Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Жавҳари дилни билурга (Машраб)
Facebook
Жавҳари дилни билурга (Машраб) PDF Босма E-mail

Жавҳари дилни билурга марди дил огоҳ керак,
Марди Ҳақнинг суҳбатига соҳиби тақво керак.

Дардсизлар на билур аҳли фанони(нг) қадрини,
Норасолар суҳбатига зийнатудунё керак.

Неку баднинг сиррини бунда қилиб бўлмас аён,
Бизга дийдор, ўзгаларга манзилу маъво керак.

Чашми зоҳир бирла кўрдинг жандайи фақримни сен,
Толиби ҳақ бандаларни, зоҳири расво керак.

Тифли нобийнога изҳор этма кўксинг ёрасин,
Дарди ҳолингни билурга ҳозики доно керак.

Чин дарахти бо самардур гардани бўлғай нигун,
Кимки бебардур теракдек гардани боло керак.

Хасдин ўзни тутмасанг кам, бандалик номинг ғалат,
Кимки паст тутмиш ўзин дўсти Расулуллоҳ керак.

Зийнати дунёға мағрур ўлма, нури динни кўр,
Охири бир кун сани бошингга бу ғавғо керак.

Машрабингни(нг) олдида ёзуқларингга тавба қил,
Гар дуое айласам, ман мақбули даргоҳ керак.

Шарҳ: Жавҳари дилни билурга
Қалб жавҳарида яширин сирларни англамоқ учун иймон маърифатига соҳиб, огоҳ дил ҳукмдори лозим. Ҳақнинг асл қули бўлган мўъмин сухбатига эришмоқ учун тақво эгаси бўлмоқ талабдир. Дунёдан юз ўгирган, нафсига тизгин солган - фано аҳлининг қадрини ишқсиз бедаволар қайдан ҳам билсин?! Зеро, уларнинг олий мулоқотлари дунё зийнатларидан нарига ўтмас. Нима яхшию нима ёмонлигини дунё саҳнасида ким ҳам англабди? Дунё шунақа, ким дунё матоҳи, кимдир улуғ дийдорнинг куйида яшайди. Ўткинчи борлиқ жилвасига ўрганмиш зоҳир кўзинг тақво аҳлининг афгор жандасинигина кўра олур. Ҳолбуки, Ҳақ жамолига талабгор бандалар учун бу айни муддаодир. Бири кам дунёнинг норосо аҳлига дардинг ошкор этишдан сақланки, сенинг дардинг моҳиятини доно табибгина англай олур. «Кибр ахдининг ҳокими шайтони лайъин бўлади» деган ҳикмат бор. Зотан лаънати шайтон бўйнини синдириш дунё паҳлавонининг эмас, жисми зоҳирда ожиз, шахри ботинда забардаст орифнинг ишидир. Мевали дарахтнинг бўйни доим эгикдир. У гердаймас, иймон мевалари унга оғирлик қилар. Такаббурона гердаймоқ мевасиз, соясиз дарахт, яъни иймонсизларга хосдир. Камтарлик, ҳокисорлик, фақирлик банда номига безакдир. Фақирликнинг мукофоти эса улуғдир. Бундайларни Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзларига дўст тутадилар. Дунё зийнатидан кўзинг қамашиб, ислом нурини кўрмай қолмагин. Ўзингни охират ғавғосидан сақла?! Гуноҳларингга тавба қил. Аллоҳ дуоларни қабул этгувчидир.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан