Адан мамлакатида бир қароқчи бўлиб, одамларга кўп ёмонликлар қиларди. У денгиз қирғоқларини ўзига манзил қилиб олган бўлиб, фақат соҳиллардагина эмас, балки денгизда ҳам йўлтўсарлик билан шуғулланарди. У янги ойга ўхшаган бир неча тез юрар кемачалар ясатган бўлиб, улар доим жангга тайёр бўлиб турарди. Қароқчи бу кемачаларни яширин жойларда сақлар, ҳар қайси кемага бир нечтадан йўлтўсарни бириктириб қўйган бўлиб, улардан биттаси баланд дарахт устига чиқиб олиб, денгизни доимо кузатиб турар, кўзи бирон кемага тушса, дарҳол пастдаги кема ичида кутиб турган қароқчиларни огоҳлантирар, улар эса кемача билан тез сузиб кетар, кўринган кемага етиб бориб, молини талар, одамларини эса ҳалок қилишарди. Қароқчилар раҳбари эса денгизда наҳангдек, ўрмонда эса шеру йўлбарс каби жанг қилишга моҳир бўлиб, халқ уни Жобир деб атарди. Ўша денгиздаги ороллардан бирида «Беҳишт саро» деб аталган шаҳар бўлиб, унинг шоҳи Навдар исмли сахий ва маърифатпарвар, ҳар ишда нодиру қодир киши эди. Унинг гўзал бир қизи бўлиб, одамзод ундай паривашни ҳаргиз кўрмаганди: Қадиким нахли сарфароз- келиб, Ҳусн боғида сарви ноз келиб, Зулфидин сунбул айлабон юз печ- , Оғзидин ғунча айтмай сўз ҳеч! Орази машъали жаҳон афрўз- , Партави- шуъласи келиб жонсўз- . Сочи айлаб каманд бўлмоқ фан, Меҳр бўйнига тортар эрди расан- . Юзига меҳр бандаву оти Меҳр, Уйрулуб меҳридек бошиға сипеҳр. Баҳрға ноз ила чу кўз солибон, Дема кўлок- , баҳр қўзғолибон. Бу сифат меҳри олам афрўзе, Меҳр йўқ, шуълайи жаҳонсўзе. Ана шундай гўзал қиз бир куни денгизда сайр этиш, шамолнинг эсишию, сувларнинг мавж уришини томоша қилишни истаб, мулозимлару дугоналарини бирга олиб кемаларга ўтиришди. Мақсадлари ўзлари яшаб турган орол атрофини айланиб чиқиш, зиёрат қилиш эди. Ногаҳон бир тескари ел эсиб, кемаларни денгиз томон суриб кетди. Шамол тобора кучайиб, денгизда тўфон кўтарилди. Кемачилар «Яратганнинг ўзи ёрдам бермаса, ҳалок бўлишимиз муқаррар», деб ёқаларни йирта бошлашди. Шу тарзда шамол бир неча кеча-кундуз давомида кемаларни денгизда суриб, Жобир қароқчилари яшайдиган оролга яқинлаштирди. Кузатиб турган нозирлари кемаларни кўриши биланоқ Жобирга хабар етказишди. Жобир дарҳол бошқа қароқчилар билан тез юрар кемачаларга ўтиришиб, улар томон елдек сузиб кетишди. Етиб бориб, кемалар устига чиқиб кўп одамларни ҳалок қилишди. Кемаларни ўз манзилларига олиб келиб, тирик қолган одамлару мол-дунёларни қирғоққа туширишди. Қизлар ичидаги Меҳрга кўзи тушган Жобир ҳушини йўқотиб йиқилди, бир дам ўлик каби ётиб ўзига келди-да, Меҳрни кўргач, яна ҳолидан кетди. Бу ҳолат бир неча бор юз берди. Охири қиз юзига боқишга мажоли йўқлигини англаб, паривашни боғ ичидаги қасрга олиб киришга буюрди. Унинг олдига бир неча қизларни қўйишди. Кейин омон қолган барча одамлар ни бир кемага ўтқазиб: «Жонингиз керак бўлса, тезлик билан ўз юртларингизга кетинглар», деб буюришди. Меҳрнинг ҳамроҳлари дарҳол йўлга