Қусам Шайх PDF Босма E-mail

Қовун пўчоғини еган мурид
Турк шайхларидандир. Хожа Аҳмад Яссавий (қ.с.) авлодларидан. Хожа Баҳоуддин Амир Саййид Кулол ул кишига ижозат берганларидан сўнг Қусам Шайх хизматига бордилар. Дастлабки мулоқотда қовун еяётган пайтларида учратдилар. Қусам Шайх қовун пўчоғини Хожа Баҳоуддин олдига ташлади. Ул зот талаб кучлилигидан қовун пўчоғини териси билан едилар. Икки-уч марта шу ҳолат такрор бўлди. Қусам Шайхнинг ходими кириб келиб деди:
- Уч туя ва тўрт отимиз йўқолиб қолибди.
Қусам Шайх Хожага ишорат қилиб дедилар:
- Буни маҳкам ушланглар!
Тўрт киши Хожага худди қотилни ушлагандек қўполлик билан ёпишдилар ва бандда тутдилар. Хожа муроқабада ўтирдилар. Шом намозидан сўнг ходим яна кириб деди:
- Йўқолган туялар ва отлар ўз оёғи билан кириб келди.
Хожа ҳазратлари дебдурларки, турк шайхларининг йўлини билмаган киши уларнинг тариқатидан нафратланиб, ноумид бўлур.
Хожа Баҳоуддин Қусам Шайх хизматида уч ойга яқин бўлдилар. Охири Шайх Хожага ижозат бериб, деди:
- Тўққиз ўғлим бор. Сен уларнинг барчасидан улуғроқ ва муқаддамроқсан.
Ундан сўнг ҳар қачон Шайх Нахшаб (ҳозирги Қарши)дан Бухорога келсалар, албатта Хожа билан кўришарди. Шайх дебдурки, сенда кўрганим талабгорликни бошқа толиблардан ҳеч қайсида кўрмайман.