Facebook
Улуғ Ислом шоири PDF Босма E-mail

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида Алишер Навоийнинг таваллуд куни муносабати билан ёзилган бир мақолани «Улуғ Ислом шоири ва мутафаккири Алишер Навоий...» деб бошлаганим бир адабиётшунос дўстимга маъқул келмай, «Қанақасига Навоий Ислом шоири бўларкан, ахир у бир умр шайх ва қозиларни танқид қилиб шеър ёзган-ку!» деб эътироз билдирган эди. Унга «Алишер Навоий ҳазратлари энг аввало Ислом шоиридирлар, чунки у кишининг деярли ҳар бир асарида Қуръони карим оятлари  ёки ҳадиси шариф маъноларини ўқиш мумкин, дин таълимотларидан чекинган бир-икки қозини танқид қилиш билан одам даҳрийга чиқиб қолмайди», деб тушунтирмоқчи бўлдим. Аммо асосан худосиз тузум тарбиясини олган дўстим бу нарсани миясига сиғдира олмас, нуқул «Навоий қаёқдаю Ислом қаёқда?» деб таажжубга тушар эди.
Мана бу воқеани эса устозимиз кейинроқ сўзлаб берган эдилар: «Мустақилликнинг илк йиллари эди. Эллик йиллик айрилиқдан сўнг хориждаги бир ватандошимиз она юртига илк бор ташриф буюрди. Она тилини унутмай, аслича сақлаб келаётган меҳмон билан суҳбатлашиб ўтирар эдик. Шу пайт радио орқали Қодир Мақсумов ижросида мумтоз ғазаллардан эшиттира бошлашди. Гал Алишер Навоий ғазалларига келди. Навоий байтларини эътибор билан тинглаб турган ватандошимиз «Бу Навоий ҳазратлари байтларини фақат Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифларга таяниб ёзган эканлар-ку!» деб юборди. 
Аслида, адабиётшунос дўстимни жоҳилликда ёки билимсизликда айблашга ҳаққим йўқ: сабаби, худосиз тузум даврида яшаган кўпчиликнинг онги ва дунёқарашига «Навоий диний таълимотларга қарши курашган, у руҳонийлар, қози, сўфи, шайх кабиларни аёвсиз танқид қилган» каби тумтароқ ғоялар зўрлаб сингдириб юборилган эди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун бир-икки иқтибос келтириш билан кифояланамиз. «Шу билан бирга зулм ва истибдоддан нолиш, адолатсизлик ва инсофсизликни қоралаш, разолат ва жаҳолатни фош этиб, бадбин ёки ҳийлакор шайх-зоҳидларни танқид қилиш ва бошқалар Навоий лирикасидаги масалалар силсиласини ташкил этади» (Н. Маллаев, «Гениал шоир ва мутафаккир», Тошкент, «Фан», 1968, 17-бет). Алишер Навоийнинг «Лисонут-тайр» (Қуш тили) асари ҳақида фикр юритган бошқа бир танқидчи шундай ёзади: «Лекин асарда мистицизм элементлари ҳам мавжуд бўлиб, улар Навоий дунёқарашидаги баъзи идеалистик томонлар билан изоҳланади. Булар – дунёнинг пайдо бўлиши ҳақидаги тасаввуфий концепциянинг берилишида, Одам ва Ҳаво тарихининг тилга олинишида, меърож тарихи, Муҳаммад пайғамбарнинг фалак гумбазлари ва самовий буржлардан ўтиш (!) тафсилотлари баёнида яққол кўзга ташланади. Буларга қарамай, «Лисонут-тайр» Навоий ижодида, қолаверса, бутун ўзбек адабиёти тарихида мустасно ўрин эгаллайди» (Алишер Навоий, «Лисонут-тайр» (сўзбоши), Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёти, 1984, 9-бет).
Бундай ўринсиз маломатларга қарамай, мен ҳазрати Навоийни барибир Ислом шоири деб атагим келаверади. Чунки бунга бир қанча асосларим бор. Келинг, ҳаммасини бир бошдан сўзлайлик.
Алишер Навоийнинг бирор эътиборли асари йўқки, у Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога саловоту дурудлар билан бошланмаган бўлсин. Шоирнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бағишланган наътларининг ўзи алоҳида бир китоб бўлган. Бундан ташқари, унинг шеър ва ғазалларида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар орқали инсонлар тавҳидга, имонга, тақвога, инсоф ва адолатга чақирилган. Шоир асарларининг ҳар сатрида амри маъруф (яхшиликка чақириш), наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш) маънолари уфуриб турибди.  Фикримиз далили учун ёш олимларимиздан Ҳусайнхон Яҳё қаламига мансуб «Бобом сўзини тушунгим келар» сарлавҳали мақоладан парча келтирайлик:
«Хазойинул-маъоний»нинг биринчи ғазалида Навоий шундай дейди:

Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллик ғамзудо.

Бу байт анчагина равшан: ғайр – Аллоҳдан ўзга барча нарса; кўнгил жоми – қалб ойинаси, унда Аллоҳ таолонинг нури тажаллий қилади; ғам – монеълик, тўсиқ; соқий – муршиди комил, инсонларга руҳий тарбия берувчи устоз; майи ваҳдат – тавҳид завқи.
Энди байтни мазкур истилоҳлар асосида насрий баён қилиб кўрамиз: «Эй муршид! Қалб ойинасида унга Аллоҳ таоло томонидан етадиган нурнинг акс этишини тўсадиган занг, яъни Аллоҳдан бошқа бирор нарсанинг нақши – таъсири бўлса, тавҳид завқичалик уни аритувчи, тозаловчи нарса – «ғамзудо» топилмайди».
«Тавҳид» деганда қалб тубидан Аллоҳ таолони барча жиҳатдан ягона, мутлақ танҳо деб эътиқод қилиш, фақат Аллоҳни риоя қилиш, фақат уни ўйлаш назарда тутилади. Шунингдек, «ваҳдат майи» деганда тавҳид калимасини ҳам тушуниш мумкин. Ҳазрат Навоий ўзининг айтган сўзларини мақсаддан бурадиган, нотўғри талқин қиладиган кишилар ҳам унинг асарларини ўқиб, ташвиқ қилишлари мумкинлигини сезгани учун девонининг энг биринчи ғазалидаёқ бу нуктага алоҳида танбеҳ бериб қўйган. Юқорида биз биргина байтини ўқиб ўтган «Ашрақат» деб бошланувчи ғазалида яна шундай байт бор:

Сен гумон қилгандин ўзга жому май мавжуд эрур,
Билмайин нафй этма бу майхона аҳлин, зоҳидо.

«Эй тасаввуф аҳлининг истилоҳларидан бехабар зоҳирпараст! Сен ўйлаётган маст қилувчи, ақлни кетказувчи, инсонни хор қилувчи шароб ва ўша ҳаром нарса қуйиладиган идишдан бошқа ҳам шартли равишда «жом» ва «май» бор. Бу майхонани – орифларнинг ботиний олами вакилларини (ёки муршид хонақоси аҳлини) билмасдан инкор қилиб юрма!» Хулоса қилиб айтганда, Навоийни тушуниш учун Навоий билган ва фойдаланган билимларни, яъни Қуръон, Суннат, шариат, тариқат, тасаввуф ва бошқа илмларни билиш, ўрганиш керак бўлади. Ўрганганда ҳам асл манбалардан ўрганиш даркор. Бунинг учун, албатта, ўша давр Ислом оламида илмий муомалада бўлган тилларни яхши ўзлаштириб, манбаларни бегоналарнинг таржима ёки тавсифлари асосида эмас, асл ҳолатида ўрганиш талаб қилинади. Бинобарин, навоийшунос бўлишни истаган киши аввало Ислом олими, тасаввуф билимдони бўлиши, бу илмларни билибгина қўймай, уларни ўз ҳаётида татбиқ этиб, зикр қилинган даражаларни ўзида жорий қилган бўлиши лозим. Шундагина у Навоийни тўла тушунган, у кишининг шахсиятини тўғри англаган, сўзларини яхши ҳис қилган бўлади. Менимча, бугунги навоийшуносликнинг олдида турган энг катта муаммолардан бири шу бўлса, ажаб эмас».
Алишер Навоий Қуръон ҳофизи бўлгани учун ғазалларида Қуръон оятларини кўплаб келтиради. Мисол тариқасида «Ғаройибус-сиғар»дан биргина байтни келтириш кифоя:

Дўст чун жон ичрадир, қўй «наҳну ақраб» сўзини,
Тут бўюн баским, яқинроқ келди «мин ҳаблил-варид».

Ушбу байтдаги қўштирноққа олинган жумлалар Қуръони каримдаги Қоф сурасининг 16-ояти мазмунига ишора қилинган бўлиб, оятнинг маъно таржимаси қуйидагича: «Дарҳақиқат, Биз инсонни Ўзимиз яратдик ва нафси уни нималарга васваса қилишини  биламиз ва Биз унга жонтомиридан ҳам яқинмиз». Шоир асарларини шарҳлашда бу нозик масала ҳисобга олинмаса, мақсадга эришиш душвор.
Алишер Навоий «Ҳайратул-аброр» асарининг иккинчи мақолотида Ислом дини ҳақидаги фикрларини шундай баён этади:

Олам аро халқни Йаздони пок,
Аҳли нажот эттийу аҳли ҳалок.
Бу бирисин обиди асном бил,
Ул бирисин зумрайи Ислом бил.
Куфр эли йўл топти маломат сари,
Зумрайи Ислом саломат сари.
Ул бирига вайл эви бўлди мақом,
Зумрайи Исломға дорус-салом.

Яъни, барча нуқсонлардан пок Тангри таоло дунёдаги халқларни яратиб, уларнинг бир тоифасини нажот топувчи, бошқасини ҳалок бўлувчи қилди. Уларнинг ҳалокатга юз тутганлари бут-санамларга  сиғинувчилардир, нажот топувчилари эса Ислом жамоасидагилардир. Куфр эли залолатга ботиб, ҳақ йўлдан адашди, Исломдагилар эса омонликка эришишди. Уларнинг бири надомат «оҳ-вой»ига мубтало бўлди, Исломни танлаганлар эса Доруссаломга (омонлик диёрига) эга бўлди.
Алишер Навоий рубоийларидан бирида Аллоҳ таолога шундай илтижо қилади:

Ё Рабки, иноятингни ёр айла менга,
Йўқлуққа ҳидоятингни ёр айла менга.
Ҳар каҳфи кифоятингни дор айла менга,
Ҳар дурри иноятинг нисор айла менга.
Бошқа бир рубоийда эса қуйидаги сатрларни ўқиймиз:
Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,
Не дардки, ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур.
Қуръонни тиловат этсун ар огоҳ эрур,
Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур.

Алишер Навоий асарлари орасида тўлалигича Ислом динига бағишланганлари ҳам талайгина. Булардан «Арбаъин» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қирқ ҳадислари назмий шарҳи бўлса, «Сирожул-муслимийн» Аллоҳ таолонинг сифатлари, Ислом динининг асослари ва арконлари баёнига бағишланган. Шоирнинг яна бир асари «Насойимул-муҳаббат мин шамойимил-футувват»да эса дунёнинг турли минтақаларида яшаб ўтган 770 авлиёнинг ҳаёти ва доно фикрларига оид қимматли маълумотлар жамланган. Навоийнинг машҳур «Муножот» асари Аллоҳ таолога қилинган ёлбориш, илтижо-муножотларнинг энг аълосидир.
Шоирнинг «Ситтаи зарурия» қасидалар тўпламидаги «Руҳул-қудс» қасидасида ҳам Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари васф этилади. Шоирнинг ёзишича, борлиқ ва ундаги бутун мавжудотни фақат Аллоҳ яратган. Бунда Унга бирор жонзот шерик бўла олмайди, Унинг яратганини ўзгартира олмайди. Ҳамма нарса Унинг қудрати илоҳийси яралади, қудрати билан бордан йўқ бўлади. Кучлиларни маҳв этувчи ҳам, заиф, кучсизларга куч берувчи ҳам Аллоҳнинг Ўзидир. 
Яқин ўтмишда Навоийнинг ижоди бир ёқда қолиб, унинг ҳатто ҳасби ҳоли ҳам даҳрий тузум қолипига солинган эди. Барча асарларда шоирнинг таваллуд ва вафот этган йиллари милодий сана билан бериларди. Аммо шўро тузумидан олдинги асарларда шоир ҳаёти ва эътиқодий қарашлари ҳақида ҳеч нарса яширмай очиқ ёзилган. Шўро тузуми қулаганидан кейин ҳам айрим инсофли олимлар бу борадаги бор ҳақиқатни ёзишди.
Бу мавзудаги энг мўътабар асарлардан бири шоирнинг шогирди, улуғ тарихчи Ғиёсуддин Хондамирнинг «Макоримул-ахлоқ»  асаридир. Асарнинг бир неча саҳифаларида Навоийнинг ҳаёти, диёнати ва диний қарашлари ўз ифодасини топган. Китобнинг илк саҳифаларида шундай дейилган: «...Султон ҳазратларининг яқини Алишер Навоий рамазон ойининг ўн еттинчисида, сана саккиз юз қирқ тўрт – товуқ йилида йўқлик дунёсидан борлиқ оламига қадам қўйиб, ўзининг жамоли ва порлоқ чеҳраси бирла Ер юзини ёритди»   Жадид танқидчилардан Вадуд Маҳмуднинг маълумотига кўра, шоирнинг «вафоти 906 ҳижрий зулҳижжа ойидадир. Қабри Ҳиротда, ўзи солғон жомеънинг саҳнидадир. Умри олтмиш иккидир»   
Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича, Алишерни тўрт ёшида бошланғич мактабга беришади. Ўша давр таомилига кўра у ҳам асосан диний таълим олади. Замон алғов-далғовларида унинг оиласи ҳали Ироқ, ҳали Хуросон ўлкаларига кўчишга мажбур бўлса-да, у қисқа вақт ичида араб, форс тилларини пухта ўрганиб олади. Муаррихларнинг ёзишларича, ёш Алишер етти (баъзи манбаларда тўққиз) ёшида Қуръони каримни тўла ёд олган. Худди ўша йиллари тасаввуфга қизиқиб, Фаридиддин Атторнинг машҳур фалсафий асари «Мантиқут-тайр»ни ҳам ёдлаган.
Шундан сўнг Алишер Навоий Самарқандда мадрасада таҳсил олган, унда эса асосан тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом каби диний илмлар ўқитилган. Пўлотжон Домулла Қайюмийнинг «Тазкираи Қайюмий» асарида бундай ёзилган:»1446 нчи йилда Алишерни Самарқанд шаҳрига сургун қилинди. Алишер Мадрасаи Улуғбекда туриб, ўшал замоннинг машҳур олими, машҳур мударрис мавлоно Абул Лайс Самарқандийдан фан (илм) ўргана бошлади» (11-бет). Таниқли мунаққид Вадуд Маҳмуд «Алишер Навоий» мақоласида бундай ёзади: «Алишер 17 ёшда экан, (Абулқосим) Бобир ўлгандан сўнг диний ва илоҳий илмлар ўрганмак истади... Мовароуннаҳрнинг маркази Самарқандга келиб, Хожа Жалолиддин Фазлуллоҳ Абуллайснинг мадрасасига қўнди. Бу Хожа «усулул-фиқҳ»да шундай моҳир уста эдики...» (Вадуд Маҳмуд, «Танланган асарлар», Тошкент, «Маънавият», 2007, 30-бет). Филология фанлари доктори профессор Исматулла Абдуллаев эса бу фикрни давом эттириб, шундай ёзади: «Алишер Навоий 28 ёшида Қуръон, ҳадис ва бошқа диний билимларни пухта ўрганиб, араб, форс тиллари ва адабиётини, Ислом давлатлари тарихини мукаммал эгаллаган» (И. Абдуллаев, «Марказий Осиёда Ислом маданияти», Тошкент, «Шарқ», 2005, 194-бет).
Академик Алийбег Рустамий ҳазрат Навоийнинг эътиқоди ҳақида ушбу сатрларни битадилар: «Ҳазрати Навойийнинг диёнати ҳамма замон, ҳамма маконнинг ҳамма халқлари, айниқса мусулмонлар учун ўрнакдир. У ислом ибодатию муомаласи, ахлоқу одобига аъло даражада амал қилди, ўзини бутунлай мамлакат тараққийси ва эл хизматига бағишлади. Шунинг учун унга «Низомиддин» лақаби берилди» (Алийбег Рустамий, «Ҳазрати Навойийнинг эътиқоди», Тошкент, 2010, 4-бет).
Хондамирнинг «Макоримул-ахлоқ»ида Мир Алишер Навоий ҳазратларининг ниҳоятда художўй бўлган, Ислом дини арконларига оғишмай амал қилган, юртда дин равнақи йўлида катта ишлар олиб борган, тасаввуфнинг йирик билимдони бўлган, ўз асарларида Ислом динига асос бўлган Қуръони карим оятларига ва ҳадиси шарифларга жуда кўп мурожаат қилган том маънодаги мусулмон бўлганлари зикр этилади:
«...Бу обидлар ва бандалар паноҳининг жумъа намозини ва бошқа намозларни жамоат билан ўташда ғайрати шу даражага етган эдики, Марғаний боғида ғоятда зийнатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имом белгилади ва ўзи у ерда беш вақт намозга ҳозир бўларди» («Макоримул-ахлоқ», Порсо Шамсиев нашри, 42-бет). Шунингдек, ушбу асарда Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги Жомеъ масжидини қайтадан таъмирлаш ишига бош-қош бўлгани, бунинг учун шахсий жамғармасидан катта маблағ ва ҳадялар сарфлагани, бундан ташқари мамлакатнинг турли шаҳар-қишлоқларида Мирзо Алоуддавла масжиди, Мир Одил масжиди, «Боғи Зоғон», Сарахс ва Астробод жомеъ масжидлари каби йигирмадан зиёд масжид қурдиргани, Ҳиротда «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, «Шифоҳия» беморхонаси, «Дорул-ҳуффоз» (қорихона) ҳам барпо эттиргани нақл қилинади.
Яна «Макоримул-ахлоқ»қа мурожаат қиламиз: «Рамазон ойида олиймакон Амир хайрот ва садақанинг миқдорини имкон борича орттиришга тиришарди. Одатий шилонда қўй ва унинг керак – яроғини кўпайтирарди. Ҳар кечаси улуғ саййидлар, замона олимлари, олий мартабали амирлар ва баланд даражали садрлардан кўпгина киши Амир ҳузурида ифтор қилишарди. Ул ҳазрат меҳмонларни риоя қилиб, овқатни ўзлари тортарди. Шундан кейин таом ейишга қўл узатарди» (ўша асар, 49-бет).
Ҳар бир сатридан художўйлиги, тақводорлиги беш қўлдай аён бўлиб турган шоирни тинмай даҳрийга чиқариш, уни дин душмани этиб сифатлаш кимга керак бўлган? Бунинг асл сабаларини шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мақолаларидан бирида шундай таъкидлайдилар: «Юртимизда коммунистик мафкура расман ва очиқ-ойдин ҳокимлик қилиб турган пайтда Ислом динига, юртимиз тарихига нисбатан фақат салбий фикрлар ёзилар ва айтилар эди. Шунингдек, тарихий шахсларга баҳо беришда ҳам алоҳида ўлчов бор эди. Ўтган азизларимиздан ким динга яқиндан боғлиқ бўлса, у қолоқ, золим, эзувчи синф, реаксионер ёки бошқа салбий сифатлар билан сифатланар эди. Баъзи шахслар эса, аввал динсиз қилиб олиниб, сўнгра маълум чегарада ижобий сифатлар билан баҳоланар эдилар. Бундай шахслар қаторига Алишер Навоий, Ибн Сино, Фаробий, Улуғбеклар киритилган» («Жамият кўксига урилган заҳарли ханжар» китоби, 51-бет).
Таниқли навоийшунос олим, филология фанлари доктори профессор Абдуқодир Ҳайитметов бундай ёзади: «Бироқ қарийб бир ярим аср давом этган мустамлакачилик даврида, ай¬ниқса шўро тузуми даврида маданий меросимизни халқимизга ёт мафкура қолипига солиб талқин қилишга уринишлар бўлди. Бу ҳодиса Алишер Навоий ижодига муносабатда ҳам ўз ифодасини топди. Уни йўқсилларнинг дўсти, мулкдорларнинг мухолифи қилиб таърифлашга интилишди. Жаҳон адабиётининг дурдонаси бўлган асарларидаги (мас. «Ҳайратул-аброр» достонидаги) ажойиб боблар қисқартириб нашр этилди. Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга имон келтирган, Қуръони каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган адиб ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир. Унинг ижоди моҳиятини англаб етмоқ учун дин тарихини яхши билган, Қуръони каримни ўқиб, маъносини англаб етган киши бўлиш керак. Шўро тузумида эса диний илмларни тарғиб қилиш таъқиқланди. Шу боис, гарчи навоийшунос олимлар шоир ижодини тарғиб қилиш бўйича анча ишлар қилган бўлсалар ҳам, Алишер Навоий ижоди кўпчилик китобхонлар учун тушунарсиз бўлиб қолди» («Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси», 1-жилд, «ЎзМЭ», Тошкент, 2000 йил, 224-бет).
Сўзимиз ниҳоясида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Ўлкамиз бадиий адабиёти ҳақида ўйлар» мақолаларидан бир иқтибос келтирмоқчиман. «Бундан бир неча йил муқаддам ўзбек қаламкашларидан бирининг мақоласи менга қаттиқ таъсир қилди. Мақоланинг бадиий адабиётга аталган қисмида «Ўзбек адабиётидаги исломий шуурни совет давридагидан олдинги адабиётда ва Абдулла Қодирий ҳамда Чўлпоннинг баъзи асарларидагина кўриш мумкин», деган фикр олға сурилади. Ўзини қадимдан мусулмон санаб келаётган катта бир миллат учун бу мусибат эмасми? Бу – сўз мулкининг султони бўлган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфий, Саккокий каби улуғ адиб ва шоирларни етиштирган халқ учун ор-номус эмасми?» Ачинарлиси шуки, исломий шуур кейинги давр адабиётида ҳам кўринмаётгани у ёқда қолиб, ҳатто чин мусулмон шоирларга даҳрийлик тамғасини уришдан ҳамон воз кеча олмаётганимиз ажабланарли. Оқни оқ, қорани қора аташ, олдинги хатоларни тузатиш пайти келмадимикин?
Менимча, Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратларининг улуғ Ислом шоири эканларига юқорида зикр этилган фикр ва далилларнинг ўзи етарли бўлса керак. Агар булар ҳам «динга қарши шеър ёзган», «руҳонийларни танқид қилган», «Навоий билан Ислом ўртасида ҳеч қандай яқинлик йўқ» деб маломат тошларини отишдан зерикмаган кимсаларнинг ўртанган юракларини совута олмаган бўлса, бироз сабр қилишсин. Навоийнинг ҳаёти ва ижодига янгича қараш ва талқинлар, бу борадаги илмий тадқиқотлар ҳали олдинда турибди. Иншааллоҳ, ҳали ростгўй, инсофли олимларимиз улуғ Навоийни даҳрийлик замони зўрлаб пуркаган кирлардан тозалаб, унинг ҳақиқий ғояларини очиб берувчи гўзал илмий ишлар билан ўқувчиларни севинтиражаклар!

Аҳмад МУҲАММАД