тушиб, денгизда кўздан ғойиб бўлишди. Маҳваш оролда қолди. Жобир унинг хаёли билан хурсанд бўлиб, висол умиди кўнглига келмасди. Шу денгиздаги ороллардан яна бирида жаннат монанд, дарёси эса Салсабилга ўхшаган, ҳавоси жаннат боғидагидек бир шаҳар бўлиб, мамлакати обод ва ҳикмати юксак бўлган Нўмон деган бир шоҳ ҳокиму волий эди. Мамлакатининг оти эса Яман бўлиб, шоҳ адолатидан гулистону чамандек эди. Унинг одамизод ичра тенги йўқ бир фарзанди бўлиб, юзидан гул хижил, қаддидан эса сарв уяларди. Барча фазилату ҳунарларда унинг тенги йўқ эди. Юзи қуёшга ўхшаган бу йигитнинг оти Суҳайл бўлиб, Меҳрга кўнгил қўйган, Меҳр ҳам уни севар эди. Ўз ёрига волаю зор, васлига харидор бўлган ошиқ ҳижрон доғида куярди. У бир боғни ўзига манзил қилиб олган бўлиб, у ерда хилма-хил дарахтлар ва нилуфар гуллар сероб эди. Нилуфар гулини севгани туфайли ҳам Суҳайл ўз кийимларини шу рангдаги матодан тиктирарди. Кунларнинг бирида Суҳайлнинг отаси Меҳр билан ўғлининг никоҳ тўйини ўтказишга аҳд қилиб бир неча кемаларга хилма-хил совғаларни ортиб Суҳайлни Меҳрни олиб келишга буюрди. Йўл қирғоқдан юрилса йироқ бўлиб, денгиздан бориш яхшироқ эди. Тўфон Меҳр кемасини денгизга суриб кетган жойга етганларида, худди ўшандагидек кучли довул эсиб, Суҳайлнинг барча кемаларини бир-биридан ажратиб ташлади. Тўфон Суҳайл тушган кемани Жобир қароқчилари манзили сари сурарди. Дарахтлар устидаги нозирлар кемани кўра солиб, Жобирни огоҳлантирдилар. У эса дарҳол тезюрар кемачасига ўтириб Суҳайл кемаси томон сузиб кетди ва кўп ўтмай ундаги одамлар билан жангга киришди. Суҳайлга дуч келган Жобир рақибининг ўзига қараганда ҳам кучлироқ эканлигини, енгилиши муқаррарлигини кўриб ҳийла йўлига ўтди-да, кийимларини ечиб, ўзини сувга отди ва кема остига бориб ёнидаги ханжар билан уни теша бошлади. Тахтани ўйиб, сув кириши учун йўл очди. Суҳайл кема остидан кираётган сув тобора кўтарилаётганини кўриб, сув йўлини тўсишга уринса ҳам фойда бўлмади. Охири кемага сув тўлиб кема аҳли билан бирга чуқур денгиз остига ғарқ бўлди. Шаҳзода жонидан умидини узиб, сувда ҳалок бўлишга ҳозирланди. Жобир балиқ ютишга интилган наҳангдек, Суҳайл олдига сузиб борди-да, аввалига уни ўша ерда ўлдирмоқчи бўлди, лекин унинг бир тахта пора устида беҳуш ётганини кўриб, қўлидан тортиб ўз қайиғида солди-ю, қўл-оёғини боғлаб, ўз манзилига қайтмоқчи бўлиб турганида, ногоҳ шаҳзода ўзига келиб қолди ва ўзининг ҳолатини кўриб, нотавонлигидан афсус чекди. Деди Жобирки: «Эй қўлумда асир, Разму кўшишда қилмадинг тақсир. Мен бу заврақни- сувға то сурдум, Минг сенингдекни сувда ўлтурдум. Бирида сенча кўрмадим журъат, Журъатинг бўлди махласингға жиҳат. Ким тенгиз ичра бошинга еттим, Ўларингдин сени халос эттим. Қатлинга гарчи табъ роғиб эмас , Лек қўймоқ доғи муносиб эмас. Ким агар банддин халос ўлғунг, Бир шаҳи комронға хос ўлғунг. Бўлмак ўлмас халос домингдан Бўлмағум эмин интиқомингдан . Иш ҳисобин шумора қилғунгдур, Қатлу кинимға чора қилғунгдур. Ўлмак авло санга каманд ичра, Тирик ўлмоқ валек банд ичра. Суҳайл ҳар қанча илтижо қилмасин, Жобир уни қўйиб юборишни истамади. Кемасини маскани томон сурди-да, қасри ёнидаги чоҳга ташлашга ҳукм қилди. Унга тушган маҳбус ҳеч қачон қайтиб чиқмасди. Суҳайлнинг аъзосидаги арқонларни ечдилар-да, банд билан унинг қаърига туширдилар. Ким у чоҳга тушса, унга ҳар куни иккита нон ва бир обдаста сув бериларди. Юқорида дилбару, қуйида бедил бўлиб, икковлари бир-бирларининг аҳволларидан ғофил эдилар. Жобир Меҳр кемаларидаги одамларни озод қилиб, ўз юртларига қайтариб юборгач, улар бир неча кундан сўнг манзилларига етдилар-да, барчалари нилуфар рангида кийинишиб, шоҳ саройига боришди ва мотам изҳор қилишди. Меҳрнинг отаси ҳам жигаргўшасидан айрилгани учун ўзи шу рангли кийим кийиб, сарой аҳлига ҳам шу тарзда мотам кийими кийишни буюрди. Денгиз сафарига кетганлар қайтиб келишгач, шоҳ улардан бўлиб ўтган воқеалар, қизининг аҳволини батафсил суриштириб, фиғон кўтарди, унинг кўзига жаҳон қоронғу бўлиб, иқболи қуёш ботгандек кўринди. Аччиғ-аччиғ йиғлар экан, ўз-ўзига «Бу хил йиғидан фойда йўқ. Унинг ўрнига қизимни золим қўлидан қутқариш чорасини кўрмоғим лозим», деганича, қўлига қоғозу қалам олиб, бўлиб ўтган ишлар баён қилинган мактуб ёзди-да, шоҳ Нўмонга жўнатди. Хат ичида яширинча мана бу гаплар ҳам таъкидланган эди: «Бўлиб ўтган воқеаларнинг барчаси қазодан. Чорамиз эса қасос олишдан иборат. Меҳр менинг жоним пайванди бўлса, сенга ҳам фарзанд бўлиб эди. Унинг душман қўлида бўлиши иккаламиз учун ҳам номусдир. Энди бу ишнинг чорасини кўриб, лашкар тўпласак-да, ўғлинг Суҳайл ўз қўшинини соҳилдан бошлаб борса ва Жобир манзилига етиб келса, мен эса сипоҳларимни денгиздан ўша манзилга олиб борсам, икки қўшин қароқчиларни икки ёндан қамалга олиб, золимларни енгсак-да, Меҳрни озод қилиб, Жобир ва унинг қароқчиларини жазоласак. Агар бу фикримга қўшилмасанг, ўз таклифингни тезроқ ёзиб юборсанг, ёлғиз ўзим чорасини қилсам». Шоҳ Нўмон бу мактубни ўқигач, воқеадан хабардор бўлиб, ўғлининг ҳам ўз мақсадига етиша олмаганини билди-да, бу икки иш мотам устига мотам бўлиб, Суҳайлнинг тақдиридан хабар тополмай, изтироб чекиб, Навдар номасига шундай жавоб ёзди: «Меҳр аҳволи баён қилинган мактубингни ўқиб, ғамга тушдим. Куйиб ўртанишимдан фойда йўқлигини ҳам билдим. Суҳайл ўз қўшини билан соҳил бўйлаб ёв маконига йўл олсин, деб ёзибсан. Аввал айт-чи, қани Суҳайл? Бундан олти ой муқаддам ўғлим сизнинг мамлакатингиз томон йўл олган эди, ҳалигача қайтгани йўқ. Шунинг учун хавотирда эдик. Энди маълум бўлдики, у кўзлаган манзилига етиб бормабди. Энди сен қуруғликдан йўл олсанг, мен эса денгиз билан бориб, ўғлимдан нишон топсам. Ундан бирон хабар топмасам ҳам сен айтган манзилга етиб бораман. У қароқчидан қасосимизни олиб, жазосини берамиз. Энди фалон куни, фалон соатда йўлга тушишга аҳдлашсак. Сен ҳам ўз ваъдангга кўра юришни бошласанг. Нўмон белгилаган мулозим бу мактубни Навдар қўлига топширди. У эса хатни ўқигач, сафар муддатидан хабардор бўлиб сипоҳ тўплашга киришди ва кўрсатилган муддатда икки қўшин йўлга тушди. Навдар сипоҳлари Жобир қароқчилари ҳудудига яқинлашар эканлар, қалин ўрмонга дуч келиб қолишди. Шоҳ ёвларнинг пистирмалардан ҳужум қилиши олдини олиш учун қалин буталарни кестириб, қўшин билан бирга илгарилар эди. Бу ўрмон ичи кийикларга тўла бўлиб, овни яхши кўрадиган Навдарнинг ҳавасини келтирарди. Ҳар тарафда кўзга ташланаётган оҳу кўзли кийиклар яқинлашиб келганда, шоҳ улардан кўзларини олиб қочар, хаёли фақат сипоҳларда эди. Ногаҳон бир гулранг оҳу Навдар олдидан ўтиб қолди, шу чоғ шоҳ чидай олмай, унинг кетидан қува бошлади. Оҳу чангал ичига ўзини урган эди, йўл тор ва чирмаш бўлгани учун шоҳ ўта олмай қолди-да, ўқ отишга тушди, бир-икки ўқи хато кетди. Ўзини йўқотиб душман маконида юрганини ҳам унутиб қўйди. Яна оҳу кетидан қувиб қароқчилар пистирмаси қўйилган жойдан чиқиб қолди. Жобир бир неча жойга пистирма қўйган бўлиб, қароқчилар бирон кишини тутиб олсалар, дарҳол унинг ҳузурига олиб келишарди. Қароқчилар бир чиройлик кийик кетидан қувиб келаётган отлиқни кўрдилар-да, отларини қамчилаб, унинг кетидан югурдилар ва ерга туширдилар. Навдар ов қилмоқни орзу қилиб, ўзи сайёдлар қўлига тушиб қолди. Шоҳ тилар бўлса шоҳлиқ қилмоқ, Сипоҳидин керакмас айрилмоқ. Шоҳни дерлар сипоҳ бирлан шоҳ, Шоҳ эмасдур йўқ эрса анда сипоҳ. Шоҳга хайл ўлса фатҳ анинг ишидур, Бир киши Рустам ўлса бир кишидур. Навдар душманларига асир бўлиб қолгач, унинг барча кийимларини ечиб олишди-да, шоҳ эканини билишиб, бир шерикларини суюнчи олиш учун Жобир ҳузурига чоптиришди. Қароқчилар раҳбари: «Унинг кўзларини боғлаб кемага ўтқазинг-да, қасрга элтиб қамаб қўйинглар. Бу ишни шундай яширин бир тарзда бажарингларки, бирон киши фаҳмламасин. Уй эшигини фалон кишига топшириб, қилган ишингиз ҳақидаги хабарни менга етказинглар», деб буюрди. Шоҳни қасрга олиб келиб, Жобир ҳукмини тўла-тўкис бажо қилишди. Навдар қандай ерга келиб қолганини билмас, сипоҳлари эса у билан не воқеа юз берганидан бехабар эдилар. Бу вақтда Нўмон ўз қўшини билан денгиз бўйлаб келар экан, кўзлаган манзилига икки кунчалик йўл қолганида, шамол кўтарилиб тўфон мавж урди-да, кемалар ҳар томонга тарқалиб, кўп киши ҳалок бўлди. Шоҳ тушган кема тўфондан унча зарар кўрмади-ю, аммо шамол уни қароқчилар ороли томон суриб кетди. Жобир қўйган нозирлар кемани кўриб дарҳол хабар етказишди. Жобир кемага тезда етиб борди-ю, ундаги кўп одамларни ўлик ҳолида кўрди. Тирикларидан бўлган воқеаларни суриштириб, аҳволни билди-да, кемани ўз оролига олиб келди. Шоҳни ҳам қирғоққа олиб чиқишиб, кемадаги молларни хазиналарига элтишди, Нўмонни эса яширинча бошқа бир зиндонга ташлашди. Кеманинг тирик қолган одамларига ўз диёрлари томон кетишга рухсат беришди. Улар кўзда ёшлари билан оролни тарк этишди. Навдар сипоҳлари ҳам шоҳни излаб тополмагач, ўз ватанларига қайтишдан бошқа чоралари қолмади. Қароқчи Жобир шодликка тўлиб, ҳар куни боғ ичида базм уюштирар ва Меҳр ёди билан кетма-кет қадаҳ ичар, лекин у гўзалнинг юзига назар сололмас, нурли рухсорига боқишга юраги дов бермасди. Меҳр эса гулдек ёқасини йиртиб, нилуфарзор ичида ғамнок кезар экан, денгиз мавжи каби кўз ёшларини тўкар, ёри ҳажридан қутулишни ҳар қанча истамасин, бунинг чорасини тополмасди. У чоҳ ичида бир бандининг азоб чекиб ётганини биларди. Бир куни «Чоҳдан ўша бандини қутқариб олсам ва унга Суҳайл олдига боришини илтимос қилиб, зор-зор йиғлаб ёлборсам, зора Суҳайл аҳволимни англаб, мени қутқариш учун бу томонга йўл олса», деб ўйлади-да, ўзининг икки канизи билан қоронғи уйга яширинча кириб, чоҳ бошига келди ва пастга қараб: «Эй машаққат чекаётган асир, мен ҳам сенга ўхшаган бир бечораман, сен каби нотавон асирман. Ҳаракат қилиб, сени бу қоронғи зиндондан қутқарсам, менинг илтимосимни қабул қилиб бажарасанми?» деди. Бу чоғ Суҳайл чоҳ ичида бетоб ётар, касаллик унинг ҳолини хароб қилган эди. Бунинг устига севгилиси ҳажрида ўртанарди. Нотаниш қизнинг овозини эшитгач, изтироби ошди-да, ўзига тасалли бериб, нозанинга: «Эй фариштасифат инсон, сен шундай яхшилик қилсанг, танимда жоним борича буюрган ишингни бажарайин», деб жавоб қилди. Меҳр бу сўзни эшитгач, канизлари билан арқон ташлаб бандини қоронғи уйга чиқардилар. Меҳр яширинча унга кўп меҳрибонликлар кўрсатди, занжиру бандлардан озод қилди. Ғам чекиб беҳол бўлган йигит ер ўпиб «Эй фариштасифат маҳбуба, қиладиган ҳукминг ҳақида озгина сўзлаб бергин», деб сўради. Меҳр ўзининг ҳаёти, отасию мамлакати, Суҳайлга бўлган муҳаббати, денгизда чеккан ташвишларию, Жобир қўлига асир бўлиб тушгани, унинг қўлидан омон қолиш сирлари ҳақида сўзлаб берди. Бу сўзларни эшитар экан, Суҳайл гоҳ-гоҳида ўзидан кетиб қоларди. Меҳр ўз ҳикоясини «Мен бу янглиғ асир бўлиб қолдим. Суҳайлдан бошқа бирон одам мени қутқаришга келолмайди. Сен Яманга етиб борсанг-да, Суҳайлга аҳволимни арз этсанг. Лекин бу ерда яширин бир сир ҳам бор. Биз сени бу ерда бир неча кун асраб, парвариш қилсак-да, сен ана шу сирни айтиб, қасам ичиб Суҳайлни ишонтирсанг. Бу сирнинг мазмуни эса шундан иборат: «Мен Жобир қўлига асир бўлгач, узоқдан менга назари тушди-ю, хас-хашак каби ерга йиқилди. Қачон мени кўрмоқчи бўлганида, шу ҳолат такрорланаверди. Бу ерда қанчадан бери яшаётган бўлсам, у билан муносабатимиз шундан нарига ўтган эмас». Буни эшитган Суҳайлнинг кўнгли таскин топди, севгилисининг барча сўзларига ишонч ҳосил қилди-да, қанча ҳаракат қилмасин, ўзини асрай олмай димоғидан ўт чиқиб, дилбарининг оёғига йиқилди ва фарёд уриб ҳушидан кетди. Бу ҳолатдан ҳайратга тушган Меҳр унинг юзига тикилиб қараб, беҳуш ётган бу йигит Суҳайл эканини англади, кейин у ҳам нола қилиб, ҳушидан кетиб йиқилди. Иккала канизак уларнинг бошларини кўтариб, меҳрибонлик