Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Антология»Мирзакалон Исмоилий (1908—1986)
Facebook
Мирзакалон Исмоилий (1908—1986) PDF Босма E-mail

Санъаткор ёзувчи, моҳир таржимон Мирзакалон Исмоилий 1908 йили Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида камбағал деҳқон оиласида дунёга келди. Октябр тўнтаришидан сўнг у болалар уйида тарбияланди. Тошкентга келиб Эрлар билим юртида таълим олди. 1928-1930 йилларда Ўрта Осиё дорилфунунининг Шарқ факултетида ўқиди, ўқитувчилик қилди.

Тошкент киностудияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Қизил Ўзбекистон», «Шарқ юлдузи» муҳарририятларида ҳамда Ўзбекистон Давлат нашриётида хизмат қилди. У рус адабиёти классикларидан М. Ю. Лермонтов, А. П. Чехов, Л. Н. Толстой, А. М. Горкий, М. А. Шолохов асарларини ҳамда жаҳон адабиёти намуналаридан кўпларини ўзбек тилига ўгирди. Унинг таржималари ўзбек тилининг ривожланишига катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Ёзувчининг 1927 йилда босилган «8 Март» пъесаси ўзбек хотин-қизларининг озодлик учун курашини акс эттирди. У 1942—1947 йилларда Совет Армияси сафида хизмат қилиб, фашизмга қарши курашда жонбозлик кўрсатди.
Адиб Улуғ Ватан урушидан кейинги йилларда яратилган «Фарғона тонг отгунча» (1958, 1967) трилогия-романида октабр тўнтариши арафасидаги ўзбек меҳнаткашларининг оғир ҳаёти ва маърифат сари интилишини улуғлади. Роман ғоявий, бадиий жиҳатдан ўзбек прозаси ютуқларини мужассамлаштирди. М. Исмоилий «Бизнинг роман» (1963) асарида ёшлар ҳаётини акс эттирди.
Мирзакалон Исмоилий «Одамийлик қиссаси» (1965) каби ахлоқ-одоб нормалари тантанасини мадҳ этувчи пухта, гўзал насрий асарлари билан ўзбек адабиётини юксалтиришга ўз улушини қўшди. У 1986 йилда вафот этди.