Home icon Бош саҳифа»Адабиётшунослик»Адабий суҳбатлар»Қодирийнинг “нимкоса”лари
Facebook
Қодирийнинг “нимкоса”лари PDF Босма E-mail

“ЎТКАН КУНЛАР”ГА ЯНГИЧА НАЗАР

Улуғ ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи кейинги давр ўзбек адабиётидаги оламшумул воқеа бўлди ва бир мунаққид таъбири билан айтганда, Қодирийгача бундай романни ҳеч ким ёзмаган эди ва шундан кейин ҳам ҳозиргача бундай асар ёзилганича йўқ. Ёзувчи ўта камтарлик билан “Ўткан кунлар”ни “янги замон рўмончилиғи билан танишиш йўлида кичкина бир тажриба, яна тўғриси бир ҳавасдир” деб атаган бўлса-да, мазкур роман ҳозиргача бадиияти, ҳаётийлиги, қаҳрамонларининг бетакрорлиги билан миллионлаб ўқувчиларни ҳайратга солиб, ўйга толдириб, ром этиб келяпти.
Романнинг бош ғояси, мавзуи ва асосий қаҳрамонлари ҳақида кўб ва хўб фикр билдирилган. Филология фанлари докторлари Умарали Норматов ва Баҳодир Каримовлар “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”даги мақолаларида шундай ёзишади: “Ўтган кунлар” романининг маъно-мундарижа доираси ниҳоятда кенг. Унда хилма-хил инсоний тақдирлар, ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий, оилавий-ишқий муаммолар қаламга олинган. Бироқ улар орасида юртнинг, миллатнинг тақдири, мустақиллиги масаласи алоҳида ажралиб туради. Бинобарин, эл-юртнинг мустақиллиги, бирлиги масаласи романнинг пафосини ташкил этади. Асарнинг бош қаҳрамонлари Отабек ва Юсуфбек ҳожилар шу юрт истиқлоли, фаровонлиги, осойишталиги йўлига ҳаётини, жонини тиккан фидойи кишилардир. “Ўтган кунлар” бамисоли улкан ва тиниқ кўзгу, унда ўзбек миллатининг муайян тарихий шароит, вазиятдаги турмуши, урф-одатлари, руҳий-маънавий дунёси, бўй-басти, қиёфаси кенг кўламда аниқ-равшан гавдалантирилган. Унда Отабек билан Кумушнинг ишқий саргузаштлари, фожиаси жуда катта маҳорат билан тасвир этилган... Муаллиф ошиқларнинг ишқий саргузаштлари баҳонасида муайян тарихий даврни – Туркистоннинг рус босқини арафасидаги аҳволи, қора кунларини кўз олдимизда гавдалантиради. Қодирий ишқий саргузаштлар кўринишида ўлканинг тутқунликка тушишининг бош сабаби жаҳолат, қолоқлик ва ўзаро ички низолардир, деган фикрни ғоят усталик билан айтади. Абдулла Қодирийнинг  тарихий романлари 20-йиллардаги янги ўзбек адабиёти олдида турган мураккаб ғоявий-бадиий муаммоларнинг жуда кўпини ечиб бериб, адабий тараққиётнинг тезланишига хизмат этди” (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”, Тошкент, “ЎзМЭ” илмий нашриёти, 2000 йил, 23-бет).
Яна бир машҳур олимимиз Наим Каримов асарнинг асосий ғояси ҳақида шундай фикр айтади: “Шу нарса ажойибки, Отабек олдида турган тўсиқ унинг бахтига чанг солмоқчи бўлган қузғун фақат Ҳомиддангина иборат эмас. Бу тўсиқ қанчалик маккорона тус олмасин, Отабек уни мардона енгиб чиқади. Лекин унинг “ота-она орзуси” деб аталган бошқа бир тўсиқни ҳатлаб ўтиши амри маҳол. У шу ерда қоқилиб, машаққат билан эришган бахтидан бир умрга жудо бўлади. Адибнинг бу асарни ёзишдан мақсади худди шу ерда ўз жамолини кўрсатади. Абдулла Қодирий худди шу ерда ўзбек халқининг сўнгги бир неча аср давомида бошқа халқларга нисбатан орқада қолиши ва мустамлака исканжасига тушишининг сабабларини очиб ташлайди. Бу унинг, ўзбек халқининг, биринчи навбатда маҳаллийчилик, ўзаро ҳасад ва низо иқлимида нафас олиши, чирик урф-одатлар ичида ўралашиб қолиши, ҳатто янги тарихий даврлар келганини, мамлакат чегарасида мустамлакачилар шайланиб турганини билмай-сезмай ғафлатда яшашдир!” (Наим Каримов. “ХХ аср адабиёти манзаралари”, Тошкент, Ўзбекистон” нашриёти, 2008 йил, 171-бет).
“Мен бу романдан ўз замони фожиаларига қарши онгли курашган оқил оталар (Юсуфбек ҳожи) ва доно фарзандлар (Отабек) сиймоларини кўраман. Юсуфбек ҳожидаги элнинг бугунги ва эртанги қисматини мукаммал идрок этиш, кечаётган тарихий жараённи теран таҳлил этиш ва ягона тўғри йўлни кўрсата билиш қудрати бу образга алоҳида салобат ва тафаккур қудратини бахш этган” деб ёзади филология фанлари номзоди Ваҳоб Раҳмонов ўзининг Абдулла Қодирий романларининг 1992 йилги нашрига ёзган “сўнгсўзи”да.
Юқоридаги атоқли олимларнинг фикрларига ҳеч қандай эътироз ёки раддия билдирмаган ҳолда роман мавзуи ва ғоясига оид ўзимизда туғилган айрим мулоҳазалар билан ўртоқлашмоқчи бўлдик. Назаримизда, Абдулла Қодирий ўз асарида юқоридаги фикрлардан ташқари яна бир муҳим жиҳатни ўқувчига етказишни, нуктадон китобхон фикрини шунга қаратишни ният қилганга ўхшайди. Бу фикрни далиллаш учун эса романдан бир неча мисолларни қайтадан эслатишнинг ўзи кифоя (Ушбу тадқиқотга “Ўткан кунлар”нинг 1926 йилги ва “Меҳробдан чаён”нинг 1929 йилги илк нашрлари асосида 1992 йили Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмасида чоп этилган нашр асос қилиб олинди ва бундан кейин “ўша манба” деб берилади. Иқтибослардаги қавс ичига олинган изоҳларни мақола муаллифи киритган).
Асарнинг бош қаҳрамони Отабек Юсуфбек ҳожидай юрт оғасининг, имонли, эътиқодли, тақволи, умрини мусулмонлар манфаатига бахшида қилган фидойи бир инсоннинг хонадонида улғайган. У мадрасада диний билим ҳам олган. Ислом динининг савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром борасидаги кўрсатмаларидан яхши хабардор. Романга мурожаат қиламиз: “Акрам ҳожининг “Ўзи ўқиғонми?” деган саволига мақтовлар билан терисига сиғмай кетган Ҳасанали жавоб берди: Тошқанд Беглар беги мадрасасининг пешқадам муллабаччаларидан эди. Хўжамиз мадрасадан олиб, савдо ишига қўйдилар” (ўша манба, 18-бет). Отабек мадраса кўрган, оқ-қорани таниган йигит эса-да, асар давомида солиҳ бир инсондан гуноҳни енгил санайдиган фожир кимсага айлана боради. Унинг солиҳ фарзандга хос бўлмаган катта хатоларидан бири шуки, Кумушни севиб қолгач, бундан ота-онани воқиф қилиш, розликлари ва дуоларини олиш ўрнига хизматкор Ҳасаналини совчиликка юбориш билан кифояланади. “Хотинларингиз ўртасида адолат қилинг” деган илоҳий амрга қарши ўлароқ иккинчи хотини Зайнабга ўта бепарволик, қўрслик билан муомала қилади, кўп ишларда адолатсизлик ва зулм кўрсатади. Ҳатто буни ота-онага нисбатан норозилик, исён сифатида қилаётганини ҳам яширмайди: “Келинингиз мендан яхшилиқ кўрмас, демаганми эдим? Сиз билан отам бунга кўнмаганми эдингиз, сиз буни инкор қиласизми?” (ўша манба, 165-бет). Бошига кулфат тушиши билан тадбир-чора топиш ўрнига ичкиликка рўжу қўяди. Бўлиб ўтган ишларда ота-онага ноҳақ маломат қила бошлайди. Нима сабабдан эканидан қатъи назар, охири қотилликка қўл уришгача ҳам боради.
Китобни ўқиганингиз сайин шу тариқа Отабек ва Кумуш, Юсуфбек ҳожи ва Ўзбек ойим, Ҳомид ва Уста Алим каби романнинг асосий қаҳрамонлари томонидан шариат аҳкомларининг қўпол поймол қилинишига, ҳатто Аллоҳ фарз қилган амалларнинг тарк этилганига, ҳаром саналган улкан гуноҳларга бемалол қўл урилганига гувоҳ бўласиз. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун романдан мисоллар келтиришга ўтамиз.
Асар мусулмонлар ҳаётидан бўлгани боис, биринчи навбатда уларнинг энг улуғ ибодат – намозга бўлган муносабатини олиб кўрайлик. Намознинг Исломнинг шиори, мўминни бошқалардан ажратиб турувчи амал эканини, Аллоҳ таоло мусулмонларга имондан кейин намозни фарз қилганини, қиёматда ҳам бандалар энг аввало намоздан савол қилинишини, намозсиз бошқа иш-амаллар қабул қилинмаслигини, намозни эса қазо қилмай вақтида ўқиш фарзлигини (мажбурийлигини) мусулмонларга тушунтириб ўтиришнинг зарурати йўқ. Аммо романнинг бир неча жойида асар бош қаҳрамонлари оддий турмуш ташвишлари билан ўралашиб ёки арзимас сабаблар туфайли намозларини осонгина қолдириб юборишаверади. Бу ҳам Ислом шариатини оёқости қилиш, Аллоҳнинг амрларини инкор этишдир. Бунга бир неча мисол келтирамиз:
“Кумушбиби бир неча кундан бери совуқ ҳаво тегдириб, бош оғриғи ва кўз тинишликка ўхшаш оғриқлардан шикоят қилиб юрар, шунинг учун онаси “тинч ухласин, ортиқ уринмасин” деб бу кун намозга ҳам уйғотмаган эди” (ўша манба, 25-бет). Ислом шариатида бемор кишининг намозни қолдиришига ижозат йўқ, у касаллик туфайли жойнамозда туришга имкони бўлмаса намозни ўтириб ўқийди, бунга ҳам илож тополмаса ётган ҳолида ишора билан адо этади. Намозни фақат ақлдан озган мажнунлар, ҳушдан кетганлар, ҳайз ва нифосдаги аёлларгина маълум муддатгача қолдиришади. Кумушнинг онаси эса оддий шамоллашга чалинган қизини намозга уйғотмади.
“Отабек Марғилон келганининг иккинчи куни пойафзал бозорида бўлган эди. Аср намозининг вақти ўтиб борганлиқдан ул шундаги дўкондорларнинг бирисидан таҳорат олиш учун сув сўради... Отабек дўкондорнинг кўрсатишича қутидорнинг ташқарисига кирди. Шу пайт тасодифан нима юмиш биландир меҳмонхонадан чиқиб келгучи фариштага кўзи тушди... Кўп кутди, аср намозини қазо қилиб куч билан қутидор уйидан чиқди” (ўша манба, 52-бет). Аср фиқҳий китобларда “ўрта намоз” дейилади ҳамда бу намозга ўта эҳтиёт бўлиш ва уни  вақтидан ўтказиб юбормаслик, яъни қазо қилмаслик ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир неча ҳадислар ривоят қилинган.
“Уёқ-буёқдан шом азони эшитила бошлаган эди. Маълум отлиқ қутидорнинг дарбозасида отини тўхтатди-да, ўнг оёғини узангудан узди. Шу вақтда шом намозидан қолмас(лик) учун шошилишиб қутидор ҳам йўлакдан чиқиб келди. Отини кўчанинг ўртасида қолдириб, қайинотаси билан кўришмак учун югирган куяви олдида намозини ҳам унуткан қутидор дағ-дағ титраб тўхтаган эди. Кўришмак учун ўзига узатилган қўлни бўш ҳавода қолдириб, дарбозаси ёнига борди. Бундай муомала олдида Отабекнинг қандай ҳолда қолиши изоҳка унча муҳтож бўлмаса керак. Ул турган жойида қозиқдек қоқилиб қолган эди. Қутидорнинг олдиға юришнида билмас, сўзлашка ҳам тили келмас эди” (ўша манба, 148-бет). Воқеа шу билан тугайдики, куёвидан қаттиқ хафа бўлган қутидор масжидга бормай, дарвозадан ичкари кириб уни занжирлаб олади, Отабек эса отини шаҳарнинг шимолига қараб ҳайдайди. Икковлари ҳам шом намозини қазо қилишади.
Висол ишқи Отабекни шунчалик паришон этган эдики, у ўқиб турган намозини бузишгача ҳам боради: “Отабек Ҳасанали тарафидан тасҳир этилгандек, туриб таҳорат олди ва меҳмонхонага кириб “таровиҳ” бошлади... Орадан ярим соат чамаси вақт ўткан эди, Ҳасанали ичкаридан чиқиб келди. Отабек эса ҳануз рукуъда, сужудда эди. “Ўқуб бўлмадингизми?” деб сўради даричадан. Отабек ёниға салом бермасдан унга қаради. Бу ҳолга Ҳасаналининг гулгуси қистаб келса ҳам, ўзини зўрға тўхтатти” (ўша манба, 258-259-бетлар). Ваҳоланки, намоздаги одам бошқаларнинг саволига жавоб бермаслиги, уёқ-буёққа қарамаслиги, намозни бузувчи бошқа амалларни қилмаслиги керак. Қуръони каримда бундай дейилган: «Сўнг уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди улар албатта ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар» (Марям, 59).
Адиб ўз асарида қаҳрамонларининг Аллоҳ амрларидан чекиниб, шариат аҳкомларини қўпол бузишларини, Аллоҳ ҳаром қилган оғир гуноҳларга (гуноҳи кабираларга) қўл уришларини бир неча ўринда кўрсатиб ўтади: “Уста Алим қўлидаги пиёласини қулт этиб бўшатди-да, устакори билан аччиғланиш сабабини сўзлаб берди: “Мен Ҳомиднинг қайним Сайфига ёмон кўз билан қараб юрганини сал-пал сезиб юрган эдим... Уришатурган кунимизнинг эрталабида Сайфини илгарироқ ишка жўнатдим-да, ўзим нимагадир уриниб кечроқ қолиб бордим. Дарбозадан киришим ила ишхона ичидан кимнингдир йиғлаб-ёлборган товушини эшитиб ажабсиндим ва ишхона эшигини очиб кирсам, имонсиз Ҳомид қайнимга зўрлиқ қилиб турған экан. Эшик очилиши билан чўчиб, Сайфини бўшатди-да менга қаради” (Ўша манба, 180-бет). Бузуқ одам бўлган Ҳомид бир неча хотини бўлатуриб яна бесоқолбозлик билан шуғулланган, бу мисолда Сайфини зўрламоқчи бўлиб турган эди.
Ҳомиддан порага олган олтинларига учган қўрбошининг туҳматини текшириб ҳам ўтирмай Марғилон ҳокими Ўтаббой қушбегининг икки бегуноҳ – Отабек ва унинг қайнотаси Мирзакарим қутидорни ўлим жазосига ҳукм қилиши, кейин кутилмаганда Кумушнинг мактуб келтириши билангина уларни осилиб кетишдан сўнгги дақиқаларда қутқариши ҳам шариат аҳкомларининг поймол қилиниши эди. Ўша давр ҳукмдорлари орасида порахўрлик, ёлғон гувоҳлик бериш, бегуноҳ одамларни жазолаш, аксинча ҳақиқий айбдорларни ҳимояга олиш, бузуқлик, аҳдга вафо қилмаслик каби гуноҳ ва жиноятлар одатий ҳол эди.
Асар қаҳрамонлари турмушда учрайдиган ҳасад, рашк ва кўролмаслик, ҳавойи нафсига эргашиш каби иллатлар орқасидан оғир жиноятларни қилишгача боришади. Булар ҳам уларнинг исломий ахлоқ меъёрларидан чекинганларига ишора эди. Ҳомидбойнинг бошқаларга ҳасад қилиб ва нафсининг сўзига кириб олдин икки хотин устига Кумушни ҳам қўлга киритиш мақсадида қутидор ва Отабекни туҳмат билан дор остига йўллаши, сохта хатлар уюштириб, Отабек ва Кумушнинг ширин турмушини бузиши, кейин Кумушга унаштирилган Комилбой исмли йигитни ҳам ҳаммомда ўлдиртириб юбориши, ниҳоят Отабекни ҳам қатл қилиш учун имкон ва вақт пойлаб туриши одамларнинг ахлоқи нақадар чиркинлашиб, издан чиққанини кўрсатади.
Кумушни рашк қилган Отабек ҳам қотилликка қўл уради, Ҳомид ва унинг гумашталарини чавақлаб ўлдиради. Бу ёқда Зайнаб рашк туфайли шайтон сўзига кириб Кумушга заҳар беради, бир бегуноҳнинг жонига қасд қилиб, унинг ўлимига сабаб бўлади.
Ёки романда Аллоҳ ҳаром қилган ичкилик масаласи қандай ёритилганига эътибор қаратайлик. Ўша пайтда диндор оилаларда ичкилик ичиш қаттиқ гуноҳ саналган, улар бундан ўзларини тортишган. Мадраса кўрган йигит Отабек ҳам хамр ва шаробга мутлақо яқинлашмаган. Аммо бошига мусибат тушиб, “сохта талоқ” билан Кумушдан айрилгач, майхўрлик билан овунишни бошлаб юборади: “Уй эгаси илжайган ҳолда ҳужрага кириб, ўзининг таъбирича май эмас, бир кўзача мавиз (узумдан ясалган май, шароб) олиб чиқди, тоқчадан пиёла олгач, келиб Отабекнинг ёниға ўлтурди. Мавизни пиёлага чулдиратиб қуяр экан, меҳмонга ер остидан мўралаб кулимсираб қўйди. “Сизнинг ҳам ичканингиз борми?” “Йўқ”. Тўғриси ҳам Отабек ичкилукдан қаттиғ ҳазар қилар ва бу кунгача майни ўзиға душман каби кўриб келар эди. Уй эгаси қуйган пиёласини симириб юборғач, сездирмаслик қилиб сесканиб қўйди ва: “Аниқ ичмаганмисиз?” деб яна сўраган эди, Отабек бош чайқаш билан кифояланди” (ўша манба, 152-бет). Шундан кейин кўп ўтмай диққати ошиб турган Отабек уй эгасининг бир-икки қистови билан “пиёлани олишга мажбур бўлди..., пиёлага узоқ қараб турмай ичиб ҳам юборди... Отабекнинг иккинчи пиёласидан сўнг ошға ўлтурдилар” (ўша манба, 153-бет).
“Тошканднинг Чуқур қишлоқ деган ерида қозоқлар томонидан очилган ва ҳамиша рустамнамо кишилар билан айқириб ётқан бўзахоналар ҳам йўқ эмас эди. Беш ойлаб Оқ масжид сафарида юриб кеткач, Отабек тўғри шу Чуқур қишлоқ бўзахоналаридан бирига келиб тушкандек бўлди. Уни кундуз кунлари бўзахонада учратиб бўлмаса-да, аммо бўзахонага келмаган кечаси жуда оз эди. Бўзагар Отабекнинг ким боласи эканлигини яхши билгани учун ҳамма ишни унинг тилагига қараб қилар, ул келди дегунча оддий бўзахўрлар ёниға ўтқузмай ўзининг махсус ҳужрасига олиб кирар, бошқаларга берилатурған лойқа бўзадан бермай, бўзанинг гули билан меҳмон қилар эди... Бу ўлтурушдан сўнг ул бир ойлаб бўзахонага келмай кетди. Марғилондан қайтиб келгач, яна эски одатида давом эта бошлади” (ўша манба, 172-173-бетлар).  
“Отабек ёлғиз меҳмонхонада ётиб кун кечириш билангина қолмади. Кечалари аллақаёқларга кетиб, йўқолатурған одатлар ҳам чиқарди ва бир-икки қайта ортиқча маст бўлган ҳолда қайтиб, Ҳасаналини тамоман ҳайратда қолдирди. Ул Отабекка насиҳат қилишни ҳам билмас ва бу сирни биравга айтиш учун ҳам ҳайрон эди... Қоронғуда занжирни тимискилар экан, “ким?” деб сўради ва жавобига “мммман” деган сархуш товушни эшитди... Занжирни тушуриб, дарбозанинг бир табақасини очиши ҳамоно шу табақага суялиб турган Отабек Ҳасаналининг оёғи остиға йиқилиб тушди. Ҳасанали бу кунги кайфнинг ўтача кетканлигини пайқаган, йўлакни тутиб кеткан ичкулик исидан ўқчиёзган эди” (ўша манба, 165-бет).
Ислом шариати сеҳр-жоду билан шуғулланишдан қайтарган ва сеҳргар ҳеч шубҳасиз кофирдир, деб таълим берган: “Одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар” (Бақара, 102). Исломда сеҳргарлик ширкка тенглаштирилади, Аллоҳ таолога ширк келтириш эса улкан гуноҳлардан, буни қилганлар ва ишонганларнинг жазоси дўзахдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Афсун ўқиб дам солиш, тумор тақиш, иссиқ-совуқ қилиш ширкдир”, деганлар (Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти). Аммо Юсуфбек ҳожидай ҳамма эргашадиган тақводор кишининг хотини Ўзбек ойим ўғлини марғилонлик келини сеҳрлаб қўйган деб астойдил ишонади ва уни хотинидан “совутиш”  учун тинимсиз сеҳр, жоду қиладиганларнинг олдига қатнайди. Мисолларга мурожаат қилайлик:
“Айниқса унга ҳозир бутун маъноси билан сир онглашилиб, марғилонлиқнинг жодусини жуда ҳам кучлик эканига имон келтирди (!). Ўғлининг орзу-ҳавасини кўрди – кўриш бўлса, орзулағандан ортиқ. Бироқ бу орзу-ҳавас орқасидан кутилган марғилонлиқ балосидан ўғлини қутқариш масаласи унинг тилагича бўлиб чиқмади-да, яна марғилонлиқнинг сиҳри ўткирлик қилди... Никоҳ куни Отабекнинг кийимларини жуҳуд домладан ўқитишлар, марғилонлиқдан совутиб, тошкандликка иситишлар – барчаси ҳам ҳозир ўз ажзларини унга иқрор қилар эдилар. Кейинги “беш-бош” домланинг берган тутатқи, эзиб ички, дуо ва туморлари ҳам негадир таъсир асарини сездирмадилар.
Ўзбек ойим марғилонлиқнинг домласини кучлик эканида шубҳа қилмаса ҳам аммо бир ишка жуда ҳайрон эди: “жуҳуднинг қилган жодусини – жуҳуд, мусулмон домланикини – мусулмон дафъ қила олур эди; нега булар асар қилмайди сира?” – ҳозир Ўзбек ойим бунинг сиррини ўйлаб тополмас эди. Бу боши берк кўчада ҳам узоқ қамалиб қолмади – бунинг сиррини дафъатан топди, жуда тўғри топди: “Марғилонлиқнинг домласи жуҳуд ҳам эмас, мусулмон ҳам эмас – ҳинди! Ҳиндиларнинг ҳам ҳанноси (Худодан қўрқмайдигани), бас, ҳанноснинг сиҳрини на мусулмон домласи қайтарсину, на жуҳуд. Ўшал ҳиндининг ўзи қайтармаса, ўзга илож йўқ!” (ўша манба, 127-128-бетлар).
Шундан сўнг Ўзбек ойим хизматкори Ҳасаналини чақириб, унга шундай тайинлайди: “Энди иш Тошканд домлалари билан битатурганға ўхшамайдир... Ўйлаб қарасам, марғилонлиқнинг домласи ҳинди экан. Шунинг учун ноилож сани олдимға чақиртирдим. Сан ҳам одам сумол гапимга тушуниб, шу тўғрида ақлинг етканча зеҳнингни югиртиргин... Ўзингга маълумки, кундан-кунга марғилонлиқни унутиш ерига ҳар соат унга эси борадир. Бу ҳолларнинг барчаси ўша ҳиндининг жодусидан бўлиб, муаккиллар (фаришталар) Отабекнинг бўйнидан сиртмоқ солиб Марғилонға тортадилар...” (ўша манба, 130-бет). 
Фол очиш ва очтириш ҳам ширкка тенглаштирилган. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким башоратчи ёки фолчига борса ва гапларига ишонса, Муҳаммадга туширилган нарсани (Қуръонни) инкор этибди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Аммо Юсуфбек ҳожидай диндор, тақволи одамнинг хонадонида бу иш одатий ҳолга айланган. Сеҳр-жодулар билан иши битмагач, Ўзбек ойим энди фолбинларга чопа бошлайди, Энг таажжублиси яна шундаки, халқни бидъат-хурофотлардан, фожирликлардан қайтаришга масъул бўлган Юсуфбек ҳожи негадир хотинини бу гуноҳ ишдан ман этмайди. Эҳтимол, бунга “жилов” хотинининг қўлидагилиги сабабдир: “Ўзбек ойим элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик бир хотин бўлса ҳам, аммо эрига ўткирлиги билан машҳур эди” (105-бет). Шу думбул хотин икки баобрў эркакни ўз ноғорасига ўйнатади, шахсий ҳаётига аралашиб, уни барбод этади. Шу думбул хотин Юсуфбек ҳожидай юрт оғасини ҳам писанд этмай, фолбин, жодучиларга чопади. “Бу гал Отабекнинг кутилмаган равишда Марғилондан тез қайтиб келишини Ўзбек ойим ўзининг жуҳуд домладан қилдирган жодусининг ҳинд сиҳрининг енгганлиги, деб суюнган эди. Бироқ Отабекнинг кўписинча меҳмонхонада ётиб қолиши уни бу тўғрида шубҳага тушириб қўйған ва бунда қандай ҳикмат борлигини бевосита билиб олиш учун бирорта ромчи (фолбин) домлага бориш фикрига тушкан эди. Юсуфбек ҳожининг бўлса, бундай майда (!) ишларни текшириб юриш учун фурсати ҳам йўқ, унинг Нормуҳаммад қушбеги ёнидан бўшаган вақти понсад ва бекларникида кенгаш ва зиёфатлар билан тугалар эди” (ўша манба, 164-бет).  
Халқнинг диндан узоқлашиб, Аллоҳнинг амрларидан чекинганини, Унинг қайтариқларидан сесканмай қўйганини адиб шундай тасвирлайди: “Халқимиз таъбирича, бу замонлар “мусулмонобод” бўлса-да, бироқ бу тантаналик таъбирни бузиб қўятурған ишлар ҳам йўқ эмас эди. Хон мусулмон, бек мусулмон, халқ мусулмон, бунинг устига юриш-туриш ҳам мусулмонча, ҳукмлар ҳам шариъатча эди. Ўғирлиқ қилган учун қўл кесиладир ва ё дорға осиладир. Зони билан зониялар (эркак ва аёл зинокорлар) ҳам пештоқдан ташланадирлар, ичкулик ичкан учун қирқ дарра уриладир. Раис афанди мулозимларига дарра кўтартириб, намозсизларни текширадир, фарзи айн билмаганларни урдирадир эди. Иш шунчалик нозик бўлатуриб ҳам ўғрилар ўз тирикчиликлари орқасидан қолмайдирлар. Эш ака билан Тош аканинг уйлари орқасидан тешилиб моллари ўғирлана берадир, пештоқдан қопка бўғилиб ташланмоқ учун фоҳишалар ҳам етишиб турадирлар. Бутун умрида пешонаси сажда кўрмаганлар ҳам кўб, аммо фарзи айннинг бош томонидан тўрт-беш жумлани ҳар ким қийналмасдан сайрай олар эди. Кўб кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкулик сотиш билан тирикчилик қилгучилар ҳам йўқ эмас эдилар” (ўша манба, 170-171-бетлар).
Миллатнинг ақли расо кишилари исломий ахлоқдан чекиниш, шариатни оёқости қилиш оғир оқибатларга, бошга турли бало ва мусибатлар тушишига сабаб бўлиши мумкинлигини дилдан ҳис этишган, бундан қаттиқ изтиробга ҳам тушишган. Буни ҳатто Юсуфбек ҳожи ва Отабек ҳам яхши тушунишган. Фикримиз далили сифатида Юсуфбек ҳожининг ўғли Отабекка айтган мана бу сўзларига эътибор беринг: “Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлиға тутқин қилиб топширғучи – биз кўр ва ақлсиз оталарға Худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун (дафн қилинган) Туркистонимизни тўнғузхона қилишға ҳозирланган биз итлар Яратғучининг қаҳриға албатта йўлиқармиз!... Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болаларини ятим, хоналарини вайрон қилғучи золимлар қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишиға нишонадир, ўғлим!...” (Ўша манба, 237-238-бетлар).
Қолаверса, шу гаплардан бироз ўтиб, бир маъракада Юсуфбек ҳожининг Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бир ҳадиси шарифни келтириб, айтганларини яна бир бор ойдинлаштириши масалага анча аниқлик киритади: “Яъни ул сарвари коинот марҳамат қилурларким, агар бир қавмнинг иши ноаҳл одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил, яъни ҳалокатига мунтазир бўл”. Бас, бизнинг корларимиз ҳам кўб фурсатлардан бери ноаҳл одамларнинг қўлиға қолиб ва ҳар замон ул нобакорлар бизларнинг бошимизға анвоъи кулфатларни соладирлар. Илоҳи кори бадлари ўз бошлари билан дафъ бўлғай” (ўша манба, 256-бет).
Ҳақиқатан, ўша пайтлари хонлик тизимидаги деярли барча амал ва вазифалар бу ишга муносиб бўлмаган, жавоб беролмайдиган (ноаҳл) кишиларга топшириб қўйилгани, Юсуфбек ҳожи каби Аллоҳдан қўрқадиган, яхши-ёмонни, ҳалол-ҳаромни ажратадиган кишиларнинг четга сурилгани, “эсимни таниғанимдан бери амал демай, мансаб демай фақат шу мусулмонлар манфаатини кўзлаб келганман” деб зорланган Юсуфбек ҳожиларнинг “ўзини қушбеги, мингбоши олған уч-тўртта манфаатпарастлардан гўё ёш бола каби алдандим” (256-бет), дея надомат чекишлари ҳам миллатнинг инқирози, юрт таназзули сабабларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: «Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам офат-балолар юз беради. Бу ундан қайтишлари учун, уларга қилган айрим гуноҳларининг (жазосини) торттириб қўйиш учундир» (Рум, 41); «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, билингки, ўз қўлларингиз билан қилган нарса – гуноҳ сабаблидир»  (Шўро, 30);
Тарихдан яхши маълумки, мусулмонлар Исломдан узоқлашиб, Қуръон ва суннатни унутишганда, исломий ахлоқдан чекинишганда ҳамиша мағлубиятга юз тутишган, хўрланишган, азоб-аламларга мубтало бўлишган. Агар халқ орасида фисқ кучайса, ахлоқ бузилса, бу халқ мутеликка, ўзгага қарам бўлишга, истибдод ва зулмга дучорликка маҳкумдир. Қудратли умавийлар ва аббосийлар халифаликларининг инқирозга юз тутиб парчаланиб кетгани, Оврўпада гуллаб-яшнаган Андалусия салтанатининг салибчилар томонидан тор-мор этилиб, батамом йўқ қилингани, дунёнинг ярмида ҳукм юргизган Усмонлилар салтанатининг таназзулга юз тутгани ва ўнлаб майда, кучсиз давлатларга бўлиниб кетганининг сабаблари ҳам худди мана шунда!