кўрсатишгач, Меҳр ўзига келиб, қоронғи тушгунча Суҳайлни шу уйда сақлашди. Уйқу маҳали ўзига келган йигит ўз маҳбубаси билан жисм билан жондек ёки сарв билан ишқпечондек бўлишди. Суҳайл бир неча кун қасрда яширинча Меҳрнинг меҳмони бўлди. Таом билан шарбатдан тани сиҳат топиб, беҳол жисмига қувват кирди. Шу ерда яшар экан, Жобирнинг Меҳрдан айрилиққа чидаб юрганини билди. Бир куни Жобир боғни сайр қилиб юрар экан, Суҳайл тўнғиз билан олишишга чиққан шердек унинг рўпарасида пайдо бўлди ва: Дедиким: «Паҳловонлиқ эрмас ул, Ким киши макр бирла урғай йўл. Тешиб эл кемасини ҳийла била, Ғарқ этиб сувға бу васила била. Қолмағон чоғда кимсанинг жони, Тутубон банд айлагай они. Сен агар зоҳир эттинг итликни, Мен санга кўргузай йигитликни» деди-да, душманига қараб ҳамла қилди. Ҳайратидан кучи қолмаган Жобир у билан олишишга ҳар қанча тиришмасин, Суҳайл уни кўтариб ерга урди. Ўзини боғлаган арқон билан қўлларини маҳкам қилиб боғлади-да, ўзи ётган чоҳ ичига ташлади. «Ҳар киши бировга чоҳ қазиса, унга ногоҳ ўзи тушади», деб бекорга айтилмаган-да! Суҳайл ўз мақсадига эришгач, Меҳр билан тўй базмига тайёрлана бошлади. Жобир хазинасини қўлга киритди. Барча халқ шодмон бўлишиб, шоҳга таъзим қилишди. Базм тузиб, қўлига қадаҳ олган Суҳайл «Жобир банд этган барча одамларни озод қилдим. Уларни бу ерга олиб келинглар, мен қадаҳ билан шод этай», деб фармон берди. Боғ ичидаги икки чоҳда фақат иккита банди борлигини кўриб, уларни базмга бошлаб келишди. Буларнинг бири Навдар, иккинчиси эса Нўмон эди. Икки ота, икки фарзанд бир-бирлари билан йиғлашиб кўришдилар, сўнг ўтириб бир-бирлари билан сўрашиб кетдилар. Икки шоҳ худо йўлига кириб, мамлакатларини Суҳайлга топширдилар. Барча халқлар шукр қилишиб, ўз шодликларини изҳор этишди. Суҳайл билан Меҳр ўз мақсадларига етиб, васл топишди. Меҳр ҳам, ёри ҳам нилуфар рангидаги кўйлаклару тўнларни кийиб юришарди, нилуфар рангини хуш кўрган қуёш ҳам ўз либоси учун шу рангни танлади. Ҳар пари чеҳраки, маҳваш эрур, Мовий ўлса либоси дилкаш эрур. Меҳр ким гулрухи самовийдур, Нилуфарваш либоси мовийдур. Мусофир ўз ҳикоясини тугатгач, пардадор мовий пардани очди, шоҳ Баҳром кўп инъомлар бериб мусофирни хурсанд қилгач, ором топиб, уйқуга кетди.
Пайшанба куни шоҳ Баҳром сандалранг кийимлар кийиб, сандалранг қасрга қадам қўйди. Уни сандалранг кийимларидан сандал ҳиди анқиб турган маҳбуба кутиб олди. Базм бошлангач, қадаҳлар давра бўйлаб айлана бошлади. Кеча ичган майидан боши оғриётган шоҳ қадаҳга қўлини ҳам узатмади. Лекин соқий бош оғриғига қизил сандалдан дори ҳозирлаб қўйган эди. Базм кечга қадар давом этди. Қоронғи тушгач гул юзли гўзал ўз пардаси ортига кириб кетди. Шоҳ яна уйқу келтирадиган афсона эшитиш истагини билдирди. Мулозимлар йўл бўйига чиқиб, сўз денгизининг кемачиси бўлган бир сайёҳни бошлаб келишди. Мусофир шоҳ истагидан хабар топгач, аввал уни яхшилаб дуо қилди-да, афсонасини бошлади.
|