Менга подшоҳ қўли етакчи бўлиб, бу панжа билан зўр имтиҳон қилди. Уни панжа эмас, қаттиқ тош деб, тош ҳам эмас, яхлит пўлат дегин. Панжа кучини синаш учун панжа солдиму, у панжага тенг келолмай азобу ранж чекдим. У, донолар, «Панж ганж» («Беш хазина») деб ном қўйган «Хамса»и ганжсанж6 эди. У ноёб дурлар хазинаси, офтоб панжаси бўлган «Хамса» эди, кимки унга зўрлигини кўрсатган бўлса, кучи етмай, қўли шикаст топди. Менинг қўлим ҳам беҳад заиф бўлиб, у панжага тенг келолмасди. Қўлимдаги қувват ҳам, панжамдаги куч ҳам панжалар беллашувига имкон бермасди. Бошлаган бу ишдан воз кечишга ҳимматим йўл бермас, кучаниб ишлай десам, қувватим етмасди. Панжамга ҳасрат билан боқиб, бу панжамни у панжамга уриб, ақлу ҳушимни йўқатиб хаёл сурар эканман: суруш — бахтиёр фариштанинг тўсатдан нидоси қулоғимга чалинди: «Эй ожизлик ва ёлбориш денгизига ғарқ бўлган, дардига бир чора қилувчи топилмаган инсон! Ўрнингдан тургин-да, пир даргоҳига етиб боргин, юзингни унинг огоҳ жонига қарат ва унинг кўнглидан дўстлик, буюк ҳимматидан мададкорлик тилагин. Чунки очилиши қийин бўлган ҳар бир қулфга буюк донишмандлар дуоси калит бўла олади». Бу сўзни эшитгач, пир остонаси томон йўл олдим. У жаннатий маконга етиб бориб, сажда қилганимда, остонаси тупроғидан кўзим ҳам, кўнглим ҳам ёриди. Эшикка қўлимни уришга журъат қилолмай турар эканман, у ўзидан ўзи очилиб, «Ниёз аҳли кирсин!» деган овозни эшитдим-да, таъзим билан ичкари кирдим. Пирга дардимни қай тарзда баён қилишни била олмай, гунгу лол бўлиб турар эканман, кўнглимдаги дардларимни пирнинг ўзи сўзлай бошлади: мен унинг айтганларини тасдиқ қилгач, у аввало ишимнинг битиши учун дуога қўл очди-да, сўнг барча ҳожатимни раво қилди. Дедиким: «Бу бир иш эди қилғулуқ, Бу айтилмағон нукта айтилғулуқ. Бу соатға мавқуф эрди экин, Бу дам тенгри тавфиқ берди экин. Агарчи етишти малолат санга, Вале охир ўлди ҳаволат санга. Ким ул ганжлар бошиға етгасен, Тилисмотини доғи фатҳ этгасен. Оламга назар солиб кўрдикки, турклар орасида бу каби улуғ ишга қўл уриш учун зарур бўлган кишини топиш қийин. Турклар ҳам, ажамликлар ҳам бундай ишга ҳайрат билан қарайдилар. Олам аҳли ўн кун тинмай меҳнат қилганларида ҳам беш байтли бир ғазални ёзиб тугатолмайдилар. Маснавийгўйлар эса ўн йилда минг байт шеър битишнинг уддасидан чиқолмайдилар. Бу ўрмонда иккита шер бўлиб, бу денгизда иккитагина шижоатли, жасур наҳанг бордир. Ўрмонга кириш учун шерлар жанг қилиши, денгизда эса қўрқмас наҳанглар олишуви керак. Бу кунларда тез ва нозик фикрловчи фақат сенсан. Мусаллам сўзинг равон, сўз ичра гўё бир паҳлавонсан. Равон қаламингга шунчалик ишонч борки, сўз айтганда шунчалик оби ҳаёт яратадики, унинг Хизрваш сувидан бутун коинот тўяди. Бу ишни бажариш сенга насиб этган экан, сен унинг уддасидан чиқа олишингга умид қиламиз. Тур энди, ишинг ҳақида ўйлагину хаёл аҳли зеби жамоли ҳақида фикр сур. Сен бу ишингда ҳушёрликни унутмаслигинг керак, биз эса дуо билан сенга мададкорлик қилғумиздир». Мен нотавон бу сўзларни эшитгач, ўлик жисмимга жон киргандек бўлди. Ер ўптим-да, уй томон йўлга тушдим. Кўнглимда ўйлаган достонларни яратишга жазм қилдим. Хонамга келгач, қаламим учини созлаб сўз хазиналарини бирин-кетин тера бошладим. «Ҳайрат»га кўнглим қизиқиб, унга эл-улус ҳайратини уйғотдим. «Фарҳод» ҳақида ўй суриб, тешавор уста бўлиб, тоғ текисладим, «Мажнун» афсонасини қаламга олиб, барча халқни жунун шайдосига айлантирдим, «Сабъа»га таъбим яқин бўлиб, етти чархдан офарин эшитдим, тилимга Искандар номини олиб, достон отини «Садди Искандарий» деб атадим. Бу маҳвашлар жамолларини сарв ниҳоли каби безатгач, латофатда юз аъло жаннат, ҳар бирининг ичида минг гўзал ҳур ўз аксини топди. Бу беш хазинани очгач, уларни қоғозга туширдим, кейин ёзганларимни жузвдонимга солиб, ҳиммат билан менга мададкорлик қилган улуғ пирим олдига олиб бориб кўрсатишни кўнглим орзу қилди. Ҳузурига бориб таъзим бажо келтириш ва ишим тугагани ҳақида ул зотга хабар етказиш тўғрисида хаёл суриб борар эканман, «Хамса» яратган қалам соҳибларининг меҳнатларини эслардим. Бу асарни ёзишга бел боғлаган улуғлар уни тугаллаш учун узоқ умрларини сарф этдилар. Назм аҳлининг устоди бўлган Низомий ўз хазиналарини, хазина эмас, ихтироларини элдан узоқроқда яшаб, ярим умрини заҳмат чекиб, қон ютиб яратди. Беш хазина калидини қўлга киритгач ҳам бу асарларни таҳрир қилиш учун яна анча вақт сарфлади. Кўп умрини бағишлаб, бу ажойиб ёқимли китобини тугаллади. Неча подшоҳларнинг ғамхўрлиги билан бу давр ичида у халқ хизмати билан шуғулланмай, фақат шу асарни ёзишдан бошқа нарсани хаёлига келтирмай, фақат орада қирқта арбаин битиб, шу беш хазинанинг соҳиби бўлди. Ҳиндча тахаллус олган, асли ўзи турк бўлган Хусрав ҳам Ажамдан Арабгача бўлган мамлакатларни сўз билан қўлга киритди. Бу мустаҳкам қўрғонлар эшигини очгунча, анча афсоналарни қисқароқ баён қилган бўлса ҳам, кўпгина вақтини фақат шу достонларни ёзиш билан ўтказди. Уларга ўз ҳаётининг ўн беш, камида ўн йилини бахшида этди. Яна кимлар шу соҳада қалам юритган бўлсалар, улар сарфлаган вақтни юқорида айтилганларга қиёс қилиб билиб олса бўлади. Сен эса кўпроқ заҳмат чекиш, элга хизмат қилишдан бўшамас эдинг. Тонгдан оқшомгача эл дардини тинглаш, уларга ёрдам бериш билан банд бўлардинг, баъзида одамлардан ўзингга малол келувчи сўзлар эшитардинг. Халқ ғавғосидан тинмас, қулоғинг халойиқ шовқин-суронидан тинчимасди. Шундай қийинчиликларга қарамай, ўз асарларингни битишда ғайрат кўрсатиб, икки йилдан кўпроқ вақтда ўз «Хамса»нгни ниҳоясига етказдинг. Моҳир бир ҳисобчи ғайрат қилиб, беш достонни ёзиш учун кетган муддатни ҳисоблаб чиқса, жами олти ой ҳам бўлмайди. Бу назм тезда тугалланган бўлса, унинг яна бир томони туркий тилда яратилганидир. Лекин китобнинг ҳар қанча эътиборли жиҳатлари бўлишига қарамай, талаффузда баъзи камчиликлари ҳам йўқ эмас. Албатта, ўзингнинг сўзингни ўзинг яхши кўрасан, чунки ўзинг ёзган сўзлар-да улар: шунинг учун ҳам олдингда қимматли бўлиб кўринаверади. Сўз худди ўзингнинг фарзандинг бўлиб туюлади, чунки фарзанд жонингнинг пайванди-да! Бошқаларга нописанд бўлган сўзлар ҳам кишининг ўзи олдида бебаҳо бўлиб кўриниши муқаррар. Бойқушнинг боласи қанчалик хунук бўлмасин, унинг олдида хушжилва товус бўлиб кўринади. Ўзингга маъқул бўлган сўзларни эл ҳам писанд қилармикан? Донишманд пирим ёзган китобимни назардан ўтказиб, асарим нуқсонларидан мени воқиф қилса қани эди? Бу китобни аввал айтган улуғларнинг юзларига ажал аллақачон ўз ниқобини ёпган. Улардан ҳар бирининг руҳи жаннат боғида шод бўляпти, деб умид қиламан. Доно пирим булардан ҳам хабар топиб, мени ҳам бохабар қилармикан? Шундай хаёллар билан пирим манзилига етиб бордим, остонасини ўпиб, жузвдонимдан «Хамса»ни чиқардим-да, ёзганларимни кўрсатиб, барчасини унинг оёғига нисор қилдим! Кемам дарёда борар экан, пирим қўлини улардан бирига узатдию ҳар бир варағини очиб, назар ташлар экан, юзига табассум ёйиларди. Бирон сўз ҳақида савол берса, жавобини берганимдан сўнг, завқланар, гоҳ таҳсину гоҳ дуо қилар экан, ҳар бир сўзидан шодликка тўлиб муродим ҳосил бўларди. Ёзганларим ҳақида фикрини айтар экан, мен икки кўзимни ерга тикиб турардим. Сўзимни эшитар экан, юзи бўстондек очилиб, енгини меҳрибонларча эгнимга ташлади. Шунда ўзимдан кетгандек бўлдиму, қизиқ бир ҳолат юз берди: тўсатдан ўзимни ажойиб бир бўстон ичида кўрдим, боғу гулистон аро гашт қилиб юрган эмишман. Боғи Эрамда сайр қилган ҳар бир одам ҳам ушбу жаннатмонанд боққа орзуманд эмиш. Эл Байтулҳарамни тавоф қилган каби мен ҳам чамандан чаманга ўтиб шодланар эмишман. Боғ ичида кўпгина кишилар ҳалқа қуриб, ширин суҳбат қилишар экан. Улардан бири чаманда мен кезиб юрган жойга қараб юриб олдимга келди. Шоирона қиёфали дилкаш ва соҳибжамол бу киши салом бериб, мен билан сўрашгач, «Бу бахтиёр ва қувноқ одамлар сенинг ҳам суҳбатимизга қўшилишингни истамоқдалар», деди. Унинг таклифини қабул қилиб, ўша томон юрдим. Йўлда борарканмиз, ҳамроҳимга ўзимни таништириб, суҳбатдошларнинг кимлар эканлигини сўрадим. У дедики: «Улар маснавий назм қилган шоирлар гуруҳидир. Хусусан, улардан бир нечталари «Хамса» яратган, «Хамса»даги конлар хазинасини очган донолардир. Уларнинг барчалари шу ерда, сенга муштоқ бўлиб турибдилар. Сен менинг кимлигимни сўрадинг. Каминанинг оти Ҳасан бўлиб, халқ Деҳлавий деб атайди». Бу сўзни эшитгач, жисмимга иситма тушди, кўнглимни ҳам изтироб эгаллади. Узр сўраб, ҳамроҳим билан қучоқлашиб кўришдим. Йўлда борар эканмиз, Ҳасан тўдадаги шоирлар номини бирма-бир айтиб, ҳар бирларини алоҳида-алоҳида талқин ҳам қилиб берди. Уч киши мажлис раислари экан, ҳамроҳим уларнинг ишларини ҳам шарҳлаб берди. Дедики: «Ўртадаги ёқимли чеҳрали нуроний пир ҳазрати Шайх бўладилар, огоҳ бўл, ҳурматини эъзозлаб, оёғига бошингни қўй. Ўнг томонидаги донишманд унга пайравлик қилиб «Хамса» ёзган Амир Хусравдирлар. Яна бир ёнларидаги эса сенинг пирингдирлар. Уларнинг икки ёнларидагилар қавмларидир. Барчалари билан ҳурмат сақлаб кўришгил, сўзлаганингда ҳам одоб сақлашни унутмагил!» Ҳамроҳимнинг барча айтганларини қабул қилдим. Мажлис кетаётган жойга юз қаричча масофа қолганда, базм аҳли ўринларидан турдилар ва мени кутиб олиш учун кела бошладилар. Мен ҳам қадамимни тезлаштириб уларга рўпара бўлдим. Ҳамроҳим бирма-бир ул тўдадагиларнинг отларини айтиб, кўришаётганимда ҳам ёнимда турди. Саъдий, Фирдавсий, Унсурий, Саноий, Хоқоний, Анварий... «Барча кўришганларим номларини батафсил тилга олсам, сўз узайиб кетади». Ҳаммаларининг қўлларидан ўпиб эъзозлагач, улар мени ёнларига олиб, келган тарафларига қараб юрдилар. Супада Шайх ва унинг пайрави, яъни Низомий билан Хусрав, шунингдек, бизнинг пири маҳдумимиз ўтиришарди. Биз яқинлашганимизда, улар ҳам ўринларидан туриб биз томон қадам ташладилар. Хусрав ва пирим Шайхдан бурунроқ юриб келишарди. Мен ҳам улар томон югурдим. Пир ўз ихтиёри билан қўлимни тутиб, ҳамроҳи билан кўриштирди. Мен кўзларимдан ёш тўкиб қўлларини ва оёқларини ўпдим. Жомий билан Хусрав икки қўлимдан ушлаб Низомий сари бошладилар. Мен, ғам асири қўлимга олам тушганидан кўз ёш тўкардим. Икки қўлимга икки жаҳон кирган эди. Муборак Шайх билан кўришиб, оёқларига бошимни қўйдим, тупроғини ўпиб кўзёш селини тўкдим, буни кўриб турган тўққиз фалак менга рашк қиларди. Шайх меҳрибонлик билан бошимни ердан кўтариб қайтиб бориб ўз жойига ўтирди. Мени эса кутилмаган бахт бехуд қилиб қўйган эди. Шайх иккала дўсти билан ўринлашди, мен эса хижолатлик билан қаддимни букиб турардим. Барча гуруҳ аҳли ўз ўринларини эгаллашгач, менга ҳам ўтиришга ишора бўлди. Шайх мулойимлик билан сўз бошлаб, аввал аҳволимни шафқат билан сўради, мен жавоб берарканман, ҳурматини қилиб ер ўпдим. Кейин яна деди: «Эй олам аҳлининг ягонаси, фалак сени эл ичра нодир айлаб, жаҳон назми соҳасида қодир қилди. Ғазал йўлида шундай юришлар қилдингки, шеър аҳлига сўз айтиш ҳаром бўлди. Назминг жаҳондаги мамлакатларни, жаҳон эмас жон мамлакатларини тутиб кетган эди, маснавийга шитоб қилиб, қаламингдан соф дурлар тўка бошладинг. Шунда ажойиб иш юз бериб, назминг эл назмига шикаст бера бошлади. Сўзда менга татаббуъ қиларкансан, неча бор илтижолар айладинг. Чунки мен «Хамса»да: «Ҳар кимки, мен билан беллашишга умид қилса, сўзим ўроғидан кескир тиғ ясаб, у тиғ олмоси билан бошига урай!» деб огоҳлантирган эдим. Кўп одамлар бу сўзларимга даъво қилмоқ учун курашишди. Шу даъво йўлида бошларини фидо қилмоқчи ҳам бўлишди. Фарзандим Хусрав Аллоҳга илтижо қилгач, у ганжлар сирини топа олди. Яна бир, икки, уч одам қийналиб меҳнат қилиб ўз насибаларига эришдилар. Сен бу йўлга қадам қўйгач, ўзингни унутиб, бор хаёлингни шу ишга бердинг. Баланд мартабанг тоғча бўлса-да, мақсадинг олдида туфроғча ҳам бўлмади. Фарзона Жомий каби пир танлаб, Низомий цингари мададкор топиб, поклик билан бу ишга қўл урган чоғингда поклар руҳи олдингда йўл очиб берди. Саҳар вақтларида руҳимни дуо билан ёд этмай туриб, ёзувингни бошламасдинг, фақат мени эмас, балки бор назм аҳлини пок дуо билан тилингга олиб, ҳурматинг бизларга беҳисоб бўлиб, биз ҳам сенга ададсиз мадад қилиб турдик. Бўлмаса, икки йилда бир «Хамса» тугатмоқ хом хаёлдан бошқа нарса эмас эди. «Хамса»нгдаги бешта хазинага тўлдирилган гавҳарларни адо қилиб бўлмайди. Улардаги дуру лаъллар барча кўздан яширин бўлиб, дуридаги ипларни ҳам, лаълларидаги тешикларини ҳам кўрмоқ иложсиз. Ҳақ таборак сенга бу дурларни берган экан, умид шуки, улар муборак бўлғай. Ҳар бир киши сен каби киришса, эвазига шундай натижага эришиши мумкин. Лекин шунча маънолар хазинасини Ҳақ яширинча сенга берган экан, қаерда шундай ҳолатга дуч келсанг, билгилки, унинг сабаби икки ишдир: бири шуки, сен ҳам илтижо қилишга эътибор бердинг, сирлар аҳли сени қабул айладилар ва рағбатлантириб туришга ҳаракат қилдилар, барчалари ҳиммат билан сенга мадад кўрсатдилар. Яна бири шуки, илму ҳунар аҳли ҳар нима қилса, лоф уради-ю, ишни мураббий қилади. Ҳунарпарвар иш буюрувчи бўлса, ҳунарманд лоф ургувчидир. Сенинг шоҳинг соҳибкамол бўлиб, олдида мулку-мол қадрсиз эди. Унга мен айтган икки иш насиб этган эди. Унинг ажойиб замонида ажойиб ишларнинг юз бериши ажабланарли эмас. Халққа чорасоз, меҳрибон шоҳ халойиқ фозили Шоҳи Ғозийдур. Тангри унинг давлатини барқарор, мартабасини етти осмондан ҳам юқори, буюк қилсин. Зеро, унинг замонида сендек киши дунёга келди. Сенинг ишинг эса одамзод қила оладиган иш эмасдир». Сўз шу ерга етганда, мен беихтиёр ўрнимдан турдим-да, «Шоҳга ҳамду сано айтдингиз, энди давлатига ҳам дуо қилсангиз», деб илтимос қилдим. Сирлар доноси Мир Хусравга қараб: «Сен Шоҳи Ғозийга мадҳ айтувчисан. Сўзингдан баъзи байтлар ёдидадир, асарларинг муборак хислатидадир. Сўзларингдан кўнгли таъсирланиб, нафасингдан дуо ҳам унга асар қилади. Дуо қилгинким, олимлару донишмандлар «омин» десунлар, биз ҳам «омин» дейлик», деди. Даврадаги шеър аҳлига мурожаат қилиб яна шундай деди: «Сизлар шоирсизлар, у эса хуштабъ шоҳдир. Фарзанд Хусрав дуо айласа, унинг тилакларини Ҳақ раво қилади. Барчангиз дилу жон билан «омин» денгиз. Кўздан оққан ёшларимиз билан дуо қилайлик». Бу сўзларни эшитганлар маъқуллагач, ҳамма ҳиммат билан шоҳга қилинган дуога «омин» дедилар. Сўз устаси Хусрав ўрнидан туриб, дуосини шундай бошлади: «Ё раб, то олам бор экан, одам зоти ҳам бўлади. Тахти ҳукмига олам кириб, жинси одамнинг барчаси бандаси бўлсин. Қиёматгача давлати барқарор бўлиб, кунлари ҳамиша шоду хурсандлик билан ўтсин. Адолатидан жаҳон аҳли, хусусан, фазлу камол аҳли тинч-омон яшасин». Шундай дуо тугаллангач, барча илм аҳли қўлларини юзларига суртдилар. Аҳли савоб қилган дуони ажаб йўқки Ҳақ мустажоб қилгайдир. Дуо тугагач, қўйнимдан «Хамса»ни чиқариб, қора тупроққа ўзимни ташлаб, йиғлаб, шундай илтижо қилдим: «Бу зодаи хотири хастани, Кўнгулдин такаллумга пайвастани. Ки ҳиммат тутуб эҳтимом эттингиз, Демасменки, мен, сиз тамом эттингиз. Карам бирла туфроғдин ҳам олинг, Иноят қилиб бир назар ҳам солинг. Ки эл хотириға нузул айласун, Улус кўнгли они қабул айласун». Бу сўзларимни эшитган Шайх туфроғ устида ётган асаримни қўлига олди-да, Мавлавий томонга боқиб: «Сен астойдил дуо қилгин. Сўнгги фарзандимиз, билим мазраъидан ҳосилимиз сўзга моҳирдир. Булар унинг зод пайвандлари, бариси фарзандларимизнинг фарзандларидир. Санга ҳам шогирддир, ҳам мурид. Сенинг дуо қилишингга умидвормиз». Маҳдум дуосини бошлагач, барча яна оминга қўл очдилар. Дуоси кўнглимга ёқимли, қалбимга қувончли эди. Давра аҳли «омин дейишиб, мен маҳзунни шод айладилар. Менга бундай олқиш насиб бўлгач, бу мўътабар зотларга сажда қилдим. Улар: «Шоҳингга дуо дегайсен», деб жавоб қилдилар. Бу сўздан аҳволим ўзгариб, ўзимга келдим. Қарасам, мен борган ҳужрада пирим аҳволимга ҳайрон бўлиб турарди. Гўё бу лаҳзада у эгнимдан қўлини олган ва хаёлимни шу ерга йўллаган эди. Олдида бош эгиб, кўзларимдан ёш оқизиб турардим. Пир меҳрибонлик билан: «Не аҳвол юз берди?» деб сўради. Бошимни қуйи солганча: «Менда шундай бир ҳол юз бердики, уни шарҳлаш учун тилим лолдир», деб жавоб қилдим. У дедики: «Бу дам ҳеч кимга берилмаган саодат сенга насиб бўлди. Ўрнингдан тургин-да, Тангрининг эҳсонига, беҳисоб яхшиликларига шукр қил!» деди. Мен ерни ўптим-да, ташқарига қадам қўйдим. Худди бутун олам тамоман меники эди. Мен учун «Хамса»ни тугаллаш бир томон бўлса, бу мақсад ҳосили яна бир томон эди. Охирида бу мақсудимга етказган Тангримга шукримни қайси йўл билан айтай? Аллоҳ муродимга етказган бу кунда базм тузиб, бир дам хурсандлик қилсам арзийди. Соқий, шодлик қадаҳини тўлдир, негаки кўп фикрлашдан димоғим қуруқшаб кетди. Кўзимни шуъласи билан мунаввар қилай, димоғимни исидан муаттар қилай. Муғанний, сўзимни тинглагин-да, ҳазин бир нағмани созлаб хиргойи қил, бир оҳанг билан шундай куйлагилки, мен бир дам ором олай. Навоий, Тангри мақсадингга етказиб сенга ажойиб бир навони армуғон этди. Тангри шукри навосини тилингга олиб, яна наво истасанг, шукр қил!
|