Олимлар ясаган ҳар икки асбобдан кўнгли ниҳоятда хуш бўлган Искандар ҳар куни базм ташкил қилиб, сарой аъёнлари даврасида май ичиб, ором оларди. Доронинг қизи Равшанак билан Маллунинг қизи Нозмеҳр доим унинг ҳузурида бўлиб, шоҳ шодлигига шодлик қўшишарди. Лекин Искандар давлат ишлари билан банд бўлиб, тўй қилиб, уларнинг икковини никоҳлаб олишга фурсат тополмай келарди. Шу кунларда унинг дилига ушбу орзуни амалга ошириш истаги тушди-да, аъёнларини чорлаб, шоҳона тўй тайёргарлигини кўришга фармон берди. Бундан беҳад хурсанд бўлган барча аъёнлару мулозимлар тезда ишга киришиб, бутун Чин мамлакатини беҳадду бепоён тўйхонага айлантиришди. Бир неча кунлик шодиёналар бошланиб, Чиннинг бутун халқи роса хурсандчилик қилишди. Искандар Равшанак ва Нозмеҳр оғушида ўз муродига эришди. Ўша давр расм-русумларига мувофиқ Доронинг қизи Равшанак саройдаги барча аёллар, шу жумладан, шоҳ ҳарамидаги барча маликаларга ҳам фармонраволик маҳди улё вазифасига тайинланган эди. Шу жиҳатдан у ҳар ҳафтада икки кеча ҳукмдор билан бирга бўлиш ҳуқуқига эга бўлди. Нозмеҳр мавқеъ жиҳатидан ундан бир поғона паст ўринда бўлиб, Искандар билан ҳафтада бир кечагина бирга бўла оларди. Шунинг учун ҳам у Равшанакка ҳасад кўзи билан қарар, Доро қизига қараганда ёшроқ ва гўзалроқ бўлганидан фойдаланиб, Искандар кўнглини ўзига кўпроқ жалб қилиб, унинг меҳр-муҳаббатини эгаллашга интилар эди, Искандар уни Равшанакка қараганда кўпроқ севса ҳам, лекин сарой аҳли олдида ўз муҳаббатини аён қилишдан ўзини тортиб келарди. Бундан бехабар Нозмеҳр шоҳ Равшанакка ҳар боққанида кўзидан ёш тўкарди. Бир кечаси, Нозмеҳр навбати келганида, Искандар ўз севгисини изҳор этишни ният қилиб, унинг хонасига кириб келди. Малика шаҳаншоҳни эҳтиром билан кутиб олди-ю, лекин ички изтироби унинг чеҳрасидан, хатти-ҳаракатларидан сезилиб турарди. Шоҳ ардоқли ёстиқдошининг кайфиятини кўтариш учун ҳар қанча уринмасин, Нозмеҳр сўзлашишни ҳам истамас, Искандарнинг меҳрибончиликлари, ширин сўзларига нози билангина жавоб қайтарарди. Бунинг сари шоҳнинг тоқати тоқ бўлиб, ишқи тобора зиёда бўлар, ўз севгили маликасининг феъли сабабларини тушунолмай, қалби ишқ ўтида ўртанарди. Охири чидай олмай, Нозмеҳрга мурожаат қилди мулойимлик билан: Тазаллум била деди: «Ки эй нозанин! Недин бизга қилдинг аён буйла кин? Не журм эттим эркин мени хоксор, Ки кўнглунгга ўлтурди мендин ғубор? Вафо айлагилким, жафокор эмон, Бу зулм айламакка сазовор эмон, Чу мен ишқ аро ўзгум, ўлтурмагил, Қатилингға тиғи жафо сурмагил, Ниёзимга боқ, асру ноз айлама! Таадди кўпу лутф оз айлама!» Искандарнинг бу сўзларини эшитган Нозмеҳр киноя билан: «Шоҳ ўз дилбари билан айшини давом эттираверсин. Унинг муносиб кўргани Доронинг қизи бўпти. Канизи ҳиндлар авлодидан ёки Кашмир аҳлидан бўлса, у, шоҳга лойиқ бўлармидики, ўзига яқин тутиб, ўзига ҳамсуҳбат айласа?» — деб жавоб қайтарди. Деди шаҳки: «Эй хаста жон офати! Демай хаста жонким, жаҳон офати! Киноят тариқини бир дам унут, Қилиб раҳм, бедод таркини тут, Менга Равшанак таънини қилма кўп, Ул ишта кўзунгга мени илма кўп. Мени анда маъзур тутсанг бўлур, Замирингни масрур тутсанг бўлур. Ки вожибдур эҳтироми анинг, Нединким, бийикдур мақоми анинг. Эрур Баҳманий тожининг гавҳари, Яна Кайқубодий сипеҳр ахтари». Бу сўзлардан қониқмаган Нозмеҳр ўз дилидаги дардларни бирма-бир оча кетди: «Бу сўзнинг муҳаббатга не дахли бор? Ки ишқ ичра шаҳликка йўқ эътибор! Насаб бирла бўлса, анга шоҳлиқ, Ҳасаб бирла етмиш манга моҳлиқ. Унинг тожи мамлакат хирожи ҳисобланса, тож аҳллари менинг олдимда бошларини ерга қўядилар. У, Жамшид авлодидан эканлиги билан фахрланса, мен ҳуснда қуёшдан ҳам ор қиламан. Агар у ўз ақли билан афсона бўлган эса, менга юз ақлли донишманд девона. Агар у жонларни куйдиришни ўзига одат қилиб олган бўлса, мен жаҳонга ўт қўйишни ўрганганман. Агар у дам-бадам халқни ўлдириб турса, мен тирилтириш илмидан ҳам хабардорман. Унинг зулфи илонни афсун қилолса, менинг афсуним аждаҳони беҳол қила олади. Қошим ёйини ким хаёл айласа, уятдан кўзига ҳилол ҳам кўринмай қолади. Эрур кипригим ўқига жон ҳадаф, Нишона отарға магар чекти саф. Кўзумга қачонким, бўлур уйқу ком, Бўлур олам аҳлиға уйқу ҳаром. Лабим лаъликим, жавҳари жон эрур, Су ул лаъл аро обиҳайвон эрур. Юзумда дема сиймдин ғабғабе, Ки ой ичра хуршидваш кавкабе. Жамолимдан қуёш ўртаниб, таним кумуши симобга титроқ солади. Лекин шунча гапларимдан не фойда, ахир менинг асалларим шоҳга аччиғ бўлиб туюлганку! Айрилиқдан азоб чеккан бир ошиқ: «Оз бахт кўп ҳусндан яхшироқ», деб жуда тўғри айтган экан. Менинг шоҳдан шикоятим йўқ, ўз йўлини тополмаган бахтимдан шикоят қилдим, холос». Гўзал маликанинг бу дилни ўртовчи сўзлари, унинг ишқи шоҳга кучли таъсир кўрсатди. Жонини дилбар каломига фидо қилиб, маликани қўйнига тортди-да, қўлларини унинг елкасига ташлаб, оҳуни тутиб олган шерга ўхшаб, ўз ўлжасига меҳрибонлик кўрсата бошлади. Искандар бир неча кун шу хонада севгилиси Нозмеҳр ҳузурида айш-ишрат билан шуғулланди. Умри бу ерда бекор ўтаётгани хаёлига келиб, яна билим тахтига йўл олди. Жаҳон мамлакатларини эгаллаганда, Мағриб замин олинмай қолган эди. Сипоҳларга турли неъматлар, инъомлар ҳадя айлаб, янги сафар ҳақидаги фармонни эълон қилиб жар солди. Кейин Хоқон билан хайрлашиб, унга Чин ва Хито мамлакатларини топшириб, лашкарни Мағриб мамлакатлари томон бошлади. Хоқон ҳам бу юришда иштирок этиш истагини билдирган эди, Искандар рози бўлмай, кўп яширин сўзларни айтиб, уни қайтарди! Ҳиндистоннинг жануби томон йўл олган Искандар ҳинд Ройига ҳам ижозат бериб, унинг иззат-икромини жойига қўйиб хайрлашди. Рум қўшини Мағриб сари юриб борар экан, Гажротдан ўтгач, баҳри Уммон соҳилига чиқди ва бир неча кун соҳилда дам олгач, кемаларга ўтириб Жазойир томон сузиб кетдилар. У ерга етгач, соҳилда бу мамлакатни эгаллагач, яна гоҳ денгиз, гоҳ чўлу даштлардан ўтиб, охири Мағриб заминига етдилар. Бу ўлкада бир қатор ажойиботларга дуч келдилар. Улардан бири ит каби жонворлар макони бўлган дашт эди. Уларнинг ҳар бирининг кўриниши, оёғу қўллари ҳам чумолиникига ўхшарди-ю, ҳар бирининг кучи йиртқич бир шерникича бор эди. Улар ичига кимки от суриб кирса, барчаси ёпишишиб, бир дамда парча-парча қилардилар-да, еб қўярдилар, ер устида бир қатра қони ҳам қолмасди. Бир неча сипоҳининг шу тарзда ҳалок бўлганини кўрган Искандар: «У ёққа ҳеч ким от суриб бормасин!» дея фармойиш берди. Сипоҳлар дейишардики: «Бу бир ердирки, тупроғининг ўзи жонни титроққа соляпти. Бу водий нари борса бир йиғоч келади. Ундан кейинги водий эса покиза, Боғи Эрам каби соф водийдир. У ерда мўрлардан ором топган, уларнинг ҳисобига шодиёна қилувчи бир қавм яшайди. У қавм Тангрининг балоси, жаҳон мол-дунёсининг аждаҳоси. Ҳар бирининг қиёфаси бир пора тоғ, бу жониворлар эса улар учун чумолидек келади, холос. Уларнинг тилини ҳам ҳеч ким тушунмай, нима деганини англамай тураверасан. Улардан кейин ўн кунча йўл юрилса, икки тоғ, икки кўл орасидаги водий келади. Осмонўпар ҳар тоғнинг тошлари, бошига авжи кўзи кўрадиган жойига кўзини хира қилувчи қизил олтинни кўзига қўйиб олган. Икки кўзидан тўхтовсиз иссиқ нур сочилиб туради. Бошқа кўзи эса кумушдан. Бу ердаги хазинани ундаги бебаҳо тошларни мўрлар аждаҳодек талашадилар. Бу элнинг уйқуси ҳам кўп қизиқ. Улар ўн кун ухлайдилар, ўн кундан кейин уйғониб ўз ҳолатларига қайтадилар. Ўн кундан сўнг яна ухлашга киришишади, мўрлар уларни қўриқлашади. Бу мўрлар туфайли жонлари омонда, чунки мўрлар уларнинг хазинабонлари саналади.
|