Шоҳ Жамшиднинг замонида Рум мамлакатида моҳир бир заргар яшарди. Унинг нодир ишлари халққа маълум эди. Шоҳ саройида хизмат қилувчи бу заргар олтин-кумушнинг софлик даражасини аниқловчи соҳиб иёрлик ҳамда хазинадорлик вазифаларини бажарарди. Кондан олинган ҳар олтину кумуш унинг олдига олиб келинарди. Шу ҳунари туфайли уни Зайди заҳҳоб деб аташарди. У табиблик, муҳандислик билан ҳам шуғулланарди. Туну кун шоҳнинг яқин суҳбатдоши ҳам, пойтахтнинг асосий табиби ҳам у эди. Зайднинг кунлари айшу ишрат билан ўтар, шоҳ молини ўз моли ҳисоблар, лекин омонатга инсофсиз бўлиб, шоҳ мулкига хиёнат қилишдан ҳам тоймасди. У кўп ҳунарларга моҳир бўлгани учун шоҳ кўп яхшиликлар қилиб турар, Зайдни мақтагани мақтаган эди. Ҳеч ким унинг айбини айта олмас, бирон гуноҳи шоҳга ошкор бўлганида ҳам, унга эътибор бермасди. Мабодо эътибор қилса, Зайд ўз ҳунарини ишга солиб, ажойиб асбоб-ускуналар ясаб, шоҳни тезда жаҳлидан туширарди. Юз хил макр-ҳийла билан шоҳни алдамай туролмасди. Бир куни Зайд шоҳ ҳузурига кириб, шундай деди: «Олампаноҳ, шоҳнинг бошқа шоҳлардан фарқи аввало унинг тахтидадир. Кўп шоҳларнинг тахти ёғочдан ясалган, сизники ҳам шундай бўлиб, қимматбаҳо тошлар билан безатилган, холос. Аслида сиз каби бахтиёр шоҳлар олтиндан ясалган тахт устида ўтиришлари керак. Бундай тахт турган маскан кўзни ҳам равшан қилади. Хазинангизда олтин жуда кўп бўлиб, миқдори кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу олтинларнинг хазинада ётишидан ҳеч қандай фойда йўқ. Бу ерда турса, фойдали ҳам бўлади, шоҳга ўзгача савлат ҳам беради». Бу сўзлар шоҳга маъқул келиб: «Бу ишнинг хаёлингга келиши яхши бўлибди, энди тезда ишга киришиб, ўз ҳунарингни кўрсатгин», деди. Зайд бу тахтни ясаш учун икки минг ботмон олтин керак бўлишини айтганида, шоҳ рози бўлди. Уста бу олтинларни олиб, ўз ишхонасига элтиб, ишга киришди. Зайд туну кун ҳаракат қилиб тахтни бир йилда битказишга тиришарди. Шу фурсат ичида тахт тайёр бўлди. Бу ғаройиб тахт саккиз пояли бўлиб, тўрттаси юқорироқда, яна тўрттаси пастроқда эди. Пастдаги тўрт пояда тўртта гапирадиган тўти, баланд поялардан эса тўртта товус ўрин олган эди. Дуру лаъллар билан безатилган бу тахтнинг зинаси ҳам саккиз пояли бўлиб, шундай ишланган эдики, шоҳ тахтга чиқмоқчи бўлганида, у поялар пасайиб устма-уст тахланар, қадам босгач, у поялар кўтарилиб, шоҳ тахт устига чиқар, ўтирганида эса тўрт тўти: «Шоҳ ўз мақсадларига етсин, бу тахт унга абадий бўлсин», деб гапирарди. Шу пайт тўрттала товус ҳам патларини ёйиб, Ҳумо қуши каби шоҳ бошига соя соларди. Шоҳ қайси томон юрмоқчи бўлса, тахт салгина ишорат билан юра бошларди. Одамларнинг «тахти равон» _ юрувчи тахт деганлари шу бўлса керак. Ушбу тахт тайёр бўлгач, шоҳ катта бир базм уюштирди. Ўз ўрнига чиқиб ўтирган шоҳ моҳир устага кўпдан-кўп совғалар бериб, унинг обрў-эътиборини янада кўтарди. Лекин Зайднинг қилмишларидан хабардор бўлган баъзи ҳунармандлар тахтни фақат олтиндан ясалиши керак бўлган ҳолда олтин билан бирга кумуш ҳам ишлатилганлигини билардилар. Фирибгар уста эса шоҳ ўзининг хиёнатини сезиб қолганида ҳам бу ажойиб тахтни бузиб ташламаслигига ишонарди. Душманларининг ёмон мақсадларини англаган Зайд қўрқаётган бўлса ҳам, шоҳнинг ўзига бўлган эътиборига ишонарди. Бу пайт душманлари сирни шоҳга етказиш йўлини ўйлаб топишди. Тахт устидаги тўтиларга ўхшаш иккита тўти топдилар-да, улардан бирига: «Тахт қалбакидир», иккинчисига эса «Устаси хиёнатчидир», деб гап ўргатдилар. Тахтни асраб турувчи кишига кўп пул бериб, ўзларига шерик қилиб олдилар-да, эрта тонг маҳали икки тўтини алмаштириб қўйдилар. Эрталаб шоҳ тахтга чиққан чоғда ўргатилган тўтилар ҳалиги сўзларни айтдилар. Шоҳ бундан ҳайрон бўлиб «Бу ишни ким қилган бўлса ҳам, у Зайд ишидан хабардор одамдир. Устадан қўрққанидан унинг айбини қушлар тили орқали менга етказган. Бу ишнинг ҳақиқатини аниқлаш эса жуда осон», деган фикрга келди-ю, қўлига эгов олиб тахтнинг бир поясини озгина эговлаган эди, олтин тагига кумуш ишлатилгани аён бўлди. Бу хиёнатни билган шоҳ Зайдга бўлган меҳр ипларини узиб ташлаб, унинг молу дунёсини тортиб олиб, ўзини занжирбанд қилди-да, зиндонга ташлади. Ушбу зиндон оғзи тор, лекин туби кенг бўлган чуқурдан иборат эди. Ундан қочиб кетиш эса мутлақо мумкин эмасди. Зайдга ҳар куни иккита кулча билан бир обдаста сув беришарди. Қаллобликка қўл урган уста бир куни зиндонга ташланиши мумкинлигини ҳам ўйлаб, олдиндан тайёргарлик қилиб қўйган, яъни кўйлаги остида ичига эгов солинган ханжарни доимо ўзи билан бирга олиб юрар эди. «Занжир ҳар қанча оғир бўлса ҳам, тушкунликка тушмай, қутулиш чорасини ўйлаб кўришим керак», деб фикр юритган Зайд зиндондан қочиш йўлини топди. У ҳар куни нон билан сувни олар экан, нонни бир чеккага қўйиб, ханжари билан туфроқ қазиб, олган суви билан лой қилиб ундан зина ясар эди. Эгов билан оёқларидаги занжирни кесиб ташлаган уста ноннинг иси билангина яшарди. Ҳар куни сувга интизор бўлиб кутар, уни олгач эса зина ишини давом эттирарди. Кун сайин мадори қуриб борса-да, зина ҳам ҳар куни баландлашиб борарди. Бир неча ой давомида шу хилда қийинчилик тортгач, охири зина зиндон оғзидаги туйнукка етди, унинг устига эса оғир бир тош бостириб қўйилганди. Зайд ханжари билан тош тагини ўйиб, одам сиғадиган тешик очди-да, чуқурдан чиқиб қочди. Шоҳ билиб қолса тутиб олиб ўлдириши муқаррарлигига кўзи етган Зайд тез-тез юриб Фаранг диёрига йўл олди. Зиндонбонлар маҳбуснинг қочиб кетганидан хабар топишгач, бу воқеани шоҳга ҳам етказишди. Унинг қандай қилиб зиндондан қутулиб кетганини англаган ҳукмдор Зайднинг макру ҳийлаларидан ҳайратга тушди. Бу пайт Зайд жонини қутқариш учун фаранглар мамлакати томон тўхтамай йўл босар экан, кўп қийинчиликларни бошидан кечирди. Бир неча кун машаққат чекиб, Қустантания шаҳрига етиб борди. Шаҳар ташқарисида бир бутхона бўлиб, одамлар билан гавжум эди. Унинг ичига кирган Зайд ҳамма нарса олтину ложувард билан безатилганини, заркор тоқларига кўплаб олтин бутлар қўйилганини, ҳамма деворлари қимматбаҳо тошлар билан безатилгани, баланд пўлат эшиклари қулфлари ҳам олтиндан ясалганини, улар кечаси беркитилиб элнинг ибодат қилиши учун очилишини билиб олди-да, бутхонани бошдан оёқ айланиб чиққач «Бу ерда шунча текин олтин бор экану, мен бўлсам шоҳнинг олтинига кўз олайтирибман», деб ўйлади-да, ўзини бутпараст қилиб кўрсатиб, кофирлар бажараётган ибодатлару расм-русумларни оз фурсатда ўрганиб олди. У кеча-кундуз ибодат қилар, ҳар бир бутга ихлосини изҳор қилиб, ўз эътиқодининг мустаҳкамлигини намойиш этарди. Унинг бу хил маккорлиги бутхона аҳлини шайдо қилди, барчалари мурид бўлиш истагини билдириб, унинг амри билан ибодат қила бошладилар. Кўп ўтмай Зайднинг мақоми янада кўтарилиб, бутхона ихтиёри тамоман унинг қўлига ўтди, эшикларнинг калитлари ҳам унга топширилди. Шундан сўнг Зайд ўзи ўйлаб қўйган маккорликни амалга оширишни бошлади. У кечалари одамлар уйқуга кетган пайтда селдек югуриб ҳар томонни кезиб чиқар экан, денгиз соҳилидаги тоғ ичида бир ғор борлигини кўрди. Сафар чоғида бир-икки диндоши билан дўстлашган бўлиб, бутпараст бўлгач, ҳамроҳлари ундан узоқлашишган эди. Зайд икковини излаб топди-да, ғор ичини ўзларига манзил қилишга буюриб: «Заргарлик учун қандай асбоблар зарур бўлса, уларни тезда топиб яширин ҳолда ғор ичига олиб келинглар», деб топшириқ берди. Ҳамроҳлари бу асбобларни келтиришгач, Зайд эл ухлаган чоғда ғорга келиб ҳамроҳлари билан бирга ибодатхонадаги бутларга, лагану қандилларга ўхшайдиган шаклларни темирдан ясаб, устини олтин билан қоплашар, рангли шишалардан жавоҳирлар тайёрлашар, сўнг кечалари яширинча бутхонага кириб ўзлари ясаган буюмларни бирма-бир алмаштиришар, олтин бутлару асл жавоҳирларни, олтин лагану қандилларни эса ғорга элтиб яширишарди. Бир неча муддат шу хил ишларни бажаришди, бутхона аҳлидан ҳеч ким бу маккорликлардан хабар топмади. Бор олтин буюмлар шу тарзда алмаштириб бўлингач, Зайд бутхона аҳлидан ўзининг ватанига қайтиш учун рухсат беришларини илтимос қилди. Улар бундай табаррук зотнинг ўзларини ташлаб кетаётганига оҳу фарёд кўтаришди. Зайд эса «Мен ҳам сизлардан ажралишни истамас эдим. Афсуски, онам вафот этиб ўзидан кўп молу давлат қолдирибди, мендан бошқа ворис йўқ. Бориб у мол-дунёни қабул қилиб оламану, яна бутлар олдига қайтиб келиб, барча бойликларимни бутхонага сарфлайман», деди. Бутхона аҳли унинг оёқларига бош қўйиб «Сен ўз юртингга