Топилмаган тўрт-бешта сабзи Бир куни масжид эшигида ўтириб эди. Замон подшоҳи ўтиб бораётганди, Хожани кўргач, отдан тушиб келиб зиёрат қилди. Сўнг Хожадан бизга бирор юмуш буюринг, деб илтимос қилди. Хожа деди: — Биз ҳожатимизни Қозиюл-ҳожотдан ўзга кишидан тиламасмиз. Подшоҳ яна қаттиқ илтимос қилди. Хожа буюрди: - Айтинг, тўрт-бешта сабзи келтирсинлар. Подшоҳ дарров мулозимларини тўрт томонга сабзи топиб келтиришга жўнатди. Бирорта дўконда сабзи топилмади. Мулозимлар сабабини суриштирганда сабзифурушлар дедилар: - Бир лаҳза бурунроқ яшил кийимли ки-шилар пайдо бўлиб, барча сабзиларни олиб, осмонга кўтарилди. Подшоҳ мулозимлари сабзи топишдан бутунлай умидларини узиб, подшоҳга аҳволни арз қилдилар. Хожа подшоҳга деди: — Бир боғлам сабзи тополмайдиган зоҳирий подшоҳдан сўрагандан кўра, Ҳақиқий подшохдан тилагани авлодир! Замон подшоҳи ўз ожизлигини эътироф қилиб, Шайхнинг сўзига қулоқ тутди ва қилган одобсизлигидан пушаймон бўлди.
|