Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»“... Англагайсан ўзумни”
Facebook
“... Англагайсан ўзумни” PDF Босма E-mail

Ҳазрат Навоийни таърифласак... ул зоти шарифнинг даҳолик кўламини, миллат тақдиридаги аҳамиятини тарозига солиб ўлчагандек, ҳисоб-китобини чиқаришга урингандек бўлиб қоламиз. Бунинг эса имкони йўқ. Шарт ҳам эмас. Навоий беназир, Навоий беқиёс.
Юртимиз буюк шоир номи билан аталган вилоят бор, шаҳару кентлар, театру саройлар, илмий  ва таҳсил даргоҳлари беҳисоб. Чет элларда ҳам азамат ҳайкаллари қад ростлаб турибди. Навойи-миллатимиз шарафи, маънавият кўкидаги безавол офтоб.
Лекин “авлиёларнинг авлиёси” аталмиш бул зотни асосан таваллуд саналарида навоийхонлик айёмларида эслаймиз-а, тўғрими? Ўша кунлар юртнинг тўрт тарафида илмий-адабий анжуманлар, расмий-норасмий тадбирлар ўтказилади, биз катталар ҳам ҳадеганда мағзини чақолмайдиган сатрларини бийрон қизалоқлару болакайлар радио-телевизор орқали ёд ўқиб беради.
Бари қутлуғ, бари таҳсинбоп. Аммо бу янглиғ тадбир-тадориклар Навоий даҳосига  яқинлаштириши масаласига келганда ўйланиб қоласиз: аксинча бўлмаётибдими? Чунки байрам саҳналарини тўлдирганларнинг аксарияти Навоийга бегона, илмий –ижодий бисоти моҳиятидан бехабар тасодифий “ижрочи”ларга ўхшайди. Улуғ аждодимизни эсламоқ, хотирасини эъзозламоқ, шарафламоқ- савоб, кори хайр, албатта. Бироқ умрини ул зот келажак авлодлар унинг таваллуд айёмини яккаш байрамона руҳда ўтказишини орзу қилмагандир!..
Хўш, Навоийни чинакамига биламизми? Англаймизми? Англадикми?
Англаганимизда бошқача бўларди: юрт ҳам, эл ҳам. Ўзимиз, ҳар биримиз. Радиога қулоқ тутинг, мағрур жар солаётир: “Башарият тарихида Навоийдек даҳо камдан кам!”.
Тўғри, лекин инсоният ҳазратни муносиб мақомда танидими, тан олдими? Кўп йиллар бурун Гуржистонда меҳмон бўлиб, бир райком саркотибининг қирқ дақиқа тик турган ҳолда Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонидан ёд ўқиганини кўрганман. Котибу саркотибларнику қўя турайлик, ўзим- адабиётнинг устидан нон еб юрган одам, Навоийдан шунча нарса биламанми? Сиз-чи?
Умуман миллатимиз фахри бўлмиш буюук мутафаккирни инсониятга танитмоқ борасида сизу биз- бугунги авлод қилаётган ишлар кўнгил тўлгуликми? Жаҳонга бўй кўрсатиш иштиёқида сарфлаанётган маблағлардан Навоийга аталгани қанча? Навоий деб юрганларимиз кўпб аммо чинакам навоийшунослар қани? Чет тилларда сайрайдиган бугуни ёшларимиз бобокалонларини жаҳонга танитишда нима каромат кўрсатяпти?
Тирикликнинг ҳазрат Навоий “панжа урмаган” муаммоси топилмас, лекин шу ўринда “икки йўлчи”дан “Мақсуд Шайхзода таърифи” бири- Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳали-ҳамон чала ўқилган мисралари ёдга тушади:
Ҳар вақтке кўргасен менинг сўзумни,
Сўзимни ўқуб англагайсен ўзумни...

Эркин АЪЗАМ