Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ибодатингни тузат (Машраб)
Facebook
Ибодатингни тузат (Машраб) PDF Босма E-mail

Ки ҳожийи ҳарамайнсан, зиёратингни тузат,
Келибсан эмди бударгоҳга, ҳимматингни тузат.

Таноби бандалигни солгин эмди бўйнунгга,
Бу йўлни содиқисан, яхши тийнатингни тузат.

Фазилати ҳама олам дилингга рў берса,
Тариқи бандалик этгину хислатингни тузат.

Бу йўлни(нг) шаъмига парвона бўлгин, эй толиб,
Муриди роҳи вафосан, ҳақиқатингни тузат.

Югурма пайрави нафсга, иймон кетар қўлдан,
Ҳамани шубҳасидан қоч, ибодатингни тузат.

Тикон қадалса кишига, «ўзумга урсин», деб
Расулни уммати бўлсанг, адолатингни тузат.

Бировни ҳаққиға зинҳор бўлмагин зомин,
Бу йўлни чокаридурсан, диёнатингни тузат.

Жаҳон тамоми ҳақиқатдур асли Мабдаи нури,
Шикаста Машраб, маҳзи саховатингни тузат.

Шарҳ: Ибодатингни тузат
Эй солиҳ дўст, Яратганнинг байтини зиёрат этмоқ сенга насиб этмиш. Бунга шукр айла ва сидқу содиқлик, ҳиммат камарини белингга маҳкам боғла. Аллоҳга қуллик бандини бўйнингга олган қул бўлсанг, зоҳиру ботинингни уйғун эт. Олам фазилатлари қалбингда жилва қилса ҳам бандалигингни унутма, кибр домидан ҳушёр бўл. Ҳақ йўли шам бўлса, сен унта парвона бўл. Зеро, сен вафо тариқига муридсан, ҳақиқатингни тузат. Нафс илинжида сарсон югургувчи каслардан бўлмагинки, дилингдан иймон кетгай. Риёдан қочгин ва ботин ибодатини пеша қил. Бир мўъминга тикан қадалса, қалбинг оғрисин. Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан бўлсанг, адолат мақомининг чўққисида тур: Ўзгалар хақини ўзлаштирувчилардан бўлма. Билсанг ҳақ йўлида юрганларнинг матлаби висол, амали диёнат эрур. Жаҳоннинг асл ҳақиқати нур манбаида тажаллий этади. Эй Машраб, бу нурдан баҳраварлар саховат эгаларидир.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан