Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Ишқ ва комиллик жазбаси
Facebook
Ишқ ва комиллик жазбаси PDF Босма E-mail

Шарқ тарихида жувонмардлик,  тасаввуф, маломатийлик каби бир неча  қудратли таълимотлар ҳукм сургани яхши маълум, албатта. Бу таълимотлар бири иккинчисига йўл очиб, бири иккинчисини суяб ва бойитиб, гоҳида нималарнидир ислоҳ қилиб тараққий этишган. Бунда тасоддифий ҳаракат йўқ. Биринчидан, уларнинг ҳаммаси ҳам ислом дини заминида юзага келган, ислом маърифати ва ҳақиқатларига таянган. Иккинчидан, бош мақсад жуда яқин бўлган, яъни Инсон тақдири, унинг ижтимоий-маданий ҳаёти, эркинлиги, маънавий-руҳий камолоти ҳисобланган. Энг муҳими шундаки, ушбу таълимотларнинг ҳар бири ҳам ўз-ўзича инсоннинг ботиний оламига, айниқса, қалби ва руҳига чуқур кириб боришга алоҳида аҳамият берган. Бу ҳам табиий. Чунки Нажмиддин Кубро “Фавоих ул-жамол” рисоласида ҳаққоний таъкидлаганидек,  “фақат қалб ва руҳ – ёлғиз ана шу иккаласи Ҳақни излаган. Унга осий  бўлмаган ва Унинг амрига зид бир иш қилмаган, Ҳақ талабида куч сарф этган икки ҳақ эрур” . Шунинг учун Шарқда Қалб ва Руҳ илми барча илмларнинг манбаи, Руҳ ва Қалб мушоҳадаси Ўзликни билишнинг бош майдони деб белгиланган. Шахснинг ҳоли, қалби, руҳоният сирларини ўрганиш ва ўргатишни зиммасига олганлиги сабабли ҳам тасаввуф “илми ботин” дейилган.
Бугун ҳаммага маълум сабабларга кўра, шўро замонида тасаввуфни эркин ва зарур даражада ўрганишга имкон бўлмаганди. Мустақилликдан кейин аҳвол бутунлай ўзгарди. Энди тасаввуфни ҳам, тасаввуф адабиётини ҳам дадилроқ ўрганаётирмиз. Бироқ дадиллик, тезкорлик бўлсаю, билим, малака, масъулият етишмаса, бу ҳам янги муаммолар, янги-янги камчиликларни юзага келтирар экан. Мумтоз адабиётимиз, жумладан, Алишер Навоий ижодиётини текширишдаги аҳвол ҳозир тахминан ана шундай.
Сўфийликка алоқаси борми, йўқми, бундан қатъий назар, ўтмишда яшаб ижод этган ҳар бир шоирнинг асарларини тасаввуфлаштириш, беш-ўнта диний-тасаввуфий истилоҳ ва ибораларни илиб олиб зўрма-зўракилик билан уларнинг муаллифларига сўфийлик ёки мутасаввифлик “либоси”ни кийдириш умумий бир пойгага айланиб қолди, деса хато бўлмас. Очиғини айтиш керак, бу анча хавфли жараён. Ҳатто бора-бора кулгига сабаб бўладиган истиқболсиз уриниш. Шу маънода атрофга ҳам мундоқ назар ташлаб, илмдаги фойдали ва фойдасиз тажрибалар устида мулоҳаза юритсак асло зарар қилмайди. Мана, усмонли турк олими Метин Ақар нима деб ёзади: “Бугун ҳар бир шеърга тасаввуф нуқтаи назари ила қараш истагида бўлганлар адабиётимизнинг халқдан ажралишга, санъаткорларни унутилиш ва англанмасликка маҳкум қилмоқдалар. Бу йўлдаги ҳаракатлар шунга бориб етдики, ҳатто Хожа Насриддиннинг фикрлари ҳам тасаввуфга кўра шарҳ этилмишдир...” . Қарангки, бизда ҳам унчалик ортда қолиш бўлмабди. Чунки Насриддин Афандини тасаввуфга алоқадор қилиб кўрсатувчи фикр-мулоҳазалар матбуотда аллақачон босилди. Эътибор қозониш, донг таратиш, илмий даража олиш ёки “ким ўзар”га ёзилган мақола ва тадқиқотлар одамларнинг тасаввуфга қизиқишини бир қадар совутиб бўлди. Энди бебаҳо хазинамиз – мумтоз адабиётдан йироқлашувга, санъат дунёси ва санъаткорлик меҳнатига хусусан ёшларнинг эътиборсиз бўлишига йўл қўймаслик зарур. Ахир, адабиётшуносликдаги якранглик ва саёзлик шўро тузими давридагидан ҳам ошиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг олдини олиш учун нима қилмоқ керак? Аввало, тасаввуф ва тариқатлар тарихи, тасаввуф фалсафаси, назарияси ва эстетикасидан яхши хабардор бўлмоқ лозим. Зеро, тасаввуфга – тасаввуф, адабиётга – адабиёт деб қарай олиш ҳам оддий ишмас. Бунга эса тасаввуфга доир жуда қимматли бир неча манбаларни таржима қилиб чоп этмасдан эришиш қийин.
Алишер Навоийнинг “Насоимул муҳаббат” асарида энг кўп тилга олинган ва иқтибослар келтирилган китоблардан бири Али бин Усмон Жўллобий Ҳужвирийнинг “Кашфъул маҳжуби”дир. Бу нодир асар фақат тасаввуфшунослик жиҳатидан эмас, балки Шарқ тасаввуф адабиётини тадқиқ этишда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Демоқчимизки, тасаввуф ҳеч бир маънода ва ҳеч бир зайлда адабиёт манфаатларига дахл қилмаслиги, унга соя ҳам ташламаслиги керак. Тўғри, адабий меросини тасаввуф заминидан ажратиш мумкин бўлмаган бир неча ижодкорларимиз бор. Лекин улар барибир шоир-санъаткор. Айтайлик, Машрабнинг фикр-савияси, қалб мушоҳадаси, руҳи ва гўзаллик завқига ҳеч бир сўфи ёки қаландар яқин ҳам бора олмаган. Фақат  буюк шахси эмас, Машраб шеърияти ҳам такрорланмас. Бу шеъриятни тариқат ақидалари ёки тушинчалари “девори” билан ўраш, уни албатта халқдан ва ҳаётий-руҳоний таъсирларидан ажратиш демак. Бундан ким ютадию, ким ютқазади? Буни жиддий ўйлаш керак. Соф тасаввуф адабиёти вакиллари бизда бармоқ билан санарли. Бас шундай экан, адабиётни тасаввуф ортидан эргаштириш, унинг фаолияти ва ютуқларини ёлғиз сўфийликка тиркаш ташаббусига чек қўйиш жоиз. Алишер Навоий ижодиётига келадиган бўлсак, унда учрайдиган ҳар бир тасаввуфий истилоҳ, образ, рамз, ҳаттоки ишоратларнинг маъно ва сирларини имкон қадар яхши билишга интилиш ҳам қарз, ҳам фарз. Зеро Навоийнинг фикр, туйғу, руҳ ва санъат дунёсига эркин кириб боришнинг йўлларидан бири ҳам ана шу. Навоий асарларида учрайдиган у ё бу тасаввуфий истилоҳ, рамз ҳам баъзан маълум бир ҳақиқатни чуқур билиш, унга тамоман бошқача қарашга йўл очади. Масалан,  Алишер Навоий асарларини кўздан кечирсангиз “мажзуб” деган сўзга тез-тез дуч келасиз. Бу сўз, хусусан, “Насоимул муҳаббат”да кўп учрайди. Лекин асосий нарса ушбу калиманинг кўп ёки кам учрашида эмас, балки “Насоим”даги бир қанча ривоят ва ҳикоятларда мажзубнинг кимлиги, мажзублик ҳолати, ҳақиқати, асосий фазилати нималардан иборатлигини ёритишдадир. Мажзуб – жазба одами. Жазба эса кўпинча сулукка боғлиқ бўлмаган ва сулукдан олдин пайдо бўладиган ҳолат. Шунинг учун мажзублик йўли инсонни тариқатдаги қатъий талаб ва қидалардан фориғ этгувчи ўзига хос имтиёзларга ҳам эга эди. Нажмиддин Кубронинг “Ҳақ таолонинг мажзуб ва маҳбубларидин” бўлмиш Бобо Фараж билан учрашгандан кейинги ҳодисаларни хотирланг. Бобо “давот ва қаламни” ташлаб, илм таҳсилини тўхтатмагунча Куброни таъқиб этаверади. Чунки у илми ладуний ва мажзублик кашфининг ҳар қандай таҳсилдан юксак ҳамда самарали эканлигига тўла-тўкис ишонган. Албатта, ўзининг ҳоли, танлаган йўли, кўзланган мақсадига нисбатан қаралганда Бобо Фараж талабида ҳақ бўлган.
“Насоим”дан ўрин ажратилган мажзубларнинг аксарияти туркий қавмларга мансуб “Бобо”лар ва “Ота”лардир. Диққатни тортадиган яна бир жиҳат шуки, бу мажзублар фақат тасаввуф аҳли ёхуд фуқаронинг эмас, салтанат соҳиблари, давлат арбоблари, олим ва ижодкорларнинг ҳам ихлосу эҳтиромларига сазовор бўлишган. Бобо Сангу тўғрисида Навоий ёзади: “Замон мажзубларидан эрмиш. Соҳиби ботин киши эрмиш. Андхуд қасабасида бўлур эрмиш. Темурбек Хуросон мулки азиматиға юруганда Андхудқа етганда машҳурдурки, Бобо хизматиға борғандур. Ўлтурғондин сўнгра Бобо илайида бир суфрада яхна эт эркандур. Қўйнинг яхна тўшин олиб, Темурбек  сари отибдур. Темурбек ғояти ақлу закосидин дебдурки, Хуросонни ер юзининг кўкси дебтурлар. Ани Бобо бизга ҳавола қилди...” . Дарҳақиқат, ишорат тилида изҳор этилган шу башоратдан илҳомланиб Амир Темур кўп ўтмай Хуросон мулкида зафар қозонган  экан.
Бобо Али Маст Нисоий билан Султон Ҳусайн Бойқаро орасида ҳам айнан шунга яқин ҳодиса бўлган. “Насоим”да ўқиймиз: “Шоҳ Абулғозий аввал салтанат доиясида Бобо (яъни Бобо Али Маст Нисоий – И.Ҳ.) назариға етибдурлар. Илтифот назари топибдурлар ва Астробод азиматидаким, Саъдлу Ҳусайн устига юрубдурлар, Бободин рухсат тилай келибдурлар. Бобо дебдурки, “бору бор” ва умидворлиғ била борибдурлар. Астрободға етиб, душанба куни зил-ҳижжа ойининг ўн иккисида уруш бўлуб, аъдоға ғолиб бўлубдурлар” .
Ҳирот маданий муҳитида мажзубларнинг нуфузи юқори бўлганлигини кўрсатувчи далил ва маълумотлар “Насоим”да кўп. Булар орасида бевосита Навоий ва шоирнинг падари бузруквори Ғиёсиддин Кичкина билан алоқадорлари ҳам бор. Масалан, Навоий Бобо Сариғ Пўлот ҳақида, “Бу фақир била кўп улфати бор эрди” , деса, Бобо Шиҳоб тўғрисида, “Бу фақир била улфати бор эрди, қошимға келур эрди” , дейди.
Тасаввуфга доир махсус асарлар, айниқса, маноқибномаларга диққат  билан назар ташланса, сўфий, дарвеш ёки маломатийларга нисбатан мажзубларга бошқача бир қараш, алоҳида бир ишонч ва ҳурмат устивор эканлиги осон англашилади. Бунга асосий сабаб нима? Асосий сабаб, жазба кучи ва имкониятидир. Жазба сўзининг луғовий маъноси – жазб этиш, тортиш, жалб қилиш демак. Истилоҳий маъноси эса Ҳақнинг қулини ўзи томонга тортиши, илоҳий тажаллиларга сайри сулуксиз етишишдир. Шундай жазба соҳиби мажзуб дейилади. Абу Ҳафс Шаҳобиддин Умар Сухравардийнинг таъриф беришича, “Мажзуб – сайри сулуксиз, риёзат ва мужоҳаданинг қийинчиликларини қаршиламагани ҳолда, қалб ила Оллоҳ орасидаги ҳар турли униттирувчи пардаларни барҳам бера олган кишидир” . Шу маънода мажзуб аввал илоҳий зотни мушоҳада қилади. Қобилият даражасига кўра унга бир қанча сирлар кашф бўлади. Бунинг орқасидан сифати илоҳия ва асмо сир-асрори очилади. Сўнгра коинот моҳиятини бутун нозиклари ва мураккабликлари билан билишга эришилади. Хуллас, у “тавҳид манбасига тамоман ғарқ бўлганлиги учун ўз зотини Ҳақнинг ягона зотида, сифотини унинг сифотида, феълини унинг феълида кўради... Руҳ кўзи зотнинг жамол мушоҳадасига тикилгани замон, ашёнинг орасини ажратувчи ақл нури қадим зот нури ғалабасидан зоил бўлади” . Жазба ва ишқ оташида ёниб Ҳаққа талпинган мажзуб энди Ҳаққа чекинган чин ошиққа айланади. Шундай қилиб, солик энг охирда етган жойга мажзуб илк бошдаёқ етади. Соликнинг ҳоли Оллоҳга вуслат учун ашё ила мушоҳада. Мажзубники эса ашёни Оллоҳ ила мушоҳададир. Мажзубнинг жазбаси маҳв ва фано билан, соликнинг сулуки эса саҳв ва бақо билан охирга етади. Солик пастдан юқорига, мажзуб юқоридан пастга сайр айлайди. Жазба сулуксиз, сулук жазбасиз бўлмас, деган фикр шунга бир ишоратдир.
Баъзан илмда  важд ва жазба ҳоли айни бир нарса, деб қаралади. Буни тўла маъқуллаб бўлмайди. Важдда солик ёки ошиқ истаги, хоҳиш ва иродасининг қайсидир даражада ўрни бўлади. Жазбада бундай эмас. Унда инсоннинг ихтиёрига боғлиқлик йўқ. Жазба Оллоҳнинг севган ва энг танланган бандасига эҳсони. Ҳаммаси кутилмаганда ва ногоҳоний тарзда рўй беради: ишқ оташи нафс ва қалбдаги ҳижобларни ёндириб юборади. Руҳ ҳақиқат қайноғидан илҳомланиб парвоз бошлайди. Ҳақ тажаллиларининг мушоҳадасидан кўнгил беҳад фараҳланади. Ҳол завқи ила инсон беихтиёр ўзини унитади. Вужуди, нафси, ҳис-туйғулари, хуллас, бутун борлиғига тегишли  шуурни бой берган ошиқ маълум бир муддат фикр ва тушинчаларидан ҳам ажралади.
“Шундай валилар ҳам борки, - дейди Нажмиддин Кубро, - Ҳақ таоло уларни жазба билан яқийн даражаларига эриштиради – уларда сайру сулук ва мужоҳадага  муҳтожлик бўлмайди” . Бундай валилик умуман мақбул кўрилган. Лекин сулуксиз мақсадга эришилганлиги боис мажзуб валиларга ҳам иршодга рухсат этилмаган. Шайхлик мақомига соҳиб бўлмоғи учун сулук йўлини улар босиб ўтмоғи шарт деб ҳисобланган . Навоий мансуб бўлгани нақшбандийлик тариқатида ҳам жазба ва сулук мавқеи деярли тенг эди. Бу ҳақиқатни тасдиқлайдиган муҳим далиллардан бири Нақшбанд ҳазратларининг Хожа Муҳаммад Порсо таъорифидаги “Мақсуд бизнинг зуҳуримиздин анинг вужудидур ва анга икаласи тарийқ билаки, жазба ва сулук бўлғай, тарбия қилибмен” , - деган эътироф сўзларидир.
Мажзублар наздида,  пайғамбаримизнинг меърожлари жазба тимсоли эди. Улар Нур “нарвони” билан ниҳоятда қисқа фурсатда Ҳақ  даргоҳига юксалиш ва ирфонни эгаллашга шак-шубҳасиз  ишонишган. Мажзублар ҳамма нарсани Ҳақ нури ила кўриб, мушоҳада этганликлари учун илоҳий нур ошиғи бўлишган. Алишер Навоий Дарвеш Баширни “мажзуб ва соҳиби каромоту мақомот эрди”, дейди. Унинг кашф ва каромотини зоҳир этувчи бир воқеани  ҳам нақл этади: Бир кун бир жамоа шаҳардан ташқарига саёҳатга чиқадилар. Қуёш ботиб қаронғу бўлгунча дашт кезадилар. Қайтишда йўлдан адашадилар. Ногаҳон йироқдан бир дарахт узра порлаётган нурни кўриб шу томонга қараб юрадилар. “Эмдиким, етдилар, кўрдиларки, Дарвеш Башир ўлтирибдур ва бу ёруғлик андин зоҳир бўладур... Ул ёруғлиғ била йўлни топдилар ҳар қайси ўз уйларига бордилар” , - дейди Навоий. Албатта, кўпчилик учун бу ҳодиса ғайритабиий ва ишончсиз бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки мажзубларнинг руҳоният нури ва кароматларига иштибоҳ билан қараш ёки ишонмаслик ўтмишда ҳам бўлган. Бундан ташқари, зоҳидлар, обидлар, сўфилар, дарвешлар жамоасида бўлгани сингари мажзублар сафида  ҳам ёлғон даъво қилувчилар, содда, авом одамлар ишончни эгаллашга бел боғлаган риёкорлар, сохта кароматчилар йўқ деб бўлмасди Буни Абдураҳмон Жомийнинг “Нафаҳот-ул унс” муқаддимасида мажзубларга ўхшашга ҳаракат қилувчилар тўғрисида махсус тўхталганлигидан ҳам билиш мумкин. Лекин ҳақиқий мажзубларда ҳеч вақт сохтакорлик ёки алдовга мутлақо зарурият сезилмаган. Аксинча, ҳиссий-руҳий идрок ва олдиндан билиш қувватининг зўрлиги билан улар ҳар қанақа шубҳа ва ишончсизликка тезда барҳам берганлар. Шахсан Навоийнинг ўзи ҳам бунга иқрор бўлган ва шундай бир ҳодисани ёзиб қолдирган: Кунлардан бир кун Навоий бир киши билан кетаётганда шериги ундан “Нечук Бобо Пирийнинг ёнидан ўтмайсан. Сабаб недур?” – деб сўрабди. “Бу жиҳатдинки, фаҳш сўкар, манга хуш келмаски, анинг  фаҳшин эшитгаймен”, - дея жавоб берибди Навоий. Шунда шоирнинг ҳамроҳи, “Бобонинг каромати бор дейдилар. Олдидан ўтгил. Каромат соҳиби бўлса, сени сўкмайди”, дебди. Навоий бу таклифга кўнибди. Воқеа баёни давомида шоир: “Агарчи имтиҳон эрди, аммо ул дегандек илойидин ўтдим, сўкмади. Одатининг хилофи – дуо қилди” , - дейди.
Мажзублар Ҳақдан бошқа ҳеч нима билан қизиқмас, Ҳақдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмаганлар. Уларнинг бор-йўқ бойлиги ишқ ва ҳақиқат бўлган. Шунинг учун улар том маъноси ила эркин яшашган, ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам тўғри сўзлашдан чўчишмаган. Зеро, мажзубликда комилликнинг тамали – тўғрилик, куч-қуввати эса Ҳақ севгиси ва ҳаққат эди. “Насоим”даги икки ҳикоят бу жиҳатдан алоҳида диққатга молик. Улардан бири Бобо Ҳасан Турк отли мажзуб ҳақида: Бир қиш кечаси. Қор ёққан. Ҳаво жуда совуқ. Бобо Ҳасан қалбида жазба бошланади. Яланғоч ҳолда у ташқарига чиқади. Совуқ тунда бехуд кезади. Тонгга яқин жазбаси таскин топади. Ана шундагина совуқ таъсирини сезади. Иттифоқо, ҳаммом гулханидан ўт ёруғи кўринади. Бобо Ҳасан исиниш ниятида ўша жойга боради. Аммо қўлида кафча, ўт ёндираётган гулхантоб Бобо ҳар қанча талаб қилмасин, унга жой бўшатмайди. Шунда у қизиб турган кафчани тортиб олиб гулханчининг бошига урганида у дарҳол жон таслим қилади. Эртасига Бобони жиноятчи сифатида Шоҳруҳ Мирзонинг ҳузурига олиб борадилар. Бўлган  воқеа арз қилинади. Сўнг: “Шоҳруҳ Мирзо сўрубдурки, Бобо, сени дейдурларки, бировни ўлдурубсен? Андоқмудур? Дебдурки, ҳов, андоқдур. Мирзо сўрубдурки, нечун ўлдурдунг? Дебдурки, мунчани сен ўлдурдунг, бировни дағи мен ўлдурдум...” .
Асло кутилмаган бу гап Шоҳруҳ Мирзони гўё тил тишлатибди. Марҳумнинг ворисларини рози қилиб, Бобога кетиш учун рухсат берибди. Албатта, бу ўринда одам ўлдириш – мажзубликми, мажзублик – қотилликми, деган бир савол туғилмаслиги керак. Чунки Бобо  Ҳасан гулхонтоб ёнига борганида жазба уни тарк этган эди.  Жазба ҳоли давом қилганида эҳтимол у бир бечоранинг умрини завол қилмасди. Аммо шоҳ олдида ҳам титраб-қақшамасдан мажзублик эркинлиги ва шижоатига унинг содиқ қолиши  - бу, жуда муҳим. Шунингдек, бунда мажзубликнинг хос бир “имтиёзи”ни ҳам назардан соқит этмаслик лозим. Бу – мажзубнинг фавқулодда бетарафлиги, ҳеч қандай шахсий манфаатлар билан қизиқмаслиги ва Оллоҳга яқинлик ҳолига тегишли. Шайх Жамолиддин Лур, Навоий таъбири билан айтганда, “қувваий жазба”си зўр мажзублардан ҳисобланган.  У кўпинча мажзублик ҳолидан ажралолмаганлиги туфайли шатх сўзларни айтар экан. Ниҳоят шариат уламолари уни кофир деб эълон қилиб ўлимга фатво беришибди. Лекин икки тасаввуф шайхининг “Ул мажзубдур ва мағлуб, анинг қатли жойиз эмас” , деган кўрсатмаси боис подшоҳ Отабек Абубакр Жамолиддин Лурни ўлимга ҳукм қилмаган экан. Бобо Али Пойи Ҳисорий қатлига доир воқеа баёни орқали эса мажзубни ўлдириб бўлмас, деган маъно таъкидланган.
Энди юқорида белгиланган иккинчи ҳикоятга қайтсак. Султон Маҳмуд Сабуктегин бир қиш фаслида бошқа диёрлар ишғоли учун ҳарбий юриш бошлайди. Ҳаким Саноий эса буни мадҳ айлаб қасида битади. Доим чоғирнинг қуйқасини ичганлигидан Лойхўр дея танилган бир гулханчи мажзуб бор экан. Бир куни Саноий гулханхона эшигига яқинлашганда шу маҳжуб ила соқийсининг шундай суҳбатини эшитибди: “Бир аёғ тўла қилиб берки, Ғазнавий Маҳмудғинанинг кўрлукига ичай”. Соқий: “Маҳмуд подшоҳи исломдур ва ғозий кишидур. Нечун мундоғ дегайсен?” дебди. Лойхўр эса Маҳмуднинг босқинчилиги ва ҳорислигини қоралаб бўлиб, “Яна бир аёғ тутки, Саноий деган шоирнинг кўрлигига ичай”, - дебди. Соқий: “Саноий фозил ва латиф табъ киши. Нечук бу навъ дегайсен?”- дея эътироз билдирганда Лойхўр: “Агар ул латиф табъ бўлса эрди, бир ишга машғул бўлғай эрди, анинг бир иши ярағой эрди. Бир неча газофни бир қоғозға битибдурки, анинг ҳеч ишига ярамас ва билмаски, ани не иш учун яратибдурлар” , - дебди. Ана шу аччиқ, аммо ҳақ фикр таъсирида Саноий “ғафлат мастлиғи”дан бедор бўлиб, сулукка кирган экан.
