Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Назм»Гунаҳлик бандаман (Машраб ғазали)
Facebook
Гунаҳлик бандаман (Машраб ғазали) PDF Босма E-mail

Гунаҳлик бандаман, вақти такаллумда забоним йўқ,
Сени лутфингга қочтим, Сандин ўзга мехрибоним йўқ.

Эшитдим, айди Пайғамбар: «Тазаррулик керак уммат»,
Амал, дин илмидин бебаҳра қолдим, соябоним йўқ.

Намозу рўзани бу йўлда ғафлат бирла ўткардим,
Нечук эмин бўлурман, дил аро ҳаргиз гумоним йўқ.

Эшитдим фазлидин «Ло тақнату мин раҳматуллаҳ»ни,
Сени(нг) ваъдангга жон берсам, мени ҳеч армоним йўқ.

Илоҳо, вақти риҳлат содиқул-қалблар қатори қил,
Бир отинг Ламязалдур, Сендин ўзга меҳрибоним йўқ.

Насими қатра лутфинг нурга еткурди хунсони,
Талабда аввалу охир Сенингдек роздоним йўқ.

Агарчи бандаман, Воҳидлигингга борман иқрор,
Ҳамани шоҳи Сенсан, ўзга бир шоҳи жаҳоним йўқ.

Ҳамани киштиға еткур карамдин Мабдайи нуре,
Деди Машраб, «Бу йўлда мундин ортиқ достоним йўқ».

Шарҳ: Гунаҳлик бандаман
ё Аллоҳим! Гуноҳларим шу қадар кўпки, қиёмат тонгида сўроқ қилсанг, не дейишимни билмайман. Фақат Сенинг латиф зотинг, Ғофур сифатингдан умидворман. Дунёю охиратда Сендан ўзга меҳрибоним йўқ. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида умматнинг тазаррули — истиғфор айтувчи бўлиши буюрилади. Не қилайки, дунё ғавғоси билан оввора бўлиб, амалу илмдан баҳра топа олмадим. Намоз ва рўзада ғафлатда қолдим. Ўзимни иймон соҳиби дейишга қандай ботинай, гуноҳсиз эканимга қандай ишонай. «Аллоҳни раҳматидан умид узманглар» деган каломингни эшитдим. Бу ваъдангга жон фидо этсам, армоним қолмас. Ё Илоҳо, дунёни тарк этар вақтимда сиддиқ — Сенга ишонувчилар қаторида қил. Бир номинг Ламязалдирки, Сендан бошқа мехрибон борми? Қатра лутфинг шабадаси фожирни комил қилур. Аввалу оҳир талабим Сен, Сенинг жамолингдир. Ё Аллоҳим, Сенинг бандангман. Бирлигингга иқрорман. Бутун маҳлуқотлар подшоси фақат Ўзингсан. Сендан ўзга подшоҳим йўқдир. Карам қил ва барча мўъминлар қалбига нурингдан ато эт. Девона Машрабнинг қаламидан тўкилгувчи энг улуғ достон шундан ўзга эмас.

Раҳматуллоҳ Носирнинг
"Соз билан суҳбат" китобидан