Жаъфар Ҳаззо PDF Босма E-mail

Роҳат-фароғатга берилган дарвешнинг оқибати
Шайх Абу Абдуллоҳ Хафиф дебдурки, бир куни Муъаммил Жассос менга деди:
- Бориб, Жаъфар Ҳаззодан хабар олки, не ҳоли бор?
Бориб кўрдим. Ҳашаматли бир саройда қимматбаҳо гиламлар устида нафис кийимлар кийган ҳолда эди. Сўрашдик. Деди:
- Ўтир, бирга овқатланайлик!
Мазали бир таом ҳозирлатди ва бирга едик. Чиқиб Муъаммил қошига келдим ва кўрган-кечирганимни сўзлаб бердим. Муъаммил дуо қилиб, деди:
- Ё Раб, биздан саломатлик ва офиятни дариғ тутма!
Неча вақт ўтгандан сўнг Муъаммил яна деди:
- Бориб Жаъфар Ҳаззо ҳолини кўриб кел!
Бориб бир вайронадан топдим. Бир бузуқ уйда йиғламокда эди. Уч кундан бери туз тотмаган экан. Атрофидагилари илтимос қилдиларки, унга бир нима едиринг! Ялиниб-ёлвориб, озгина суюқ овқат едирдим. Яна Муъаммилга келиб, кўрганимни айтиб бердим. Муъаммил деди:
- Агар бошида роҳат-фароғатда яшамаса эди, охирида бу қадар хор бўлмасди.