Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний PDF Босма E-mail

Насроний йигит ва ботин зуннори
Ашуро айёмида катта бир жамоат ул зотнинг хизматида ўтирганди ва ул киши маърифатдан сўз айтарди. Ногоҳ бир йигит кирди. Сурати зоҳидларга ўхшаш, эгнида хирқа ва елкасига жойнамоз ташланган. Бир гўшада ўтирди. Ҳазрат Хожа унга назар қилдилар. Ул йигит деди:
- Расулуллоҳ (с.а.в.) дебдурларки, мўмин-нинг фаросатидан қўрқинг! Чунки у улуғ ва қудратли Аллоҳ нури билан назар солади. Бу ҳадиснинг сирри недир?
Хожа дедилар:
- Бу ҳадиснинг сирри будурки, хирқанг остидаги зуннорни кесиб, имон келтургайсен.
Йигит ўша заҳоти зуннорини кесиб, имон келтирди. Ҳазрат Хожа суҳбатдошларига боқиб дедилар:
- Эй ёронлар, келинг, бу йигит зоҳир зуннорини кесиб, имон келтирганидек, биз ҳам такаббурликдан ҳосил бўлган ботин зуннорини кесиб, имон келтирайлик. Бу йигитнинг барча гуноҳлари кечирилганидек, биз ҳам гуноҳлардан фориғ бўлайлик!
Суҳбатдошларга ажаб бир ҳолат зоҳир бўлди. Хожанинг оёғига йиқилиб, тавбаларини тоза қилур эдилар.
Ғазаб ва ғайрат
Бир кун ул кишининг хизматида бир дарвеш дер эди:
- Агар Худованд таоло менга жаннат ва дўзахдан қайси бирини танлаш имконини берса, мен дўзахни ихтиёр қиламан. Чунки мен ҳеч қачон нафсим муроди билан яшамагаймен. Бу ҳолда жаннат нафс муродидир ва дўзах Ҳақ муроди.
Ҳазрат Хожа дарвешнинг сўзини рад қилиб дедилар:
- Бандага ихтиёр билан нима иши бор, ҳар қаён бор деса, борурмиз ва қаёнда бўл, деса, бўлурмиз. Бандаликнинг шарти ушбудир, сен айтганингча эмас.
Дарвеш сўради:
- Шайтон Ҳақ йўлидаги соликларни адаштира оладими?
Хожа буюрдилар:
- Нафс фаноси сарҳадига етмаган соликни оздира олар. Бундай соликда ғазаб хислати борлиги сабабли Шайтоннинг қўли баланд келар. Нафс фаносини ҳосил қилган соликда эса, ғазаб бўлмас, ғайрат бўлур. Шайтон ғайратдан қочар. Ғайрат сифати - Аллоҳ ки-тобини ўнг қўлида, Расулуллоҳ (с.а.в.) сунна-тини чап қўлида тутиб, бу икки ёруғлик орасида йўл сулуки қилган кишилардагина ҳосил бўлгай.

Фарз амаллари адосидан сўнг дуо мустажоб бўлур!
Ҳожатманд бир киши деди:
- Хожа бизга бу шайтон тузоғидан саломат қолиш учун имон дуоси билан мадад қилишларига муҳтожмиз.
Ул зот буюрдилар:
- Ваъда андокдурки, фарз амаллари адосидан сўнг дуо мустажоб бўлур. Сен фарз ишларини собитлик билан бажар ва бизни хайр дуоси билан ёд қил! Фарз амаллардан сўнг биз ҳам сени ёд қилурмиз. Бу орада ижобат асари зоҳир бўлгай, ҳам сенинг ҳақингга, ҳам бизнинг ҳақимизга!