Паҳлавон Маҳмуд Паккаёр PDF Босма E-mail

Йиқилганни қўлламоқ — марднинг иши!
Хива шаҳридан. Пурёр лақаби билан машҳур. Баъзилар Паккаёр дейдилар. Хоразмлик кишидан сўрадим, Паккаёр тўғрироқ экан. Ўз даврининг мислсиз курашчиси, хуштабъ шоир бўлгани билан бирга, яширин тарзда тариқатда риёзатлар тортиб, файз оламидан кўнгли баҳраманд киши эди.
Ҳинд мулкидан бир заргар келиб, Ҳиндистон подшоҳидан Паҳлавон Маҳмудга даъватнома келтирган эмиш. Паҳлавон унинг жавобига бу рубоийни битибди:
Заргарбача ар гуфт раҳи Мултонро,
Овард ба ман қоидаи султонро,
3-он жо, ки ману ҳиммати ёрони ман аст, Як жав нахарам чунаи Ҳиндустонро.
(Маъноси:
Заргар йигит менга Мўлтон йўлидан гапирди, Султон мактубини менга етказди.
Мен ва дўстларимнинг ҳиммати баланддир, Ҳиндистон мулкини бир арпага ҳам олмасман.)
Аммо ғойибдан унга бориш тўғрисида ишорат етди. Ҳиндистонга борди. Ҳинд мулки подшоҳининг бир курашчиси бор эди. Паҳлавон Маҳмудни чақиришдан мақсад ҳам у билан курашга солмоқ эди. Паҳлавон билан мулоқот қилганида бу ниятини маълум қилиб, эртасига халқни тўплаб, катта майдонда кураш мусобақасини ўтказишга келишилди.
Кечаси Паҳлавон Маҳмуд ўз одати бўйича қабристонга бориб, ибодат амалларини бажо келтираётганда бир кари заифани муножот қилаётганини кўрибди. Кампир Тангрига муножот қилиб ёлворардиким, Худоё, бу келган паҳлавон курашчи маъракасидан менинг ўғлимни шарманда чиқармагайсен!
Паҳлавон бу аёл ҳиндистонлик курашчининг онаси эканлигини англабди. Эртага курашда йиқилмоқни кўнглига тугиб қўйибди.
Эртаси куни подшоҳ амри билан катта издиҳом тўпланиб, икки курашчи ўртага тушганларида, Паҳлавон Маҳмуд ўзи билан муқаррар қилганидек, бир-икки ҳамла талашганидан сўнг йиқилади. Нақл қилишларича, елкаси ер кўрган маҳалда назари осмонга тушиб, малакут олами пардалари кўтарилиб, кўзига жилвагар бўлибди. Подшоҳ ҳам муродига етганидан хурсанд бўлибди. Аммо Паҳлавон Маҳмудни махсус чақиртиргани учун хос меҳмон сифатида кўп иззат-икром қилибди.
Бир куни подшоҳ тоққа овга чиқиб, Паҳлавон Маҳмудни ҳам таклиф қилибди. Сайд орқасидан қувганида баланд бир қоядан сакраб ўтибди. Подшоҳ оти жиловини сақлай олмабди. Отнинг орқа оёқлари камар четида қолиб, икки олди туёғи осмонга кўтарилган чоғда Паҳлавон Маҳмуд отни суворий билан қўшиб озод кўтариб, текис ерга қўйибди. Подшоҳ ҳайрат билан айтибди:
«Бунча куч-қувват билан бизнинг курашчидан йиқилганинг ажабланарлидир». Паҳлавон бу рубоий билан жавоб берибди:

Гар бар сари нафси худ амири, марди, Дар ёдгари нукта нагири, марди.
Марди набувад фитодаро пой задан, Гар дасти фитодае бигири, марди.
(Маъноси:
Ўз нафсингга ҳоким бўлсанг, марддирсан.
Эслаганда айб қидирмасанг, мардсан.
Йиқилганни тепиш мардликдан эмас.
Йиқилганни қўлласанг, ўшанда мардсан.)