Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Сен агар раҳмат ниқобин ёпмасанг (Сўфи Оллоёр)
Facebook
Сен агар раҳмат ниқобин ёпмасанг (Сўфи Оллоёр) PDF Босма E-mail

Холиқо, қойилман ўз нуқсонима,
Кўп жафо қилдим ўзимни(нг) жонима.
Зоти покингдин иноят бўлмаса,
Ҳеч ишончим йўқ амал қилғонима.

Холиқо, қилдим фаоли кандани,
Қилмағил расво мане - шармандани.
Сан агар раҳмат ниқобин ёпмасанг,
Айби кўп, нуксони кўпдур бандани(нг).

Холиқо, тўктум ибодат тосини,
Сан тузарсан бандани(нг) кам-косини.
Қулларинг булғанса исён лойиға,
Оқизурсан мағфират дарёсини.

Холиқо, ё Аввало, ё Охиро,
Нафси шайтон жонима бўлди бало.
Гарчи Оллоёр ўтарчидур ёмон,
Қўймағил душман қўлиға мубтало.

Холиқо, умр айладим фони билан,
Энди банданг зор этар жони билан.
Сўфи Оллоёр эрур зору забун,
Жонини ол, нури иймони билан.

Шарҳ: Сен агар раҳмат ниқобин ёпмасанг
Яратган парвардигорим! Айбу нуқсонли бандангман. Синов учун берган умринг давомида гуноҳга ботдим. Ўз жонимга жафо қилдим. Сенинг буюк зотингдан раҳм-шафқат, яширин хазинангдан ғамхўрлик бўлмаса, амалларимга ишончим йўқ. Дунёнинг ширин алдовларига учдим. Сенга ибодат қилишни кўп бор унутдим. Қиёмат куни ибодат борасида сўроқ қилсанг, ҳолимга вой. Умид фақат раҳмату мағфиратингдан. Йўқса шармандалик насибам бўлур. Агар гуноҳларимни ўз фазлинг остига яширмасанг, гунохлар гардидан юзим қаро бўлгай. Ё Илоҳо, тоат заҳирам Сен буюргандан анча кам. Унинг кам-кўстини Ўзинг тўлдиргин. Зеро, биз бандалар унутгувчи, исён боткоғига ботгувчимиз. Ноқислик бизга хос. Сенинг мағфират дарёйинг оқиб турмаганда ҳолимиз нима кечар эди?! Ё аввалу охирни яратган ягона Зот, шайтон шарридан Ўзинг ҳимоянгга ол. Шайтон қутқуси жонимга бало бўлди. Ё Холико, умримни нафси аммора йўлида совурдим. Жону жаҳоним билан қилаётган илтижоларимни рад этма. Ҳузурингда зору забун турган Сўфи Оллоёрга раҳм айла. Унинг жонини барча солиҳ бандалар қатори иймон нури билан олгин!

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан