Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Мавлоно Жалолиддин Румий (Сирожиддин Саййид)
Facebook
Мавлоно Жалолиддин Румий (Сирожиддин Саййид) PDF Босма E-mail

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Эй юзимни даҳр аро мисли қамар қилган ўзинг,
Банд-бандим сўйлатиб, аҳли назар қилган кўзинг.

Эй шамолингдан дарахтим рақс айлаб, ўйнаган,
Номинг айтсам, оғзими шаҳду шакар қилган сўзинг.

Сен билурсанки дарахтим не учун рақс айлагай,
Барг бердингми самар ё бесамар қилган ўзинг?

Баргидин ҳам бир нишон йўқ, мевасидин – бир нишон,
Эй дарахтим сабрини зеру забар қилган ўзинг.

* * *

Гул каби гулшан томон кетмоқдасан,
Сендаман мен, сен қаён кетмоқдасан?

Лолу гунг бўлди сени савсан кўриб,
Гулрухим, савсан томон кетмоқдасан.

Майфуруш икки лабингдин, эй санам,
Бергали мастларга жон кетмоқдасан.

Дилраболар ортинга юлдуз мисол,
Сен тўлин ойсан, жаҳон кетмоқдасан.

Ўзга бир оташ ёқурсан ҳар кима,
Тошми темирдил – ниҳон кетмоқдасан.

Мен сенинг зарранг бўлиб рақс айлагум,
Эй қуёш, равзан томон кетмоқдасан.

Сурма янглиғ кўзга солгайман сени,
Эй дил, эй дил, беомон кетмоқдасан.

* * *

Бир сонияда мени гулистон қиладир,
Бир сонияда яна зимистон қиладир.

Бир сонияда фозилу устод айлар,
Ёш бола мисоли яна нодон қиладир.

Бир пасда уриб тош, мени синдирадир,
Бир пасда яна мисоли султон қиладир.

Бир пасда офтоб била тенг айлар,
Бир пасда қаро туну шабистон қиладир.

Тутдим этагидин икки қўлим бирлан,
Токи кўройин деб, не достон қиладир.

Хуш дардининг майига менман қадаҳ,
Гарчи мени мастларга хон қиладир.

Шул-чун шакаридан оладирман тун-кун,
Токи лақабимни шакаристон қиладир.

* * *

Дилбарим қилгай вафо андаккина,
Чиқди хуш айлаб садо андаккина.

Менга бир кулди кеча ул навбаҳор,
Бўлди рўзгорим зиё андаккина.

Оқ атиргул чиқди хандон айлабон,
Бўлди боғим хушнаво андаккина.

Ул нафис тонгим манга берди нафас,
Шул нафасдин мен адо андаккина.

Оқ булутим қўнди дарё бўйига,
Хок бўлгил, мен – само андаккина.

Мен ёғай ёмғир бўлиб, гуллар очиб,
Бўлки, мен бергум сафо андаккина.

Менга муҳлат бергил, ўздин кетмагил,
Сабр айлай, дилрабо, андаккина.

Кофир ўлгайман, анинг ишқида гар
Сабр қилсам, эй Худо, андаккина.

* * *

Дилимнинг дардини ҳаргиз ҳувайдо айлаюб бўлмас,
Бу кўксим ичра бир сир бор, ки пайдо айлаюб бўлмас.

Сенинг ҳуснинг бизим кўзларга токи тола нур бермас,
Жамолинг боғида асло тамошо айлаюб бўлмас.

Сени то сўйламаскан тил, умрлар ўтса ҳамки бил,
Сенинг лаъли лабингдан бир таманно айлаюб бўлмас.

Бу оламда фақат танҳо сенга юз бурмагунча то,
Сенинг чеҳранг билан дилни мусаффо айлаюб бўлмас.

Меҳр нуринг қилиб ифшо, киши заррангга етмас то,
Масиҳо даҳрининг таркини асло айлаюб бўлмас.

Бутун олам тиниқ кўзгу, ки ишқ майхонасидир бу
Маю ишқ мастлигин бир жойда барпо айлаюб бўлмас.

Агар ошиқ дилидан ким хабарсиздир, шуни билким,
У шайдоликни билмайдур ва шайдо айлаюб бўлмас.

Бу олам узра гар Ийсо чиқиб келмас экандир то,
Бу гумбаз узра бир сайру тамошо айлаюб бўлмас.

Лабининг бодасидиниким қуйибдир Шамс қалбига,
Букун бир қатрасини ҳам ҳувайдо айлаюб бўлмас.

*  *  *

Кел эй, жонимга жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?
Кел эй, дардимга дармоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Ўзинг манзурсану нозир, ўзинг пинҳону ҳам ҳозир,
Сен эй, пайдою пинҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Мени маҳжур этурсан ёр, ғам ичра йиғлаюрсан зор,
Сен эй, сен моҳитобоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Ўзинг жонсан, ўзинг жонон, ўзинг ҳусн аҳлига султон,
Сени дерман, сени жоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Мусалсал зулфларинг ҳайҳот, дилимни айлади барбод,
Ўзинг шоҳ бирла султоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Кел эй, сен Шамси Табрезий, тун оқшом ё саҳар кези,
Даф айла фитна бурҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Қара, арш томига кетдим, сенинг завқинг ҳадис этдим,
Ўзинг жон бирла жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?


*  *  *

Ғазал айт ёрга, эй мутриб, ки эй ёр, тавбалар қилдим,
Агар ҳар гулки уздим, тилди бир хор, тавбалар қилдим.

Ишимдин гоҳи маст бўлдим, хуморидин гаҳи ўлдим,
Гаҳида зор бўлдим, гоҳи безор, тавбалар қилдим.

Манинг бўйнумгача бошдин оёғим тавбадин тўлди,
Қилинган тавбалардин қайта минг бор тавбалар қилдим.

Кел эй сен, майфуруш келким, қўлимга соғаринг берким,
Кечибмен, ору номус ҳам на даркор, тавбалар қилдим.

Чунон мастдирману беҳуш, на тил бордир, на ақлу ҳуш,
Сиз эй, иссиқ билан совуқ, суву қор, тавбалар қилдим.

Дилимни поралар қилдим ғамимга чоралар истаб,
Ғамимга чорасизлик чора, ночор тавбалар қилдим.

Тўлин ойнинг жамолидин қаро кечамни хуш айла,
Гуноҳларни бу завқдин мўлу бисёр тавбалар қилдим.

Дедимки тавба вақтидир, менга бир хор киши айтди:
Ки мен бир кўҳна тоибман, умр бор – тавбалар қилдим.

Салоҳиддин улушидин келиб мункир сўрар ишқдин:
Бу ишдин қил мени соқит, қил инкор, тавбалар қилдим.

*  *  *

Лабинг шаҳрига бир кунга мени мир айласанг эрди,
Лабингнинг лаълидин жонимга тақрир айласанг эрди.

Паришон зулфларингни тушда кўрган кечадин бошлаб,
Паришондирману ҳайрон, таъбир айласанг эрди.

Жаҳон оқилларини зулфларинг девоналар қилди,
Ўшал зулфларни бир бор менга занжир айласанг эрди.

Ғамингдин кўзларим икки тифлдай онча йиғларким,
Сен, эй сен, тошбағир, бағрингни тақдир айласанг эрди.

Чиройинг Каъбаси йўлида эҳром бойламишман, кўр,
Неча талбия айтдим, бир такбир айласанг эрди.

Дилим кексайди, эй хушбахт сарв, дарду ғаминг бирла,
Анга эргашмадинг ҳаргиз, ани пир айласанг эрди.

Сенинг ғамзанг ўқидин бежароҳат қолмади бир дил,
Мени ҳам ул арода барчага бир айласанг эрди.

Ки ҳуснинг оятидин бори ақлим ҳам тамом ўлди,
Карам айлаб ул оятдин тафсир айласанг эрди.

Неча жонларни олдингу неча жонларни зор этдинг,
Бу ишда, эй санам, раҳму карам бир айласанг эрди.

Мени ўлдиргали етдингу муҳлат бермадинг бир он,
Туганмас нолаю зоримни охир айласанг эрди.

Сенинг ишқингни ўтида куйиб бўлди дилим буткул,
Бу дардимнинг давосига табошир айласанг эрди.

Ғаму ҳажринг билан охир букун мен ўлгали етдим,
Менингдек хастага, эй ёр, тадбир айласанг эрди.

Юзинг офтоби бирла бирлашибдир ул Зуҳал зулфинг,
Қилибдир неча қирғинларки, таъсир айласанг эрди.

Юзимни остонангга суриб бир нолалар қилдим,
Бу ҳижрон қиссасидин қисса таҳрир айласанг эрди.

На ҳам дердим, сенинг бир эскидан қолган қулингдирман,
Мени кўнгил уйингда қайта тасвир айласанг эрди.

*  *  *

Дилга кетдим, дилга кирдим бир замон,
Дилни ҳолидин топай деб бир нишон.

Ўз дилим аҳволидин олсам хабар,
Тушмиш ундан бу жаҳонга зўр фиғон.

Мен ҳакимлардин эшитдим қиссалар,
Шаҳру водийларда ҳам – кўп достон.

Барча фарёд айлади дил дастидан,
Бу ҳадисдан кўнглима тушди гумон.

Дил сари қилдим сафарлар тинмайин,
Кўрмадим лек холи дилдан бир макон.

Оқилу орифлар ичра бирма-бир
Айланаркан дил мисоли таржимон.

Дилни дил султонлари билгай фақат,
Бехирадлар қадрини билмиш қачон?

*  *  *

Жоним менинг, жоним менинг, эй куфру иймоним менинг,
Сен истасанг гавҳар бўлур бошдин оёқ коним менинг.

Куфримни иймон айласанг, жисмим тўла жон айласанг,
Дардимга дармон айласанг, эй дарду дармоним менинг.

То бизга солгайсан назар нур айла бу хоки башар,
Овоз бергил сарбасар, мен – сену, сен шоним менинг.

Сенда ниҳон минг бир сифат, нақш ила аксинг беадад,
Мол бермасанг ҳам майлига, болинг тўла жоним менинг.

Шоҳона жомдин соқиё, менга шароб тут бериё,
Гар тутмасанг – шулдир жазо, ер бирла яксоним менинг.

Бу жон ўшал кондин келур, пешвоз султондин келур,
Қайтиб ватандин ҳам келур, гар етса бурҳоним менинг.

Хомуш бўлойин бул замон, ҳеч кимга қилмай бир фиғон,
Ким Шамси Табрезий келиб, нурланди айвоним менинг.

*  *  *

Бу хилват уйда биз бирлан бу кеч дилдор тебрангай,
Дилим кўксимда рақс айлар, эшик, девор тебрангай.

Бу шодлик ғул-ғули зўрким, бу ошиқ аҳлини кўрким,
Агар минг наъра уйғонгай, бу дил бир бор тебрангай.

Ҳақиқатдир, буни кўрким, бу ишрат мажлиси ичра
Шаҳидлар бор – ётгайлар, шаҳидлар бор – тебрангай.

Унинг акси жамоли гар кўринса тўққиз айвондин,
Замин гардун мисоли айланур, даввор тебрангай.

Тошиб ўйнайди дарёлар унинг шавқи жамолидин,
Адирлар, тоғлару тошлар қилиб изҳор, тебрангай.

Бу кўнгил мисли гул япроқ, анга бир ел солур титроқ,
Бу ҳолат бирла гуфтордин бўлиб хуштор, тебрангай.

Бу дунё халқини кўргил, дили кар ҳам дили кўрдир,
Шунинг-чун зоҳиду обид била асрор тебрангай.

Ғалат айтдим бу маънидин, ки зоҳид бирла обидмас,
Бу мажлис ичра ул роҳиб ила зуннор тебрангай.

Тилимни тийдим, эй дўстлар, бу гап бир жойга етгай гар,
Бу шаҳру кент, борлиқ – барча мажнунвор тебрангай.

*  *  *

Боргил, дили хушларга айт, мастлар салом айтмоқдалар,
Ҳам кўлдаги қушларга айт, мастлар салом айтмоқдалар.

Ул мир каби соқийга айт, мастлар салом айтмоқдалар,
Умри узун, боқийга айт, мастлар салом айтмоқдалар.

Ул шўр ила ғавғога айт, мастлар салом айтмоқдалар,
Ҳам суд ила савдога айт, мастлар салом айтмоқдалар.

Э ой, юзингдин ой хижил, мастлар салом айтмоқдалар,
Эй роҳату ороми дил, мастлар салом айтмоқдалар.

Эй жонга жон, эй жонажон, мастлар салом айтмоқдалар,
Эй сен – буёну, минг – уён, мастлар салом айтмоқдалар.

Эй орзу, эй орзу, мастлар салом айтмоқдалар,
Эй парда ичра орази, мастлар салом айтмоқдалар.

Эй сенга юз султон фидо, мастлар салом айтмоқдалар,
Кўйида ой обу адо, мастлар салом айтмоқдалар.

Эй борни йўқ қилган ўзинг, мастлар салом айтмоқдалар,
Тингла бу мастнинг ҳам сўзин, мастлар салом айтмоқдалар.

“Девони кабир”, 1-жилд, 106-бет

*  *  *

Эй жаҳон, эзди мени савдоларинг, савдоларинг,
Қилди талх умримни бу ҳалволаринг, ҳалволаринг.

Марвариду дуру лаълдин тўладир чарх этаги,
Сенга бергай борини – савғоларинг, савғоларинг.

Сел бўлиб кетмоқдадир ошиқларининг жонлари,
Чорлагайдир ул сенинг дарёларинг, дарёларинг.

Кеча берган майларингдан мен букундирман хароб,
Эрта нелар кўргизур даъволаринг, даъволаринг?

Мен ўзимнинг содда жонимга туриб боқсам букун,
Рангини қилмиш сариқ сафроларинг, сафроларинг.

Гавҳарингнинг завқин истаб айладим дилдан назар,
Ойда кўринди сенинг сиймоларинг, сиймоларинг.

Мен сени ой деб хато қилдим, ғалат айтдим сухан,
Сен киму ой ким – бўлур ҳамроларинг, ҳамроларинг?

Шамси Табрезий шунинг-чун айтур ўз номинг билан,
Эй мудом кўнглим аро ғавғоларинг, ғавғоларинг.

*  *  *

Йўқ бўлишда йўқ бўлиш – диним менинг,
Борлиқ ичра йўқлик – оиним менинг.

Дўст кўйига яёв кетмоқдаман,
Чарх тулпориндадир зиним менинг.

Юз жаҳон кўргум агар бир лаҳзада,
Бўлгай у илк сайру сайроним менинг.

Мен нечун кезгум жаҳон дўст ахтариб?
Дўст – жоним ичра, ул – жоним менинг.

Авлиёлар фахридир Шамсулҳақим,
Тишларининг сини Ёсиним менинг.

* *  *

Тебранур ҳар битта шох, лек ўзга шохдин меваси,
Ҳар киши бир ўзга майдин маст бўлиб тебрангуси.

Парда ичра икки юз хотин юзин йиртар, валек
Ҳар бири гар бир аёлдир, ўзга жуфтнинг беваси.

Ҳар балиқнинг танглайи сайёд қармоғиндадир,
Янграюр гоҳ ул балиқ, гоҳ бул балиқнинг ноласи.

Мутриби ишқ аҳлини, эй Шамси Табрезий сени,
Ҳеч қачон йиғлатмасин чархнинг ажиб бу шеваси.

*   *  *

Эй кўнгил, жонон томон кетмоқдасан,
Ким назарлардан ниҳон кетмоқдасан.

Ой мисол чок айлабон кўйлакларинг,
Офтоб, осмон томон кетмоқдасан.

Эй заминда ўлтирурсан, аслида
Етти ул айвон томон кетмоқдасан.

Суратингдир бунда меҳмонлар билан,
Энг буюк мезбон томон кетмоқдасан.

Энг буюк наққошдадир ул мўйқалам,
Нақшу сурат ичра жон кетмоқдасан.

Сувдайин кетмоқдасан тупроққа сен,
Эй ҳаёт, бўстон томон кетмоқдасан.

Бу жаҳондан ғам чекиб оламжаҳон,
Чарх уриб, рақс айлабон кетмоқдасан.

Қанча эл ғафлатда ётгай ноаён,
Барча элдан ноаён кетмоқдасан.

Ҳолимизни кўргилу еткиз хабар,
Ким буюк султон томон кетмоқдасан.

*  *  *

Кетгуси ақлу ҳушу тан бирла жон, сен кетмагил,
Менга мендин сен азизроқ, сен ишон, сен кетмагил.

Офтоб бирлан фалак – бори сенинг соянгдадир,
Кетса гар бул офтобу осмон, сен кетмагил.

Эй каломинг пок ҳам табъи латифдин ҳам латиф,
Кетса гар оғзимда тил, табъи равон, сен кетмагил.

Жумла иймон аҳлининг энг сўнгги дамдин хавфи бор,
Кетмагил, эй бори иймон, қол омон, сен кетмагил.

Кетмагил, кетсанг, менинг жонимни ҳам ол биргаким,
Сен агар менсиз кетурсан – ҳеч қачон сен кетмагил.

Боғ билан бўстон эрур сен бирла бу рўйи жаҳон,
Бўлса гар бул боғу бўстонлар хазон, сен кетмагил.

Тош дилимни мен куйиб сув айладим, ҳажринг била
Тошга айланди Бадахшон лаъли, кон, сен кетмагил.

Заррадир гар кимса, айтур: кетмагил, эй офтоб,
Банда бўлса, айтур ул, эй султон, сен кетмагил.

Лек сен оби ҳаётсан, бори халқлардир балиқ,
Эй камолу раҳмату, эй эҳсон, сен кетмагил.

Бу менинг кўнгил туморим мангуликдин ҳам узун,
Сен ўзинг ёздинг уни, қилдинг баён, сен кетмагил.

Сен ўзинг юз мингта байт, юз минг ғазалдин ҳам баланд,
Ўн саккиз минг оламу юз минг жаҳон, сен кетмагил.

Шамси Табрезий сенинг лаъли лабинг бирла ҳаёт,
Эй ҳаёт, мен бирла қол, эй жонга жон, сен кетмагил.

(“ДЕВОНИ КАБИР”)