Асрор аёлнинг гапларини эшита туриб «рост гапиряптиларми ё лоф уряптиларми», деб ўйлади. У бирон бир оила гўштга ё нонга муҳтождир, деб ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Унинг назарида муҳтожлик ўтмишда қолиб кетган, ҳозир ҳамма ерда тинчлик, тўқчилик эди. Ҳозирги гапларни эшита туриб ўзича ҳисоб-китоб қилди. Ўн уч жон кунда эл қатори гўшт-ёғ ейман деса... пул чидайдими? Нон-чой етиб турса ҳам катта гап. Демак... Асрорнинг отасидан хафа бўлиши ноўрин. Еб-ичириш, кийинтириш осон эмас экан-да? Асрор шу ёшга етгунча атрофга зийрак разм солмаганидан ажабланади. У ҳаёт ҳақида фикрини серхашам тўйлар, пулдор одамларга қараб бичаркан. Шундай ёнидаги одамларнинг, дўстининг оиласи хароб яшашига эътибор бермаган экан. «Салимнинг отаси дангаса-да», деб ўйлаб қўя қоларкан. Ота дангаса бўлмаган тақдирда ҳам рисоладагидай яшаш оғир эканига ақли етмаган экан. Мана ҳозир мана шу оддий ҳақиқатни кашф қилиб ақли лол бўлиб ўтирибди. Аёл эса ўғлининг ўртоғига ҳасрат дастурхонини очиб қўйган. Гаплари охирладими ё болага гапириш бефойдалигига фаросати етдими, ҳарҳолда ҳасрат дастурхонини ёпди.

— Ўртоғинг келиб қолса, айтаман, ўзи бориб кўради сени. Бир амаллаб чилдирмакашликни ўргат, хўпми?

Асрор у билан хайрлашиб, анҳор ёқалаб кўприк томон юрди. Кўприкка етмай ўрамага кўзи тушиб, тўхтади. Гирдоб сув оқизиб келган хасларни ҳўплаб ютарди. Ўрамага хасларни ўрай-ўрай тўсатдан битта кўзга айланди. Каттагина кўз — ўша одамники. Худди бир кўзини юмиб, иккинчисини Асрорга қадаганга ўхшарди. «Кўрдингми, энди менсиз болаларимнинг аҳволи нима бўлади, ким боқади уларни?..» Асрор уни тепганда ғалати овоз чиқарган эди. Ҳозир ўрамадан чиққан овоз ўша одамникига ўхшаб кетарди. Асрор чўчиб орқасига тисарилди. Кейин сувга қарамасликка тиришиб, тез-тез юрганича кўприкдан ўтиб кетди.

Кун тиккага келмаган, мактабдаги дарслар тугашига вақт бор. Асрор кўп ўйлаб ўтирмай йўлни Қамариддинникига қараб бурди.

Салим мизғиб ётган эдими ё хаёли бирон нима билан банд эдими, Асрор кириши ҳамон чўчиб тушди.

— Ҳозир уйингга кирдим, — деди Асрор ундан ҳол-аҳвол сўрагач, — ойингни кўрдим. Қамар пул берувди. — Асрор шундай деб, пулни қандай берганини, онасининг сўроққа тутганини айтиб берди.

— Яхши бўпти, — деди Салим хазин жилмайиб, — укаларимга кийим-бош оладилар. Укаларимни кўриб юрагим сиқилади. Ойимга қийин, менсиз қийналадилар.

— Сенсиз қийналиб... нима, бир ҳафтада туриб кетасан.

Салим кўзларини шифтга қадаганча жавоб берди.

— Шу ётишда ўлиб қолсам керак. Тузалсам ҳам қамалиб кетаман.

— Бу нима деганинг?

— Қамардан ажрамайман мен, билдингми? Ўғрилик қилса ўғрилик қиламан, одам ўлдирса ўлдираман.

— Салим! — Асрор қулоқларига ишонмади. Бу гапни ўртоғи айтяптими, эси соғми унинг?

— Ҳа! — Салим овозини баландлатиб жавоб берди. — Ҳа, билиб қўй: Қамар билан бирга борганман ўғриликларга. Яна бораман. У менинг отамдан азиз. Ундан бошқа ҳеч кимга керакмасман. Мактабингга керагим борми? Йўқ, учга ўқийдиган бола керакмас уларга. ПТУ керакмас менга. Мени ким ишга олди? Ҳеч ким. Мени Қамар бағрига олди. Умрим бўйи чизган чизиғидан чиқмайман. Бойваччаларни қийратаман. Онам учун, опаларим укаларим учун, қийратаман уларни.

— Онангга нима ёмонлик қилди улар?

— Билмайсанми? — Салим тирсагига тиралиб қаддини кўтарди. Ярасида оғриқ туриб афтини тириштирди. — Ҳаммасига ўшалар айбдор. Нарх-навони ошириб юборишди. Доктордан тортиб ўқитувчиларгача порага ўргатишди. Замон шуларники. Истаганларини ейдилар, истаганларини киядилар, истаган қизлари билан маишат қиладилар. Ҳеч кимдан қўрқмайдилар улар. Ҳамма нарса уларнинг қўлларида. Мактабинг ҳам, милициянг ҳам, институтинг ҳам уларнинг чангалларида. Сен каллангга ишониб институтга кирмоқчисан? Кириб бўпсан. Даданг анов мактабдан чиқариб тўғри қилган. Олим бўлишинг учун пул керак. Отангни тўйма-тўй юриб топган пули етмайди, билиб қўй.

— Мен кирмоқчи бўлган институтга бойваччалар яқинлашмайди. Математика билан пул топишолмайди-ку улар? Халқ хўжалигими, юридик ё шарқ факультетими десанг бошқа гап.

— Математика билан сен тирикчилик қилмайсан. Улар топади йўлини. Шундай топади-ки, Пифагоринг ҳам ҳайрон қолади.

— Қамар менга пул бермоқчи. Ўқимасанг, ўлдираман, дейди.

— Тўғри айтибди. Шу калланг билан ўқимасанг ўзимоқ ўлдираман сени. — Салим шундай деб жилмаймоқчи бўлди, аммо оғриқ азобидан инграб юборди. — Мен укаларимни ўқитаман. Агар уларни ҳам саккизни битириб ПТУга жўнатишса мактабингга ўт қўяман, қараб турасан.

— Укаларингнинг ўқигиси келмаса-чи?

— Ўқигиси келади. Пул бўлса ўқишади. Менда пул бўлади. Уларни ўқитаман. Опамнинг болаларини ҳам ўқитаман.

— Гапларингдан чолга ўхшайсан. Ўқигинг келса, аввал ўзинг ўқи.

— Менда шароит йўқ.

— Бор, шароит бор. Биз билан бирга юрасан. Қамарга айтаман, сенга тегмайди.

— Сен билан? Отарчи бўламанми? Жиннимисан?

— Ҳа, нима бўпти, ор қиласанми?

— Ор қиламан. Хафа бўлмагину ор қиламан. Ундан ўғрилик минг марта яхши.

— Сен бу ерда бекор ётавериб... ғалати бўлиб қолибсан.

— ўалати дейсанми?.. — Салим бошини ёстиққа қўйиб яна шифтга тикилди. — ўалатиман, тўғри. Илгари бола эдим. Қорним тўйса бўлди эди. Бу ерда ётволиб ўйладим: энди бола эмас эканман. Фақат қоринни ўйласам, итдан фарқим йўқ экан. Мен нимага шу аҳволга тушиб қолдим, сен нимага ўғриларнинг ичида юрибсан, Қамар нимага ўғри бўлиб кетди. Сен шуларни ҳеч ўйлаганмисан? Ўйламагансан. Ноғорачангни тиқиллатиб пул ишлашдан бўшамайсан. Мен эсам ўйладим.

— Хўп, ўйлаган бўлсанг ўйлагандирсан, сабабини топдингми?

— Топдим, — Салим шифтдан кўзини олиб, Асрорга тикилди. — Ҳамасига одамлар айбдор. Одамлар бизни шунақа қилиб қўйишди. Шунинг учун улардан ўч олишимиз керак. Сен бизга қўшилмайсан. Ўзинг истасанг ҳам қўшмаймиз. Сенинг йўриғинг бошқа. Биз эса ўч оламиз. Анави одамни қандай тинчитган бўлсак, бойваччаларни, аблаҳларни шундай тинчитамиз.

— У одам бойвачча эмас, ишчи экан.

— Қаёқдан биласан?

— Онам танирканлар.

— Сувдан чиқибдими?

— Ҳа... Қамар айтмадими? Иккинчи куни чиқибди. Одамлар мастликда чўкиб ўлган дейишяпти.

— Бойвачча бўлмаса ҳам аблаҳ. Битта сигарет кимни ўлдирибди, йўқ, деб қўя қолмайдими бўлмаса, нимага сўкади. Тирик қолганида ҳам тинчитиб кетардим...

Асрор дўстининг гапларидан гангиб ўтирарди. Салим, унинг назарида соғ одамнинг гапларини айтаётган эмасди. Ўч... тинчитиб кетиш... қандайдир ваҳший, ёвуз, одамхўрларнинг гаплари бўлиб туюлди унга. Демак, у яхши кийиниб, «Волга» ёки «Жигули»да юрувчи ҳар бир одамдан ўч олиши мумкин. Ҳаром пул топадигандан ўч олса бир нав, ҳолбуки у ҳам Салимга ёмонлик қилмаган, ўз аравасини ўзи тортиб юрибди. Салимги профессор Қутбиддинов дуч келиб қолса-чи? Уни ҳам тинчитадими? Дунё таниган олимдан ҳам ўч оладими? Қутбиддиновнинг айби нима? Яхши топиши, яхши яшашими? Меҳнати эвазига, истеъдоди эвазига яхши яшаяпти-ку? Унга ёмон назар билан қарашга Салимнинг нима ҳаққи бор?

Асрор Салимга шуларни айтмоқчи эди, «наша чекиб олиб довдираяпти, ё яраси оғриб, аламини кимдан олишни билмаяпти, тортишиб, жиғига тегмай», деган қарорга келиб, индамади.

Овози яқиндагина раста бўлган, турмушнинг аччиқ-чучугини эндигина сал-пал тотган бу икки бола ҳаёт фалсафасини ўзича талқин қилиб, ўзича тушуниб, ўзича хулоса чиқарган эди. Болалик тасаввури, болалик сурури, яшаш ҳамиша лаззатли, умр фақат ёруғликдан иборат деган тушунча болалик даври ҳатлаб ўтилиши билан биринчи қоронғиликка, биринчи ноҳақликка... урилиб, барча сурурларни чилпарчин қилиб юборган эди. Улар бу қора нур, бу муртадлик, бу маккорлик, бу мўлтонлик — ҳамма-ҳаммаси яқиндагина пайдо бўлгану уларни бир-икки ҳамла билан тугатиб юбориш мумкин, деб ўйлашарди. Бу маразларнинг асрлардан асрларга, замонлардан замонларга турли кўринишларда ўтиб келаётганини, чопса чопилмайдиган, ёқса ёқилмайдиган иллатлар эканини билмайдилар ҳали. Не-не алломалар, не-не донишмандлар шу маразлар қурбони бўлганидан ҳам бехабарлар. Буни билиш учун ҳали узоқ яшашлари, курашишлари, мағлубият аламларини тотишлари, кураш алангасида ёнишлари керак. Ҳаётнинг бешафқат эканини тушуниб етишлари лозим. Ҳозир ҳаётни ўз қаричлари билан ўлчаб, ўз идроклари билан тасаввур этиб, ўз йўлларини белгилаб қўйганлар. Салимнинг йўли аниқ — борса келмас йўл. У Қамариддин ортидан кўр одамдай эргашади. Асрор, илгари айтганимиздай, уч йўл қаршисида гангиб турибди. Аввал Қамариддин ҳам чорлади уни. Энди кўкрагидан итаряпти. Нима қилсин у?

Икки дўстни шу аҳволда бир қанча муддатга ташлаш вақти етди. Унутмаган бўлсагиз ички ишлар бўлимида майор Солиев Санжар Келдиёровни сўроқ қилиши керак эди. Энди сиз билан биргаликда ана шу тергов иштирокчиси бўлайлик.

ТЕРГОВ

ёхуд ишнинг чалкашиб кетгани ҳақида ҳикоя

Келдиёров самолётдан тушди-ю, хунук хабар эшитди: ўғлини қамоққа олишибди. 126-модда билан айблашаётган эмиш. Бу уч йилдан саккиз йилгача деган гап эмиш. Агар ишхонаси кафилликка олса иш анча енгиллашармиш, аммо Санжар заводдан бўшаб кетган эмиш... Бу ҳам етмагандай болалардан наша чиққанмиш.

Келдиёров буларнинг ҳаммасини баданига ҳазм қила олмади. Ўғли бировни урган бўлса, тўпалон чиқарган бўлса тушуниши мумкин эди. Бола шўх, бировни урган бўлса ургандир, дерди. Аммо ўғрилик қилиши тасаввурига сиғмади. Нимаси етмаётувди, нимага ўғрилик қилди. Егани олдида, емагани кетида бўлса. Кўнгли тусаган ҳамма нарса муҳайё этилган бўлса. Ё мардлик қилиб бирорта ўртоғининг гуноҳини бўйнига олиб турибдими? «Шунақадир. Менга орқа қилиб ўртоғини гуноҳини енгиллаштирмоқчидир», деб ўйлади Келдиёров.

Аммо нима учун ишдан бўшади? Саккизинчини битиргач, кечкида ўқийман, деб икки оёқни бир этикка тиқиб туриб олди. Хўп дейишди. Аввалига кундузи ишлатишмади. Ҳордиқ чиқарсин, кечкида ўқиш ҳам қийин дейишди. Кейин видео билан наша ғалваси чиқиб қолгач, ишга жойлашга мажбур бўлишди. Буёқда замон ўзгариб, нозиклашди. Ишни милиция ёпди-ёпди қилгани билан бирон ғаламис чиқиб қолиши мумкин, деб Санжарни заводга беришди. Завод катталаридан бири, Келдиёровнинг ошнаси, болани ўз соясига олди. «Завод йўлланма бериб институтда ҳам ўқитади, Худо хоҳласа, бизнинг ўрин бегона бўлмайди» деган эди. Санжарнинг бўшаб кетганини нечук у билмай қолди? Келдиёров мана шуларга гаранг эди.

Келдиёров ўғлининг хатти-ҳаракатларини тушуна олмасди. У Санжартойига барча шароитларни яратиб бериши баробарида фарзанди унга яқинлашмай аксинча узоқлашиб бораётганини ҳануз фаҳмламас эди.

Дейдиларки, устара сартарошнинг қутисида зерикиб ташқарига ўйнагани чиқибди. Юзига офтоб урилиши билан атроф чарақлаб кетибди. Устара ўзининг офтоб нурида ял-ял яшнашидан ғурурланибди. «Сартарошнинг қўлида хўрланган эканман-да, энди одамларнинг башарасига суртилган совунни, ўсиқ соқолларни қиртишлаш учун қайтаманми, мен бунга номус қиламан», деб юраверибди. Шу аснода ёмғир ёғибди-ю, бир панага беркинибди. Орадан кунлар ўтиб у яна ташқарига чиқиб юзини очибди. Э, воҳ, бу нима кўргилик! Унинг юзини занг босган, офтоб нури юзларида илгаридек ўйнамас эди...

Келдиёров ўғлининг шу устара ҳолига тушганини англаб етмас эди. Ривоятдаги устара-ку, ўз манманлигининг қурбони бўлди. Санжарни эса офтобга — жимжима ҳаётга ота-онанинг ўзи олиб чиқди. Боланинг ял-ял яшнашига аввало ўзлари маҳлиё бўлишди. Мана энди, устаранинг ёмғирда қолганидан, оқибатда занг босганидан хабар топиб, ҳайратга тушиб туришибди.

Келдиёров ёрдамчиси кузатувида район ички ишлар бўлими бошлиғи ҳузурига кирди. Подполковник бундай ташрифни кутган, аммо Келдиёров бунчалик тез етиб келар, деб ўйламаган эди. Шу сабабли бир оз довдиради. Унга қўл узатиб кўришди-ю, кўзига тик қарай олмади. Бу ожизлиги учун ўзини шу ондаёқ койиди. «Нимадан қўрқаман, айбдор у, мен эмас-ку», деб ғижинди.

— Солиевингиз билан бир гаплашмоқчиман, — деди Келдиёров подполковникнинг рўпарасига ўтириб. Бу билан «ҳамма гапдан хабарим бор», демоқчи бўлди.

Майор Солиев кириб келганида Келдиёров унга бошдан-оёқ разм солди.

— Ўртоқ Келдиёров сиз билан танишмоқчи эканлар, — деди подполковник вазиятни юмшатиш мақсадида.

— Биз сиртдан танишмиз, — деди Келдиёров совуқ оҳангда. Бу билан гўё «вазиятни юмшатишга ҳаракат қилманг, мен бу ўжар одамни янчиб ташлайман», демоқчи бўлди. У Солиевга киборлик билан тикилди: — Сиз жуда қайсар одам экансиз. Телефондаги илтимосим кор қилмабди-да?

— Ўғлингиз устидан жиноий иш қўзғатилган. Бу илтимос билан битадиган иш эмас, — деди Мақсуд Солиев. Тик турганича сўроққа тутилиши унга малол келди. Шу сабабли гапни калта қилиб чиқиб кетмоқчи бўлди. Бироқ, Келдиёров ўтмас пичоқ билан сўймоққа қасд қилган одамдай яна гап қотди:

— Илтимос билан битмаса нима билан битади, пул биланми?

Бу гап Солиевга шапалоқ урган билан тенг бўлди.

— Пул билан ҳам битмайди ўртоқ Келдиёров, — деди ғазабли пичинг билан, — битиш йўли битта.

— Катта кетманг, майор... — Келдиёров чўнтагидан сигарет чиқариб лабига қистирди-да, ёрдамчиси узатган гугуртни ёқиб тутатди. — Сиз ўғлимни ўғриликда айбламоқчимисиз?

— Ҳозирча шу модда билан.

— «Ҳозирча» деганингиз нимаси? Бошқа айб ҳам тақамоқчимисиз?

— Иш якунига етмагунча бир нарса дея олмайман.

Келдиёров энди мушт еган одамдай гангиди. «Нима деяпти бу одам ё атай лақиллатяптими? Йў-ўқ, бунда бир гап бор. «Ҳозирча»сининг оқибати ёмон бўлмаса гўрга эди...»

— Менга қаранг, майор, мана, бошлиғингиз ўтирибди. Мен кичкина одам эмасман, лекин сиз билан келишишим мумкин. Сизга янги уй олиб берайми, пенсияга чиқар экансиз, «Газ-24» десангиз ҳам майли. Ё ўғлингизни ўқишга олиб кириб қўяйми. Нима дейсиз, тиланг тилагингизни. Бола эркалик қилибди, бадном бўлмасин.

— Гапингиздан худди шаҳаншоҳга ўхшайсиз. Аммо мен сиздан тилак тилайдиган қул эмасман, — деди Солиев. — Ҳотамтойлигингизни асраб туринг, бу ёқда суд бор, колония бор, балки улар тилаб қолар тилакларини.

— Шунақами?.. — Келдиёров «башаранг қурсин» дегандай юзини ўгирди. — Сиз бўшсиз, кетишингиз мумкин.

— Илтифотлари учун раҳмат, аммо мени сиз эмас, бошлиқ чақиртирган, — шундай деб қаддини ғоз тутди. — Кетишга рухсат этинг, ўртоқ подполковник.

Рухсат теккач, Мақсуд Солиев қабулхонага чиқиб, графиндаги сувдан қуйиб ичди. ўазабини босиш учун чуқур-чуқур нафас олди. Ҳовлига чиқиб крандаги сувда юзини ювди. У бошлиқ ҳузурига чақирилганида Санжарни сўроқ қилишни бошлаган эди. Энди ғазаб ўтига минган ҳолда қайтиб терговни давом эттирса чегарадан чиқиб кетиши мумкин эди. Шу сабабли ҳовлида бир оз нафас ростлаб турди.

Санжар Келдиёров ва шерикларининг ўғрилик қилганлари исботланди. Жабрдийдалар аввал уларни расмдан, сўнг юзма-юз учрашувда танишди. Ўғрилик энг ибтидоий усулда, ҳеч бир ниқобсиз, ҳеч бир алдовсиз содир бўлган эди. Гўё улар ишга милиция аралашиши, оқибатда фош этилишларини билмагандай, шундай киришгану керакли нарсаларни олиб чиқиб кетаверишган. Улар ўғриликка ё маст пайтларида, ё наша таъсирида боришган, ё дахлсиз қолишларига аниқ ишонишган ё чинданам гўл бўлишган. Мақсуд Солиев учинчи гумонга ишонмайди. Унда тўртинчи гумон ҳам бор: улар Миртиллаевни ўлдиргач бу жиноятни ёпиш учун ўғриликка боришган. Ҳарҳолда Келдиёровнинг изига шу қотиллик туфайли тушиб, янги жиноятни ўзи ҳам кутмаган ҳолда очди. Агар унинг асосий мақсади қотилликни очиш бўлмаганида, Келдиёровнинг ишини бугуноқ тергов бўлимига ошириб юборарди. Ишнинг энг нозик, энг қийин жиҳати энди бошланди. Солиев фақат бир нарсага гаранг: мақсад қотилликни ёпиш бўлса, нима учун икки хонадонни босишган? Биттаси ҳам етиб ортади-ку?

...Санжар Келдиёровни сўроққа олиб киришганда болада саросима йўқ эди. У бир-икки танбеҳ бериб қўйиб юборишади, деб ўйлаганди. Кундузи қўлга олиниб, тунни қамоқда ўтказиш ҳам уни саросима булутига ўрай олмаган эди.

— Менга бир нарсани тушунтириб бер, — деб сўроқни бошлади Солиев, — Ўғрилик қилиш сенга нимага зарур бўлиб қолди? Бирон нимага муҳтожлигинг бўлмаса?..

— Ўғирлаганимиз йўқ, уч-тўрт кун кўриб, қайтариб берардик.

— Демак, ўғирламадинг, қарзга олдинг, протоколга шундай деб ёзамизми?

— Ҳа.

— Хў-ўш... унда нима учун пичоқ ўқталдиларинг? Уч-тўрт кунга бериб туришмагани учунми?

— Йўқ. Тўғрисини айтсам қўйиб юборасизми?

— Қани, аввал айт-чи?

— Биз сотиб олмоқчи эдик. Учтага бермади. ўирт чайқовчи экан у муттаҳамлар. Беш мингдан камига йўқ, деб туриб олди. Кейин... кечқурун бордик.

— Профессорнинг номидан борибсизлар, у одамни қаердан биласизлар?

— Содиқ ўқийди ўша ерда.

— Шеригинг Сомоновми? Хўп, демак, сотиб олмоқчи бўлгансизлар. Уч мингни ким бермоқчи эди, сенми?

— Пул йиғдик.

— Уч минг сўм-а, қандай йиғдинглар?

— Қандай... биринчи синфдан бери йиғардик. Кейин ишлаб топдим.

— Ишлаб топганинг маълум бизга. Қани, айт-чи, заводдан нимага кетиб қолдинг?

— Ишлагим келмади.

— Мирқосим Миртиллаев устанг эдими?

— Ҳа.

— У билан нимага уришиб қолдинг?

Санжар «шуни ҳам биласизларми?» дегандай ажабланиб қаради.

— Мен ҳар қандай қораялоққа қул бўлмайман, — деди у кўзини лўқ қилиб.

«Қора ялоқ» деганинг Миртиллаевми?

— Ҳа, ўша.

— Қул бўлмайман, деганинг нимаси, у сени қулдай ишлатмоқчи эдими?

— Заводда ишлагандан кейин қул бўлмай нима?

— Миртиллаев сени нима учун урган эди?

— Заводингниям, ўзингниям... деб сўкувдим.

- Сени шунинг учун урдими? Сен индамадингми?

— Ҳа...

— Нимага? Сендай болани бир қора ишчи урса-ю, индамай кетаверсанг?

— Ҳамма нарсанинг вақти-соати бор.

— Демак, ўч олишни юрагингга тугиб қўйгансан?

— Мен калтак еб индамай кетадиган сўтак эмасман.

— Ўшандан кейин Миртиллаевни кўрдингми?

— Йўқ.

— Эслаб кўр, балки кўчада тасодифан кўргандирсан?

— Кўрмадим.

— Учратиб қолсанг нима қилардинг?

— Билмайман...

— Сумка кимники эди, нашани ким олиб келган?

— Билмайман.

Шу ерга келганда Солиевни подполковник чақириб олиб, сўроқ узилган эди. Мақсуд Солиев ҳозир ҳовлида нафас ростлай туриб шу қисқа савол-жавобни эслади. «Ишчини одам ўрнида кўрмайди, «қора ялоқ» дейди. Унинг назарида заводда ишловчи — қул, — деб ўйлади Солиев. — Шундай фикрда юрган бола ишчини ўлдириб сувга ташлаб юбориши мумкинми? Мумкин. Ўч олишни юрагига тугиб қўйганини яширмайди. У ишчидан шапалоқ еганини ҳеч ҳазм қила олмаган. Пивохонада Миртиллаевни тасодифан учратиб қолгану пайтни бой бермаган. Балки ўлдириш нияти бўлмагандир. Уч-тўрт киши орасида копток бўлган Миртиллаевни ўлиб қолди, деб ўйлаб, қўрққанларидан сувга ташлаб юборишгандир?.. Энг оғир савол шу. Бунга жавоб топишнинг ўзи бўлмас. Ўғриликни-ку, бўйнига олади. Лекин қотилликни бўйнига қўйиш учун далил керак. Далилни балки Талъат топар? Бугун эрталаб пивохона хўжайини билан учрашди. У Миртиллаевни ҳам, Санжарни ҳам суратдан таниди. Таниганда ҳам кутилмаган воқеани айтди: Санжар ўша куни пивохонада бўлган. Миртиллаевни ҳамманинг кўзи олдида уриб, чиқиб кетган. Энди нимага тоняпти?»

Мақсуд Солиев пивохона хўжайинига учрашиб, гувоҳномасини кўрсатганида у довдираб қолаёзди. Расмларни кўрибоқ, савол кутиб ўтирмай, қўрққанидан ҳамма гапни айтиб берди. Майор ҳозир унинг жавдираб турган кўзларини эслаб, мийиғида кулиб қўйди-да, ичкарига юрди.

Хонасига кирай деганда ичкаридан чиқаётган овозни эшитиб, жойида тўхтади. Эшбоев сўроқни давом эттириб, ўз усулига содиқ ҳолда Санжарни сиқувга олаётган эди. У Солиевга ўхшаб гапни узоқдан бошлашни ёқтирмасди. Айбни шартта айтиб, «бўйнингга ол!» деб туриб оларди. Баъзан қўрқитарди. Баъзан уришдан ҳам қайтмасди. Солиев уни кўп огоҳлантирди, бўлим бошлиғига ҳам айтди. Бироқ, Эшбоев бари бир ўзиникини маъқулларди. Жиноятчи — одамликдан чиққан шахс, шу учун ҳам у билан одам тилида гаплашиш шарт эмас, деб ҳисобларди.

— Бўйнингга олсанг олдинг, бўлмаса қамоқда чирийсан!

— Мен ўлдирганим йўқ уни, билмайман...

Санжар асабийлашаётган эди. Эшбоев бу такаббур, безбет болани бўйин эгишга мажбур қилолмаган эди. «Ишни бузибди, баччағар», деди Солиев ўзича кейин шарт эшикни очиб, ичкари кирди. Санжар бурчакда тик турар, Эшбоев ундан икки қадам берида стулга оёғини чалиштириб ўтириб олган эди.

— Эшбоев, — деди майор, унинг ишидан ранжиганини сиртига чиқармай. — Сиз мана бу икки одамни соат ўн саккизга етказиб келинг, юзма-юз учраштирамиз, — Солиев шундай деб пивохона хўжайини билан Имомалиевнинг номи ёзилган қоғозни берди. Эшбоев чиқиб кетгач, майор стулларни жойига қўйди.

— Ўтир, — деди кўзлари пирпираб турган Санжарга. Кейин ҳозирги суҳбатдан бехабардай, чала қолган сўроқни келган жойидан давом эттирди:

— Демак, сен Миртиллаевни кўрмагансан?

— Кўрмадим.

— Сен «Чеҳра» деган пивохонани биласанми, ҳеч кирганмисан?

— Кирмаганман.

— Унда мана бу протоколни ўқиб, «гапларим тўғри баён этилган», деб қўл қўй.

— Қўймайман, ҳеч қайси қоғозингизга қўл қўймайман. Саволингизга жавоб ҳам бермайман. Менга дадамни чақириб беринг, кейин гапираман.

— Даданг билан учрашдим ҳозир. Лекин у билан кўришганингнинг сира фойдаси йўқ.

— Мен сизни ёмон кўраман! Дадам сизни йўқ қилиб юборади!

— Шуни билиб қўй бола: мен дадангдан ҳам зўрроқларини кўрганман. Дадангга умид қилма. Мени яхши кўрасанми, ёмон кўрасанми, сенинг ишинг. Лекин саволларимга жавоб беришга мажбурсан. Ҳозир сени камерага олиб бориб қўйишади. Яхшилаб ўйла. Жавобдан бўйин товласанг, терговни чалғитсанг, ўзингга қийин. Ишни тезроқ якунлашга ёрдам берсанг, жазо енгиллашиши мумкин. Сен билан бугун кечроқ яна кўришамиз. Унгача шерикларинг билан гаплашай.

Навбатчи милиционер кириб Санжарни олиб чиқиб кетди.

Санжарнинг икки шериги пивохонада бўлишганини, Санжар бир кишини урганини, уни ажратиб олиб чиқиб кетишганин тасдиқлади. Қолган иккитаси пивохонага киришганини бўйинларига олишди, аммо Санжарнинг бир кишини урганини сира «эслашолмади».

Эшбоев иккала гувоҳни ҳам айтган вақтга етказиб келди. Санжар ва унинг шериклари ёнига яна тўрт болани ўтқазиб, аввал пивохона хўжайинига кейин Имомалиевга рўпара қилишди. Пивохона хўжайини тайсаллаб ўтирмай аввал Санжарни кейин яна уч болани ажратиб кўрсатди. Имомалиев эса анча пайсалга солди. У болаларни таниб турса ҳам дафъатан кўрсатишга қўрқди. Ниҳоят, шулар шекилли деб, Санжар билан узун болани кўрсатди. Санжар жингалак сочли, кўзга яқин бўлгани сабабли даъвогар-жабрланувчилар ҳам, бу икки гувоҳ ҳам тезда таниган эди.

Солиев Санжар билан пивохона хўжайинини олиб қолиб, бошқаларга жавоб берди.

— Келдиёров, демак, сен ўнинчи май оқшомида пивохонада бўлмагансан, шундайми?

— Ҳа.

-Ўртоқ Мамаюсупов эса сени бўлган, уруш чиқарган, деяптилар.

— Ёлғон.

— Гувоҳ Мамаюсупов, сиз нима дейсиз?

— Бу бола тез-тез келиб турарди, акахон, аммо тинч кириб, тинч чиқарди. Ўша куни нима худо урди буларни, билмайман. Окаси жонидан, бўйнингга олиб қўявер, окаларингни қийнама. Кайфчиликда уриб юборибман, де, вассалом. Акахон, бу бола кўп урмади. Битта ёки иккита уриб қолди. Кейин дарров ажратиб олишди. Пиволариниям ичишмай чиқиб кетишди.

— Чиқиб кетишганда соат неча эди?

— Соатга қарамабман. Савдони биласиз-ку?..

— Эсланг. Пивохонани нечада беркитишингиз керак?

— Аслида-ку, тўққизда. Лекин савдога қараб... пивонинг ачиб қолиши бор...

— Вақтини эсладингизми?

— Эсладим. Саккиз яримларда. Ўғлимнинг гапи бор эди, «ада вақтлироқ кетай» деб сўровди. Саккизда кетди. Ярим соатлардан кейин... булар кетишди.

— Балоғатга етмаган болаларга ичкилик сотиш мумкин эмаслигини биласизми?

— Булар балоғатга етмабдими? Йўғ-е, савлатини қаранг, от ҳуркади. Буларни кап-катта йигитлар дебман-да, болалигини билсам, яқинимга йўлатмасдим.

— Билгансиз, гўлликка солманг ўзингизни.

— Ўлай агар...

— Бу боланинг отасини биласиз-а?

— Биламан, йўқ сал-пал эшитганман.

— Яхши, протоколга қўл қўйинг. Ҳозирча бўшсиз.

— «Ҳозирча»? Яна келаманми?

— Керак бўлсангиз чақирамиз.

— Хўп бўлади, бош устига, — у шундай деб қуллуқ қилди-да, имзо чекди, кейин Санжарга юзланди: — окаси жонидан, булар нима деса хўп деявер. Адангни маломатга қўйма.

— Ишингни қил-е, сўтак!

— Келдиёров! — майор шундай деб столни муштлади. Бундан Санжар эмас, пивохона хўжайини чўчиб тушди.

— Қўяверинг акахон, ёш-да, эси кириб қолар. Хўп, мен кетдим.

Мамаюсупов сўроқда тулки, Имомалиев эса қуёнюраклик қилди. «Пивохонада сал-пал жанжал чиққанини» эслади. Бироқ, масофа узоқ, қоронғи эканини пеш қилиб, бошқа саволларга жавоб беришдан бўйин товлади. «Пивохонада ораларида қизлар бор эдими?» деган саволга ҳам «кўрмадим» деди. У ҳар бир саволга жавоб қайтаришдан олдин Санжарга хавотир билан қараб оларди. Назарида бу бола сапчиб туриб кекирдагини узиб ташлайдигандай эди.

Имомалиев чиқиб кетгач, майор Санжар Келдиёров билан юзма-юз қолди.

— Ўртоқларинг ҳам Миртиллаевни урганингни тасдиқлашди. Энди нима дейсан?

— Ҳаммаси ёлғон. Ҳаммасини сотиб олгансиз.

— Пивохонадан саккиз яримда чиққансизлар. Ўндан ўн беш минут ўтганда ўғриликка киргансизлар. Орада бир ярим соат вақт бор. Шу оралиқда қаерда эдинглар?

— Пивохонада бўлганим йўқ. Менга дадамни кўрсатинглар.

Санжар билан гаплашишнинг фойдаси йўқ эди. Уни чиқариб юбориб Солиев ёлғиз қолди. «Болалар соат ўнгача кўчада юрдик, дейишяпти. Анҳор бўйида йўл пойлашмабди. Лекин улар анҳор ёқасида болалар ўтиришганини кўришган. Санжарни тинчитиш билан овора бўлиб кимлар ўтирганига эътибор беришмаган. Санжар нима учун ҳаммасини рад этяпти? Ҳали ҳам отасига ишоняптими? Бўйнимга олмасам чиқариб юборишади, деб ўйлаяптими? Улар соат саккиз яримда чиқиб кетишган. Миртиллаев яна жойига қайтиб ўтириб пиво ичган. Ким билан ўтирган? Ким билан ичган? Мамаюсупов таниши керак. У билан шу бугуноқ яна гаплашишим керак». Солиев шу қарорга келиб ўрнидан турди.

Энди у пивохонага бора турсин. Биз икки дўст — Асрор билан Салим ёнига қайтайлик. Уларни танлаган ҳаёт йўллари қаршисига ташлаб қўйган эдик...

ЮПАНЧ

ёхуд Асрорнинг зиёфатдаги кечинмалари ҳақида ҳикоя

Дам-бадам инграб ётган Салим оғриққа чидай олмай вой-войлаб юборди. Асрор шошиб бир қўли билан унинг елкасини ушлаб, иккинчи қўлининг кафтини пешонасига қўйди. Пешонадан муздек тер чиққан эди.

— Салим, доктор чақирайми, ҳеч ким билмайди-ку, бари бир. У одамни кўмиб бўлишган-ку?

— Йўқ, керак эмас. Тузалиб қолади. Қотган жойи тортишиб оғрияпти. Сен кетавер. Қамарнинг онаси кўрса, карвонсарой қилиб юбордиларинг, деб жаврайди. Эртага бозор томон ўтсанг, қулупнай олиб кел. Егим келяпти. — У шундай деб кулдон ёнидаги сигаретни олиб лабига қистирди. Кулдон турган стул устидан, чойшаб қатларидан гугурт қидирди. Унинг бармоқлари сезиларли даражада титрарди.

— Шу ерда гугурт бор эди, қара, — деди у.

Гугурт стул остига тушган эди. Асрор олиб берди. Салим сигаретни ўт олдириб, ютоқиб-ютоқиб тутатди. Асрорнинг димоғига наша ҳиди урилди. Энди бу ерда ўтиришнинг фойдаси йўқ эди. У аста ўрнидан турди. Салим дўстининг чиқиб кетаётганига аҳамият бермади.

Асрор катта хонага чиққач, диванда оёқ чалиштириб, сигарет чекиб ўтирган Қамариддиннинг онасини кўрди-ю, шошиб қолди. «Қачон келди, гапларимизни эшитган бўлса-я», деб саросималанди. Кейин салом бериб чиқиб кетмоқчи эди, аёл уни ёнига чақирди.

— Ўтир, — деди рўпарасидаги юмшоқ креслони кўрсатиб, — ўртоғингни кўрдингми?

Асрор қирққа борган бўлса-да, чиройини, тароватини йўқотмаган бу аёлнинг киприклари узун кўзларига, ярим очиқ кўкрагига қарашга ботинмай, ерга боққанича, «ҳа, кўрдим» деди.

— Аҳволи тузукми?

«Нимага сўрайди, ўзи кўриб турибди-ку?» Асрор шу ўй билан унга бир қаради-ю, ўткир нигоҳига дош беролмай кўзларини олиб қочди. Кейин:

— Яхши, — деди секингина.

— Ҳечам яхши эмас, — аёл сигаретни ёнида турган кулдонга эзди. Унинг аччиқлангани шу ҳаракатидан сезилди. — Болани жувонмарг қиласанлар. Яраси ириб кетади. Наша чекавериб ўзини-ўзи ўлдиради. Доктор чақириш керак.

— Менам шунақа девдим, кўнмаяпти.

— Кўнмаяпти... Бир нарса бўлиб қолса, ким жавоб беради, сенми?

— Нега энди мен?..

— Қамар ҳам шунақа деди. Ҳамманг бир гўрсанлар, — у шундай деб кўз ўрнига соат ўрнатилган тилла узугини бурай бошлади. Узукни чиқариб олмоқчи бўлдими ё асабийлашгандаги одати шу эдими, Асрор тушунмади. Индамай ўтираверди. Ниҳоят, аёл тилга кирди:

— Сен уларга ўхшамайсан. Бошқачароқсан. Билиб турибман. Қамар ҳам сени яхши кўради шекилли. Қамар камдан-кам одамни ёқтиради. Сенинг бахтинг бор экан. Қамар ҳатто мени ҳам ёмон кўради. Ҳалигача ақалли бир марта бўлсин «она» демади-я, мени! — аёлнинг овози титради. — Ахир мен уни кўчага ташлаб кетганим йўқ эди. Ўзимни тутиб олгунимча болалар уйига бердим. Айбим шуми? Унинг нимага қамалганини биласанми?

Асрор бош чайқади.

— Билмаганинг яхши. Лекин, мен биламан, — у бир нафас жим қолди, хўрсинди. — Кўзим олдида юз берган ҳаммаси. Ўшандан бери ундан қўрқаман. Қамоқда йўқ бўлиб кетсин, деб Худога нолалар ҳам қилганман. Ҳеч замонда она боласига шунақа тилак тилайдими, а?.. Қўрқардим ундан, жуда қўрқардим.

— Нимага гапиряпсиз менга бу гапларни? — деди Асрор ажабланганини яширмай.

— Эшит, жим ўтириб эшит. Қамар сени яхши кўради. Сен уни йўлга солишинг мумкин. Мен ундан қўрқаман... Она, демаса ҳам майли, унга айт, мени ҳоли қўйсин. Кечалари ухлолмайман, — унинг овози яна титради. — Уни эсласам юрагим така-пука бўлиб кетаверади. Мана, ўзинг эшитиб кўр, — аёл шундай деб Асрорнинг қўлини олди-да, чап кўкрагига босди. Асрор уялиб қўлини тортиб олди. Аёл бехос қилиғидан боланинг изза чекканини сезди, бироқ, ўзини билмаганга олиб, гапини давом эттирди. — Манави болага ё доктор чақиринглар ё бошқа ёққа олиб кетинглар. Менам одамман ахир, меҳмон-измон чақиролмай ҳам қолдим. Айтасан-а, унга?

— Айтаман,— Асрор шундай деб қутулмоқчи эди, аммо аёл уни яна гапга тутди:

— Сен ўқийсанми? Ҳа, билиниб турибди, ўқийсан. Буларнинг биронтаси ҳам ўқимайди, ўқимайдиям, ишламайдиям бу такасалтанглар. Сен нимага буларга аралашиб қолдинг? Булар сени ҳам турмага тиқади. Биласанми, буни? Ўғри, муттаҳам ҳаммаси, билмайсанми буларни?

— Қамар... яхши одам, унақа деманг.

— Яхши одам?.. Ҳм, — аёл истеҳзо билан жилмайди. — Яхши одам, дегин?.. Кўрасан ҳали уни қанақа яхшилигини... Лекин сен... — аёл Асрорнинг икки елкасидан ушлаб силкиди, — гапларимни унга етказа кўрма. Эшитса ўлдиради мени... Шусиз ҳам... — аёл уни қўйиб юбориб рўмолчаси билан бурнини чимдиди, — кунда минг ўлиб, минг тириляпман. Сен секин тушунтир унга. Бирор уй топиб чиқиб кетсин. Бу уй меники эмас, бир одам олиб берган. Келиб туриши керак. Билиб қолса, сенларга ҳам қийин. Секин тушунтир, хўпми?

Асрор аёлнинг мақсадини тушуниб «хўп» деб қутулди-да, ўрнидан туриб, аста юриб чиқиб кетди. «Жинни хотин экан-ку, — деб ўйлади Асрор зиналардан туша туриб, — ўғлини ҳам шунақа дейдими? Уйидан ҳайдайдими? Қамарга айтаман, бунақада бу хотин сотиб, қаматиб юбориши ҳеч гап эмас...»

Асрор кўчада бора туриб Салимнинг онаси билан Қамариддиннинг онасини ўзича таққослади. Унинг болалик тасаввури аввало ташқи кўринишлардаги фарқни илғади. Ҳар икки аёлнинг кийиниши, гаплари, ўзини тутиши... Уларнинг ҳар иккиси ҳам бахтсизлигидан нолиди. Афсуски, Асрор ҳали ёш, йўқса ҳали кўп нарсларни фарқлаган бўларди. Айтайлик, ҳар икки аёл чинданам бахтсиз. Салимнинг онаси шу тўрт девор, шу бир парча ер, сигирдан бошқа ҳеч нарсани кўрмади. Энг арзон кийимларни кийди. Бола туғиб, бола ўстирди. Уларнинг уст-боши, емоқ-ичмоғи билан банд бўлди. У кўкраги ярим очиқ кўйлаклар, ясама киприклар, кўз ўрнига соат ўрнатилган тилла узуклар орзу қилмади. Орзу қилган бўлса ҳам ўзича орзу қилгандир, аммо шуларни кийсам, тақсам, деб сиртига чиқармаган. У фақат болаларининг уст-бошини ўйлади. Шу деб эри билан кўп марта қирпичоқ бўлди. Қамариддиннинг онаси эса шу ёшга кириб ўзидан бошқа одамни ўйламади. Унинг қайғуси йўқ эди. Айни чоқда бахти ҳам йўқ эди. Агар Салимнинг онаси билан танишгудай бўлса, сира иккиланмай уни бахтли дерди. Чунки унинг бир этак боласи бор, ёмон бўлса ҳам бошида эри бор. Демак, қариганда хўрланмайди. Унинг-чи? Кими бор? Қариганда ким қарайди унга?

Асрорнинг ҳали буларга фаҳми етмайди. Бахт ҳақидаги тушунчани бола бир хил, катта одам бошқа бир хил тарзда талқин қилади. Шундай бўлса ҳам Асрорнинг болаларча зеҳни энг муҳим бир нарсани тўғри ажратди: Салимнинг онаси яхши аёл! Уни хорламаслик керак! Бунинг учун Салим Қамариддиннинг кўчасидан чиқиши шарт. Асрор буни айтади Қамариддинга. Қамариддин яхши одам, тушунади буни. Асрорга қандай яхшилик қилаётган бўлса, Салимга ҳам шундай меҳрибонлик кўрсатиши аниқ.

Шаҳарга асталик билан оқшом қўнмоқда эди. Асрор офтобда қизиган баланд уйлар оралаб шошилмай юриб борар, хаёли бугунги учрашувлар билан банд эди. Уйига етиб, темир гаражнинг темир дарвозалари очиқ эканини кўрди. Дадаси энди келдимикин ё кетяптимикин? У саволига жавоб топишга улгурмай, оқ жигули гараждан чиқиб кўча ўртасида тўхтади. Дадаси машинадан тушиб, уни кўрди-ю, қовоқ уйди.

— Қаёқда юрибсан? — деди дағал овозда.

— Консультация бор эди, — деди Асрор кўпчилик қўллайдиган оддий ёлғонни ишлатиб.

— Консультациянгдан ўргилдим, — деди дадаси зардаси қайнаб, — бор, асбобларни олиб туш.

Асрор итоаткорлик билан қадамини тезлатиб, зинадан кўтарилди. Онаси уни кўриб хурсанд бўлиб кетди:

— Вой, келдингми-ей, болажон, аданг ёниб турувди-я... Дадангнинг одатларини биласан-ку, сал вақтлироқ келмайсанми? Қорнинг тўқми, ке, бир пиёлагина чой ичиб ол. Ичмайсанми, бўлмаса тезгина туша қол. Ёрилиб кетмасинлар даданг.

Улар қайси бир маҳалла гузаридан ўтиб, торроқ кўчага бурилдилар. Асрор бу маҳаллага тўй баҳона аввал ҳам келган, фақат номи эсида йўқ. Дадасининг айтишича, бу маҳаллада сахий тўралар яшайди. Улар бурилган тор кўчада ўнга яқин машина бир-бирига тиралиб турибди. Дадаси бехавотирроқ жой танлаб, машинани қўйди. Оғир бир юмушни бажараётгандай пишиллаб туриб руль билан педалга қулф илди-да, машинадан тушди. Дераза токчаларига рангдор чинни кошин терилган, ҳафсала билан зеб берилган уй олдида яхши кийинган, ўрта ёш хипча одам кутиб олди.

— Келинг, ҳофиз, келинг, кўзлар тешилиб кетди-ку кутавериб! Бунақамас-да энди... Ие, асбоб қани?

«Бошланди» деди Асрор ғижиниб. Қайга боришмасин, аввал ўзлари киришар, дуо-фотиҳадан сўнг Асрор секин чиқиб тор, доирани олиб кирарди. Дадаси бу одатини сира бузмас эди. Тўйгами, зиёфатгами йиғилганлар эса ҳаммавақт шу асбоб пайровида суюқ аския қилишарди. Аскиялар бир хилда бошланиб, бир хилда тугар, одамлар дадасини калака қилишса ҳам у қуллуқ қилиб кулаверар, Асрор эса ич-ичидан ғижиниб, асабийлашарди. Ҳозир ўша пайров айнан такрорлангач, улар ичкарига таклиф қилиндилар. Ҳовлидаги орасталик уй эгасининг яхши дид эгаси эканидан далолат эди. Ҳовли ўртасида мармар фаввора, атрофда гилос, олма дарахтлари, дарахт атрофи райҳон. Улар этак томонга солинган катта уйга киришди. Уй, Асрорнинг чамасида, мактаб залидан сал кичикроқ эди. Элликтача одамга мўлжаллаб тузалган дастурхон атрофида йигирматача меҳмон қўр тўкиб ўтирарди. Дадаси таъзим билан кириб меҳмонлар билан сўрашгач, улардан бири узатган чойни олиб, Асрорга қаради. Бу «асбобларни олиб кир» дегани. Асрор бу вазифани бажаргач, торни дадасига бериб, ўзи доирани қизитгани ташқарига чиқди. Темир ўчоқдаги оловга доирани тутди. Ошпазлар унинг саломига алик олишди-ю, кейин унга эътибор бермай, суҳбатларини давом эттиришди:

— Иккита тўрт пудлик қозонда юз йигирма кило гуруч дамлашган экан, эрталаб саккиз бўлмасдан чанги чиқиб кетди. Ошна-оғайнини ҳам йиққан эканлар-да. Тамом бўламан, демайди. Маҳалла раиси тўн кийдириб улгурмайди. Беш юзтача тўн кийдирди-ёв...

— Одамгарчилиги бор-да. Базмда ҳофизларга гал ҳам тегмабди-ю?

— Э, қанчаси хафа бўлиб жўнаворди. Шер келган жойда уларга нима бор?

— Салоҳиддин аканинг ҳам тўйи зўр бўлди, дейишади?

— Зўр-у, унчалик эмас. Зиқналиги бор-да, унинг. Ўзи пул дегани ачиб-бижиб кетгандир, лекин, сир бой бермайди. Одам кам бўлди, қирқ кило гуруч дамлабди.

— Йўғ-е?

— Ана, Жўравой ошпазнинг ўзи дамлабди. Хотин ошига ҳам орттириб берган бўлса керак. Э, ака, мен сизга айтсам, гап тугундаги пулда эмас, гап йигитнинг кўча кўрмаганлигида. Замон нозик деб ўтирасанми, пулинг борми, соч, ўйна-кул.

Улардан бирини уй эгаси имлаб чақирмаганида гаплари ҳали бери тугамас эди. Асрор доирани қиздириб киргач, дадаси бир жуфт ашула айтди. Бу орада хона тўла бошлади. Одамлар қўшиқ сўзларини тингламас эдилар. Худди хонада қўшиқ айтилмаётгандай, бир-бирлари билан гаплашиб ўтирардилар. Уларнинг қулоқларига фақатгина ҳофизнинг ширали овози-ю, тордан таралаётган куйгина кирарди. Агар шу пайт дадаси қўшиққа «Э, ғофил бандалар, разиллигингизга борман», деб қўшиб айтиб кетса биров тушуниб етмас эди. Асрор одамларнинг бундай эътиборсизликларига кўникиб қолган. Қўшиқ тугагач, тўрдаги басавлат одам ёнида ўтирган, қотмадан келган қалдирғоч мўйловли йигит ўрнидан турди.

— Тише, ўртоқлар, — деди у биллур қадаҳга санчиқ билан уриб қўйиб, — Акрамхон акамнинг меҳри Амударё эканини кўриб турибмиз. Бу дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Нимага шунча оворагарчилик? Шунинг учунки, Акрамхон акамнинг акахонлари, ҳаммамизнинг меравой акахонимиз Зайниддинхон акамизнинг мартабалари баланд бўлди. Бир ҳафтадан бери қулинг ўргилсин хоналарни гуллатиб ўтирибдилар. Акрамхон акамиз бундан хурсандликларини мана, биз билан баҳам кўриш учун шу дастурхонни тузадилар. Минг раҳмат сизга. Олинг — олдирманг. Биринчи қадаҳни Зайниддинхон акамизнинг соғлиқлари учун ичамиз. Ҳамма ўрнидан туриб ичади. Зайниддинхон акамизга бундан катта мартабалар насиб этганда ҳам шунақа ўтиришайлик. Ичмаган номард. Қани, кетдик...

Қадаҳларнинг уриштирилиши қўшиқ бошлашга ишора эди. Аммо қўшиқ яримламай узилди.

— Тише, ўртоқлар, энди сўз жонажон акахонимиз Зайниддинхон акамларга.

Қадаҳга санчиқ билан уриб одамларни тинчитишга ҳожат қолмади. Ҳамма шу гапдан кейиноқ бараварига жим бўлди. Басавлат одам ўрнидан туриб томоқ қирди.

— Шунақа укахонларим борлигидан хурсандман. Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин. Акрамхоннинг ўғилчаси бу йил мактабни битиряпти. Мана, домла Турдиев бизнинг арзимас дастурхонимизга келиб ўтирибдилар. Ўғилчани шу кишига икки қўллаб топширамиз-да, а, Акрамхон?

Нотиқнинг бу ёнида ўтирган сариқ сочли семиз киши бош ирғаб қуллуқ қилди. Нотиқ давом этди:

— Биздан қайтмаса, болаларимиздан қайтади, домла, диссертациянгизни бошлайверинг, мана, хизматда биз турибмиз. Укахонларимизни ранжитмасангиз бас.

«Ҳали бу домла кандидат ҳам эмас экан-да? — деб ўйлади Асрор, — мана шунақа зиёфатларда еб-ичиб, буларнинг пулини олиб, Отауллага ўхшаган саводсиз ўғилларни ўқишга киритади. Шу пуллар эвазига ўзи кандидат бўлиб олади. Институт эса инкубаторга ўхшаб саводсиз мутахассисларни чиқараверади. Салим ҳақ. Бунақаларга кун бермаслик керак. Ҳамма бузғунчиликни шулар бошлашади...»

Асрорнинг ғаши келиб, доира қизитиш баҳонасида чиқиб кетди. Қайтиб кирса ўша «акахон» ҳали ҳам гапиряпти. Асрорнинг назарида бу одам ўтирган ҳар бир меҳмон шарафига гап айтди шекилли. Ниҳоят, гап тугаб, қадаҳлар уриштирилди.

Яна қўшиқ бошланди. Бу орада олтин ҳалли; кийик тасвири туширилган косаларда шўрва тортилди. Қўшиқ узилмади. Иккинчи қўшиқ якунланай деганда Асрор эшикдан кириб келаётган кишига кўзи тушди-ю, юраги ўйнаб, бадани музлаб кетди. Доирани чертаётган бармоқлари ўзига бўйсунмай, усулдан чиқди. Эшикдан ўша одам — Мирқосим Миртиллаев кириб келган эди. Асрор нима қилишини билмай қолди. Дадаси қўшиқни тугатиб, биқинига туртиб қўймаганида, ҳали бери ўзига келолмас эди.

Пойгакроқда ўтирган меҳмонлар ўринларидан туришиб у одамни юқорига ўтишга ундашди.

— Қани, Мирхалил ака, тўрга, Зайниддинхон акамизнинг ёнларига, — деб қисташди.

Унинг исмини эшитиб Асрор сал тинчланди. Янги меҳмон кўпчиликни безовта қилгиси келмай, тўрга чиқмади.

— Мирхалил ука, бандалик экан, акани ҳам бериб қўйибсиз, ҳозир эшитиб хафа бўлиб ўтирибмиз, — деди басавлат одам.

— Ҳа, энди, Оллоҳнинг иродаси шу экан, мастлик қилиб сувга тушиб кетибдилар. Энди айбга буюрмайсизлар, бир ёқда азадорлик, бир ёқда бунақа хурсандчилик, табриклаб кетай деб келдим.

— Хўп ажаб иш қилибсиз, ука. Ўтганларнинг жойи жаннатда бўлсин, қолганларнинг умрини берсин, қани, дастурхонга қаранг.

Шу билан зиёфат маромига тушиб кетди. Қўшиқ авжига чиққанда тўрдаги басавлат киши ёнида бир даста пул чиқариб, битта элликталикни ажратди-да, олдидаги қулупнай пўчоқ солинган ликопча устига қўйиб узатди. Ликопча қўлма-қўл бўлиб, пулга пул қўшилиб ҳофиз томон оқди. Дадаси ашула айтишни тўхтатмаган ҳолда бош ирғаб миннатдорчилик билдирди. Бир маҳал ҳалиги одам иккинчи ликопчага пул қўйиб узатди-да:

— «Ўзбегим»ни олинг, ҳофиз, — деб буюрди.

Дадаси Навоийдан айтаётган қўшиқни шарт узиб, «Ўзбегим»ни бошлаб юборди.

— Оҳ, оҳ, оҳ, — деди у киши ҳали қўшиқ сўзлари айтилмай туриб.

«Маъносини тушунармикан булар, — деб ўйлади Асрор, — ўзбегим деб оҳ-воҳ уради, пул қистиради-ю, бир жойда бир оила ўн бир болани боқишга қийналяпти, десанг юзларини тескари буришади. Салим ҳақ. Салимни йўлидан қайтармаслигим керак. Ўзим-чи? Буларга хизмат қилиб юравераманми?» Шу хаёллар билан Асрор яна усулдан чиқди. Дадаси унга қараб, бош силкиб усулга солиб олгач, ашуласини давом эттирди.

Ярим тун бўлса ҳамки, зиёфат тинмади. Алжиб, чуриллаб қолган меҳмонлар кетма-кет қўшиқ талаб қилишади. Акахонларига бўлган хурматларини билдириш учун тинмай пул қистиришади. Асрор тўйма-тўй юриб ҳам бунчалик чарчамаган эди. Охири бармоқлари қотиб, ўзига бўйсунмай қолди. Дадаси унинг аҳволини тушуниб, ашулани доира жўрлигисиз айта бошлади...

Улар уйга тонготарда келдилар.

Асрор тошдай қотиб ухлади. Зиёфатга борганидан бир жиҳати қувонди — бу тун азобларсиз кечди.

Асрор шунча тунлар ичи биринчи марта осойишта уйқуга кетган экан, майли, уни ўз ҳолига қўяйлик. Бизни майор Солиев кутяпти.

ЧИГАЛНИНГ УЧИ

ёхуд майор Солиевнинг оёқлари остига тузоқлар

қўйилгани ҳақида ҳикоя

Пивохона хўжайини майорни кўриб эсанкираб қолди. Пештахта ортидан югуриб чиқиб, қўшқўллаб сўрашди.

— Бир-икки бола кирувди, чиқариб юбордим. Хўп кўзимни очиб қўйдингиз-да, раҳмат сизга.

— Мамаюсупов, хотирангиз яхшига ўхшайди. Эслаб кўринг: ўша оқшомда Келдиёров Миртиллаев ўтирган столга келдими ё Миртиллаев болалар ўтирган столга яқинлашдими?

— Болалар ҳув бурчакда ўтиришган эди. Жанжал ҳам ўша ерда бўлди. Раҳматли Миртиллаев борган бўлиб чиқади-да. Уни шу болалар ўлдиргани ростми?

— Ким айтди сизга?

— Ҳайронман, одамлар оғзида дув-дув гап. Қотилларни ушлашибди, деб юришибди.

— Тил бесуяк-да, а? Энди яна бир эсланг: Миртиллаев калтак еганидан кейин яна пивохонада қолган экан, ким билан ўтирган эди? Унинг ҳамсуҳбатини кўрсангиз танийсизми?

— Танийман. Сизга керак бўлса танийман.

— У одам кейин ҳам келдими пивохонага?

— Пиво бўлади-ю, келмайдими? Келган, ҳозир ҳам шу ерда.

— Менга ҳолироқ жой беринг, кейин ўша одамни секин чақирасиз. Яна пивохонага овоза қилиб юрманг.

— Ўлибмизми, акахон, бизам тушунамиз, ишингиз нозик, ҳа.

У шундай деб пастак эшикча орқали орқа ҳовлига йўл бошлади. Бўш қутиларни қўйиб олиб давра қурган уч йигитга яқинлашиб секингина нимадир деди, унинг гапини майор эшитмади. Учала йигит ҳам бараварига унга қараб олишганидан сездики, Мамаюсупов ваҳима бир гап айтган. Йигитлар:

— Гап йўқ, акахон, хафа бўлган — ўғри, — деб ўринларидан чаққон туриб, шишаларни кўтаришди-да, майорга салом бериб, ичкари кириб кетишди.

Майор уларнинг ўринларини эгаллади. Зум ўтмай Мамаюсупов эллик ёшлардаги бир кишини бошлаб келди.

— Мана акахон, Собитбой бирга бўлганлар раҳматли билан.

— Ким ўлдирган экан, ўша ҳаромиларми? — деди Собит, майорнинг рўпарасидаги қутига ўтириб. — Ҳаммасини отиш керак.

— Отишдан аввал қотилларни тутиш керак.

— Тутмадингларми?

— Тутмадик. Шунинг учун сиз билан гаплашиб олмоқчиман.

— Акахон, хизматчилик, бораверайми? — деди Мамаюсупов гапни бўлиб. Рухсат теккач, миннатдорчилик билдирди-да, ичкари кириб кетди.

— Мен уни ўлдиришганини кўрмадим. Кўрганимда айтардим, — деди Собит.

— Урган болаларни танийсизми?

— Келиб туришарди... бойваччалар-да...

— Миртиллаевни-чи, уни танирдингизми?

— Уям келиб турарди. Илгари бирга ишлаганман. Келиб қолса улфатчилик қилардик.

— Кўп ичармиди?

— Йўқ. Уч шишадан оширолмасди. Қовуғи бўшроқ эди унинг.

— Сиз... ҳозир қаерда ишлайсиз?

— Мактабда қоровулман.

— Заводдан нимага кетдингиз?

— Манави савил йўлдан урди, — Собит шундай деб шишаларга имо қилди.

— Ўша куни Миртиллаевнинг пули кўп экан, сезмадингизми?

— Пулини кўрмадим-у, лекин уч-тўрт кишини меҳмон қилди.

— Сиз нима учун бирга кетмадингиз?

— Шунча пивони ташлаб кетаманми? У хурмачасига сиққанча ичди. Кейин кетди. Хотини йўқ, болалари ёлғиз. Вақтлироқ бориши керак. Мен уйга эрта борганим билан одам келдими, ит келдими дейишмаса. Шу ер бекилгунча улфатчилик қилиб ўтираман-да.

Майор қарасаки, Собитбой деганлари ҳасратга тушадиган. Шу сабабли унинг кўнглига қараб ўтирмай гапини шарт кесди:

— Болалардан калтак егандан кейин алами қўзиб кўп ичиб юбормадими?

— Йў-ўқ, айтдиму учтадан ортиғини эплолмайди, деб. Бу қурғур ҳамманинг ҳам хурмачасига сиғавермайди-да, ака.

— Болалар унга гап отишдими, нимага туриб борди уларнинг олдига.

— Болалар бир нималар деб алжишаётувди, аниқ эсимда йўқ, «қораялоқлар соғ бўлсин», дейишдими-ей, «қуллар» дейишдими-ей, хуллас, хахолашаверишди. Пивохонани бошларига кўтариб юборишди, ҳаромилар. Бойвачча-да, пул кўп — кўнглига сиққанини қилади.

— Кейин нима бўлди?

— Мирқосим турди. Жингалак сочлига бир нима девди, у уриб қолди. Урганини кўрмадим. Ажратишаётганини кўрдим.

— Болалар чиқиб кетишаётганда индашмадими?

— Индашди. Сўкишди. Онаси ҳам қолмади, холаси ҳам қолмади...

— «Ҳали кунингни кўрасан», «чиқ, кутиб турамиз» дейишмадими?

Собит ўйланиб қолди. Қулоғига қистириғлик ярми чекилган сигаретни олиб тутатди. Майор унинг жавобини тоқат билан кутди.

— Йўқ, дейишмади. Кутиб турамиз, дейишмади. Анави жингалак соч: «уруғингни қуритаман, қораялоқ деди. Буни аниқ эшитдим.

— Миртиллаев болани танир эканми?

— Шогирди экан. Бола катта охурдан ем еганмасми, ишчиларни менсимабди. Кейин Мирқосим бир шапалоқ уриб юборган экан. Бола, назаримда, шунинг аламида юрган-да...

— Болалар кетганидан кейин Миртиллаев нима деди?

— «Бу ҳаромиларнинг одам бўлиши қийин» деди. Аммо жуда тўғри гапни айтди. Мен бу гапга минг фойиз қўшиламан.

— Бошқа ҳеч нима демадими?

— Йўқ, кейин эсга ҳам олмадик. Гапирган билан фойдаси борми? Биз гапираверамиз, улар оталарининг паноҳида айшларини суриб юраверишади.

— Анҳор бўйидаги жанжални кўрмадингизми?

— Йўқ. Агар мабодо уларни ушласангиз, ҳаммасини отинг, хўпми? Халқнинг олдига олиб чиқиб отинг, аяманг сира.

Майор чўнтагидан бир даста сурат чиқариб Собитга кўрсатди. У Келдиёров ва унинг шерикларини адашмай, бир зумда ажратиб берди. Шундан сўнг Солиев унга миннатдорчилик билдириб, ўрнидан турди. Собит ичкари кириб жойига ўтирди. Мақсуд Солиев эса пештахтага яқинлашди.

— Анави йигитни танийсизми, мендан пиво олган эди? — деди пивохона хўжайинига Талъатни кўрсатиб.

— Бу йигит йўқ эди у куни. Кейин пайдо бўлди. Қамоқдан яқинда қутулибди.

— Менга чақириб беринг уни, — майор шундай деб изига қайтди.

Талъат ҳаялламади.

— Нима янгилик бор?

— Мен билан бирга ўтирган йигитларни гумон қилмаса ҳам бўлади. Киссавур улар. Кундузи автобусда ишлашаркан. Ўша куни бу ерга келишмаган. Тўйда бўлишган. Қамариддин деган бир йигитдан шубҳам бор. Ўтириб чиққан. Атрофида болалар бор. Менга қайишмади. Девнинг кучи бор унда. Каратэга уста. Менам бас келолмадим. Бир ўспиринни анҳор ёқасида икки марта кўрдим. Сал ғалатироқ. Қамариддин уни таниркан. Бугун етаклаб олиб кетди. Шу тўдани ўрганиш керак.

— Нима учун?

— Бу ерга жим келиб, жим кетаркан.

— Фақат шунинг учунми? — майор шундай деб Талъатга синовчан тикилди.

— Шугина эмас. Қамариддин мен билан яккама якка чиқди. Мендай безори нима учундир унга маъқул келмади.

— Эски ҳунарини йиғиштирган бўлса-чи?

— Унда атрофига нима учун бекорчи болаларни тўплаб юрибди? Эски ҳунарини йиғиштирганига мен ишонмайман. Менга рўйхўш бермагани — эҳтиёткорлигидан. Нимадан эҳтиёт бўляпти? Нимадан чўчияпти? Киссавурлар ноз қилиб ўтиришмади. Мени сафларига қўшишга тайёр.

— Сабабини биласизми?

— Сабаби... — Талъат буни ўйлаб кўрмаган эди. Шу учун хаёлга толди. — Сабаби... Қамариддин каттароқ иш қилса керак. Ёки... у ишбоши эмас, ижрочи бўлиши мумкин.

— Атрофидаги болалар-чи?

— Уларми?.. Билмадим, ўйлаб кўрмадим.

— Умуман фикрларингизда жон бор. Киссавурлар ўтириб чиққанми?

— Йўқ.

— Қамариддиннинг эҳтиёткорлиги сабаби аввало шу: у қамоқда хўп пишиб олган. Киссавурларингиз ҳали ғўр. Қамариддин чиндан ҳам сирли одамга ўхшайди. Атрофидаги болалар билан қизиқиб кўриш керак. Биронтасининг исмини билолдингизми?

— Киссавурлар биттасини танишар экан. Салим деган бола, боксчи эмиш.

— Ёши нечада?

— Сўрамабман. Бўлса ўн беш-ўн олтидадир?

— Гуруҳлар орасида рақобат сезилмадими?

— Йўқ, ҳаммаси ўзича тинч.

— Шу ҳол сизга қизиқ туюлмадими?

— Ҳаммаси ўз иши билан овора, бир-бирига халақит бермагандан кейин...

— Калта ўйлаяпсиз. Катта балиқ борлигини билишади булар. Катта балиқ катта ишларни мўлжал қилган. Шу сабабли кичкиналар тинчдир. Каттаси ким, шуни аниқлаш керак.

— Миртиллаевни шу «катта балиқ» ўлдирган дейсизми?

— Йўқ, улар бунақа оддий одамларга тегишмайди. Лекин қотиллар шулар атрофидагилар бўлиши мумкин. Агар бу ерда зерикмаган бўлсангиз яна уч-тўрт кун юра туринг. Энди чиқиб, пивохона хўжайинини айтиб юборинг.

Талъат чиққач, зум ўтмай Мамаюсупов пайдо бўлди.

— Бу безбетни қаердан топдингиз, худобезори-ку, у? —деди Солиев ўрнидан туриб.

— Э, сиз сўраманг, мен айтмай. Ишга оласан, деб, томоғимдан ғип бўғиб олди. Ўғлимни уриб учириб юборди. Энди ўзингиз бир илож қилиб...

— Мен аралашсам бўлмайди, сизни бир бало қилиб кетиши ҳеч гапмас. Ўн кун чидайсиз. Ўн кун ичида ишга кириши керак. Кирмаса, унда биз аралашамиз. Сиздан илтимос, одамлар оғзидан у-бу эшитсангиз, менга етказинг.

— Бажонидил, акахон. Сизга лозим бўлса, вужудимиз қулоқ-да.

— Аммо... ўзингиз гуллаб юрманг. Биласиз-а, бунинг оқибатини?

— Ўлибмизми акахон, биз ҳам ўқиган одаммиз...

Майор Солиев пивохона залидан ўта туриб ўтирганларга бир назар ташлаб олди. «Бу ерга тўпланганлар дунёнинг бирдан бир юпанчи — шу шиша ичида деб билишади. Ана шу юпанч эртами-индин ўзларини гўрга тиқишини англасалар ҳам хира пашшадай ёпишаверишади, — деб ўйлади майор ташқарига чиққач. — Ҳа, худди хира пашшанинг ўзи булар. Йўқ, пашшадан ҳам нодонроқ. Пашша-ку, оқибатини билмай ёпишади ширага. Булар-чи? Шу ерда жанжал чиқиб, ола-тасир бўлиб кетиши учун биргина нобоп гап кифоя. Ҳозир уларга «биродарлар, бу ишингиз чакки, уйларингга боринглар, болаларингиз билан яйраб ўтиринглар», десам, «милициянинг шундан бошқа иши йўқми?» дейишади. Жанжал чиққудай бўлса, «дод, милиция қаёққа қараяпти!» деб фарёд уришади. Булар-ку, энди ўнгланмас. Болалар-чи? Ота бу аҳволда бориб боласининг ўқиши-ю, қаерда юргани билан қизиқармиди? Отасининг аҳволини билган бола ундан ҳайиқармикин? Боланинг ёмон йўлга кириши учун яна қандай шароит керак? Болалар хилма-хил, оилалар хилма-хил, жиноятлар хилма-хил... Оиласи ночор бўлганидан бола жиноятга кирди, десанг, ўзига тўқ оилаларнинг болалари «мана мен» деб турибди. Амалдорнинг боласи десанг, ишчининг боласи... Булар барчаси кўринмас ип билан боғланган. Буларни ўтмиш сарқити, десанг, орада неча авлод ўзгарди. Қолаверса, бугунги жиноятлар ўтмиш замонлар даврида бўлмаган. ўарбнинг таъсири десанг, ғарбнинг яхши ишлари ҳам бор. Яхши ишлари туриб, ёмонларини қабул қилишга сабаб нима? Жиноятчилар, айниқса болалар, адолатга ишонишмайди. Инсонга ишонч беришдан кўра, ундаги ишончни қувиб чиқариш осон. Ишончни қувиб чиқаришга ғарбдагилар ҳисса қўшаётган экан, хўш, ишончни ким беради? Ота-онами, мактабми, атрофдаги одамларми?...»

Мақсуд Солиев шуларни хаёлидан ўтказиб, бир зум тўхтади-да, орқасига, пивохонага ўгирилди. «Ўша ерда кайф қилиб ўтирганлар кимга ишонч бериши мумкин?»

Майор, кеч бўлиб қолганига қарамай, ишхонасига қайтди. Талъат билан бўлган суҳбатдан сўнг унинг рўпарасида яна бир йўл очилган эди. У ҳозирча Келдиёровларга нисбатан бўлган гумондан воз кечганича йўқ. Майор Талъатнинг гапларини фикр тарозисига солиб кўриб «ҳар икки йўл бир нуқтада учрашмасмикин?» деган хаёлга борди. Агар Қамариддин ижрочигина бўлса, у ё пихи қайрилган жиноятчилар хизматида (балки тенг шерикдир?) ёки бойваччалар хизматида. Ҳарҳолда унинг ҳаёти билан қизиқиб кўриш зарар қилмайди. Солиев шу қарорга келди.

Уйига қайтиб, хотинининг нохуш кайфиятда ўтирганини кўрди-ю, аввалига унча эътибор бермади. Лекин унинг гапларини эшитгач, ҳайратдан донг қотди:

— Уйни топширишимиз керак эмиш. Бизга шаҳарнинг нариги четидан икки хонали уй ажратишибди. Ижроқўмдан келиб, тайинлаб кетишди.

— Битта ўғлимиз оиласи билан чет элда, иккинчиси чўлда, келаси йил қайтади, демадингми?

— Э, айтдим, гапга тушунармиди улар...

Мақсуд Солиев шу шаҳарлик бўлишига қарамай, укалари уйланадиган бўлиб, уй торлик қилиб қолгач, ижара жой топиб чиқиб кетган, ўн бир йил ижарама-ижара дарбадар кезган эди. Мана шу кенг-мўл уйни олишгач, қанчалар хурсанд бўлишганди... Энди уни топшириш?.. Бир ўғли ўқишни тамомлагач, йўлланма билан чўлга кетди. Бири ҳорижда. Иккови олдинма-кейин қайтади.

Солиев бир уюм тикан устида ётгандай туни билан азобланиб чиқди. Эрталаб кечаги режаси бўйича болалар инспекциясига эмас, район ижроия комитетига қараб юрди. Ижроқўм раиси уни танир эди, илиқ кутиб олди. Майорнинг гапларини диққат билан эшитди-да, хаёлга толди. «Раиснинг хабари йўқ экан», деб ўйлади Солиев. Аммо раис тилга кириши билан бу ўйнинг пуч экани маълум бўлди.

— Иложимиз қанча, — деди раис елка қисиб, — шундай кўрсатма бор. Икки мингинчи йилгача ҳаммани уй-жой билан таъминлашимиз керак.

Майор бу гапдан ҳанг-манг бўлди. Асаблари қақшаб, бармоғи титрай бошлади.

— Яхши, — деди у ғазабини ютиб, — бизни кўчирдингиз. Келаси йили икки ўғлим оиласи билан қайтса, уларни қаерга жойлаштирасиз?

— Бу ўшанда ҳал бўладиган масала.

— Сиз менга бир нарсани очиқ айтинг: бу кимнинг буйруғи?

— Кечирасиз, ўртоқ майор, мен сизга ҳисоб бермайман. Мен билан бу оҳангда гаплашманг.

— Бу буйруқнинг қаердан чиққанини айтмасангиз ҳам биламан. Сиз эса ўша ҳомийларингизни огоҳлантириб қўйинг: чучварани ҳом санашибди. Мен уйни бўшатмайман. Келдиёровнинг ишини ҳам тўхтатмайман. Вақти етганда бу қилиғингиз учун сиз ҳам жавоб берасиз.

Раиснинг гапи оғзида қолди. Солиев шарт туриб чиқиб кетди. «Қачонгача бундай ижрочилар бировларнинг тақдирини ҳал қилиб ўтиради. Мен-ку ҳаққимни қўймайман. Ҳақ-ҳуқуқини танимайдиган бўш-баёв одамлар-чи? Шу тўраларнинг гапини гап деб билиб сарғайиб юраверадиларми? Уни инсон деб шу лавозимга халқ сайлагандан кейин халққа қайишмай, «буйруқ бажараман», деб ўтиришини қара...» Майор ичида бир сўкиниб олди.

Болалар инспекциясида Муллақўзиев уни кутиб ўтирган эди. Майор ҳали ғазаб отидан тушмаган, шу сабабли лейтенант билан совуқроқ омонлашди. Муллақўзиев буни бошқача тушуниб, ўзини оқлай кетди:

— Кеча оқшом йўқлаган экансиз, уйма-уй юрувдим. Ота-оналар билан гаплашадиган гаплар бор эди...

Майор унинг гапларини эшитмагандай, муддаога кўчди:

— Қамариддин Зайниддинов деган рецидивист1ни танийсизми? Кўзи ғилай, гавдали. Атрофига болаларни тўпларкан?

— Танийман. Уларнинг «штаби» кинотеатр олдида.

— Болалар рўйхатда турадими?

— Шунақалари ҳам бор, — лейтенант столи тортмасидан бир тўплам қоғоз чиқариб, варақлади. — Сизга берган рўйхатимда бор эди, улар.

— Салим деган бола-чи? Боксчи экан. Рўйхатингиздан топмадим.

— Салим-ми? — лейтенант ўйланди, — бор шунақа бола. Лекин у менинг рўйхатимда турмайди, анҳорнинг нариги бетида яшайди. Бу Эралиевнинг участкаси.

- Эралиев шу ердами. Чақиринг.

Лейтенант дам ўтмай бесўнақай семирган Эралиевни бошлаб кирди.

— Рўйхатда туради шунақа бола, — деди Эралиев, — саккизинчини битириб, ҳунар-техника билим юртига борган. Борган-у, ўқимай кетиб қолган. Ишга кирмади. Бекор санқиб юрибди. Оиласи нобопроқ.

— Нобопроқ деганингиз нима? Ота-онаси ичарканми?

— Йўқ, кўп болали оила.

— Кўп болали оила нобоп бўларканми, қаердан топасизлар бундай гапларни. Муллақўзиев, қани юринг мен билан.

Салимнинг онаси уларни кўрди-ю, шошиб қолди.

— Вой худо, келинглар, тинчликми? — деди хавотирланиб. Ҳовлига икки милиционернинг кириб келиши уни ташвишга солган эди.

— Тинчлик опа, хавотирланманг. Йўлимиз шу ёққа тушган эди, бир хабар олайлик, дедик. Туриш-турмушингиз қалай?

— Йў-ўқ, милиса туриш-турмушдан хабар олмайди, ўғлимга бир нима бўлдими?

2-Бир неча марта қамалган одам, ашаддий жиноятчи

— Салимбекками? — майор унга тикилди. — Ундан нимага хавотирдасиз? Ўзи қани?

— Ўзими?.. Ўзи мусобақага кетган.

— Қачон?

— Бир хафтача бўлди шекилли?

— Қаёққа кетди, аниқ билмайсизми?

— Шуни сўрамабман... Ўзини кўрмадим, ўртоғи айтиб кетди.

— Ўртоғи ким?

— Асрор деган бола, бирга ўқишади. Жуда эсли бола у.

— Салимбек мусобақага тез-тез бориб турадими?

— Ҳа... ойда бир боради шекилли?

— Салимбек «мусобақа»дан қайтса ишга кириши керак.

— Биламан, лекин ҳеч ким ишга олмаяпти. Бошқа бир милиса йигит уч-тўрт келди, шунақа деб. Бола бечорани ишга олишмаса нима қилайлик. Ўзим икки марта бирга бордим. Бола боп иш йўқ дейишади. Жувонмарглар ҳаммаси пулга ўрганган. Пул берсанг ишга олади. Мен болаларимга озиқ-овқат олайми, порага пул берайми?

Майорга аёлнинг ҳасрат дафтари керак эмас эди, шу сабабли гапни бурди:

— Салимбекнинг Асрордан бошқа ўртоқлари ҳам борми?

— Бордир, аммо уларни танимайман. Келишмайди. Асрор келиб туради.

— Асрор охирги марта қачон келди?

— Кеча... йўқ, аввалги куни шекилли?

— Нима деди?

— Китоби бор экан, олиб кетди.

— Ўртоғим қайтдими, деб сўрамадими?

— Сўради шекилли... Во-ей бу калламда гап турмайдиган бўлиб қолган.

— Салимбекнинг Қамариддин деган таниши ҳеч келганми? Кўзи ғилай, баланд бўйли, ёши ҳам каттароқ.

— Йўқ келмаган... Нимага суриштиряпсиз? Бир нима бўлганми ўзи, айтаверинг,

ўзи анчадан бери юрагим ғаш.

— Ҳеч нима бўлгани йўқ. Биз... Салимбекнинг ишга кирган-кирмагани билан қизиқиб келувдик.

— Киради, келиши билан ўзим орқасидан тушаман.

Улар хайрлашиб, йўлни мактаб сари бурдилар. Мактаб директори лейтенант Муллақўзиевни яхши танирди, шу сабабли уларни кўриб унча ажабланмади.

— Ҳавоскор безориларимиздан хабар олгани келдингизми? — деди у ҳазилнамо оҳангда. — Мактабимиз ҳозир анча тинч. Ҳамма имтиҳонга тайёргарлик билан овора.

— Салим Бекжонов деган ўқувчингиз ёдингиздами? Ўтган йили саккизинчини битирган экан.

— Ёдимда, ҳунар билим юртига юборувдик. Кетиб қолибди. Қишда сизлардан бир йигит келувди, мактабга қайтариб олинг, деб.

— Олмадингизми?

— Мактаб карвонсарой эмас-ку? Ўқишнинг ярми ўтган бўлса. Бола ёмон ўқигани учун билим юртига юборганмиз. Кейин... у бошқа микрорайонда яшайди... Қадам олиши ҳам сал чакки деб эшитганман. Ўзимизникилар етиб ортади.

— У бекорчиликдан безиб, жиноятчиларга қўшилиб кетган бўлса-чи?

— Унда билмадим, — директор зўрма-зўраки жилмайди, — бу энди сизларнинг ишингиз.

Бу гапни эшитиб майорнинг жаҳли чиқди.

— Фалсафангиз дуруст экан, — деди у, норозилигини яширмай, — ёмон ўқиса, қадам олиши чакки бўлса кўчага чиқариб қўясиз-у, ташвишдан қутуласиз. Милиция бекор қолмасин, дейсиз-да, а?

— Кечирасиз, мен педсовет чақириб қўйган эдим, — деди директор майорнинг ғазабига чап бериб.

— Салим мактабда бокс билан шуғулланармиди? — деди майор унинг баҳонасига эътибор бермай.

— Бундан хабарим йўқ, жисмоний тарбия ўқитувчисидан сўраймиз буни. Чақирайми?

— Йўқ керакмас. Бизга ҳозир Асрор деган ўқувчингиз керак. Тўққизинчи синфдан.

— Асрор? У сизга нима учун зарур бўлиб қолди? Энг аълочи ўқувчиларимиздан у. Яхши оиланинг фарзанди.

— Биз ундан бир-икки нарсани сўраб олмоқчимиз.

Директор ўрнидан туриб, қабулхонадаги котибага Асрорни топиб келишни буюрди. Кейин жойига қайтиб, бола тарбиясининг машаққатлари ҳақида гап бошлади:

— Ҳозирга болалар жиловни туттирмайдиган бўлиб қолган. Мана, энг яхшилардан, деб юрганимиз Асрор ҳам қилиқ чиқарибди. У саккизинчидаги бир қиз билан юрар экан. Менга айтишса ишонмабман. Қизни тартибга чақирдик.

— Нима учун қизни?

— Қизнинг оиласи чатоқ. Онаси йўқ. Отаси мажруҳ. Бу қиз болалар уйида бузилган. Боланинг бошини айлантирган. Асрор мияли бола. Математиклар мактабида ўқиган. Биров йўлдан урмаса тўғри юриб, тўғри туради.

Хонага тўладан келган аёл кириб, директорнинг гапи узилди.

— Мана, тўққиз «А»нинг синф раҳбари Сожида опа. Бу ўртоқлар Асрор билан суҳбатлашмоқчи эканлар.

— Асрор... йўқ. Кетиб қолибди, — деди синф раҳбари, айбдор одамнинг овози билан.

— Кетиб қолибди? — директор қошларини чимирди. — Қаёққа кетади? Нимага кетади?

— Мазаси йўқ шекилли... Шу ҳафта икки-уч марта кетиб қолди. Сал ғалатироқ юриш-туриши.

— Қачондан бери шунақа? — деб сўради майор, уларнинг савол-жавобига аралашиб.

— Тушунмадим? — деди синф раҳбари, унга қараб.

— Юриш-туриши қачондан бери ғалатироқ. Ўнинчи майдан буёғини эсланг, — деди майор, саволга аниқлик киритиб.

— Ўн биринчида... география ўқитувчиси билан уришиб қолган, кейин адабиёт дарсида иншо ёзмай чиқиб кетган. Шундан бери бир келиб-бир келмай юрибди.

— Буни нимага мен билмайман? — деди директор овозини баландлатиб, — у билан гаплашдингизми?

— Йўқ ҳали...

— Боринг, сизга рухсат. Педсоветдан кейин гаплашамиз.

— Кечирасиз, яна бир саволим бор, — деди майор синф раҳбарини тўхтатиб. — География ўқитувчиси билан нимага уришган, билмайсизми?

— Назаримда анави қиз туфайли. Қизни тартибга чақиришган экан. Қиз Асрорга айтган бўлса, аччиқлангандир?

— Асрор илгари ҳам шунақа интизомсизлик қилиб турармиди?

— Йўқ.

— Ана шунинг учун ҳам дарров чора кўриш керак эди, — деди директор.

Майор унинг аралашувига эътибор бермай синф раҳбари билан суҳбатни давом эттирди:

— Асрор безори болалар билан юрармиди?

— Мен кўрмаганман... Лекин қизлар кўришган экан, кинохона олдида ўтираркан.

— Буни нима учун менга айтмагансиз? — деди директор овозини баландлатиб.

— Ўзим кўрмаганимдан кейин...

Майор синф раҳбарини ноқулай аҳволга тушиб қолаётганини сезиб, унга рухсат берди. Кейин директор билан хайрлашиб, изларига қайтишди.

— Муллақўзиев, энди сиздан илтимос, болалар спорт мактаблари билан боғланинг. Салимнинг қаерда шуғулланишини аниқланг. Шу кунларда қаерларда мусобақа бўлаётгани билан ҳам қизиқиб кўринг.

Кинохона олдидан ўтаётиб икковлари ҳам беихтиёр дарахт соясидаги ўриндиқларга қарашди. Оёқларини чалиштириб, сигарет тутатаётган болалар уларни кўриб, сигаретларини яширишди. Муллақўзиев тўхтаб: «Шамиль» деб чақирди. Болалардан бири яқин келиб, салом ҳам бермасдан «нима ишингиз бор» дегандай тикилди.

— Сенга айтувдим-ку?

Лейтенантнинт гапи охирига етмай, бола «кино ҳам кўриб бўлмайдими?» деб тўнғиллади.

— Бошқа ошналаринг қани? — деди Муллақўзиев пўписа билан.

— Қанақа ошналарим?

— Салим қани, Асрор қани?

— Мин уларга қаравулми?

— Кеча Салимга қўшилиб кимни урдинг?

— Минми? Қанақасига?.. Ҳич кимни урганим йўқ. Салим йўқ-ку?

— Қаерда у?

— Билмайман. Қаравулми мин унга?

— Кеча бўлмаса ўтган куни ургансан. Ўзингнинг кучинг етмайди-да, а? Салим боксчи, нима бўлса шунга югурасан. Сенларнинг дастингдан у қамалиб кетади.

— Хич кимни урганимиз йўқ. Сизни алдашган.

— Хўп, ҳали текшириб кўрамиз. Бу ерда ўтирмаларинг, бор. — Бола ўзича тўнғиллаб нари кетди. Муллақўзиев майорга қаради: — гумонингизда жон бор, ўртоқ майор. Бу болалар ниманидир яшираётганга ўхшайди.

— Агар буларда сир бўлса, талвасага тушишади. У ҳолда биз ишни тезлатишимиз керак.

Солиев Муллақўзиев билан хайрлашиб, ишхонасига йўл олди. У бугун Келдиёров билан яна бир гаплашмоқчи эди. Хонада Эшбоев ёлғиз ўзи ниманидир ёзиб ўтирарди.

— Келдингизми? — деди у бошини кўтариб, — сизни излаб юришибди.

— Ким?

— Шаҳар бошқармасидан подполковник Зиганшин.

— Оббо... Келдиёровни чақириб гаплашмоқчийдим. Сен сўроқ қилмадингми?

— Келдиёровни олиб кетишди.

— Қаёққа? — майор ажабланиб, Эшбоевга тикилиб қолди.

— Шаҳар қамоқхонасига. Шаҳар прокуратурасидан топшириқ бўлибди. Ишга наша аралашгани учун ўзлари тергов олиб боришармиш. Хуллас, у ердагиларда бизга ишонч қолмаганга ўхшайди. Ё Келдиёровга бас келолмайди булар, дейишганми...

Солиев шаҳар прокуратурасига телефон қилиб, уларнинг тушунтиришларини диққат билан эшитди-да, енгил тортди.

— Тўғри қилишибди, — деди у, гўшакни жойига қўйиб.

— Балки тўғридир, лекин шахсан менинг иззат-нафсимга тегди бу, — деди Эшбоев. — Жиноятни очамиз, жиноятчини тутамизу яна бизга ишонишмайди. Нима мен нашани қаердан олишганини аниқлаб беролмасмидим? Ё сиз уларнинг қотиллигини бўйинларига қўйиб беролмасмидингиз?

— Гап бунда эмас. Келдиёров ҳамма фронт бўйлаб ҳужумга ўтган. Мақсад — унинг пайини қирқиш. Сен хафа бўлаверма.

— Менга нима, мен ишни тергов бўлимига оширдим ҳисоб. Сизнинг ишингиз чала, энди ўша ёққа бориб сўроқ қилаверасиз.

— Яна шошибсан-да, билардинг-ку?

— Буйруқни бажардим, — Эшбоев шундай деб, тескари қараб эснади.

— Ана энди ўзингга келдинг. Яна бу кишининг иззат-нафслари бор эмиш. Сенга қўйиб юбор, деб қаттиқроқ буюришса — қўйиб юборардинг.

— Йўқ, қўйиб юбориш бошқа масала. Мен вазифамни бажардим. Ўғрилар топилди, ушланди, бўйнига қўйилди. Яна нима қилишим керак?

— Эшбоев! Билиб қўй: бунақада узоққа боролмайсан.

— Сиз-чи?

— Мени қўявер, сен ёшсан, ўзингни ўйла.

Солиев шундай деб хонадан чиқди.

Шаҳар бошқармасининг бўлимидан Зиганшин йўқлаган бўлса, демак, кимдандир шикоят тушган. Кимдан бўлиши мумкин? Солиев бора-боргунча шуни ўйлади. Зиганшин, тилла ҳалли кўзойнак таққан, тепакал киши уни туриб қаршилади.

— Чақиртирмасам ўзингча келай ҳам демайсан, — деди у майорга қўл узатиб.

— Иш кўп, биласан-ку.

— Биламан. Яна илоннинг думини босибсан. Пенсияга чиқмоқчи эдинг-ку, яна нима ғалваларга аралашиб юрибсан?

— Ҳаммасини билсанг керак. Бекорга чақирмагандирсан?

— Биламан... биламан... фақат иккита машина олиб сотганингни билмас эканман. Шу ростми?

— Иккита олганим рост. Биттасини тўққиз йил миндим, жиянимга арзон-гаровга сотдим. Кейингиси уйимда турибди.

— Одам уриб юборганинг-чи?

— Архив кўтарилганга ўхшайди-ку? Одам урганим ҳам рост. Лекин айб ўша одамда бўлган, у маст экан. Менда айб йўқ эди, ҳаммаси тасдиқланган.

— Кеча қўлга олинган болани урибсан?

— Тушунарли... Демак, Келдиёровнинг қўли бу ерга ҳам етибди-да? Нима қилай, пенсияга чиқиб кетайми, шуни айтгани чақирдингми?

— Ўпкангни босиб, ишингни қилавер, деб чақирдим. Ўзингга маҳкам бўл, деб тайинлагани чақирдим. Олифтагарчилигини қаранг-а, бунинг!

— Эрталаб райижроқўмга кирувдим. Уйни бўшатишни талаб қилишяпти. Шаҳарнинг шимолидан икки хонали уй беришибди.

— Ана кўрдингми, сен қуршовга олингансан. Ўйлаб ишла. Тушкунликка берилма. Бошқа гапим йўқ. Биз шикоятни текширишга мажбурмиз. Сен бизга эътибор бермай, ишингни қилавер.

«Сен ишингни қилавер...» Майор Солиев Зиганшин билан хайрлашиб чиқиб унинг сўзларини эслади: «сен ишингни қилавер...» Айтишга осон. Биров оёқларинг остига тузоқлар қўйиб ташласа-ю, сен ҳеч нимани кўрмагандай кўзингни чирт юмиб ишингни қилаверсанг...

Келдиёровнинг найранглари Солиев учун янгилик эмас. Бунақа ишларни аввал кўриб дардини ичига ютарди. «Ҳа, буларнинг бўлгани шу-да», дерди. Ўшанда Зиганшин айтгандай «ишини қилаверарди». Энди-чи? Замон ўзгарди, гаплар ўзгарди, нима, одамлар ўша-ўша найрангбоз бўлиб қолаверадими? Келдиёровларнинг давру даврони ўтмадими, фақат либосини ўзгартирдими? Солиев мана шу жумбоқнинг тагига етмай ҳайрон.

Солиев «ишини қилавериш» мақсадида Қамариддинникига қараб юрди. У хаёлларига банди бўлиб, дам ғазабланиб, дам ўзига-ўзи тасалли бериб борарди. Келдиёровлар уни синдиришни мўлжаллашган. Бошқа одам балки йўлидан қайтарди. Лекин Солиевнинг қайтиши сира мумкин эмас. Агар қайтса, иродаси дарз кетса, у одам эмас, қўрқоқ бир маҳлуққа айланади. Йўқ, у уйи учун курашмайди, ёғилган туҳматдан куймайди. Барча найранглар учун у бира тўла жавоб беради — Солиевнинг аҳди шу. Солиев Келдиёровнинг мақсадини яхши тушуниб турибди. Келдиёров ундан шунчаки ўч олмоқчи эмас. Йўқ, бу тоифаларнинг нияти ўзгачароқ бўлади. Улар эртани ўйлашади. Эртами-индин Келдиёров тоифа одамнинг эркаси бир қилиқ чиқарса терговчига ёки инспекторга «яхшиликча ишни ёпди-ёпди қил, бўлмаса майор Солиевдай хор бўласан», дейиш учун ҳам керак бу найранглар. Солиев чекинишни қанчалик истамаётган бўлса, улар ҳам оддий бир нозирдан зарба еб индамай кетишни ўзлари учун шунчалик ор деб биляптилар. Ана шу орият уларнинг энг сўнгги пасткашликларга бошлаяпти. Мақсуд Солиев шуларни ўйлаб ўзича мамнун бўлди: «Шунча казо-казонинг тинчини бузган бўлсам чакки одам эмас эканманда, а!»

Майор тўғридан-тўғри Қамариддиннинг хонадонига кирмай, унинг рўпарасидаги эшик қўнғироғини босди. Узун бўйли, қадди букик қария эшикни қия очди. Солиев ўзини танитгач, ичкари таклиф қилди. Ўнг қўлдаги кичикроқ хонага хонтахта қўйилиб, кўрпачалар тўшалган эди. Солиев ўтириши билан уй бекаси — кўринишдан ҳали ғайратини йўқотмаган кампир кириб келди. У саломга алик олиб, майорга бошдан оёқ синчиклаб разм солди.

— Мен қўшнингиз Қамариддин ҳақида бир-икки оғиз гап сўрасам деб кирдим, — деди Солиев, кампирнинг қарашидан ғаши келиб.

— Нима бало, яна одам ўлдирибдими? — деди кампир, унга янада қаттиқ тикилиб.

— Нимага унақа деб ўйлаяпсиз?

— Нимага бўларди, одам ўлдириб ўтириб чиққанми? Энди милиса бекорга суриштирмас?

— Бекорга ҳам суриштиради. У жазосини олди. Энди тўғри йўлга тушдими, йўқми, маълум вақтга қадар кузатиб юрамиз. Йигитнинг юриш-туриши қанақа?

— Юриш-туриши бинойи. Тинчгина юради. Саломни канда қилмайди, — деди чол.

— Сиз тек туринг, билмасангиз мана мен гапирай: ҳеч кимга салом бермайди. Гунг-соқовнинг ўзи. Тумтайиб юради. Кўзига қараган одам қўрқади. Қамоқдан чиққанидан кейин бир ой қўрқиб, ухламай ётдим.

Солиев қараса, кампир тинмайдиган. Чолнинг жим бўлиб қолишидан маълумки, бу оилада биринчи сўз ҳуқуқи шу кампирга берилган. Солиев вақтни беҳуда сарф қилмаслик учун савол бериб, кампирнинг гапини узди:

— Қамариддин ичиб юрмайдими, муштлашмайдими?

— Йўқ, — кампир гапи узилганидан норози бўлиб, бош чайқади-да, давом этди: — тинч юришга тинч юради. Лекин ўшанда қамоқдан қайтганда...

Майор бари бир унинг бекорчи гапига берилишига йўл қўймади:

— Уйларига одам кўп келадими?

— Унақа кўп келмайди.

— Охирги марта ким келди?

— Эсимда йўқ.

— Бир болани кўрдик-ку, — деди чол, — ўзинг мақтадинг, «одобли бола экан, қироат билан салом берди», дединг-ку?

— Сиз тек туринг. Деган бўлсам дегандирман. Эсимга тушди. Бир бола келиб кетди.

— Илгари ҳам келармиди бу бола?

— Йўқ, бир мартагина кўрдик.

— Каттароқ йигитлар келмайдими?

— Йўқ. Қамоқдалигида онасиникига бир одам келиб юрарди. Энди қўрқиб келмаётибди шекилли?

— Балки келаётгандир. Сен қаёқдан биласан, пойлаб ўтирибсанми? —деди чол.

— Сиз тек туринг, келса мен биламан.

— Қамариддинни охирги марта қачон кўрдингиз?

— Икки кунми ё уч кун бўлди-ёв. Она-бола уришиб қолганми, онаси остонада «уволига қоласан!» деб бақирди. Боласи «ишинг бўлмасин!» деб кетворди. Мени кўриб салом ҳам бермади. Одоб деган нарса бегона-да, унга.

— Раҳмат, сизга, — майор шундай деб ўрнидан турди. Чол-кампир билан хайрлашиб, тўғри Қамариддиннинг уйига қараб юрди. Кампир то майор ичкари киргунча эшикни қия очиб қараб турди.

Қамариддиннинг онаси эшикни очди-ю, рўпарасида милиция майорини кўриб, саросимага тушди.

— Насибахон Камоловамисиз, салом, — майор шундай деб унга ҳужжатини кўрсатди. — Мумкин бўлса, ичкари кирсам.

Аёл уни рўпарадаги катта хонага бошлаб юмшоқ ўриндиқдан жой кўрсатди. Ўзи эса майорнинг рўпарасига ўтириб, қўлига сигарет олди.

— Марҳамат, чекинг, — деди у илтифот кўрсатиб.

— Раҳмат, чекмайман, — деди майор унинг киприклари узун кўзига тикилиб.

Насиба эркакларнинг бундай тикилишига кўникиб қолганмиди, ҳарҳолда сир бой бермай сигарет тутатди.

— Тинчликми? — деди у тутун пуфлаб.

— Тинчлик, Қамариддиндан хабар олиб кетай дедим. Юриш-туриши қанақа, ишга кирганми?

Аёл унга савол назари билан қараб қолди.

— Қамоқдан қайтиши билан ишга кирган. Сизларга ҳисоб бериб турарди-ку. Ё янгимисиз?

— Бўлимда янгиман.

— Сизларни ҳам алғов-далғов қилиб ўзгартириб ётишибдими? Ҳозир ҳаммаёқда шу аҳвол. Бу ёғи нима бўларкин?..

— Қаерда ишлаяпти?

— «Ором» ресторанида швейцар. Юриш-туриши яхши. Маст-аласт, дарбадар юрмайди.

— Муносабатинглар қанақа?

— Яхши.

— Уч кун олдин «уволига қоласан» дебсиз, кимни назарда тутдингиз. Ўшанда орларингизда нима гап ўтди?

— Она-бола орасида нима гап ўтарди. Уни болалигида детдомга берганман. Шуни эслайверади, кечирмайди. Ўлгунимча ҳам кечирмаса керак... Уволига қоласан... деб мен ўзимни айтдим. Бунақа сиқаверса, адойи тамом бўламан-ку...

— Шу аҳволда қандай бирга турасизлар?

— Нима қилай, ҳайдаб чиқаролмасам?..

«Ҳайдаб чиқаролмасам»... — ўйлади майор, — демак, ундан безиган, қувулса жон-жон дейди. Лекин сир бой бергиси келмаяпти ё қўрқармикин ўғлидан?»

— Ҳозир у қаерда?

— Ишда.

— Ҳар куни ишлайдими?

— Тайини йўқ. Ўзи уч кунда бир чиқиши керак. Бирови касал, бировининг тўйи бор. Швейцарларнинг бири ноғорачи, бошқаси сурнайчи, шуларнинг ўрнига ишлайди.

— Ўнинчи майда кечқурун қаёқда эди, уйга нечада қайтди, эслайсизми?

— Нимани?.. Ҳа, хаёлим қурсин, Қамариддин ўша куни ишда эди, бирдан ошганда келди.

«Талъатнинг гапига қараганда, уни ўнинчи майда пивохонада кўришган. Қизиқ...» деб ўйлади майор.

— Уйга ўртоқлари келиб турадими?

— Йўқ, унинг ўртоқлари бўлмаса керак. Бу ерга ҳеч ким келмайди.

— Қамариддин келса, манави чақириқ қоғозини бериб қўйсангиз. Эртага соат ўн бирда кутаман уни.

Майор ўрнидан тураётиб ҳозиргина овоз чиққан хона томон қараб қўйди. Аёл буни сезди. Чаққон ўрнидан турди-да, меҳмонга жилмайиш ҳадя этиб, уни кузатди.

Солиев кўчага чиқиб автомат телефон уйчасига кирди. Хотини уни кунбўйи кутиб қон бўлгандир. Майор янглишмаган эди. Хотини йиғлаб юборай, деб гапирди:

— Бордингизми каттасига, югурдаклари яна келишди.

— Бордим, хавотир олма, — деди майор хотинини юпатиб. — Ҳаммаси тўғри бўлади. Мен бир соатдан кейин бораман.

Хотини индамай гўшакни жойига қўйди. Шундан сўнг Солиев болалар инспекциясига қўнғироқ қилди. Муллақўзиев уни кутиб ўтирган экан, майорнинг овозини эшитибоқ ҳисобот берди:

— Аниқладим, ўртоқ майор, Салим бокс билан мунтазам шуғулланмаган. Икки йил олдин «Динамо»нинг бокс мактабига қатнаган. Беш-олти ой машқ қилган. Кейин болалар билан муштлашгани учун четлатилган. Ҳозир ҳеч қаерда бу ёшдаги болаларнинг мусобақаси йўқ.

— Баракалла, лейтенант. Энди гап бундай: эртага соат саккизу ўттизда мактаб олдида учрашамиз. Асрорни топиб, гаплашиш керак.

Майор гўшакни жойига илиб, йўловчи машина тўхтатди-да, «Ором» ресторанига жўнади. Ресторан эшигига одатдагидай «Жой йўқ» деган лавҳа осилган, остонада шопмўйлов барзанги тўғаноқ бўлиб туриб олган эди. Майор яқинлашгач, у ўзини четга олди.

— Қамариддин шу ердами?

— Қайси Қамариддин?

— ўилай йигит.

— Э, уми... йўқ бу ерда. Жавоб сўраб кетган.

— Сиз... ноғорачимисиз?

— Э, ким айтди? Ноғорачи ҳув ичкарида, мен карнайчиман. Лекин ишдан ташқари пайтда. Пул тўлаб, патент олиб қўйганман. Бу ёғи қонуний.

— Ўнинчи майда тўйдамидингиз?

— Ўнинчидами?.. Ҳозир... — шопмўйлов кўкрак чўнтагида дўмпайиб турган шапалоқдек ён дафтарчани олиб, варақлади-да, бош чайқади. — Ўнинчида тўй йўқ, ишда эканман.

— Навбатингиз тўйга тўғри келиб қолса нима қиласиз? Ўрнингизга Қамариддин турадими?

— Бунақа гапларни хўжайиндан сўрай қолинг. Ичкари киринг, ўзлари бир нима демасалар... биз кичкина одаммиз ҳарҳолда...

Ресторан директори гапни бир оз айлантирди-ю, кейин ўринбосарини чақирди. Майор кутгандай бўлиб чиқди: ўринбосар Қамариддинни шунчаки рўйхатда туриши, аслида эса бошқалар унинг ўрнига ишлашини тан олди. Директор унга ўша заҳотиёқ ҳайфсан эълон қилиб, кейин вазиятни юмшатишга уринди:

— Онаси бошқармада ишлайди, йўқ дея олмаганда. Узр, энди қайтарилмайди.

Майор эрталаб уйидан чиққанида дили хун эди. Кундузи ишлари, ниҳоят, ресторандаги суҳбат унинг кўнглига равшанлик олиб кирди. Иш пича силжиган эди. У ҳали Қамариддин, Салим, Асрорлар Миртиллаев ўлимига дахлдор эканини билмасди, лекин бу гуруҳ атрофидаги сир унга ниманидир ваъда қиларди. Майор Миртиллаев ўлимига Келдиёровлар айбдор деган гумонидан ҳали бутунлай воз кечмаган, келгуси сўроқларда кўп нарса аниқланишига ишонарди. Катта Келдиёровнинг уринишлари майорни баттар сергаклантирган, «фақат ўғрилик учун боласини бунчалик ҳимоя қилмаса керак. У каттароқ жазодан қўрқяпти. Менинг ўғриларни эмас, қотилларни излаётганимни билади-ку?» деган гумон миясига қаттиқ ўрнашиб қолган эди.

Майор бугунги ишларидан қониқиб, уйига бора турсин. Биз эса Асрор билан юзланишга борайлик. Кундузи у қаерда эди?

ДАРД УСТИГА ЧИПҚОН

ёхуд Асрорнинг «тренер» билан суҳбати

ҳақида ҳикоя

Талъат одатдагидай пивохонадаги «иш»ига келаётган эди. Анҳор бўйида қотиб турган Асрорни кўриб, қадамини секинлатди. Асрорга яқин келиб тўхтади. Асрор шу топда сув юзасида «ёнбошлаб ётиб олган» Миртиллаев билан суҳбатлашарди.

«Бу ёққа келсанг-чи, ўзингни қийнаб нима қиласан, — дерди марҳум. — Мен гуноҳингдан ўтдим. Аммо милиция гуноҳингдан сира ўтмайди. Олиб бориб қамамагунча тинчимайди. У ёқда азобда юрганингдан кўра, кел, бирга яшаймиз. Ташвиш йўқ бу ерда: мактабдагилар жиғингга тегишмайди, ҳар хил одамга таъзим қилиб, тўйма-тўй юрмайсан, сени биров ҳақоратламайди, малъунларнинг кўзига қараб яшашдан қутуласан. Ёшингни яшадинг. Нимани кўрдинг? Нима қизиғи қолди?..»

Сув бирдан ҳаракатга кириб, Миртиллаев беланчакда ётгандай чайқала бошлади. Мавжлар борган сайин катталашиб, тўлқинларга айланди. Тўлқинлар уни бир оз отиб ўйнади-да, кейин ютиб юборди...

Эрталаб мактаб ҳовлисида айланиб юриб бир нарсага амин бўлди: одамлар Миртиллаевни ўзи чўкиб кетган, деб ўйлаганлари билан у ўзини бу ёлғон билан юпата олмайди, марҳум уни ҳар қадамда таъқиб қилаверади. Бу қачонгача давом этади? Бир умрми? Ё вақт ўтиши билан ўша машъум кеча унутилиб бориладими? Унутилмаса-чи? Ахир кун ўтган сайин бу таъқиб авжига чиқяпти-ку?! Нима қилиш керак? Милицияга бориб айтсинми, гуноҳини бўйнига олсинми? Жазоланса балки енгил тортар? Қамариддин-чи? Салим-чи? Уларга нима бўлади, улар ҳам қамалиб кетади-ку? Дилфуза-чи? Отиб ташлашса-чи?.. Хаёлига келган бу фикрдан Асрорнинг вужуди музлаб кетди. Худди атрофини милиционерлар ўраб тургандай чўчиб, аланглади. Кейин беихтиёр тез-тез юриб кўчага чиқди. Оёқлари идрокига бўйсунмаган ҳолда уни анҳор сари бошлади. Анҳорга етиб келиб ўша одамни — Миртиллаевни кўрди.

— Ҳа, эркак, тушингни сувга айтяпсанми?

Миртиллаевни «тўлқин ютган» маҳалда айтилган бу гап қаердан келди — сув қаъриданми ё орқаданми Асрор дастлаб англамади.

— Ҳў, эркак, ухлама!

Асрор шунда ўзига келди. Чўчиб, овоз чиққан томонга — орқасига ўгирилди. Лабига сигарет қистириб олган йигитни танимади.

— Тушингни сувга айтяпсанми? — деди йигит унга яна ҳам яқин келиб. — Бекорчи бўлсанг, юр, иш бор.

Ҳозирги руҳий талваса исканжасидан ҳали тўла қутилмаган Асрор унинг гапига тушунмади.

— Қанақа иш? — деди ажабланиб.

— Ана пивохонада бўш шиша ортамиз. Янгиси келса туширамиз. Менга қарашворасан. Пивонинг зўридан қуйиб бераман.

— Ўзингиз ичаверинг.

— Ў, эркак, қўрс экансан-ку, а? Биласанми мен кимман?

Асрор «кимлигинг билан нима ишим бор?» дегандай унга бир қараб олди-да, нари кета бошлади.

Талъат «мен қамоқнинг тузини тотганман» деб дўқ урмоқчи бўлди-ю, фикридан қайтди. Бола бу аҳволида дўқ-пўписага эътибор қилмаслиги ҳам мумкин.

«Бу бола нима учун сув бўйига келади? Ўзи табиатан хаёлчанми ё бир дарди борми?» — Талъат узоқлашаётган Асрор орқасидан қараб шуларни ўйлади.

Асрор йигирма қадамча юриб орқасига ўгирилди. Йигитнинг ҳануз қараб турганини кўриб қадамини тезлатди. Энди у қаерга борсин? Ким дардига малҳам беради? Ким ташвишига шерик бўлади!.. Ҳеч ким, ҳатто Қамариддин ҳам, Салим ҳам тушунишмайди уни. Асрорни жазодан олиб қолишмоқчи, унинг ўқишини исташяпти, ўзлари кирган кўчадан нари жўнатишмоқчи. Ниятлари яхши, Асрор бу учун ҳатто қувонади. Лекин, ҳозир унга шу керакми? Марҳумнинг кўзига кўринётгани, тинчлик бермаётганини кимга айтади? У сиқилганида баъзан дод деб юборгиси келади. Аммо, ким эшитади унинг аламли фарёдини?! Йўқ, ҳеч ким йўқ, Зоир эшитармикан? Эшитишга эшитади. Кейин чолларга ўхшаб насиҳат қилади. Отаулла-чи? Асрорнинг шармандалик оловида қоврилиши билан иши бўлмай, пул йиғиб отасига берган болалар унинг дардини тушунишармикин? Йўқ, бу болаларга ишониб бўлмайди. Ишонадиган одам бўлмаса, демак, чин дўст йўқ экан... Асрор ўзи кашф этган шу ҳақиқатни тан олиб эзилди. Ўн олтига кирай деб қолибди-ку, ҳали дўст орттирмабди. Бирга ўқиб, бирга юрган болаларни дўст деб ҳисоблайверибди.

Асрор шаҳар марказидаги боққа кириб, чеккароқдаги ўриндиққа ўтирди. Кўзи ўтган-кетганларда, хаёли эса турли ўйлар тўфонига банди бўлган Асрор шу ўтиришда узоқ ўтирди. Ўзича турли режалар тузди. Хаёлан турли одамлар билан суҳбатлашди. Аммо қанча ўйламасин, қанча фикрламасин, қоронғиликдан ёруғликка чиқа олмади. Халтакўчанинг ичида қолаверди.

Боғда икки милиционер кўринди-ю, Асрорнинг баданига енгил титроқ югурди. «Балки шунчаки айланиб юришгандир» деб ўзига тасалли бермоқчи бўлди. Асрор четроқда, тор йўлка ёқасидаги ўриндиқда ўтирган эди. Милиционерлар кенг йўл турганда шу томонга бурилиб қолишмайдими! Асрор тамом ўзини йўқотди. «Қочиш керак!» деб ўйлади. Бироқ, ўрнидан туришга ҳоли келмади. Қочишга жазм қилиб турганида ҳам бемадор оёқлари чалишиб, йиқилиши аниқ эди. Милиционерлардан бири унга тикилиб қараб ўтди. Асрорнинг вужудини муздек тер босди. Агар улар тўхтагудай бўлишса Асрор дод деб юбориши мумкин эди. Милиционерлар ўтиб кетишгач, Асрор чуқур нафас олди. Назарида шу бир неча сонияда у нафас олмаган, юраги ҳам уришдан тўхтаган эди. Чуқур нафас олди-ю, вужудига жон қайтиб кирди. «Бу ерда узоқ ўтириш мумкин эмас!» деб ўйлаб ўрнидан турди.

У кўчаларни яна бир оз муддат дарбадар кезди-да, Дилфузаникига боришга қарор қилди.

Асрор кейинги кунлар ичи ўз ёғига ўзи қоврилиб, Дилфузани кам ўйлаётган эди. Улар мактабга борар чоғи келишилган муюлишда учрашмай ҳам қўйдилар. Бунга мактабдаги танбеҳ сабабми ё ўша машъум кечадаги воқеами, Асрор билмайди. У ҳозир Дилфузанинг уйига бора туриб қиздан анча узоқлашиб қолганини сезди. У дастлаб қизни ҳимоясига олган эди. Кейин у билан юриш одат тусига айланди. Асрор «ака-сингилдаймиз» деб юргани билан орада ўзи яхши тушунмайдиган ғалати ҳис бор эди. Шу ҳис уни қиз ҳақида ўйлашга мажбур этарди. Кеча, аввалги куни... у Дилфузани кўришга ошиқмади, аксинча, уни кўрмаётганидан мамнун эди. «Дилфуза билан кўришсам, яна ўша воқеадан гап очади, жиғимга тегади», деб ўйларди. Ҳолбуки, Дилфуза ўша воқеанинг эртасига «биз кинода эдик» деганидан сўнг, бирон марта бу ҳақида сўз очмади. Унда нима учун Асрор ўзини қиздан олиб қочди? Муаллиманинг унга она бўлаётганини эшитибми? Асрор юрагига ўт ташлаб турган ҳиснинг нима учун совуб бораётганини аниқ билмайди. Бугун сув бўйида турганида, боғда ўтирганида дўсти йўқ эканини ҳис қилгач, Дилфузани кўргиси келди. Ё уни тарк этган ҳис, яна юрагига қайтдими? Асрор буни ҳам билмайди.

Асрор иккинчи қаватга эмас, йигирманчи қаватга кўтарилгандай ҳолдан тойди. «Ўзи чиқиб қолармикин» деган умидда сариқ чарм қопланган эшикка қараб юрди. Ўйлагани рўё бўлмагач, қўнғироқ тугмасини босди.

Эшик очилди... Асрор остонада Дилфузанинг отасини икки оёқда, тик ҳолда кўрса ҳайратланмас эди, ҳатто шу жойда ўз отаси ё онасини кўрса ажабланмасди: ҳозир эса ҳайратдан қотди-қолди: эшик оғзида география муаллимаси Аъзамхонова уй кийимида, пешбанд таққан ҳолда турарди.

Аъзамхонова Асрорни кутмаган эди, шу сабабли у ҳам бир оз тараддудланди. Бир-бирига, тикилиб қараб туриш узоққа чўзилмади. Муаллима ўзини дарҳол қўлга олиб, худди уй бекасидай муомала қилди:

— Келганинг яхши бўлди, ичкарига кир, — деди у мулойим оҳангда. Унинг заҳарсиз гапи Асрорни таажжубга солди. «Нимага мулойим бўлиб қолди, мактабга ёймасин, деб қўрқдими, нимага «келганинг яхши бўлди» дейди, бировга айтиб юрма, деб шипшитиб қўймоқчими?» Асрор остона ҳатлаб кираётиб шуларни ўйлади.

Аъзамхонова уни тўғридаги катта хонага бошлади. Дилфузанинг дадаси дераза олдида янги аравачада, кўчага қараб ўтирган экан. Одам шарпасини эшитиб, ўгирилди. Асрорни кўриб, бирдан қошлари чимирилди. Аммо нигоҳи Аъзамхонованинг кўзлари билан тўқнашгач, жаҳл булутини ҳайдаган бўлди. Аммо совуқ қарашини илита олмади, Асрорнинг саломига ҳам қуруқ алик олди.

Аъзамхонова оёқлари йўғон, эски юмалоқ стол атрофидаги стуллардан бирини тортиб, Асрорга «ўтир» деди. Дилфузанинг дадаси аравачасини юрғизиб унинг рўпарасида тўхтади. Аъзамхонова эса унинг ўрнини эгаллади.

— Дилфуза укаларидан хабар олгани кетди, — деди у, қўлларини қовуштирганича. — Эртага бориб уларни олиб келамиз.

Асрор нима дейишини билмай аравача ғилдирагига кўз тикканча жим тураверди.

— Энди бирга яшаймиз. Етим қиз, етим бола деган гап йўқ. Бунинг маънисига етасанми? Дилфузанинг бевош юришларига чек қўйилади. Сендан илтимосимиз: қизимизни тинч қўй. У ўқиши, оқила қиз бўлиб етишмоғи керак. Бизнинг ниятимиз шу, бунга эришамиз ҳам. Сен эса бизга халал берма.

Аъзамхонова «гапим таъсир қилдими ё йўқми» дегандай Асрорга тикилди. Асрор унинг қараб турганини билмай, ўша ҳолда жим ўтираверди.

— Гапга тушундингми? — деди Дилфузанинг дадаси совуқ оҳангда.

— Тушундим, — деди Асрор паст овозда.

— Тушунган бўлсанг, тошингни тер, қадамингни билиб бос, бола. Бўлмаса худди путингни йириб ташлайман!

Унинг гапи Асрорга оғир ботди. Хаёлида айланаётган, лекин айтишни истамаётган гаплари тилидан бехос учди:

— Нима, мен қизингизни йўлдан урибманми? — деди бош кўтариб. Шундай дейишга деди-ю, отанинг қаҳрли нигоҳини кўриб юраги орқасига тортди.

— Нимага унинг бошини айлантирасан, ҳароми!

— Мен айлантирибманми?! — деб бақириб юборди Асрор. — Мен... мен... агар мен бўлмасам, қизингизни болалар копток қилиб ташлашарди! — Асрор алам билан шундай деди-да, ирғиб турди. Лекин юришга улгурмади. Дилфузанинг отаси унинг ёқасига чанг солди. Яхшики, Аъзамхонова югуриб келиб «дадаси, ўзингизни босинг» деб уни қўлларига ёпишиб олди, бўлмаса қулочкашлаб уриб қолиши ҳеч гап эмасди.

— Қорангни ўчир, ҳароми, куйиккан бўлсанг, отарчи отангга айт, битта-яримта ўйинчисини олиб берсин. Агар қизимга илакишсанг...

— Бўлди, дадаси, ўзингизни босинг. Бу ёғини мен ўзим шахсан назорат қиламан.

Асрор уларга қарамай, шашт билан чиқиб кетди. «Қамар тўғри айтган экан, бундан узоқроқ юришим керак эди. Шунча яхшилик қилиб эшитганим шу бўлдими? «Дадаси» эмиш, дарров «дадаси» бўлиб қолибди...»

Ташқарига чиқиб ўн қадам ҳам юрмай Дилфузага дуч келди. Индамай ўтиб кетмоқчи эди, қиз тўхтатди.

— Уйга кирдингизми? — деди у синиқ овозда.

Асрор жавоб бермади. Бақириб юбормаслик учун юзини тескари бурди. Нима десин у қизга: даданг шундай-шундай бемаза гапларни айтди, десинми? Шикоят қилсинми, ҳасратини очсинми? Унда ўғил болалиги қаёқда қолади? Шу сабабли ҳам у индамади, Дилфуза унинг елкасига кафтини қўйди.

— Кеча гаплашамиз, дейишувди. Сизга айтмоқчийдим уйимизга келиб юрманг, деб. Мактабда кўролмадим, кетиб қолибсиз. Муюлишда ҳам кутмаяпсиз...

Асрор унинг кафтини елкасидан олди. Бундан қиз ранжиди.

— Мен сизга нима ёмонлик қилдим? — деди йиғламсираб.

— Тушунтирсанг бўлмасмиди? — деди Асрор.

— Нима деб тушунтираман? Уяламан... дадамдан қўрқаман... Гапимга ишонишмайдиям...

— Тўғри...

— Энди нима қиламиз?

— Нима қилардинг, онанг назорати остида юрасан. Тур деса, турасан, ўл деса ўласан. Сен ўқиркансан, оқила қиз бўларкансан.

— Менга унақа пичинг қилманг. Мен... бу мактабда энди ўқимайман. Медтехникумга кираман. Бу уйда ҳам турмайман, ётоқхонага чиқиб кетаман. У уйимизда юрса, кўзимга ойим кўринадилар. — Дилфуза ўкраб йиғлаб юбормаслик учун оғзини кафти билан тўсди.

Асрор довдираб қолди. Кўп қаватли уйнинг нечта деразасидан неча жуфт кўз уларга қараб турибдийкин? Дилфузанинг дадаси билан онаси ҳам киприк қоқмай тикилаётгандир?.. Асрор шуни ўйлаб, кетишга шошилди.

— Нима қилай, техникумга кирайми? — деди Дилфуза уни билагидан ушлаб.

— Аввал мактабни битириб ол, — деди Асрор.

Шу пайт юқоридан қаҳрли овоз келди:

— Дилфуз!!! Кир уйга!

— Эртага бирга кетамизми? Сиз... мактабда ғалати бўлиб юрибсиз, бунақада билиб қолишади-ку? — Дилфуза савол беришга берди-ю, жавоб кутмай уй сари шошилди.

Асрор иккинчи қават деразасига қаради. Қаҳрга тўла икки жуфт кўз унга қараб турарди. «Мен уларга нима ёмонлик қилдим, — деб ўйлади Асрор аста бурилиб кетаркан, — фақат яхшилик қилдим-ку. Мени ҳозир отарчининг ўғли, деб ёмон кўряпти. Бирдан қамалиб кетсам-чи?!» Бу фикрдан Асрорнинг эти жунжикиб кетди.

У ҳалигача катталар билан бу даражада тўқнаш келмаган эди. Арзимаган бир гап билан, арзимас бир ҳатти-ҳаракат билан катталарнинг фикрини ўзгартириб юбориши, уларга ёмон кўриниб қолиши мумкинлигини чуқурроқ ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Дарҳақиқат, бир қиз билан тўғри маънода юрганини бошқача талқин қиладиган, бошқача тушунадиган одам, қамалиб чиққан болага қандай баҳо беради?

Дард устига чипқон деганларидай, Асрорнинг бир дарди икки бўлди. «Касалванд одам оғзига келганини вайсайди-да, шунга ҳам хафа бўламанми» деб ўзини овутишга ҳаракат қилди. Энди алам босилай деганда унинг гаплари жаранглаб қолади-ю, ғазабдан ёниб кетай дейди.

Оқшомга қадар шу ўтлар орасида ёниб-куйиб, кўчаларда санқиб юрди. Кун бўйи туз татимаганиданми ё кўп юрганиданми, ҳолдан тойди. Кўнгли айний бошлади. Уйга боргиси йўқ эди. Борсам яна ўша одамга рўпара бўламан, деб юраги орқасига тортарди. Дадасининг қовоқ уюши, илмоқли гаплари, дўқлари бу нохуш учрашув олдида ҳеч гап эмас эди. Илгари унга «одам уйидан шундай безиши мумкин», дейилса ишонмаган бўларди. Мана энди бу ўз бошига тушиб гангиб юрибди. Хаёлидаги ўша одамнинг хонасига бостириб кириши нима экан, заҳарли илон чиққан бўлса ҳам боради уйига. Бошқа иложи йўқ. Бу ердан қочиб қаёққа бош уради? Уйидан-ку, қочар, шаҳарма-шаҳар санқиб юрар, аммо хотираларидан қочиб қутулолмайди-ку?

...Эшикни онаси очди.

— Вой, келдингми-ей болам, — деб бағрига босди.

Асрор «нима бўлган ўзи?» деб ажабланди. Онасининг хавотирланиб кутаётганини кейинроқ билди. Онаси уни ичкари бошлаб диванга ўтқизди.

— Қаёқларда юрибсан, шу пайтгача? — деди у синиқ овозда.

Бола сўроқсиз кечикиб кетса она одатда тергаб, уришарди. Хавотирли дақиқалари, соатлари уни ғазаб алангасига ташлайди. Лекин, Асрорнинг онаси бошқача. Асрор шу пайтгача уни сира ғазаб оташида кўрмаган. ўазабини ҳам, аламини ҳам, норозилигини ҳам ичига ютадиган аёл у. Мана ҳозир ҳам ўғлига дашном бериш ўрнига айбдор одамнинг синиқ овозида «қаёқларда юрибсан, шу пайтгача» деб сўраяпти.

— Дарс тайёрладик...

— Ким билан? — бу сафар онасининг саволи қатъийроқ чиқди.

— Болалар билан...

— Кўзимга қараб гапир, алдама. Дипломатинг қани?

Асрор бу саволни кутмаган эди. Шу боис бир оз чайналди.

— Бериб юборувдим... Отаулла олиб келдими?

— Отаулламас... Дарсдан кетиб қолибсан-ку?

— Ким айтди?

— Ким айтганини қўявер. Дарсдан кетганинг ростми?

— Рост... — Асрор шундай деди-ю, баҳона излаб ўйга толди. Хайрият, хаёлига дурустгина баҳона келди: — аввалги мактабимга бориб консультация олдим. Анча нарса эсимдан чиқибди.

Онаси бечора ишона қолди. Ўғлининг бошини меҳр билан силаб қўйиб «Овқтингни сзиб берай» деб ошхона томон юрди. Асрор гарангсиб турганида эшик шашт билан очилиб, отаси шошилганича кириб келди.

— Яхши уйда экансан, — деди у Асрорга, — тез кийин кетамиз.

— Қаёққа? — деди онаси, ошхонадан чиқиб келиб, — бугун тўйингиз йўқ эди шекилли?

-Томсувоқ чиқиб қолди. Нозик одамлар, бормасак бўлмайди,

«Томсувоқ... нозик одамлар...» Демак, пул қистирилмайдиган, ҳақ тўланмайдиган тўйча ёки зиёфат. Дадаси «нозик одамлар»дан ғоят ҳайиқади. Ўлса ўлади-ки, уларнинг гапини икки қилмайди. Шу «нозик одамлар»ни хафа қилмаслик учун яхшигина пул ишлаб оладиган тўйлардан ҳам воз кечган вақтлари бўлган. Шундай экан, Асрор ҳозир дадасига гап-сўзсиз итоат этмоғи шарт. У эринибгина ўрнидан тураётганида онаси жонига аро киргандай бўлди:

— Мазаси йўқ, ўғлингизни. Бугунча бормасин. Қаранг, рангида ранг қолмабди.

— Нима бўлди?

— Билмайман, кўнглим айнияпти, — деди Асрор дадасидан нажот кутиб.

— Ширин чой ичиб ол, ўтиб кетади, бўла қол, — деди дадаси.

Асрор онаси тайёрлаб берган ширин чойни ичиб, отасига эргашди.

Уларни ташқарида ҳеч ким кутиб олмади. Иккинчи қаватга лифтда кўтарилишди. Дадаси эшик қўнғироғини босди. Эмандан ясалган эшикни ҳаворанг ҳарир кўйлак кийган, бўйнига икки қават дур ташлаган, қирқ ёшлардаги хушрўй аёл очиб, киборона жилмайиб қарши олди.

— Келинг, ҳофиз, — деди у менсимаган бир оҳангда. — Қани, бу ёққа марҳамат.

Улар ўнгдаги чоғроқ хонага киришди. Хонада уч киши ўтирган экан, ҳофизнинг ҳурматини жойига қўйиб, тўрга таклиф қилишди. Ота-болага бир пиёладан чой қуйиб узатиб, суҳбатларини давом эттиришди. Асрор уларнинг гап-сўзларига қараб, пастдаги оқ «Волга»ларнинг ҳайдовчилари эканини англади.

— Келдиёров ака келмабдиларми, ўғилларининг иши тинчимаган шекилли? — деди чой қуйиб узатган оқ сочли киши.

— Келсалар керак, — деди ёнидагиси. — Хўжайин «Келдиёров билан гаплашиб оладиган гапим бор» дегандай бўлувди. Назаримда ўғлининг иши тўғри бўлган. Шу ишни тўғирлай олмаса Келдиёров юрган эканда... Милисалар уни совунига кир ювмаган ҳали. Замони ўтиб кетди, деб фаҳмлашади. Келдиёровнинг замони ўтмайди.

— Таги бақувватмикин?

— Бақувватки, уёқ-буёғи йўқ. Ҳамма томони пишиқ. Ўғлини заводга оддий қора ишчиликка берганди. Битта-яримта безорига қўшилиб қолганми... Болани танийман, сал шўхроғу аммо тўғри бола.

Эшик қия очилиб, уй эгаси Асрорнинг дадасига им қоқди. Дадаси дарров қуллуқ қилиб, Асрорга қаради. Асрор ғилофни очиб, торни олди-да, дадасига узатди. Сўнг доирани олиб, қиздириш учун ошхонага чиқди. Ошхона кенг ва узун болхонага кўчирилган экан. Болхона ўртасидаги стол атрофида икки хотин ўтириб чучвара тугиш билан банд. Қўллари чучвара тугишдан, оғизлари гапдан бўшамайди.

— Анави тўрт қатор шодамарварид таққан кимнинг хотини экан, билмайсизми?

— Эгамов деганники, ижроқўмдаги.

— Кўйлаги ўзига ярашмабди. Жуда тор қилиб юборибди.

— Эрига ёқса бўпти-да, сизга нима?

— Эрига ёқиш учун киярмикин, ё...

— Э, ўлинг худоё сиз, гап кавламай...

Улар хиринг-хиринг қилишиб пичирлашиб ҳам олишди. Афтидан баъзи гапларни бола олдида айтиш ноқулай туюлди шекилли.

Доирани қиздириб кирганда шофёрлар даврасига яна бир йигит қўшилган эди.

— Шу ғалваларни биттагина майор бошлаб юрибдими? — деб сўради оқсоч киши.

— Ҳа, пенсияга чиқадиган одам экан, келиб-келиб акамга қасдлашадими, суроби тўғри бўлиб қолди ўзиниям, ўзининг қинғир ишлари кўп экан, эрта-индин думини тугиб юборишади.

Дадаси торнинг созини яна бир тинғиллатиб текшириб кўрди-да, ўрнидан турди. Шофёрларнинг суҳбати узилди.

Кенг хона, катта стол атрофида олти эркак, олти аёл ўтирарди. Дастурхон усти ғоят дид билан безатилган эди. Эркалар костюм кийган, аёллар эса ўзларига эринмай зеб беришган эди. Улар ҳофизнинг саломига бош ирғаб алик олишди. Ҳофиз уларнинг бир пиёла чой қуйиб узатишларини ҳам, «эшитайлик» деган таклифини ҳам кутмаёқ бир четда тик турган кўйи қўшиқни бошлади. Стол атрофида бўш стуллар бор эди, уларни ўтиришга таклиф этишмади. Афтидан ҳофизнинг нарироқда туриши афзал эди уларга. Асрорнинг дадаси бир жуфтгина қўшиқ айтди. Дастурхон атрофидагилар гўё қўшиқ айтилмаётгандай уларга эътибор ҳам бермай суҳбатлашиб ўтиравердилар. Ликопчаларга пул қўйиб узатилмади. «Ўзбегим»дан олинг», деган илтимослар ҳам тушмади. Қўшиқ тугагач, биров раҳмат ҳам демади, аксинча, дадаси «сизларга ҳалал берганим учун узр» дегандай таъзим қилиб, орқасига тисарилганича даҳлизга чиқди.

«Раҳмат»ни кичик хонага киришганда шофёрлар айтишди. Шўрва ичишаётган пайтда уй эгаси кирди:

— Ҳофиз, темир дафтарни олинг, шанбага хизмат бор. Нурилла Эгамович таклиф қиляптилар.

Дадаси косани шоша-пиша дастурхонга қўйиб, қуллуқ қилди:

-Ие, ижроқўмдаги акахонимизми, бош устига, хизматларига ҳамиша тайёрмизда.

— Темир дафтарда тўй йўқми ахир? — деб ўзича ҳазил қилган бўлди уй эгаси.

— Тўй бўлса бўлмаса, бир оғиз гаплари...

Асрор ажабланди: дадаси билиб рози бўляптими, ё найранг қиляптими? Ахир шанба куни Туробникида тўй-ку? Болалар ташлаб кетган пулни олиб қолган-ку? Уй эгаси чиқиб кетгач, Асрор дадасига аста пичирлади:

— Шанба куни заклат олиб қолувдингиз-ку? Ўртоқларим уч юз сўм ташлаб кетишувди-ку?

— Ишинг бўлмасин, — деди дадаси жеркиб, — буларнинг гапини икки қилиб бўларканми? Ўртоғингни тўйига одам топаман. Жуда бўлмаса, қочиб кетаётганимиз йўқ, пулини қайтариб берасан...

Бу гап Асрорнинг бошига гурзи бўлиб урилди. Яхшики уларнинг хизматига кўп талаб тушмади. Яна икки жуфт ашуладан сўнг ижозат беришди. Йўқса юраги тарс ёрилиб кетиши ҳеч гап эмас эди.

Асрор уйга қайтиши билан хонасига кириб ётиб олди. То ўша одам хонасига бостириб киргунга қадар ўртоқлари олдида ўзини оқлаш йўлларини ўйлаб ётди. Қанча ўйламасин, тайинли йўл топа олмади. Дадаси уни ўтмас пичоқ билан сўйиб ташлаган эди. Бу азоб унга ортиқча бўлди.

Нонушта маҳали «Мактабга борайми, бормайми, борсам дарсда қандай ўтираман, бормасам қаёқларда дайдийман?..» деб ўйлади. Кейин Дилфузанинг «мактабда ғалати бўлиб юрибсиз» деган гапини эслаб, ҳушёр тортди. «Ростданам аҳмоқлик қилибман. Дарсда ўтиравермайманми... болалардан нимага қочдим, юравермайманми... Бугун одамга ўхшаб бориб, одамга ўхшаб юраман...» Шу қарорга келиб Асрор ўрнидан турди.

Муюлишда Дилфуза кўринмади. «Онаси билан кетгандир» деб ўйлади у. Синфга кириши билан директор йўқлаётганини айтишди. «Оббо, тарбиявий соати етмай турувди. Комсоргнинг иши бу, икки томондан тоза олишади». Шу хаёллар билан директор хонасига кирган Асрор милиционер билан нотаниш кишини кўриб қўрқиб кетди. Милиционерни танийди. Кинохона олдида ўтиришганда бир-икки келиб, танбеҳ берган. Сочларига оқ оралаган, лекин кўриниши бақувват кишини энди кўриши.

— Асрор деган аълочи ўқувчимиз шу, — деди директор. Унинг ҳотиржам, айни чоқда мулойим овози Асрорга далда берди. — Асрор, бу киши участкамиз инспектори. Бу киши эса «Динамо»нинг тренери эканлар. Ўртоғинг Салимни қидириб келишибди.

Директор «Вазифамни уддаладимми?» дегандай Солиевга қаради. Унинг бу савол назарини Асрор уқмади. Чунки у, шубҳасиз, бу одамларнинг ўзаро келишиб олишганидан бехабар эди. Солиев эса фурсатни бой бермай директорнинг гапига гап улаб кетди:

— Салим бизга ҳозир жуда керак. Бир ойдан кейин Иттифоқ биринчилиги. Унинг вазнида бошқа тузукроқ боламиз йўқ. Биздан ранжиб кетиб қолувди. Арази тугагандир, деб уйига борсам, мусобақага кетганмиш. «Меҳнат резервлари» илинтириб олганга ўхшайди. Сиз Салимнинг дўсти экансиз, шундан хабарингиз борми? «Меҳнат резервлари»га борятувмиди?

Асрор бундай саволни кутмаган эди, жавобга шошиб қолди.

— Бунисини билмадим, — деди у бир оз довдираб.

— Ҳозир Барнаулда «Меҳнат резервлари»нинг биринчилиги бўляпти. Агар Барнаулга кетган бўлса, гумоним рост чиқади. Унда аҳволимиз чатоқ. Салим ҳозир Барнаулдами?

— Билмадим... — Асрор шундай деди-ю, Салимнинг онаси ҳамма гапни айтганини англаб, қўшиб қўйди: — Мусобақага кетдим, деди. Қаергалигини сўрамабман.

Солиев афсусланган бўлиб бош чайқади.

— Э, аттанг, сал кеч қолибмиз, — деди у сочини силаб. — Мусобақа ўн тўртда бошланган. Улар ўн биринчида учишган. Ўн биринчида кетибмиди?

Шу саволга келганда Асрор ўйламай-нетмай «ҳа», деб юборди. Кейин «олдинроқ кетган эди» десам бўларкан, деб афсусланди.

— Салим келса, айтсангиз, менга учрашсин. Ҳарҳолда боксни бизда ўрганган-ку, энди аразлаб юрмасин, — деди Солиев.

— Ҳа, шунақа деб қўй. Олифтагарчилик қилмасин, тренерлар ҳамманинг ҳам орқасидан юравермайди... Бўпти, дарсингга бор, — деди директор, кейин пўписа қилган бўлди: — ҳар хил узун-қулоқ гаплар юрибди, имтиҳонлар яқин, а? Ўйлаб қадам бос.

Асрор синфга қайтди-ю, қулоғига дарс кирмади. «Тренер»нинг гапларини бир-бир ақл чиғириғидан ўтказди. «Милиционер, тренер, Салим...» Асрор худди шахмат доналарини алмаштиргандай фикр сурарди: «Тренер, Салим, милиционер...», «Салим, милиционер, тренер...»

«Салим аразламаган, ўзлари ҳайдашган-ку? Тренерга Салим керак экан, милиционер-чи?..» Минг ўйламасин, Асрор жумбоқни еча олмади. Танаффусда ҳовлига ҳам чиқмади. Отаулла ҳазил қилган эди, жеркиб ташлади. Зоир келиб «Сенга нима бўлди?» деб сўраган эди, «хумда ўтирибман» деб жавоб берди. Зоир гапни кўпайтирмай «ўтиравер, яхшироқ ўрнашиб ол», деб нари кетди.

* * *

Солиев Асрор жавобларини эшитиб, кўнгли равшанлашди. Тўғри изга тушиб олганини ҳис этди. «Сирлар сандиғи қулфининг калити шу болада» деб ўйлади-да, Муллақўзиевга қаради. Лейтенант бу қарашнинг нимани англатишини билар эди. Узр сўраб, ўрнидан туди-да, ташқарига чиқди. Тўғри кинохонага бориб, автомат-телефондан милиция бўлимига қўнғироқ қилди. Солиев тахмини тўғри чиқса нима қилиши лозимлигини пишитиб қўйган эди. Лейтенант ҳозир шу режани амалга оширишга киришди. Солиев эса директор билан суҳбатни давом эттирди:

— Кеча «Асрор бир қиз билан юради» дегандай бўлдингиз. Шу қизни кўришим мумкинми?

— Мумкин, — директор котибани чақирди-да, Дилфузани топиб келишни топширди. Кейин Солиевга мурожаат қилди: — қизга ҳам сизни «тренер» дейманми?

— Йўқ, шаҳар халқ маорифи бошқармасиданман. Қизни болалар уйидан келган девдингизми?

Хонага кирган Дилфузада озгина ҳадик бор эди, Солиевнинг зийрак нигоҳи буни дарҳол сезди.

— Қизим, мен аҳволингиздан хабар олгани кирдим, — деди Солиев гапни узоқдан бошлаб. — Оилавий аҳволингиз ўқишга таъсир этмаяптими?

Солиев мўлжални тўғри олган эди, қиз бир оз хотиржам тортди. Аммо саволлар мақсадга яқин кела бошлагач, хуркак оҳу аҳволига тушди.

— Қизим, яширмай қўя қолай: менга нохуш бир хабар етди. Сиз кинохона олдида ғалати болалар билан тўпланишиб турармишсиз, шу ростми?

Дилфуза бошини эгиб олди, жавоб қайтармади.

— У болалар кимлар, шу мактабда ўқишадими?

Дилфуза бош эгганча тураверди.

— Тўғрисини айтавер, биттаси Асрорми? — деди директор.

Дилфуза яна индамади.

— Мен ишонаманки, сиз ёмон йўлга кирмагансиз. Одамлар нотўғри хулосага келишган. Одамлар ҳам қизиқ, ёшлар тўғри маънода дўстлашишса ҳам гап қилишади. Биргаликда кинога киришса олам алғов-далғов бўлиб кетгандай ғавғо чиқаришади. Сиз Асрор билан ёки бошқа бола билан яхши кўнгилда дўст бўлгансиз, тўғрими?

Дилфуза бош ирғади.

— Кинога тушган бўлсангиз, фильмнинг номини айта оласизми?

— Номи эсимда йўқ, ҳиндча кино эди, — деди Дилфуза паст овозда.

— Шу кинохонадами?

— Йўқ... бошқасида.

— Қайси бирида? — сўради директор зарда билан.

— «Ватан»да...

— Қачон тушдиларинг? — деб сўроқни давом эттирди директор.

— Ўнинчида.

— Ўшандан кейин тушмадингларми?

— Йўқ.

— Бўпти, бораверинг, — деди Солиев, директорнинг «тергов»ини тўхтатиб. Қиз чиқиб кетгач, кинотеатрга телефон қилди — ўнинчи майда ҳиндча фильм кўрсатилмаган экан. Солиев бу жавобни эшитди-ю, савол назари билан қараб турган директорга сир бой бермай «қиз тўғри айтибди», деб қўя қолди. Шундан сўнг соатига қараб олди-да, директорга миннатдорчилик билдириб ўрнидан турди.

У Қамариддинни соат ўн бирга чақирган. Миртиллаевнинг ўлимида бу йигитнинг нечоғлиқ, иштироки бор, майор буни аниқ билмайди. Лекин унинг изидан тушиш охир-оқибатда бирон бир жиноятнинг очилиши билан якунланишига ишончи бор. Салимнинг ғойиб бўлиши, Асрорнинг чалғитишга уриниши, Қамариддиннинг иш жойи, бир неча кунлаб йўқ бўлиб кетиши. Ниҳоят, Дилфузанинг алдаши... Булар шунчаки гаплар эмас.

Қамариддин майорнинг хонасига айтилган вақтда кириб келди. У Солиевни кўриб муддаони англади. Майорнинг оддий кийимда пивохонада кўриниши, сўнг ўзини «Граф» деб танитган йигит... Демак, жар ёқасига келиб қолибди. Ҳозир чап бера олса марра уники, йўқса қўлга тушади, тамом.

Солиев бақувват бу ғилай йигитга зимдан кўз ташлади. «Шуми? Нимага ўлдиради, пул учунми?» деган савол бош кўтарди. Савол-ку, осон топила қолди. Лекин жавоб-чи? Майорнинг хаёлидан «бу йигитни чақирмай турсам бўларкан», деган фикр ўтди. Бироқ, бўлар иш бўлган, энди афсусдан фойда йўқ, гумон тўрига дуч келган йигит рўпарасига келиб ўтирибди. Ўзини эркин тутяпти. Бу хотиржамлик бегуноҳлик аломати эмас, йўқ зинҳор, бу хотиржамлик — терговчилар чиғириғини тотиб кўрган одамдагина бўлади холос. Агар одам мутлақо гуноҳсиз бўлса, шунчаки гувоҳ сифатида чақирилса ҳам бир оз саросимага тушади. Солиев буни билади. Жиноятчиларнинг хотиржамлиги ҳам, ҳатто берилажак саволларига ҳам Қамариддиннинг қўрслик билан жавоб қайтариши ҳам маълум унга.

Солиев Қамариддин билан суҳбат бошлашга ошиқмади. Столи устидаги қоғозларни ўқиб, у ер-бу ерига белги қўйгандек бўлди. Гўё бу ҳаракати билан йигитни зарур иш юзасидан эмас, балки шунчаки бир кўриб қўйиш учун чақиргандай ўзини лоқайд тутди. Орасида Қамариддинга кўз ташлаб қўйди. Қамариддин «менинг асабим темирдан, истасангиз минг кеча-кундуз шу ҳолда ўтира оламан», дегандай хотиржам эди.

Майор ниҳоят, «ишларини» бир четга суриб Қамариддинга тикилиб қаради.

— Ишлаяпсизми? — деб сўради ундан нигоҳини узмай.

— Ишлаяпман, — деди Қамариддин бамайлихотир.

— Қаерда?

— Биласиз-ку?

— Билмасам-чи?

— Унда билиб олинг, ресторанда швейцарман.

— Кеча ишда эдингизми?

Қамариддин кулиб қўйди: жиноят қидирув бўлимининг инспектори уйга бориб суриштирганда ишхонага бормас эканми? Буни Қамариддин ярим кечада уйига кириб онасидан «хушхабар» эшитгандаёқ фаҳмлаган. Унинг ҳозирги жилмайишида қувонч ели эмас, балки истеҳзо заҳари зоҳир эди.

— Йўқ, ишда эмасдим, — деди у дангалига кўчиб.

— Қайси кунлари ишлайсиз, жуфт кунларими, тоқ кунларими?

— Тайини йўқ, келишиб ишлайверамиз. Мен... умуман кам бораман ишга. Одамларга таъзим қилаверишга ҳушим йўқ. Гадойга ўхшаб кетаман. Атир сепаману қўлига қарайман. Кейин ўзимдан-ўзим ирганаман.

— Келбатингизни қаранг, бошқа ишга кирмайсизми?

— Олишмайди. Мен худо урган бандаман, биласизку?

— Бекор айтибсиз. Ишлашга бўйнингиз ёр берса, топардингиз.

— Шунақами? Мана менинг милицияда ишлагим бор. Жиноятчини сиздан кўра тезроқ топишим мумкин. Чунки уларнинг услубларини, йўлларини яхши биламан. Сиздан кўра кучлироқман, эпчилроқман. Ундан ташқари сира пора олмайман, чунки пора олиб хонавайрон бўлганларни кўп кўрганман. Қаранг, қандай ажойиб хислатларим бор. Лекин сиз ишга олмайсиз мени. Чунки менга ишонмайсиз — ўтмишим чатоқ-да. Мени шундай яратиб қўйганига худонинг ўзи ҳам ҳайрон бўлса керак. Вақти келиб, у дунёда сўроқ берадиган пайтимда мен аввал шарт қўяман: сиз аввал мени бу ҳолга тушишга мажбур қилган бандаларингизни олиб келинг, улар билан мени юзма-юз қилинг, ана ундан кейин савол-жавобингизни бошланг, дейман. Агар мени дўзахда куйишга ҳукм қилишса, албатта ўшалар билан бирга ёниб-куяман. Бошқача ҳукмига кўнмайман.

Майор унинг гапларини эшитиб, ажабланди: «фикрлари бинойи, лекин нима учун менга айтяпти буларни. Ё «ўтмишимдан афсусдаман, энди тўғри йўлга тушганман» демоқчими?» Солиев шу хаёлга келиб уни чалғитмаслик учун гапларини узмай эшитди. Йигит сукутга берилгач, сўради:

— Кимларни чақирасиз, юзма-юз гаплашишга?

— Буни ўзим биламан... Ҳарҳолда хамкасбларингиз ҳам бўлишади у ерда.

— Яхши, энди лирик чекинишни бас қилайлик. Сиз яхшилаб эсланг: байрамдан кейин қайси кунлари ишда эдингиз?

— Байрамдан кейин... нима учун қизиқяпсиз, билсак бўладими?

— Кейин билиб оласиз, ҳозир саволга жавоб беринг.

— Байрамдан кейин бир кун ҳам ишламадим. Юрагим сиқилиб Фарғона томонларга кетувдим.

— Қачон қайтдингиз?

— Ўн биринчида эрталаб.

— Демак, ўнинчидан ўн биринчига ўтар кечаси поездда бўлгансиз?

Қамариддин шу саволдан кейин майорнинг мақсадини тўла англади. Вужудига бир оз муз югурдию аммо дарров ўзини қўлга олди.

— Шунақа бўлиб чиқади ўртоқ майор, — деди хотиржамлигини йўқотмаган ҳолда.

— Буни ким тасдиқлаши мумкин?

— Ҳужжат бор, — Қамариддин шундай деб чўнтагидан поезд билетини чиқарди.

— Ишингиз пишиқ экан, — деди майор, билетни олиб кўриб.

— Бировнинг мушуги ҳаром ўлса ҳам биздан гумонсираганингиздан кейин ишни пишиқ қилишга мажбурмиз.

— Бу қайтиш билети, бориш билети-чи?

— Кетишда йўловчи машинада борганман. Нақд элликка тушганман. Киракаш болалар байрам олдида шунақа ишлаб олишаркан. Довондан ўтса беш соатли йўл. Беш соатда икки юз сўм. Ёмон эмас, а?

— Билетингиз менда тура туради.

— Бемалол, фақат тилхат беринг. Сиздан бошқаларга ҳам керак бўлиб қолиши мумкин.

Солиев тилхат ёзаётганида телефон жиринглади. Трубкани кўтариб лейтенант Эшбоевнинг овозини эшитди. Сир бой бермаслик учун:

— Ҳа, ўғлим, дарсларинг тугадими? Мен айтган одамга учрадингми? — деди. Эшбоев унинг мақсадини англаб: қисқагина баён қилди:

-Мирисаев учинчи танаффусдан кейин мактабдан чиқди. Изидан бордим. У тўғри икки «Б» квартал, 32-уйга борди. Еттинчи йўлакка бурилди. Қайси хонадонга кирганини билмай қолдим.

— Энди ўғлим, мажлисда бўлса, чиқар, мажлис деганлари бир соатдами, бир кундами тугайди. Тоқат қилиб кутгин. Институтда ўқиш осон деб ўйловмидинг? Кетидан қолма ўша одамнинг. Иложини қилсанг, мажлис тугаши билан менга хабар бер. Ишим кўп эмас, балки борарман. Биламан қаердалигини, мажлис ўтказаётган одамни ҳам танийман.

Майор гўшакни жойига илди-ю, Қамариддинга қараб олди. Йигит унинг гапларини эшитмагандай ўтирарди. Солиев тилхатни ёзиб, унга тутқазди:

— Мана, олинг. Участка инспекторининг айтишича, сиз кинохона олдида балоғатга етмаган болаларни тўплаб ўтирармишсиз?

— Мен тўпламайман уларни. Мен ёлғиз ўтираман, уларнинг ўзлари келишади атрофимга. Нима, ҳайдаб юборайми?

— Қизиқ, нима учун сизнинг олдингизга келишади?

— Яхши одам деб ўйлашса керак-да. Ахир улар сизларга ўхшаб паспортимни текшириб кўришмайди-ку?

— Ўтмишингизни билишмайдими?

— Билишади, мен улардан яширмайман. У ёқдаги гаплардан гапириб бераман.

— Гапингизда мантиқ йўқ. «Яхши одам деб ўйлашади», «паспортимни текшириб кўришмайди» дейсизу яна «ўтмишимни яширмайман» ҳам дейсиз.

— Гапингиз қизиқ, ўртоқ майор, қамалиб чиққанлар орасида яхши одам бўлмайдими? Мана, сиз яхши одамсиз. Пичинг қилаётганим йўқ, тўғри маънода айтяпман. Лекин, у болалар сизнинг атрофингизда тўпланишмайди. Нимага? Милиционер бўлганингиз учунми? Йўқ, сиз у болалар билан гаплаша олмайсиз. Биринчидан, вақтингиз йўқ, иккинчидан нимани гаплашишни билмайсиз. Мен ҳам яқиндагина бола эдим. Мен ҳам дилдан гаплашадиган одамга зор эдим. Йўқ эди шунақа одам, эшитяпсизми, йўқ эди!

— Шундай одам йўқ, деб фараз қилайлик. Ҳозир сиз билан баҳслашишга фурсатим йўқ. Фақат бир нарсани айтиб қўяй, агар сиз ҳақ бўлганингизда атрофингизда беш-олти эмас, беш юз, олти юз бола тўпланарди.

— Сиз бир кунда нечта бола билан гаплашганимни санамагандирсиз?

— Керак бўлса санайман. Сиз кўпроқ қайси болалар билан бирга юрасиз, менга шунисини айтинг. Шамилдан бошлайверинг.

Қамариддин майорга кулумсираб қараб турди-да, уч-тўрт боланинг исмини айтди. Асрор билан Салимнинг номини тилга олмади.

— Ҳаммасининг оти эсимда турмайди, — деди у.

— Ҳа, баъзиларини унутибсиз. Масалан, Салим деган болани. Эсингиздами, боксчи бола...

— Ҳа, Салимни унутибман айтишни.

— Ҳозир у қаерда, билмайсизми?

— Анчадан бери кўринмай қолди. Фарғонадан қайтганимиздан бери кўрмадим.

— Бирга борганмидинглар?

— Ҳа, айтишни унутибман. Бирга бўлувдик сафарда.

— Кўринмай қолганидан хавотирланмадингизми, уйига бориб хабар олмадингизми?

— Уйини билмайман. Шу кинохона олдида учрашиб турардик. Кетаётганимни эшитиб, эргашди. Мендан нима кетди, ёнимга олдим.

— Яхши, сизга рухсат.

— Раҳмат, мен саволларингиздан ҳеч нимани тушунмадим — бир боғдан келдингиз, бир тоғдан. Жиноят қидирув бўлими бекорга чақирмас рецидивистни?

-Вақти келса тушунасиз.

— Лекни айтиб қўяй: ҳозир замон бошқа. Бировнинг айбини мажбуран юклаб қамаворадиган даврлар ўтиб кетди.

— Буни мен жуда яхши биламан, хайр.

Қамариддин ўрнидан оҳиста қўзғалди. Оғир-оғир қадам босиб, хонадан чиқди. Кўчада қадамини тезлатди: майор уни кузатиб тургандир. Тезроқ унинг назари етмайдиган ерга бориб, ўйлаб олиши керак. Нима қилсин? Қочиб, изини қуритиб кетсинми? Ё тақдирга тан берсинми? Ё майорни чалғита олармикин? Йўқ, бу қари тулкини алдаш қийинга ўхшайди. Билетни олиб қолди. Энди вагон проводнигини топади, сўрайди. У галварс ўзидан қўрқиб тўғрисини айтади. Ё уни топиб ўлдириб юборгани маъқулми?

Милиция биносидан узоқлашаётган Қамариддинни шу саволлар исканжага олган эди.

Бу саволларга жавоб топгунча уни ҳоли қўяйлик. Дераза оша унга қараб турган майор Солиев ҳам ўз ишлари билан шуғулланиб турсин. Биз лейтенант Эшбоев кўз узмай пойлаётган уйга борайлик. Асрор изидан одам тушганини хаёлига ҳам келтирмай Қамариддинникига кетган эди. Қани, борайлик-чи, у ерда нима гап экан?

ОҚИБАТ

ёхуд барча чигалларнинг ечилиши ҳақида сўнгги ҳикоя

Эшикни Қамариддиннинг онаси очди. Асрорни кўрди-ю, «Вой, худойим сенмидинг?» — деб кўкрагига туфлаган бўлди. Асрор унинг «чўчитиб юбординг-а», дейишини, сўнг қўлини олиб кўкрагига босишини кутган эди. Хайрият, бундай бўлмади. У кутилмаганда:

— Келганинг яхши бўлди-я, — деб Асрорни ичкари бошлади.

— Ўртоғингнинг аҳволига қара, — деди у, Салим ётган хона эшигини ланг очиб. — Уволига қоласанлар, девдим-а!

Асрор Салимни кўриб, қўрқиб кетди. Ранги докадай оппоқ Салимнинг кўзлари ярим юмуқ, нафас олиши оғир эди. Худди биров бўғаётгандай хирилларди.

Асрор унга яқинлашиб энгашди.

— Салим... — у Асрорнинг овозини эшитмадими ё танимадими, индамади. Кўзини ҳам очмади — бирдай ётаверди. — Салим! — деди Асрор баландроқ овозда. Салим бу сафар ҳам кўзини очмади. Бу аҳволни кўриб, Асрорнинг қўл-оёқларидан жон чиқиб кетгандай бўлди. Орқасига ўгирилиб, эшик кесакисига суяниб турган Қамариддиннинг онасига қаради.

— Ҳозир тез ёрдам чақирдим, бу ёққа юр, — у шундай деб кархат турган Асрорни қўлидан тортиб катта хонага бошлади. — Эшитиб ол: уни танимайман, сени ҳам. Уни йўлакда беҳуш учратиб қолдим, сен кўчадан ўтиб кетаётган эдинг, менга ёрдамлашдинг, тушундингми? Анграйма, Қамариддинга унинг аҳволини ўзинг айтасан. Энди эсларингни йиғиб олларинг. Шу пайтгача сўрамовдим, сен энди менга айт: нима қилувдиларинг? Ўғриликка тушдиларингми ё бировни ўлдирдиларингми? Айт! — у шундай деб Асрорнинг қўлини силтади.

Асрор гапирай деса тили айланмади.

— Серраймай ўл, сен, —деди аёл уни нари итариб. — Нима қилган бўлсаларинг ҳам кунларинг битганга ўхшайди. Изларингга одам тушган. Агар бу бола бир нарса бўлса, ўзларингга ёмон. Яхшиси, танимаймиз, деб турларинг.

Эшик қўнғироғи чалиниб, аёлнинг гапи бўлинди.

Қамариддиннинг онаси докторга «бўлиб ўтган воқеа»ни — нотаниш болани йўлакда бехуш учратиб қолганини, сўнг уни «не азоблар билан» бу ерга олиб чиққанини айтиб берди. Доктор Салимга яқинлашди-ю, дарҳол билак томирини ушлади. Сўнг мижжаларини қайириб кўрди-да, эшик оғзида турган Асрорга қараб:

— Тез пастга тушиб шофёрга айт, замбилни олиб чиқсин, — деди.

Салимни машинага жойлашгач, доктор Қамариддиннинг онасига қараб сўради:

— Сиз бирга борасизми?

— Менми? Уни танимасам... Шартми?.. — деди у бош чайқаб.

— Мен бораман, — деди Асрор ва докторнинг рухсатини кутмай машинага чиқиб ўтирди.

Доктор шофёрнинг ёнига эмас, орқага, беморнинг ёнига ўтирди-да, дарчани очиб, «тезроқ ҳайда» деб буюрди.

Машина қиёмат қичқириғини чалиб, елиб кетди.

— Бу болани танийсанми? — деб сўради доктор.

— Ҳа... йўқ... сал-пал танийман, — деди Асрор гарангсираб.

— Уйини билсанг, хабар қил, аҳволи оғир.

Асрор «доктор яна бир нарса дермикин» деб унинг оғзига тикилиб қолди. Лекин, у бошқа гапирмади.

Касалхонага боришгач, Асрор қабулхонада қолди. Салимни ичкари олиб кириб кетишди. Асрор минг хаёлга бориб, беҳол ўтирди: «Салим ўлиб қолса нима қиламан?», «Қамар қачон келади ё мени алдаб қочвордими?», «Салим қулупнай девди, шуни еса балки тузалиб кетармиди, нимага олиб келмадим?», «Қамарнинг онаси нима деди? Изларингга одам тушган дедими? Ким тушади? Мактабга борганларми?»

Бу хаёлдан бир сесканди. Дарвоқе, у мактабдаги савол-жавобдан кейин талвасага тушган эди. Асрор лейтенантни танирди. Лекин, «тренер»ни танимади. Унинг «тренер» эканига унча ишонмади ҳам. Тренерга Салим керак бўлса Асрордан сўрайдими? Салимни ўтган йили ўзлари ҳайдаб юборишган. У боксга унча қатнамаган ҳам. Бирон бир мусобақага қатнашганини Асрор эслолмайди. Шундай экан, унинг тренерга зарур бўлиб қолгани Асрорга ғалати туюлди. Хўш, унда бу одам ким, нима учун Салимни қидиряпти? Ё ўша ғира-ширада биров Салимни таниб қолганми?.. Асрор дарсда ана шу муаммолар чиғириғида эзилди. Юз ўйласин, минг ўйласин, саволларга тайин жавоб топа олмади. Юраги қафасдаги ночор қуш каби питирлаб, беҳаловат қилди. Охирги дарсда ўтиришга тоқати етмай, танаффус маҳали секин жўнаб қолди. У «Қамариддинникига бораман» деган аҳд билан чиқмаган эди. Лекин, оёқлари беихтиёр ўша ёққа бошлади. Ахир у қайга ҳам борсин? Ҳозир унга ким маслаҳат беради, ким тўғри йўл кўрсатади? Қамариддин! Унинг суянадиган тоғи ҳам, қалқони ҳам шу Қамариддин!

Асрор паноҳ излаб келиб, кутилмаган мусибатга дуч келди. Мана энди ҳаммаси бир бўлди-ю, болани бўғиб ташлади.

«Тез ёрдам»да келган врач чиқиб, Асрорни чақирди:

— Бу ёққа кел, сени кетиб қолдингми, деб ўйлабман.

Асрор унга итоаткорлик билан эргашди. Узун даҳлиздан юриб, ўнгдаги хонага киришди. Телефонда гаплашаётган оқ халатли киши уларни кўриб:

— Ҳозир, бир дақиқага, мен сўраб биламан, — деб Асрорга мурожаат қилди: — Беморнинг исми-шарифини айт. Ёши нечада, қайси мактабда ўқийди?

Асрор имтиҳонга кирган билими саёз боладай дудуқланиб жавоб берди. Бу орада «Тез ёрдам»даги врач хайрлашиб чиқиб кетди. Оқ халатли киши эса телефондаги гапини давом қилди:

— Ҳа, ўртоқ капитан, бу тан жароҳати, ҳозирча пичоқ урилган деган тахминдамиз. Чамамда бир ҳафта, ўн кун аввал. Қон кўп йўқотган. Бунинг устига инфекция. Аҳволи оғир, бир нима дея олмайман. Ҳамма чоралар кўриляпти.

«Милицияга айтяпти!» Асрорнинг миясига биров чўқмор билан ургандай бўлди. Вужудини ўраб турган булут тарқаб, фикри бир оз равшанлашди. Ундаги барча туйғулар булут билан бирга тарқаб, фақат қўрқувгина қолди. Қўрқув одамни тез чора-тадбир кўришга ундайди. Одам тўғри ё нотўғри қадам босаётганини билмаса-да, тез ҳаракат қилади. Қўрқув одамни ҳалокатга олиб чиқмоқчи бўлади, аммо кўп ҳолларда бунинг акси юз беради, қўрқув тўғри тубсиз жарга бошлайди. Асрор ҳозир ана шу қўрқув чангалига тушди. Аста тисарилиб, даҳлизга ўтди. Эҳтиёткорлик билан, овоз чиқармай бир-икки қадам босди. Кейин қадамларини тезлатди. Кўчага чиқиб олгач, югурди. Қанча югурди, билмайди. Бозор олдидаги майдонда бир-икки одамга урилиб, сўкиш эшитгач, ўзига келди. Тўхтаб турган трамвайга чиқди. «Энди Салимга нима бўлади? — деб ўйлади у. — Шу ярадан ҳам ўлиб кетаверадими? Энди уни пичоқлаган одамни қидиришади. У одам эса ўлиб кетган. Энди ким айбдор? Ўша одам... у бошламаганда...»

Асрор ўша манзарани эслаб, алам билан инграб юборди. Муштумини қаттиқ қисди. Бирдан ўша одамнинг овозини эшитгандай бўлди: «Ҳа, ҳаромилар, кутиб турувдиларингми, уруғни қурутиш мана бунақа бўлади».

Асрор ҳозир ҳам шуни эслади. Ҳозир ҳам саволга жавоб топмади. Топа олмасди ҳам. Пивохона ичидаги машмашадан на у, на бошқалар хабардор эди. Миртиллаев Салимни Келдиёровнинг шериги деб гумон қилгани ҳам уларга номаълум эди. Бу гумонни Миртиллаев ўзи билан бирга олиб кетди.

Қани эди ўша одам Асрорга энди кўринса, энди хўрсинса, энди имлаб чақирса... Асрор унга айтадиганини энди билади: «Биз эмас, сиз қотилсиз, сиз ёш бир болани ўлдирдингиз, кетинг кўзимга кўринманг!»

«Ўлдирдингиз?.. — Асрор хаёлига келган бу сўздан сесканди. — Ўлгани йўқ-ку? Аҳволи оғир дейишди. Докторларнинг ҳаммаси шунақа ваҳима қилади. Ёш бола шу ярадан ўлиб кетаверадими? Йўқ!!!»

Асрор ўрнидан туриб ўзи сезмаган ҳолда беихтиёр атрофга аланглади. Кейин хаёлини жамлаб «опоқимга хабар бериб қўяй» деб автобус бекати сари юрди.

Салимникига бораверишда анҳор кўпригидан ўтаётиб сувга қаради. Нима учундир ўша одам кўринмади. Худди қотиллигини билиб яшириниб олгандай.

Салимнинг онаси одатдагидай ҳовлида ивирсиб юрарди. Асрорни кўриб унга пешвоз чиқди. Авваллари бундай қилмасди, саломига алик олиб, ишини давом эттираверарди.

— Ўртоғинг қани? — деди у, саломга алик ҳам олмай. — Кеча милисалар қилириб келишди.

— Салим... касалхонада.

— Қанақа касалхонада? Нима бўлди унга?

— Билмадим... оёғи синганмиш...

— Тўхта, мени бирга олиб борасан. Бир гап бор сен зумрашаларда.

Салимнинг онаси бир одми кўйлакни иккинчи одми кўйлакка, оёғидаги эски калишни арзон туфлига алмаштириб тезда чиқди. Шошганидан бошидаги оқ сурп рўмолни алмаштиришни унутди. Касалхонага етгунларига қадар: «Бир гап бор, сен зумрашаларда» деб уч-тўрт қайтарди. Асрор индамади. Бахтига аёл уни сўроққа тутиб, сиқувга олмади.

Асрор уни тўғри қабулхонага бошлаб кирди. Даҳлизни кўрсатди-да, «ўнг қўлдаги охирги катта эшикда ўтиради каттаси» деди. Ўзи эса тез-тез юриб бораётган аёл ортидан қараб қолди. Дам ўтмай даҳлиз адоғидан «Вой, боле-ем!» деган фарёд эшитилди. Асрор кўчага қандай чиқиб қолганини ўзи ҳам сезмади. Қайси кўчаларда, қанча вақт юрганини ҳам билмади. ўира-шира қоронғилик туша бошлаганида орқасидан кимдир чақирди. Овоз таниш эди, аммо дарров ажрата олмади. Иккинчи марта чақирганида таниди — Қамариддин! Дарахт панасида турибди: беркиняпти, демак, аҳволи чатоқ.

— Бу ёққа юр, — Қамариддин шундай деб қадамини тезлатди. Асрор шундагина атрофга аланглаб, уйига яқинлашиб қолганини фаҳмлади. У ҳам қадамини тезлатиб, Қамариддинга етиб олди.

— Салим... ўлди, — деди у, томоғига нимадир тиқилиб.

Қамариддин шарт тўхтаб, уни ёқасидан олди.

— Ким айтди?

— Бордим, дўхтир...

— Бекор айтади, ўша дўхтир. Бунақа ярадан одам ўлмайди. Юр, тез, гап бор.

Катта кўчага чиқиб машина тўхтатишди-да, шаҳар чеккасига йўл олишди. Кооператив қаҳвахонага кириб, бурчакдаги алоҳида бўлмага ўтишди. Қамариддин елкасига осиб юрган спортчиларнинг чарм халтасидан бир шиша ароқ чиқариб стул панасига қўйди-да, халтани Асрор томон сурди.

— Вазият ўзгариб қолди, пулларнинг ҳаммасини сенга қолдираман. Ярми сеники. Ярми... отишга ҳукм бўлмасам, чиққунимча асрайсан. Отилсам... Салим икковинг бўлишиб олаверларинг. Бу пуллар ўғрилик эмас, ҳалол. Уни муттаҳамлар давлатдан ўғирлашган, биз эса улардан тортиб олдик.

Қамариддин шишани очиб қадаҳга тўлдириб қуйди-да, сесканмай ичиб юборди.

— Бўладиган иш бўлди, братишка. Айб ўзимда. Сенларга гард юқтирмайман. Менинг бориб юрган жойим. Менга бало ҳам урмайди. Эрталаб ўзим бораман. Аммо бу кеч ҳисоб-китобли ишим бор.

Официант овқат келтириб қўйди. Қамариддин қадаҳни яна тўлдирди-да, ичиб юборди. Овқатдан бир-икки чўқилаган бўлди. Асрор эса овқатга қўл ҳам урмади.

— Братишка, сен мени унутма! — Қамариддин шундай деб Асрорни қучиб олди-да, пешонасини пешонасига босди. — Мен ёмон одам эмасман, яхши одам бўлишни истардим. Лекин, бунга йўл қўймадилар... — унинг овози титради. — Энди сен... одам бўл! Лекин, эҳтиёткорликни унутма, сени ҳам эгиб ташлашлари мумкин. Мен бўш келдим, сен бўш келма. Ана пулинг бор, тўғри йўлингдан кетавер. Биз ҳали учрашамиз. Братишка, дунёда энг буюк зот ким, биласанми, она, а? Мен бугун ўша буюк зотлардан бирини ўлдираман...

Асрор сесканиб бошини тортиб олмоқчи эди, Қамариддин қўймади.

— Ҳа, братишка, шунақа қилмасам бўлмайди. Сен менинг судимга бор, гапларимни эшит, хўпми? Энди бор, ҳаммасини унут. Аввал қандай яхши бола бўлган бўлсанг, шундайлигингча юравер.

Қамариддин уни қўйиб юборди-да, чўнтагидаги битта ўнталикни чиқариб, қўлига тутди.

— Машина тўхтатиб, уйингга бор. Мен кечроқ кетаман. Менга гапирма, жўна! — шундай деб халтани Асрорнинг елкасига илди-да, енгилгина мушт туширди.

Асрор «Қамариддин чиқиб қолармикин» деб кўчада анча кутди. Кейин аста юра бошлади. Қанча юрганини билмайди. Бир вақт ундан сал нарида машина тўхтаб, ундан... Қамариддин тушди.

— Нима, уйингга яёв кетмоқчимисан? — деди у зарда билан. Асрор машинага ўтираётганда елкасига бир мушт урди. Бу галги мушт қаттиқроқ тушди.

Қамариддин уйидан бир кўча берида машинани тўхтаттирди.

— Шеф, укамизни сал нарига олиб бориб қўясиз, пулини шу тўлайди, — деди-да, эшикни қаттиқ ёпди.

Асрор ҳам уйига етмай машинани тўхтаттириб, тушиб қолди.

Онаси Асрорни хавотир билан кутяпти. Энди нима деб кириб боради уйига? Асрор тўхтади. Бир зум турди-да, орқасига қайтди.

Бу орада Қамариддин уйига яқинлашиб қолган эди. У дарахт панасига ўтиб, деразасига қаради. «Чироқ ёниқ, буюк зот уйғоқлар» деб ўйлаб, сигарет чиқариб тутатди. Бир-икки чуқур-чуқур тортди-да, уй томон юрди. Бирдан муюлишдаги «Волга»га кўзи тушиб тўхтади. Ялт этиб деразага қаради: чироқ ўчди. У шошиб орқасига чекинди. Қўшни уй панасига ўтиб, кузатди: бир йигит унинг йўлагидан шошиб чиқиб шу томон келаверди. Қамариддин турган ерга яқинлашиб, аланглади.

— Оғайни, битта чектирмайсанми? — деди Қамариддин жойидан жилмай.

Йигит унга ялт этиб қаради.

— Ие, Граф, бу ерда нима қилиб юрибсан, мени қидиряпсанми?

Талъат Қамариддинни таниди, нима қиларини билмай туриб қолди.

— Бу ёққа кел, гап бор. Қўрқма, тегмайман сенга, кимлигингни биламан, — деди Қамариддин.

Талъат унга юзма-юз бўлди.

— Чектирмайсанми?

— Мен чекмайман.

— Ақлли бола экансан. Лекин ишни билмас экансан. Биринчи кўришимдаёқ билганман кимлигингни. Гап бундай энди: майорингга айтиб қўй, ўзим бормоқчи эдим эрталаб, халақит бердиларинг. Мен ишимни чала ташлаб кетолмайман, бир оз кутишларинг керак энди. Сувдан топган одамларингни мен ўлдирганман. Тутинган укамга пичоқ санчувди бир уриб, сувга отиб юбордим. Ма, пичоғини олиб қўй, — у шундай деб рўмолчага ўралган пичоқчани узатди.

— Бўйнингга олганинг яхши, юр, — деди Талъат пичоқчани олиб.

— Э, йўқ, айтдим-ку, чала ишим бор, деб. Эрта бўлмаса индин бораман, айтиб қўй.

Қамариддин шундай деб кетмоқчи эди, Талъат унинг елкасидан ушлади.

— Э, оғайни, бунақа ишинг менга ёқмайди. Сен билан яхшиликча гаплашдим-ку?

— Жиннилик қилма, юр.

— Шунақами, юр бўлмаса, — Қамариддин унинг олдига тушди. Уч қадам юрмасдан кескин ўгирилди-да, кафтининг қирраси билан Талъатнинг бўйнига урди. Кейин дарахтларни паналаб югуриб кетди. Талъат ўзига келиб, ўрнидан турганида унинг қораси ўчган эди.

... Асрор уйидан узоқлашгач, қадамини тезлатди. У Қамариддинни бу машъум ишидан тўхтатиб қолиши лозимлигини фаҳм этган эди. Шу онгача у Қамариддиннинг итоаткор қулидай ҳаракат қилди. Пулни ол, деди — олди; уйингга кет, деди — кетди. Лекин уни тўхтатиб қолиши мумкинлиги, зарурлигини ўйлаб кўрмабди. Мана энди ақли ишлаб қолди.

У Қамариддиннинг уйига бурилди-ю, тўхтади. Қамариддиннинг йўлаги олдида турган «Волга», унинг атрофидаги одамларни кўриб «Тамом!» деб ўйлади. Ўзидан эллик қадамча нарида чироқ ёруғида турган «тренер»ни ҳам, гарданини ушлаб турган «пивохона ишчисини» ҳам таниди. Таниди-ю, оёғидан мадор кетиб деворга суяниб қолди. Кейин орқасига тисарилиб, уйларни паналаб кетди.

Оёқлари уни анҳор лабига олиб чиқди. «Нимага бу ерга келдим? — деб ўйлади у, таққа тўхтаб. — Ҳа, пулни Салимларникига ташлайман. Мен нима қиламан шунча пулни?..» У шу хаёл билан кўприк сари юрди. Сувда нимадир шалоплади. Асрорнинг назарида кимдир сувдан чиққандай бўлди. Асрор югурди. Кўприкдан ҳам югуриб ўтди. Салимникига юз қадамча қолганда таққа тўхтади. Салимнинг уйида чироқ ёниқ. Кўчада одамлар турибди. Асрорнинг юраги орқасига тортиб кетди. «Салим... Салим...» деб пичирлади лаблари. Аста орқасига тисарилди. Тошга қоқилиб йиқилди. Елкасидаги чарм халта учиб тушди. Кимдир хўрсинди. «Ким хўрсинди, Салимми, ё анави одамми?» деб ўйлади Асрор ўрнидан тураётиб. Ўрнидан турди-ю, боши айланиб ўтириб қолди. Яна кимдир хўрсинди. Асрорнинг кўзи тинди. Сувда нимадир шалоплади. Асрор қаради — бақирмоқчи бўлди, овози чиқмади, бўғиқ хириллади. Сувдан ўша одам бел баробар чиқиб турибди. Кулади. Қўлида қонга беланган Салим. Салим хўрсиняпти...

«Сен келмадинг, мана Салимни чақирдим. У келди».

«Қўйиб юборинг уни, ўзим бораман».

«Жонингга тегдими ҳаммаси?»

«Жонимга тегди».

«Кел бўлмаса».

«Бораман, Салимни қўйиб юборинг. Салим, мана буни ол, Қамар берди».

Сув шалоплади. Дам ўтмай қоронғилик босиб турган лойқа сувда Асрор кўринмай қолди.

Спортчиларнинг чарм халтаси эса енгил кемадай чайқалиб-чайқалиб тўғон сари оқиб борарди...

ХОТИМА

Ярим тун. Онда-сонда осмон бағрини, ер юзидаги осудаликни бузиб, самолётлар учиб ўтади. Чигирткалар чириллайди. Одамлар уйқуда. Гўё ҳаммаёқ осуда, гўё ҳаммаёқда хотиржамлик. Бизга шундай туюлади. Аммо биз бир неча соат ёки дақиқа илгари қаердадир, балки шу шаҳарда балки йироқ қишлоқда ўғрилик қилинган ёки одам ўлдирилган бўлиши мумкинлигини ўйламаймиз. Шундай воқеага дуч келсак, жабрдийдаларга раҳмимиз келади, жиноятчиларни лаънатлаймиз. Кейин ўз юмуш, ташвишларимизга банди бўлиб қолаверамиз.

Мен ҳозир Асрор ва унинг шериклари ҳақидаги қиссамга нуқта қўйиб шуларни ўйлаб ўтирибман. Атрофимизда Асрорга, Салимга, Қамариддинга ўхшаганлар йўқ эмас, бор. Биз баъзан уларни кўрмаймиз. Баъзан кўриб кўрмаганга оламиз. Баъзан эса очиқдан-очиқ нафратланамиз, ҳазар қиламиз. Шу инсофданми, деб ўйлайман. Шу ҳам одамийликка кирадими?

Қиссага нуқта қўйилди. Ортиқча гапга ҳожат йўқдир. Энди уни эрта ё индин болалар колониясига олиб боришим керак. Унда асарни Аҳбор кутяпти. Ўқиб берганимдан сўнг у нима деркин? Асар сизнинг эътиборингизга ҳавола этилса, сиз нима дейсиз, муҳтарам китобхон?

АЛВИДО... БОЛАЛИК

Қисса

«Ҳозир қўлимга милтиқ бериб қўйишса-ю, дарвозадан отам билан онам кириб келишса, шартта отардим. Ана ундан кейин ўзимни ҳам отиб юборишса майли. Йўқ, аввал суд бҳлиши керак. Судда гапиришим шарт. «Боласини ташлаб кетган ота-онанинг жазоси шу», дейман. «Тирик етимлар, ҳаммангиз аблаҳ ота-оналарингизни топиб, отиб юборинг. Ёлғон гаплар тўқиб, уларни яхши одам қилиб кўрсатманг бир-бирларингизга. Аямай, отиб ташланг!» дейман. «Тирик етимларга милтиқ беринглар!» дейман! Ана шундан кейин мени отишса ҳам майли...»