Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Она Туркистон. Рауф Парфи
Facebook
Она Туркистон. Рауф Парфи PDF Босма E-mail

Турон. Туркистон. Ватан. Кўз ўнгимизда туркийларнинг қадимиятдан Она Ери, Турк дунёсининг тарихий Ватани — салобатли жуғрофий ҳудуд намоён бўлади. Туркистон ғояси халқларимизнинг азалий муқаддас орзуси, миллий мафкурасидир.
Букун Туркистон мавзуида изчил ижод қилаётган шоир — Рауф Парфи Ўзтуркдир.
Ушбу тўпламдаги шеърларининг аксарияти бир пайтлар, замона зайли билан «тузатилган» ҳолда чоп этилганди. Шоир асл матнни тиклаб диққатингизга ҳавола қилмоқда. 1993 йил 27 сентябрда Р.П.Ўзтурк ўзининг эллик ёшини нишонлади. Шу муносабат ила «Она Туркистон» (қирқ шеър) тўққизинчи китоби чин юракдан Ўзбекистон Истиқлолига, ўз ўқувчиларига, Сизга бағишлайди.

Бир умр Туркистон истиқлоли учун курашиб яшаётган муҳтарам устод
БОЙМИРЗА ҲАЙИТ

Шарафига таъзим ила
Иймонидир туркнинг Туркистон.
Аҳмад ЯССАВИЙ

Гўзал Туркистон, санга на бўлди?
Абдулҳамид ЧЎЛПОН

Тушумму ё ўнгимму билмадим халқим адо бўлди,
Ҳалокат майдонинда Туркистонимдан айрилдим.
Абдураҳмон ВОДИЛИЙ


1. ОҒРИҚ
1. О, Она Туркистон, қора дунёда,
Қисмат елкасида югурдим, елдим,
Гоҳ шавқ қанотида, гоҳо пиёда,
Юкиниб, мен сенга сиғиниб келдим.

Мен сени соғиндим ҳаддан зиёда,
Ғамли хотирангга борлиғим тўлди.
Бу узлук уммонда, бу аҳгар боғда
Сирпандим. Мен қаттиқ чирпандим. Сўлдим.

Ўткинчи ғамлардан танамда титроқ,
Ростми шу? Шеър туғар эмиш аламлар?..
Гоҳо хўрлаб, тишлаб ўтдилар, бироқ
Сен билан кечган эй илоҳий дамлар...

Балким, илҳомингни судради кўпроқ
Шон-шуҳрат буржида ёнган санамлар.
Соҳир юрагингни чақмоқ урди-ку,
Ортиқ кулфатларга доимо шайсан.

Кўзингда қотган нур порлаб турди-ку,
Сен ахир тириксан, ёниб яшайсан.
Тугатиб бўлмас ҳеч бу дардни ичиб,
Ўрилган ярадан чечаклар ўсди.

Юрагингнинг йиртиқ кўйлагин ечиб
Бағрингга босарсан — бормисан, дўстим?
Дунёни шопирар ёлғонга, чинга,
Биров роҳат қилар эзғиб, кулдириб,

Изтироб уруғин сепар ичингга.
Ҳай, дейсан, не топар мени ўлдириб,
Қарайсан, кўзингга нурни тўлдириб.
Балли, қобоғингнинг улуғ кучига.

2. Ҳеч нарса юпатмас, шоир, ҳеч нарса,
Ғариб бахтиёрлик энди юпатар.
Юлиб вужудимни титиб ахтарсам
Дунёвий аламнинг тошлари ётар.

Ҳар ким ўз қалбига ўзидир ҳоқон.
Барибир, мен сени севиб сизларман.
Эҳтимол, ноҳақман, эҳтимол ҳақман —
Муқаддас Туркистон сўзин изларман.

Сўз менинг кўксимга санчилар, ҳайҳот!..
Шовулла, гуркира, ҳаёт нафаси.
Руҳга иймон бергил, эй қодир ҳаёт,
Қизғонма самовий сеҳрнинг сасин...
Юрак деб аталган оғриқ бу — нажот.
Кўкрак қафасимиз — нажот қалъаси.

2. СИЁВУШ ФАРЁДИ
Судрар оёғимдан қаро ер қаъри,
Муз тоғлари ўсар кўзим ёшидан.
Дарди йўқдир кўк юзининг, йўқ бағри —
Инсон юракларин қаҳр тошидан.

Наҳот парчаланмас, бу тошлар синмас,
Кимсан, ўзлигингдан қил мени огоҳ,
Силоҳлар, занжирлар олами тинмас,
Қаён оқмоқдасан, эй олампаноҳ?

Тўхта, Сиёвушман, унутдинг, наҳот?
Қонларга ботдим-ку, ёндим, қирилдим,
Сендан, Дамованддан тиладим нажот.
Кўз очиб очунга қайта урилдим.

Тўхта, Сиёвушман, мен яна ҳаёт —
Қайта ўлиш учун қайта тирилдим.

3. ТУРКИСТОН ЁДИ
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл,
Далалар ястаниб ётар кўк каби.
Тиғлаб хотирамни осмон — чеки йўқ,
Тизгинсиз бу шиддат кенглик асаби.

Бу кенгликда ўйлар мени ғижимлар,
Ул ўз қофиясин судраб келадир.
Қанча қочсанг шунча қилгай ҳужумлар,
Ўқ сингари хотирамни тиладир.

Теграмда зич ҳаво — она Туркистон,
Оъргай томиримни кўр ҳаяжоним.
Бу майдон ичинда мен тўкмаган қон,
Менинг уни дея аяган жоним.

Яна йироқларга чорлайдир мозий,
Ватан тушунчаси келар етаклаб
Айрилган, хўрланган улус овозин,
Шоирнинг бешиги айтар эртаклар.

Яссавий мақбари мунғаймиш мағрур.
Товушга айланди ҳар бир ғишт ранги.
«Дунё менинг деганлар...» Нидо келур.
«Каркас қушдек...» Қадим сўзлар жарангги.

«Оълғон даъво қилганлар...» Сўзлар шоир.
«Оқни қаро деганлар...» Айтинг, кимлар?!
Мақбара бошимга йиқилар ҳозир,
Яна товуш: «Ҳаром еган ҳокимлар...»

Парчин-парчин бўлди ёдим симлари,
Симлар — кўзларимга мил тортган чизгу.
Ўтган улуғларни эслайман барин,
Хотирот мозори — Туркистон мангу.

Кеча содиқ ўғлинг ўтди дунёдан,
Сахий инсон эди, у шоир эди.
Санчилиб яшайди бир умр ёдда,
Кетаётиб, мен йиғлаб, бўлдим, деди.

Йиғла энди кўзим, сен-да йиғлаб ол,
Тўйсин кўз ёшингга бу туркий стам.
Тўйсин, Ватан ёди чидар бемалол.

О, сабр дарахти, қутлуғ Туркистон.
Нақадар узундир, оғирдир бу йўл.

4.
Хайр, дада, биз энди кўриша олмаймиз ёруғ дунёда. Биламанки, сиз тупроқда, биламанки сиз, қалбимнинг бағрида очилган япроқда. Биламанки, мумкин эмас сизни бир бор кўрмоқ бахтини тута билмай кўкракда, ер ўпмоқ. Армоним қолди холос. Туркистонимга — армонимга сиғинаман. Сизни соғинаман. Биламанки, мумкин эмас.

5.
ТАВФИҚ ФИКРАТ КИТОБИГА ЎЗУВ

Мен ухлайман, мен ухлайман,
Рўёларга ботаман.
Тушларимда мен йиғлайман,
Булутни уйғотаман.
Боқмам ерлик наволарга,
Билмам қачон қайтаман.
Мен дардимни ҳаволарга,
Шамолларга айтаман.
Мен ухлайман, мен ухлайман.
Аста юмгайман кўзим.
Тушларимда мен йиғлайман,
Сен кулиб тур, Юлдузим.

6. АБДУЛҲАМИД СУЛАЙМОН ЧЎЛПОН

Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?
Чўлпон

1.Она тилим, сен руҳимнинг қаноти,
Абуттурк нафаси, Олтой чечаги.
Хун давридан омон келди Ғиротинг,
Қутлуғ Энасойнинг эзгу эртаги.

Ўрхун бўйларида тошга айландинг,
Кўкларга санчилдинг, Турон бўлдинг Сен,
Мангулик сафарга қачон шайландинг?
Қачон бу аламга — кучга тўлдинг Сен?

Порлоқ осмонингда қузғунлар учди.
Э воҳ, ёғийларинг солди яғмони.
Ёғийларинг жигар қонингни ичди.
Жигар-қон жарангги тутди жаҳонни,

Онасен. Кечирдинг, қонидан кечдинг,
Бироқ кечирмадинг асло ёлғонни.
Дунё оқ эмасдир, йўқ, қора бардош,
Куйиб ёдимиздан кечганлар айтсин.

Сўзларида заҳар, кўзларида тош,
Элидан, тилидан кечганлар айтсин.
Тунлар босиб келар дунё ҳасрати
Кунлар гизли туғён, босиб келар шеър.

Нечук қисмат эрур, шоир қисмати?!
Тушларимни бузар ҳазрат Алишер...
Йиллар баҳоримни учирди чалқиб,
Музларга кўчирди ўтлуқ ёзимни.

Ахтардим муҳитда хас каби қалқиб —
Мен ўз Юлдузимни, ўз Қуёшимни...
Юлдуз сен, Қуёш сен, сен она халқим,
Сен учун синдирдим синмас созимни.

Оҳ, шоир қисмати, ярқироқ, гулгун,
Завқларга тўлар у, бир сўзни излар.
Дунёда ҳеч бир зот билмас, не учун,
Айрича кулар у, айрича бўзлар.

Йўлсизлик йўлдоши, толеи нигун
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар.
Бу халқ душмани, деб тутсалар бир кун,
Барибир, у халқнинг номидан сўзлар.

Бошида қора қиш, оппоқ баҳорлар,
Юраги яриму бутун иймони,
Талотум оламни шивирлаб чорлар.
Тани омонатдир, нақд эрур жони,

Кўкрак қафасида ловуллаб порлар
Буюк муҳаббатнинг қонли нишони.

7.
ОМОН АЗИЗ. «КАНДАКОРЛАР»
Ўлтиришар икки жунунваш,
Икки жаҳон билмаган жаҳон —
Икки шоир маъюс, хаёлкаш,
Ўрталикда олов — Туркистон.

Мангу ёнар лаҳзалик оташ,
Қотиб қолган хаёл бепоён:
Асрий ҳасрат, юракдаги тош,
Бир лаҳзалик шодлик намоён.

Титрар олам бир паришонҳол,
Тўрт тарафда зулматдир ғариб,
Тўрт тарафни гўё босмиш ёв.
Келажакка ёғдирар савол,

Гўё тунда имкон ахтариб
Чорлар мисда музлаган олов.

8.
ШАМОЛЛАР
Шамоллар бошимда айланур, дарахтлар тебранур шамолларда, дарахтларнинг меваси ларзон, сояси ларзон. Хусусан дарахтлар... Дор: Ювилган кийимлар осилсин, томошо кўрсатсин дорбозлар. Чўян-ошхонада қозон. Дарё: нур. Темир: автомат бармоқ, Қабристон: гулзордир. Бошимда айланур шамоллар. Бошимда одамларнинг, ватанларнинг шамоллар шаклида ҳайқирган овози. Мен бепарво бўла билмасман, эй «бахтли» диёрнинг, эй бепарвоси. Қалбимни асримнинг томирига уларман: Майли, ошсин қон босим, шарт портласин кардиограмма. Кўзларимнинг деворига қараб ўларман.
Сендан аямасман умримни асрим. Бу умрим нимадир?! О, она Туркистон, бир варақ қоғоз каби ўзимни йиртмасам... нарсалар нарса эмас мен учун. Нарсаларда бор менинг ўчим, кесилган дарахтлар-тўнгакдир кесилгувчи бошларга. Дор: Энг гўзал фикрлар осилган — Чўян: осколка. Қайларга қуюлар бу дарё, бу дарё тинарми?.. Ёки яна қайтадан бизнинг ибтидомиз  бошланажакми? Бу темир: Бу Ғе эмас, таркиби жон, шаҳидлар қабрига ҳусн-гажакдир. Қуёш фожеъ хотира, асрдош. Йўллар. Икки одам йўл ўртасида, бир-бирига боқар, сирдош, суҳбат қуришар улар. Иккови ҳам кетди бир томон, лекин хайрлашиб олишди асли. Нарсаларга нарсадай қарай билмасам, ёлғиз сен сабаб, шамоллар онаси, ҳей, асрим. Деразамни очади бўрон, бўрон очар эшикларни. Менга бир дам бермайди ором кўрганларим, эшитганларим.

9.
Шамол, сочларимни тарама,
Оқарса оқарсин азобдан.
Қисмат, ҳайрон бўлиб қарама,
Ахир айирмадинг ғазабдан.

Кетмакдаман энди. Тонг отар.
Алвидо, эй, Турон диёри.
Кетмакдаман, ахир, биродар,
Дунё қолур, дунё ғубори...

Олдинда кўринур баҳорлар,
Бу — Туркий Дунёнинг Баҳори.
Пичоқлар бўғзимга етганда
Қалтираб тўкмасман ёшимни,

Ҳеч нарса йўқ менинг елкамда,
Мен сенга бахш этдим бошимни.

10.
БИТИКТОШ
Фирдавсий бир замон айтгани каби
Ҳар не ўткинчидир, фанонинг ўзи,
Фақат икки нарса қолур абадий —
Ботирнинг шавкати, дононинг сўзи.

Аждодлар Ватан деб жон фидо қилган,
Беҳуда гап сотиб юрмаган улар.
Мана, минг йилларни опичлаб келган
Битиктош она-ер ҳақида куйлар.

Вақт қуюнида не давру даврон,
Бу — тошга айланган эркдир, бардошдир.
Бу — Турон аталган муқаддас армон.
Унга қарайману бир ҳис туяман.

Бу юртим тимсоли мангулик тошдир...
Юрагим тошига шеърим ўяман.

11.
Чексиз-чексиз дақиқалардан иборатдир менинг чорак асрлик умрим. Бу қандай иморатдир бунёд этган қўлим. Гап бошқа, устоз, бошқа. Эй умрим, ҳаққимдир ахир бир соатнинг ўзида бир мазмун Нозимнинг дардлари каби узун, ишончлари каби ғолиб яшашга. Эллик ёшлик бефарзанд кишининг: «Бир ўғлим бўлса эди», «бир қизим бўлса эди» — фикрларидай оғир, ёшликнинг ширин армонлари каби олғир, айни орзуларда, айни қайғуларда, айни севинчларда, айни Туркистонда яшамоқ, устоз.
Шундай бўлмаса агар, нега керак бу келбат, бу овоз. Шунчаки дарахтдай ўсмоқми, шунчаки дарёдай оқмоқми дарбадар. У пайт кўзим очиқ лекин асли кўрмасди. У пайт юрак урар лекин асли урмасди. У пайт, дарахт-дарахт, дарё-дарё, Юсуф-Квазимодо.
Мен-ку истамасман ўлимни, бироқ ҳар соатда, ҳар дақиқада бу ёруғ дунёнинг ҳар томонидан ҳукм этмоқдалар ўлимга мени. Мен — Юлиус Фучик — дорга осилди бошим.
Тўйчи Эрйигит ўғли — отим менинг — кўксимда совуган қўрғошин. Ботган кўзларимда жаллоларнинг аянч сурати қотган. Ветнамлик бир гўдакман мен — бағри яра, қўлсиз, оёқсиз ва бошсиз ётган. Мен ҳали ҳам турма панжаси ора сўнгсиз ва озод осмонларга қарайман. Қарайман қуёшга. Мен ҳаёт истайман, гап бошқа, устоз, бошқа...

12.
ШЕЪРИЯТ

Сени танимаган шўрликлар аянч.
Асқад Мухтор

Одам Ато ва Момо Ҳаводан олдин ҳорғин кишиларнинг руҳида бўлдинг бунёд, бунёд бўлдинг Ер ва Дунё аталган Юртда. Сен бор эдинг ҳаётбахш сувда, учар шамолда, иссиқ тупроқда, сен бор эдинг Прометей келтирмаган ўтда. Кейин даврлар, асрлар, Атом асри кейин... Дунёни қайта қурмоқ, ишончга ишонтирмоқ мумкин бўлмасди, сени билмасдан. Сени таниганнинг қўлларига дармон бердинг, кўзларига нур.
Бош отганда улуғ жангда ўлимга мағрур — ўлими гўзал эди сени таниганнинг, ўлим — мангу яшамак каби туюлди у дам. Кимдир ёқа йиртди, сени унутди, талвасада бақирди, сени танимасдан увол ўтди оламдан. Ўзи танҳо қолиб кетди қузғунларга ширин емак бўлиб бир бурда.
Шу оддий сув мавжида, заррин япроқларнинг кўксида Навоий туғилар, суронларда Нозимнинг овози. Гардандан гирдоб каби қуюлар — Элюар, Вужудимнинг ҳар бир ҳужайрасида сўзларнинг содиқ қўшини — Туркистон, Туркистон, Туркистон — Туркийнинг дунёвий қўшиғи. Йўқ, ҳали йўқ, шоир экватор бўйлаб сенинг юрагингдан отилган ўқ.
Юксак орзулари бордир шоирнинг, шоирларда бўлар фақат эзгу ният. Қалам-қалам эмас бонгга зарб ила урилгувчи чўқмор, ундан таралгувчи садо ва акс садо сен, Шеърият.
Зарб! Оқ қоғоз узра гўё ёруғ жаҳон узра урилар қалам. Зарб!!! Қасрлар, тахтлар Оъвузликлар шаклида йиқилди. Шоир кулди, Оллоҳни тан олмаган даҳрий оломон таниб олди илоҳий деб сени, Шеърият.

13.
АГАР
Агар шундай бўлса агар шундайин...
Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Ҳаммаси икки карра икки, яъни беш,
Агар шундай бўлса, агар, дарвоқеъ...

Ҳаёт мураккаб, деб ўйлаймиз ҳайрон,
Гавжум — одам тўла бўшлиққа қараб.
Оқ, қора, қизил, заъфар харита —
Она Туркистонга бош қўйиб маъюс.

Бу ҳаёт мураккаб, деймиз тик боқиб
Юлдузлардек ҳадсиз ҳаёт кўзига.
Хусусан, ҳаёт кўп мураккаб, деймиз
Ўз-ўзимиз бузиб қўйгандан кейин.

Гарчанд ҳамма нарса тушунарлидир...
Барибир, бир фикр берингиз менга
Оддий «ассалому алайкум» каби
«Саломат юрибсизми она?» дегандек,

«Ўғлим қаерларда қолдинг сен, тавба?»
«Уй олдингми? Неча хоналик, иним?»
«Устинг бут, мояна қанча?» — сингари,
Одатий, кундалик гап монанд фикр.

Ва яна бир фикр берингиз менга,
Токи тоғ-тошлоқда кезайин сарсон,
Саҳрони, харсангни сўзлатмак учун,
Пахта каби юмшоқ сўзласин тошлар.

Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Агар шундай бўлса, агар... дарвоқеъ...
Йиртқичлар қайтсин ўз болалигига...
Наҳотки, биз қайта билмасмиз, наҳот...

Ҳаммаси тушунарли, ҳа, ҳаммаси,
Тушунарли, агарда шундай бўлса.
Осмонларга бош уриб ўлмак, қизиқ,
Чунки бошинг етмайди. Тушунарли.

Ўйлаб бир фикр берингиз менга,
Токи артмакка шошсинлар одамлар
Майса, япроқларнинг шабнам ёшларин,
Ботаётган кунга қараб йиғлашсин...

14.
Харита
Кўзларимга нур сингари сингиб кетар
Юрагимнинг суврати — харита,
Етар.
Мен ҳали кўрмаган ороллар,
Мен ҳали билмаган ерлар, денгизлар,
Конларимда ором олар.
Қонларимни бузар.
Бунда кўринмайдир бир чайла,
Унда бақираётган бир одам...
Қалқир, қалқар ҳар бир ҳужайра
Кўзимга сачраган ярадан.
Шу парча қоғозни босиб
Ким қалбимни ғижимлар отар?!
Харита — Туркистон — нафасим,
Кўзимнинг иссиғи — харита.

15.
БАХТ ВА ТАШВИШ
Онам Сакина Исабекка
Бахт деб сен чеккан ташвишга ўғлинг арзирми, уза биларманми бир замон узиш мумкин бўлмаган қарзимни?! Ташвиш — қўрғошин каби оғир, Ватан каби, Туркистон каби, Бахт каби оғир, шунча ёшга келиб, шамолдай елиб нима қилдим, нима, ахир? Барибир хафа эмассан мендан, тўғрими? Мени деб ташвиш ютасан, мени дунё чоғлаб, бошингдан дунёни баланд тутасан, қизғонасан тўпори ўғлингни. Бир машъум зарб ила тўхташи мумкин тақдирлар умри... Истамайсан ваҳший вулқон ила тўсилиб қолсин Қуёш. Шундандир қуёшлар қайнови қонингда, шундандир кўзларингда доим ёш. Ҳа, дилларнинг доғи бор, умрларнинг адоғи бор бегумон. Аммо Инсон даҳшати билан бир куни, бир зумда оламдан ўтишимни истамайсан онажон. Мени бахтим деганинг менинг
бахтим эканинг. Бироқ қийнар ташвиш — бахтиёрлик каби жиддий иш. Сени хижолат этганим сени маломат этганим — дунёдан бош олиб кетганим. Майли, ҳаммаси олдинда, чекмаган заҳматим, битмаган хатим, олмаган нафасим олдинда, ташвишимни оқларман, Бахтимни ардоқларман қайта туғилган ўғилдай.

16.
Дарё каби доимо уйғоқ,
Интилишим тоғ қадар баланд,
Олис йўлга отландим, бироқ,
Меҳрим билан, муҳаббат билан,
Эй кўнглимга тугилган Ватан.
Хотиралар сўзлар ҳар бир тош,
Эсдаликлар ёғади осмон.
Тирикликнинг шоҳиди Қуёш
Эсламакдан тинмайди ҳамон.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон.
Чақиради тоғлар, дарёлар,
Яна йўлга чорлайди мени.
Мени чорлаб қуёшлар ёнар —
Ўрганадир ёниш илмини.
Чақиради тоғлар, дарёлар.
Ҳали олдда қанчалар довон,
Ўтгунимча то уни босиб,
Сўзла, наҳот битадир дармон
Кўзларимнинг тугар зиёси?!
Ҳали олдда қанчалар довон...
Оҳ, Туркистон энг аччиқ бўса
Каби лабларимда уриндинг.
Мен олисга отланар бўлсам
Куйган юрак бўлиб кўриндинг.
Оҳ, Туркистон, Она Туркистон.
Дарё каби доимо уйғоқ
Интилишим тоғ қадар баланд.
Олис йўлга отландим, бироқ
Сенга бўлган садоқат билан,
Эй, кўнглимга йўғрилган Ватан.

17.
СЎЗЛАР
Дарак гап. Инсон. Ундов гап. Инсон!
Сўроқ гап: Инсон? Яшамакни ўргатар сўзлар.
Баъзан кўксимизда ташиган жонни ташламакни ўргатар сўзлар. Сўзлар керак, Бош Ҳарбларда яраланган. Бош Ҳарфлардан яралган сўзлар. Болари сўздони бир ажиб, сўзлардир пешонада тўпланган ажин, қўлларимиз фикрчан сўзлардир. Ҳаддан зиёд гўзал сўздир — Турон. «Ассалому алайкум» бу тонготар, «Ва алайкум ассаламу», «Яхшимисиз» — бу йўл. «Хайрли тун» — бу — Қуёшнинг ботиши. Йўлдаги киши: жуда ажойиб жумлага ўхшайди. Олижаноб сўзларга ўхшайди — Ер шари...
Яшамакни ўргатар Сўзлар.

18.
УСМОН НОСИР
Шеърият, йўлларингда сенинг,
Эҳ, кимлар зору зор кезмаган.
Эҳ, кимлар чок этиб кўксини,
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

Мен билурман сени, шеърият,
Юрагимнинг сенсан улфати.
Лекин, э воҳ, шу эдими айт,
Шу эдими шоир қисмати?

У Лайло атаган шеърият,
Мажнунингни нечун ташладинг?
Шу эдими ошиққа қисмат,
Муқаддас кўзларни ёшладинг?

Хато йўлга кирган бўлса ул
Нега сен тутмадинг қўлидан?
Шундай кетди яна бир ўғил,
Сақлаб қололмадинг ўлимдан.

Она шеърият, ўйлайсанми,
Қўйдинг-ку шоирни қақшатиб.
У қурбони бўлди, дейсанми
Сўқир замонларнинг ваҳшатин?..

Қандай аянч, бу надир ахир,
Кечирмасман сени ҳеч қачон.
Вужудимни ғижимлар оғир,
Руҳим ичра яланғоч виждон.

Наҳот мумкин эмасди, наҳот,
Лол турганда дунё қаршингда.
Қийнашганда ёвузлар ноҳақ,
Бир қадам тушмадинг аршингдан...

Оън, шеърият, тутунга айлан,
Оън, Туркистон, тамом бўл, жигар,
Ўз шеърини ул ўзи билан
Оъндиргани рост бўлса агар!

Шеърият, йўлларингда сенинг,
Еҳ, кимлар зору зор кезмаган,
Еҳ, кимларчок этиб кўксини
Қалбини ғижимлаб эзмаган.

19.
ОНА ТИЛИМ
1.Абут-турк таърихдан балки бир ҳикмат,
Бироқ сен борсан-ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.

Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис хотиротдир ўчмас фалакда.
Ҳақдан, Ҳақиқатдан кўринг, ким тонар?
Дунёвий аламнинг тийғи юракда.

Ватан деб аталган бешик, онажон,
Мен учун ёпилган эшик, онажон,
Мен сокин солланиб илғаб борарман,
Ватан деб аталган тобут қўйнида,

Чувалган булутни қордек қорарман
Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.

2. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,
Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.
Елим, Она тилим, руҳимнинг қони
Бир имдод сўрайман сендан, онажон.

Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,
Таним ёнмакдадир ишқсиз очунда.
Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,
Оёқларим менинг тупроқ ичинда.

Барчанинг бошида бирдек беомон,
Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —
Бузғун йигирманчи аср аъмоли...
Менинг она тилим, мунис, меҳрибон,

Сен Туркий дунёнинг ғолиб хаёли —
Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.

3.Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб.
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.

Навоий байтига ўхшайди йўллар,
Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!
Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,
Умрбод занжирбанд этса хотирот?!

Занжирбандман, она тилим, Она сўзингга,
Кундайин сўларман, ойдек тўларман,
Мил каби тортарман сени кўзимга.
Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,

Бошимни қўярман Сенинг изингга...
Қудсия анфосин ёдлаб ўларман.

20.
ОҲАНГ
Сени оҳанг, эй ғамли оҳанг,
Танимасдим, билмасдим олдин.
Томиримда хун талашур жанг,
Шунча ғамни қаердан олдинг?
Билмасмидим, ёруғ дунёда
Шунча алам, шунча изтироб,
Қайғуларда туйғулар ёнди,
Заҳарми симирди хотирот?!
Оъмғир гўё дийда ёшидан,
Нечун яраланди тушунча?
Аламларга тимсол ўхшайди
Тонг чоғида очилган ғунча.
Дилгир-дилгир юлдузлар ёнар,
Ой ўзини отади ҳозир.
Менинг ўйчан, меҳрибон онам —
Ер шаридан олинган тасвир.
Йўқ, сен оҳанг эмассан. Оълғон...
Сен қалбимда эшилган нидо.
Сен ҳам менга ўхшаган Инсон,
Сен ҳам дунё, шу Туркий Дунё.

21.
Яна қайтиб келдим. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.
Азиз даргоҳ остонасида
Сизни қалбим билан қучайин,
Тўйиб-тўйиб сопол косада
Муздек қудуқ сувин ичайин.
Ҳар бир нарса яқиндир менга,
Ҳар бир нарса менга қадрдон.
Қараб қолдингизми йўлимга
Иссиқ нонлар узиб тандирдан?..
Койимангиз мени бу сафар,
Унутди, деб уйни, даламни,
Не чора бор, дил ёнса агар,
Дил соғинса туркий оламни...
О, қишлоқнинг мунис чиройи...
Аччиқ пиёз тўғрайин ўзим.
Дил соғиниб йиғлайди доим
Ҳозир, майли, йиғласин кўзим.
Тарғилланиб бормоқда осмон,
Оппоқ ҳидга тўлмоқда бағрим.
Айтингиз-чи, борми соғ-омон
Шаҳло кўзли менинг тарғилим?
Оғушимда зангори сезги,
Кипригимда суюқ ҳаяжон.
Кўзларимда юмалоқ севги,
Саломатман мен ҳам, онажон.
Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она.

22.
Ҳайрон, мағлуб бу коинот,
Ўйнар гуллар, ўйнар насим...
Айтинг, кимга этмиш насиб,
Бу кимнингдир ширин ҳаёт,
Ҳайрон, мағлуб бу коинот?
Майли, ҳали бор имтиҳон,
Ҳув, олдинда буюк орзу,
Уфқ ёриб кетмакда у,
Ҳув, олдинда Улуғ Турон.
Майли, ҳали бор имтиҳон.
Садолар бер, бахтли жаҳон,
Унда йўқми ёвуз ўлим?
Сарбон, қани кетдик, сарбон.
Турон сари карвон йўлим.
Ассалом, эй бахтли жаҳон.

23.
«ЧЎЛИ ИРОҚ»
Уфқ ёнар, Уфқ. Уф-ф!
Карвон борар қумликда. Қум. Қум...
Туяларда ҳазин қўнғироқ,
Чўли Ироқ, чўли Ироқ
Тун... Кун... Тун...
Поёни йўқ мунгли бу саҳро
Узра ҳурмо
Ўсадир танҳо.
Ҳурмо ости ложувард булоқ.
Чўли Ироқ. Чўли Ироқ.
Юрак чапак чалади чанқоқ,
Беҳуда севинар Карвон.
Карвон учун
Энг ширин армон —
Улуғ Турон —
Ўша булоқ...
Қуриган бироқ...
Чўли Ироқ, Чўли Ироқ.
Йўли йироқ кўп ёмон...
Тун... Кун... Тун...

24.
Мен ўткинчи, мен фақат меҳмон,
Остонангда эй туркий тилим.
Менга бир шеър керак, эй мезбон,
Ёзилмаган шеър эрур дилим.
Айтгил, нечун бунчалар қизиқ,
Ески жаҳон, бу эски жаҳон?
Бир шеър керак нон каби иссиқ
Менга бир шеър керак, эй мезбон.
Мен ғарибман ва сен беомон,
Сен Қуёшсан, мен сўнган чироқ.
Қийнамагил мени, онажон.
Сен — абадий, мен — лаҳза, бироқ
Итоат эт менга шу замон,
Ё айлагил телбани тупроқ.

25.
САМАРҚАНД ОСМОНИДА
Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.
Кўз ўнгимда қадимий жаҳон,
Асрларни бузар хаёлим.
Осмонида шунча ҳаяжон,
Тушганимда не кечар ҳолим?
Фалакларда муаллақ турдим,
Мени сўнгсиз хаёл этмиш банд.
Сенинг буюк ўтмишинг кўрдим,
Келгусингни кўрдим, Самарқанд.
Таърих айтар, аста жаранглар,
Даҳмаларда қадрдон калом.
Зиё сочар самовий ранглар,
Минорларда абадий илҳом.
Клавихо каби боқурман,
Бошинг узра келдим-ку алҳол.
Асрлик тош янглиғ қотурман
Шоҳизинда қошида беҳол.
Ошиқман-ку мен учун басдир,
Атамассан менга қаҳрингни,
Лекин барча ошиқ эмасдир
Сен уларга очма бағрингни.
Карвон-карвон келиб кетдилар,
Ҳаммасини бағрингга олдинг.
Шамол каби елиб кетдилар,
Фақатгина Сен мангу қолдинг.
Илҳом излаб келди бирови,
Биров сенга қилинди сургун.
Ким дўст эди, ким эди ёвинг,
Барчасини айтолмам бугун.
Ер талашиб келдилар ахир
Ваҳший тўда айҳоннос уриб.
Ҳаммасидан хабардор таърих,
Мен не дейин осмонда туриб.
Бўлган-ку кўп қиёмат-қойим,
Қийин эрур ахтармак қиёс.
Туркистонни ўйлармиз доим,
Келажакка буюк эҳтирос.
Тушлар кўриб ухларсан гўё,
Тушларингда қадимий қисмат,
Эй, Самарқанд, эй кўхна Дунё,
Сен уйғониб кетмагил фақат.
Кўпдир шаҳар деганнинг оти,
Имкон бўлса кўрарман бир-бир
Бироқ танҳо эрур ҳаётим,
Танҳо эрур Самарқанд ахир.
Бахти кулган элни кўргайман
Хароб бўлган бўстон жойида.
Таъзим бажо қилиб тургайман.
Кўктангрининг қутлуғ пойида.
Кезар бўлдим фазоларда ман,
Оқ тўлқинлар уммони ичра.
Юрагимда қайғу-шодумон
Айланурман Самарқанд узра.

26.
Талпинади, шундай кулади
Кўм-кўк ўрмон ва тиниқ дарё.
Дарё узра ой ҳам қулади
Ер ҳуснига бўлиб маҳлиё.
Талпинади яшил далалар —
Совутади асов отини.
Қуёш ширин ўйларга толар,
Бугун ёзар гул ижодини.
Совуқ юракларга ўт қалаб
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мангуликнинг нағмаси ила
Талпинади Туронда баҳор.

27.
Дилгир мусиқи оқарди,
У пайт сўзсиз ва паришон
Бир-биримизга боқардик:
Сени алдамайман... ишон...
Дилгир мусиқи оқарди.
У пайт кўзинг эди—маъно,
Сохта туюларди сўзлар.
Орзуларим каби наво —
Сенинг каби мислсиз гўзал.
У пайт кўзинг эди—маъно.
Оқшом, Туркистон ва ёмғир,
Сен ёнимда, сен... ёнимда...
Аста тўхтар бу куй оғир.
Куй бўлиб қолдинг ёдимда:
Оқшом, Туркистон ва ёмғир.

28.
ЮРАК
Гўё барибирдир яхши ва ёмон,
Юрак, сенга борар кўчалар очиқ...
Сачраб ёнарсану бўлмассан тамом,
Ўткинчи ғамларга аччиқма-аччиқ.
Юрак, йўлларингда турганман такрор,
Роса сайраганман сенинг тўғрингда.
Ким билар, ақлимга келдинг неча бор,
Неча бор сўзладим сенинг йўғингда.
Балки алдаганман ваҳима ютиб,
Сен ҳам ташвишларга солгансан балким.
Бугунчи дегайман ўзимни тутиб:
Сен ҳақсан, барибир, менинг юрагим.
Шул осмон остида кезгаймиз ҳали,
Мантиқ ахтаргаймиз изғиб изма-из,
Даркор бўла қолсанг йиқилғил майли,
Фақат йиқилмасин шўрлик дунёмиз.
Изн бер, ҳайқирай иймоним ҳаққи
Кўкларга термулиб солайин уввос.
Мен фақат Туркистон аталган ёрқин
Бир бутун юртимни истайман холос.
Гарчи тутқунман-ку эркин сеҳрингга,
Унда собит турар мақсуд—манзилим.
Қолиб кетмасайдим сенинг меҳрингдан,
Қолиб кетмасайдим йўлда узилиб.
Ажойиб диёрсан, қалбим, на чора,
Шодлик ва ҳасратнинг маскани санда.
Овоз бер, айтарманми эшитиб зора
Еслаб қўярлар-ку ҳеч бўлмаганда.
Айтгил, зорингни бир кун, юрагим,
Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
Юлиб қўярманми қоғоз юзига?!
У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
Шодумон дардингни тўкардинг буткул.
Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
Унгача дунёни англамак мушкул.

29.
БОҒЧАСАРОЙ ФОНТАНИ
Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир кутасан садо.
Неча-неча малак қошингда
Тўкиб солган қонли ёшини.
Сен йиғлайсан балки ўшандан
Ғамли фонтан, эгиб бошингни.
Кўнгил учун ахир кулмайсан,
Сен ҳамон йиғлайсан бечора,
Кўрганингни айта билмайсан,
Бир сўз айта олсайдинг зора...
Шу зангори осмон остида
Хаёлотдек бепоён олам,
Нуқта каби олам устида
Қрим деган бир мамлакат ҳам.
Қаҳрли, бешафқат гаройлар...
Ўзинг гувоҳ, кўз ёшинг гувоҳ,
Кечди аср. Йиллар ва ойлар,
Нелар кечди бошингдан, эйвоҳ.
Кўкка етди сабр дарахти,
Йиғла, Қрим, йиғла, тангри кўк.
Не бўлмоқда инсонлар, айтинг,
Қрим бору қримликлар йўқ.
Айтинг менга, қайда адолат,
Қайда, айтинг, инсоний ҳуқуқ.
Бу не ҳолдир, қандайин ҳолат,
Қрим бору қримликлар йўқ.
Ғамли фонтан, ҳали йиғлайсан,
Ҳасратларда бўлмайсан адо.
Эҳтимол, кимнидир йўқлайсан,
Кимлардандир бўлгансан жудо.

30.
Уйғонар Туркистон, уйғонар Дунё,
Порлоқ умидларга тўлиб кун ботар.
Бахт сингари олис юлдузлар гўё
Азал гўзалликнинг шаъмини ёқар.
Кўнглим осмон янглиғ, ёришди осмон,
Келур от ўйнатиб Халоскор Сарбоз.
Оърқин саҳарларда Сен, Руҳим, омон
Юксак-юксакларга қилабер парвоз.
Эй Само, эй Замин, эй Инсон — қодир,
Гуллар, чечакларга тўлсин ойдин йўл,
Нафосатга ахир чидамли одам.
Бу кун Сен бошқасан, Дунё бошқадир.
Сен-да Ҳур туғилдинг. Бир сўзла. Бир ўл,
Ва билгил қайларда сарсондир Алам...

31.
Почта. Телеграф. Телефон. Кирдим.
Базўр олиб келдим оёқларимни.
Танбал, эринчак бир вужудки бу, эҳ,
Оёғим маъюсликнинг оёғидир.
Гоҳ шундай бўлурки, миямда ғашлик,
Ўзим бир челак қон, сув ва бошқалар,
На Ветнам, на Исроил, на АҚШ,
Дунё ўз йўлига, мен ўз йўлимга.
Шоҳкурсига ташлаб қўйдим ўзимни,
Юмшоқ, шилимшиқ шоҳкурсига чўкиб
Кута бошладим рағбатномалар,
Дўстларимнинг ёзмаган мактубларин.
Бошин зўрға тутар оғир устунлар
Залда уймалашган жонларга қараб,
Бу ер ғовурига бепарво, беҳис
Почта қутилари туришар узун.
Қопқоқли оғзини очару ёпар
Бу ерда елим ва сиёҳ ҳидлари.
Бу ерда қоғозлар бўлмоқда нобуд,
Гарчи воқиф эрурлар ҳар нарсадан.
Эй, бечора варақ, қафасга тушдинг,
Телефончи қизнинг овози чиқар,
Жаранглар совуқ: «Фалон Фалончиев,
Жавоб бермаётир... алло, Фарғона...
Туркистон?! Олтинчи хонага киринг...
Бу ерда сўррайиб турманг, азизим...»
Омонат кассасин қулоғи тирбанд
Ўликнинг оғзидек очиқ дарича.
Биров пул қўйишга шошар, бахтиёр,
Биров олар сўнгги сўмин паришон.
Менинг унга раҳмим келмайди. Ажаб.
Бу ерда ўйин тушар шодлик ва ғам.
Оёқларин кериб оҳанг пуркайди
Тахталар. Қандиллар жўр бўлар шошқин.
Булғаниб маст ҳолда ёзғичлар ётар
Ғижим қоғозларга боқишиб ҳайрон.
Телефонхонанинг бирида кулгу,
Бирида кулгунинг тескарисидир.
Бунда сувратлар ҳам қандайдир дардли,
Тўғриси, дардларнинг шаклидир булар.
Гоҳ шундай бўлурки миямда ғашлик,
Бурчакда оқ, жиддий туфдонлар фақат
Туфукларин сочиб турар илжайиб,
Нофелет. Фаргелет. Атчоп. Кетаман...

32.
ОНА ТУРКИСТОН
Абдулла Қодирий хотирасига

1.Хотирамнинг қаър-қаърида таърих
Доим сўзлаб турар эзгин ҳикоя.
Тутқин қуш сингари қолурман ғариб
Руҳимга булутлар ташлайдир соя.
Бот-бот хаёлимдан чекинди мубҳам,
Фикримдан юлқинди Ватан қораси.
Олисда милтираб сўнаётган шаъм
Кўҳна ҳасратимнинг машъум яраси.
Кишанбанд қилинар қўлларим гўё,
Тупроққа қўшила бошлайди таним.
Шу қадар юраги тормидир — дунё.
Наҳот фарзандига — ўзига ғаним,
Ўзи юрагига жо бўлди, аммо
Нечун сиғдирмади, нечун Ватаним?!
2. Кўрингиз тарихни, эй туркий халқим,
Кўзимга эртанинг севинчи холос.
Ул Турондир, Туркистондир? У балким
Ичимни кемирган қадимий қасос.
Кўрингиз таърихни. Кўз олдим парда,
Қўлимдан учмоқда бу ер, бу Ватан...
Ошно тутинардим пўлат ханжарга...
Жанг майдони сари отилардим ман...
Ватан, айланарман бир кескир тошга,
Қошинга ўқ каби учиб борарман...
Наҳот тил бошқадир, наҳот дил бошқа?!
Йўқ! Фармон кутарман, энг сўнгги фармон,
Шакланиб қарарман қалққан қуёшга.
Барибир, қасос, деб ёнарман ҳамон.
3.Умр деганлари ўтмакда шошқин,
Тилла баргларини элаб йўлимга.
Сенинг мангулигинг берадир таскин
Ерта узилгувчи менинг умримга.
Оҳ, Она Туркистон, куйлайин ёниб,
Дунё журъатини бердинг қўлимга.
Мен энди англадим туркий дунёни,
Мана мен, тайёрман энди ўлимга...
Эй менинг заҳматкаш, эй қутлуғ халқим,
Бергил фақат куйиб куйламак ҳаққин.
Ортиқ масъул этар топилган бу Бахт.
«Ишқ сўзидан куйди булбул маскани»,
Тил билан куйланмас она-Ватаним,
Мен сени куйламак истайман фақат.

33.
Муаллақ қўлларидек булутлар
Сира раво кўрмас қуёшни.
Ташна саҳро ёмғирни кутар
Қўйган каби кундага бошни.
Сира раво кўрмас қуёшни
Учишган булутлар саргардон.
Англамайдир бу қайноқ тошни.
Бу саҳро-қонталаш жигардан.
Ташна саҳро ёмғирни кутар
Кутар-туғилмаган ўт, гиёҳ.
Булутлар саҳрони унутар,
Қақраган саҳрода не гуноҳ?!
Қўйган каби кундага бошни
Сабрсиз, бу саҳро, сабрсиз.
Қайга кўмсин бу чексиз лошни,
Қабрсиз, бу саҳро, қабрсиз.

34.
ХУДБИН
Ҳеч кимга инонмадим ёруғ дунёда,
Инонмадим отамга, онамга инонмадим,
Боламга инонмадим, мен — шўрлик,
Бошқасини тилга олмадим ҳатто.
Қаттиқ севдим ўзимни —
Яшадим мен унинг
Ўлимин кутиб —
Мозорида бир тўйиб йиғламак учун.

35.
Сен айт. Букун сенинг айтганинг айтган, узун каломингдан увишади жон. Туркистон сўзига кимлар ҳам ётган, Сўзнинг ҳисобига етибмиз қачон? Сўзлардан дераза, сўзлардан эшик. Сўзинг остонадир, кошона сўзинг. Сен айт. Миннатдормиз. Бошимиз егик. Сўзлар салтанатин султони ўзинг. Кимдир бузди Сўзни; кимлар ўнглади. Ким сўзнинг жаллоди, кимлар қурбони. Олимлар тинглади, яқин тинглади. Қўйнимизга тўлди Сўзлар хирмони.
Бошимизга қўниб сўзлар инглади. Кўнглимизга ботди сўзлар ҳижрони.

36.
ЭСКИ ТУРКИЙЛАРДАН
Чиқмасми қуёш балқиб
Боқмасми қодир худо!
Алвидо, она халқим,
Алвидо эй, алвидо.
Ўзбекмомо авлоди,
Ўзота ўғлонлари,
Рост бўлди юрак доди,
Қонларга тўлғонлари.
Денгизи қуриб битди,
Дарёлари оқмасми,
Наҳот бизни ер ютди,
Қодир худо боқмасми?
Туркистонни бўлдилар,
Парчаланди бемажол.
Устимиздан кулдилар
Ул ёвузлар бемалол.
Чиқмасми қуёш балқиб...

37.
САЙЁД НАВО
Бас эй маккор, ғайри иймон истамам,
Бори фитна, бори ёлғон, истамам,
Менга онсиз икки жаҳон истамам,
Инсонманам, ўзга унвон истамам.
Кезиб шоир тинглагай фарёдлар,
Шоир тили ўз элидан додлар,
Ёраб! Боғбони йўқ, элбони йўқ.
Бори ўғри, каззобу жаллодлар.
Онча гуноҳ, онча шафқатдурур, ёраб,
Онча зиён онча рағбатдурур, ёраб,
Онча қайғу, онча раҳматдурур, ёраб,
Онча бунёд, онча ғоратдурур, ёраб.
Куйди очун, мен учун фарёд қил,
Тутқунманам, сен мени озод қил,
Исодин кечадурмен, дейил Сендан,
Ўзни қутқор ва Сайёдни сен ёд қил.
Маним мулким, маним сўзим — жавҳарим,
Сўзимнинг шуъласи ёнган аҳгарим,
Инонмаки, ўлмас бу мулкни йитиб
Дард мулким, дарди олам меҳварим.
Бу фалак бедодидин ўртонди дил,
Ёри ағёр шевасига қонди дил,
Не наво қилди вале Сайёд Наво,
Ёнди Одам, ёнди Олам, ёнди Дил.

38.
ЁНАЁТГАН АЁЛ
Тентирар Касофат ғолиб Ахраман,
Ҳақорат жар солар бунда бемалол.
Қаён кетмоқдасан ёниб, қаҳрамон,
Қаён кетмоқдасан Эй ёнғин-Аёл.

Кўксингда Ҳарорат сўниб бўлдими?
Кўзингда сўнгги шаъм ўчдими, наҳот?
Тўхта! Қолган қолди, ўлган-ўлдими?
Тўхта, дейман, бордир, бор ўзга ҳаёт.

Ёнаётган Аёл, шафқат қил, уйғон,
Ёнаётган Аёл, Хурузм паноҳинг,
Болангга қарагил у тирик Туғён.
Тирик Жасоратдир, тирик Оллоҳинг...

Қани туркийларинг, Туронинг қани?!
Ёнаётган Аёл, ёндир Дунёни.

39.
Ухлама, сен, Ҳақиқат,
Чидам билан бориб қайт,
Оқ бўлсин босган изинг
Суйиб айтгин, туйиб айт,
Ловуллаб турсин Сўзинг,
Куйиб айтгин, тўйиб айт,
Ухламагин сен ўзинг
Ухламагин сен фақат.
Мудроқ, қўрқоқ жонларни
Уйқудаги муваққат
Басирларни уйғотгин,
Норасо маконларни
Қасрларни уйғотгин.
Уйғотгин замонларни
Асирларни уйғотгин,
Ухламагин сен фақат.
Чидам билан бориб қайт,
Елни тўплаб уйғотгин.
Заҳар хўплаб уйғотгин.
Сўзларингнинг Қуёши
Аччиқ ёшга айлансин.
Ботирларнинг кўзёши
Бир кун тошга айлансин...
Сен-да дам ол ўша пайт.

40.
Эй сиз, тўйганлар,
Эй Сиз, башанг оломон,
Юзингизга сепаман сўзларимни...
Ҳа, ҳеч нарса йўқ менда, ҳеч нарса.
Хотин — йўқ,
Фарзанд — йўқ,
Дўст — йўқ
Ватан — йўқ.
Йўқотганларимнинг алами-заҳри,
Кўксимдаги санчиқ олами,
Шеъриятдан бошқа,
Ҳеч нарса, ҳеч нарса, ҳеч нарса.
2007