Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Уммат, деб чақиргайму? (Машраб)
Facebook
Уммат, деб чақиргайму? (Машраб) PDF Босма E-mail

Сабо маҳшарда Ҳақ аҳли шариат, деб чақиргайму?
Кел, эй жўяндаи бахри тариқат, деб чақиргайму?
Ҳама уфтодани муҳтожи раҳмат, деб чақиргайму?
Ғарибу ҳокисор аҳли ҳақиқат, деб чақиргайму?
Расулуллоҳ сабо маҳшарда уммат, деб чақиргайму?

Ғарибу мустаманд, хокисору бенаво қулмиз,
Ки ҳижрон ўтида кўиган ҳама - бағри адо қулмиз,
Гуноҳнинг юки бирлан доимо қадди дуто қулмиз,
Ки, исёнлар ила олуда бўлган рўсиёҳ қулмиз,
Расулуллоҳ сабо маҳшарда уммат, деб чақиргайму?

Илоҳо нуринга сероб, қилғил қалбу қолабни,
Муяссар қил, талаб йўлида Машрабга шу давлатни,
Ўзинглутфинг била қулингга кўрсат роҳи ҳақиқатни,
Ғариби ҳокисор ўлди тани афтода Машрабни,
Расулуллоҳ сабо маҳшарда уммат, деб чақиргайму? Шарҳ: Уммат, деб чақиргайму?
Биз гуноҳкор бандаларга маҳшар тонги саодат эшиклари очилармикан? Ҳақ таоло: «Эй ахли шариат, қалби ғамга тўлган, ҳайбатим олдида ночору ожиз бандаларим, тўғри йўл эгалари, раҳматимдан баҳраманд бўлинг, ҳузуримга келинг», -деб чақирармикан. Маҳшар кунининг пешқадами, гуноҳкор, ғурбат аҳлининг шафоатпаноҳи Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) бизни у ваҳшатли Кунда умматим десалар эди! Ҳолбуки, биз бечораи ҳокисор, бенаво бир қулмиз. Энг гўзал Жамол соғинчида бағримиз кабоб бўлган. Гуноҳлар кўплигидан алиф қаддимиз долга айланган. Кўнгил исёнлар ичра баъзан саргардон, Унинг хузурида қоим бўлишимизни ўйлаб, юзимиз қаро. Биз каби пургуноҳ уммат расулуллоҳ марҳаматларидан умид қила оламизми?! Ё парвардигори олам! Бор умидимиз Сендан. Ўзинг раҳматингга мушарраф эт. Беқарор қалбимизга иймон ҳаловатини бахшида эт. Қоронғу кўнглимизни раҳмат нури билан чароғон айла. Ўзинг лутф айла, тўғри йўлни насиб эт. Жамолинг йўлида девона Машрабнингталабини ижобат қил. Ғариблик кўйига тушган қулингни ноумид этма. Расулуллоҳ (с.а.в.) шафоатларидан баҳраманд айла.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан