Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Шеър санъати»Ҳусни таълил- энг гўзал саънат
Facebook
Ҳусни таълил- энг гўзал саънат PDF Босма E-mail
Материал индекси
Ҳусни таълил- энг гўзал саънат
2
Ҳамма саҳифа

Сўз мулкининг соҳибқирони, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий ўзининг машҳур «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида маликул калом мавлоно Лутфий ҳақида фикр юритар экан, шундай деб ёзган эди:
«Мавлоно Лутфий (алайҳирраҳма) - ўз замонининг маликул каломи эрди, аммо туркийда шуҳрати кўпрак эрди ва туркча девони ҳам машҳурдир ва мутааззирул жавоб матлаълари бор, ул жумладан бири будурким:
Нозуклук ичра белича йўқ тори гесуйи,
Ўз ҳаддини билиб, белидин ўлтирур қуйи»...
Даҳо ижодкорга хос юксак фазилатларни таъкидлаётган муаллифнинг ўз баҳоси далили сифатида унинг юқоридаги байтини келтириши тасодифий ҳол эмасди, албатта. Шу биргина байт мисолида Лутфий бадиий иқтидори тажассумини намойиш этиш Навоийнинг асосий мақсади бўлганини кўриш қийин эмас. Келтирилган мисолга диққат қилсак, унда мумтоз шеъриятимизга хос муҳим бир анъанавий ғоя - маҳбуба латофатига хос бир белги
- бели сочи толасидан ҳам нозикроқ эканлиги нафис бир лавҳа
- сочининг белдан қуйи туриши манзараси асосидаги ғайритабиий талқин воситасида ғоят таъсирчан ифодалангани, яъни «Маҳбубамнинг соч торлари нозиклиқца унинг бели билан тенглашолмайди, шу туфайли улар ўз ҳаддини билиб, белидан қуйи ўлтирадилар», тарзидаги ҳусни таълил асосида жозибали тасвирланганини кузатишимиз қийин эмас.
Бу ўринда ҳазрат Навоийнинг ўз устози ижодига бўлган улкан эҳтироми билан бир вақтда Лутфий шуҳратининг кенг ёйилишининг асосий боисларидан бири бўлган ана шу шеърий санъ-атга муносабати ҳам сезилиб туради. Чиндан ҳам кенг бадиий имкониятга эга бўлган ҳусни таълил санъати Лутфий яратган ғазалларда кўп қўлланиб, барча шоирлар эътиборини қозонган эди.
Маълумки, бадиий адабиётда далиллаш ёрқин, ҳаётий тим-соллар яратиш, лирик кечинмалар ёхуд эпик манзараларнинг ўқувчилар оммаси томонидан тўлиқ ва ишонарли тасаввур қила олишларига эришишнинг энг муҳим шартларидан бири саналади. Гарчи мумтоз шеъриятда далиллашнинг воқеъликни табиий тасвирлашга хизмат қилиши шарт қилиб қўйилмасада, ижодкор ифодалаётган фикрларни аниқлаштириш, гавдалантирилаётган лирик ёки эпик тимсоллар қиёфаси, ички олами, орзу армонлари моҳиятини атрофлича англаб етиш, бинобарин, муаллифнинг ғоявий-бадиий нияти, бадиий салоҳияти, услубнинг ўзига хослиги каби масалаларни пухтароқ тушуниб етиш учун бу усулнинг ўзига хос кўринишларидан фойдаланиб келинган. Адабиётимизда асрлар давомида кенг қўлланиб, гўзал ва бетакрор, сержозиба ва таъсирчан обидалар яратишга хизмат қилган ташбиҳ ва ташхис, талмиҳ ва тамсил, ирсоли масал ва ҳусни таълил каби санъатлар ана шундай далиллаш воситалари эди.
Шеъриятимиздан муносиб ўрин эгаллаган ҳусни таълил санъатининг хусусиятлари ўтмиш адабиётшуносларининг асарларида таъкидлаб кўрсатилган. XI асрнинг охири ва XII аср бошларида яшаб ижод қилган таниқли аллома Рашидиддин Ватвот ўзининг «Хадойиқ ус-сеҳр фи дақойиқ аш-шеър» асарида ушбу санъатни шундай таърифлайди:
«Ушбу усулнинг моҳияти шундан иборатки, шоир байтда бири бирининг сабаби бўлган икки сифатни келтиради, аслида эса бу ҳақда сўз юритар экан, ўз асарининг чиройли ва бетакрор бўлиб чиқиши учун улар ўртасида бирон муносабат топишни истайди, холос».
Бинобарин, ҳусни таълил байтда бир нарса, ҳодиса ёки ҳолат-га бир нарсани сабаб қилиб кўрсатишдан иборат бўлиб, бу хил усул асарнинг латофати ва таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилиши керак.
XV асрнинг иккинчи ярми ва XVI аср бошларида яшаб ижод қилган машҳур адабиётшунос олим мавлоно Атоуллоҳ Ҳусайний «Бадойиъ ус-санойиъ» китобида: «Ҳусни таълил улдурким, бир ниманинг бир сифатин иқрор қилурлар ва ул сифатни исбот қилиш учун ул ниманинг ўзига муносиб бир иллату сабабини келтирурларким, ҳақиқатта ул сабаб бўлмағай, лекин лутф эъти-бори била ани сабаб қилған бўлурлар», деб таъкидлар экан, унинг мумтоз форс шеъриятида қўлланган тўрт турини кўрсатиб ўтган эди.
«Аввалғи тури улдурким, - деб ёзади аллома, - ул сифат ул нимада ҳақиқатда бўлур, аммо унинг кўриниб турган сабаби бўлмас, ўшанга бир сабаб кўргузурлар, андоқким (байт):
Хатти мушкине навишта бар рухаш килк-и қазо,
То бувад аз баҳри дафъ-и чашм-и бад хирзу дуо
(таржимаси: «Қазо қалами унинг юзига мушкин бир хат ёзмиш, ёмон кўзни дафъ этиш учун қайтариғу дуо бўлсин учун»).
Мазкур байтнинг биринчи мисрасида маҳбуба юзида мавжуд бўлган бир сифат, яъни унинг лаби устидаги майин туклари мушкин хат деб таърифланган. Бу ҳолат сабаби аниқ кўзга ташланиб турмайди. Шоир эса иккинчи мисрада ана шу ҳаётий ҳолатга бадиий сабаб кўрсатиб, ушбу мушкин хат ёмон кўзни дафъ этиш учун ёзилган қайтариғу дуодир», деб ёзади. Далилнинг ҳақиқатдан узоқ бўлган шоирона ифодагина эканлиги намоён бўлиб турибди.
«Иккинчи тури улдурким, - деб давом этади олим, - воқеий сифатнинг зикр этилган кўргузма сабабидан ўзга кўрунуб турган сабаби бўлур, андоқким (байт):
3-он кашам пеш-и ту ҳар дам, оҳ, эй ороми жон,
То кунам аз дил бирун мутлақ ҳаво-йи дигарон
(таржимаси: «Эй ороми жон, сенинг қошингда ҳар дам оҳ тортишимнинг сабаби шуки, кўнгилдан ўзгаларнинг ҳавосини (иштиёқини) бутунлай чиқариб ташламоқчиман»).
Китобни таржима қилиб нашрга тайёрлаган академик Алибек Рустамов қўлёзма ҳошиясида ушбу байтга берилган қуйидаги изоҳга диққатимизни жалб этади: «Ҳар дам оҳ тортишнинг кўриниб турган сабаби бор: ғаму алами кўп. Аммо муҳаббатда изҳор қилинадиган латиф бир ибора билан унга бошқа бир сабаб кўрсатилган». Демак, ҳусни таълилнинг ушбу тури олдингисидан биринчи мисрадаги фикрнинг ҳақиқий сабаби бўлган ҳолда, иккинчи мисрада мазкур воқеий ҳолатга ҳаётий бўлмаган бадиий сабаб кўрсатилиши билан фарқланади.
Атоуллоҳ Ҳусайний ҳусни таълилнинг учинчи турини шундай таърифлайди: «Учинчи тури уддурким, ул ниманинг сифати ҳақиқатта бор бўлмас, аммо одатан бўлмоғи ҳам мумкин бўлур, андоқким (байт):
Азон шуд ром ба ман, эй Атоий, оҳу-йи ваҳший,
Ки бўйи меҳр он ваҳший ғизол ҳам шанид аз ман.
(таржимаси: «Эй Атоий, ул ваҳший оҳу менга шу сабабдан ром бўлдики, ҳатто ваҳший ғизол ҳам мендан меҳр ҳидини сезди»).
Тўртинчи турини таърифлаётган олим унинг ҳусусиятларини шундай таъкидлайди: «Тўртинчи тури улдурким, ул нима сифати ҳақиқатда ҳам бор бўлмас, одатан бўлмоғи ҳам мумкин ҳам бўлмас, андоқким (байт):
Хаёл-и он бут-и хунрез аз чашмам нашуд берун,
Азон дар хоб ҳам резад зи чашмам қатраҳо - йи хун
(таржимаси: «Ул қонтўкар бутнинг тасвири кўзимдан чиқиб кетмади, шу сабабдан уйқуда ҳам кўзим қон томчиларини сочади»).
Алломанинг ушбу санъат турлари ҳақидаги фикрлари билан танишар эканмиз, мана бу жумлалар диққатимизни тортади:
«Яна ул дептурким, шакка асосланган иллат ҳам ҳусни таълилға тааллуқлидир. Мунда зикр этилган иллату сабаб андоғдурким, анинг иллатлиғин қатъиян иддио қилмаслар, андоқким (байт):
Гўий ки шудаст абр-и найсон
Аз ёр жудо, ки гашта гирён.
(таржимаси: «Найсон (апрел) булути ёрдан жудо бўлганга ўхшайди, шунинг учун йиғлаяпти»).
Аллома бу санъатни таълил деб атабтур ва ани ҳақиқаттин йироқ бир ниманинг сифатин исбот қилмоққа хос қилиптурким, анга муносиб бир иллатни зарофат била иддио қилғайлар, токим эшитгувчи ани ҳақиқат деб тасаввур қилғай ва ул учинчи турда мазкур бўлғон байт янгилиғдур.
Ул яна дептурки, баъзилар бу санъатни ҳусни таълил деб атаб-турлар ва дептурлар: ул андоғдурким, икки васфни ул тарзда зикр қилурларким, бири иккинчисининг иллати бўлур ва мақсад ҳар иккисининг зикри бўлур».
Юқоридагилардан маълум бўладики, ҳусни таълилнинг асосий хусусияти бирон ҳодисага сабаб, далил келтиришдан иборат бўлиб, ушбу сабаб, далил ҳаётий бўлиши ҳам, ғайритабиий бўлиши ҳам мумкин.
Мумтоз шеъриятимиз саҳифаларини кўздан кечирсак, ҳаётий сабаб кўрсатилган ҳусни таълил ифодаларини кўплаб учратишимиз мумкин. Масалан, Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» асарида ҳам бу хил мисоллар анчагина учрайди.
Шоир қаламига мансуб:
Васли аро кўрдум: тенг эмиш бўйию сочи,
Тун-кун тенг экан, зоҳир ўлур бўлди чу наврўз
байтидаги биринчи мисрада маҳбуба бўйи билан сочининг тенглиги таъкидланган. Бу ҳаётий ҳолат бўлиб, сочи узун гўзаллар учраб туради. Бу хил таърифнинг сабабини қидириш ҳам жоиз эмас: табиат у қизни шундай яратган. Лекин шоир иккинчи байтда бу ҳолатни наврўз чоғидаги ҳодисага сабаб қилиб кўрсатади. Сабабини аниқлаб бўлмайдиган табиий ҳодиса ёки ҳолатни шу хилда далиллашга интилиб, нафис бир бадиий лавҳа келтириш ҳусни таълилнинг биринчи турига хосдир. Навоий:
То узори жилва айлар - жилвагардур зулфи ҳам,
Меҳр то айлар таҳаррук - соя доғи тебранур
байтида ҳам табиий ҳолат - маъшуқа юзи жилва қилганда, зулфи ҳам жилваланишига қуёш харакатланганида соянинг ҳам тебранишини сабаб қилаётгандек бўлади. Диққат қилинса, бу ўринда ҳам воқеий ҳодиса ҳаётий лавҳа билан далилланаётганини, оқибатда ҳусни таълил ифодаси юзага келганини кузатиш қийин эмас.
Шоир қаламига мансуб:
Совуғ оҳеким чекармен, гарм ўлур оқмоққа ашк,
Чашмаларда сув бўлур иссиғ, ҳаво бўлғач совуқ
мисраларидаги нафис ҳусни таълил шу тарздадир. Ижодкор ошиқнинг совуқ оҳ чекканида кўзларидан иссиқ ёш томаётганини ҳаво совуқ бўлганида чашмалардаги сувнинг илиқ бўлиш ҳодисаси билан далилламоқчи бўлади. Аслида эса бу хил талқин ҳам чиройли сабаб кўрсатишдан бошқа нарса эмас.
Номаи шавқум не навъ ул ойға еткай, чунки мен
Эл отин ўкур ҳасаддин ёзмадим унвон анга
байтида иккинчи мисранинг биринчисига нисбатан сабаб вазифасини бажараётгани аниқ сезилиб туради. «Шавқим номаси у ойдек гўзал маҳбубамга қандай қилиб етар экан, ахир мен эл отини ўқиб билишидан ҳасад қилиб мактуб унвонини ёзмадимку?!» деган мазмун ифодаланган ушбу мисраларда келтирилаётган далил, «ҳасад қилиб» ибораси туфайли алоҳида заковат касб этган. Демак, бу ўринда ҳам ҳаётий ҳодисага таъ-сирчан бир воқеий сабаб кўрсатилаётганини инкор этиб бўлмайди.
Ҳусни таълил санъатининг иккинчи бир тури эса бирон табиий ҳодисанинг сабаби бўла туриб, унга ҳақиқий бўлмаган ҳаётий сабаб кўрсатишни тақозо этади. Масалан, Навоий битган:
Недин билман юзум сарғарди муҳриқ ишқ тобидин,
Юзи ўтқа яқинроқ бўлған элнинг чунки рангиндур
байтининг биринчи мисрасида ишқ ҳароратидан ошиқ юзининг сарғайгани таъкидланар экан, ушбу ҳолатнинг асл сабаби ишқий кечинмалар эканлиги маълум бўлиб турса ҳам, ўзгача бир сабаб, яъни ўтга яқинроқ ўтирган кишиларнинг юзи шундай рангин бўлиши кўрсатилади. Шоир
Юзум олтиндекдурур бу важҳдинким, ҳолиё,
Сиймбарлар ул кишинингдурким, онинг моли бор
мисраларини битар экан, аввал ошиқ юзининг олтиндек сарғайганини таъкидлайди, ушбу ҳолатнинг сабаби аниқ: ошиқнинг дарди- аҳволига кумуш танли гўзал дилдорлар мол-дунёси бўлган пулдорларга насиб этишини сабаб қилиб келтиряпти. Байтда ҳаётий лавҳага воқеий далил қўллар экан, ҳусни таъ-лилнинг яна бир бетакрор намунасини ўқувчи эътиборига ҳавола этган.
Хатинг бош чеккали холинг кўрунмас,
Кўкарди чун экин, гум бўлди дона
байтида Навоий келтирган шоирона далил ҳам шу хил бадиий талқин натижасидир. Маҳбуба лаби устидаги майин туклар унинг холини яшириб турганини тасвирлаётган ижодкор бу ҳолатга ҳаётий бир лавҳани: экин кўкариб чиққанида уруғнинг кўринмай қолишини далил сифатида келтиради. Ҳар икки мисрадаги тасвир ҳаётий, лекин далил чиройли ифодалангани билан ўқувчи дилини ўзига мафтун этади.
Ҳусни таълилнинг яна бир кўриниши биринчи мисрада ифодаланаётган муболағали тасвирни ҳаётий бир воқеа, мисол ёки мақол билан далиллашни назарда тутади. Масалан, Навоий
Чун масал бўлди сочинг зулм ичра, ёшурмоқ не суд,
«Мушк исин ёшурса бўлмас», бу масал машҳур эрур.
байтида биринчи мисрадаги: «Сочинг зулм қилиши билан машҳур бўлди, буни яширишдан фойда йўқ», деб таъкидлар экан, ушбу фикрни «Мушк исини яшириб бўлмайди», деган масал машҳурку!» тарзидаги ифода билан далиллайди. Шоир мисраларда «масал» сўзининг «машҳур» тарзидаги маъносидан ҳам, «мақол» тарзидаги маъносидан ҳам усталик билан фой-даланиб, кўркам бир ҳусни таълил намунасини яратишга эришади.
Чун Навоий кўнгли синди, эмди лутфунг не осиғ,
Ким, ушатса шишани бутмас яна пайванд ила
байтидаги бадиий далил ҳам юқоридаги мисралар билан ҳамоҳанг. Биринчи мисрада шоир ўз кўнглининг сингани ва энди маҳбуба лутфи бефойдалигини таъкидлаган бўлса, иккинчи мисрада синган шишани улаб бўлмаслиги ҳақидаги мақол билан юқоридаги фикрни далиллашни ўз оддига мақсад қилиб қўяди.
Не айб, шодлиғ ашким кўп оқса васлингда,
Баҳор фасли бўлур чашмалар суйи афзун
мисраларидаги бадиий сабаб ҳам ўз нафосати билан кўнгилга роҳат бағишлайди. Шоир қаламига мансуб
Не кунки кўрсам, тушумга кирса не тонг,
Қуёшға боқсаю кўз юмса ҳам қуёш кўрунур
байтидаги санъат ҳам шу тарздаги сабаб асосига қурилган. «Юзини кўрганимдан сўнг у гўзал тушимга кирса ажаб эмас, ахир қуёшга боққан киши кўзини юмса ҳам қуёш кўринадику», маъносини ифодаловчи ушбу мисраларда ҳаётий ҳолатга табиий далил келтирилган.
Ҳусни таълил санъатининг юқоридаги турлари шеъриятимизда кўп йиллар мобайнида изчил қўлланиб келинган. Лекин улар ўртасида ушбу санъатнинг бирон ҳаётий ҳодиса ёки ҳолатга ғайритабиий сабаб кўрсатиш мақсадини кўзлайдиган тури бошқаларига нисбатан кенгроқ қўлланганини кўриш мумкин. Ҳусни таълилнинг бу кўриниши унинг бошқа турларига нисбатан ижодий хаёлотга, янгидан-янги бадиий тимсоллар ва лавҳалар яратишга имкон бериши жиҳатидан ажралиб туради. Шу туфайли биз мазкур китобда ҳусни таълилнинг ушбу тури ҳақида кенг кўламли ва мукаммал маълумот бериш, шоирларимизнинг бу соҳадаги санъаткорлиги, ижодий тафаккур даражаси, яратилган бадиий лавҳаларнинг шоир ғоявий- бадиий ниятини очишдаги ўрни, ўқувчилар оммасига таъсири каби масалаларга алоҳида диққат қилишни лозим топдик.
Мавлоно Атойи
Бир тўя кўргаймумен деб талъатингни тўлун ой,
Тунглукингда ўлтурур то субҳ мендек телмуруб
байтида ажиб бир ҳусни таълил ифодасини яратганди. Диққат қилинса, байтда аввало ҳаётий бир ҳолат- ёр деразасидан кўриниб турган тўлин ой манзарасини кузатамиз. Бу ҳаётда жуда кўп учрайдиган табиий ҳодиса. Унинг юз беришига бирон ҳақиқий сабаб топиш ҳам амри маҳол. Лекин зукко шоир бу кўринишга ўқувчини ҳайратлантирарли бир сабаб кўрсатади: гўё тўлин ой ҳам гўзал маҳбубага шайдо бўлганмишу, ошиқ йигитга ўхшаб ёр жамолини бир марта бўлса ҳам тўйиб кўриб олиш учун дераза олдида то субҳга қадар жилмай интизор бўлиб ўлтирганмиш.
Кўрсатилаётган сабаб ойга тааллуқли бўлиб, унинг табиатига мос бўлиб тушса ҳам, ғайритабиийлиги, ҳаёт ҳақиқатига мос келмаслиги, аниқроғи, ифоданинг, кўрсатилган сабабнинг ҳаётий мантиқдан узоқлиги яққол кўзга ташланиб турибди. Ташхис санъатидан фойдаланаётган ижодкор осмон ёритгичига инсон хусусиятларини кўчирган ҳолда бадиий ёлғон қўллаб, маҳбубанинг мафтункор ойга нисбатан ҳам латофатлироқ эканлигини таъкидлаётгани, ошиқ йигитнинг эҳтиросли муҳаббатини олқишлаётганини англаб етиш қийин эмас. Бу ўринда шоир йўл қўйган бадиий ёлғон эса ўзига хос нафис бир лутф, сўз ўйини холос.
Мавлоно Лутфий қаламига мансуб
Юзидин лола ранг элтиб уёлиб шаҳрға кирмас,
Кишиким бўйнидин боғлаб кетурмоғунча саҳродин
мисраларидаги ҳусни таълил яна ҳам мароқли. «Маҳбубамнинг қизил юзларини кўриб ранги ўчган лола уялганидан шаҳарга киролмайди, одамлар уни бўйнидан боғлаб саҳродан олиб келадилар», деган маънони ифодалаётган ушбу байтдаги ғайритабиий сабаб алоҳида эътиборга лойиқ. Байт матнига эътиборни қаратсак, шоир аввало лоланинг тоғ этакларида учрашини таъкидлаб: «У шаҳардан қочиб юради, унга кира олмайди» деган фикрни бизга ҳавола қилаётганини англаймиз. Бунинг ҳақиқий, ҳаётий сабаби табиат тақазоси, холос. Лекин шоир ўз олдига бу хил сабабни таҳлил қилиш мақсадини қўймаганлиги ҳам аён бўлиб турибди. Аниқроғи, ижодкор лоланинг шаҳарга кира ол-маслиги сабабини излашга киришади-ю, жавобни: «Лоланинг шаҳарга яқинлаша олмаётганининг сабаби унинг гўзал маҳбуба юзига тенглашолмаслиги, уни кўрган заҳоти ранги ўчиб кетаётганлиги туфайли одамлардан уялиши экан», деган хулосага келади. Бу ўринда лолага инсон хусусиятлари - ранги ўчиш, уялиш ҳолатлари кўчирилаётганлиги, яъни ижодкор айни бир вақтда ташхис ва муболаға санъатларидан истифода қилган ҳолда ғайритабиий далил келтираётганига ишонч ҳосил қиламиз. Ҳақиқатан ҳам, шоир таъкидлаётган сабаб ҳаётдан узоқ ва мантиқан асоссиз эканлиги яққол кўзга ташланиб турибди. Чунки аслида лоланинг тоғда ўсиши маҳбуба латофатига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги, севги фақат инсонларгагина хослигини яхши биламиз, шу туфайли шоир талқинининг жидцийлигига ишонмаймиз ҳам, лекин ижодкор бадиий нияти - маҳбуба гўзаллиги чиройли бир тарзда тасдиқланганига тан берамиз-у Лутфий хаёлот оламига, маҳоратига тасанно айтамиз.
Демак, ҳусни таълил санъати байтда ифодаланаётган ҳаётий воқеа, ҳодиса ёки ҳолатга ғайритабиий, яъни ҳақиқий бўлмаган бирон сабаб кўрсатиш, шу восита орқали у ёки ғоявий-бадиий ниятни амалга ошириш, бирон ғоя ёки фикрни таъкидлаб кўрсатишни назарда тутади. Биробарин, ушбу санъат қўлланган байт уч нарсани ўз ичига олади:
1. Ижодкор тасвирлаётган ҳаётий ҳодиса ёки ҳолат, тарихий ёки афсонавий воқеа.
2. Шу ҳодиса, ҳолат, воқеанинг ҳаётий бўлмаган, ғайритаби-ий, номантиқий сабаби - ҳусни таълил.
3. Ҳаётий ҳақиқатга ёки афсонавий воқеага ғайритабиий са-баб кўрсатишдан назарда тутилган ғоявий-бадиий ният.
