1 дан 2 сахифа Азалдан бордур элнинг паноҳи, Озодлик нажоти—қуёши, моҳи. Қасос ўти тақдирда бори, Тўсолмас йўлимизни девлар илоҳи!
Милоддан аввалги 330 йил ёз кунларининг бири эди. Мусаффо осмон узра қуёш чарақларди. Поёнсиз чўл худди осмон билан омухта бир жуфтликдай бир-бирига тўймай боқишиб тургандай туюларди. Само ва қуёш бу чўлга азалдан энг яқин сирдош, ҳамроҳ бўлиб келмоқда. Неча-неча қаҳрамонлик достонлари яралди; полвонлар ўз кароматларини кўрсатиб эл донғини достон айлади; элнинг тинчлиги, саломатлигини асраш учун ўз жонларини фидо қилиб қанчадан-қанча марду майдонларнинг муқаддас қонлари шу чўлдаги юлғунлар остига сингиб кетарди!... Адоғи кўринмайдиган дастурхондай ястанган текисликдаги эмин-еркин ўтлаб юрган бир уюр ёввойи отлар тўсатдан ҳуркиб, учгандек чопган кўйи олислардаги адирликларда ғойиб бўлди. Кўм-кўк бўлиқ ўтлоқзорда ўйноқлаб юрган бир неча кулранг қуёнлар уларнинг туёқ товушларини эшитгандан кейин, узун қулоқларини динг қилиб бир ерда қотиб қолишди-да, ўша заҳотиёқ сакрашиб ҳар томонга қочиб кетишди. Нарироқдаги қуюқ ўрмон ичидан жон ҳолатда етти-саккиз жуфт жайронлар дупурлашиб чиқиб яна чўл бўйлаб қочишда давом этишарди. Ажаб, бу жониворлар нимадан шунчалик ҳуркиб кетишдийкин? Ҳа, сайёд! Худди шу пайт жайронларни қувиб бир суворий чиқиб келди. Қони қизиб кетган от гўё қанотли дулдулдек гувуллаб шитоб билан чопиб борар, туёқларининг ҳам ерга тегиб-тегмаётганлигини билиб бўлмасди. ўйноқи чўл шамоли тулпорнинг ёли ва узун думини учириб, ўйнатарди. Чавандоз йигит олдига эгилиб отнинг бўйнига ёпишиб олганди. Жайронларнинг чарчаб қолганлари бир-бирлаб ўз тўпининг ортида қола бошладилар, тўп олдида чопиб кетаётган жайрон серкаси рўпарасидаги унча баланд бўлмаган тақир тоғ томонга йўл олди. Учқур тулпор ўқ етгудек оралиққа бориб қолганда жайронлар тоғ бағрига етиб қолгандилар. Сайёд уларнинг тоғ ортига ўтиб кетишининг олдини олиш учун дарҳол тизгинини қўйиб юбориб, пайконни олди-да, оёқлари билан узангига тираниб эгардан кўтарилди ва ўқни ўлжасига қаратиб камон ипини торта бошлади. Худди шу чоғда жайронлар нима учундир йўналишларини яна ўзгартириб, шиддат билан ортга бурилиб, жар ёқалаб чопа бошлади. Бу пайтда тоғ тумшуғи томонда бир тўп суворий лашкарлар кўринди. Сайёд йигит кечиккан эди, у ўқни қайтадан садоғига солиб, камонни елкасига осганча бир қўлида тизгинини тортиб, яна бир қўли билан отининг бўйнини силаб, тўхташга даъват қилди. Сўнгра тизгинини янада қааттиқроқ тортди. Мағрур тулпор қадамини ноилож асталатган ҳолда олдинги икки оёғини бир бора баланд кўтариб тушди, сўнгра қизиб кетган кўзларини норозилик билан олайтириб тўхтади. Тоғлар орасидан тўсатдан чиқиб келаётган эллик-олтмиш чоғли лашкарлар отларини елдириб, сайёд йигит турган тарафга яқинлаб келаётганди. Уларнинг ҳаммаси тўлиқ қуролланган бўлиб, бир қарашда олис йўлдан ёки муҳорабадан қайтаётгандек кўринарди. Найза учлари ва дубулғаларида кун нури ғира-шира чақнарди, суворийлар яқинлашган сари уларнинг чиройлари ва баланд кўтарилган якка туғнинг белгиси аниқ кўрина бошлади. Сайёд йигит уларга тикилиб қаради ва ўз-ўзига: — Барс Тегин! — деб қўйди. Дубулға ва совут кийиб саф олдида келаётган қадди-басти келишган йигит ҳақиқатдан ҳам хоқоннининг тўнғич ўғли Барс Тегин эди. Кўтарилган ўша ёлғиз туғ Барс Тегиннинг эҳтимол туғи, лашкарлар эса, унинг хос соқчи навкарлари эди. Сайёд йигит исмини айтаётиб хоқон ўғлининг олдига борди ва унга от устида бош эгиб таъзим қилди-да: — Хоқонимизнинг тўнғич ўғли Барс Тегинға бахт ва омад ёр бўлсин! – деб салом берди. — Қут бўлсин сенға ҳам, ботир йигит! – деб жавоб қайтарди Барс Тегин, — исминг недур? Бул чўлда ёлғиз не қилуб юрмушсен? — Исмим Арслон, шикор қилуб юргумдур, шаҳзодам, — деди сайёд йигит табассум ила боққан кўйи мулойимлик билан. Шу пайт юзбоши Арслонга қараб буйруқ оҳангида ўдағайлади: — Шаҳзода Тегин ҳазратлари олдинда ўзунгни қандай тутодурсен?! Отдин туш! Арслон унинг дўқ билан қилган пўписасига писанд қилмай: — Хоқон ўғлони отдин тушуб бош эгканларни ботир деб ҳисобламайдур, элга содиқ фидокорларни қадрлайдурлар, — деди. Барс Тегин қизиқсиниб Арслонга тикилиб қаради. — Сен шундай фидокорму? – сўради у. —ўн йил муқаддам сизнинг падари бузрукворингиз Тунго Билга хоқон аъло ҳазратлари қизилбошларга қарши қўшин тортуб чиқғонда менинг отам ҳам шул қўшунда жангчи бўлғон эрди, — деди Арслон, — отам фидойилик бирлан муҳораба қилғонлиғи боис хоқон ҳазратлари отамни бутун қўшун олдинда «Алп Қаюм» деб эълон қилғон эрканлар ва барча жангчилариға отамни шул ном бирлан аташни буюрғон эрканлар. Отам ҳозир чилангарлик билан шуғуллонодурлар, хоқон ҳазратлари учун қурол-яроғ ясайдурлар, мени болалигимдиноқ Ватан ва халқимга қалқон, хоқон ҳазратларинға содиқ навкар бўлишга ўргатғонлар. —Сизлар не боисдан хоқонға ушмунча иноят кўрсатадурсизлар? – сўради Барс Тегин уни синчковлик билан синаб кўрмоқчи бўлиб. —Фуқароларнинг хоқонға содиқ бўлишлиғи онинг одиллиқ, ҳаққоният бирлан ҳукм юритғони, эл-юртға тинч-осойишта ҳаёт, обод-фаровонлиқ, иноқ-иттифоқлиқ бахш этаётурғониндандур, — деб жавоб берди Арслон. Барс Тегин бу оддий сайёд йигитнинг бундай самимий сўзларини эшитиб унга янада қизиқиб қолди. Арслоннинг шамол ва офтобда куйиб бироз қорайган чеҳрасига, эндигина сабза урган мўйлари ўзига жуда ярашиб тушганди. Унинг кескин турилган тим қора туташ қошларидан қайсарлик ва мардлик аломатлари шундоқ акс этиб турарди. Қаттиқ қимтилган лабларидан, айниқса лабларининг бурчагида билинар-билинмас кўриниб турган ним табассумидан унинг ўта ғурурли йигит ҳам эканлиги, жигаргўшаликка устуворлиги, унинг кенг елкали ва алп қоматидан буткул мардлик, жасорат ва куч ёғилиб турганлигини ҳам пайқаш қийин эмас эди. Йигит минган тўриқ тулпор ҳануз бир ерда тиним турмай ҳадеб олға интилар, ер тепинар, пишқириб, уёқ-буёққа айланарди. «Қандай ботирона кўриниш!» деб ўйлади Барс Тегин унга завқланиб қараб, яна сўради: —Нечун шикорға ўзунг бирлан бургут ёхуд шунқор олиб чиқмадинг? Арслон бу саволга ҳам ҳеч бир довдирамай дадил жавоб берди: —Бунға ҳожат йўқ эрди. Менинг бугун шикорға чиқишим фақат от устунда туриб камондин ўқ отишни машқ этиш, отимни жангаворлиқға ўргатишга қаратилғон эрди. Барс Тегиннинг бу чўл фарзандига тобора ихлоси ортиб борарди. Унинг ўзини тутишидан ва ҳар бир аниқ ва дадил жавобидан хушомадга қилча ўрин қолдирмаган самимийлик акс этиб турарди. —Мақбул ота ўғил! Ярайсен! – деди охири Барс Тегин Арслонга жиддий қараб, — ўғил деган шундай бўлмоғи керак. Кўринишингдан сен ҳам отанг каби қаҳрамон жангчи бўладурғонға ўхшайдурсен, мен бунға инонурмен. Ҳалол ва жўшқин меҳнатга, эркин ҳаётга одатланган оқ кўнгил чўл фарзанди бундай мақтовларга кўникмагани учун бироз ўнғайсизлангандек бўлиб, Тегинга қарашга ботинолмай қолди ва нима дейишини ҳам билмай кўзини ундан қочириб, суҳбатга қизиқсиниб қараб турган навкарларга нигоҳ ташлади. Навкарлар ҳам энди унга нисбатан ўзларида самимий ҳурмат ва дил изҳорлари пайдо бўлганлигини қалбан ҳис этишарди. Уларнинг баъзилари бу мардона йигитга мадад бергилари ҳам келгандек дўстона бир тарзда бир-бирларига қарашган кўйи кулимсираб, бошларини ирғишиб қўйишди. Барс Тегин ҳам қараб кулиб қўйди-да: —Емди сен нечун менинг қаердин келаётурғонлигимни, не қилуб юрғонлиғимни сўрамайдурсен? — деб яна кутилмаган саволни қўйди ва шу онда унинг жавобини кутмаёқ жиддий қиёфада сўзида давом этди, — билиб қўй, ботир йигит, элимизға бир кучли душман бостируб келмоқда. Бул душманнинг исмини Искандар Зулқарнайн дейишодур. Ул олис-олис ерлардағи, кўпгина тоғу тошлар, чўлу саҳро, биёбонлар ортиндағи Юнон деган элнинг хоқонидир. Бул ёвуз хоқон кунботишдағи талай элларни муҳосара этмишдур ва эмдиликда нарҳи қон кечуб, туман-туман кишилиқ улкан қўшин бирлан Турон замининға ҳужум қилиб чегарадағи элларни қирғинға олмоқда. Эшитишимизға қарағанда Туроннинг юраги бўлмиш Шамиркент шаҳрини кунфаякун қилуб, кўп халқни, кўп қариндош элатимизни қирғинға олуб эмдиликда бул ёқларға бостуруб келаётурғон эрмиш. Арслон бу гапларни эшитиб кўзларидан бирдан ғазаб учқунлари чақнаб кетди. —Мумкин эрмас, ичкарилаб киролмайдур! – дея бақириб юборди у ўзини тутолмасдан. Барс Тегин ўша нохуш воқеаларнинг, ўз сўзининг таъсирига берилган ҳолда яна сўзида давом эта бошлади: —Мен бу баҳодир навкарларим бирлан чегарадағи аҳволни бориб ўз кўзим бирлан кўрдум. Ҳозир шул ердин келаётурмиз. Ул ерда Искандарнинг элчиси бирлан кўришдум. Элчи бизнинг таслим бўлишимиз кераклиғин талаб қилмуш. Мен анға «Муҳораба майдонинда кўришғаймиз» деб жавоб бериб қайтмушмен. —Муҳорабаға мени бошлаб боринғиз, мен сизнинг айтғон ерингғиздин қатъий чиқмағаймен! – деб кескин жавоб қилди Арслон ҳаяжон билан. Барс Тегин нотаниш сайёддан шундай жавоб кутгандай, унга мамнунлик билан қаради. —Яхши! – деди шаҳзода, —хоқоннинг муҳорабаға чорловчи фармони эълон қилинғонда қўшунға бор. Сени муҳораба ғўлиға бошлаб кирғаймен. Душманнинг қилич, найзаси олдинда ўзунгни қандай тутушлиғингни кўрайин. Шундан кейин овозини кўтариб Арслонга ҳам, навкарларга ҳам баробар қаратиб инод қилди: —Биз аларға ўз қудратимизнинг неларға қодир эканлиғин албатта кўрсатуб қўйғаймиз! Ёвуз босқинчи Искандар етмиш тоғ ботирларин бир кўруб қўйсун! Ҳалок бўлғон жафокаш қариндош элатларимиз учун ҳам илло қасос олғаймиз! Аларни тор-мор келтурмағунумизғача муҳорабадин асло қайтмағаймиз. Арслон энди Барс Тегинга завқланиб қаради. Тегиннинг ёши Арслондан кўп катта бўлса уч-тўрт ёш каттароқ кўринарди. У ғоят келишган йигит эди, айни чоғдаги ғазабнок чеҳраси, дубулғаси остидан чиқиб турган жингалак қўнғир сочлари, ҳис-туйғули қўй кўзлари, майсадек ўсган майин қисқа соқол-мўйлари унинг шубҳасиз янада ҳақиқий ботир ва чин жасорат соҳиби эканлигидан ҳам дарак бераётгандай эди. Барс Тегин тўсатдан Арслон томонга кескин бурилиб шундай деди: —Менға қара йигит, бахтингни синайдурғон вақтғада эмди кўп қолмади. Муҳорабаға бирға борғаймиз, ботирлик кўрсатсанг сен менинг энг яқин дўстумға айланодурсен, магар қўрқоқлик қилсанг... У сўзини тўхтатиб, Арслоннинг кўзларига михдек тикилиб қаради ва ўнг қўли билан қиличнинг дастасини тутиб туриб, ҳар бир сўзини дона-дона этиб такрорлади: —Магар қўрқоқлик қилсанг адабингни ўзум берғум! Шаҳзода бу гапни айтганда унинг чиройи буткул ўзгача сурли тус олдики, жангда қўрқоқлик қиладиганлар ундан сўзсиз ҳеч қандай яхшилик кутмаслиги кундай равшан кўриниб турарди. —Кетдик йигитлар! – деди Барс Тегин ва ўйноқлаб турган тулпор отини қуюндек учириб кетди. Навкарлар ҳам найзаларини ҳамда атрофидан нур таратиб чиқиб келаётган тонг қуёши ва бўри боши тасвири акс эттирилган бир неча заррин попуклик кўк ипак туғни баланд кўтаришган ҳолда унинг ортидан от қўйдилар. Арслон тобора олислаб кетаётган жанговар суворийларнинг ортидан бироз қараб тургандан кейин, нимадир ёдига келгандай бўлиб дарҳол отини чоптириб, Тегин кетган йўлдан бошқа бир манзилга қараб йўл олди. У узоқ йўл босди. Чўл охирлашганда олисда яшил боғлар кўринди. Арслон маҳалланинг четидаги дарахтзорликка келиб отидан тушди. У дарахтлар орасида ўтлаб юрган бир отни ва шариллаб оқаётган сув бўйида ўйчан ўтирган бир қизни кўрди. Арслон бирданига ўйнаб кетган юрагини босиб олиш учун қизнинг орқасидан бироз қараб турди. Сўнгра гўё тушида кўраётган паризодни чўчитиб юбормасликка тиришаётгандек майсазорларни авайлаб босиб, бир отлаб, икки отлаб аста-секин қизга яқинлашди. Қизнинг вужуди енгилгина титраб кетди, кўринишидан унинг йигитни аллақачон кўрганлиги ва ўзини атайлаб кўрмасга олиб ўтирганлиги сезилиб турарди, унинг оқаётган тип-тиниқ сувга қараб турган катта-катта кўзлари висол онларидан янада чарақлаб кетди. Арслон сув бўйига келиб унинг ёнида тўхтади ва майин овоз билан: —Болқиз! – деб чақирди. Қиз бошини кўтармади. Арслон елкасидан камонини олиб ерга қўйди-да, қизнинг ёнига ўтирди. —Болқиз, – деди у яна қизга ер остидан қараб, —мен вақтида келолмадим... кечикиб қолдим, узр... Қиз индамагандан кейин ўз айбини бўйнига олган оҳангда яна қўшиб қўйди. —Тан оламен қаршингғизда гуноҳкормен. Сизни куттириб қўйдим. Сиздан яна бир бор узр сўрайдурмен. Қиз худди сакраб урушга тайёрланган шўх кийикдек бошини бир йўла кўтарди-да, йигитнинг ҳаддан ташқари муҳаббатга тўла мулойим кўзларига тикилиб қаради. Қиз ўзининг хафа бўлганлигини билдиришга ҳарқанча тиришсада, истараси иссиқ ҳамда кўркам чиройининг илиқлигини асло ўзгартолмади, ғунча лабларини кулиб юборишига йўл қўймасликка тиришса-да, ҳилолдек қалам қошларини чимириб туришга урунсада, булоқдек отилиб турган оташ кўзлари табассумидан ўзини қочиролмади. —Шунчалик ҳам куттириб қўяр экансиз, шуни олдинроқ ўйласанғиз бўлмасмудур йигит? — деди у ўзининг ёқимли овози билан Арслонни янада довдиратиб. —Менга қаранг, Болқиз, мен сизға ҳаммасини гапириб берурмен, — деди Арслон ялингансимон қизга термулиб ва бир қўлини кўкси устига қўйди, — мен ўзимиз келишғон вақтни унутиб қолғоним йўқ... билодурмисиз, бугунғи кунни қанчалик ташналиқ-интизорлиқ ила кутғонимни! —Ундай эрса нечун кечикдинғиз? – такрор сўради Болқиз.. Арслон севгилисини таслим этишга тиришиб гапира бошлади: — Кўришиш вақтимиз келгунга қадар пайкон отишни машқ қилиш учун шикорға чиққандим. ўзингғиз билодурсиз, пайкон отиш машғулотин бир кун ҳам тўхтатуб бўлмасдур. ўлжа қувиб чўл ичкарисинға кириб кетубмен. Боз устинға, — деб сўзини давомлаштирди Арслон қайтадан жиддийлашиб, унинг кўзлари яна бояги чўлдагидек чақнаб кетди, — мен шу чўлда валиаҳд шаҳзода Барс Тегин бирлан учрашиб қолдим. Ул чегара ерларинға боруб келубди. Искандар деган бир ажнабий хоқон бизнинг заминимиз сари қўшин тортуб элимизға бостируб келаётурғон эрмуш. Буни Барс Тегин ўз оғзи бирлан айтмуш. — Мен сизға шуни айтмоқчи эрдум, — деди Болқиз. — Не? Бу ҳақда сиз ҳам билодурмусиз? — ҳайрон бўлиб сўради Арслон. Қиз тасдиқ аломати бошини ирғаб қўйди. — Отамдин онглодим, — деди у, — кеча уюмизға бир лашкарбоши келуб эрди. Ул киши отам бирлан шул ҳақда гаплашишаётғанларин онглаб қолдим, бугун саҳарда бир навкар хоқоннинг ёрлиғин келтуруб отамни ўрдаға бошлаб кетмуш. Болқизнинг отаси Қора Боқши хоқоннинг яқин одамларидан бўлиб, ёшликдан тортиб жанг ишларида тобланган саркарда эди. У донишманд ва билимдон одам бўлганлигидан, хоқон томонидан унга «Қора Боқши» деган ном исм қилиб берилганди. —Муҳораба бошланса сиз не қилодурсиз? – деб сўради Болқиз Арслондан нигоҳини узмаган ҳолда. —Барс Тегин бирлан муҳорабаға бирға борадурғон бўлиб келишиб қўй-мушмен, — деди Арслон. —Сизнинг мана шундай жавоб беришингғизни билардим, — деди Болқиз. Энди унинг нафақат кўзларигина эмас, балки лаблари ҳам кулимсираб турарди. Арслоннинг шу топда Болқизнинг ипакдек юмшоқ қўнғир сочларини қўлига олиб ўйнагиси, унинг тонг шафағидек қирмизи яноқларидан ўпгиси, энг ширин севги сўзларини қулоғига оҳиста пичирлагиси келарди. Лекин, аллақандай зўр келган ғойибона сеҳрли бир куч унинг бундай қилишига йўл қўймасди. Йигит ўзининг кучли қўлларини қизга узатолмасди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дадиллик билан фақат ҳақиқатнигина сўзлашга одатланган чўл ўғлони энди қизнинг кўнглини олгудек бирор сўз ҳам тополмасди.
—Қора Боқши кўпни билодурғон тажрибалик одам. Икковимизнинг тўй қилишимизға қўшилурму? — деди у охири хўрсиниб. Болқиз дарҳол жавоб қайтаролмади. У, отасининг бу ишга қўшилолмаслигини биларди. Қора Боқши ўз қизининг бир оддий сайёд йигит билан аҳдлашиб юрганлигини билгандан кейин, анча хафа бўлганди. У ҳатто бир марта Арслоннинг отасига: «Болқиз ёбғунинг қизи, унинг муносиби ўрда ичидан бўлиши керак!» деган экан. Бу гапни ўшандаёқ Арслон Болқизга билдирган эди. Шундан буён Болқиз отасидан ўзини четга олиб юрарди. Кейин, у бу дардни ичига сиғдиролмай онасига йиғлаб туриб: «Отам Арслонни ёмон кўрмасунлар, ул виждонлиқ, ақллиқ, ботир йигитдур. Мен они тушунодурмен, магар ул хоқоннинг хизматинға кирса қатъий керакли одамға айланодур» деб ёлборганди. Онаси қизининг кўзёшларини кўриб юраги ачишди. У ўзининг аржуманд қизининг нидоли ҳасратини кўриб туриб, унинг кўнглини янада ўкситишни истамасди. Шунга кўра, у меҳр ила қизнинг юзларини ювиб тушаётган кўзёшларини суртган кўйи илиқ оналик бағрига босди. «Отанг бирлан бу ҳақда гаплашиб кўрғаймен қизим» деб қизга тасалли берганди. Шундан буён, Болқизнинг қалбида «ўлмаган жондан умид» дегандек, қалбида умид учқунлари чақнай бошлаган эса-да, бироқ отасининг ҳанузгача ўз шаштидан тушмаганлигини кўриб яна хотиржамлиги йўқоларди. Кунлар, ойлар шу тарзда ўтарди. Бу гапларни у қандай ҳам Арслонга айта олсин! У паришонликда турган масъум кўзларини йигитдан қочириб, бошини қуйи солди-да, ўз чиройига яна аввалгидек хуш табассум беришга тиришди ва гапнинг охирини ҳазилга буриш хаёлида олдидан шариллаб оқиб бораётган бўзсувга энгашиб, қўлининг учи билан Арслоннинг юзига сув сочди. Аммо Арслон бу ҳазилни қабул қилмади. У Болқизнинг қўлини тутиб олиб, термулиб турган кўзлари билан унга боқди. —Айтинг-чи, Болқиз, — деб ўз саволини такрорлади у, отангғиз розимудурлар? Яна айтинг-чи нечун камгап бўлиб қолдингғиз? —Магар отам рози бўлмасалар-чи, унда не бўладур? — деди Болқиз. Умидсизлик илкида эҳтиёт ва хавотир ила паст овозда айтилган бу сўз Арслонга бамисоли тўсатдан чақмоқ чақнагандек таъсир қилди. —У ҳолда сизни олиб қочамен! — деди у ҳеч бир иккиланмасдан қатъийлик билан. —Сизнинг мана шундай дейишинғизни билардим, — деди Болқиз ўйчан кўзлари билан олис кенгликларга кўз ташлаб. Сўнг у Арслон томонга бурилиб, унинг енгини қаттиқ тутиб олди ва кўзларига тикилиб, ёлборган оҳангда шошилиб гапида давом этди: —Лекин сиз отамни айбға буюрмағайсиз, отам гарчи қайсар эрсалар-да, аммо оқкўнгил одамдурлар... Алар хайрихоҳлик билдуродурлар... Онам аларга ётиғи бирлан тушунтирадурлар. Отамнинг жаҳллари тез эрсада кўнгиллари юмшоқ одам. Мени жуда яхши кўродурлар. Менға қаранг, Арслон, менға қарасангғизчи, гапларимға инонинг, отам кейинроқ сизни албатта яхши кўриб қолодурлар... Сиз отамдан хафамисиз? —Йўқ, албатта йўқ — деди Арслон чуқур тин олиб, — мен аларни ҳурмат қиламен... Сизнинг отанғиз бўлғонин учун ҳурмат қилодурмен. —Оҳ, Арслон, —деди Болқиз бошини унинг кўксига қўйиб, —сиз нечоғли яхши инсонсиз! Улар оташли севги лаззати илкида гоҳ ҳаяжонланиб, гоҳ мунгланиб, ўзларининг келгусидаги турмушлари тўғрисида узоқ-узоқ гаплашдилар, бир-бирларига аҳду паймонлар қилдилар.
|