Мира Нисобурий PDF Босма E-mail

Шуҳратдан маломатни афзал билган шайх
Маломатийлардан эди. Нисога сафар қилди. Жуда тез шуҳрат топди ва кўп мурид йиғилди. Бу ҳолатдан кўп азият чекди, чунки кўнглининг машғуллиги кўпайганди. Шаҳарни тарк этди. Кўп халойиқ у билан бирга чикдилар ва ундан айрилмай эргашиб борардилар. Бир ходими бор эди. Ундан сўради:
— Булар кимлар?
Ходим деди:
- Муридларингиз! Сизнинг хизматингизга бормокдалар.
Қаттиқ шамол эсарди. Бир баландлик устига чиқиб, одамларга қарата пешоб қилди. Ўзининг тўни ва баъзи одамларнинг либоси расво бўлди. Халқ ундан нафратланиб, орқаларига қайтди. Ходим ҳам эътироз билдирди:
- Бу нима қилганингиз, пирим?!
Индамай борарди. Бир сув қирғоғига етгач, ечинмасдан ўзини сувга отди. Кийимини яхшилаб тозалаб, кейин ходимга боқиб деди:
- Инкор қилмагайсен. Катта офат ва азим фитнани бир миқдор пешоб билан ўзимдан кетказдим...
Хожа Абдуллоҳ Ансорий дейди: «Билурсенки нечун мундоқ қилди? Онинг учунки ул ғавғо (яъни, муридларнинг кўпайиши ва унга эргашишлари) анинг табъи ва нафсига хуш келиб эрди. Бу иш анга вожиб эрди».