Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Навоий асарларида Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) таърифи
Facebook
Навоий асарларида Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) таърифи PDF Босма E-mail

Ҳазрат Навоий китоблари мумтоз анъанага мувофиқ Аллоҳга ҳамду сано, Пайғамбаримизга салавот, тўрт улуғ саҳобага мақтов ва шу асар ёзилишига сабабчи бўлган зотларга тазкира, васф ва таъриф билан бошланади. Жумладан, “Лисонут тайр” достонида Пайғамбаримизга (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) энг яқин саҳоба Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) таърифлари қуйидагича:

Улки султони расулнинг ёридур,
Сониъи иснайн изҳумо филғоридур.

Навоий ҳазратлари ушбу байтда “Савр ғори воқеаси”ни: “...икки кишининг бири сифатида (ватанидан) чиқариб юборганларида, икковлари ғорда туриб...” (Тавба, 40) оятидаги мазмундан келтирмоқдалар. Ҳижрий сананинг бошланиши ушбу тарихий ҳодиса билан боғлиқдир.

Алишер Навоий Аллоҳ розилиги йўлида чинакам дўстлар қандай бўлишини баён қилиш мақсадида, кейинги байтларда Савр ғори воқеасини тафсилотлари билан ёзади.

Ғор аро Ёриға айлаб жон нисор,
Ёри онинг отин айлаб ёри ғор.

Байтнинг мазмунида ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Расулуллоҳни    ғорда етиши мумкин бўлган барча хавф-хатардан асраш учун жонини тикишга шай тургани баёни келмоқда. Ҳикоятларда айтилишича, Расулуллоҳ (у зотга Аллоҳнинг салоти ва саломи бўлсин) бир оз дам олиш учун Абу Бакрнинг (Аллоҳ ундан рози бўлсин) оёқларига бошларини қўйиб, уйқуга кетадилар. Шу вақтда Абу Бакрнинг оёғини илон чақади. Расулуллоҳнинг    ширин уйқуларини бузмаслик учун Абу Бакр оғриққа бардош беради. Лекин бир томчи ёши у кишига бўйсунмасдан кўзларидан сизиб чиқадида, Пайғамбаримизнинг муборак юзларига томади. Шунда Пайғамбаримиз    уйғониб: “Эй Абу Бакр, сизга нима бўлди?” деб сўрайдилар. Ҳазрат Абу Бакр (Аллоҳ ундан рози бўлсин): “Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин, мени илон чакди”, деб жавоб беради. Пайғамбаримиз    жароҳат ерига муборак туфукларини суртиб қўйганларида, дўстлари оғриқдан халос бўлади. Мана шу иш сабаб Пайғамбаримиз    у кишига “Ғордаги дўстим” деб мурожаат қиладилар.

Қуйидаги байтлар орқали биз у Зотга дўстларининг муҳаббати абадий экани, ҳаёт чоғларида қандай садоқатли бўлсалар, вафотларидан сўнг ҳам дин, имон ҳамда дўстларига вафодорликда собит эканларининг гувоҳи бўламиз:

Мустофодин сўнгра аҳли иртидод
Чун хилофатҳа ул ўлди истинод:
Дин тариқида адоват туздилар,
Ким ҳужум айлаб жадал кўргуздилар.
Бергали ислом рукниға халал
Ким закот эрди аён айлаб жадал.
Ул ғазаб айлаб бу навъ этти хитоб:
Ким набий ҳонунидин бир ришта топ,
Ўксумак тағйир ила имкони йўқ.

У зотнинг    вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ ундан рози бўлсин) халифа бўлди. Шу вақт мусулмонлар ўртасида муртадлар ҳамда закот беришдан бош тортган кишилар пайдо бўлишди. Абу Бакр Сиддиққа (Аллоҳ ундан рози бўлсин), қай бир то ифа билан уруш қилинади, деб маслаҳат солинганида: “Аллоҳга қасам, агар Расулуллоҳга (жуаг) бериб турган бир улоқчани бермай қўйса, сўнгра улар билан дову дарахт, тоғу тош ва инсу жин келса ҳам, руҳим Аллоҳга эришгунча, курашаман”, деб закотдан бош тортган кишиларга биринчи бўлиб қарши чиқади.

Навоий ҳазрат Пайғамбаримиз    ҳамда у Зотнинг дўстлари мисолида чин дўст қанақа бўлиши лозимлигини, бу дўстлик қуруқ ваъдаларга эмас, балки ўзаро ишонч, мустаҳкам имон-эътиқод, ҳатто гоҳида жонфидоликни ҳам талаб қилишини кўрсатиб бермоқдалар.

Ўқувчи ҳазрат Алишер Навоий асарларида Пайғамбар ва чаҳорёрларининг ёрқин сийратларини кўради, бу сиймолар ҳаётидан ибрат ва тарбия олади.

Обидхон ИКРОМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Киргиз”
Ислом ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси