Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Яхшидур (Махтумқули)
Facebook
Яхшидур (Махтумқули) PDF Босма E-mail

Савдогарлик қилиб, бозор кезгандан,
Олсанг насиҳатим, қиммат яхшидир.
Ҳотам бўлиб, аммо риё қилгандан,
Кўнгилда қилинган химмат яхшидир.

Бир мард яхши, муханнаснинг юзиндан,
Ҳисоб куни оқар қони кўзиндан.
Ҳар ким бошқа бўлса айтган сўзиндан,
Ундан динга қайтган Язид яхшидир.

Хайр ишин тарк этиб, бад иш изласа,
Дўст бўлиб, дўстидан сирин гизласа,
Аллоҳни унутиб, ёлғон сўзласа,
Ундан жим ўлтирган беҳад яхшидир.

Қодир Эгам жисмимизни бор этган,
Ақлсиздир, Хақ ишига ор этган,
Бемахал қурилган бузуқ кўприкдан,
Жаҳаннам устида сирот яхшидир.

Махтумқули, кўрдинг яхши ёмонни,
Ёлғончининг бўлмас онги, иймони,
Бир оқуйга борсанг, олмас меҳмонни,
Ҳар кимнинг ўз эли — уммат яхшидир.

Шарҳ: Яхшидур
Эй инсон, дунё бозори ичра овора кезиб, нафси аммора қутқусига учиб, ўткинчи фойдага харидор бўлгандан кўра, боқий саодат хақидаги насиҳатни тинглаган афзалроқдир. Бу оламда шундай бойлар борки, уларнинг молу мулклари риё ва кибрдан куч олади. Ўз хўжасига савоб ўрнига гуноҳ келтиради. Ҳолбуки, риёкор «сахий» бойдан яхшиликни кўнглига жо этган, садақотини пинҳона, фақат Тангри йўлида қилган қашшоқ саодатлироқдир. Риёкор ва хасиснинг мисоли муханнасдир. Муханнас эса эрлик даъво қилгувчи хотиндир. Бундайларнинг мингтаси бир марднинг тирноғига арзимайди. Ахир ҳисоб кунини унутмайлик. Ҳар қандай риё ва ёмонлик у кунда ошкор бўлади-ку! Инсоннинг сўзи ва амали бир бўлмаса унинг инсонлиги қайда қолади? Риё иймонсизлик, бетавфиқликнинг айни ўзидир. Эй инсонлар, сизга жону жисм бериб, инсон суратида яратиб қўйган, ақлу ҳушингизни солим этган қодир Эгамни унутгувчи бўлманг. Зеро, ақлдан холи, мажнунларгина буни англамайдилар. Ҳаёт инсон учун ё саодат ёки бадбахтлик сари элитгувчи бир кўприк, бир восита холос. Ақл юргизганлар ҳаётдан бундан ортиқ ҳеч нарса кутмайдилар. Эй Махтумқули, хаётинг давомида ҳар турли воқеаларни, бойлигу қашшоқликни, турфа одамларни кўрдинг. Билдингки, ёмоннинг ёмони риёкор ёлғончидир. У фақат бу дунёни ўйлайди. Худбинлик, бевафолик унинг шиоридир. Унинг билан ҳамроҳ бўлишдан қоч. Чунки бундайлар дунё-ю охиратингни куйдиради. Пайғамбар (с.а.в.) йўлини маҳкам тутки, асл саодат йўли шудир.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан