Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Сохта метод гирдоби
Facebook
Сохта метод гирдоби PDF Босма E-mail

Собиқ шўро адабиётшунослигида энг кўп қўлланган, олиму мунаққидлар тилидан тушмаган, аммо дилига жо бўлмаган, моҳияти зинҳор ярқ этиб очилмаган масала қайси эди? Адабиётга елдек бостириб кирган, бирпасда ҳам ўтмиш, ҳам келажак санъатига ҳукмини ўтказмоқчи бўлган, социалистик мамлакатлар адабиёти тугул жаҳон халқлари санъатига ҳукмронликни даъво қилган метод қайси эди? Ниҳоят, умри илон чақишидек қисқа, аммо заҳри қотили миллион-миллион онгларни фалаж қилаёзган назария қайси эди? Барча саволларнинг жавоби битта: соцреализм.
Ўзбек адабиётшунослигида соцреализм ҳақида ёзиш, уни татбиқ этиш авжланаётган пайтда баъзи дадил, ҳақиқатни айтишдан чўчимайдиган ёшлар соцреализмга кафан бича бошлагандилар. Бу синчков ёшлар санъат табиатида катта ҳақиқатни тарғиб қилиш хусусияти мавжудлигини, ҳар хил сохта доктриналарни ҳақиқат сифатида илоҳийлаштиравериш ғирт зарар эканлигини дилларидан ҳис этдилар. Аввалига чўчиб, секингина айтилган ҳақиқат бора-бора баралла янграй бошлади. Асримизнинг 80-йилига келиб, соцреализм аксарият адабиётларда назарий-ғоявий ўлик матоҳга айланган, санъатшуносу адабиётшунослар ундан қўлларини ювиб қўлтиққа уриб бўлган эдилар. Афсуски, баъзи адабиётшуносларимиз ҳамон соцреализмга ҳурмат-эътибор билан қарамоқцалар, унга садоқат кўрсатмоқдалар. Бироқ соцреализмга хайрихоҳлик билдириб ёзилаётган мақола, айтилаётган мулоҳазаларда кишини ишонтирадиган асос кўринмайди. Соцреализмга дойр қарашларини Озод Шарафиддинов содда, равон ифода қилгани менга ниҳоятда ёқци: «Соцреализм ҳақида кўплаб китоблар ўқидим. Лекин, барибир, пировардида унинг моҳиятини ҳеч тушуна олмадим... Янги метод жаҳон эстетикаси тараққиётида янги саҳифа очиши керак. Хўш, соцреализм бадиият борасида қандай каромат кўрсатди? Бу саволга жавоб йўқ эди!» («Инсон йўл излайди», суҳбат-мақола. «Ўзбекистан адабиёти ва санъати» газетаси, 1996 йил, 26 апрель).
Соцреализм «инсоннинг ўзини англаш, ўзлигини топиш йўлидагина зина» бўла олмаслиги профессор Акрам Каттабековнинг «Тарихий ҳақиқат ва бадиий талқин» («Тафаккур» журнали, 1996 йил, 1-сон) мақоласида ҳам исботланган: «Соцреализм методининг «ҳаётни инқилобий тараққиётда кўрсатиш», жамият тарихини «синфий кучлар кураши тарзида акс эттириш» каби талаблари ижобий қаҳрамон ёнида, албатта, бирон салбий шахс бўлиши ва улар қўчқорлардек олишишини шарт қилиб қўяр эди».
Соцреализм қаҳрамон тимсолини яратишда бўлмасин, ҳаётни тасвирлашда бўлмасин, инсоният тарихини акс эттиришда бўлмасин ўз йўриқларига риоя қилди. Бу йўриқ Маркс асарларининг бузуқ талқинларидан, Лениннинг тарихий шароитни назарда тутиб тўқиган ғояларидан, ниҳоят, давлат тепасида турган кишиларнинг бошқарув усулларига мосланган қарашлардан иборат эди. Соцреализм методидаги «ҳаётни ҳаққоний акс эттириш» ибораси сиёсатчиларнинг ихтироси эди, холос. Аммо сиқувнинг зўрлигидан файласуфу назариётчилар, ёзувчи-ю адабиётшунослар соцреализмга илмийлик либосини кийдирдилар, унга салобат, вазминлик руҳини сингдирдилар.
Соцреализмнинг асоси — «ҳаётни инқилобий тараққиётда кўрсатиш» масаласига бир назар ташлайлик. Профессор Озод Шарафиддинов юқорида эслатилган мақоласида: «Айтадиларки, соцреализм воқеликни революцион тараққиётда кўрсатади. Бу нима дегани?» — дея асосли савол қўяди-да, — катта назариётчилар, жумладан, Луначарский буни шундай тушунтиради: «Ҳаётда камчиликлар борлиги аниқ, уларни қаламга олиш ҳаққоний бўлиши мумкин. Лекин камчиликлар, нуқсонлар ўткинчи, улар бугун бор, эртага йўқ. Сен ҳаётни келгуси кун юзасидан ёритишинг лозим. Шу тариқа ҳаётнинг яхши томонларига диққат қилиниб, салбийларидан кўз юмилган», — деган хулосага келади. Ҳаққоний хулоса. Ҳаётнинг ижобий ва салбий томонлари масаласини қўя турайликда, «сен ҳаётни келгуси кун юзасидан ёритишинг лозим», — деган фикрга диққатни қаратайлик. Соцреализм ҳаётдаги янгилик куртакларига эътибор беришни уқтирган. М. Горький совет ёзувчиси ўтмишдан сабоқ чиқариб, бугунни англаб етиб, келажак ҳақида ёзади, деб таъкидлаган. Келажакка шошилиш, истиқболга маҳлиё бўлиш — футуризмдир, Италия, Россия сингари юртларда авжланган фалсафий оқимдир. Маяковский — футурист. Хлебников — футурист... 20-йиллар ёшлари — келажак шайдолари, янгилик тарафдорлари... Пролеткультчилар орасида футуристлар, конструктивистлар кўп эди. Келажакка интилиб, келажакдан завқпаниб, кечаги ўтмишдан йироқлашиб, ундан бегоналашиб яшаш бор эди, маъқулланар эди. «Бу дунёда туғилмоқ, яшамоқ, ўлмоқ — янгилик эмас», — дегани учун Есенинни, унинг руҳини қанча бесаранжом қилдилар. Янги ҳаётда яшамоқ, меҳнат қилмоқ, келажакка интилмоқ — бебаҳо бахт, дея бонг уришди. Хулоса шуки, футуризм замон тақозоси, инқилобий ёшлар кайфияти сифатида соцреализм руҳига кириб қолди. Лекин у соцреализмнинг асоси, моҳияти эмас эди. Соцреализмнинг асоси, моҳияти марксча- ленинча диалектик материализмдан келиб чиқади.
Маркс, Энгельс идеалистик фалсафани, уни инкор этдилар. Илоҳиятга боғланадиган фалсафага қарши бориб, уни йўққа чиқариб, ўз назарияларини яратдилар. Олмониядан чиққан доҳийлар диннинг халқ учун афъюн эканлигини юз карра, минг карра турли алфозда таъкидладилар. Дин тарихи, Шарқда бўлмасин, Ғарбда бўлмасин, маърифат, маънавият, ҳақиқат тарихи билан узвий боғлиқ. Динни инкор этиш инсоният яратган маънавий-маърифий бойликларни бир йўла йўққа чиқармоқдир. Ботиний, руҳоний оламнинг ўз тартибот, ажойибот ўлчовлари, саволу жавоблари, баҳсу мунозаралари, мингларча ёрқин сиймолари бор. Кўз билангина эмас, қалб билан кўриш, англаш назариялари илоҳият оламида исботланган...
Маркс ва Энгельс инсондаги маънавий-руҳоний асосни инкор этгач, маймуннинг одамга айланишида меҳнатнинг аҳамиятини назарий асослай бошладилар. «1844 йилнинг иқтисодий-фалсафий қўлёзмалари» асарида К. Маркс меҳнат гўзаллик манбаи эканлигини уқтирди. Кейинчалик марксизмнинг улкан назарияси — гўзалликнинг ижтимоий концепцияси ҳар томонлама ривожлантирила бошланди. «Гўзаллик — ишлайиш. Гўзаллик — унган иш...» Қишни қиш, ботқоқни ботқоқ, тунни тун демай меҳнат қилавериб мажруҳ бўлиб қолган Павел Корчагин идеаллаштирилди. Айни саратонда, кун нақ тикка келганда ҳам тинмай ишлайверган Йўлчибой, Ғофир, Дўнанбой... сингарилар мадҳ этилди.
Қишлоқ хўжалигидаги оғир, ожизалар бажариши мумкин бўлмаган юмушларни бажариб жувонмарг бўлган Турсуной, Ширмонойлар ҳақида қўшиқлар куйланди, юзлаб, минглаб қизлар Турсуной, Ширмоной бўлишга қасамёд қилдилар, «Меҳнат аҳли» деб аталадиган қўшиқ бўларди, унинг мусиқаси зўр, ижроси олий эди. Радио ҳар куни, иложи борича, бу қўшиқни эшиттирарди. Ҳали ҳам қўшиқ тингловчини бефарқ қолдирмайди. Аммо унинг саёз мазмуни — кетмончи, колхозчи ўртоқларни меҳнат самарасини кўриш эмас, балки фақат ишлаш ва кўпроқ ишлашга чорлаши норозилик уйғотади.
Совет романчилигида меҳнат мавзуи, меҳнаткаш характерный яратиш ҳамиша долзарб, фахрли эди. Минглаб романлар орасида, менинг билишимча, иккита асарда эрта-ю кеч меҳнат қилавериш одамни инсонийликдан маҳрум этиши ёрқин кўрсатилган. Бири жабрдийда Андрей Платоновнинг «Бахтли Москва» романи, иккинчиси Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асари. Етим қиз Москваойни расмий пойтахт Москва коммунистик меҳнатгагина чорлар, норасмий Москва қизни бузуқликка, тубан ҳаёт кечиришга ундарди. Москваой меҳнат қила-қила мажруҳ бўлади, маишат, бузуқлик қила-қила инсонгарчиликдан чиқади.
Дарвоқе, нега А. Платонов ташландиқ қиз ҳақида асар ёзди. Ўйлаб кўрилса, совет адабиётида етимлар ҳақида ёзилган асар ниҳоятда кўп бўлиб, етимпарварлик совет сиёсати, мафкурасининг асосига айланаёзган экан. Феликс болалари ҳақидаги қўшиқ, ҳикоя, роман, фильмларнинг ўзи бир олам. 1941 — 1945 йилларнинг етимлари ҳақидаги асарлар-чи? Қуёшдай меҳрибон Ватан — етимнинг онаси, меҳнаткаш, мушфиқ халқ — етимнинг отаси... Етим бўлганлар, интернату етимхоналарда тарбияланганлар мустабид тузум ғазабига нисбатан камроқ дучор бўлдилар. Отасининг ножўя ишларини фош этган Павлик Морозов замоннинг эъзозли фарзанди аталди. Гап шундаки, ота-она, қариндош-уруғ болаларга дину иймонни, чин маърифату комилликка интилиш руҳини сингдирган. Советларга эса, ишдан бошқасини билмайдиган роботлар керак эди. Совет империяси учун коммунистик идея — оламни ўзгартириш ғояси муҳим. Чингиз Айтматовнинг «Кассандра тамғаси» романида коммунистик мафкура раҳнамолик қилган энг тубан, ғайриинсоний кашфиёт фош этилган. Романнинг мағиз-мағизидан марксизмнинг динга қарши қарашлари, коммунистик ғоянинг ғайриинсоний моҳиятини кўрсатиш англашилади. Бошқача айтганда, соцреализм моҳиятига сингдирилган марксча-ленинча назария инкор қилинади. Ўйлаб кўрилса, шўро адабиётида севги ҳам ўта юзаки тасвирланган. Нега? 20-йиллардаги инқилобчи ёшлар империализм ҳукмронлиги мавжуд бўлган бир даврда шахсий бахт — севги, оила қувончи сингариларни уят деб билганлар.
Инқилобчи севиш-севилиш ҳуқуқига эгами, оилавий бахтиёрлик ва жаҳон инқилоби масаласи ўзаро келиша оладими, деган масала жиддий баҳсларга сабаб бўлган. Павел Корчагин ўз севгисидан уялиб юрди, Павел Власов қалби билан эмас, ғоясига кўра қизга кўнгил қўйди.
Ғоядошлар севгиси ўзбек адабиётида тўлиб кетди. Зайнаб ва Омон, Сидиқжон ва Канизак, Ёдгор ва Муҳаббат, Саида ва Козимбек, Аҳмаджон ва Сўнагул, Пўлат ва Баҳор...
Ҳаётни инқилобий тараққиётда тасвирлаш — оламни бутунлай ўзгартириш демакдир. Революцион тараққиёт — дунёни ўзгартириш. Революция — бузиш, маромдаги ҳолатни остин-устин қилиш. Марксча файласуфлар, донишмандлар борлиқни ўзларича таърифлаб, тасвирлаб келдилар. Ўтмиш мутафаккирлари оламнинг яралишига қарши чиқмадилар: ўзларини табиатнинг парчаси, Худонинг — Яратувчининг бандаси, деб  билдилар. Яратувчи — Худога сажда қилди инсон. Ўзини табиатнинг фарзанди, деб билди инсон. Минг-минг йиллар давомида сайқаллашиб келган бундай қараш Марксга ёқмади. XX асрда Маркс назарияси амалда қўлланди, бироқ инқирозга юз тутди. Олам шундай мукаммал тузилганки, шу пайтгача ўтган пайғамбарлар, валлийлар, олимлар, ах,пи донишлар, санъаткорлар мана шу мукаммаллик, етуклик учун Яратганга шукроналар айтадилар. Алишер Навоий олам тузилишидаги мукаммалликни бундай тасвирлайди:
Қатрағача қулзуми заҳҳордин,
Заррағача шамсаи заркордин,
Они мунга, муни анга банд этиб,
Бир-бирига борчани пайванд этиб,
Воситалар бўлди аён тў-батў,
Бир-бирига боғланибон мў-бамў.
То тикилиб ушбу бийик боргоҳ,
Бўлди муҳайё бу улуғ коргоҳ.
«Бу улуғ кор гоҳ, бийик боргоҳ»даги энг шарафли зот инсондир. Наҳотки, шариф инсон зарраси-ю қатраси мукаммал яратилган борлиққа зулм қилса? Наҳотки, инсон зоти ўзини табиатга, борлиққа зид қўйса, «Биз табиатдан инъом-эҳсон кутмаймиз, уни ўзимизга бўйсундирамиз», деган даҳрий шиорни айтишгача борган бўлса?! Инсоннинг барча қутуришларига табиат чидади, «шариф-ку, инсофга келиб қолар», — дея ўзига таскин берди. Бўлмади. Табиат ҳам инсонга қарши бош кўтарди. Табиат ва инсон ихтилофи қиёмат қойимни накд қилиб қўйди. Инсон табиатнигина эмас, ўзини- ўзи нобуд этишга шитоб билан киришди. Қиёматнинг аниқ кўринишлари рўй берди.
Ададсиз шукрларки, башарият эси борида этагини ёпди — ялпи қирғин балосининг олдини олди. Афсуски, ҳамон инсон баъзи ўринларда ҳаддидан ошмоқда — табиатнинг темир қонунларини бузишга урин- моқда. «Халқ сўзи» газетасининг 1997 йил, 27 март сонида «пробиркада (шиша идишда — А.Р.) дунёга келтирилган одамлар» ҳақида маълумотлар берилди. «Труд» газетасининг хабарига кўра (1997 йил, 1 март) шотландиялик Ян Уилмут икки она қўй — совлиқдан Долли лақабли қўзичоқ олибди. Энди бундай қўзичоқларни қолипда қуйгандек қилиб кўпайтиравериш мумкинмиш. Америкалик олим Ричард Сид ҳар йили 200 минггача одамни «ксерокопия» усули билан кўпайтиришга ваъда берди («Труд-7», 1998 йил, 16 январь). Бундай илм, сўзсиз, шаккоклик, Тангри таоло ишига аралашишдир. Бундай ғайритабиий кашфиётлар аллақачонлардан бери бадиий адабиётда акс этмоқда, ўз мухлисларини топмоқца.
Социалистик санъатга борлиқни ўзгартириш ғояси инқилобий тараққиёт ибораси билан бирга кириб келди. «Инқилоб» совет кишиларининг севимли сўзига айланди. Оғизни тўлдириб, ғурур билан «инқилоб», «инқилоб» дейдиган бўлдик. Фарзандларга бу номни раво кўрдик. Аслида, инқилоб инсониятни жар ёқасига келтириб қўядиган офат экан.
XX аср инқилоблар, тўнтаришлар асри бўлди — у инсониятни қиёматга яқинлаштирди. Тўнтаришларга коммунистлар раҳнамолик қилдилар. Совет адабиётида коммунистнинг салбий типини яратиш мумкин эмас эди. Бу — тескари ҳақиқат эмасми?! Коммунистларни михларга (Н. Тихонов балладаси — А.Р.), оламни яшнатувчиларга менгзадик. Куйдирувчи, ёндирувчи лаҳча чўғни халқ «олов яшнади», дер экан. Бу ҳам тескари ҳақиқат эмасми?!
Соцреализм методида пайдо бўлган асарларни теран, атрофлича талқин қилиб бўлмайди. Бундай асарларда инсониятнинг минг-минг йиллар давомида тўплаган тажрибаси, қалбини эгаллаган эътиқоди, олам ҳақидаги ҳақиқий тушунчалари ифода топмаган бўлади. Биз соцреализмнинг етук намунаси деб билган асарларда реализм, постмодернизм, экзистенциализм бу- тун мураккаблиги, зиддиятлари билан акс этганлиги кўринаяпти.
Соцреализм шўро мамлакатида танқид қилина бошланганлигига эллик йил бўлди. Ярим аср давомида соцреализмни кескин танқид қилганлар ҳам, уни ҳимоя қилганлар ҳам кўп бўлди. Ҳозир соцреализмга хайрихоҳлик билан қарайдиганлар қолмаган. Пекин афсуски, баъзи олимлар соцреализмнинг асл моҳиятини — инқилобий жанговарлигини гоҳо унутиб қўядилар.
Профессор Умарали Норматов синчков, янги адабиётимиз тараққиётини беш қўлдек биладиган олим. «Тафаккур» журналининг 2006 йил 4-сонида унинг «Ўтилган йўлнинг баъзи сабоқлари» номли бамаъни мақоласи босилди. Аммо мақола пировардидаги мана бу фикр мени ажаблантирди: «XX аср жаҳон адабиёти ривожи манзарасини, тараққий этган носоциалистик мамлакатлардаги аҳволни кўз олдингизга келтиринг. Уларда хилма-хил оқимлар қатори соцреализмга мансуб асарлар ҳам озми-кўпми мавжуд».
Бироқ ҳеч қаерда уларга алоҳида устуворлик ҳуқуқи берилган эмас, бу метод туфайли адабий жараён жабр кўрмаган, бирорта ижодкорнинг бурни қонамаган. Жаҳон адабиёти ва санъатида, ҳатто бугунги кунда ҳам оз бўлса-да, шу йўналишга мансуб асар бўлган «Ошин» фильми бунинг ёрқин мисолидир.
Тан олиш керак, шўро даврида бизда ҳам айни шу йўналишда «Бой ила хизматчи», «Қутлуғ қон», «Синчалак», «Турксиб йўлларида», «Яловбардорликка» каби етук драма, роман, қисса ва шеърий асарлар майдонга келган. Энг катта фожиа шундаки, мустабид адабий сиёсат туфайли ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетди. Демак, айб адабий оқим — методда эмас, муайян методни давлат миқёсида яккаҳукмрон мафкурага айлантирган, шу тариқа уни бадном этган яроқсиз адабий сиёсатда!»
Биринчидан, «Ошин» зинҳор соцреализм методидаги асар эмас. Иккинчидан, мен «Қутлуғ қон» ва «Синчалак»ни «Бой ила хизматчи», «Турксиб йўлларида», «Яловбардорликка» асарлари билан ёнма-ён қўймаган бўлардим. Айниқса, Ғафур Ғуломнинг юқорида тилга олганимиз — икки асарида дин, миллий қаҳрамонлар оёқ ости қилинган. Октябрь тўнтариши осмону фалакка кўтарилган. Учинчидан, ҳар бир давлат мафкураси, сиёсати заминида аниқ фалсафа туради. Шўро давлати, коммунистик фирқа мафкураси асосида ҳужумкор, инқилобталаб марксча фалсафа ётарди. Сиёсат, мафкурани фалсафадан ажратиш мумкин эмас. Ҳозир бутун дунёда ирқчилик, терроризмга, динлараро ихтилофни кучайтирувчи мафкурага қарши кураш авж олган.
Хуллас, қон тўкилишига, вайронагарчиликка олиб борадиган мафкура, методга қарши кураш сира сусайгани йўқ. Социалистик реализм маъно-моҳиятига кўра инсониятни икки қарама-қарши гуруҳга ажратган, уларни ҳаёт-мамот жангига ундаган эди. Социалистик реализмни беозор, бошқа методдар қаторидаги адабий- эстетик қараш, дея баҳолаш тўғри эмас. Яна бир гап шуки, ўзбек ёзувчилари, айниқса, истеъдодли санъаткорлар соцреализмнинг жиноят тўсиғини поймол этиб, жонли, тирик одамни ҳаққоний тасвирлаш йўлидан четлашмаганлар. Тирик, жонли одам характери тасвирланган асарларда соцреализмнинг асл моҳияти сезилмай кетган.

Абдуғафур Расулов
"Бадийлик - безавол янгилик" китобидан