Шеъриятимиздаги ҳусни таълил намуналари хилма-хил ҳаётий ҳолатлар, табиий ва афсонавий ҳодисаларга асосланади. Шоирлар кўпинча самовий мавжудотлар ҳолати ва ҳаракатини ғайри-табиий изоҳлаш йўли билан ҳусни таълил санъатига хос лавҳалар чизадилар. Масалан, қуёш ҳаракатини шу хил тасвирлаш воситасида кўплаб чиройли байтлар яратилган.
Ой юзунг наззорасидин қолур эрмиш бенасиб,
Онинг учун кечқурун ҳар кунда йиғлар қон қуёш.(Гадоий)

Меҳр юз кўрмай ўчашур, пардадин чиққач қуёш
Олғали қўймас сориғ юзин қаро ердин уёт.(Навоий)

Фалак меҳри булутдин кўзга чекмиш пардаи мушкин,
Магар боқиб қуёшим юзига кўзи қамошибдур. (Огаҳий)
Келтирилган байтлар мазмунига диққат қилсак, қуёшнинг ҳолати, ҳаракати асосида бетакрор бадиий лавҳалар ифодалан-ганини кўрамизки, уларнинг ҳар бири ҳусни таълил санъатининг гўзал намуналаридир.
Турли ҳаётий ҳодисалар, ўсимликлар, мевалар, ашёлар ҳола-ти заминида ҳам ҳусни таълил санъатининг чиройли намуналари яратилган. Масалан, Навоийнинг
Банд аёғида нединдур, бошида савдо ўти,
Эй пари, ишқингда гар худ бўлмамиш девона шамъ
байтида шамънинг кўринишини муҳаббат дардида девона бўлган одамга ўхшатиб, табиий ҳолат ғайритабиий тарзда талқин қилинган. Ташбиҳ ва ташхис санъатларига асосланган бу хил тасвирда ҳусни таълил маҳбуба гўзаллиги, латофатини таъсирчан қилиб ифодалашга имкон берган. Лутфий қаламига мансуб бўлган
Ой юзунгнинг хижлатидан гул қизорди, ҳолиё,
Ханда бирла ўткарур, чун инфиоли бордурур
байтида гулнинг қизариб очилиши хижолатдан юзи қизарган ва ўзининг ноқулай аҳволини яшириш учун зўрма-зўраки табассум қилаётган одамга қиёсланиб кишини лол қолдирувчи тасвир чизилган.
Шоирнинг:
Ҳайратда қолиб писта оғиз очтию қолди,
Мажлисда чу оғзинг соридин кечти ҳикоят.

... Лаълининг ширинлигин бир кун битар эрди қалам,
Боши зону остида қолди чибинлар илкидин
каби байтларида ҳам писта, сарв, қалам ҳолатлари ҳусни таълил учун асос бўлган.

Гадоийнинг
Ул ҳаловатлик зулол ирнинг рамузин фаҳм этиб,
Бош олиб зулматға кирди оби ҳайвон шармсор
байтидаги ҳусни таълил санъатидан завқ олиш учун оби ҳайвон (ҳаёт суви) ер остидаги зулматда бўлиши ҳақида афсоналар, масалан, Искандарнинг ҳаёт сувини ичиш мақсадида зулматта кириши ҳақидаги афсонавий ҳикоядан хабардор бўлиш талаб қилинади.
Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳусни таълил санъати қўлланар экан, тасвирланаётган ҳаётий ҳодиса ёки ҳолатнинг ҳақиқий сабабларига эътибор берилмайди. Бу хил сабаблар мутлақо бўлмаслиги ҳам, сезилар-сезилмас бўлиши ҳам, аниқ кўриниб туриши ҳам мумкин. Ўзбек шеъриятидан ҳам бу масалага доир кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Лутфийнинг
Сабо ширин дудоқингға тегубон ўтти ер узра,
Ўшал имкон билан ернинг наботин найшакар қилди
байтини мутолаа қилсак: «Тонг насими ер узра кезаркан, ширин лабларингга ҳам тегиб ўтди-ю, шундан кейин ер ўсимлигини шакарқамишга айлантирди», деган латиф бир маъно ифодаланганини кўрамиз. Шоир таъкидлаётган ҳаётий ҳодиса - ер юзида шакарқамишнинг ўсаётганлиги. Бунинг ҳақиқий сабаби сифатида нимани кўрсатиш мумкин? Ушбу саволга жавоб топиш мушкул. Шунга қарамай шоир ўзи тасвирлаган ҳодисанинг сабаби-ни топишга интилиб, найшакарнинг пайдо бўлишига сабаб тонг шамоли оддин маҳбуба лабига тегиб ўтиб кейин ер юзи бўйлаб кезаркан, ер ўсимлигини шакарқамишга айлантиргани эканлигини таъкидлайди. Мавлононинг
Писта онт ичтики, торлиқ ул оғиздин олмайин,
Ёрилибдур ўзга қилмиш гўиё савгандини
байтидаги воқеий ҳақиқат - пистанинг қорни ёриқлиги. Бунинг ҳаётий асоси нима бўлди экан? Дарахт устида эканлигида ўз табиатига кўра ёрилганими ёки одамлар томонидан чақилганими? Аниқ бир хулосага келиш маҳол. Бундан қатъий назар, шоир ушбу ҳақиқатга ажойиб бир ғайритабиий сабаб ўйлаб топган: у энди маҳбуба оғзидаги торликка даъво қилмайман, деб қасам ичган экан, лекин ўз сўзида турмаган шекилли, қорни ёрилиб кетибди». Мавлоно бу ўринда «Ёлғончининг қорни ёрилиб ўлади», деган халқ иборасига ишора қилаётгани яққол кўзга таш-ланиб турибди.
Юқоридаги мисоллардан кўриниб турганидек, шоир томонидан қаламга олинаётган ҳаётий ҳодиса ёки афсонавий ривоятнинг ҳақиқий сабаби бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар ижодкор ўз ғоявий-бадиий ниятига мувофиқ келадиган ғайритабиий сабаб - ҳусни таълилни ифодалайверади.
Энди ҳусни таълил ифодаси, яъни шоир келтирадиган ғайри-табиий сабаб ҳақида суҳбатлашайлик. Адабиётимизнинг кўп асрли тарихи кўрсатишича, ушбу санъат ифодаланаётган сабабнинг албатта ғайритабиий, ҳаёт ҳақиқатш а мос келмайдиган бир тарзда бўлишини шарт қилиб қўяди. Сабаб асосида сўзсиз ижодкор таъкидлаётган ҳаётий ҳақиқат, ҳолат ёки афсонавий ривоятда тилга олинаётган шахс ёки ҳайвон, қуш ёки буюм, баъ-зан мавҳумий бирон тушунча (масалан, жон, кўнгул) номи ётади, сўнг у билан алоқадор ғайритабиий далил келтирилади. Натижада бир шахс, ҳайвон, қуш, буюм, мавҳум тушунча ҳақида ўзаро узвий алоқада бўлган икки фикр юзага чиқади. Кейинги ҳукм олдинги ҳаётий воқеъликнинг сабаби қилиб кўрсатилади-ю, лекин ҳар икки фикр ўртасида мантиқий мувофиқлик бўлмайди, аниқроғи, сабаб сохта, ҳазилнамо мазмунга, лутф, сўз ўйини маъносига эга бўлади.
Ҳусни таълил ифодаси шу туфайли ҳам аксар ҳолатларда енгил, самимий кулги уйғотади. Фикримиз исботини юқорида келтирилган мисолларда ҳам яққол кўришингиз мумкин.
Шоир таъкидлаётган сабаб ғайритабиий, номантиқий экан, бу ижодкорнинг ёлғончилиги деб баҳоланмайдими? Ўқувчи бу хил сабабни қабул қилаверадими? Йўқ, асло! Мазкур кўринишдаги «ёлғончилик» сўз санъати табиатига мос келаверади. Ҳазрати Навоийнинг
Сўз ичраки ёлғон эрур нописанд,
Чу назм эттилар, қилди доно писанд
ёки
Улки ғазал чеҳрасига берса зеб,
Англаб ани табъкашу дилфиреб.
Чин демаги ҳарзаву ҳазён бори,
Турфа буким, яхшиси ёлғон бори.
деб таъкидлаганларида, ҳусни таълил санъатини ҳам назарда тутганлари айни ҳақиқат.