Ҳеч шубҳасизки, ҳамма чин мажзублар каби Лойхўр  ҳам басиратга таянган. Саноийнинг  эшик ёнига келишини ҳам, тинглаган гаплари унга қандай таъсир ўтказишини ҳам бу мажзуб аниқ билган. Акс ҳолда у сўзни беҳуда исроф қилмаган бўлурди.
Мажзублик завқи билан шоирлик завқи ўртасида маълум бир яқинлик борлиги учун баъзи мажзублар шеър ҳам ёзишган. Шулардан бири Мир Муфлисий. У асли Машҳаддан бўлган. Илм таҳсилига берилиб кўп вақтини меҳнат ва риёзат оғушида ўтказган. Шеърий салоҳияти ҳам ёмон бўлмаган. Аммо жазба етишгач у ақлдан ажралган. Қизиғи шундаки, мажзуб Муфлисий билан, ақл-ҳуши ўзига қайтган Муфлисий орасидаги фарқланиш аниқ кўриниб турган. Навоий “Мажолис ун-нафоис”да буни шундай қайд этади: “Ҳуши борида яхши абётлар айтиб эди. Аммо жунун вақтида бу байтни кўп ўқур эрдиким:
Балои маргу андуҳи қиёмат,
Чу чанбар сохт моро нахли қомат” .
(Мазмуни: Ўлим балоси ва қиёмат қайғуси қоматимиз дарахтини чанбардек эгиб қўйди).
Жазба вақтидаги айрим зоҳирий ҳаракат, сўз ва қилиқ ёки иддаолар жинниликка ўхшаб кетиши мумкин. Навоийнинг Мир Ҳайдар Мажзубга доир илк мулоҳазаларини ўқиганда ҳам шундай фикр хаёлдан ўтади. Бироқ бу ўринда ҳам Навоий  “Гоҳеки ўз ҳолиға келса эрди, уламо билан улум баҳсин андек қилур эрдиким, барча мусаллам тутар эрдилар” , - дея изоҳ беришни унитмайди.
Зеро, улуғ шоир мажзублик ҳоли сир-асрорини чуқур билган, мажзубларга беписандлик Ҳаққа мақбул бўлмаслигини инобатга олган. Абдулкарим Қушайрий мажзубнинг ботиний аҳвол-руҳиясига тўхталиб, илоҳий бир муомалани мустасно этганда, қолган ҳамма пайт мажзуб Оллоҳ иродаси билан идора қилинишини, эски ҳолига қайтишида унинг на шахсий ғайрати, на хоҳиш-иродаси таъсир ўтказишга қодир эмаслигини ёзади . Мажзубнинг энг буюк ва дахлсиз руҳоний қудрати ҳам мана шунда.
Ҳеч шак-шубҳа йўқ: сайру сулук инсоннинг башарий “Мен”ини нафс ва шайтонга тобеликдан қутқарадиган хосиятли йўл. Бу йўл ниҳоясига етиша билган  киши ахлоқ-одобда, феъл ва сифотда, фикр ва иродада фавқулодда холис янги Ўзликка эришади. Сухравардий буни жисмоний туғилишдан кейинги – иккинчи, янги маънавий тузилиш деб таърифлайди . Ҳақиқат аҳли томонидан “қиёмати суғро” (“Кичик қиёмат”) деб ҳам аталган иккинчи маънавий туғилишда ошиқнинг ҳоли – унинг сулуккача бўлган, риёзат, мушоҳада, покланиш машаққатларига ҳали киришилмаган ҳолидан кескин фарқ қилади. Унинг ахлоқий, ҳиссий ва фикр ҳаёти аввалгисига бутунлай ўхшамайди. Бунда муршиднинг хизмати ва ҳиссаси беқиёсдир. Лекин гап шеър ва шоирликка келиб тақалганда, масалага анча кенг ва ўзгачароқ тарзда қараш заруриятини ҳам ҳисобга олиш керакка ўхшайди. Чунки шеърият ҳам такрорланмас бир маънавий “сайру сулук”дир. Шеъриятда ҳам иккинчи, яъни янги маънавий туғилишсиз улуғ шоир қад ростлолмайди. Бизнинг назаримизда, ҳақиқий шоирлик билан мажзубликда моҳиятан ўхшашлик бор. Илоҳий Гўзалликнинг ўзига тортиш ва жазб этиш қудратига беихтиёр таслим бўлиш ҳоким. Мана, “Исо нафаслиқ ринди Шероз” буюк Ҳофизни олиб кўрайлик. У бирор бир тариқатга мансуб бўлмаган. Иродат қўлини ҳеч бир пирга чўзмаган. Аммо жонбахш сўз ва ифодалари аҳли тасаввуф табиатига шунчалик уйғун келганки, кўплар бундан таажжубланишган. Навоийнинг ёзишича, ҳатто Хожагон тариқатидан бир муътабар зот “ҳеч девон Ҳофиз девонидин яхшироқ эмас, агар киши сўфий бўлса. Бу фақирға андоқ маълум бўлубдур ва машҳур мундоқдурки, ҳазрат Мир Қосим қ.с. аларнинг девонини “Қуръони форсий” дер эрмишларки, Каломуллоҳ оёти маънисидин мамлу ва асрору нукотидин машҳурдир”, - деган экан. Демак, ўз-ўзидан равшанлашаётирки, дил ва руҳоният фотиҳи Хожа Ҳофиз ҳаётда ҳам, ижодда ҳам тариқатгамас, шаффоф дил, улвий ҳол соҳиби ўлароқ жазба ва ишққа суянган. Фақат ҳузури илоҳияга кўтарилган, нур ва латоиф ошиғи бўлган шоиргина Ҳофизга эргашиб ёниши ва ёзиши муқаррардир. Бир неча машҳур шайхлар, жумладан Нажмиддин Кубро ҳазратлари ҳам Оллоҳга элтувчи йўлларнинг адади яратиқларнинг адади қадар беҳисоблигини махсус таъкидлашган. Шу йўллардан бири – жазба ва мажзублик. Бу йўл – ишқдан ҳолга, ҳолдан қалб ва руҳга, руҳдан Ҳаққа йўналтирувчи ҳуррият йўли. Жазба “тажриба”си ила Ҳаққа восил бўлганлар – Оллоҳ лутфи эҳсони ва инояти ила комилликнинг олий мақомини эгаллаган, инсон тақдири, қадр-қиммати ва эркинлигини тамасиз шарафлаган зотлардир. Шунга кўра ҳам Навоий мажзублик ҳолоти, хислат ва имтиёзларидан сўз юритган. Навоийнинг ишқ ва жазба тариқати сифатида эътироф этилган нақшбандийлик тариқатини танлашида ҳам ҳали очилмаган, илмда ҳали махсус ўрганилмаган сирлар борга ўхшайди. Хуллас, доҳий шоиримизнинг жазба завқи ва ёлқини аксини топган шеърларига бошқача кўз қараш ила ёндошиш, кўпроқ кўнгил ҳоли ва руҳ манзаралари тасвирланган бу шеърларни янги усулларда тадқиқ қилиш мақсадга мувофиқдир. Ана ўшанда Навоийнинг “Ўз ҳолига саргаштаву ҳайрон” бўлиш ҳиссиётларининг маъно-моҳиятини англаш, таҳлил  этишдаги тахминбозлик ва ўзбошимчаликлар барҳам топади, деб ўйлаймиз.

Иброҳим Ҳаққул