Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Васатия ва адабий ижод
Facebook
Васатия ва адабий ижод PDF Босма E-mail

Инсонга алоқаси бор жамики нарса, ҳодисаларда, моддий, маънавий амалларда, касбу ҳунар, ижодларда, бинобарин, сўз санъатидек нафис ва нозик, зийрак ва серимкон соҳада Исломнинг васатия дийни эканлигини, васатияга дахлдор бўлиш ҳамда васатий бадиий ижод нималигини идрокламоқ, унда мудом собит турмоқ ягона улуғвор адолатдир. Адабиёт учун ҳам васатия – омонлик ва саломатлик минтақаси, ишончли муҳофаза қалъаси, тўғри тараққиёт манбаи.

Сўз санъаткорлиги инсон ақлу заковатига ато этилган нақадар дарддош, жозиб ва мафтункор иқтидор бўлмасин, у – бошқа беҳисоб моддий, маънавий неъматлар сингари замирида батамом синов-имтиҳон ҳикмати бор бўлган барқарор ҳодиса. Инсон унинг имкониятларидан қандай мақсадларда фойдаланиши, у орқали нималарни ният қилиши, дийну эътиқодга, насллар тарбиясига, ҳақ ва ҳақиқатларни ўрнатишга, яхшилик томон бошлашга, ёмондан қайтаришга нечоғлик улуш қўшиши кабиларда синалувда бўлади. Шу сабаб адабиёт ишлари шунчаки бир эрмак ё овунчоқ, кўнгилхушлик ёки тор шахсий манфаат воситаси эмасдир. Балки ҳидоят йўлида юриб, энг муносиб, арзирли ҳақиқатга бўйсуниб оқибатнинг энг яхшисини топишнинг саноқсиз воситаларидан биридир, холос.
Қачонки, ҳақ таълимотларга итоатда ва уларга амал қилиш устун ҳолатда яшалган бўлса, барча соҳаларда, инчинун, адабий муҳитлар, жараёнларда ҳам юксак ривожга эришилган, нодир бадиий намуналар яратилган. Қачонки, жамиятлар ҳақ қоида ва кўрсатмалардан узоқлашиб, ботиллик, разолат, залолат сари оғишишлар оммалашса, ўзга соҳалар қаторида адабиётнинг  ҳам ютуғидан ютқизиғи кўп бўлган, у ҳам тубанлашган, адашган. Қандайдир нохолис, зуғумкор мафкуранинг қули ва маддоҳига айланиш, ёлғон, баландпарвоз ғояларга алданиш, унга шўнғиб кетиш, дийну дунё моҳияти ва инсон ҳақиқатининг талқин меъёрларидан тойилиш, беҳуда ҳойи ҳаваслар тасвиротига ружу қўйиш, Ғарб адабий ҳаётининг турли босқичларида турлича қиёфаланувчи ахлоқий бесубутлик, турфа алдамчи қоидаларни ихтиролаш сингари ҳодисалар – аслида дунё учун батамом салоҳиятли қилинган, аллақачон бор ва маълум ҳақ таълимотлардан ғофиллик, уни писанд этмаслик, ундан бўйин товлаш оқибатларидир.
Адабий ижод сертармоқ заҳматларни тақозо этгувчи бир жараёндирки, меҳнатининг ноқис, зое, камманфаат бўлмоғини ҳеч қайси ижодкор истамайди. Ҳар йўсин  уринишлардан келиб чиқадиган лафзий, маъновий, мантиқий, бадиий  камчиликларнинг асл илдизлари эса васатсизликка бориб тақалади. Истеъдоднинг қуввати, меҳнати ботил томон оғишмаслиги шарт, беҳудага сарфланмаслиги керак. Сўз санъаткори ижодий мавқе, нуқтаи назар, муносабат, образлилик, меъёр-мезон, ғоявийлик кабиларда адашувлар йўлидан бормаслиги лозим. Бошқача қилиб айтганда, адабий истеъдод ўзини ҳақ таълимотлар доирасидагина тўғри ақийдага бошлаб, ҳақ таълимотлар билангина ҳар турли тойилишлардан ўзини ҳимояда сақлаб бора олади. Ижод, бадиий асар васатийлик ила сифатланиши, бу катта мақомга кўтарилиши учун унинг соҳиби васатий шахс бўлмоғи жоиз. Барча замон ва маконлардаги комил истеъдод эгаларининг, умуминсоний манфаатларни кўзлаган илғор адабиётларнинг билиб ёхуд билмай интилган ғоялари, адабий орзулари ҳам, шубҳасиз, васатия қоидаларида мужассам.
Васатия тўғрилик, ҳалоллик, мувозанат, ўрталик, мўътадиллик ва адолатлиликдир. У – ана шундай фазилатларни чамбарчас жипслаштирувчи, бироқ бошқа яккаш сўз билан ифодаланиши мушкул бўлган ноёб тушунчадир. Ҳамма жиҳатларда: ният, тафаккур, муносабат, мезонлаш ҳамда илму амалда ҳақ йўлдан чиқмаслик,  озмаслик ва тоймаслик илми васатиядир. Яъни, у- атроф-теграси ўралган омонлик, саломатлик минтақаси, муҳофаза қўрғони. У – бутун башарият учун, башариятнинг ҳамма макон, замон, жамияти учун, ҳар қандай якка шахс учун, шахснинг ҳамма амали, турмуши, фаолияти учун сиротул мустақийм. Қуръони Карим, Суннат, ақийда, эътиқод, шариат – васатий. Мусулмонлар – васат уммат, таълимоти – васат таълимот. Салафи солиҳларнинг бизга мерос барча ибратлар хазинасида ҳам васатия энг етакчи, ёрқин бир сифат. Умуман, васатия – бу ислом, ислом эса васатия демакдир. “Васатия” сўзини муайян тилга ўгириш, қандай жорийлаш  мақсадга мувофиқлиги уни, қўллашнинг энг манзур тадбири борасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қуйидаги фикрларни билдиради:
“Аллоҳнинг китоби Қуръони Карим мўъжизадир. Унинг ҳар бир калимаси ўзига хос маънони касб этади ва ўз ўрнида ишлатилган бўлади. Агар бирор сўзнинг ўрнига бошқасини ишлатилса ёки сўзларнинг жойи алмаштирилса, маънога футур этади. “Васат” сўзи ҳам шундай. Бу сўзнинг маъносига назар соладиган бўлсак, “ўрта”, “мўътадил”, “тўғри”, “адолатли”, “энг яхши” каби маъноларни англатишини кўрамиз. Аммо оятдаги “Васат” сўзининг ўрнига уни шарҳ қилиш учун ишлатилган сўзлардан бирортасини қўядиган бўлсак, маъно тўлиқ бўлмай қолади. Чунки “Васат” сўзи уларнинг барчасининг қўшма маъносини ифода этади. Мисол учун “Васат” сўзининг ўрнига “Мўътадил”ни қўйсак, “ўрта”, “тўғри”, “адолатли” ва “энг яхши” деган маънолари йўққа чиқиб қолади. Бошқа сўзлар ҳақида ҳам худди шуни такрорлашимиз мумкин. Демак, биз “Васат” сўзини кишиларимизга шарҳ қилиб бериб, кейин ўзини таржима қилмай ишлатаверишимиз керак бўлади” .
Васатиянинг луғавий ва истилоҳий жиҳатларга кўра қандай англанма эканига доир таърифлар у қадар кўп эмас. Барча таърифлар моҳиятан бир-бирини холис тўлдиради, дақиқ қувватлайди. Васатиянинг тўғри, одил, афзал, мумтоз ва мақтовли ҳолат эканлигини тавсифлайди. Чунончи, имом Исмоил Ҳаммод ал-Жавҳарий ўзининг “Сиҳоҳ” номли машҳур луғат китобида “Васат ҳар бир нарсанинг энг тўғриси ва адолатлисидир”, деб ёзади. Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Дурайд ал-Аздий уни “ҳар бир нарсанинг ўртаси” (“Жамҳаратул Луғати”), Муҳаммад ибн Яъқуб Муҳаммад Ферузободий уни “ҳар бир нарсанинг энг адолатлиси ва энг яхшиси” (“Ал-Қомус ал-Муҳийт”) деб, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ал-Файюмий “Васат мўътадил деганидир” (“Ал-Мисбоҳул Мунийр”), дея тавсифлайдилар.Доктор Аҳмад Умар Ҳошим эса қуйидаги фикрларни билдиради:
“Васатия истилоҳда шахсни ҳаддан ошиш ва камчилик содир этиш тарафларига оғиб кетишдан сақлайдиган мақтовли ҳолатдир. Бошқача қилиб айтганда, у икки тараф орасида бири биридан устун бўлиб кетмайдиган тарзда мувозанат ва адолатни сақлашдан иборатдир. Бунда чегарадан чиқиш ёки нуқсонга йўл қўйиш, ашаддий қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш бўлмайди. Балки афзалига, адолатлисига, яхшисига ва мукаммалига эргашилади” (“Васатиятул Исломи” китобидан).
Ҳеч бир масалада ислом дийнида биртарафламалик йўқ. У бундай ва бошқа ҳар қандай бу зайл иллатга батамом қарши, раддиячидир. Унинг барча илоҳий далилланган қонунлари “шариат” деб аталган ягона тушунчада мужассамлашган бўлиб, ҳар нарса-ҳодисага муносабатда тирикликни охиратдан, илмни амалдан, руҳни жасаддан, бугунни эртадан ажратиб қарамайди. Аксинча, инсон билан унинг тирикчилигини яхлит, доимий моҳият деб, инсонликка хос ҳамма тақозодор жиҳатларни ўзаро боғлиқ, муштарак деб билади. Бу дунёнинг ҳар банда-одами борки, у кейинги дунёнинг ҳам муайян даража-мақомини топган инсонидир. Фано дунёси тўхтатилиши билан ҳаёт мутлақ изсиз йўқотилмайди, илоҳий зарурият қилинган охират кунидан бошлаб боқий ҳаёт давом этади. Ҳаммаси бир бутун, муштарак, узлуксиз жараён, илоҳий адолатдир.
Айрим мафкуралар, дийнлар, таълимотларда руҳнинг манфаати томон, айримларида жасаднинг манфаати томон оғишиб кетишлар тарихда жуда кўп содир бўлган, ҳозирда ҳам кам эмас. Руҳни – сири Аллоҳгагина хос илоҳий, латийф неъматни васатий меъёрга номувофиқ равишда устун билмоқ таркидунёчиликка, жасадга – унинг тафаккур эгаларини лол қолдиргувчи барча моддий аъзо-неъматлари манфаатига ружу қўймоқ маънавий қашшоқлашишга олиб келади. Инсонни жоҳилият ва разолат ботқоғига ботиради. Қай даражада бўлмасин, васатсизлик ижодда ҳам ғофиллик, мудроқлик, ҳақиқий самарадан бебаҳраликдир. Масалаларнинг оқилона ечими, йўл-йўриқлари эса ҳақ илмда, васатиядадир.
Бешубҳа аёнки, инсон ҳақиқати унинг жисмида жойлашган маҳфий руҳнинг жасад билан муштараклигидан иборат. Бу илоҳий қўшилма-яратиқда албатта муайян қийинчиликлар бор. Инсон ожиз, шошқин, машаққатда. Унинг ҳамма сифатларидаги ҳикматлардан бири синовдир. Руҳ ва жасад нисбатига алоқадор қийинчиликлар замирида ҳам инсон учун машаққатни енгиш борасидаги синов-ҳикмат мавжуд. Озуқага вужуд нечоғлик эҳтиёжманд бўлса, руҳ ҳам озуқага шу қадар муҳтож, эҳтиёжманд. Ҳар иккисининг ҳам озуқаси ҳалолдан, ҳақдан бўлмоғи лозим. Озуқалари тўғри бўлмаса, зарар кўради, мувозанат бузилади. Бирининг озуқаси нотўғри бўлса, иккиси ҳам баравар панд ейди. Натижада умр яхши натижа, яхши ҳосил бермайди.
Васатий умматга мансуб одам эътиқод, тасаввур, тафаккур, хаёлот, ҳиссиёт, эҳтирос, мулоҳаза бобларида ҳам афзал, адолатли, мўътадил бўлади. У моддий, маънавий ва руҳоний нарсаю ҳодисаларга муомала-муносабатдаги  йўлни уларга фақат васатий мезонлар асосида ёндошувдадир, деб белгилайди. Мудом шунга қатъий азму қарор қилади, саъй-ҳаракатини моҳиятан васат йўналтиради, масаланинг васатий ечимигагина интилади. Унинг бу мақомда туришини, васатий амалларда бўлишини иймон нурига чулғанган қалбининг тақозолари,  эътиқоддаги собитлик ва содиқлик мавқеи таъминлайди.
Жаҳон адабиётининг машҳур адибларидан бири Бернард Шоу шундай ёзган эди: “Мен доимо Ислом динини ғоятда эҳтиром қиламан. Чунки бу динда қувват ва ҳаётийлик бордир. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи кучга эгадир ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олади”. (“Ислом шариати барча замон ва маконларда тадбиқ қилишга салоҳиятли” номли китобдан).
Албатта, исломият васатия сифатида инсоннинг ярим фаолиятини дийнга, ярмини дунёга бағишлаб боришдек юзаки, сунъий тақсимотни англатмагани каби, адабиёт касбларида ҳам исломга – васатияга бўйсуниш бир қисм ижодни дийн масалаларига, бир қисм ижодни дунёвий мавзуларга қаратишдек жўн, хаспўшловчи, миқдорий қолипларни назарда тутмайди. Ислом таълимотлари, шариат аҳкомларининг барчаси – васатий. Диний талабларнинг ярмига амал қилиш маъноси ҳам бунда мутлақо йўқ ва васатиядан мурод бу эмас. Умуман, муаммони бу тахлит қўйиш ва тушуниш мудҳиш хатодир.
Ислом дийни немисларнинг жаҳон миқёсига чиққан энг катта шоири Иоганн Волфганн Гёте (1749-1832)ни унинг сўнгги нафасигача мафтун этди,  ҳайратга солди. У бутун ижодий, илмий, амалий фаолияти давомида исломни барча мафкуралар, сиёсатлардан устун тутди. Ўзининг унга руҳий яқинлигини доимо яширмай таъкидлаб борди. Имкон қадар шу дийн тарғибини қилиб, Олмонияда ҳам унинг кенг, оммавий идрокланишини орзулади. Инсоният учун камолотга эришишнинг ёлғиз йўли ислом дастурларида эканига қаттиқ иқрор бўлди. Қуръони Карим хусусида салбий фикрлаганларга қарши у жиддий эътирозлар билдирди. Илоҳий Каломнинг маъно таржималарини чоғиштириб кўрар экан, қаноатланмади. Ва бу ҳақда шундай ёзди:
“Қуръони Каримнинг миқёсларини қамраб олишни хоҳловчи, жуда қатъий закога эга бўлган, араб тилидан воқиф, шоир руҳли бир олмон таржимонининг, Шарқнинг ойдин, чароғон осмони остида, илоҳий ваҳий келган жойда ётоқ қуриб, пайғамбарнинг руҳий ҳолатига кирган ҳолда тиловатлар қилиб, Қуръони Каримни олмон тилига таржима қилишга киришуви бизнинг энг катта орзуимиздир”.
Адибу олим бўлган Гёте ўзининг “Илмий тадқиқлар ва ҳошиялар” номли мақоласида Аллоҳ Китобини тавсифлайди, ҳаётий ўхшатиш усулида Унинг илоҳий салоҳиятини шундай таъкидлайди: “Қуръони Карим услуби, мундарижаси ва мақсадига кўра жиддийдир, буюкдир, қудратлидир, ниҳоятда кучлидир, мислсиздир, латийфдир, юксакдир, самовийдир. Тишли ғилдирак ўзига боғлиқ бошқа ғилдиракни қандай ҳаракатга келтирса ва бу ҳаракат занжирланиб қандай давом этса, Қуръони Каримнинг ҳам бир-биридан узилмаган, бир-бирини якунлаган ҳукмлари нима учун ва қандай қилиб оммаларни ўз таъсири остига олишига ҳеч ажабланмаслик керак”.
Ижодининг ҳамма босқичларида Гёте Исломга муҳаббат ғоялари билан суғорилган шеърлар ёзган. “Муҳаммад қўшиғи” асарида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга ўз мақтовларини, буюк ҳайрат ҳиссини изҳор қилади. Расулуллоҳ даврига оид драматик асар ёзишни режалаштиради. Мусулмон шоирларга бағоят ҳавасда бўлишининг бош боиси ҳам Ислом эди. Ўзининг дунёга танилган “Фауст” (1772 йил) трагедияси билан ёнма-ён машҳур “Шарқу Ғарб” (1816 йил) девонини гарчанд Фирдавсий, Низомий, Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби Шарқ шоирларига эҳтиромининг намунаси сифатида тақдим этса-да, шеърларидаги асл мантиқ-моҳият манбаи ояти Карималар ва ҳадиси шарифлар бўлди.
Бош мақсади олмон халқига Ислом дийнини англатиш бўлганини очиқ айтади. Буни кейинчалик ёзган мақола ва хатларида ҳам бот-бот таъкидлайди. Гёте қатъий хулосага келадики, инсоният исломда бўлмас экан, адашувдадир, инсоннинг ўзлигини таниши фақат ислом орқали бўлади. “Ўзини билган Роббини билар”, дейди у. Шундай иқрорлари туфайли ислом ҳақиқатларини ўрганиб борди, ўзини унга дахлдор билди ва одамларнинг уни исломга мансуб деб санашларини хоҳлади.
Овозда айтилган ёки юксалган овоз билан ифодаланган фикргина эмас, қалбда, сир тутиб турган фикрларимиз, хаёлотимиз, ҳатто унутилган хотираларимиз, ошкор-яширин ниятлар, махфий ҳолатларимизгача – ҳаммасини Аллоҳ ўзимиздан яхши билади. Албатта, Аллоҳ илмида маълум ботиний бу ҳолат ҳали содир воқелик, амал эмас. Лекин амал қалбнинг тақозоси ила бўлади ва амалнинг дебочаси, пойдевори ниятдир. Барча ишлар бежиз бисмиллаҳ, ҳамду наътлар билан бошланмайди. Ниятдан бошлаб ишнинг охиригача ҳақ йўлидан оғишмаслик солиҳ амални юзага чиқаради. Магар ниятгаки риё, тамъа, ботил аралашса, уларнинг нуқси амалнинг ҳар жиҳатига уради.
Ҳақ таълимотлар адабиётга мавзулар рўйхатини, мавзуларнинг дийнийга, дунёвийга ажратилган   кўрсатмасини таклиф ва тавсия қилмайди. Бундай ажримга уриниш сўз санъатининг, унга доир илмларнинг ўзларида ҳам йўқ. Шубҳасиз, мавзуларни шу тарика тоифалаш, ютуқ-ютқизиқнинг илдизларини улардан қидириш ножоиз. Қандай мавзуга қўл урилмасин, аввало, ният шаръий, холис, беғубор бўлиши даркор. Шон-шуҳрат, унвон-мартаба, оммавий олқиш, ўзгалардан ўзиш қасди, нолойиқ ғоялар, кимсаларни шахсий манфаат илинжида куйлаш, кимнингдир, ниманингдир шаънини ноҳақ барбод этиш каби муддаолар васатсизликдандир.
Фанларнинг барча холис кашфиётлари, ижодларнинг барча оқил қарашлари ҳақиқатларнинг ҳажми, ҳаракати, ўлчови, моддий ва маънавий жиҳатларига кўра илоҳийлигини тасдиқлаш, эътироф этиш доирасида кечади. Бу ҳол инсоний илмлар ҳамда ижодларнинг қадру қимматини пасайтирмайди. Аксинча, инсонга хос мақбул интилишининг, қодирликнинг, салоҳиятнинг юқори мавқе-мақомини намоён этади.
Ниятнинг моҳиятида ҳар қандай мавзуда, жараённинг ҳамма жиҳатида Ҳақдан қўрқув, Унинг розилигига мувофиқликни кўзлаш, жавобгарлик ҳисси устунлик қилсагина адабий ижод мусаффо, васатийдир. Ният ва уни рўёбга чиқаришдаги ҳаракатларнинг қанчалик тўғри бўлишига қараб ҳатто соф дунёвий мавзудаги асар айни пайтнинг ўзида соф диний асар, том маънода илоҳий мавзудаги асар тўла дунёвий асар сингари бўлиши шубҳасиз.
Турфа  вазиятлар сабабли гоҳида кимнингдир кўзига бу дунё қоронғу кўринади. Аслида шундай эмас. Ёки дунёнинг ўзидан кўра у ҳақдаги нарсалар, санъат асарлари, қизиқ китоблар гўзалроқ туюлиши мумкин. Шунингдек, ижод завқи ва эҳтиросининг, соҳага ишқининг зўрлигидан: дунё ўзи гўзал эмас, санъат уни гўзал қилади, дегувчи олиму ижодкорлар ҳам бор. Борлиқ гўзал эмас, санъат асарида у гўзаллик намоён қилади, дейишлик катта ёлғонлардан бири саналади. Васатия бу зайл ботил кетиш, чалғишлардан асраниш таълимини ҳам беради. На бутун инсониятнинг барча донишмандлигини, на бутун жаҳоннинг барча санъат дурдонасини Аллоҳнинг зарра миқдор ишига қиёслаб бўлмайди. Соғлом тафаккур ва очиқ қалб эгалари бўлган адибларнинг эса борлиқдан ҳайратлари адо бўлмаслиги аён ҳақиқатдир. Васатий дунёқараш, васатий нуқтаи назар кишиси дунё нарсалари ва масалаларига бошқача – буюрилганидек қарайди. Улардаги олам-олам маъноларни, илоҳий аломатларни адашмай бадиий, эстетик кашф этади. Чексиз, бепоён ҳақиқатлар уммони ичида бўлади. Васатий тааммули орқали ўзгаларга тўғри ғоявий-поэтик ифодаларни тақдим этади.
Адабий ижоднинг тўғрилик мақомини таъминловчи тамойиллардан бири ижодкор шахснинг васатий мавқеда бўлиши ва унда собитқадамлигидир. Ислом жисмоний, ақлий, маънавий фаолиятларда турли тарафларга меъёрдан зиёда оғишиб кетишларга, бирёқламаликка берилишга, муайян томонда ҳаддан ошишларга кучли раддиялар билдиради. Унинг бу борадаги улкан кўрсатмалари ва қоидалари адабиётнинг барча масалаларига ҳам тўғридан-тўғри тегишлидир. Дунёпарастлик ҳам, таркидунёчилик ҳам, динни писанд қилмаслик ва ҳатто динни қаттиқ тутишда ҳаддан ошишлик ҳам ислом таълимотларида кескин қораланади.  Инсон моҳиятида бор бўлган қайсидир икки нарсадан бирини устун қўйиш, бирини ортиқ санаб ва сийлаб, иккинчисига ўгай муносабатда бўлиш васатияга зиддир. Дунёпарастлик, кучу имкониятни дунёнинг у-бу матоҳи учун сарфлаб юборишлик ҳам, дийну диёнат деб, дунё ишларидан юз ўгириш ҳам ножоиздир. Васатияда маҳдудлик йўқ, маълум бир билиб олинган нарсаларнигина тан олиб, бошқа илмий, амалий, маърифий тажрибаларни бемулоҳаза инкор қилиб юбориш йўқ. Шунингдек, энди янгичароқ, жозибалароқ кўринган усуллар ва ҳодисаларга тақлид қилиб, кўр-кўрона эргашиб кетавериш  йўқ. Ўзгача ва янгича оқимлар, усуллар, ғоялар ва ёндашишлар  васатия қоидаларига кўра кутиб олинади.
Албатта, бунда масаланинг ҳамма жиҳати ҳақ таълимот кўрсатмалари асосида чуқур тааммул қилинади: бу янги нарсалар ғайритабиий куч, восита асосида келаётган, йўлдан тойишга йўналтирувчи ҳодиса эмасми? Улар ўзлари билан ботиллар келтирмайдими? Дийну диёнатимизга, маънавий-ахлоқий тарбияга нечоғлик фойда келтиради? Ва ҳоказо. Васатий таълимотга, ақийда ва шариатнинг мезонларига мос келувчи ва манфаатли ютуқлар, тажрибаларни васатия мўътадил эътироф этишга, ибрат олишга, ўзлаштиришга, улардан фойдаланишга  чорлайди. Турли халқлар адабиётларининг ўзаро адабий алоқалар ва адабий таъсирлар тарихи ҳам васатий муносабатларнинг ёки васатсизликнинг натижа-оқибатларидан сабоқлар, ибратлар берувчи воқеаларга жуда бой.
Аллоҳ таоло борлиқ, дунё, инсондаги ҳамма-ҳамма нарсани илоҳий ўлчов билан яратган. Макон ва замон жиҳатидан ўлчови йўқ бўлган хилқат, нарса, ходисанинг ўзи йўқ. Инсон билган-билмаган, унга хабар қилинган – хабар қилинмаган, ва лекин имон келтириш буюрилган ғайбий ҳодисаларда ҳам  Аллоҳ адолати билан батамом қилинган ўлчовлар бор. Қуръони Карим ва Пайғамбар ҳадислари орқали тарозу ўрнатилгач, инсониятнинг ҳақиқат мезонларини сарсон-саргардон, адашиб, улоқиб қидиришига асло ҳожат колмаган.
Таҳлил, талқин, танқид, баҳолаш васатий амалга оширилса, ижод шаръий, ҳақ таълимот асосида тадқиқ қилинса, одил хулосаларга келиниши, улардан тўғри ибрату сабоқлар олиниши шубҳасиз. Шундай нуқтаи назарли талқиншунослик натижасидагина адабий амалларнинг, ижодкор-шахсиятнинг, бадиий намуна ёки асар таркибий томонларининг қувватлилик даражалари тўғри маълум бўлади.
Васатия – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг инсониятга ато этган беминнат ва бепоён, беназир ва бебаҳо улкан неъмати. У – аждодлардан авлодларга силсила тарзида ўтиб келаётган мудом қувватли, мудом салоҳиятли улуғ ва ғолиб таълимот. У – ҳамма нарсанинг тўғриси, ўртаси, мўътадили, ҳалоли, мувозанати, энг яхшиси, бешубҳа адолати демак. У – саҳву хато, ширку гумон, ғафлату надомат, фисқу фужур ва бошқа барча ботилларга тўсиқ бўлиб бунёд этилган энг мустаҳкам, энг муҳташам илоҳий қалъа. Жумладан, адабий ижод ва унинг илмлари учун ҳам, шундайдир.

 

Тоҳир Шермурод