эсон-омон бориб кел», дейишиб унга кўпдан-кўп совға-саломлар йиғиб беришди. Зайд уларни олиб, ғор ичидаги бутларни қопларга жойлаштиришга киришди. Ҳар икки бутни бир қопга солар экан, жами эллик қопни бутлар билан тўлдирди. Олтин лагану қандилларни ҳам қопларга солиб, ораларига матоларни жойлаб мустаҳкамлади. Бир катта кемани кира қилиб, ғор ичида тўпланган барча бойликларни яширин равишда кемага ташиттирди. Бутхона аҳлининг совғаларини ҳам кемага орттирди. Сўнг ҳамманинг кўнглини шод қилиб, қавми билан хайрлашди. Айрилиқ ўтида куяётган бутпарастлар уни қучоқлашиб, зор-зор йиғлашарди. Зайд кемага қадам қўяр экан, уларга боқиб: «Бир хат ёзиб бутхонага яшириб қўйдим. Уни Лот бути олдидан топасизлар. Унда сизлар ҳақингиздаги гаплар бор. Барчаси сизлар учун фойдали», деди-да, кемани юргизишга буйруқ берди. Кема кетиб борар экан, бутхона аҳли йиғлаганларича хатни топдилар-да, кўзларига суртиб ўқишга киришдилар. Мактубда Зайд ўзи қилган барча ишларни бошдан-оёқ ёзиб қўйган эди. Ўқиганларнинг бошлари қотиб, бутхонадаги нарсаларни кўздан кечиришган эди, хатдаги барча сўзлар ростлиги аниқ бўлди. Кофирлар орасида тўс-тўполон бошланди. Бу пайт Зайд денгизда ўз кемаси билан елиб борарди. Бир неча кундан сўнг кема Рум мамлакати соҳилига етиб келди. Рум шоҳи ўзининг кези-кезида қўзғаб, жисмига изтироб соладиган касалига чалиниб беҳол ётарди. Бу касал хуруж қилган олдинги йилларда унга Зайд ўзи тайёрлаган доридан бериб тузатарди. Табиб қочиб кетгач, бир неча фурсат ўтиб, шу касаллик шоҳни яна азоблай бошлади. Унга ҳеч ким даво топа олмас, шоҳнинг дарди эса тобора кучайиб борарди. Зайдга берган жазосидан пушаймон ҳукмдор оғриқ кучайган пайтда ўз табибини эсга оларди. Зайд соҳилга чиққач, бу воқеани эшитди ва барча молларини уйига элтиб қўйди-да, шаҳар ичида яширинча юриб, қочиш пайтида ўзи кесиб ташлаган занжирларни қўлу оёғига солди-ю, ўша чуқур зиндон ичига тушиб ётаверди. Зиндонбон Зайднинг пайдо бўлиб қолганини билиб қолиб, тезда шоҳга хабар етказди. Буни эшитган ҳукмдор ўлик қайта тирилгани каби хурсанд бўлиб кетди ва «Уни тезлик билан ҳузуримга олиб келинглар», деб буюрди-да, унга мўл-кўл эҳсонлар, қимматбаҳо кийимлар ва ўзининг отини йўллади. Буларни Зайдга олиб келишганда, у зиндондан чиқмай «Мен шоҳ ғазаби туфайли шу чоҳ ичида жуда кўп азоб чекдим. Ўша хиёнатни қилганим учун ундан ўн марта кўпроқ олтин тўлайман. Яна бир арзим шуки, шоҳ фарангларнинг бутларини синдирмоқ, дин ишида ўз кўнглини қондирмоқчи бўлиб, икки марта қўшин тортди-ю, ўз мақсадига эриша олмаган эди. Мен уларнинг бутларини парчалаб, олтинларини шоҳ хазинасига топшираман, бор жавоҳирларимни унинг бошидан сочаман, оғир дардини тезда тузатаман. Фақат бир шартим бор: шоҳ душманларим оёғига занжир солиб менинг олдимга олиб келсин-да, муродимга етказсин. Чунки мен ҳозир шоҳ саройига борадиган бўлсам, улар менга қасд қилишлари аниқ. Шунинг учун бу мақсадимга эришмасам, чоҳдан чиқмайман», деб жавоб қилди. Бу гапларни шоҳга етказишди. Зайднинг душманлари кўп жиноятлар қилишганидан шоҳнинг кўнгли қолиб, уларни зиндонга ташламоқчи бўлиб турганида касалликка чалиниб, бу мақсадини унутган эди. Энди Зайднинг сўзлари баҳона бўлиб уларнинг барчасини қўлга олиш ва зиндонга ташлашни буюрди. Зайд чоҳдаги ўз ўрнини уларга бўшатиб берди-да, ташқарига чиқиб шоҳ юборган ранг-баранг кийимларни кийди, саройга бориб шоҳ остонасини ўпиб, эҳтиром кўрсатди. Сўнг ҳукмдор ўтирган хонага кириб ерга тупроқ каби бош қўйди. Шоҳ уни қучоқлаш учун тахтига чиқарди-да, бағрига босиб ҳолини сўради, кейин унга қўлини узатди. Одатга мувофиқ Зайд унинг қўлини ўпгач, томир уришини кўрди-да, касалига қандай даво қилишни англаб, тўрт-беш кундаёқ уни дардидан халос қилди. Шоҳ бутунлай тузалиб кетгач, ўзи олиб келган олтину жавоҳирларнинг барчасини унинг олдига тўкди. Ҳайратда қолган шоҳ кўзларига ишонмасди. Кейин «Бўлган ишларни ҳикоя қилиб бергин», деб сўради. Зайд барча воқеаларни сўзлаб берди. Шоҳ унинг ҳикоясидан мамнун бўлиб, келтирилган бойликларни хазинага йўллади ва унга шунча кўп эҳсон бердики, бу бойликларни шарҳлашнинг ўзи осон эмас. Шоҳ ҳукми билан бутларнинг ҳар бирини юз пора қилиб, дин аҳлига тақсимлаб берилди. Шундан сўнг шоҳ барчага олтинранг кийим кийиб юришни буюрди. Чунки олтин заъфарон каби элни кулдиради. Бир неча вақтдан сўнг шоҳ буйруғи билан зиндон аҳли ҳам озод қилинди. Қутулиб чиққанлар ҳам эл кийимига боқиб кула бошладилар. Уларнинг устидан эса халқ қаҳ-қаҳлаб куларди. Баҳром бу ҳикояни эшитгач, шод бўлиб, мусофирнинг ватанию аждодларини сўради. «Ватаним _ Рум мулки, ишим тиб билан ҳикмат. Мен айтган Зайднинг ўғли менга ота бўлади. Бу томон келишимдан мақсад эса сенинг хизматингни қилишдир. Шукрилиллоҳ, бу мақсадимга етдим», деб жавоб берди мусофир. Шоҳ буларни эшитгач, уни надим этиб тайинлади, ҳикоядан ҳузур топган Баҳром уйқуга кетди-да, қуёш чиққунча кўз очмади.
Душанба куни тонг отиши билан шоҳ Баҳром бўстон сарви каби райҳон ранг кийимлар кийиб, яшил қаср сари қадам ташлади. У ерда шоҳни яшил рангли кийим кийган маҳбуба кутиб олди. Қизнинг ўзи яшил сабзага, табассуми эса шакарга ўхшарди. У ноз билан шоҳга яшил жом тутди. Баҳром ўз дилбари қўлидан дам-бадам зумрад рангли қадаҳни олиб ичар экан, кўзини уйқу босди, лекин хаёллар ичида қолган ҳукмдор яна ухлай олмади, шунда мулозимлар олдинги кунлардагидек йўлга тушиб, биёбонда кетаётган бир мусофирни шоҳ ҳузурига бошлаб келдилар. Баҳром «Парда ташқарисида ўтириб, афсона бошласин», деганидан сўнг мусофир аввал олампаноҳга мадҳу сано айтди-да, сўнг дуо қилиб, ўз ҳикоясини бошлади.
|