Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Тасаввуф ва Навоий шеърияти муносабатига доир
Facebook
Тасаввуф ва Навоий шеърияти муносабатига доир PDF Босма E-mail

Тарихдан  маълумки, тасаввуф бизнинг адабиётимиз, санъатимиз ва мусиқамиз тараққиётига алоҳида таъсир ўтказган таълимотдир. Шунингдек, тасаввуфнинг шахс тарбияси ва камолоти жабҳасидаги хизматлари ҳам кўп жиҳатдан ибратли эрур. Покистоннинг файласуф шоири Муҳаммад Иқбол таъкидлаганидек. “Ихлосли ва ҳақиқий моҳиятга эга бир жараён бўлган тасаввуф муассасасининг юзага чиқиши, ҳеч шубҳа  йўқки, мусулмонликда диний тажрибанинг такомили ва тўғри тараққий топишида муҳим омил бўлган” . Шу боисдан ҳам “мутасаввифларнинг метафизик қарашлари бизнинг тушунча ҳаётимизда янгилик ва юксалиш манбаи эканлиги эътибори ила бағоят фойдалидирки, уларни ўзимизнинг қарашларимиз билан муқояса қилиб яхши натижаларга эришишимиз мумкин” .
Дарҳақиқат, тасаввуф аҳлининг ташқи дунё билан ички дунёни ажратмаслик, ахлоқ, қалб ва руҳ тарбияси орқали инсонда қудратли бирлик туйғусини яратиш тажрибалари ҳамма замонлар учун ибратли.
Тасаввуф ва тариқатлар тарихига чуқурроқ назар ташланса, тасаввуфнинг бошқа дин ва ҳар турли ноқис фалсафий оқимлар таъсиридан холи, соғлом ва илғор фикрларга тўла таянган даври - илк сўфийлар даври эканлиги равшанлашади. Араб олими Абдуқодир Маҳмудга кўра бутун тарих мобайнида юзага чиққан тасаввуфий ҳаракатлар учга ажралади:
1. Салафий тасаввуф. 2. Сунний тасаввуф. 3. Фалсафий тасаввуф.
Салафий тасаввуф Муқотил б. Сулаймон (вафоти 150/767) билан бошланиб, Имом Малик (вафоти 179/795) томонидан юқори чўққисига кўтарилган. Сунний тасаввуф аҳли байт ва Жаъфар Содиқ (а. 148/765) воситасида юзага чиққан. Ҳорис Муҳосибий (в. 243/857) ва Жунайд Бағдодий (в. 297/909) ила шаклланган. Имом Ғаззолий (в. 505/1111) уни такомилга эриштирган. Ғарб фалсафаси ва шиа - ботиний қарашларга ўрин берган фалсафий тасаввуфнинг туғилиши ва равнақи Сухравардий Мақтул  (в. 587/1191), Ибн Арабий каби мутасаввиф ҳамда олимларнинг номлари билан боғлиқ. Бу ҳаракатлар, ҳеч шубҳасизки, бир-биридан фарқланадиган, айни пайтда бир-бирини инкор айлайдиган нуқтаи назар ва тушунчаларга ҳам эрк берган. Натижада тасаввуф ва тариқатлар фикрий ихтилоф, амалий инкор ва нуфуз талашувлар майдонига айланган. Сунний тасаввуфга қарши шиддатли кураш авж олдирилган. Сунний тасаввуф тарихи ва ҳақиқатлари мукаммал бир тарзда ёритилган “Таъарруф” китобининг муаллифи Калобозий  ёзади:  “Ниҳоят тасаввуфдан маъно кетди, исм қолди. Ҳақиқат пинҳон бўлди, шакл  зоҳирга чиқди... Тасаввуфни қабул қилганликларини тилларида иқрор этганлар, хулқ-атворлари ва амаллари билан бу йўлни инкор этдилар. Тасаввуфни халққа тушинтириш ҳолатидагилар бу йўлнинг ҳақиқий моҳиятини яшириб, тасаввуфга алоқаси йўқ нарсаларни тасаввуфга киритдилар ва унга нисбат бердилар. Шу тарзда бу йўлдаги ҳақ нарса ботил ўлароқ кўрсатилди...”.
Бундай шароитда тасаввуф тўғрисида холис сўзлаш, унинг ҳақиқатларини асл ҳолида халққа тушунтириш ёки тарғиб қилиш албатта мумкин эмас. Оқибатда тасаввуфга нисбатан нафрат уйғонди. Лекин ҳеч қандай душманлик ва ғаразли ҳаракатлар моҳияти соф, ҳақиқатлари инсон камолотига қаратилган тасаввуф ҳаракатини тўхтата олмади. Санъат, шеърият, мусиқа тасаввуфга қанот бағишлади.
Шуни унутмаслик керакки, тасаввуф қанчалик мураккаб бўлса, шунчалик зиддиятли, баъзан оқ билан қорани ажратишга унча имкон бермайдиган бир таълимотдир. Шу боис баъзилар уни кашфу каромат сотиш деб англашса, айримлар аҳвол ва муроқаба билан чекланувчи бир “илм” деб билишган. Бир қисм одамларнинг тасаввурида тасаввуф қандайдир хусусий одат ва тақлид иши бўлса, бошқа бировлар унга тараққиёт учун зарарли ва жамият ҳаётидан узоқлашувга чорловчи узлатпарастлик деб қарашган. Тасаввуф деганда сир ва ғайб олами билан алоқани англовчилар ҳам кам бўлмаган. Маълум бир гуруҳ кишилар эса ваҳдати вужуд ва ваҳдати шуҳуд назариялари билан фалсафий рангга бўянган тушунчаларни қабул қилиб, чинакам тасаввуф ана шудир, деган қатъий хулосада туриб олишган. Ҳолбуки, чинакам тасаввуф, Шарқнинг кўп буюк санъаткорлари қатори Алишер Навоийнинг ҳам диққат-эътиборини ўзига қаратган тасаввуф мутлақо бошқадир. У ишқ, маърифат, руҳоният тасаввуфи, том маъноси ила комиллик тариқидир.
Айрим тасаввуфшунослар сўфийликни уч жабҳада тадқиқ этишни тавсия қилишган. Шулардан бири - таассурий-руҳий тасаввуф. Бу ишқ ва жазбага таяниш тажрибаси бўлиб, алоҳида нуфузга эга. Чунки шайтон ҳам бир замонлар солик бўлган, бироқ ҳеч вақт муҳаббат ва ишқ ҳиссиётларига соҳиб бўлмаган экан. Демак, жазба ила ёниб ишқ асирига айланганда у йўлдан озиб, абадий лаънатга учрамасди. Зеро, ич туйғулари ишқдан бегона  соликнинг йўли ҳамиша таҳликали. Тасаввуфнинг энг катта хизмати ҳам ишқни инсон ҳаётининг туб асоси ва руҳониятининг нури деб эътироф этганлигидир. Алишер Навоийга кўра ҳам агар кўнгилда ишқ оташи ёнмаса, кофирлик билан мусулмонликда фарқ қолмайди. Ишқ бўлмаса, мусулмонлик ҳам, зуҳду тақво ҳам қуруқ даъводир:
Хуллас, ишқ ва комиллик моҳияти тасаввуфдан четга сурилди дейлик. Тасаввуф Навоий учун тириклик, гўзаллик, боқийлик руҳини бой берарди. Тасаввур этингки, тасаввуфда маърифат ва тафаккур завқи бўлмаган. Навоий бундай тасаввуфга яқин ҳам бормаган бўларди. Инсон руҳининг сир-асрорларини кашф қилишда Навоий тасаввуфдан кўп нарса ўрганган. Бу ҳақиқатга тўла иқрор бўлиш учун, ҳеч бўлмаганда. Навоий ўқиган тасаввуфга доир илмий, тарихий, адабий манбаларнинг маълум бир қисми билан топишмоқ лозим.
“Хамсат ул-мутаҳаййирин” хотимасида Навоий устози Абдураҳмон Жомий хизматида “таълим ва истифода” юзидан ўқиган ўндан зиёд китоб рўйхатини келтирадики, уларнинг аксарияти тасаввуф ҳақида. Булар: “суфия машойих истилохила битилган” “Лавоеҳ” ва “Лавомеъ”, “Шарҳи рубоиёт”, “Нафаҳот ул-унс”, Хожа Муҳаммад Порсонинг “Қудсия”си, Хожа Абдуллоҳ Ансорийнинг “Илоҳийнома”си ва б. Мана ўша хотимадан бир парча: “Яна ҳазрати шайх-ул машойих фахр ул-миллатвад-дин Ироқийнинг “Ламаот”идурким, Ҳазрати Махдум ул китобни бу фақирға сабақ айтурда айтур эрдиларким, “Бу китобни нодон ва беандом таврлиғ ва номаҳвор равишлиқ элининг кўпроқ машғуллиқ қилғони хавос аҳлида  бадном қилғон эрмишким, баъзи ўқимас эрмишлар. Бу жиҳатдин бу китобнинг хўблуқлари яшурун қолғон эрмиш”. Асру изҳор хушҳоллик ва сурур қилурлар эрди, шарҳ битмагига доғи бу боис бўлди”. Шунингдек, Навоий Ҳужвирий, Имом Қушайрий, Сухравардий, Имом Ғаззолий, Ибн Арабий каби ислом алломаларининг асарларини ҳам пухта билган. Навоийнинг тасаввуф билан алоқасини белгилашда бундай фактларга жиддий қараш керак.  Навоийшуносликда худди шу жиҳат етарли даражада инобатга олинганича йўқ.
Навоий ижодиётининг тасаввуф билан боғланишларини исботлашга ташқаридан “далил” ахтаришга эҳтиёж йўқ: улар шоир ижодиётининг ўзида мавжуд.
Маълумки, Вақт – бу ортда қолган ўтмиш елдай илгарилаётган замон ва ҳар турли орзу-умидлар ила олдинга чорлайдиган келажак. Давр, замон ва тарих Вақтнинг энг катта ўлчамларидир. Лаҳзалар соатларга, соатлар кунларга, кунлар ой ва йилларга айланаркан, уларнинг ҳаракат тарзида тўхташ эмас, эврилиш ҳосил бўлади. Лаҳза мазмуни ва кучини англай олмаган, умр лаҳзалари ҳодиса даражасига юксалишини билмаган инсон ҳеч пайт соат, кун ёки йил зиёси ила кўнгилни мунаввар эта олмайди. Зеро, Вақт мазмуни ва сири ташқи бирликда эмас, Шахснинг руҳи ва дилида яширинган. Вақт туйғуси, вақт маърифати – барча маърифат ва самовий туйғуларнинг тамали эрур.
Инсон  умри Вақтнинг бир қисми ва парчаси. Вақт аслида ибтидо ва интиҳоси номаълум сўнгсизлик демак. Дунёдаги деярли барча мавжудлик шу сўнгсизликка тобе, унинг муросасиз ҳукмига таслим. Чуқурроқ мушоҳада этилса, вақт чегараси, вақт бирлиги, вақт мезони деган тушунчалар ҳеч пайт одамга тўла-тўкис қувонч бермайди. Вақт учқурлиги ва тасарруфи ҳақида ўйлар экан, ҳатто энг калтафаҳм кимса қалбида ҳам бир маҳзунлик пайдо бўлади. У истасин, истамасин, шахсий ҳаёт маънисини ғалат англаганлигидан, ички ёлғон ва такаббурлигидан, зоҳирпарастлик ва тафаккур маҳдудлигидан, албатта,ҳижолат чекади. Ўзликни идрок қилиш ва ўзлик тўғрисидаги нотўғри қарашлардан қутилиш кўпинча ана шундан бошланади. Тақдирдан шафқат ва мурувват тилаш мумкин. Бироқ Вақтдан шафқат ва мрувват тилаб бўлмайди. Шарқ алломалари Вақтни кескир қиличга ўхшатишган. Бу “қилич”дан ўзингизни қанча кўпроқ муҳофаза этсангиз, ақл таҳликага ўшанча ортиқроқ ён беради, риё, қўрқув ва мунофиқлик ботқоғига ботиш хавфи ўшанча кучаяди. Ва булар охир-оқибатда қалб таназзулига сабаб бўлади.
Вақтга фақат  маънавий-руҳий ҳаракат ва маърифий фаолият ила юзлашиш лозим. Хуллас,  Вақт олдидаги масъуллик у билан алоқа ўрнатишнинг ўзига хос “мақом”ларини эгаллашни талаб қилади. Шу маънода тасаввуф аҳлининг фикр-қарашлари  ва ҳаётий тажрибалари жуда ибратли. Ибратлиси шундаки, улар вақтнинг энг “кичик” бирлиги ҳисобланмиш дам ва лаҳзанинг мазмунига алоҳида аҳамият бергандирлар. Шарқнинг кўп буюк санъаткорлари сингари Алишер Навоийнинг Вақтга доир қарашлари, муносабат тарзи ва ундан кўзда тутган мақсадлари ҳам тасаввуф маслаги билан чуқур алоқадордир.
Абул Муҳсин Муҳаммад Боқир асарида Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг шундай фикрлари келтирилган: “Нафасни зое кетишга йўл қўйманг ва бундан эҳтиёт бўлинг: “Ман заййиъа вақтаҳу фа вақтаҳу  мақтун” – “Ким вақтни зое қилса, бас, у вақт душманидур”. Ва уни  идрок қилишга интилиш лозим. Айтдиларки, ҳар ким ўз вақтидаги вазифасини адо қилиш билан машғул бўлса, уни “соҳибъул вақт” – “вақт соҳиби” дейдилар… Бу вақт соҳиби вақтнинг тасарруфидан қутулган, балки уни ўз тасарруфигга олган бўлади, яъни ҳар бир вақтни энг муҳим ва авло ҳолга сарф этади. Уни “Абъул вақт солик” - “Вақт отаси бўлган солик”, дейдилар.  “Ибнуъл вақт” – “Вақт ўғли” шундай соликки,ҳол унга ҳужм ва ғорат қилувчи тарзда рўй беради ва тасарруфи билан соликни ҳолатдан узоқлаштиради, ўз ҳукми остида бўйсундиради”.
Тасаввуф нуқаи  назарида нафас уч маънони англатади: 1. Тирикликни таъминловчи нафас, яъни ҳаво; 2. Дам, фурсат, лаҳза; 3. Муршиддан етадиган файз ва ишқ ўтида ёнган қалбнинг фараҳланиши. “Рисолаи Кушайрий” муаллифининг таърифлашича, нафас соҳиби ҳол соҳибидан кўра нозиктаъб ва кўп покизадир. Вақт эса васл соҳибларига, ҳол руҳ соҳибларига, нафас эса  сир соҳибларига хосдир. Демак, қалб соҳиблари вақтга, руҳ соҳиблари холларига, сир соҳиблари нафасга лоқайд бўлишлари мумкин эмас. Навоийнинг Вақт, Ҳол ва Нафас баҳсидаги анча-мунча фикр-туйғулари мана шу уч асосга таянади. Тасаввуфда Вақт – ўтмиш (мозий) билан келажак (мустақбал) ўртасидаги замон бирлиги ҳисобланади. Бу ҳақида Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб”да ёзади: “Ўтган рўзгор адамдур.  Келмагандин сўз  айтқон аҳли надамдур (пушаймон ва афсус этувчилар) ва ҳол муғтанамдур (ғаниматдур). Бир турк бу маънида дебдурким: “Дам бу дамдур”.
Байт:
Мозию мустақбал аҳволин такаллум айла кам,
Не учунким, дам бу дамдур, бу дамдур, бу дам”.
Навоий “бир турк” деганда кимни назарда тутган – буни аниқ айтиш қийин. Лекин ўша турк Нажмиддин Кубронинг “Фавоихъ ул-жамол” номли рисоласидаги мана бу фикрлардан хабардор бўлган бўлиши керак: «Вақт кескир бир қиличдир. Агар кескир бўлмасайди, англаб, идрок этиб улгургунингча сени кутарди. Ҳолбуки, у кескир бир  қилич ҳаракати ила ҳукмини адо айлар. Сўфий “Ибнуъл вақт” эрур. У кечмишга ҳам, келажакка ҳам боқмас. Чунки унинг мозий ёки мастақбалга кўз тикиши, айни дамдаги вақтини беҳудага сарф қилиши демакдир.. ”. Лекин шуни ҳам эсдан чиқармаслик керакки, айни дамдаги вақтини беҳуда сарф қилмаган киши ўтмишга қул бўлиб қолмаганидек, келажакдан ҳам бир хатар сезмайди. Шу боис Алишер Навоийнинг лирик қаҳрамони Вақт ҳақиқати ва шодликларини мозий ва келажакдан эмас, ҳассос ва нурли ирфоний маънилар қалбдан бош кўтарган “лаҳза”, “нафас”, “фурсат” ва “дам”лардан ахтаради. Унда ҳатто “харобот” орзуси ҳам “лаҳза” кайфияти ва ҳукмига тобедур:
Кел бир дам, эй ҳариф, харобот сориким,
Май важҳидир бу хирқа била жилсонимиз.
Навоий вақтнинг энг кичик бирлиги – “дам”, “лаҳза”, “фурсат”ларга шу даражада катта мазмун бағишлайдики, давр ва замоннинг ранжу қийноқларидан ўзни муҳофаза қилишда “Дам бу дамдур” тушунчаси гўё дахлсиз бир қалқон сифатида кўзга ташланади:
Десанг замона ситезини ҳар замон кўрмай,
Замонни хуш туту қилма замона бирла ситез.
Кейинги сатрдаги “замонни хуш тут” – ўтаётган ҳар дамни хуш кечир, ҳар лаҳзанинг шукронаси билан яша, мазмунини  ифодалайди. Зеро, ирфоний ҳаёт  - илоҳий файз ва илҳом ҳадя этилажак ҳаётдурки, уни ғанимат тутмоқ керак:
Бу дамни тут ғаниматким, келур дамдин асар йўқтур,
Не дамким ўтти, худ андин киши топмас нишон ҳаргиз.
Албатта умрнинг лаҳзасини ғанимат сезиб хуш ўтказиш – бу донолик ва донишмандликнинг асосий хусусиятларидан эрур. Умуман олганда, ушбу хусусият ва фазилат халқимиз дунёқараши учун хос бўлган. “Алпомиш” достонидаги қуйидаги сўзлар бунинг бир далили бўлмоғи мумкин:
Дам бу дамдур, ўзга дамни дам дема,
Бошинг эсон давлатингни кам дема.
Дарҳақиқат, инсоннинг боши омон, кўнгли хотиржам экан – бундан ортиқ давлат, бундан зиёд саодат йўқ. Ҳар нафаси, беҳуда ўтмаган ҳар дами учун у Оллоҳга ҳар қанча шукрона айтса арзийди. Лекин “Дам бу дамдур” ҳақиқати тасаввуфда нисбатан  бошқача ва теранроқ мазмунга эга. Шунинг учун ҳам Навоий шеърларида бу ҳақиқатга қайта-қайта тўхталади ва уни гоҳ ахлоқий, гоҳ ишқий, гоҳ ирфоний-фалсафий оҳангларда талқин қилиб беради. “Ғаройиб ус-сиғар” девонидаги ғазаллардан биридаги мана бу мисраларда нафас олинаётган ҳар бир дамдан ғофил қолмаслик орифликнинг талаби ўлароқ таъкидланган:
Чу мозий ўттию мустақбал ўртада эрмас,
Сенгаки ҳол эмас муғтанам не ҳол ўлғай.

Бу дамни ориф эсанг яхши тутки, жоҳил иши,
Етишмагангаву ўтганга қилу қол қўлғай.
Яъни: мозий ўтди. Келажак ҳали илгарида. Айни фурсатдаги ҳолингни ғанимат билмасанг, бу қандай ҳол бўлади? Агар ориф эрсанг ҳар бир лаҳза ва нафасингни яхши қадрла, яхши ўтказ. Етиб келмагану ўтиб кетган ҳақида сўзлаш жоҳилнинг ишидир.
Маърифат аҳлининг умумий иқрорига кўра руҳни уч нарса доимий равишда кучсизлантириб ғусса ва мусибатга гирифтор этар экан: 1. Мозийпарастлик ҳасрати. 2. Ҳолда жараён этувчи шубҳалар. 3. Келажакка ишончсиз қараш ёки ундан қўрқиб эҳтиётда яшаш.
Албатта, инсон ўтмишдан ажралиб ёки кечган кунларини унутиб умр ўтказа олмайди. Зеро, мозий билан боғланиш ўтмишдаги воқеа-ҳодисотларни билиш, улардан у ёки бу маънода сабоқ олиш ақл ва хотира талаби эрур. Бироқ ўтган даврга муносабат ва тарихий ҳиссиёт чуқур илм, кенг мушоҳада ва маърифат зиёсидан юзага келиши лозим. Акс тарзда ўтмиш инсоннинг фикрий эринлиги, шахсий камолотигагина эмас, балки умум тараққиётга ҳам зарар етказмоғи мумкин. Энди аҳли ҳақиқат қарашларига келсак, улар меъёрдан ошган, кераксиз хаёл, бесамар орзуга айланган мозий ва мустақбал андишасини Оллоҳ билан ориф алоқасига бир ҳижоб деб ҳисоблашишган. Бу парда барҳам топмас экан, на қалб, на руҳ самовий парвози ва саёҳатида  олий мақомларга юксала олмаганидек, ишқ ва ҳақиқат завқ-шавқларини ҳам тўлиқ эгаллай олмайди. Жалолиддин РумийҲазратлари “Мозий ва мустақбал Оллоҳдан ҳижобдур, пардадур”,  - деганларида масаланинг худди шу томонини эътиборда тутганлар.
Демак, дам ва фурсатнинг сири, маъноси, қудратини кашф қилмоқ учун ҳол хусусида қайғуриш, ҳолнинг туб моҳиятини пухта билиш зарурдир. Алишер Навоий шеъриятининг ботиний оламига кириш ва сўз билан ифодалаш қийин бўлган маъноларини ўзлаштиришнинг жуда нозик ва муҳим нуқталаридан бири ҳам мана шудир.
Навоий фақат лирик шеърларида эмас, достонларида ҳам инсон тақдири ва камолотига дахлдор бир қанча мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ҳол, нафас, лаҳза “фалсафа”сига асосланади. Улуғ мутафаккир “Ҳайрат ул-аброр” достонининг ўн саккизинчи мақолотида инсон умрининг фанолиги, у туғиларкан албатта бу дунёни бир кун тарк айлаши, бас шундай экан, ўлимни ўйлаб мотамга берилмасдан, ҳаётини ишқ ила, фойдали иш ила шод ўтказишини таъкидлаб яна ёзади:
Умрки хориж дурур ўтган иши,
Ҳар неки ўтти анга етмас киши.
Келмаганидин доғи оқил демас,
Не десун ул ишники, маълум эмас...
Мозию мустақбалинга бўйла ҳол,
Ҳолингга ҳам неча хаёли маҳол.
Ҳолки бўлди санга бир он бас,
Анда не ғамгинлик этарсен ҳавас.
Таъбир жоиз бўлса, бу ҳикматли мисраларда инсон онгини покловчи, яъни онг ва идрокни кераксиз “юк”дан фориғ этувчи бир қувват бордир. Ўтган иш – ўтди, у такрорланмайди. Бўладиган иш – ҳали олдинда. Буни муаммога айлантириб, олдиндан ташвишга чўмишга ҳожат йўқ. Муҳими, кечаётган фурсатни бой бермаслик, айни шу вақт, шу дам талабларини бажаришда чалғимаслик. Ҳол маърифати инсонни шунга чорлайди. Шу маърифатни эгаллаган шахс беҳуда азобга берилмайди, бесамар машмашаларга бош қўшмайди.
Ҳолини у латифлаштирганидек, ҳол уни озод айлайди. У табиий равишда ҳар нафасини қадрлайди, ҳар нафаси учун жавобгарликни хотирдан чиқармайди. Ва Навоийнинг:
Ҳар нафасинг жавҳари эрур нафис,
Ким сенга ул бир нафас эрур анис, -
Деган сўзлари шундай зотларга тегишли. Ушбу фикр-мулоҳазаларини ифодалаганда ҳеч шубҳасизки, Навоий ўзи мансуб нақшбандийлик тариқатининг асосий шартларидан бири – “Ҳуш дар дам”га ҳам таянган. Ҳуш – ақл, дам – нафас. Нақшбандийликда нафас назорати ва мазмунига алоҳида аҳамият берилган. Чунки нафасларни назорат қилиш дунё ишларида адашмаслик учун ҳам, ҳақ тажаллилари учун ҳам ниҳоятда зарур. Бу ҳақида “Ҳайрат ул-аброр”да Навоий ёзади:
Ҳар нафасинг ҳолидин огоҳ бўл,
Балки анга ҳуш ила ҳамроҳ бўл...
Ғафлат агар бўлса бу ишдин, даме,
Ким йўқ анингдек кишига мотаме.
Биз огоҳлик ҳақида кўп гапирамиз. Лекин инсонни ёвузлик ва жаҳолатдан муҳофаза этгувчи ҳақиқий огоҳлик “ҳар нафас” ҳолидан огоҳлик эканлигига унча эътибор қилмайдмиз. Ҳолбуки, Навоий қаҳр, ғазаб ва жоҳилликлардан покланган, илоҳий сифат ила сифатланган ҳол ва нафасни:
Бас муни анфоси муқаддас дегил,
Балки муқаддас дема, ақдас дегил, -
дейди.
Навоийнинг “нафас” хусусидаги фикрлари бир-биридан мазмунли ва рангдор. Шу жиҳатдан мана бу байт алоҳида диққатга молик:
Эй Масиҳим, мен қатили ишқмен, тургуз мени,
Бир нафас, дедим қабул этким, нафаснинг жони бор.
Бу байтда ишқ дардидан ҳалок бўлган ошиқ маъшуқасини Ҳазрати Исо ила тенг кўриб, мени ўз нафасинг ила турғизгил, дея илтижо этаётир. Аммо у тилаётган умр муддати унча кўп эмас, бор-йўғи – “бир нафас”. Шу бир нафаснинг мислсиз қуввати ва файзига у ишонади.
Ҳужвирийнинг ёзишича, “тавҳид аҳлининг вақтлари иккидур. Бири фақат фоқо (муҳтожлик) ҳолида, иккинчиси важд ҳолида. Буларнинг бири васл маҳалидаги вақт, икинчиси фироқ ва ҳижрон маҳалидаги вақт”. Навоий лирик қаҳрамони орзу айлаётган “бир нафас” эса висолга дахлдор вақтдир.  Хўш, “нафаснинг жони бор” деган фикрда қанақа маъно ёки мақсад яширинган? Ёрни ишонтириш учун айтилган бу гап муршидга тегишли. Буни Муҳаммад Фузулий шундай шарҳлайди: “Билки, инсон борлиғининг камоли икки вужуддан иборатдур. Инсоннинг нафсини у икки кайфият камол нашъасига тўғри етказур. Аввалгиси зоҳирий вужуд. Унинг мабдайи атодур. Иккинчиси маънавий вужуддирки, унинг маншайи йўл соҳиби бўлмиш муршиднинг ҳидоятидир. Комил бўлмоқ даражаси кейингисига боғли эканлигидан муршид атодан муқаддамдир.
Қитъа (арабчадан таржима):
Илм бир руҳдурки, муршид ўз нафасин файзидан
Талаб аҳлининг ўлик баданларига еткизар.
Талаб аҳлининг ҳаёти муршиднинг нафаси файзидандур,
Шунга кўра дерларки: “Нафасни жони бордур”.
Демак, Навоий байтида талқин этилган тириклик қувватининг бир қаноти ишқ бўлса, иккинчи қаноти маърифат.
“Кашф ул-маҳжуб”да шундай сўзлар битилган: “Вужуд учун руҳ нима бўлса, вақт учун ҳам ҳол худди шудир. Вақт мутлақо ҳолга муҳтож эрур. Чунки вақтнинг сафоси ҳол ила бўлур.. . Ҳол вақтга бирлашгач, бутун замонлар вақтга айланур. Унинг учун завол жоиз бўлмас”.
Тасаввуфга доир қадимий манбаларда қайд этилишича, Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлик мартабасига етишганларидан сўнг ҳар мақом соҳиби учун бир ҳол пайдо бўлган. Ҳол нима? Абу Наср Саррож ҳолни “лаҳзада туғилиб, қалбда ризо, тафиз ва шунга ўхшаш сифатларни барқарорлаштирадиган аҳволдир”, дейди.  Нажмиддин Кубро ҳол, мақом, вақт ва улар орасидаги фарқдан сўзлаб, жумладан бундай деб ёзадилар:
“... инсондаги куч-қувват ва тоқат мол ҳамда ҳол ила юзага келур. Ҳол шаҳват, ёки руҳнинг қуввати эрур. Мол эса фақат нафс ва шаҳватни таквия этувчи бир нарсадир. Табиат эътибори билан Ҳол жуда қувватли бар куч ва тоқатдир».
Шу учун руҳ ва юракнинг мушоҳада қуввати ва қувончини акс эттирувчи ҳол Навоий наздида ҳам энг яхши амалдан-да устун ва шарафли саналган. Чунки кўнгли зариф, руҳи латиф, аҳлоқи гўзал, маънавий ҳаёти жўшқин ҳол соҳиблари ишқ ва ҳақиқатнинг юксак чўққиларини эгаллашга мушарраф бўлишган. Улардан бир қисми ҳолига маҳкум – талвин эгалари, яна бошқа тоифалари ҳолига ҳоким – тамкин соҳиблари саналган. Талвин соҳибларининг ҳоллари шундай ғаройиб, ўзгарувчан, хилма-хил маънавий-руҳий ва психологик ҳодисаки, буни сўзда таърифлаш ёки ифодалашнинг сира иложи йўқ.
Навоий тасаввурида Ҳол ва Вақт ҳиссий идрок ва завқий мушоҳаданинг бир меърожи эди. Ана шунинг учун улуғ шоир шеъриятидаги кўпдан-кўп фикр ва туйғулар бевосита Ҳол даражалари (хавф, ражо, ҳузун, истиқомат, сидқ, ҳаё ва ҳоказо) ва уларни навбатма-навбат эгаллаш натажаси ўлароқ талқин қилингандир.

Иброҳим Ҳаққул