Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ҳофиз Шерозий (Сирожиддин Саййид)
Facebook
Ҳофиз Шерозий (Сирожиддин Саййид) PDF Босма E-mail

ҒАЗАЛЛАР

Гум бўлиб кетган Юсуф Канъонга келгай, ғам ема,
Ғам уйи бир кун мунаввар онга келгай, ғам ема.

Шод бўлғай бу кўнгил бир кун, кўнгилни бузмагил,
Юксалиб бошинг яна осмонга келгай, ғам ема.

Гар бу гардун икки-уч кун биз учун эврулмади,
Бир куни бу дарду ғам яксонга келгай, ғам ема.

Келгай ул умринг баҳори, гул ёпингайсан яна,
Булбуло, боғу чаман туғёнга келгай, ғам ема.

Парда ичра бир ниҳон найранглар асрар ғайбким,
Сенгаму ё менгаму – қай жонга келгай, ғам ема.

Қасри бунёдингни, эй дил, гар фано сели йиқар,
Нуҳ паноҳинг бўлса гар – тўфонга келгай, ғам ема.

Каъба шавқи бирла гар кечсанг биёбонларни зор,
Қанчалар хору тикан исёнга келгай, ғам ема.

Қисмат ўлмиш бизга ёр жабрию ағёр миннати,
Бу хабарлар барибир Яздонга келгай, ғам ема.

Кимки сарсон бўлдию оламда бир дўст топмади,
Ул етишгай дўстгаю жавлонга келгай, ғам ема.

Гарчи мақсад ноаёну йўл – хатар, манзил йироқ,
Барча йўллар охири поёнга келгай, ғам ема.

Ҳофизо, бу фақру хилват кечаларнинг қўйнида
То тилинг айтар, дилинг Қуръонга келгай, ғам ема.

* * *

Эйки, пистанг ханда урмиш қандларга беомон,
Зору муштоқман, ширин бир кулгу қилғил армуғон.

Шаккарин лаблар била лутф айлаганда бизни ёр,
Писта, бас, хандонлиғингдин қолмади ному нишон.

Истасанг гар юзларингдин оқмасин қон селлари,
Сен кўнгил берма бировлар суҳбатига ҳеч қачон.

Гоҳида зулфинг очиб, гоҳ айлагайсан хандалар,
Худписандлар бирла биз йўлдош эмасдурмиз, ишон.

Қоматинг олдида ҳатто тўбилар ҳам лолдир,
Кечмишам бул қиссадин мен, то сухан бўлсин равон.

Ким хабардор ўлгуси ошифта ҳолимдин менинг,
Улки кўнгли тушмамишдир бул камандга бир замон?

Ёнди шавқ бозори, лекин қайда ул юз оташи?
Токи жонни ул юза испанд қилойин бегумон.

Ҳофизо, сен нозанинлар ғамзасидин кечмадинг,
Қайда йўл, билдингми, сенга? Хоразм, Хўжанд томон.

* * *

Бода бергил соқиё, гулнинг замони келди-ку,
Гул ичинда тавба синдурмак авони келди-ку.

Айла туғён ҳар тиконга қасдма-қасд, бўстондаким
Бизга ҳам гул ичра булбул ошёни келди-ку.

Бу чаман саҳнида ичгил боданиким, дил аро
Тоза оятларни айтиб гул забони келди-ку.

Гул чаманга етди, лек бўлма фироқдин бехабар,
Ёр иста, иста май деб гул фиғони келди-ку.

Ҳофизо, булбул каби гул васлини истар эсанг,
Йўлига бўлгил фидо – гул боғбони келди-ку.

*  *  *
Сочингни гулни баргига, аё дилбар, ниқоб айла,
Юзинг беркитгилу оламни ҳам бирдан хароб айла.

Ўшал маст наргисингни ишва бирлан уйқудин уйғот,
Чаман ичра гўзал наргисни рашкингдин азоб айла.

Юзингдин терни сачратгил бу боғ атрофидин ҳар ён,
Бизим кўзлар мисол ҳар битта гул узра гулоб айла.

Бинафша исларин тинглаб, нигорнинг зулфларидан тут,
Назар қил лоланинг рангигаю азми шароб айла.

Сенга одат эрур ошиқларингни ўлдуруб юрмоқ,
Дилимнинг қонини ғамзанг қиличига ҳижоб айла.

Сенинг феълинг била бахтимни мен чин дилдан ўргандим:
Берурсан май рақибларга, менга эрса итоб айла.

Дуонинг йўлидан Ҳофиз висолга етмоқ истайдур,
Илоҳи, хастадилларнинг дуосин мустажоб айла.

*  *  *

Ёрга ошиқман, менга куфр ила иймонингни қўй,
Мен шаробни ташнасиман, васлу ҳижронингни қўй.

Дилбаримнинг лабларидан бир тириклик топмадим,
Шул сабаб, жоним, менга жон бирла жононингни қўй.

Ишқ ароким ўлмишам – даврон амирин найлайин?
Бенаво, бечорадурман, бегу султонингни қўй.

Менга дилдор қошларидан битта меҳроб бўлса бас,
Дилга шул давлат етар, кўп баҳсу достонингни қўй.

Икки олам ичра менга Ёр асқотгай фақат,
Жаннату дўзахни қўйгил, ҳуру ғилмонингни қўй.

Мардларнинг суратин қўй, сийратин сен сайлагил,
Марди ошиқ бўлсанг ул суратли айвонингни қўй.

Масту ошиқсан агар такрор айтгил, Ҳофизо:
Ёрга ошиқман, менга куфр ила иймонингни қўй.

* * *

Кемамизни келгилу солгил шароб дарёсига,
Кексаю ёшларни ҳам солгил шу иш ғавғосига.

Ким демишлар яхшилик қил, яхшиликни сувга сол,
Келгил, эй соқий, киришгил шу нақл ижросига.

Жом аро гулрангу хушбўй бодадин келтир менга,
Рашкдин куйсин гулоб, ўт сол анинг даъвосига.

Гарчи мен масту харобман, менга бир лутф айлагил,
Бир назар сол бу хароб дилнинг куюк саҳросига.

Гар ярим тун ичра сенга офтоб юз кўргузур,
Ол ниқоб гулчеҳра қиздан, боқ анинг раъносига.

Ўлганимда, олгилу, тупроққа топширмай таним,
Хумга солгил сен мени, солгил шароб маъвосига.

Қилча гар юз бурса сендан, олгилу Ҳофиз дилин,
Олгилу солгил ани ёр зулфининг савдосига.

* *  *

Менинг бир мушкулим бор ўз дилимдан,
Вале бир сўз деёлмам мушкулимдан.

Менинг маҳзун бу жоним айтса бўлгай,
На қонлар истадим мен ўз дилимдан.

Қолибман ортда карвонингдан, эй ёр,
Кетар, ёр, маҳмилинг – дил маҳмилимдан.

Кезиб Мажнундайин чўлу биёбон,
Нишон бир топмадим ўз манзилимдан.

Менга бир йўл буюрмишлар азалдан,
Йироқман кемадай ўз соҳилимдан.

Бу йўлда неча дамларни йўқотдим,
Шу бахтим дастидан – ўз ғофилимдан.

Бу манзилларда тупроқ бўлди Ҳофиз,
Бу тупроқлар – менинг обу гилимдан.

* * *

Йилларки риндлар мазҳабин жисмим аро жон қилмишам,
Ақлимни фатвоси била нафсимни зиндон қилмишам.

Анқони истаб манзилин мен бир ўзим йўл юрмадим,
Йўлларда йўлдошимни мен мурғи Сулаймон қилмишам.

Абгор дилимга соя сол бир лаҳза, эй ганжи мурод,
Кўркам бу уйни мен сенинг кўйингда вайрон қилмишам.

Ўпмам дебон соқий лабин кўп тавбалар қилган эдим,
Нодонни доно деб атаб, энди пушаймон қилмишам.

Мастлик билан ростлик азал устодининг изминдадир,
Неки буюрмиш тангри: қил, мен ҳам ўшал он қилмишам.

Олам яралгандан буён фирдавсни қилгайман тамаъ,
Мен гарчи майни кўп ичиб, ишрат фаровон қилмишам.

Қартайганимда гул Юсуф суҳбатлари бўлмиш насиб,
Ғам кулбаси – қалбимни сабрим бирла шодон қилмишам.

Мен бир ғазал девонига йилларки қулман, не ажаб,
Невчун ўзимни соҳиби девон деб эълон қилмишам?..

* * *

Бу замон савдосига бир ҳадду поён кўрмадим,
Арғувоний бода келтир, ўзга дармон кўрмадим.

Мардларга ишқу ошиқлик нишондир, ўзни топ,
Бу шаҳарнинг шайхларида лек бу унвон кўрмадим.

Бир қадаҳ бахш этмади ҳеч ким, хумор ўлдим агар,
Олам ичра дилни аҳлидан бир инсон кўрмадим.

Бу қадаҳ офтобининг айшин баланд тутгил мудом,
Чунки вақт толеини мен шоду хандон кўрмадим.

Сочи бирлан белининг шарҳини мендан сўрмаким,
Мен ўзимни ушбу анжуманда бир он кўрмадим.

Бул менинг икки кўзимга юз минг афсусларки, мен
Бул ики кўзгу билан чеҳранг намоён кўрмадим.

Навниҳол қоматларинг кўзёшларимдан яшнади,
Сарвқадларни вале соҳилда меҳмон кўрмадим.

Ушбу дарё ичра, Ҳофиз, сен сафинанг бирла қол,
Бундан ўзга сўз бисотини дурафшон кўрмадим.

* * *

Ушбу ғурбатхонадан кетсам азиз остонага,
Аҳд қилдим йўл аро киргум яна майхонага.

Бу сафардан соғ-омон қайтсам ватанга мен агар,
Қайга борсам дўст бўлурман оқилу фарзонага.

Бу сулукнинг сайридан кашф этганим ҳикмат шудир:
Бир қўлинг борбатда бўлсин, бир қўлинг – паймонага.

Қон ютарлар ишқ эшигининг бари ошнолари,
Нокас ўлгум гар шикоят айласам бегонага.

Ёр зулфин занжирин бундан буён қўйвормирам,
Ҳеч қулоқ солмасман энди бу дили девонага.

Қошларин меҳробини кўрсам агар бир бор яна,
Саждада шукр айлагум, кетгум фақат шукронага.

Сархуш ул дамки вазирнинг ҳукми бирлан, Ҳофизо,
Дўст билан майхонадин кетсанг чиқиб кошонага.

*  *  *

Бир дилбари жоним менинг олди дилу жоним менинг,
Олди дилу жоним менинг бир дилбари жоним менинг.

Лаб берса жононим менинг жонлангуси жоним менинг,
Жонлангуси жоним менинг лаб берса жононим менинг.

Фирдавси ризвоним менинг дўст кўйининг тупроғидир,
Дўст кўйининг тупроғидир фирдавси ризвоним менинг.

Кўнглим бу – ҳайроним менинг шайдою сайронинг сенинг,
Шайдою сайронинг сенинг кўнглим бу – ҳайроним менинг.

Юсуфи Канъоним менинг ҳусн элининг подшоси сен,
Ҳусн элининг подшоси сен Юсуфи Канъоним менинг.

Сарви гулистоним менинг хуш қадду бўйингдир сенинг,
Хуш қадду бўйингдир сенинг сарви гулистоним менинг.

Ҳофиз ғазалхоним менинг сўз ичра султоним менинг,
Сўз ичра султоним менинг Ҳофиз ғазалхоним менинг.

*  *  *

Лола даврида қадаҳ ол, бериё бўлгил кўнгил,
Бир нафас гулнинг ҳидига ҳамзиё бўлгил кўнгил.

Йил бўйи бир тинмайин май ич демасман сенга ҳеч,
Май ичиб уч ой, тўқиз ой порсо бўлгил кўнгил.

Ишқ пиринг гар сени шул ишга даъват айлагай,
Ичгилу ҳақ раҳматин кутгил, сафо бўлгил кўнгил.

Ғайб асрорига гар етмоқ тиларсан Жам мисол,
Ул жаҳон жомига доим мубтало бўлгил кўнгил.

Ғунча янглиғ гар тугундир кўҳна дунё ишлари,
Сен баҳорнинг елидай мушкулкушо бўлгил кўнгил.

Бўлма ёр бегоналарнинг тоатига, тинглагил,
Ҳофизингдай риндларга ошно бўлгил кўнгил.

* * *

Эй лабингдин битта сўз жоним аро жондин лазиз,
Ҳар на ширин бўлса оламда лабинг ондин лазиз.

Тишларинг сут қатрасию лабларинг кони шакар,
Бормикан оламда бу ширу шакар кондин лазиз?

Дил қони бирлан жигарларнинг кабоби сен учун,
Келса гар май ҳам кабоб гул юзли жонондин – лазиз.

Лутфинг оллида тилимдан келди бир сўзлар латиф,
Лабларинг васфини айтсам барча достондин лазиз.

Дил ғизоси дилраболар ҳуснидин бўлса агар,
Ўтгуси таъми лабу тил бирла дандондин лазиз.

Ҳофизинг жон ширасидинким пиширмиш ҳолвалар,
Лабларингнинг болин ўйлабдур дилу жондин лазиз.

* * *

Хуш рақамни гул юза гул юзли дилдор тортадур,
Худдики гул саҳфасига гулни гулзор тортадур.

Етти қат хилват аро пинҳон кўзимни ёшини,
Сен олиб бозорга солгунг, элни ошкор тортадур.

Ҳар замон мастона кўзлар бирла майгун лабларинг,
Ишва айлаб, бизни хилват ичра хуммор тортадур.

Сен дедингки: сайдларимнинг ёнида бўлгай бошинг,
Хўп, дедим мен, ёр учун бошим бу озор тортадур.

Қошу кўзингга на тадбир айлагайман дил била?
Икки ёйким, битта бемор узра такрор тортадур.

Кел менинг ёнимгаким, асрай ёмон кўздин сени,
Тоза гулсан, этагинг ҳажрини бу хор6 тортадур.

Сен борурсан, икки ёндан – зулфларингнинг бўйлари,
Тонг елини ишлатурга икки маккор тортадур.

Ҳофизингга бу жаҳон неъматларидан не керак?
Тортадур май, бўйнига зулфини ул ёр тортадур.

* * *

Қайда васлинг муждаси, тан ичра жондин қўзғолай,
Жон қушиман, яъниким икки жаҳондин қўзғолай.

Ул ҳидоят ёмғирингдан менга ҳам еткиз, Худо,
Гард бўлиб кетгум, бу жисми нотавондин қўзғолай.

Гар мени бандам десанг, ишқинг билан жавлон уриб,
Ҳар гулу, ҳар бир хасу, кавну макондин қўзғолай.

Қабрим узра мутрибу май бирла ўлтиргилки, мен
Исларингдан маст бўлиб ҳар устухондин қўзғолай.

Кексаман гар, ол мени тун ичра тор қўйнингғаким,
Ёш йигитдай тонг саҳар сен меҳрибондин қўзғолай.

Кўйинга кўрсатма менга ул қабоҳат куни, ёр,
То фалак жабру жафосию замондин қўзғолай.

Сарв қаддинг бирла қилғил менга ширин ишвалар,
Ҳофизингдай ўйнабон жону жаҳондин қўзғолай.

РУБОИЙЛАР

* * *

Бу гул келгай – менга уммидлари келгай,
Дилимга шодлиги ҳам ийдлари келгай.
Анга ҳамдам бўлойин деб яқинлашсам,
Бу гулдан ҳам бировнинг ҳидлари келгай.

* * *

Жонон ечинса бунча жонон бўлгай,
Бир ён ўзию жаҳон бир ён бўлгай.
Соф сийнаси остидин дили кўринадир,
Соф сувда дегилки тош намоён бўлгай.

* * *

Мен шавқи бор бир кишининг бандасиман,
Ишқ тавқи бор бир кишининг бандасиман.
Бу бодани ишқ завқи борлар ичадир,
Мен завқи бор бир кишининг бандасиман.

* * *

Биздек агар афтодайи бу дом бўласан,
Май бирла харобу бандаи жом бўласан.
Оламни ёқар риндлиғу ошиқлиғимиз,
Биз бирла ўтурмагилки бадном бўласан.

* * *

Сел олди, қара, умрни вайронасини,
Тўлдирадир у умрни паймонасини.
Эй хожа, уйонғилки , замон ҳаммоли
Йиғмоқда, супурмоқда умр хонасини.

* * *

Аъзойи баданларим исинсаю шай бўлса,
Бир ҳавою бир кабобу чанг бўлсаю най бўлса.
Бир арпаси ҳам керак эмас Ҳотами Тайнинг,
Бир хилвату бир дилбару мен бўлсаму май бўлса.

ҚИТЪАЛАР

* * *

Фалак ҳар неки бермиш – қайтариб олмиш, зарар бўлмиш,
Ўтибдир ёшлик айёми – бу не янглиғ сафар бўлмиш?
Умрдин қолган онларни хуш ўтказгил, аё Ҳофиз,
Кўзингда ушбу дамда икки дунё мухтасар бўлмиш.

* * *

Эйки, даврондин тиларсан, айтмирам: зар истагил,
Молу дунёси надир – гар истама, гар истагил?
Шод бўлғил, шод юргил, айш қилу хуррам яша,
Барчасин тарк айла осон, битта соғар истагил.

* * *

Айтди ул гулфом шароб ўз васфида бундоқ калом:
Тўртта ҳар хил жойда мен тўрт турли гавҳарман мудом.
Ток учун зумрад эрурман, шиша ичра мен – ақиқ,
Хум аро юлдузману жом ичра офтобман, тамом.