Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Ўзгариш ва узвийлик хусусида
Facebook
Ўзгариш ва узвийлик хусусида PDF Босма E-mail

Ушбу мақолага «Ҳақиқат ва илк ўзбек адабиёти» деган сарлавҳа ҳам қўйишимиз мумкин эди, зеро, ундаги асосий гап ҳақиқат хусусидадир. Ҳақиқатни «ростгўйлик» деб аташ ҳам мумкин. Бундан ташқари, бу сўз жиддий ўрганиб чиқишга арзийдиган яна бир қатор тахминий маъноларга ҳам эга. Мазмуни камалакдек товланадиган, аниқ изоҳлаш ўта қийин бўлган эски ушбу ҳақиқат бизга 1915 йилдан 1935 йилгача бўлган икки ўн йилликнинг қанчалар кўп қатламли бўлганлигини англашга ёрдам беради.

Жаҳолат ва маърифат, идеализм ва реализм, буржуа миллатчилиги ва пролетар интернационализми ва эҳтимол, «байналмилал мустамлакачилик», деган учинчи бир жиҳатларга ҳам эга бўлган бу икки ўн йилликда озодликка интилиш ва озодликнииг тортиб олиниши, кўп хиллилик ва бир хиллилик бир-бирига тўқнаш келди. Ўрта Осиёда илгари бундай ҳол содир бўлмаган эди, ўша ўн йилликлардан кейин ҳам юз бермади.
Бу даврни икки оғиз сўз билан тасвирлаб бериш жуда мушкул масала.
«Ҳақиқат» сўзи 1915 йили Туркистон мусулмонларига қандай маънолари билан маълум бўлганлиги хусусида бир фикрлашиб олайлик. Бу тушунча умумисломий эрон-араб-турк маорифи мажмуида 1860 йилдан бошлаб муҳим, кўп қиррали роль ўйнайди. Биринчи навбатда диний мубоҳасаларни олиб кўрайлик. Урол ва Нил дарёлари ўртасидаги ҳудудда яшовчи ислоҳотчилар бир вақтлар нозил этилган ҳақиқатни яна давом эттириш учун «ижтиҳод» дарвозаларини қайтадан очиш масаласини кўтариб чиқдилар. Уларнинг фикрича, янги давр мусулмонлардан худди шуни талаб этаётган эди. Иккинчидан, фундаменталистик руҳдаги мусулмонлар эса, «илк мусулмонлар ҳақиқат учун жондан кечишга ҳам тайёр курашчилар эди, замонавий мусулмонлар эса хурофот асирларидир», деган фикрга ёпишиб олган эдилар. Ўз ғояларини амалга ошириш йўлида турли тўсиқлар борлигини хаёлдан қочирмайдиган яна бир қатор ислоҳотчилар учун эса «ҳақиқат» уларнинг турмуш шароити, ҳолати тўғрисидаги аччиқ воқелик бўлиб, улар буни тан олишга мажбур эдилар.

Сўфийларнинг ҳақиқатни қандай тасаввур қилганлиги ҳам назардан четда қолмаслиги лозим: халққа энг яқин ва энг таъсирчан исломий гуруҳлардан бири бўлмиш сўфийлар ҳақиқатни топиш ва ёритишда ақидапараст сафсатабозлар ҳамда маърифатчиларга насиб этмаган даражага эришган бўлсалар-да, исломий ва ғайриисломий модернистлар томонидан жаҳолатпарастликда айбланган эдилар.

«Реаллик» ва «ҳақиқат» тушунчаларига нисбатан бошқа сезиларли таъсирлар славян миссионер ва шарқшунослари, Усмонли Турк империяси намояндалари, рус «художўйлари» ва, ниҳоят, француз символистлари томонидан ўтказилган бўлиши мумкин. 1917 йилдаги тўнтаришлар арафасида Ўрта Осиёда ҳақиқат ва унга алоқадор «реаллик», «ҳаққонийлик» тушунчалари борасида шундай нуқтаи назарлар мавжуд эди. Улар кейинги ўн йилликда ҳам амалда бўлиб, ривожлантирилди. «Хурофот, онгсизлик билан курашмоқ—ҳақиқат учун йўл очмоқ, демакдир» («Ўзгаришчи ёшлар» журналининг биринчи сонидаги иқтибос).

Ўрта Осиё жадидлари биринчи навбатда татар жадидларидан ўрнак олдилар. Татар жадид муаллимлари XX асрнинг дастлабки йиллариданоқ Самарқанд ва Қўқон каби катта шаҳарларда, кейинчалик эса вилоятлардаги кичик шаҳарларда, йигирманчи йилларнинг бошларида эса, ҳатто Бухорода ҳам фаолият кўрсатдилар. Ўрта осиёлик кўпгина муаллимлар ва публицистлар Қозон, Уфа ва Оренбург шаҳарларидаги жадидлар билан яқиндан танишиб олган, ҳатто Истанбул ва Кавказдаги жадидлар билан ҳам алоқа ўрнатган эдилар.
Маҳаллий назорат идораларида қадимчилар (эскилик тарафдорлари) асосий ўринларни эгаллаб турганлиги учун кўпгина бухоролик ва самарқандлик маърифатпарварлар ўз асарларини Истанбул ва Тифлисда чоп эттирган. Ўрта осиёлик хурофотчи диндорлар янгиланиш ҳаракатига қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. 1911 йили Бухорода очилган янги мактаб бир неча ой фаолият кўрсатгач, ёпиб қўйилди. 1914 йили Самарқанддаги муаллимлар ўз фаолиятларини тўхтатишга, болаларини янги мактабга берган ота-оналар эса уларни қайтиб олиб, эски мактабга жойлаштиришга расмий равишда мажбур бўлдилар. «Ойна» журналининг 1914 йил 11 январь сонида чоп этилган «Фавқулодда таклиф» деган мақолада шу тўғрида сўз юритилган. Фақат Чор маъмуриятининг аралашувидан кейингина такфирга эга бўлган мударрислар ҳамда уни оммалаштираётган муаззинларнинг фаолияти расман тақиқлаб қўйилди («Ойна», “186” 13, 1914 йил 18 январь).
Шунга қарамасдан, самарқандлнк муаллим, ношир ва ёзувчи Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзининг тўгарагини ташкил этди. Ижтимоий йўналишдаги адабиётга қизиқувчи ёшлар тўгарак аъзолари бўлдилар. Уларнинг баъзилари асарларини «Беҳбудий нашриёти»да чоп эттирган бўлсалар, бошқалари ўқиш, ўрганишга зўр бериб, фақат 1917 йилдан кейингина фаол ҳаракат бошладилар. Жадид фаолларининг тилларини бийрон қилган бу ҳақиқат, биринчи навбатда, ижтимоий ҳаётнинг аччиқ воқелиги эди. Жадидлар бу ҳақиқатлардан кенг халқ оммасини огоҳ этиш мақсадида трагедиялар, пьесалар ва ҳикоялар ёздилар. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» (1913), Нусратулла Мулла ибни Қудратуллонинг «Тўй» (1914), Абдулла Қодирийнинг «Жувонбоз» (1915) асарларини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Таълимий ва тарбиявий лирикада жадид шоирлар ижобий ва салбий қутблар ўртасидаги дуалистик метафорика (икки томонлама метафорика) ни ривожлантирдилар. Жадидларнинг ўз нуқтаи назарлари ижобий қутбдир. Ҳақиқат, бундай асарларда «нур», «ёруғлик» каби тушунчалар орқали ифодаланган. «Хуршид, қуёш, шамс» истиораси эса билимни, маърифатни англатганди. Салбий қутб эса жаҳолатпарастлик унсурлари бўлмиш схоластика, мистика ва «халқ дини»дан ташкил топган. Қонун, шариат, хурофот ва жаҳолат «зулмат», «булут» ва «соя» истиоралари орқали ифода этилган. Уша даврларда яратилган шу руҳдаги кўплаб шеърлар ичидан олинган ушбу ягона мисол ҳақиқат ва билим нури ўртасидаги муносабатни, кўрсатишга кифоя этса керак. Бу шеър Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий қаламига мансуб:

Илм ҳақнинг нуридир,          Жаҳл куфрнинг тўридир.
Қаро кўнгил бўридир.          Ҳар душманнинг зўридир.
Ҳар бир яроғ ўткири,           Ҳар вир таннинг кулфати,
Ҳар исрофил суридир.          Ҳар бир бахтнинг шўридир.

Жадидлар «барча ижобий фанларнинг ўқитилиши зарур», деган ғояни кўтариб чиқдилар, чунки бу ғоя «ислом барча фанларнинг булоғи», деган ақидага мос келар эди. «Ер, кўк, юлдуз ва қуёшнинг ҳақиқатини билиш» каби ижодий ҳаракатларга зид ўлароқ эски мактаблардаги қадимчи-исломий домлалар болаларга турли бўлмағур афсоналарни айтиб, улар миясини заҳарладилар. Наҳанг устидаги ҳўкизнинг ерни ўз шохларида кўтариб турганлиги тўғрисидаги афсона ҳам шулардан биридир. Қадимчилар мусулмонлардан кўпроқ садақа ва хайр-эҳсон ундириш мақсадида ҳақиқатни яшириб, хурофотга бошладилар. «Ойна» журналининг 12-сонида (1914 йил 11 январ) чоп этилган «Миллатни ким ислоҳ этар?» деган мақолада шу тўғрида сўз юритилган. (Жадидларнинг хурофий тасаввурларга қарши кўрсатган бу фаолликларн уларга қарши турли ҳужумлар уюштирилган кейинги йилларда ҳам уларнинг алоҳида хизматлари сифатида баҳоланган).

Жадидларнинг ҳақиқатни ахтариш борасида инқилобгача олиб борган илгариги ишлари қандай кечганлигига бир назар ташлайлик: жадидлар ўзларини ҳақиқатни билишга муҳтож кишилар, деб ҳисобламаганлар. Улар ҳақиқатни билишларига ёки камида ҳақиқатга элтувчи йўлдан хабардор эканларига амин бўлганлар. Улар ўзлари билган ҳақиқатни халққа етказишни, халқни билимсизликдан нур томон етаклашни ўз олдиларига вазифа қилиб қўйган эдилар. Жадидларнинг Ўрта Осиёдаги илк авлодида «ўз ҳақиқатларининг ҳақиқати» борасида қатъиятсизлик, гумонсираш сезилмайди. Ўзлари эришган, яъни англаб етган нарсаларнинг барча «билмайдиганлар» нуқтаи назаридан устунлиги, ўша давр ҳақиқатининг қанчалар аччиқ бўлишидан қатъи назар, жадидларга букилмас некбинлик бахш этган. Улар ўз «ҳақиқат»ларини хурофот, афсона ва жаҳолатга қарши қўйганлар.

Фикримча, Ўрта Осиё жадидлари орасида энг кўзга кўрингани Абдурауф Фитратдир. Ўзининг «Мунозара» сида у «ҳақиқат натижаси тасодуми афкор аст», яъни «фикрлар хилма-хиллиги ҳақиқатни англашга элтади», деган иқтибосни бежиз келтирмаган. У ўзининг бутун умри давомида ҳақиқат ахтарди ва бу жараёнда фикрлар хилма-хиллиги, қарама-қаршилиги бўлиши мумкинлиги хусусида фақат шиорлар айтиш билангина чекланиб қолмади, балки ҳақиқат ахтара туриб шундай бир даражага эришдики, ўрта осиёлик биронта мутафаккир бу даражага эришмаган. Ҳақиқат ахтариш ва шунга мос равишда озодликка интилиш уни Ўрта Осиёнинг ягона, жиддий атеистига айлантирди.
Фитрат ўзининг илк асарларидан бири —1911 йили Истанбулда чоп этилган Ҳиндистонда бир фаранги ила «Бухоролик мударриснинг жадид мактаблари хусусинда қилғон мунозараси»да «ҳақиқат ихтиёрида бўлмоқ лозим», деган жадидча талабга тўлиқ қўшилади ва ўзининг жадид мутафаккир касбдошлари ёқлаган ҳақиқатни ёқлаб чиқади. «Мунозара»даги овруполик Фитратнинг ўзидир. У қадимчи мударрисга қарата «динингизнинг асослари ҳақиқатда не эканлигини билмайсиз», деб таъна қилади. Қадимчи мударрис қанчалар ғофил бўлса, Фитрат шунчалар кўтаринкилик билан уни чуқур фикрларни изҳор этишга мажбур қиладики, мударриснинг бу фикрлари қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмаслиги аён бўлиб қолади.
Динга қарши даъват оммавий тус олган 1928—1929 йилларда Фитрат ўзининг кичик-кичик асарларида қайта-қайта ҳақиқат мавзусига мурожаат қилди. Унинг «Меърож», «Заҳронинг имони», «Зайд ва Зайнаб» асарлари марказида «ҳақиқат»нинг ўзи эмас, балки кишиларнинг ҳақиқатга нисбатан субъектив муносабати туради. У 1928—1929 йилларда, яъни яқинда эълон қилинган ҳақиқатдан бошқа ҳақиқатни топишга уринган ҳар бир шахс сиёсий таъқибга учраши тайин бўлган бир даврда қотиб қолган диндорликдан четланишга чақирди. Фитратнинг кичик асарларида мурожаат қилган мавзулари 1929 йилда расман тақиқланмаган бўл-са-да, аммо «ҳаддидан ошиш» деб баҳоланилди. Балки шунданмикан, унинг ҳақиқатни ахтаришда жасоратли бўлишга қаратилган чақириқлари натижасиз қолиб кетди.

Илк жадидларга ўшанда ҳам, бир оз кейинроқ ҳам нурли келажак томон элтувчи ҳақиқий йўлни топиш насиб этмади. Уларнинг бир гуруҳи 1917 йилдаги Февраль инқилобидан кейин ҳақиқатни Миллий Мухториятдан ахтара бошлади ва ўз ижоди билан Туркистондаги миллий истиқлолчилик ҳаракатини қўллаб-қувватлади. 20-йилларнинг бошларига келиб, сиёсий тараққиётда большевикларнинг ғалаба қозониши аниқ бўлиб қолгандан кейин миллий мухторият тарафдорлари бўлган жадидлариинг кўпчилиги большевиклар томонига ўта бошлади, яъни улар отларнинг бошини ҳақиқат томон бурдилар. Фақат баъзи бирларгина ўз орзу-умидларидан воз кечолмай, ҳалқ ҳам аданганларга ҳақиқат йўлини кўрсата олишларига умид боғладилар. (Фитрат «Ўқитғувчилар юртига», «Ўзбек ёш шоирлари». Тошкент, 1922). Улар «Рус империализмининг сояси йўқолсин», Туркистон устига миллий озодлик қуёшининг нурлари тушсин, деган чақириқларга тўла, оптимистик руҳдаги шеърларини ёзишда давом этдилар. Нур-зулмат истиораси замирида энди «миллий озодлик — империалистик қуллик» тушунчалари ётарди.

Сиёсий ғолиб фақат ҳақиқатга эгалик қилиш ҳуқуқини олиш билангина чекланмайди, энди у дуалистик метафориканинг «нур» қисмини ҳам эгаллаб олади. Миллий руҳдаги шоирлар учун 1924 йилдан кейин фақатгина хаёлий тасаввур ва зулмат қолган, холос. Худди келишиб олишгандек, улар бу икки истиорани ўзларига олиб, келажак ижодларида улардан фойдаландилар. Жадид зиёлиларининг сўнгги тўгарагида иштирок этганларнинг йўллари қандай ажралиб кетганини бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Фитрат ва Боту биргаликда «Чиғатой гурунги» даврасида ўзбек тилининг назарий масалаларини муҳокама қилиб, бадиий асарлар яратганлар. Уларнинг «Ўзбек ёш шоирлари» антологиясига киритилган асарлари юқори даражада ҳамоҳангдир. 1924 йилда эса «Инқилоб» журналида Фитратнинг «Менинг кечам» шеъри чоп этилди. Шундан бир оз кейинроқ бу шеърга жавоб тариқасида ўша журналда Ботунинг «Менинг кундузим» шеъри босилиб чиқди. Шоирлар йўлининг икки қарама-қарши томонга ажралиб кетганлиги бу шеърларда яққол кўринди. Агар Фитрат қоронғу кечани ўз хаёллари билан банд бўлган ҳолда бемалол шуғулланиш мумкин бўлган шароит сифатида тараннум этган бўлса, Боту кундузни қайноқ меҳнат оғушидаги социалистик ҳақиқат томон бориладиган вақт сифатида ардоқлади.

...Чўлпоннинг «Мен шоирми?» деган шеъри 1923 йилда ёзилган бўлиб, у ўзбек шеъриятининг бир қанча йиллар давомидаги йўналишини Чўлпоннинг рақиблари англаб етгандан ҳам юқорироқ даражада белгилаб берди. Чўлпон ўз идеали, яъни миллий мухториятни амалга оширишиинг иложи йўқлигини англаб етган эди. Шоир янги воқелик ва янги тил талабларига мутаносиб равишда ўзининг интилишларини «хаёл» деб атайди; албатта, хаёлни бу ерда икки хил тушуниш мумкин: у бир вақтнинг ўзида беҳуда кетган хатти-ҳаракатни ва ҳали интилиш мумкин бўлган мақсадни англатади ва сўнггиси ҳақиқатнинг қарама-қарши қутбини ташкил этади. «Мен шоирми?» шеърида Чўлпон ўз орзу-истаклари, идеали нимага айланганлигини кўриш учун хаёлини осмонларда сайр эттиради ва идеали қуруқ хаёлга айланиб қолганига амин бўлади. Шу сабабдан у:

Ҳаёлим кўклардан тушиб кетадир,
Шоирлик чанг бўлиб учиб кетадир...

деб аччиқ алам билан эътироф этади. «Хаёл» сўзини жадидлар ўзларининг ҳақиқат томон интилишларига зид ўлароқ «жаҳолатпараст»ларнинг ва махсус равишда сўфийларнинг интилишларини ифодалаш учун ишлатишган. Аммо бошқаларга хаёл бўлиб туюлган нарсаларни сўфийлар «ҳақиқат» деб, бошқа ҳақиқатлардан «юксакроқ ҳақиқат» деб тушунганларини жадидлар гўёки билмаганга олганлар. Менимча, Чўлпон ўзига «Қаландар» деган тахаллус қўяр экан, маъноларнинг шундай ғалати чалкашлигидан жуда ўринли фойдаланиб, сўз ўйини қилган... Шу йўл билан Чўлпон, биринчидан, мақсадларини «хом хаёл» деб аташган рақибларининг кўнглини чоғ қилган, аммо, иккинчидан, ўзи ҳам жимгина ғалаба нашидасини сурган, зеро, ушбу хом хаёл деб ўйланган нарса охир-оқибатда хақиқат бўлиб чиқади-да. Албатта, бу ҳақиқат соф диний ҳақиқат эмас, балки ўзгарган вазиятга мос келувчи ва ҳукмрон доиралар ҳали англаб ета олмаган ҳақиқат эди. Ҳақиқат алал-оқибатда сўнгги схоластик жадидлар томонида) бўладими ёки дарвишлар томонида бўлади-ми, бу ҳақда тарих ўз ҳукмини чиқаради.
Чўлпон ўзининг мухторият хусусидаги орзуларини ифодалаш учун кайта-қайта сўфиёна истиораларга мурожаат қилди. «Қаландар ишқи» шеърини у Мусулмон Шарқи халқларининг қурултойи муносабати билан 1920 йилнинг сентябрида олис Боку шаҳрида яратди. Мухторият тарафдорлари бу қурултойга катта умид боғлаган эдилар. Чўлпон бу умидларнинг пучга чиққанини ва «Ленинча миллий сиёсат» ғалаба қозонганини аниқ билган. Қуйидаги мисраларда сўфиёна истиоравийлик ва «инқилобий» нур истиораси ҳамда шоирнинг исми, яъни «Чўлпон — тонг юлдузи» билан қўшилиб, маълум маънода астрономик мета-метафорика (истиоравийлик) ни ташкил этган:

Қаландардек юриб дунёни кездим, топмадим ёрни,
Яна қалбамга қайғулар, аламлар бирла қайтдим-ку,
Муҳаббат осмонида гўзал Чўлпон эдим, дўстлар,
Қуёшнинг нурига тоққат қилолмай ерга ботдим-ку.

Ушбу мисраларда яширинган ишоралар қуйидаги «тушунарли матн»да намоён бўлади: «Мен сиёсий мақсади бошқаларга «хаёл» бўлиб туюлган киши сифатида Бокуга бордим, аммо интилган нарсамга эриша олмадим. Мен янги, яхшироқ бир воқелик тонги отаётганини эълон қилмоқчи эдим, аммо бошқа бир қуёш, хусусан, мен четлаб ўтмоқчи бўлган Октябрь инқилоби қуёши менинг қуёшимдан илгарироқ чиқди ва у мени ерга тиқади» (Чўлпон 1938 йилда қатл этилди.)
Битта мақолада Чўлпоннинг «хаёл»га нисбатан муҳаббати уфуриб турган барча шеърий асарларини санаб ўтишнинг иложи йўқ. Бундан ташқари, эстетик нуқтаи назардан ҳамма ҳам ўзини оқламаган бўлурди. 20-йиллардаги ўзини шоир деб билган ҳар бир ўзбекнинг «адашганлар»га қарата ғазабнок сўзлар айтиб, мартабасини оширишга ҳаракат қилганини айтиб ўтишимиз кифоя.

20-йилларнинг ўрталарида Туркиядаги тимсолчилар (символистлар) «шоир — ҳақиқат хабарчиси эмас», деб эълон қилган бўлсалар, Ўзбекистондаги танқидчилар ўз фикрларини янада аниқроқ баён этдилар: «Символизм... «яширин бир ҳақиқат»ни, «яширин бир воқелик»ни излаб топишга ҳаракат қилади» (Абдураҳмон Саъдий. Адабиёт масалалари ва Октябрдан кейинги ўзбек адабиёти, 1930).
Мана, жадидчилик, инқилобчилик, миллатчилик ва ғайридинчилик руҳидаги матнларда «ҳақиқат» тушунчаси қандай акс эттирилганлигини кўриб ҳам чиқдик.
Энди «ҳақиқат», «воқелик» пролетар ёки социалистик реализм адабиётида қандай тасвирланганлигини кузатайлик, зеро, у бизга келажак томон йўл очади, ўтмишдан бугунги кунга кўприк бўлиб хизмат қилади.
1989 йилнинг ноябрь ойида «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида «Обид кетмон ҳақиқати» деган катта бир мақола чоп этилди. (Умарали Норматов. Обид кетмон ҳақиқати. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати». “186” 47. 1989 йил 17 ноябр). Бу мақола билан «Обид кетмон» эълон қилинган кун орасида эллик беш йиллик давр ётарди. Бу орада қанча сувлар оқиб кетган. Абдулла Қодирий қатл этилган; сўнгра қайта оқланиб; «ўзбек совет адабиёти асосчилари» сафига киритилган, ошкоралик эълон қилинган, социалистик реализм методи бадиий услуб сифатида йўқ қилинган эди. Буларнинг барчасидан хабардор киши «Обид кетмон ҳақиқати» деган сарлавҳадаги «ҳақиқат» сўзи нимани англатаркан деб қизиқмастаи иложи йўқ. Олдиндан айтиб қўяй, ҳақиқатнинг жозибаси бир хиллигида эмас, балки кўп хиллигида намоён бўлади. Буни мен далиллар билан исботлаб ўтирмайман, зеро, юқорида кўриб чиқилган ҳолатнинг ўзи шундай хулоса қилишга асос беради.
Ҳақиқат очиқ сўзлашдадир, деган машҳур ибора муаллифи Абдулла Қодирий жадидчилик муҳитидан ўсиб чиқди. У инқилобдан илгариёқ ўзининг сатирик асарлари ва каттароқ ҳажмдаги ҳикоялари билан жамоатчиликка танилди. Унинг асарларида бошқа ёзувчиларнинг ўша даврда ёзилган асарларида бўлганидек, маърифий-тарбиявий руҳ уфуриб туради, аммо унинг асарлари улардаги ҳазил-мутойиба, сўз ўйинлари ва, айниқса, услубнинг равонлиги ила бошқа асарлардан яққол ажралади.
Йигирманчи йилларда унинг «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» тарихий романлари дунё юзини кўрди. Ҳар иккала роман ҳам босмадан чиқиши биланоқ қаттиқ танқидга учради. Танқид Абдулла Қодирийнинг ҳаётий йўлига, яъни унинг ҳақиқатни қандай тушунишига қаратилган эди. Шу сабабдан у «Меҳробдан чаён» романининг сўзбошисида бундай дейди: «Уларнинг (қаҳрамонларнинг, ошиқларнинг — И. Б.) хон ва уламога қарши исёни табиий-шаръийдир. Чунки шундан ортиғи сохта бўлиши устига китобнинг қадрини ҳам туширар эди». Модомики, Абдулла Қодирийнинг ўзи китобдаги воқеаларни «табиий» деб атаган экан, демак, улар ўта реалистик, яъни ҳар ҳолда агар жоиз бўлса, «илк социалистик-реалистик»дир. Ўттизинчи йилларнинг бошларида Абдулла Қодирий рақибларининг барча камситишлари ва танқидларига қасдма-қасд шўро ёзувчиларининг Москвада бўлиб ўтган биринчи қурултойида делегат сифатида иштирок этди. Аммо рақиблар тинч ўтиришмади, 1935 йилда ёзувчининг «Обид кетмон» қиссаси чоп этилиши билан воқеликка ёндашувда «синфийлик» йўқ, деган баҳонани рўкач қилишиб, асарни қаттиқ танқид остига олишди. Шундан сўнг Абдулла Қодирий «Шубҳа» сарлавҳали кичик ҳикоясини эълон қилди. Худди «Обид кетмон»дагига ўхшаб «Шубҳа» ҳикоясидаги воқеалар ҳам ёш колхозлар ҳаётидан олинган.

Ҳикоянинг сарлавҳаси «Шубҳа», аммо, менимча, ҳақиқат ахтарувчи Абдулла Қодирий бу ҳикоясида иккита шубҳани тасвирлаган. Биринчи шубҳа қаҳрамонларнинг ўзини тутишига, хатти-ҳаракатига қаратилган. Ўқитувчи Тўйчибоевнинг қанақа одам эканлигини, у чиндан ҳам, яхши ниятдаги огоҳлантирувчими ёки саботажчилардан бирими—аниқ билмайди. Нега у синфий душманни бу ишга аралаштирган, умуман, у шундай қилганми — буларнинг барчаси ўқувчига қоронғи. У Зуҳуровдан кўра кўпроқ маълумотга эга эмас. Зуҳуров ҳам барча ҳолатларни ўқувчидан аълороқ билмайди. Қоронғида кимлигини аниқламай туриб бир кишини отиб ўлдиради, аммо уни жавобгарликка тортиш ўрнига роса мақтайдилар. Бундай шахслардан шубҳаланиш ўринли. Шу сабабдан ёзувчи буни ўқувчиларнинг ўзига ҳавола этади. Ҳикояда Абдулла Қодирий 1922 йили ўртага ташланган «Ҳақиқат очиқ сўзлашдадир», деган шиорига содиқ қолиб, ўз даврининг бир қанча ижтимоий масалаларини очиб ташлаган. Бу масалалар ўзини ягона ҳақиқат эгасиман, деб айюҳаннос солган жамиятда ёзувчининг барча эркинликлардан мосуво бўлишини намоён этади.

Абдулла Қодирий ўз ҳикоясида ифода этган иккинчи шубҳа, фикримча, истиорага, бадиий, ижодий мусаффоликка ёки; бошқача айтганда, социалистик реализм методининг асослилигига, қонунийлигига нисбатан билдирилган. Ҳикоя бу услубнинг барча талабларига жавоб беради, шу сабабдан, билишимча, ҳеч ким бу ҳикояни танқид қилмаган. Ҳикояда типик колхозчилар, синфий душманлар, шубҳали саботажчилар қатори қишлоқ аҳолисига тўғри йўлни кўрсатадиган илғор фабрика ишчисининг нурли сиймоси ҳам мавжуд. Абдулла Қодирий характерлар ва воқеаларни нозик бир усулда тасвирлаш орқали бу методнинг ўринли, жўяли эканлигига шубҳа билдиради. Абдулла Қодирий, чамаси, ҳақиқатни ахтара туриб, бурнининг устига ғоявийлик ва партиявийлик кўзойнагини қўндиришни истамади. Рақиблари эса унинг барча асарларида, шу жумладан, «Обид кетмон» да ҳам кишиларни ижтимоий синфларга бўлиб эмас, балки ўзи ясаган иккита сиифга, яъни яхши ва ёмонга ажратиб тасвирлаганини рўкач қилган ҳамда унга таъна тошларини отадилар. Бу таъналар 1989 йилга келибгина шубҳа остига олинди. Социалистик реализм методи ўзининг устуворлигини йўқотгач, кишилар реализмни худди Абдулла Қодирий тушунгандек, яъни воқеа ва ҳодисаларни ҳаётда қандай содир бўлган бўлса, шундай тушунишга мойил бўла бошладилар (А. Қодирий. «Қизил Ўзбекистон». “186” 69. 1935 йил 14 март).

Умарали Норматов «Обид кетмон ҳақиқати» сарлавҳали мақоласида бундай деди: «Бадиийликнинг бош мезони — ҳаёт ҳақиқатини ўзига хос тарзда кашф этишидан иборат». Эҳтимол, бу 1989 йилга келиб «ҳақиқат» тушунчаси «воқеликнинг янгича кўриниши» деган мазмунга эга бўлди, деганимикан? У ҳолда мақола «Обид кетмон» ҳикоясида реализм тушунчаси» деб аталиши лозим эди. Эҳтимол, «Ҳақиқат» сўзининг бошқача талқини, хусусан диний мавзуларга тааллуқли ифодаси тўғрироқдир. 1989 йилдаги мақола муаллифи битта саҳнага, айниқса, кенг ўрин берган. Унда Худога ишонувчи киши ўта қобилиятли ва меҳнатсевар бўлса-да, партия аъзоси бўла оладими, деган масала кўрилган. Эҳтимол, ҳикоя қаҳрамонига «Обид» исми, яъни «Худонинг хизматкори», деган исм бежиз танланмагандир. Тўғри, бу шунчаки бир мулоҳаза холос, аммо Обид диндан воз кечишни истамаганлиги, партияга ўтишни рад этганлигига қарамасдан, партиянинг фаолларидан бири бўлмиш маърифатчи дўстинииг саъй-ҳаракатлари билан партия аъзолари сафига қабул қилинади. «Дин масаласини олдиндан очиқ қолдирамиз», деганди 1935 йилдаги партия фаоли. «Бу масала ҳали ҳам аввалги ҳолида», дейди 1989 йилда танқидчи. Шундай экан; мақола сарлавҳасини «Обид кетмон ва улуғ ҳақиқатлар масаласи», деб тушунсак тўғрироқ бўлармикан?..

Ўзбек адабий танқидчилигининг кўпгина намояндалари ҳозирги кунларда Абдулла Қодирий асарларидаги шу мавзудан илҳомланиб битилган саҳифаларни излаб топишга ҳаракат қилмоқдалар. Шу нуқтаи назардан, қараганда, масалан, Хайриддии Султонов ўзинииг «Шоирона, дарвишона бир маъно» мақоласи билан («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», “186” 22, 1990 йил 1 июнь) анча илгарилаб кетди.
Шу сўзларии ёзар эканман, бир зум хаёлга чўмдим. Эҳтимол, бир оз ошириб юборгандирман. Эҳтимол, бу мақола («Обид кетмон ҳақиқати»). ҳозирги кунларда Ўзбекистонда битилаётган сон-саноқсиз мақолалардан биттасидир, холос, зеро, ўзбеклар ўз-ўзини муҳофаза қилишнинг хатарли ва машаққатли ўн йилликларидан кейин яна ҳақиқатни ахтаришга киришдилар. «Ҳақиқат» энди «Ўшанда» амалда содир бўлган воқеа», деб тушунилмоқда. Шундай экан, «Обид кетмон ҳақиқати»ни энди «Обид кетмон бошидан ўтказган воқеалар тўғрисидаги ҳақиқат», деб талқин этилса, тўғрироқ бўлармикан?..

Ингеборг Балдауф