Мавлоно Фахриддин Луристоний PDF Босма E-mail

Мадрасадан — хонақоҳга
Дастлаб зоҳирий илмлар таҳсилига машғул эмиш. Доим хотирида ботин илми билан шуғулланиш ва тариқатга қадам қўйиш ҳаваси бор эмиш. Бир куни китоб ўқишдан чарчаб, бирпас ёзилиш учун ҳужрасидан чиқиб сайр қилур чоғда бу фикр кўнглига келибди-ки, сен барибир бир кунмас-бир кун бу илмни тарк этиб, тариқатга юз буришни кўнглингга тугиб қўйгансан, ўша кун бугун бўла қолсин! Ҳужрасига қайтиб бормабди. Китоб ва бошқа анжомларини ўша ерда қолдириб, Мисрда толиблар иршодига машғул бўлган Шайхи Шайхуллоҳ ҳузурига бориб, мурид тушибди. Шайхуллоҳ оламдан ўтгандан сўнг комил муршид излаб, сафар ихтиёр қилибди. Излай-излай охири Шайх Ҳофиз Умар қошига ке-либ, бир неча марта чиллага ўтириб, куллий мақсадларни ҳосил қилибди. Шайх Ҳофиз Умар дунёдан ўтгандан сўнг Жом вилоятига келиб, Шайх Аҳмади Жом (қ.с.) мақбараси ёнида манзил тутмиш.

Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг дуогўйи
Мавлоно Абдураҳмон Жомий «Нафаҳот ул-унс»да шундай битибдилар: Мавлоно Фахриддин Харжурдга отамизнинг уйига ҳам келганди. Мен ўша пайтлар ҳали гўдак эдим. Мавлоно мени тиззасига ўтқазиб, ҳавода «Али», «Умар» каби сўзларни ёзарди ва мен ўқирдим. Мавлоно ҳайратланиб, табассум қилар, менга шафқат ва лутф кўрсатардилар. Ул зотнинг назари ва илтифоти менинг хотиримда бу тоифанинг муҳаббати уруғини сочди ва ҳар кун ўзга нашъу намо топардим. Умидим улдурки, бу тоифа суҳбатида тирилгаймен ва буларнинг хизматида ўлгаймен ва уларнинг муҳиблари зумрасида машҳур бўлгаймен.