Абу Тоҳир Курд PDF Босма E-mail

Вақф ўриги ва Хизр (а.с.) танбеҳи
Ул зот Хизр (а.с.) билан суҳбат тутар эмиш ва Шайх Аҳмади Жом билан дўстлиги бор эмиш. Шайх Аҳмади Жом дебдурки, бир кун нафс мендан ўрик тилади. Нафсимга дедим: Бир йил рўза тутгил, сенга ўрик берай! Бир йилдан сўнг нафс тақозо қилдики, мен ваъдамга вафо қилдим, сен ҳам қил! Отамдан мерос қолган боғга бордим. Бир ўрикни шоқол еб, бутун қайт қилиб ташлабди. Олдимки, ваъдага вафо қилгаймен. Нафс фарёд қилдики, бу нима қилганинг, менга ҳеч қандай ўрик керакмас! Нафс ўз истагидан бутунлай кечгач, бир неча дона ўрик едим. Сўнг бир оз ўрик териб, менинг пири суҳбатим бўлган Шайх Абу Тоҳир Курдга элтдим.
Шайх ўрик томон бир нигоҳ ташлаб, деди:
- Эй Аҳмад, бизга вақф ўригидан келти-рибсан.
Дедим:
- Эй Шайх, бу вақф меваси эмас. Бу менинг отамдан мерос қолган боғдан, отам бу дарахтни ўз қўли билан эккан ва мен ҳам ўз қўлим билан териб, сизга олиб келдим.
Шайх менинг сўзимни қабул этмади. Ўғлига айтди:
- Қўйларимиздан бир қўй келтир, сўйиб, битта шўрва сол. Очликдан сафро Аҳмаднинг димоғи ва бошига урибди. Нима қилаётгани ва нима деяётганини билмайди.
Мен индамай қўйдим. Айтилган таомни келтирдилар. Кўнглимга еткурдиларки, ҳалоллиги шубҳали бу таомдан ема. Шу хаёл билан қуруқ нонни ушатиб ердим. Шайх қистовга олдики, нега овқатдан емаяпсан. Кўнглимдагини айтдим. Ўғлини чақириб, овқатнинг гўшти қаердан келтирилганини сўради. Ўғли айтди:
- Қўйларимиз узоқрокда эди, бориб қассобдан гўшт олиб келдим.
Шайх қассобни чақиртириб, гўштни суриштирди.
Қассоб айтди:
- Шаҳна бировнинг қўйини зулм билан тортиб олганди. Менга сўйдириб, ярмини олиб кетди. Қолган ярмини шайхзода олиб кетди.
Шайх Абу Тоҳир бошини қуйи солди. Йиғлагим келиб, туриб кетдим. Яқиндаги бир намозхонага кирдим. Ўзимни ҳеч тиёлмай қаттиқ йиғлардим. Шайх Абу Тоҳир ортимдан етиб келди ва ўтирди. Мен кўнглимда муножот қилардимки, бор Худоё, қўй ишини унга маълум қилдирдинг, ўрик ишини ҳам зоҳир қил! Шу аснода Хизр (а.с.) кириб келди ва деди:
- Эй Абу Тоҳир, Аҳмаднинг мулкига вақф от қўйдинг ва шубҳали таомингга ҳалол от қўйдинг, буни кимдан ўргандинг? Сен Аҳмаддан ҳеч нарсани талаб қилолмайсан, чунки у буюк даражадан борур.