Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Ёлғончилар қавмини уммат демас, Муҳаммад (Аҳмад Яссавий)
Facebook
Ёлғончилар қавмини уммат демас, Муҳаммад (Аҳмад Яссавий) PDF Босма E-mail

«Ал — каззабу ла уммати» деди, билинг Муҳаммад,
Ёлғончилар қавмини уммат демас, Муҳаммад.

Тўтри юрган қулини, излаб Ҳақни(нг) йўлини,
Рост юриган қулини уммат дегай, Муҳаммад.

Ҳар ким умматман деса, Расул ишин қўймаса,
Шафоат куни бўлса, маҳрум қўймас, Муҳаммад.

Тангри —таоло сўзин, Расулуллоҳ суннатин,
Инонмагон умматин, уммат демас, Муҳаммад.

Умматмен, деб юрурсан, буйруғини қилмассан,
Нечук умид тутарсан, анда сўрмас, Муҳаммад.

Мушкулдур осий банда, уммат демаса анда,
Расво улур Машҳарда, уммат демас, Муҳаммад.

Уммат дегай Муҳаммад, чин сўзласа қул Аҳмад,
Тонгла бўлса қиёмат, маҳрум қўймас, Муҳаммад.

Шарҳ: Ёлғончилар қавмини уммат демас, Муҳаммад
Эй мўьминлик даъво этган кимсалар, аввало ёлғон сўздан сақланингки, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом «Ёлғончилар биздан эмас», — деганлар. Дарҳақиқат, ёлғон мунофикликдан нишона. Мунофиқ эса мўьмин ҳам, мусулмон ҳам бўла олмас. Мусулмон бўлмаганлар Муҳаммад (с.а.в.) умматларидан саналмайди. Сарвари коинот Муҳаммад алайхиссаломнинг асл уммати бўламан деганларнинг йўли Аллоҳ буюрган тўғри йўлдир. Чин уммат ўз ҳаёти йулида Аллоҳ ризоси учун восита бўлгудек из қолдирган, лоақал бунга тиришган мўьминлардан жам бўлади. Аллоҳнинг мана шундай хокисор, камтарин, шижоатли, иймон-эътиқодли қулларинигина Расулуллоҳ ўзига дўст тутади, умматим дейди. Кимки Муҳаммад алайҳиссаломга уммат бўламан деса, у зотнинг суннатига риоя қилсин. Суннатда бор амалларни канда қилмасин. Суннатга хилоф ишларни эса, нафси нақадар чиройли кўрсатмасин, тарк айламоқ фойдалидир, охират қувончидир. Зеро, рўзи қиёматда суннатни мустаҳкам тутганлар Расулуллоҳ (с.а.в.) шафоатларидан бахра олгайлар. Муҳаммад алайхиссалом уммати бўлишнинг бош шарти иймон, яъни Аллоҳнинг каломига, пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатига дилдан ишонишдир. Зоҳирий амал, риёкорона ҳаёт тарзинг билан бу дунёда обрў-эътибор, нари борса мусулмон деган ном топишинг мумкин. Аммо маҳшар кунидаги мезонлар бошқача бўлади. У кунда ўтмиш хаётингда сенга обрў ва мартаба келтирган риёйинг шармандалик ва юзқоралигингга далил бўлади. Бундайларни у улуғ Кунда пайғамбар алайҳиссалом умматим демас. Муҳаммад алайҳиссалом умматларидан демаганларнинг маҳшардаги ҳоли нақадар забун бўлур. Бундай расволикдан Аллоҳ паноҳ берсин.
Эй қул Ахмад чин сўзла ва умид қилки, тонгла қиёматда Мухаммад алайхиссалом шафоатларига ноил бўлурсан.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан