Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар» XXI аср насри манзаралари
Facebook
XXI аср насри манзаралари PDF Босма E-mail

Барчамизга аёнки, ХХI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг, башариятнинг эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.                                    

Ислом КАРИМОВ.

Инсон тафаккурининг янгиланишида, унинг онгига маълум бир ғояни сингдиришда ҳеч қайси соҳа адабиётчалик қурбат ва имкониятга эга эмас. Шу нуқтаи назардан қараганда, янги XXI аср инсон тафаккури тараққиётига, унинг тез ўсиши ва янгиланишига жиддий таъсир кўрсатди. Чунки адабиёт бадиий сўз ва образлар воситасида омма руҳиятида тубдан ўзгариш ясайди. Бунинг учун ижод аҳли эркин нафас олиш, хоҳлаган мавзусида қалам тебратиш, истаган муаммосини кўтариш ва, албатта, кўнглига маъқул келадиган қаҳрамон тимсоли орқали тасвирлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Қарийб чорак кам бир аср мобайнида қоғозда бору амалда бўлмаган бундай “эркинлик” адибларимиз тафаккурини тушовга солиб қўйганди. Мустақиллик туфайли бу тушов узилди. Адабиётга – сўз санъатига чинакам эркинлик берилди ва у қонун асосида мустаҳкамлаб қўйилди. Натижада, адабиётда жуда катта ижобий ўзгаришлар юзага келди.

Бунинг самараси  тез орада аниқ кўзга ташланди, яъни, жадаллик билан ўсиб бораётган сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий тафаккурлар таъсирида адабий-бадиий тафаккур ҳам шаклланиб, улғайиш йўлига кирди. Дастлаб, одамзоднинг иқтисодий бўҳронлар уммонидаги сузиш қийинчиликлари, чўкиш азоби, иккиланиш, бемақсад қулоч отишларини реал тасвирлашдан ўзини тийган адабиёт аҳли янги асрнинг илк йилларидан бошлаб, бу мавзуни жиддий ишлашга киришди. Бозор ва инсон тақдири кейинги йиллар ўзбек насрининг энг кўп ишланаётган муаммосига айланди.

Бозор муносабатлари ўз-ўзидан инсоннинг жамият, оила, жамоа, ўзга юрт ва одамлар ўртасидаги зиддият ҳамда алоқалар силсиласини ҳам юзага чиқаради. Бундай вазиятда турмушини ўнглаш учун уринаётган шахс манфаати билан янгиланишга юз тутаётган жамият ва сиёсат манфаатлари ўртасида  ўзаро тўқнашувлар вужудга келади. Улар ўз навбатида оилавий муносабатларга ҳам, ахлоқий эврилишга ҳам, инсоннинг ёвузлик сари юз тутишига ҳам у ёки бу даражада таъсир ўтказмай қолмайди. Ҳақиқий санъаткорнинг вазифаси эса инсониятнинг келажагини таъминловчи умидбахш ғояларни илгари суриш, улар дунёқарашида эзгулик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби фазилатларни ифодалашга хизмат қиладиган ибратли образларни яратишдан иборатдир. Бунинг учун ижодкорнинг эстетик идеали ғоятда соғлом, маънавий дунёқараши етук, халқи ва Ватани олдидаги масъулияти барқарор бўлиши керак.

Маълумки, роман, қисса, ҳикоя сингари эпик тур жанрларининг ҳар бири ўзига хос талаблар ва қонуниятлар асосида яратилади. Танланган мавзу кўлами, кўтарилган муаммо юки, яратилган персонажлар миқдоридан тортиб, шаклу шамойилигача қатъий ўлчамга эга бўлган бу жанрлар ҳозир ўзлигини йўқотиб, қоришиқ бир нарсага айлангандек тасаввур қолдирмоқда. Аввало, романда қўйилган муаммонинг юки ғоятда залворли бўлиши талаб этилади. Ваҳоланки, ҳозир баъзи адиблар учун асарда романбоп муаммони кўтаришдан кўра,   “роман” деган атама билан китоб чиқариш муҳимроқ бўлиб қолди. Кейинги йилларда “Янги аср авлоди” нашриёти айрим китобларни “ХХI аср романи” деган ном билан чиқара бошладики, уларни ўқиб, кишида агар янги аср романлари шунақа бўлса, ҳали ҳеч нарсага эришмапмиз, деган фикр уйғонади.

Бундан йигирма йил аввал жаҳон адабиётининг синчков билимдони, адабиётшунос Талъат Солиҳов (оллоҳ раҳматига олган бўлсин) суҳбатларидан бирида: “Назаримда, аср адабиётининг пойдеворида иккита муҳим нарса бўлиши керак: бири – миллий анъана, адабиётимиз, санъатимиз соҳасидаги миллий анъана ва иккинчиси, жаҳон адабиётининг даражаси, жаҳон бадиий тафаккурининг даражаси ва жаҳон адабиётида эришилган тажриба. Ана шу нарсалар пойдевор асоси бўлади, пойдеворнинг пойдевори бўлади” (“ЎзАС”, 1.02.1991), деб орзу қилганди. Дадил айтиш мумкинки, бугун ўзбек адабиёти кўп асрлар мобайнида шаклланган миллий ўзига хослигини тўла сақлаган ҳолда, жаҳон адабиёти таркибига қўшилиш йўлларини излаб топиш имкониятига эга бўлди. Аслида, ҳар қандай халқ адабиёти баркамоллик чўққисига, аввало, ўзи мансуб бўлган миллатнинг маданий, маънавий, маърифий анъаналарига қатъий риоя қилиши, уларга ҳурмат билан қараши орқали эришади. Бизда эса бундай анъаналарнинг туганмас хазинаси мавжуд. Ўлмас халқ оғзаки ижоди, бой ёзма адабиётимиз, ранг-баранг ахлоқий қадриятларимиз ва миллий урф-одатларимиз “пойдеворнинг пойдевори” борлигидан далолат беради.

Дарҳақиқат, ўтган йигирма йиллик адабий хирмонимизга бир қур назар ташласак, буюк Шарқ адабиётининг миллий анъаналарини бойитган ҳолда, жаҳон бадиий тафаккури даражаси билан бемалол бўйлаша оладиган талай асарлар  дунёга келганига гувоҳ бўламиз. Омон Мухтор, Муҳаммад Али, Асад Дилмурод, Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Тилаволди Жўраев сингари адибларнинг асарлари тўлақонли миллий руҳи ва жаҳон адабиётида мавжуд энг янги бадиий усулларнинг табиий уйғунлашуви туфайли чинакам ўқувчилар муҳаббатига сазовор бўлди. Шу билан бирга, бу даврда юки енгил, шиширилган шардек ҳавойи қисса ва романлар ҳам вужудга келдики, бу адабиётшунос Талъат Солиҳовнинг орзуси тўла амалга ошмаганини, ХХI асрнинг дастлабки ўн йили ўтиб бораётган бўлса-да, жаҳон бадиий тафаккури даражасига олиб чиқувчи “пойдевор” ҳали мукаммал битмаганлигини кўрсатиб турибди.

Ғалвир сувдан кўтарилса...

Маълумки, бозор иқтисодиёти шароитида яшаётган инсон тафаккурида бойликка эришиш истаги ҳал қилувчи ўрин тутади. Бу ҳодиса бадиий адабиёт олдига ҳам муҳим вазифаларни қўймоқда. Энг аввало, қаҳрамон концепциясини янгилаш талаб этиларди. Шу пайтгача яратилган персонажлардан фарқли ўлароқ, энди бозор муносабати шароитида шаклланаётган одамлар характерини яратиш зарур эди. Қандай бўлмасин, бойлик орттиришга уринаётган, бу йўлда ҳар қандай қабиҳлик ва разилликдан тафт тортмайдиган, ўз уринишининг оқибатини ўйламай қадам босиши натижасида фожиага учраган кишилар тоифаси пайдо бўлди. Айни чоғда, бозор талабларига мослашиб, бугунги топганига шукур қилиб, оиласи ва келажагини таъминлаётган одамлар ҳам бор. Ҳаёт ижод аҳли олдига ана шундай қаҳрамонлар галареясини яратиш вазифасини қўя бошлади. Бундай мураккаб масалани тасвирлашда етарли тажриба тўпламаган адиблар зиммасида бозор одамининг сурати ва сийратини қандай усулларда ифодалаш қийинчиликлари пайдо бўлди. Натижада ҳам ғоявий, ҳам бадиий, ҳам услубий томондан турли савиядаги асарлар яратилди. Дастлабки пайтда бозор иқтисодиёти шароити қийинчиликлари туфайли ҳаётнинг олдинги сафига чиққан айрим мафияларнинг ўзаро кураши, ўғирлик, жиноятчилик, фоҳишабозлик сингари иллатларни акс эттиришга ружу қўйилди. Бу билан муаллифлар ўқувчи оммасини огоҳликка чақирмоқчи бўлдилар. Аммо, бу эзгу ният ёзувчилар томонидан бадиий жиҳатдан етарли даражада исботлаб берилмаганлиги оқибатида акс таъсир қила бошлади.

Бинобарин, бозор муносабатлари инсонни саралайди. Бу саралаш ҳар доим ҳам ижобий натижалар беравермаслиги мумкин. Унинг ҳам ўзига яраша талаблари, шартлари, қийинчиликлари мавжуд. Унга мослашолмаган одам чиқитга айланади. XXI асрнинг дастлабки ўн йилида яратилган насрий асарларнинг ўзига хос фазилати шундан иборатки, уларда ана шу жараёнда эзгулик ва ёвузлик қутбларига ажралаётган одамлар образи дунёга келди. Бундай қаҳрамонлар орасида, айниқса, аёллар характерининг ўзига хос талқини муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки бозор иқтисодиёти бошқаруви шаклланаётган пайтда, аёллар фаоллик кўрсата бошлагани ҳам сир эмас.

Шу жиҳатдан Тоҳир Малик, Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Тилаволди Жўраев, Абдуқаюм Йўлдош, Саломат Вафо, Зулфия Қуролбой қизи сингари истеъдодли адиблар томонидан яратилган бозор ва инсон тақдирига бағишланган бадиий жиҳатдан юксак, ғоявий томондан етук қисса ва романлардаги персонажлар характерлидир. Бундай қаҳрамонлар тимсолида бозор муносабатлари шароитида тўғри йўл тополмай адашган, миллий ўзлигидан жудо бўлган, баъзан ўз ихтиёри билан ёки мажбуран ахлоқий бузуқлик йўлига кирган шахсларнинг фожиали қисмати ўқувчига ибрат қилиб кўрсатилди.

Албатта, ёзувчи ўзи тасвирлаётган мавзу ва муаммога мослаб танлаган шахс “мен”ининг манфаатлари, хоҳиш-истаги, ана шу шахсий манфаат индивидуаллигидан келиб чиқадиган эҳтиросларининг тўпорилиги, вақтинча ёки  доимийлиги билан ҳам ҳисоблашишга мажбур. Агар бу ҳолат меъёрида тасвирланмас экан, шахс “мен”и бора-бора хиралашиб қолиши, асарда жонли образ эмас, шунчаки силуэт яратилиши мумкин, холос. Аслида, инсон оний лаҳзаларда жунбишга келган эҳтирослар туғёни совугандан кейин ўзини беихтиёр тафтиш қилади. Чунки эҳтироснинг тийиқсиз ва бемаъни таъсири унинг онгига ўтгач, шахснинг ўзида яхшими, ёмонми – муносабат пайдо бўлади. Энди у эҳтирослари жунбишга келган онда мулоҳаза юритишга улгурмаган майл ва интилишлари ҳақида мушоҳада қила бошлайди, уларни таққослайди, хулоса чиқаришга уринади. Ҳақиқий санъаткор бу жараённи иложи борича ростгўйлик билан табиий йўсинда, энг муҳими, миллий ўзига хосликка қатъий амал қилган ҳолда тасвирлашга масъулдир.

Шу маънода, бозор муносабатлари ҳақиқий санъаткорларни ҳам саралашга киришди. Чинакам ёзувчи бозор мавзусини ёритишдан олдин чуқур ўйга ботди, ҳаёт, ўқувчи, жамият ва эл-юрт олдидаги масъулиятини теран ҳис қилди. Айни чоғда бозор ёзувчиси ва бозорбоп адабиёт пайдо бўлди. Профессионал маҳоратга эга бўлмаган бозорчи ижодкорлар ўйлаб-нетиб ўтирмай, нуқул олди-қочди, ур-йиқит, фоҳишабозлик, ўғирлик, жиноятчилик ҳақидаги асарларни қалаштириб ташладилар. Тўғри,  бозор фақат бойлик манбаи эмас, айни чоғда, у тубанлик, пасткашлик, ахлоқсизлик, ёлғончилик, ўғирлик, юлғичлик макони ҳамдир. Унинг бу иллатларидан кўз юмиш бир ёқламаликка олиб келади. Бироқ, бозор воситасида нуқул ахлоқсизлик, жиноятчилик, севгифурушлик каби ўткинчи ҳодисаларни эҳтирос билан тасвирлашга уриниш адабиётнинг тарбиявий вазифасини тан олмасликдан бошқа нарса эмас.

Шуни унутмаслик керакки, ҳар қандай бадиий асарда яратилажак образ, аввало, ёзувчининг кишиларга ва ҳаётга муносабатини акс эттириш воситаси ҳисобланади. Айни чоғда, у муаллифнинг ҳаёт ҳодисаларига берган эстетик баҳоси ҳамдир. Ҳар бир персонаж ўзида ёзувчининг эстетик идеалини у ёки бу даражада тажассум этади. Бу вазифани бажариш учун ўша образ муайян ижтимоий шароитда, руҳий-маънавий муҳитда ҳаракатланиши зарур. Бу табиий равишда рўй бериши керак. Мабодо, санъат асарида муаллиф ҳаётдаги мавжуд нарсаларга, воқеа-ҳодисалар ва одамлар тақдирига фақат сунъий, расмий тақлид қилиш мақсади билан ёндошса, бу бадиий асар эмас, балки маҳорат билан ясалган нарсалар мажмуасидангина иборат бўлиб қолади. Бундай сунъийликдан ҳоли бўлиш учун санъаткорнинг эстетик тафаккури аниқ ва барқарор бўлмоғи шарт. Биз таҳлил доирасига тортган асарларга шу нуқтаи назардан мурожаат қилсак, адибларнинг эстетик идеали турлича савияда эканлиги аён бўлади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур асарлар ғоявий-бадиийлиги билан ҳам бир-биридан фарқ қиладилар.

