Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Бўлғаймукин (Машраб)
Facebook
Бўлғаймукин (Машраб) PDF Босма E-mail

Йиғласам, вақти дуо, бўлғаймукин?
Кўз ёшим дардга даво бўлгаймукин?

Бодаи ишқи Муҳаббатдин ичиб,
Шавкати дунё жудо бўлгаймукин?

Бош уриб келдим Сенинг даргоҳингга,
Бир мададкорим Худо бўлғаймукин?

Йиғламоқдин манга имкон қолмади,
Ёрдин манга нидо бўлғаймукин?

Телба Машраб йиғлаюр «Ё Раббано»,
«Раббиял аъло» десам бўлғаймукин?

Шарҳ: Бўлғаймукин
Аллоҳга тавбалар қилиб, кўз ёшларим селдек қуйилса, кўнгил ойнасини тўсган надомат булутлари тарқалармикан? Пок иймон билан қилинган, дардга даво бўлгувчи асл дуо шу эмасмикан? Яратган йўлида қилган ибодатларим, чеккан риёзату меҳнатим ноқис нафсимнинг дунёвий ҳирсига тўсик бўла олармикан? Парвардигоро, бош уриб, саждалар қилиб Сендан сўрайман, Ўзинг марҳамат этмасанг ҳолим хароб. Йиглай-йиғлай кўз ёшларим ҳам қуриди. Тавбамни қабул айла, илтижоларимга жавоб бер, эй Қодир Эгам. Сенинг йўлингда телбалик ихтиёр этган қулинг Машраб «Ё Раббано» дея дод солиб йиғламоқда. «Раббйм покдир» десам Сенга оҳим етармикан?

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан