Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»«Бобурнома»да Навоий ҳақидаги маълумотлар
Facebook
«Бобурнома»да Навоий ҳақидаги маълумотлар PDF Босма E-mail

«Бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан ҳар қанча  фахрлансак  арзийди. Ўзбек  халқининг  довруғини дунёга торатган улуғ  аждодларимиздан  бири ўлароқ, ул  зот  бизни  тарихимизни  қадрлашга  келажакка  буюк  ишонч билан қарашга  ўргатади» И.Каримов.

«Бобурнома» асарида 1551 киши  номи  тилга  олинган. Улар ичида  жуда кўп тарихий шахслар (Темурий   ҳукмдорлар, ҳарбий амалдолар. Илм-фан ва санъат намояндалари)нинг  шоир машоирлари (портретлари) ва руҳиятлари моҳирона чизилган, уларнинг  хатти-ҳаракатлари, фаолиятлари  баёни  орқали шахсий  хусусиятлари (характерлари) очиб  берилган. Тарихий  шахсларнинг қиёфалари ва фазилатларини ёритганда, Бобур уларга нисбатан ҳаққоний муносабатда бўлишга, уларнинг яшаш тарзи ва шароитидан келиб чиқиб, феъл-атворларининг энг муҳим жиҳатларини  мумкин қадар аниқ  ва ихчам  ибораларда,  лўнда ифодалашга  ҳаракт қилган.
«Бобурнома»да Навоий  ҳақидаги фикрларни  кўздан кечирайин.
Бобур Навоий  билан учрашмаган бўлса-да, лекин ёшлигидан унинг  шахсига ва ижодига катта  меҳр –муҳаббат билан  тарбия  топган. Бобур туғилган йили Навоий  буюк «Хамса»ни ёзишга  киришган, Самарқанд  тахтини  эгаллаган 1498 йили эса Навоий  «Хазойин-ул маоний» девонини тузган эди.
Бошқа тарихий асарларда: Жомийнинг «Баҳористон», Ҳусайн  Байқаронинг  рисоласи, Восифийнинг «Бадойи ул- воқее»,  Хондаларнинг «Макориш ул аҳлоқ» каби асарларида Навоий ҳақидаги маълумотларда,  асосан васф ва мақтовни кузатамиз. «Бобурнома» асарида Алишер Навоийга  юксак  баҳо  бериш билан бирга,  айрим ўринларда танқидий  фикрларни  ҳам кузатамиз.
Бобур «Бобурнома» асарида Навоий номини 16 марта тилга олади.
«Бобурнома»да 1505-1506 йил воқеалари баён қилинар  экан, Ҳусайн Байқаро  ҳақида маълумот  берилаётган ўринларда Алишер  Навоийга  ҳам тўхтайди. Жумладан, шундай  фикрларни  кузатами: «Алишербек  назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким  онча кўп ва хўп айтгон эмас». Бу  ўринда шуни таъкидлаш  жоизки, Навоийнинг туркий  тилда  «кўп ва хўп айтғони»  мана шу  шаклда  биринчи  марта  Жомий  томомнидан айтилган. Жомий Баҳористон китобининг 7-бобида Навоий  ҳақида  сўз юритиб, ана  шундай  образли фикр айтган эди.
Бобур давом этади: олти маснавий  китоб  назм  қилибтур, беш «Хамса» жавобида,  яна бир «Мантиқ-ут тайр» вазнида  «Лисон-ут тайр» отлиқ. Тўрт ғазалиёт девони тартиб  қилибтур: «Ғаройиб ус сиғар», «Наводир-уш шаббоб», «Бадойи-ул васат», «Фавоид-ул кибар» отлиқ. . .яна «Мезон-ул авзон» отлиқ аруз  битибтур, бисёр мадхулдур. Йигирма тўрт рубоий вазнида тўрт  ғакот қилибтур»
Кўринадики, Бобур  Навоийга  танқидий  муносабатда бўлмоқда. Навоий  арузнинг мураккаблигини тушунган  ҳолда  китоб  охирида шундай ёзган эди: Илтимос бу фан  аҳлидин улким, ҳар  ерда саҳв ва хато воқеъ  бўлмиш бўлса, эътироз  била  ўтмагайлар ва қалами била тузатгайлар.       
Бобур «Бобурнома»да Навоий  хатолари ҳақида  фикр айтса-да, «Мухтасар» асарида  бу  ҳақда  тўхталмайди. С. Хасанов  фикрига кўра, Бобур аввал  котиблар  томонидан  нотўғри кўчирилган  нусхани кўрган  бўлса, «Мухтасар»ни  битишдан аввал  тўғри   матнни  кўрган  бўлса керакки, Навоий  хатоларига  тўхтамаган.
Бобур давом  этади: форсий  девон  ҳам  тартиб  қилибтур  форсий  назмда  «фоний»  тахаллус  қилибтур,  баъзи  абёти ёмон  эмастур, веле  ансар  суст  ва  фурудтур». Яна  танқидий фикрига  дуч  келмоқдамиз.     Бу баҳо китобхонни  ўйлантиради. Бобур янглишдимикин? Ёки чиндан ҳам «Девони форсий»даги шеърлар «суст ва бўш»ми? Туркий тилда «кўп ва хўп айтқон», «яхши рубоёти бор» шоирнинг форсий девонидаги асарлари нега «суст ва фуруд»? Тожик адабиётшуноси А. Мирзаев «Девони фоний»даги ғазаллар Ҳофиз, Жомий ғазалларига ҳамоханг бўлиб, ғоявий-бадиий жиҳатдан улардан  қолишмаслигини кўрсатган. Э.Шодиев Навоийдан бошқа фоний тахаллусли шоирлар ҳам борлигини айтиб, Бобур ўшалардан бирининг девонини кўрган бўлса керак, деган фикрни айтади. «Мажолис-ул нафоис» тазкирасида 12 та фоний тахаллусли шоир ҳақида маълумотлар бор. Бизнингча, Бобурга Навоийнинг туркий тилдаги асарларига нисбатан форс тилидаги лирик   меросининг бўшроқ кўринишининг  сабабини тил имкониятларидан  қидирмоқ керак. Туркий  тилнинг  сержилолиги, ифода  имкониятларининг  бойлиги юқоридаги Бобур баҳосига сабаб бўлган. Унга «Хазойин-ул маоний»даги шеърларга нисбатан «Девони фоний»даги  шеърлар бўшроқ  кўринган.
Бобур Навоийнинг  мусиқадан Хабардор  эканини, ўзи  куйлар яратганини  қайд этади: яна мусиқада яхши нимахор боғлабтур. Яхши нақшлари ва яхши пешравлари бордур»
Навоий адабиёт ва санъатнинг  чинакам хомийси эди. Талантли ва иқтидорли  кишиларни қадрлар, уларга моддий ва маънавий кўмак берар эди. Хиротдаги ва бошқа  жойлардан  Хиротга келган иқтидорли кишилар Навоий кўмагида камолотга эришганлар. Бу  ҳақда Бобур шундай ёзади: «Аҳли фазл ва аҳли хунарга Алишербекча мураббий ва мунаввий маълум эмаски, харгиз пайдо бўлмиш бўлгай. Устоз  Қулмуҳаммад ва Шайхи Нойи ва Ҳусайн Удайнинг, созда  саромад эдилар, бекнинг тарбият ва тақвияти била  мунча тараққий ва шуҳрат  қилдилар. Устоз Беҳзод ва Шоҳ  Музаффар тасвирда бекнинг саъй ва эхтимоли била  мундоқ машҳур ва маъруф  бўлдилар. Мунча бинойи  ҳар ким, ул қилди, кам киши мундоққа муваффақ бўлмиш бўлғай.»
Маълумки, Навоий ўзини Аллоҳга бағишлаб, уйланмай ўтди. Бу масалани Бобур шундай  қайд этган: Ўғул ва қиз ва аҳлу аёл йўқ, оламни тавре  фард ва жорийда ўтарди. Аммо  Бобур бунинг сабабини  кўрсатмайди. Бугунги адабиётшунослик бу масалани турлича талқин этади.
Н. Аҳмедов «Тарихий шахслар талқини» (1988) номли китобида Навоий  уйланишга  қодир эмас эди, шунинг учун уйланмай  ўтган, деган фикрни беради. У исбот сифатида Бобурнинг қуйидаги фикрларини келтиради: «Алишербекнинг мижози нозук била машҳурдур». Аҳмедов «мижози» сўзининг маъносини нотўғри тушуниб, шундоқ хулосага келган. Бу сўз «табиат», «характер» маъносида  қўлланганни, бунинг исботи «Бобурнома»нинг шу ўринда айнан берилган: «Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эдилар. Андоқ эмас экандур, бу  сифат (яъни мажознинг нозирлиги-таъкид  бизники )  анга жабилли экандур. Самарқандта эканда   ҳам ушрукдоқ нозук мижоз  экандур».
Бу фикрнинг нотўғри эканлиги Зайлиддин Васифийнинг «Бадое-ул воқое» китобида келтирилган мана бу воқеа ҳам исботлайди. Бир куни Ҳусайн Байқаро ва Хадича бегим Навоийнинг уйланмаслик сабаби  масаласида тортишиб  қоладилар. Бу масалани ойдинлаштириш учун Давлатбахт исмли Хадичабегим канизакларидан бирини шеър кўрсатиш баҳонаси билан намоз асрдан сўнг Навоий  хузурига жўнатадилар. Канизак шом вақти бўлса ҳам, уни буни баҳона қилиб  кетишга шошилмайди. Навоий  бу  ҳила шоҳ ёки унинг хотини томонидан қурилганини тушуниб, канизакни мурод мақсадига етказиб кузатиб қўяди.
Х. Даврон эса «Сирли олам» журналида эълон қилган «Навоийнинг ички армони» номли мақоласида «Навоий  Хадичабегимни севган, унга Ҳусайн Байқаро уйлангач уйланмай ўтишга қарор қилган» деган фикрни айтади.
Бу фикр ҳам тўғри эмас. Чунки  Хадичабегим гўзал аёл бўлса-да Навоий   севадиган аёл эмас эди. Ўтмишда шаҳарнинг расмий  хотинларидан ташқари «ғунчачи», «ғулма» номлари билан  юришадиган хотинлари ҳам бўлган.
Ғулчаги шундай  хотин эдики,  у шоҳ ҳарамида  яшайди, шоҳ хоҳлаган вақтда у билан  учрашиб  туради. Ғулмалар  эса  бахти қаро  хотинлардир. Шоҳ  улар билан  бир  марта  учрашгач, қайта  учрашмайди. Улар  умрбод  шоҳ  ҳарамида  яшашга мажбур  аёллардир.
Ҳусайн Байқаро  Абу Саид Мирзо  тахтига ўтиргач, у  замон урушига кўра бутун ҳаром Ҳусайн Байқаро ихтиёрига ўтади. Хадичабегим гўзал ва айёр аёл бўлгани учун  шоҳнинг асосий  хотинлари  қаторидан жой олади. Аслида у шоҳнинг олтинчи  хотини эди. Ўғли Музаффар  Султонни тахтга ворис қилиш учун кўп ёмон ишларни амалга оширади. Ҳусайн Байқаро салтанатининг емирилишига асосий  сабаблардан бирига айланади.
Навоийнинг уйланмаслик сабабини бу дунёни ўткинчи  дунё деб тушуниши, чинакам бахтни Аллоҳ жамолига эришиш деб англаши, диний  эътиқодининг ўта кучли эканида деб тушунмоқ керак.
Халқ оғзаки ижодидаги ҳикояларда, бадиий асарларда бу  тимсол тўқима тимсол бўлиб, халқ ўзи севган Навоийни ёлғиз кўришни истамай, ўзи яратган  ҳикояларга Гули тимсолини олиб  кирган. Гули ҳақидаги фикрлар биринчи марта рус адабиётшуноси Семёнов асарларида учрайди. Семёнов Гули тимсолининг ҳаётий асоси йўқлиги, халқ томонидан киритилган тимсол  эканини кўрсатган.
Бобур берган маълумотга кўра Навоий шоҳ хазинасидан оладиган  маошини ҳам олмаган. Ўзи тез-тез шоҳ хазинасига  эхсонлар қилиб турган. «Мирзодин нима олмас, балки йилда мирзоға куллий маблағлар пешкош қилур эди».
Навоий Ўрта Осиёда Хўжа Аҳрордан кейинги энг бой одам эди. Унинг бир кунлик даромади ўн саккиз минг динор эди. Бу бойлик Навоийга шоҳ томонидан инъом қилинган ерлардан келар эди. Навоий бу бойликлар ҳисобидан  масжид, мадрасалар  қурдирди, кўприк ва йўллар барпо  этди, бева-бечораларда турли инъомлар қилиб турди, ихтидорли кишиларни қўллаб-қувватлади.
«Бобурнома»да Навоий қурдирган иморатлар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди: Алишербекнинг ўлтурур уйлариним, «УНСИЯ»дерлар, мақбара ва масжиди жоминининг «Қурсия» дерлар, мадраса ва хакакоҳким «Халосия» ва «Ихлосия» дерлар, ҳаммом ва  доруш-шифосиниким «Софоия» ва «Шифоия» дерлар».
Бобур Андижон шаҳри ҳақида маълумот берар экан, шундай  ёзган: «Эли турлдур, шаҳар ва  базорасида турки  билмас киши йўқтур. Элининг  лафзи қалаш бирла ростур. Ани учунким, Мир Алишер Навоийнинг мусанкафоти бовужудким Хирида кашъу нашо топибтур, бу  тил биладур.»
Бобур Навоий асарлари  тилига  Андижон шеваси асос  бўлган деган фикр  айтмоқда. Бобурнинг бу фикри  кўпчилик олимлар диққатини тортган. В. В. Бартольд бу фикрини ўша даврдаги маданий шаҳар  бўлган Андижонда тўғри тил, яъни адабий тилга  яқин тил билан гапиришган деб тушунмоқ керак, дейди. У Навоий Андижонда бўлган эмас деб кўрсатади.П.Т. Мелпоранский  сингари тилшунослар Навоий тилига  қайси шева асос бўлганини аниқлаш масаласига ишончсизлик билан  қарайдилар.
А. Ю. Яқубовский, Н. К. Юдалик, В. Абдуллаев, Х. Раззоқов  Х. Донёров каби олимлар Навоий  асарлари  тилига  Андижон  шеваси асос бўлганини айтадилар.
Бизнингча, Навоий асарлари тилига  бир шевагина  асос бўлган дейиш  тўғри эмас. «Мухокамат-ул луғатайн» асарини ўрганиш шуни кўрсатадики, Навоий туркий тил  шеваларини пухта билган, туркий тил бойлигини кўрсатишда  улардан кенг фойдаланган.
Шунинг учун В. В. Бартольд таъкидлаган Андижон шеваси Навоий асарлари учун асос бўлиш  билан бирга, Навоий бошқа шевалардан ҳам фойдаланган. Бунга қўшимча, Навоий асарлари тилида  Хирот  адабий- мактаби шоирларнинг оғзаки   ва  ёзма  нутқлари ҳам  катта  хизмат  қилган.
Навоий камолотида унинг  ҳомийлари ҳам катта  роль ўйнаган. Навоийга Абдулқосим Бобур, Ҳусайн Байқаро, Аҳмад Хўжабек, Кажот Турбатий каби кишилар хомийлик  қилганлар. Навоийнинг  Машхад, Самарқанд  мадрасаларида  ўқиган  чоғлари  шаҳар  хомиси Аҳмад Хўжабек  Навоийни  қўллаб турган. Бу ҳақда  «Бобурнома»да  шундай маълумотлар учрайди: «Мир Алишер Навоий Хиридин Самарқандга  келган фурсатлар  Аҳмад  Хожибек бина бўлур эди». У «Вафоий тахаллуси билан  шеърлар ёзар эди».
«Бобурнома»да Навоий ва Аҳмад Хожибек муносабатлари берилса-да, Навоий ва Камол Турбатий  муносабатлари берилмаган. Навоий Машҳад шаҳрида  Ҳусайн Байқаро билан бирга мадрасада таҳсил олар эди. Ҳирот тахтига Абу Саид Мирзо ўтиргач, Навоийлар  мол-мулки мусодара  қилинди. Ҳусайн тахти  эгаллаш илинжида Нашъаддин кетди. Алишернинг талабалик чоғлари моддий қашшоқликда кечди.
Бир кун аҳвол шу даражада етдики, Алишер бетоб  бўлиб, ғарибхонадан жой олди. Машҳаднинг  бой –бадавлат одамлари ғариблар ҳақидан ҳабар олгани кирадилар. Шунда улар деворга ёзилган бир байт юзасидан тортишиб қоладилар.
Кекса киши бир томон, ёшлар бир томон бўлиб баҳс қиладилар. Шунда бирчакда ётган бир  йигит  яқин ўрнидан туриб, улардан узр сўрайди. Байтиннг мазмуни жуда осон, содда қилиб  тушунтириб, ёшлар ҳақ эканлигини исботлаб  беради.
Шунда кекса киши бу йигит олдига олиб  унга таҳсин айтади. Унинг ким эканини сўраб суриштири, у билан танишади. Шу-шу улар қадрдон дўст бўлиб қоладилар. Йигит Машҳадан кетгунча, бу киши унга моддий ва маънавий кўмак бериб  туради. Бу кекса киши Машҳаднинг машҳур  шоири  Камол Турбатий эди, ёш талаба йигит эса Алишер Навоий эди.
Навоийнинг Самарқандга келиши масаласи ҳам «Бобурнома»да қайд этилган: «Балмаж не  жарима  билан  дурким, Абу Саид Мирзо Алишербекни Ҳиридин Самарқандга ихром қилди». Бобур чиндан ҳам Навоийнинг нима  сабабдан сургун қилинишини билмас, эдими? Навоий нега сургун қилинди? У замон одатига кўра мадрасани тугатган кишилар саройида хизмат  қилар эди. Навоий Машход мадрасасини тугатиб  Хиротга қайтди. Аммо  Абу  Саид  Мирзо  Навоийни саройга  хизматга олмади. Бунинг сабаби шундаки, Навоийнинг  отаси Абулқосим Навоий саройининг одами эди. Иккинчидан эса, тахтни эгаллаш учун атрофда қўшин йиғиб юрган эди.
Бобур  бу масалаларни  тилга  олса, бобоси Абу Саид  Мирзо  ҳақида  салбий  гап  айтиши зарур  эди. Шунинг учун ўзини  билмаганликка  олган.
«Бобурномада» Навоий ҳаётининг сўнгги куни шоирнинг вафоти  ҳақида  шундай  маълумот  учрайди: «Султон Ҳусайн мирзо Айрабод черикидин  ёнғонда истиқболға келди, мирзо  била  кўрушуб  қўлқунча, бир  ҳолати бўлди қўлолмади, кўтариб  элтдилар. Табиблар  асло  ташхис  қила  олмадилар. Тонг ласиға-ўқ тангри раҳматиға  берди. Бир байти  ҳасби ҳол воқиъ бўлубтур:
Бу дард илаки ўлармен, мароз чу зоҳир эмас,
Табиблар бу балоға не чора қилғойлар» .
«Бобурнома»да келтирилган бу  мухтасар маълумот  замирида  қуйидаги воқеалар ётади. 1500 йилнинг ёзида Ҳусайн Байқаро Астрабодда бош кўтарган  Муҳаммад Ҳусайнга  қарши қўшин тортади, Ҳиротда Амир Муборизиддин билан Алишер Навоий  қоладилар.
Ҳусайн Байқаронинг бу юриши узоққа чўзилмайди, шу йилнинг декабрь  ойида ота ва ўғил ўртасида  сулҳ тузилиб, шоҳ пойтаҳтга қайтаётгани ҳақида хабар келади.
Шу муносабат билан «Томут-таворих» муаллифи Навоий китобдорларидан  бири бўлган  Мавлоно Али Бурҳоний номидан қуйидаги муҳим фактни келтиради: Ҳусайн Байқаронинг қайтиш хабари келгач, саҳар вақтида у киши (Навоий) мени чақиртирди. Бир туркий ғазал  ёзган экан. Менга «кўчир»,  деб  буйруқ берди. Мен кўчирдим. Уни бир йигитнинг қўлига бериб, Мирзога  юборди, ғазал  мусаввадасини менга топширди. У  ғазалда (шоир ўзининг ҳаётидан)  тамом  хайрлашув  ҳолатини баён  қилган эди». Ғазалнинг сўнги уч  байти қуйидагича:
Не кўзим ёрой ул оразни манзур айламак
Не тилим ҳадди онинг отини мазкур айламак.
Яъни ул кўнглимда, бор жонимда дард ўти эрур
Кўз била тилни анинг ишида маъзур  айламак
Эй Навоий, қил фидо, жононгажон  лоф  эрур
Ошиқ ўзни ишқ даъвосида машҳур айламак.
Мавжуд девонларда учрамайдиган бу ғазал шоирнинг умри охирида ёзилган сўнгги асардир.
Одат бўйича, Навоий шаҳарнинг бир қатор кўзга кўринган кишилари билан шоҳни кутиб олиш учун йўлга чиқади. Бу тарихий воқеаларни ўз кўзи билан кўрган тарихчи Хондамир шундай ёзади: «Бир фарсахга яқин юрганда соҳибқироннинг дабдабали ва кўркам миҳаффаси кўринди. Шу  фурсатда, худонинг тақдири билан у зотнинг (Навоийнинг) муборак боши айланиб  қолди. Олижаноб (Навоий) Амир Хожа Шиҳобиддин Абдуллони ўз яқинига чақириб, «мени сақлашдан ғофил  бўлманг, аҳволим ўзгариб қолди»,-деди.
Шу пайтда аъло  ҳазратнинг (Байқаронинг) қўлини ўпишга етишмоқ учун отдан тушди. Тўсатдан  етишган касалликнинг оғирлиги охирги чекка бориб қолгани ва юришга мадор қолмаганидан, мазкур амир ва Мавлоно Жалолиддин Қосим  қўлтиқларига кириб, шу йўсинда илгари юриб, бошини баланд даражали подшо қучоғига қўя олди. Шу онда бу юксак касал сактага айланиб олий насабли Амирда  қайтиб ҳаракат қилиш ва сўзлашга мажол қолмади».
Навоийнинг бу оғир аҳволини кўрган Хондамир тезда қон олиш зарурлигини  айтади, табиблар подшоҳ билан келишиб, бир қарорга келгунларича вақт анча ўтиб қолади, ортиққа қон чиқмайди.
Шу аҳволдаги шоирни ярим тунда ўз уйига олиб келадилар: эрта билан шаҳарнинг таниқли табиблари тўпланиб, қон олишга ҳаракат қиладилар, аммо ҳеч қандан ижобий ўзгариш бўлмайди. Уч кун беҳаракат ётган Навоий 1501 йил 3 январда ҳаётдан кўз юмади. Шоир жасади унинг ўзи томонидан илгари шу  ҳодиса учун қуриб қўйилган Масжиди жоме гумбази остига  қўйилади.
Илгари Навоий сариқ касали билан ўлган деган фикр мавжуд эди. Бунинг сабаби шундаки. Навоийнинг сўнги шеърларида сариқ ранги кўп учраган эди. Кейинги  маълумотларга кўра Навоий қон босими (гиппертория) касаллиги билан вафот этган.    Навоий  ҳаётининг сўнги йиллари жуда оғир кечган. Устози ва дўсти Жомий вафоти шоирга жуда қаттиқ таъсир этган.
Бунинг устига саройдаги Хадичабегим,  Низомилик, Мажиддидин  интригалари Навоий ва Ҳусайн Байқаро ўртасидаги зиддиятни  кескинлаштирган. Бунинг устига, ёлғизлик Аллоҳга хос  хусусият: ёши ўтиб қолган шоирлик ёлғиз яшаши осон кечмаган. Буларнинг ҳаммаси Навоийда  қон босими касаллигини келтириб  чиқарган.
Тоғлар бағрида яшаётган одамлар ундаги анвойи гуллар, турфа чечаклар ифоридан, ранго-ранг жилосидан баҳраманд бўладилар. Гулу чечакларнинг энг сараси, энг гўзали тоғларнинг қуёшга яқин бўлган, соф ва беғубор ҳаволар эсадиган чўққиларда юз очади. Бу гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун чўққига кўтарилиш  заҳматидан, машаққатидан қўрқмаслик даркор. Бу гулу  чечаклар жилосидан баҳраманд  бўлган инсон маънавий бой  бўлиб, қалби гўзаллик ва нафосат туйғуларига ошина бўлади.
Мумтоз адабиёт тарихидаги бу икки тоғ, бу икки чўққи бўлган Навоий ва Бобур ижодиёти ана шундай гўзаллик ва нафосат чўққисидир. Истиқлол ана шу юксакликларга кўтарилиш имконини берди. Ана шу тоғларга, чўққиларга кўтарилиш, бундаги гулу чечаклар завқидан баҳраманд бўлиш барчага насиб этсин.

БАҲРОМ ЖАЛИЛОВ