Масалан, Зулфия Қуролбой қизининг “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби”, Саломат Вафонинг “Оворанинг кўрган-кечирганлари”, Ҳабиб Темировнинг “Қасос ва муҳаббат”, “Қора қаср асираси”, “Макрми ё муҳаббат?” каби асарлари бевосита бозор муносабатлари авжига чиққан шароитда шаклланган, тафаккури уйғонган, ўзлигини англаган ва англай олмаган одамлар тоифаси ҳақида ҳикоя қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики,  ҳар бир адиб танланган мавзу ва муаммога ўз эстетик дунёқараши ва идеали нуқтаи назаридан ёндошади. Бу асарларда бозор бошқаруви шароитида аёл шахсининг ўрни ва қисматига алоҳида эътибор берилган. “Армон асираси” романи қаҳрамонлари Насиба, Ҳулкар Армон, Зуҳра, “Машаққатлар гирдоби”даги Наргиза, Санобар, Гулруҳ, “Оворанинг кўрган-кечирганлари” асарида тасвирланган Салтанат, Малика, Мақсуда, “Қасос ва муҳаббат” деб номланган роман-дилогиясидаги Тўтиё, Лайло, Амалия, икки китобдан иборат “Қора қаср асираси” ва “Макрми ё муҳаббат?” номли севги қиссаларидаги Афифа, Меҳри, Мақсуда  ва бошқа эпизодик характердаги кўплаб персонажларнинг ҳар бири ўқувчида турлича таассурот қолдиради. Аввало, яратилган бу образларнинг ҳар бири катта-кичиклигидан қатъий назар ўз ғоявий-бадиий юкига эга эканлигини алоҳида қайд этиш зарур. Бироқ, қаҳрамон мана шу юкни ёзувчи кўзлаган манзилга олиб бора олдими, ўз вазифасини қай даражада адо этди, деган савол билан ёндашадиган бўлсак, ижодкорларнинг бадиий савияси яққол намоён бўлади. Бунинг учун дастлаб Зулфия Қуролбой қизи билан Саломат Вафонинг асарларига назар ташлайлик. Чунки бу адибалар аёллар табиатидаги фазилат ва иллатларни теран тасвирлашга, уларнинг суратию сийратини ўзига хос тарзда очишга уринганлар.

Зулфия Қуролбой қизи давр манзарасини, бозор иқтисодиёти кун тартибига қўяётган муаммоларни кенгроқ қамраб олишга уринади. Айрим фирибгарларнинг лоторея ўйини орқали бойиб кетаётгани, кун сайин кўпайиб бораётган хусусий газеталарнинг савияси, уларнинг саҳифаларида эълон қилинаётган енгил-елпи, олди-қочди  ва ахлоқсизликни тарғиб қилувчи мақолалар одамлар ҳаётига салбий таъсир ўтказаётгани (Зуҳра образи мисолида), Ҳулкарнинг афсус-надоматли ўйлари орқали ўз ифодасини топган. Шуниси муҳимки, ёзувчи яратган ҳар бир образ катта-кичиклигидан, муҳим ёки номуҳимлигидан қатъий назар ўзи мансуб бўлган табақанинг характерли хусусиятларини мужассам этиши билан ижодкор ғоявий ниятининг аниқ ифодаланишига ёрдам беради. Аввало, ёзувчининг эстетик идеали мусаффолиги билан эътиборни тортади. У ҳамма нарсадан поклик, эзгулик унсурларини қидиради. Масалан, “Армон асираси” романидаги Насиба эри Донишнинг ўлимидан сўнг жинсий эҳтиёжни хаёлига мутлақо келтирмаган ҳолда қўпол ва безори кимса Талгатга аёллик меҳрини бағишлаб, уни ҳам жисмоний хасталикдан, ҳам миясига ўрнашиб қолган ёвузлик ниятидан халос этади.  Эри ташлаб кетиб бева қолган Ҳулкар Армон ҳам ҳаётда, ҳам ижодда покиза ахлоқини намоён қилади. Бу борада, ўзи намуна кўрсатибгина қолмайди, балки “ёмон” йўлга кириб кетган Насиба ва Зуҳрани излаб топиб, танбеҳ беради. Ёки “Машаққатлар гирдоби”га тушиб қолган Гулруҳ ўзининг ташқи гўзаллиги билангина эмас, балки ахлоқий покизалиги, муомаласининг ширинлиги билан нафақат мардикорларнинг, айни чоғда, бутун вужудидан “аллақандай ёвузлик ҳиди келади”ган Пўлат Дамировични ҳам, қўлини қаёққа узатса етадиган бошлиқ Ҳаким Назаровични ҳам  тиз чўктиради. Бу аёллар ўзларининг ахлоқий гўзаллиги билан ўзгалар ахлоқининг ўзгаришига ҳам ижобий таъсир кўрсатадилар. Дарвоқе, “Дунёни гўзаллик қутқаради” деганларидек, асарда “эзгулик ва ёруғлик фариштаси” сифатида намоён бўлган Гулруҳ ўз гўзаллиги,  ахлоқий покизалиги билан қуллик ва охир-оқибатда ўлимга маҳкум этилган кишиларни ҳалокатдан қутқаради.

Бинобарин, санъат асарининг бош мақсади азал-азалдан инсонга хос эҳтиросларнинг қандайлигидан қатъий назар поклантиришга йўналтириш ва шу йўл билан кишиларни яхшиликка ўргатишдан иборат бўлиб келган. Файласуф Гегелнинг таъкидлашича, санъат инсоннинг ахлоқий камолотини тарбиялаш учун, энг аввало, “дағалликни жиловлаши, эҳтиросларни маданийлаштириши керак”. Шу жиҳатдан Насиба, Ҳулкар Армон ва Гулруҳларнинг характери ибратлидир. Насиба романнинг бошидан-охиригача бир дунё эҳтирослар қуршовида яшайди. Ишга бормаётган “дангаса”, пул топиб келишга “нўноқ”, оила рўзғорини эплолмаётган “ношуд” эри Донишга дастлаб қўрс, дағал, бетгачопарлик билан муомала қилади. Эри вафот этгандан кейин эса бирданига мулойимлашади, унинг ўлимида ўзини айбдор деб билади. Эрига ўз вақтида кўрсатолмаган меҳрини аёлларни қийнаб азоблашдан лаззатланадиган худбин Талгатга инъом этади. Эрининг руҳи олдидаги қарздорлик ҳисси туфайли аёл табиатида пайдо бўлган қўрқинч, андиша, раҳм-шафқат, ҳаяжон ва изтироб унга тинчлик бермайди. Бу ҳис-туйғулар  бир-бири билан тинимсиз курашади. Натижада, Насиба бозорга ҳам чиқмай қўяди, пул топишни, ўзи ва болалари қандай кун кечиришини ўйламайди. Ҳар куни Талгатни йўқлаб боради, уни овқатлантиради, уйини тозалайди, кирини ювади. Насиба бу ишни бир беморнинг кўнглини олиш, унинг хаста тани ва руҳига бардамлик бағишлаш ниятида беминнат бажаради. Аёл ўзининг мана шундай покиза ахлоқий гўзаллиги билан Талгат тафаккурида томир отган ёвузликни эзгулик сари йўналтиради.

Саломат Вафо ҳам Салтанат тимсоли орқали жамиятда вақтинчалик урчиб  кетаётган айрим масалаларни қаламга олади. Шулардан бири қўшиқчилик санъатининг жамият ва инсоният ҳаётидаги ўрнини аниқлаш масаласидир. Гарчи адиба фикрини исботлаш учун қўшиқчи аёл Ойзода Камол исмини бир неча бор тилга олса ҳам уни ҳаракатга солмайди, Салтанатнинг тасаввурида қолиб кетади. Салтанат ўқувчида умумлашма образ сифатида таассурот қолдиради. У ҳам худди Ҳулкар сингари омадини синаб кўрмоқчи бўлиб бозорга чиқади. Бироқ унинг бозордаги фаолияти Ҳулкарники сингари хайрли кечмайди. Чунки Салтанат мансуб бўлган бозорчи аёлларнинг биронтаси ҳам покиза эмас. Бу борада, аввало, Салтанатнинг ўзи “намуна” кўрсатади. У эрини қайтариш, оиласини мустаҳкамлаш ҳақида мутлақо ўйламайди. Аксинча, унинг хаёлида умрида кўрмаган аллақандай Султонбек ҳақиқий эркак тимсоли сифатида гавдаланаверади. Аббос Сулаймонов билан бемалол ишрат қилади, у истамаса ҳам уйига бораверади. Бир марта дугонасиникида учрашган Маҳмуд исмли йигитга ҳам кўнгли суст кетади. Умумий ҳовлидаги ижара уйда қўшниси Дилдоранинг эри Мавлон билан суҳбатлаша туриб: “Қани эди шу йигит эрим бўлиб қолса”, деб ўйлашдан уялмайди. Бу каби енгилтаклигини ёзувчи қаҳрамони тилидан: “Бировнинг ғамхўрлигидан ийиб кетардим, айниқса, яхшиликни эркак киши қиладиган бўлса”, деб исботлаб ҳам қўяди.

Бу адибанинг эстетик идеали у қадар тиниқ эмаслигини исботлайди. Ёзувчи Салтанат нигоҳи орқали атрофни кузатар экан, бирон-бир жойда ёруғликни, эзгулик ва яхшиликни кўрмайди. Ҳикоячи-қаҳрамон назарида бозор ҳам, вокзал ҳам тўс-тўполон, жирканч, жанжалнинг уяси. Қишлоқ эса хароба, ҳанузгача ўзгариш йўқ. Салтанатнинг қишлоқ ва бу ерда яшаётган одамлар тўғрисида чиқарган хулосалари ниҳоятда жўн  ва бачкана. Масалан, у қишлоқ кутубхонасидан чиқиб уйига кетаётганда шундай ўйлайди: “Атроф қоронғилашган, кўчаларда одам камайган, камаймаган тақдирда ҳам қишлоқ кўчаларида чироқ бўлмагани учун биронта одам мени танимасди. Худо унутган элатда чироқ ҳам белгиланган тартибда икки-уч соат ёнарди”. Шу тасвирнинг ўзи жуда катта мазмунни, қишлоқнинг яхлит манзарасини, қийинчиликларни, одамларнинг турмуш тарзини аниқ ва жонли кўрсатиб турибди. Бу реал тасвирдан кейин ёзувчининг ҳикоячи-қаҳрамони тилидан “Одамлар орасида ривоятнома (аслида, “намо”, яъни, ўхшаш маъносини англатувчи қўшимча бўлиши керак – Й.С.) гап юрарди: “Чироқ йўқлиги учун қишлоқ одамларининг боласи кўп”, дея киноя тарзида изоҳ бериши баён юкини енгиллатиб, бачканалаштириб юборган.

“Оворанинг кўрган-кечирганлари” романида тасвирланган аёллардан биргина Мақсуда опа имон-эътиқодли ва оиланинг, эрнинг қадрига етадиган аёл сифатида таассурот қолдиради, холос. Асар воқеалари силсиласидан яхшигина ўрин олган ва Салтанатга таъсири кучли бўлган қишлоқдаги ўқитувчиси, колхоз раисининг ёлғиз қизи, гўзалликда танҳо Малика опа дастлаб тасвирланишича, “эркак зотига қайрилиб қарамасди. Маъбудалардай мағрур эди”. Шундай аёлнинг ҳам кейинроқ совунфурушлик билан шуғулланадиган бозорчига айланиши, тирикчилик илинжида Қувончбой деган проводник билан “ўйнаш” тутиниши, йўл-йўлакай учраган Ҳамид исмли таниши билан ўпишиб кўришиши, гоҳ кабобчига, гоҳ бошқасига кўзини сузиб, қошини учириб кулиб қараши, умуман, унинг бузуқи йўлга кириши ўқувчида малоллик пайдо қилади. Одатда, бадиий асарда ҳар бир қаҳрамон асар  бошланишидаёқ, ўз қиёфаси ва генезиси, мустаҳкам эътиқоди билан туғилиши шарт. Мабодо, асар воқеалари давомида унинг характерида ўзгаришлар юз берса, улар муаллиф-санъаткор томонидан бадиий жиҳатдан исботланиши талаб этилади. Назаримда, Малика тасвирида мана шу ҳақиқат етишмаётгандек туюлади.

Шуларни ўйлаганимда, хаёлимда Саломат Вафо ва Ҳабиб Темиров асарларидаги персонажлар, айниқса, аёллар нега қатъиятли эмас? Нега бир-икки учрашувдаёқ эркак кишининг хоҳиш-иродасига бўйсуниб, иффатини бой бериб қўяверадилар? Нега улар аёллик шаънини улуғламайди? Нега улар иқтисодий қийинчиликка бардош беролмай енгил-елпи йўлларни излайдилар? деган изтиробли саволлар пайдо бўлади ва уларга ижобий жавоб топгим келади. Аммо тополмай, охир-оқибатда, бу ёзувчиларнинг эстетик идеали тиниқ эмаслигига ишончим ҳосил бўлади. Ёзувчи Саломат Вафо ҳикоячи-қаҳрамони Салтанат Маҳмудова нигоҳи билан нуқул ҳаётдаги қора доғларни, ахлоқий бузуқликни, ишончсизлик, алдамчилик, менсимаслик, инсонни ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини камситиш каби иллатларни кўради. Салтанатнинг тан олишича, унинг умри фақат “йўлларда, аросат ва қувғинда” ўтди. У ҳеч кимдан яхшилик, меҳр-оқибат кўрмайди, ҳамдардлик кўрсатганларга эса (масалан, Мақсуда опага) бўйин эгмайди. Унинг нуқтаи назаридан қаралса, бу дунёда, умуман, соғлом, келишган, ақлли одам ҳам, дурустроқ нарса-буюм ҳам йўқ. Ҳатто идеалидаги ошиғи Султонбек телефонда ҳол-аҳвол сўраганда ҳам унга йигитнинг “сўзлари самимийга ўхшамас, қандайдир баландпарвоз” гаплар бўлиб туюлади. Салтанатнинг ишонч билан айтишича: “Бугунги куннинг моҳияти: ҳеч кимга ишонмаслик, барчага шубҳа билан қараш”дан иборатдир. Ваҳоланки, қаҳрамоннинг ўзи бирон марта ҳам: “Хўб, мен ўзим кимман? Нима қиляпман?” деб ўйламайди. Салтанат ўзини-ўзи таҳлил этиш қобилиятидан маҳрум образдек таассурот қолдиради. У роман воқеалари тизимида қўшиқчи-шоира, журналист, мардикор, фоҳиша, маҳбус, бозорчи, ароқхўр, бемор  каби турли қиёфаларда  кўринади-ю, бироқ на оилапарвар аёл, на болаларига меҳрибон она, на эрига вафодор хотин, на курашчи шахс сифатида намоён бўлмайди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам уни имон рамзи  бўлган Мадина тарк этиб кетгандир?

“Адабиёт йўл бошига қўйилган кўзгудир”, деган эди ёзувчи Стендаль. Бу кўзгуда қандай қиёфани кўрсатиш санъаткорнинг маҳоратига боғлиқ. Кўзгуда аён бўладиган инсон қиёфаси нечоғлиқ ёқимли, нурли, тиниқ бўлса, унга қараган одам қувонади, ўзини ўнглашга уринади. Аксинча, бадбашара, ахлоқсиз, шаллақи ва беҳаё бўлса, киши ундан жирканади. Ана шу қабул қилишнинг икки усулидан қайси бирини танлаш ёзувчининг эстетик идеалини ёрқин кўрсатувчи восита ҳисобланади. Зулфия Қуролбой қизи ва  Саломат Вафо яратган образлардан китобхон ҳам ибрат олади, ҳам жирканади.

Муаммо ва ечим

Роман ёзувчидан узукнинг кичкина кўзига бутун бир оламни сиғдира олиш ва уни турли рангларда акс эттира билишдек ғоят мураккаб меҳнатни талаб қилади. Роман ёзишга киришган ижодкор бир пайтнинг ўзида ҳам заргар, ҳам дурадгор, ҳам сангтарош, ҳам архитектор, ҳам синчи бўлиши керак. Адиб бу касб эгаларига хос барча хусусиятларни ўзида мужассам этмоғи лозим. Токи, у яратган асарда заргарнинг зийраклиги, дурадгорнинг донолиги, сангтарошнинг сайқали, архитекторнинг ақл-фаросати, синчининг саралаш туйғуси акс этиб турсин. Асарларни шу нуқтаи назардан  кўздан кечирсак, ҳозирги ўзбек насрининг баъзи ютуқ ва камчиликлари аён бўлади.

Романда, энг аввало, муаммо қўя билиш муҳим аҳамиятга эга. Роман эпик турнинг энг йирик жанри бўлганлигидан унда кўтариладиган муаммо ҳар қандай замонда ҳам, шароитда ҳам долзарблиги ва замонавийлигини йўқотмаслиги керак. Ҳаёт инсоният олдига ҳар куни, ҳар соатда янги-янги муаммоларни кўндаланг қиляпти. Бу муаммолар вазнига кўра енгил ёки залворли, кўламига қараганда катта ёки кичик, аҳамиятига кўра арзирли ёхуд арзимас, моҳиятига нисбатан ўткинчи ёки доимий, йўналиши жиҳатидан умуминсоний ёки шахсий бўлиши мумкин. Гап унинг адиб томонидан танлай ва қай даражада ифодалай ҳамда жамият манфаатлари билан боғлай олишидадир. Чунки инсон жамиятнинг бир винти экан, унга дахлдор муаммо, шубҳасиз, бошқа механизмларнинг ҳам нормал ҳаракатланишига таъсир кўрсатади. Шу нуқтаи назардан биз таҳлил доирасига тортган асарларнинг аксарияти қўйилган муаммонинг романик аҳамиятга эгалиги, замонавийлиги ва ғоятда долзарблиги билан ажралиб туради. Бироқ, очиғини айтганда, уларнинг ечими бир хил савияда  эмас.

Нормурод Норқобиловнинг “Дашту далаларда”, Туроб Мақсуднинг “Илинж”, Жаббор Халилнинг “Довул” ҳамда “Тақдир бекатлари” сингари асарларида кенг маънода олганда, инсон ва табиат, инсон ва жамият, яхшилик ва ёмонлик каби адабиётнинг кўҳна ва азалий муаммоларига мурожаат қилинган. Албатта, бу муаммолар умумий характерга эга бўлиб, уларнинг ҳар бири ижодкордан заргарона зийраклик билан зарур қирраларини ажратиб олишни, синчилик салоҳияти билан ўқувчига маъқул томонларини аниқлашни, архитекторлик ақлини ишлатиб, нимани қаерга ўрнатишни талаб қилади. Бўлмаса, асар шиширилган шардек ҳавойи, танланган қаҳрамонлари эса муаллақ бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Масалан, Нормурод Норқобилов инсон ва табиат муаммосини кўтарар экан, уларнинг бир-бирисиз яшолмаслигини, бир-бирини тўлдирадиган ягона вужуд эканлигини ифодалаш мақсадида, роман бошланишидаёқ, ўқувчининг кўз ўнгида инсон табиат ва ҳайвонот оламидан иборат уч қатламни намоён қилади. Бу қатламларнинг ҳар бири аниқ тимсоллар орқали гавдалантирилади. Инсон қиёфасида табиатни тушунган, уни асраб қолиш учун ўзини масъул деб билган Эшқул полвон; табиат тимсолида кўм-кўк майсалар билан қопланган қиру адирлар, бепоён дашту далалар; ҳайвонот оламидан бўри, тулки, итлардан тортиб, юмронқозиқу қурт-қумурсқаларгача... Уларнинг ҳар бири муаммонинг маълум бир қиррасини ечишга беминнат кўмаклашади. Ёзувчи бу уч қатлам ўртасидаги муносабатларнинг мураккаблиги ва зиддиятларга бойлигини ҳам теран тасвирлашга эришган. Ёзувчи асарида тасвирланган инсон ўз “мен”ини йўқотмаган ҳолда табиат билан очиқ мусоҳабага киришади. Албатта, бундай мусоҳабада ёзувчи табиатнинг инсондан кучли эканини эсдан чиқармайди. Аммо, бу ғояни асарига зўрлаб ҳам киритмайди, балки воқеалар силсиласидан табиий равишда сизиб чиқишига эришади.

Туроб Мақсуд эса ўз романида эзгулик ҳар доим ёвузлик устидан ғолиб чиқиши муқаррар эканлигига инсон кўнглида туғилган озгина илинж туйғуси ҳам асос бўлишини ифодалашни мақсад қилиб олган. Бу мақсадини бадиий жиҳатдан ифодалаш учун антиқа исм ва қиёфага эга бўлган қаҳрамони Ҳайбатнинг ҳаёт йўлини танлайди. Ота-онасининг кимлигини билмай, болалар уйида вояга етаётган Ҳайбатнинг мурғак кўнглида қуйидаги илинжлар куртак ота бошлайди: биринчиси, меҳр илинжи. У дунёга келган кунданоқ инсон меҳрига муҳтож бўлиб яшади, она кўксини эммади, илиқ қучоғида эркаланиб ётмади, алла эшитмади. Болалар уйида гап эшитиб, калтакланиб, четга сурилиб ўсди. Шу меҳрдан униб чиқадиган иккинчи илинж – аёл зотига муҳаббат, уни асраш ва умрини узайтириш. Чунки у онам мени туғибоқ оламдан ўтган деб ўйларди. Шу сабаб ўқувчилик пайтидаёқ унинг тарафини олган тенгдоши Донохонга бир умр қаттиқ меҳр қўйди, уни унутмади ва унга интилиб яшади. Учинчиси, илмга интилиш илинжи; У инсоннинг умрини узайтириш йўлларини ўрганди. Устози академик Улуғ Барака (кейин отаси бўлиб чиқди) илгари сурган ген масаласини ривожлантириб, фанда кашфиёт яратди, яъни, ўлган одамни ҳаётга қайтарди. Бу унинг тўртинчи илинжи эди.

Ёзувчи ўзининг илмий мантиққа асосланган ғоявий-бадиий ниятини турли тасвирий санъат элементлари ва геометрик чизгилар ёрдамида баён қилади. Улар орқали инсон организмида зурриётга тегишли эзгулик ва ёвузлик унсурлари мавжудлигига, уларнинг қачондир, кимдадир пайдо бўлиши мумкинлигига эътиборни тортади. Бунинг ёрқин мисоли Ҳайбатнинг ўзидир. Маълум бўлишича, Ҳайбат бутун умри ва илмий қобилиятини инсон генини аниқлашга сарфлаган йирик олим Улуғ Барака билан яна бир истеъдодли олима Малика Ражабнинг никоҳсиз туғилган ўғиллари бўлиб чиқади. Бироқ улар ўртасидаги муносабатлар ўқувчини ишонтира оладиган даражада аниқлик касб этмайди. Шу билан бирга инсон зурриётига оид муаммолар моҳиятини янада чуқурроқ ва ишонарлироқ очиш учун ёзувчи биологик, зоологик ҳамда физиологик фанлар нуқтаи назаридан ёндашуви, бундай кашфиётнинг илмий-фалсафий асосларини янада мукаммалроқ ўрганиши зарурга ўхшайди.

Жаббор Халил ҳам ўз романлари марказига жамият ва инсон, зулм ва адолат, тазйиқ ва умид каби масалаларни қўяди. Жумладан,  “Довул” романида ХХ аср бошларидан то янги асргача бўлган давр мобайнида шаклланган уч хил тузум – чор Русияси, шўролар ҳокимияти ва мустақиллик даврида яшаб, бахтсизликдан бахтга, қулликдан озодликка томон борган уч авлод тақдири ёритилади. Ана шу авлодлардан ҳар бирининг ҳаёти, яшаш тарзи, кураши ва интилишлари мақсадга мувофиқ равишда махсус бўлимларда баён қилинади. “Оқар дарёлар” деб номланган бўлимда биринчи авлод вакили Боёрнинг Шаҳрисабз беги томонидан ўн икки қишлоқни ўз тасарруфига олган Сахвант музофотига аминлик лавозимига тайинланишидан то ўлимигача бўлган давр қамраб олинган. Ўтган асрнинг энг мураккаб 30-70 йиллар воқеаларига ишора қилинган “Дардли чўққилар” қисмида иккинчи авлод вакиллари Ҳамиджон, Ғанижон, Саминжонларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиш учун уринишлари, ўқиш ва ишдаги баъзи қийинчиликлар ифодаланади. Бу қисмда кўпроқ отаси Боёр аминнинг орзу-умидларини амалга ошириш ниятида қишлоқ хўжалиги мутахассиси бўлиб етишган Ғанижон фаолияти асосий ўринни эгаллайди. “Интилиш” деб номланган учинчи бўлимда ана шу Ғанижоннинг уч ўғли ўқитувчи Раҳмонали, колхоз раиси Шарифжон, дастлаб ўқитувчи, кейинроқ махсус ташкилот ходими бўлиб етишган Шавкатжонларнинг 70-90-йиллардаги ҳаёти, “пахта иши” оқибатида тортган азоблари, мустақиллик эълон қилиниши муносабати билан ҳамма нарсанинг ўз жойига тушиши, уларнинг дарҳол тадбиркорга айланиб кўплаб заводлар қуриши, бой-бадавлат бўлиб кетишлари, ота-боболари етишмаган орзуларга болаларнинг етишганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.

Бироқ, романда зиддиятли воқеалар, характерли тўқнашувлар жуда силлиқ кечади. Масалан, эндигина 20-22 ёшга кирган Боёр аминлик лавозимига тайинлангандан кейин барча хайрли ишларини осонгина амалга ошираверади. Вилоятни қаттиққўллик билан бошқариб турган рус ноиби унамаса ҳам, маблағ ажратмаса ҳам халқ ҳашарини ташкил этиб, канал қазийди, узумзор, мевазор боғлар ташкил этади, одамларга саховат кўрсатади, камбағалларни қўллаб-қувватлайди. Тўғри, ана шундай адолатли, меҳр-оқибатли мансабдор ота-боболаримиз тарихда бўлган, бироқ уларга осон бўлмаган, ахир. Амин эса ҳеч қандай тўсиққа учрамайди. Ҳатто уни аминликка тайинлаган Шаҳрисабз беги ҳам кейинроқ воқеалар силсиласидан бутунлай чиқиб кетади.

Афсуски, кейинги авлод вакиллари ҳам ўз ниятларига етиш йўлида жиддий тўсиқларга учрамайдилар. Ваҳоланки, русларга қарши кураш олиб борган зотларнинг болаларига шўролар даврида осон бўлмаганлигига тарих гувоҳлик беради. Ушбу асарда қарийб чорак кам бир асрлик мураккаб даврнинг чирсиллаб турган муаммоларини танлаб олиш ва аниқ образлар тимсоли орқали тасвирлаб бериш маҳорати етишмайди.

Худди шундай майда-чуйда масалалар атрофида ўралашиб қолиш қусури “Тақдир бекатлари” романи структурасига ҳам дахлдордир. Ёзувчининг бу романи ҳам воқеаларнинг силлиқ ривожланиши, қаҳрамони Жавлон Алиевнинг йўлида учраган тўсиқларни осонгина енгиб ўтиши, қадам-бақадам муваффақиятга эришиши билан ўқувчини “лол” қилади. Ҳар иккала романда ҳам муаллиф баёни қуруқ ахборот, ечим эса ғоят баландпарвоз публицистик оҳанг, ҳамду санолар билан тугайди. Тасвирда бадиийликдан кўра мақоланавислик усули устун туради. Ёзувчида ғоявий ниятини ифодалашга хизмат қиладиган воқеаларни саралаш маҳорати етишмаётганлиги сезилади.

Бадиий асарда воқеанавислик энг жиддий қусурлардан бири саналади. Ёзувчи воқеаларни бирин-кетин қалаштириб ташлаш ва ҳиссиз баён қилишдан эҳтиёт бўлиши лозим. Чунки қаҳрамон кўп воқеалар юки остида қолиб, муаллифнинг асосий ғоявий ниятини ечимга қадар кўтариб кетолмай қолади. С.Вафо, Ж.Халил, Ҳ.Темиров, Н.Исмоилов, Н.Ҳошимов, М.Исмоилов каби ёзувчиларнинг асарларида ана шу қусур кўпроқ кўзга ташланади. Бунинг устига улар яратган персонажлар кўпинча муаллифнинг карнайи бўлиб хизмат қиладилар. Асар муаллифи нимани хоҳласа, шуни айтадилар, қандай ишни буюрса, ўшани бажарадилар ва охир-оқибатда ўзига хосликдан маҳрум бўладилар. Тўғри, асар учун танланган персонажлар одатда, ёзувчининг ғоявий ниятини ўқувчига етказиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бироқ, чинакам ёзувчи ўз қаҳрамонларини нима ишни бажаришга, қандай гапни гапиришга мажбур қилиши кераклигини билиши нечоғлиқ муҳим бўлса, нималарни қилиш ёки қандай сўзларни гапиришга мажбур этаолмаслигини билиши ундан ҳам муҳимроқдир. Бадиийлик меъёри шуни талаб қилади. Меъёрни ҳис қилмай туриб ҳақиқий санъаткор бўлиш мумкин эмас.

Унутмайликки, адабиёт ҳар доим поклик, гўзаллик, адолат, ҳақиқат, имон ва эътиқод кўзгуси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоғи лозим. Ёзувчи ҳар қандай разолат ва қабоҳат, ифлослик ва имонсизлик, разиллик ва ахлоқсизлик заминида ўзининг покиза эстетик идеалини илгари суришни  унутмаслиги шарт. Бусиз ўқувчини эзгулик руҳида тарбиялаб бўлмайди.

Конфликтсизлик касри

Бадиий асарда инсон ҳаётининг мураккаблигини, жамият билан унинг манфаатлари ўртасидаги келишмовчиликлар, норасолик ва номутаносибликни реал тасвирлаш учун ёзувчида туғма истеъдод бўлишидан ташқари, менинг назаримда, буюк жасорат ҳам бўлиши шарт. Ҳозирги ёзувчиларнинг айримларида ана шу жасорат етишмаётгандек туюляпти. Воқеалар силсиласида зиддиятлар ўпқонига чуқурроқ кириб бориш имкониятлари туғилган жараёнда муаллиф қаҳрамонини бундай гирдобга отишдан ҳайиқаётгандек, ўзини эҳтиёт қилаётгандек таассурот туғилмоқда. Қарама-қаршиликлар таҳлилини чуқурлаштириш ўрнига, енгил-елпи эпизодлар баёнига ўтиб, ундан четлашиш, вазиятни юмшатиш ҳоллари юз беряпти. Бунинг оқибатида, асар воқеалари тизимида заифлик, айтиш жоиз бўлса, жарлик, характерлар динамикасида сустлик пайдо бўляпти. Айрим асарларни мутолаа қилиб, воқеаларнинг бир текис ва силлиқ кечаётганини кўргач, хаёлимга ўтган асрнинг  эллигинчи йилларида пайдо бўлган конфликтсизлик касаллиги қайталанмаяптими, деган хавотир келади.

Конфликт бадиий асар сюжети учун мотор вазифасини бажаради. Усиз сюжет механизми ҳаракатга келмайди. Мабодо, узоқ сафарга чиқилса-ю, ярим йўлда мотор ишламай қолса ёки фаолияти сустлашса, киши кўзланган манзилига етиб боролмаганидек, асар конфликти  воқеалар давомида бўшашса, ёзувчи ҳам ғоявий ниятига етолмайди. Ҳар бир бадиий асар ҳам яхши маънода ўқувчи қалбига уюштирилган сафардир. Бу сафарда турли-туман ҳодисалар, яхши-ёмон одамлар, ўйдим-чуқурлару кескин бурилишлар учраши табиий. Агар асар сюжети ғоялар, қарашлар, характерлар, гуруҳлар ўртасида рўй бераётган қарама-қаршиликлар асосига қурилмаса, бундай асар таъсирчан бўлмайди. Бинобарин, ҳаётий ҳақиқатнинг аниқ ва изчил ифодаланиши зиддиятларнинг моҳияти ва ишонарлилиги билан ўлчанади. Айни чоғда, инсон қалбида юз бераётган тўқнашувлар ҳам ифодаланаётган муаммо ва характернинг янада ишонарлироқ чиқишига кўмаклашади. Кейинги йиллар насрида инсоннинг ички кечинмаларини жиддий қарама-қаршиликлар асосида тасвирлашга эътибор берилаётгани бежиз эмас.

ХХI аср бошида яратилган  асарларга шу нуқтаи назардан қаралса, кўплаб маҳоратли адибларимиз конфликтнинг ранг-баранг турларидан унумли фойдаланиб, таъсирчан ва қизиқарли сюжетлар асосига қураётганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Айни чоғда, сунъий ҳамда ишониб бўлмайдиган уйдирма воқеалар тўқиб чиқарилаётган асарлар сирасига ҳам дуч келамиз. Баъзи адибларда зиддиятларни чуқурлаштириш имконияти туғилганда ҳам уни ривожлантира олмаслик, тўқнашувларни енгил-елпи йўллар билан ҳал этиш, қаҳрамонларни оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтказишга уриниш қусури сезилади.

Шуларни ўйлаганимда, Нормурод Норқобилов, Туроб Мақсуд, Жаббор Халил, Зулфия Қуролбой қизи, Саломат Вафо, Ҳабиб Темиров каби адибларнинг сюжет қуриш ва конфликт яратиш борасидаги ўзига хос ютуқ ва камчиликлари кўз ўнгимга келади. Бадиий асарда дастлаб воқеаларни ривожлантиришга ёрдамлашадиган тугунни ўртага ташлаш муҳим аҳамият касб этади. Агар шу тугун асарнинг барча персонажларини, улар билан боғлиқ эпизодларни бирлаштириб, конфликтни ривожлантирса, воқелик сўнггига қадар тизгинни маҳкам ушлаб тура олса, асар композициясининг яхлитлиги таъминланган бўлади. Шу жиҳатдан ўқувчи илк саҳифаданоқ “ўзи тунд ва ҳафсаласиз бир қиёфада” юрган чеҳраси ғамнок Тўланбой (“Дашту далаларда”); “ҳаяжонли, иккиланган бир ҳолда оқ қоғозга аллақандай шакллар чизаётган” Ҳайбат (“Илинж”); “Эшикдан кирган заҳоти чор атрофга турли майда-чуйдалар сочилган, жавон ғаладонлари очилиб кийимлар ивирсиб” ётганини кўриб “юраги шувиллаб” кетган Салтанат (“Оворанинг кўрган-кечирганлари”); бир неча кундан бери “қалбига чироқ ёқса ёришмай, ишлари ҳам юришмай” изтироб чекаётган Жавлон Алиев (“Тақдир бекатлари”)лар билан учрашганида  хаёлига дарҳол: “Нега?” деган савол урилади. Табиийки, бу савол уни асарни тезроқ мутолаа қилишга ундайди. Жавобни топгач, баъзиларидан қониқади, баъзиларидан эса қониқмайди.

Гарчи бошқа асарларда сюжет тугуни бу қадар кескин тарзда қўйилмаса-да, воқеалар марказида асосий ўрин эгаллаган персонажлар ҳаётидаги  муҳим ўзгариш, бунинг натижасида инсон кайфиятида пайдо бўлган қувонч ёки ташвишлардан хабар бергувчи диалоглардан бошланади. Масалан, Зулфия Қуролбой қизининг “Армон асираси” романи эр-хотиннинг янги уйга кўчиб келишганидан ниҳоятда хурсандлиги, оилада кўпдан бери бунақа шодлик ва мўл дастурхонни кўрмаган болаларнинг шовқин-сурони, эртага бундан-да яхши яшаш ҳақидаги орзулари, “Машаққатлар гирдоби” асари эса аксинча,   бош қаҳрамон Давроннинг “Бир қолипга тушиб қолган ҳаётини бирданига бир юз саксон градусга ўзгартириб юборган” эр-хотин ўртасидаги можаро ва бунинг натижасида эрнинг уйдан бош олиб чиқиб кетиши-ю, ўзини машаққатлар гирдобига отиши билан бошланади. Ҳабиб Темировнинг “Қасос ва муҳаббат” романининг биринчи китобида никоҳ кечаси келиннинг қочиб кетиши ҳақидаги хабардан воқиф бўламиз. Булар, шубҳасиз, ўқувчида қизиқиш уйғотади ва уни воқеаларнинг давомини тезроқ билиб олишга ундайди.

Албатта, бадиий асарда ташланган сюжет тугуни конфликтнинг кескинлашуви ҳамда муаммонинг ечимига мустаҳкам пайванд қилингандагина асар макроструктураси яхлит ҳолга келади. Шу жиҳатдан қараганда, Нормурод Норқобилов, Туроб Мақсуд кабиларнинг воқеликка ижодий ёндашуви ибратлидир. Масалан, Тўланбойнинг дилгирлиги, қиёфасининг тундлиги, Ҳайбатнинг ҳаяжонли ҳолати, айни чоғда, иккиланиб,  қоғозга аллақандай мавҳум шаклларни чизаётганлиги сюжет охиригача сир тутилади. Ёзувчилар баъзан ўқувчини бошқа воқеалар билан алахситиб, четга чиқаётгандек туюлади. Аммо, бу чекинишлар бежиз бўлмай, улар қаҳрамонларнинг сирли ҳолатини тўлдиришга, янги тугунчалар ҳосил қилишга ёрдам беради. Тўланбойнинг кўзи тасодифан қопқонга илинган тулкига тушгач, унинг терисини шилиб, азоблаб ўлдиришни ўйлайди (худди аламини тулкидан олмоқчидек). Ҳайбат эса “чуқур хаёлга чўмган”ича “хона ўртасидаги диванда ётган” оқ чойшабдаги гавдани очади. Унда гўзал бир қиз ётарди. Муаллифлар томонидан киритилган бу қўшимча деталлар асосий тугун кўламини янада кенгайтиради, персонажлар қиёфасига янги чизиқлар тортади, ўқувчида қўшимча саволлар пайдо қилади. Бу саволларига фақат асар охиридагина жавоб олади. Унгача китобхон қалбида ҳаяжон ва қизиқиш ошгандан-ошиб бораверади.

Ҳабиб Темировнинг роман-дилогиясида ҳам Русияга қатнаб, осонгина бойиб кетган “янги ўзбек” Миртожининг ажабтовур саргузаштлари ҳикоя қилинади. Роман чиндан ҳам саргузашт-детектив асарларга хос эпизод билан бошланади. Миртожибой қизи Лайлони ўзи сингари “янги ўзбек” бойларидан Қолдибекнинг ўғлига унаштириб, шаҳарнинг энг машҳур ҳашаматли маданият саройида ўтказилаётган тўйда куёв-келинларни кутишмоқда. Бир пайт, худди ҳинд кинофильмларида акс этганидек, тўйхона олдига “бир қоп-қора “Нексия” елдек учиб келиб эшик олдида ғийқиллаб тўхтади”да, “Ундан бўғриқиб, нафаси бўғилиб кетган куёв тушиб, отаси томонга чопди”. Маълум бўлишича, келин қочиб кетибди! Худди ўша фильмлардагидек бой қудалар бир-бирини юпатади, таскин беради ва... бир оздан сўнг тўй бинойидек давом этади. Орадан озгина ўтгач, “оппоқ ҳарир либосли, юзига бежирим кашмири чачвон тутган келин” ва куёв қўлтиқлашиб, тўйхонага кириб келадилар. Демак, ҳамма нарса жойида, келин топилибди-да! Аксинча, жойларига ўтиргач, куёв “қайлиғига ўпкалаган тарзда ўгирилди ва унинг чачвонини оҳиста кўтарар экан... қотиб қолди. – Ие, –  деди у сал бўлмаса йиқилиб тушай деган аҳволда. – Сиз... бошқа-ку!” Келин эса уялиш, хижолат тортиш  ўрнига ҳали бирон марта кўрмаган куёвига – “Жим! – деди таҳдидли овозда. –  Жим ўтиринг! Мен ўшаман! Мен... кейин тушуниб оласиз”, дея пўписа қилади. Кейин аниқланишича, бу янги келин Миртожининг кичик қизи Шаҳло экан.

Кейинги воқеалар бундан-да ғаройиб! Лайло топилгач, уни опқочиб кетган Нозим билан келишиб тўй кунини белгилайдилар. Буни қарангки, энди бу гал  куёвтўра қочиб кетади! “Янги ўзбек” бойи Миртожи бу галги шармандаликдан ҳам осонгина қутилиш йўлини топади – ёрдамчиси Қўшоқбойнинг югуриб-елиши туфайли бирпасда “ижарачи” куёвни олиб келади-да, келиннинг ёнига ўтқазиб қўяди. Асар воқеаларини бу каби янги эпизодлар билан бойитиш, аслида, конфликтнинг янада кескинлашувига, қўшимча тугунлар ва тўқнашувларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради. Шубҳасиз, ўқувчи хаёлида энди бу “янги келин-куёвлар”нинг ҳаёти қандай кечади? Ахир, улар Отабек билан Кумуш эмаски, бири: “Мен ўшаман...” деса, бошқасининг кўнгли жойига тушиб, енгил тин олса?! Айниқса, ўзининг эндигина етишган чинакам эри ўрнида бутунлай бошқа эркакни кўрган Лайло қай аҳволга тушди экан? Мабодо, ижарага олиб келинган бу “куёв” тўйдан кейин кетмасдан “шу менинг хотиним. Мана, ҳамма гувоҳ, ундан ажрашмайман” деб туриб олса, нима бўларди? Ахир, у қўли калта етимча, бировларнинг эшигида ишлаб кунини ўтказиб юрган  йигит экан-ку?! деган саволлар туғилади. Бироқ, воқеалар на биз, на қаҳрамонлар истаган йўналишда эмас, балки ёзувчининг хоҳиш-истагига кўра ривожланади. Персонажлар  унинг амрига сўзсиз бўйсуниб ҳаракат қиладилар. Ҳамма нарса осонгина ҳал бўлади: Қолдибекнинг ўғли “кейин тушуниб олади”, “ўша” келин билан тинчгина яшай бошлайди ва, умуман, воқеалар силсиласидан чиқиб кетади. Яхшики, “ижарагир” куёв Мардибой исми жисмига мос “мард” йигит экан, ролини муваффақият билан бажаргач, хизмат ҳақини ҳам олмай кетаверди.

Бу мулоҳазалар роман муаллифи бадиий адабиётнинг миллийлиги, характер мантиқи, воқеалар ҳаётийлиги ва изчиллиги каби муҳим мезонларига етарли риоя қилмаганлигини кўрсатади. Назаримда, Ҳабиб Темиров ўйлаб топилган бундай уйдирма воқеалар билан ўқувчиси кўнглини олишни, персонажларнинг худди режиссёр топшириғини бажаришга мажбур бўлган актёрлар сингари қабул қилишини хоҳлайди, шекилли. Аммо, режиссёр актёрлардан асардаги қаҳрамон характери мантиқидан келиб чиққан ҳолда роль ижро этишини талаб қилса, роман муаллифи персонажларни ўзининг ғоявий ниятига қараб роль ўйнашларини талаб қилмоқда. Дарвоқе, нутқда бадиийликдан кўра газета ахбороти, қуруқ баёнчилик ҳам асарнинг бутун мазмунини сусайтириб қўйгандек туюлади.

Хуллас, ХХI аср мамлакатимизнинг иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий ҳаётида янги саҳифалар очганлиги аниқ-равшан кўриниб турибди. Бундай ривожланган юртда маънавий-маърифий жабҳанинг кўзгуси бўлмиш бадиий адабиётнинг умумий юксалишдан ортда қолиши ярашмайди. Бу оғир вазифани ҳал этишда ижод аҳлининг масъулияти жуда катта. Бунинг учун адабиёт намояндалари халқ ва жамият олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этмоқлари зарур. Масъулиятни ҳис этиш эса кишининг онги, дунёқараши билан боғлиқ. Яратилажак “Бадиий асар, энг аввало, ёзувчи тафаккурининг мевасидир” (Чингиз Айтматов), буни чин дилдан ҳис қилган ҳар бир адиб қўлига қалам ва қоғоз олишдан олдин ўз олдига: “Мен маънавий жиҳатдан юксалиб бораётган халқимга,  жаҳонга бўй чўзаётган ёш авлодга, ўзлигини англаб етган ўқувчимга нимани, қандай шаклда айтишим керак? Менинг сўзларим унинг келажагида қандай роль ўйнайди? Кўзлаган мақсадидан қайтармайдими? Танлаган тўғри йўлидан чалғитмайдими?” деган саволларни қўйиб, уларга масъулият билан жавоб изласа, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бунинг учун ёзувчи ҳаётга некбин кўз ва ёниқ муҳаббат билан қарамоғи керак. Токи, унинг тафаккури ҳосили ҳисобланган бадиий асар хом-хатала ва тахир мева сингари харидорнинг иштаҳасини бўғмасин. Бундай вазиятга тушмаслиги учун ижодкор яратилажак асари устида тинимсиз меҳнат қилиши, ҳаддан зиёд кўп тер тўкиши талаб этилади. Зеро,  шошма-шошарлик адабиётга ҳеч қачон наф келтирмаслигини, ҳақиқий санъаткор учун кўп ёзишдан кўра, хўб ёзиш афзал эканлигини билиши шарт. Бунинг учун ҳақиқий ижодкор халқининг дарду ғами билан яшаши, уни чуқур ҳис қилиши, ҳаёт қозонида кўпроқ қайнаши, қувончу ташвишларини одамлар билан баҳам кўриши, реал ҳаётда рўй бераётган ўзгаришлардан илҳомланиши керак.

Йўлдош СОЛИЖОНОВ,
филология фанлари доктори

"Шарқ Юлдузи" журналидан