Бу ҳақиқатни юртимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Узоқ тарихимизда қачон шариат топталган, ахлоқ бузилган, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи қолмаган, ҳукмдорлар ва халқ ўртасида аҳиллик йўқолган бўлса, бу юрт устига, халқ бошига беҳисоб кулфатлар, азоб-хўрликлар ёғилган. Мўғулларнинг Мовароуннаҳрни, (қолаверса дунёнинг ярмини) харобага айлантириб, миллионлаб кишиларни тиғдан ўтказгани ёки қул қилгани ҳам ана шунинг оқибатидир. Македонияли Искандарнинг гуллаб-яшнаган ўлкаларни топтаб, халқни зулмга гирифтор қилгани ҳам шундан. Янги тарихимизда русларнинг бу ўлкани салкам бир ярим аср истибдод ва мустамлака исканжасида тутиб тургани ҳам шу туфайлидир. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар устига Сўз (азоб тушиши) вожиб – муқаррар бўлур. Бас, Биз уни вайронага айлантирурмиз» (Ал-Исро, 16).
Абдулла Қодирийнинг жасорати ва маҳорати шунда эдики, у босқинчи совет тузумининг даҳрийлик сиёсати авж олиб турган ўттизинчи йилларда уларнинг кўзини “шамғалат” қилиб, мазкур романида имонга, эътиқодга қилинган суиқасднинг нималарга олиб келишига ишора қилган. Ислом дини кўрсатмаларидан чекиниш, фисқ ва фожирликка томошабин бўлиб туриш, яхшиликка чақириш (амри маъруф) ва ёмонликдан қайтариш (наҳйи мункар) тўхтаб қолганида халқ бошига Парвардигорнинг офат-балосию ва мусибатлари муқаррар келишини эслатиб, халқни огоҳлантирмоқчи ва кўзини очмоқчи бўлган. Адиб мақолаларидан бирида шундай деган эди: “Ёзувчиликда бир қонун бор: ҳаммадан илгари маъно, ундан сўнг шу маънони ифода қилиш учун сўз қуриш, сўзгина эмас, санъаткорона, яъни шундоғ сўзки, айтмоқчи бўлган фикрингизнинг ифодаси учунгина махсус яратилган бўлиб, ясама бўлмасин. Мана шу шартни бажариб, бу жиҳатдан таъмин этилгач, бошқа масалаларга ўтишга ҳақ олган бўласан...”
Назаримизда, булардан шундай хулоса қилиш мумкин: эътиқодига содиқ адиб мустамлакачилар тўрвасида кириб келган худосизлик мафкураси халқ бошида зулм калтагини ўйнатиб турган йилларда, ўзи ҳам ҳар қадамда тазйиқ ва таъқибга учраб турган бир пайтда фикрларини очиқ ёзиб ўтирмай,  буни қаҳрамонларининг тутган йўли ва ҳатти-ҳаракатлари орқали кўрсатмоқчи бўлган.  Кўпчиликнинг Исломдан чекингани, шариатга хилоф йўл тутаётгани, мусулмонлар ахлоқига зид ва ёт иш-амалларни қилаётгани ана шу кулфатларнинг асосий сабабчиси деб изоҳламоқчи бўлган. Шу туфайли энг аввало бир ўзбек хонадонининг, қолаверса юрт ва миллатнинг инқирозга учраши, мустамлакачиларга ем бўлиши бежизга эмаслиганини қаламга олишга жазм қилган. “Бирники мингга, мингники туманга”, деганларидай айрим фосиқ ва фожирларнинг касри бутун миллатга уриши мумкин, демоқчи бўлган... Ахир, Солиҳ алайҳиссаломнинг туясини бир киши сўйгани ҳолда бутун қавм бошига Аллоҳнинг жазоси келган эди-ку!
Йўл-йўлакай бир-икки мулоҳаза: матбуот хабарларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида Россияда йигирма битта тунги клубда (ишратхонада деб ўқийверинг) ёнғин чиқиб, қанчалаб ёшларнинг ҳалокатига сабаб бўлибди. Нега айнан тунги клубларда кўпроқ ёнғин чиқиши ҳақида бирозгина бош қотирган киши фалокатларнинг асл сабабини тушунган бўларди. Яна бир гап: Ғарб кемасозлигининг фахри бўлган, техник жиҳатдан беками-кўст ясалган ва энг тажрибали денгизчилар бошқарган “Титаник” кемаси нега муз тоғига (айсберг) тўқнашиб кетишдан қутулиб кета олмади? Бунга ҳам кемада қилинган зино ва бошқа бузуқликлар сабаб бўлмадимикин? Нима бўлганда ҳам ушбулардан қандай хулоса чиқариш нуктадон ўқувчининг ўзига ҳавола!

Аҳмад МУҲАММАД