Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Бўлмас (Махтумқули)
Facebook
Бўлмас (Махтумқули) PDF Босма E-mail

Ҳар нодонга айтма дарду сирингни,
Ҳасрат ўти жисминг ёққанча бўлмас.
Ғусса билан дона-дона кўзингдан
Аччиқ ёшларингни тўкканча бўлмас.

Қаноатда, иззатда тут ўзингни,
Тамаъ қилиб сарғайтирма юзингни,
Ҳар номардга раво кўрма сўзингни,
Сўзингни биносин йиққанча бўлмас.

Мағрур бўлиб кезма умринг гулига,
Дуч келарсан бир кун хазон елига,
Юз йил яшаб тушсанг ажал қўлига,
Чапингдан ўнгингга боққанча бўлмас.

Кўнгли қаро билан бўлманглар улфат,
Юқар ундан турли — туман касофат,
Кўмирга хар неча айласанг иззат,
Манглайга қораси юққанча бўлмас.

Махтумқули, ҳаргиз топмади омон,
Ёмон тилнинг заҳри тиғлардан ёмон,
Ёмон тил ёнида заҳри кўп илон —
Чақса-да, бир чивин чаққанча бўлмас.

Шарҳ: Бўлмас
Эй бандайи мўъмин, сирдош-дўст танлашда адашма! Синалмаган одамга ишониб, дарду сирларингни дастурхон қилишдан сақлангин. Зеро, сиринг шамолда совурилган сомон парчаси каби тўзғиб кетгандан сўнг, унинг пушаймони оғир бўлади. Ҳасрат-надомат ўти жисму жонинг кул қилади. Аламдан аччиқ кўз-ёшларингни тўкасан, аммо бундан тариқча наф кўрмайсан. Қаноатли бўл, иззат топасан. Тамаъ тузоғига бандилар куз япроғига каби сарғаядилар. Сўзингни ҳам ўйлаб, ўрнида гапир. Гап уқмас нодону номардларга сўз ҳайф кетади. Ҳаёт неъматларига алданиб, «умрим туганмас экан», дея хаёл қилма. Кўкариб яшнамоқнинг аниқ интихоси бор. Юз йил умр кўрсангда, совук ўлим қаршисида бир лаҳза яшагандек бўласан. Наҳс ва ҳасад эгаларидан зинҳор узоқ юр. Унинг касофати сенга ҳам уриши мумкинки, кўмирнинг нархи қанча баланд бўлмасин, манглайни қора қилаверади. Эй Махтумқули, ёмон тил заҳридан Яратганга қочгин. Аччиқ сўз олдида наштарнингтиғи, илоннинг заҳри чивин чаққанчалик бўлмас.