Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»«Кавказ асири» поэмаси, «Узум», «Боқчасарой фонтани» шеърларида шарқона оҳанглар
Facebook
«Кавказ асири» поэмаси, «Узум», «Боқчасарой фонтани» шеърларида шарқона оҳанглар PDF Босма E-mail

Шарқ асарлари услуби ва шарқона тасвир воситаларига муштарак усулда «Руслан ва Людмила»ни яратаётган Пушкиннинг ёш қалбида реал рус ҳаёти ҳамда ижтимоий-сиёсий тузум чексиз исёнлар уйғотарди.

«Тож-тахт қусурин бирма-бир топтаб», бутун жаҳонга эркни улуғлашни истаган шоир «мангу қонунни шоҳлардан юксак» билар ва:
Шоҳ амри-ла, дўстлар хору зор тутқун.
Халқни кўраманми озод ва бардам,
Ватаним устида балқирми бир кун
Маърифатли эркнинг тонготари ҳам?
(Эркинлик қасидаси)

каби мисраларда эрк дардида ёнган рус қалбининг оғриқ-изтиробларини куйларди.
Исён руҳида яратилган бир қатор шеърлари учун Пушкин қувғинга учрайди. Подшо уни бир вақтлар Радишчев сургун қилниган узоқ Сибирга юбормоқни режалаштиради. Чаадаев, Жуковскийлар аралашуви туфайли Пушкин Екатеринославга сургун қилинади. Шоирга Ге¬нерал Раевскийлар оиласи билан Кавказга кетишга рухсат берилади (1820). Пушкин у жойдан Гурзуф, Кишенёв ва Одессага (1821) боради. Жанубга сургун қилиниши Пушкинга ҳақиқий шарқона ҳаёт тарзи ва унинг жонли манзаралари билан танишишга имкон беради.
Энди ижодкор афсонавий хаёлотлардан чекинади, китобий тасаввурлар ўрнини Қрим ва Кавказ халқларининг жонли ҳаёти эгаллайди. Шоир Русия жанубида яшайдиган халқларнинг турмуш тарзи, урф- одатлари, феъл-атворлариии ўз кўзи билан кўриб, адабий асарлардан эмас, бевосита ҳаётнинг ўзидан бадиий идрок эта бошлайди.
А.С. Пушкин 1820 йил 24 сентябрда укаси Л.С.Пушкинга ёзган мактубида Кавказ табиати, тоғ тизмаларининг улуғвор чўққилари гўзаллигига мафтун бўлиб, «жазирама Осиёнинг чегараси бўлган Кавказни ҳар томонлама диққатга сазовор ўлка» деб баҳолайди.
Пушкин бу «ажойиб ўлка» билан танишар экан, унинг шоирона тафаккури Қрим, Кавказ билан кифояланиб қолмасдан, бу мамлакатлар атрофига ҳам парвоз қила бошлайди. Пушкин Кавказга Русияни Эрон, Ҳиндистон, Ўрта Осиё билан яқинлаштирувчи бир мамлакат сифатида қарайди.
Натижада Пушкин Шарқ эртаклари таъсирида дунёга келган «Руслан ва Людмила»ни тугатар-тугатмас Кавказ таассуротлари асосида «Кавказ асири» (1820—1821) поэмасини ёза бошлайди ҳамда унинг хаёли араб ва форс ўлкалари тасвирланган афсоналарга бой эртаклар диёридан диққат-эътибори реал рус ҳаёти билан бевосита боғлиқ бўлган жануб ва Кавказга кўчади. Бу кўчиш шоирнинг ижодий уфқларини яна ҳам кенгайтиради.
Зеро, шоир қалби ва тафаккури ҳамиша ўз даври дардларининг кўзгуси бўлган. Пушкин замонасининг дарди эркка ташналик эди. «Кавказ асири»да ана шу эркка ташна қалб изтироблари романтик либосда ифода тонганини кўрамиз. Чунончи, «Кавказ асири»да черкаслар тутқуни рус йигитининг эркинликка интилишини кўрсатиш баробарида Кавказни зулм билан эзаётган рус генераллари ҳам қаттиқ қораланган ва шоир: «...мана — Шарқ чекар фарёд», деб ёзган. Демак, «Кав¬каз асири» поэмасидаги эркинлик ғояси Пушкин учун умумубашарий ғоя. У фақат рус халқи эркинликка эришишини эмас, бугун бани башарнинг эркин яшашини орзу қилади. Пушкин фақатгина ўз миллатининг тақдирини эмас, умуминсоният тақдирини ўйлаб қайғуради. Пушкин дунёқарашидаги Шарқ халқларига эҳтиром шу қадар кучли эдики, у Шарқ фарзанди чер¬кас қизини поэманинг бош қаҳрамони қилиб танлайди ва уни озодлик рамзи сифатида тасвирлайди.
Шоир 1822 йил янги дўсти зобит В.П.Горчаковга ёзган мактубида поэмасининг заиф жиҳатлари ҳақида фикр юритиб, «черкасларнинг урф-одатлари ва феъли-атворларини тасвирлаш асаримиинг кўп ва хўп қисмини ташкил қилади, уни «Черкас қизи» деб атаганим яхшироқ бўлар эди», деб ёзади. Чунки чер¬кас қизи образи бадиият нуқтаи назаридангина эмас, балки маънавий-ахлоқий идеал ифодаси сифатида ҳам асардаги энг муваффақиятли образ саналади.
Асарда асир рус йигити тимсолида тажассум топган ғарбона руҳият черкас қизининг шарқона юксак маънавияти, кўтаринки — романтик ҳиссиётларига қиёсан анча ғариб эканини Пушкин реалист санъаткор сифатида ҳаққоний тасвирлаган. Тоғликлар феълига хос ҳурлик руҳияти Пушкиннинг озодлик ва эркинлик ҳақидаги эзгу ғояларига ниҳоятда ҳамоҳанг бўлгани боис шарқона қадриятларии алоҳида самимият билан тараннум этади.
Пушкин наздида озодлик деган олий неъматга эришиш қанчалик улуғвор саодат бўлса, кимгадир озод¬лик инъом этиш ҳам шунчалик шарафли бахтдир.
Чин ошиқ ҳамиша севгилисига энг олий неъматни раво курган. Черкас қизи маънавияти ҳам шундай мардлик ва садоқат руҳи билан суғорилган. У ўзи севиб қолган асир йигитни севгисидан жудо бўлишини билган ҳолда озод қилади, лекин унинг ишқи оташи шунчалар кучлики, у ҳижронга тоб бера олмайди. Черкас қизи билиб туриб ўзини шамга урган нарвонадан ҳам зиёдароқ ошиқлик сифатини намоён қилади. Йигитни озод қилиб, ўзини сувга ташлайди. Зоҳиран қараганда, бу иш гўё заифликдек кўринади. Лекин черкас қизининг маъ¬навияти билан боғлиқ ботиний моҳият эътибори ила англасак, бу руҳий матонат, албатта. Ўз жонини қурбон қилиш эвазига тутқундаги маҳбубини озод қилиш арзийдиган қурбонлик деб талқин қилиш шоир томонидан поэма руҳига сингдирилган ғоя. Муҳаббат улуғ туйғу, аммо жонга қасд қилмоқ гуноҳи азим эканлигини англамагани учун ҳам шоир севикли қаҳрамонига шундай тақдирни раво кўрган.
Ишқ фидойиси бўлган черкас қизининг наздидаги ўзи озод бўлишнигина эмас, ўзгани озод қилишни шараф деб билиш ғояси Пушкиннинг бошқа асарларида ҳам ўз ифодасини топган, тадрижий тараққий қилиб борган, шоир ижодининг асосий ғояларидан саналган эътиқоддир.
Пушкин «Қушча» (1823) деган шеърида «баҳор байрамида, гўзал сайилда қушчага эрк бериб учирар экан», «кўнгли тасалли ва ором топади» — бир қушни озод қилиш бахтига муяссар бўлганига шукроналар келтиради:
Ахир, мен озодлик этолдим инъом,
Ақалли биргина жонга бир нафас.
Бундан инсоннинг ҳур ва озод бўлиши бир бахт, ўзгани ҳур ва озод кўриш яна бир бахт, ўзгага ҳурлик ва озодлик инъом эта олиш яна ҳам улуғворроқ бахт, ақалли бир қушчага бўлса ҳам, деган маънони уқиш мумкин.
Қалби эзгу ҳислар билан йўғрилган русийзабон шоирнинг бу эътиқоди Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларига қанчалик ҳамоҳанглигини кўриб, ҳайратга тушасиз. Зеро, Расули Акрам (с.а.в.) «Бир-бирингизга хайр-садақа қилинг, яхшилик эҳсон қилинг, ҳеч бўлмаса яримта хурмо билан бўлса ҳам», деб марҳамат қилганлар. Пушкин ҳам инсоннинг инсонга яхшилик қилишини эътиқод даражасига кўтаради (ва мўмин инсонга хос фазилатлардан бирини намоён қилади).
Инсоннинг инсонга хайрихоҳлиги ва ҳамдардлиги жаҳон адабиёти тарихида тарғиб ва таҳлил этиб келинган. Жаҳон адабиётининг инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган барча вакиллари ижодида бу руҳ, албатта, у ёки бу тарзда ифодасини топган. Пушкин асарларида ҳам инсоннинг инсонга хайри- хоҳлиги, ҳамдардлиги ва биродарлиги миллий сарҳад билан чекланмаган. Шунинг учуи ҳам рус генерали Ермоловнинг Кавказ халқларига кўрсатган зулмига қарши исён билдириб: «...Шарқ чекар фарёд», деб ҳайқиради. Зеро, унинг Шарқ халқлари ҳаётига бўлган муносабати оддий қизиқиш эмас, чуқур самимиягга асосланган хайрихоҳлик билан суғорилган. Шоир «Кав¬каз асири» поэмасининг эпилогида:
Хаёл дўсти муза тинмайин
Осиёга отарди қулоч, —
деб ёзади.
Ҳа, Пушкин араб дунёси, форс шеърияти, Кав¬каз Шарқи билангина эмас, Осиё минтақасига мансуб Шарқни ҳам танишни истарди. Иакинф Бичурин билан суҳбатлари, унинг Ўрта Осиё ҳақидаги маълумотларга бой асарлари бу иштиёқни яна ҳам кучайтирарди. Аммо бу қизиқишларнинг ижодий самаралари анча кейин натижа берди ва кўпроқ Пушкиннинг тарихий асарларида ифодасини топди.
Пушкин «Кавказ асири» поэмасида черкаслар орқали Кавказ мусулмонлари ҳаёти, уларнинг урф- одатлари тасвирига анча чуқур кириб борган. Бу халқларнинг самимияти, меҳмондўстлиги, тараққий этган Оврупа ҳаётидан бутунлай фарқ қилувчи оқкўнгилликлари, меҳрибон черкас қизининг меҳру шафқатга тўлиқлиги, асир йигитга тавозеъ билан қимиз тутишлари, ҳайит кунлари тўпланишиб, ўйин-кулгу қилиб, шодиёналик билан рамазонни нишонлашларини ҳавас билан тараннум этади. Қрим ва Кавказ арабий диёрлар сингари шоҳонавор, дабдабали ва ярқироқ бўлмаса ҳам, ўз табиатининг улуғворлиги билан Пушкинга худди «Минг бир кеча» эртакларидаги манзаралар сингари сирли либосларда кўринади ва ўзига тобора кўпроқ жалб қилади. Бу қизиқишлар самараси ўлароқ Пушкин ижодида жанубий туркум аталмиш шеърлар мажмуаси пайдо бўлади.
«Осиёнинг бесамар сарҳадларини кўрдим», «Табиат чирой очган ўлкаларни ким кўрган», «Яқинда бир фақир мусулмон», «Боқчасарой фонтани», «О, қиз — гул заижирингдаман», «Узум» каби шеърлари мана шу жанубий туркум намуналаридир. Бу шеьрларда Пушкин шартли афсонавий шаклларда эмас, ҳаққоний тасвир усуллари орқали Шарқона ҳаёт тарзининг ўзига хос манзараларини яратишга интилади.
«Яқинда бир фақир мусулмон» шеърида қаймоққа бошқоронғу бўлган Фотима эридан қаймоқ топиб келишини илтимос қилгани, Муҳаммад ҳар йили янги меҳмон туҳфа қиладиган аёлига қаймоқ қидириб, жуда кўп саргузаштларии бошидан кечиргани ҳикоя қилинади.
Шеърда талайгина туркий сўзлар ишлатилади, шеър қаҳрамонларининг исмлари ҳам бутунлай мусулмонча: Муҳаммад ва Фотима, фақир, мусулмон, қаймоқ, Қуръон сўзлари руслашган товуш ўзгариши билан айнан ишлатилади.
Недавно бедный музульман
В Юрзуфе жил с детьми, с женою;
Душевно почитал священный Алькоран

Яқинда бир фақир мусулмон
Аҳлига бахш этиб жонни
Яшарди, муқаддас билиб Куръонни... —
деб бошланган бу шеърда Пушкин кечгача тиним билмай асалариларини, подаларини, боғдаги узумларни миришкорлик билан парвариш қилувчи меҳнаткаш Муҳаммад (Мехмет) хотини Фотимани жондан севишини, бу муҳаббат афсонавий севги эмас, оддий одамларга хос ўта самимий меҳр эканини тасвир этади. Шеърда шарқона ҳаёт тарзи, шарқ кишилари характеридаги ўзига хос руҳий ҳолатлар жуда ҳаққоний акс этган.
Мазкур шеърда манзара шарқона, характер шарқ¬она, шеър лексикасида ҳам шарқийлашиш мавжуд бўлиб, тасвир этилаётган ҳодисаларни бадиий идрок этишда ва услубда Пушкин Оврупа шоири сифатида гавдаланади. Шеърда ғарбона тафаккур тарзи устун туради. Зеро, «Ҳақиқий миллийлик ташқи либослар тасвири эмас, халқнинг руҳияти ифодасида акс эта¬ди. Шоир бутунлай бошқа дунёни тасвирлаётганида ҳам, агар унга ўз халқи нуқтаи назаридан, ўзининг миллий табиатидан келиб чиқиб қараса, миллий бў¬лиши мумкии. Шунда унинг сўзлари халқи дилидан чиққан сўзлардек моҳиятга эга бўлади», деганида Гоголь Пушкиннинг айнан шундай асарларини кўзда тутган. Чунки бу асарларда шоир тасвир эгаётган шар¬қона манзара, шарқона образларга рус кишиси нуқ¬таи назаридан қарайди. Рус халқига хос тафаккур хусусиятларидан келиб чиқиб баҳо беради.
Шарқона поэтик услубга ҳамоҳанглик жануб туркумига мансуб бошқа шеърлар — «Узум», «Боқчасарой фонтани»да кўпроқ акс садо беради. «Узум» шеъри бевосита Саъдий ижодидан таъсирланиш самараси эканини рус пушкиншунослари ҳам таъкидлашган. «Баҳор ўтиши билан сўлган гуллар учуй афсус чекмайман», деб ёзади Пушкин. Чунки шоирга кузда етилгувчи тилларанг узумлар афзал. Баҳор — куз, гул — тилларанг узумнинг қарама-қарши қўйилиши Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон»ига ишора. Ёшлик баҳорга қиёс: баҳор — гул, гул — баҳор рамзи. Узум боғда ўсади, кузда пишади. Куз инсон умрининг етилган, улуғлашган палласи. Ёшлик гўзаллигидан балоғат ёшида эришиладиган комиллик шоир дилига қимматли. «Олтин водий», «тилларанг куз», «гўзал қиз бармоқпаридек узун ва тиниқ» (узум)каби ташбеҳлар, тазод, рамзий ишора каби шарқ поэтикасига хос санъатлар шеърда жамулжам бўлган, Шарқ шеъриятига хос мажозийлик ўз ифодасини топган. Пушкин¬нинг «Узум» шеърини Брагинский Шарқ мумтоз адабиёгига мансуб шеърий жанр - «қитъа» билан қиёслайди. Фикрни мажозий ифодалаш усули, тазод, истиораи бит — тарсеҳ, ташбеҳи сареҳ, таносуб, мураатун назир каби шеърий санъатларга муштарак ифодалардан фойдаланганини мисоллар асосида исботлайди. Албатта, бу усулларга Пушкин онгли равишда тақлид қилмаган, улар бадиий интуитив тарзда шаклланган.
Брагинский ҳам бу ҳолатни холислик билан тан олади. Саъдийнинг «Гулистон» асари дебочасида: «Дўстларимиздан бирининг боғида тунаб қолишга тўғри келди. Бу жуда ажойиб бир жой бўлиб, ғоятда сафобахш, дилрабо, дарахтлари бир-бирига айқашиб кетган, ерига ранго-ранг шиша парчалари тўшалганга ўхшар, тепадан осилиб турган узум бошлари эса Сурайё юлдузлар туркумини эслатарди:
Ирмоқлар шилдироқ, жаннатдай боғлар
Кушларнинг сайраши мукаммал, мавзун.
Ўра-қир лолалар билан ранго-ранг
Мевали дарахтлар ажиб гуно-гун.
Дарахтдаи қуйига тушган кўланка
Ерларни гиламдай безар бус-бутун.
Эрта тонгда шаҳарга қайтмоқ фикри боғда қолмоқ орзусидан ғолиб келган маҳалда дўстим этагини атиргул, райҳон, сунбул ва бошқа гуллар билан тўлдириб йўлга чиқмоқ тараддудида эканини кўрдим. Унга дедим: «Ўзингдан махфий эмаски, гулнинг бақоси ва гулистоннинг вафоси йўқдир». Донишмандлар: «Ҳар нимарсаки бевафодур, муҳаббат қўйишга нораводур», деб жуда тўғри айтганлар. Дўстим деди: «Хўш, у ҳолда тадбир нимадур?» Мен унга жавоб бериб дедимки: «Мутолаа қилганларга сафо, тинглаганларга шифо бахш этадигаи «Гулистон» иомли китоб ёзишим мумкин, унинг япроқларига куз фаслининг шафқатсиз қўли етмайди ва замона ўзгаришлари унинг ҳуррам баҳорини ҳазин кузга айлантира олмайди:
Ҳар нечук гул дилингни қилмас чоғ
«Гулистон»имдан ол бирор япроқ.
Гул замони беш, олти кундир, бас,
Бу «Гулистон» ҳамиша пок нафас.
Ҳазрати Саъдий наздида, гулистонни тўлдирган гуллар бевафо, уларнинг умри ўткинчи, иисон тафаккури гулларининг қиммати боқий ва умри абадийдир. Пуш¬кин поэтик даҳосининг улуғлигини қарангки, у мажозни шайх Саъдий нуқта қўйган фикрий поғонадан бошлайди. Инсон умрининг баҳорини гул фаслига, ҳиссиётлар мамлакати бўлмиш ёшликни гулистонга ўхшатади. Ҳазрат Саъдий абадий деб атаган тафаккур меваларини етиштирган фасл — гул фасли баҳор эмас, лиммо- лим болга гўлган, порлаши кўзингизни қамаштирадиган тилларанг узум фасли — куз ва кузнинг мевалари бебаҳо бўлганлиги учун менга куз ва унинг самаралари бебаҳодир, деб шайх Саъдий мажозларини ишлатади.
«О, қиз — гулзанжирингдаман» шеъри ҳам шар¬қона образларни ўзлаштиришга мисол бўла олади. Шоир маҳбубасини гулга, ўзини ошиқ булбулга қиёс қилади. Пушкин таърифида булбул — ишқий эҳтирослар отапшда ёнаётган, ҳижрондан қоп-қора бўлган тун огушида нафис, ошиқона зорланаётган, шарқ шоирларининг дил дардлари таржимони бўлган бул¬бул сифатида намоён бўлади. Пушкин гул ва булбул образига қайта-қайта мурожаат қилган.
Шарқ поэтикасига хос хусусиятлар «Боқчасарой фонтани» шеърида яна ҳам ёрқинроқ намоён бўлган:
Фонтан любви, фонтан живой!
Принес я в дар тебе две розы.
Люблю немолчный говор твой
И поэтические слёзы.

Ишқ, фонтаны, о, ўлмас фонтан,
Сенга икки қизил гул совғам
Шилдирашинг ёқимли чунон
Шоирона кўз ёшларинг ҳам.
Шеърнинг дастлабки сатрлариданоқ Шарқ нафаси сезила бошлайди. Фонтандан огилиб турган сувни шоир оддий эмас, шоирона кўз ёшларга қиёс эгади. Шеърдаги ташбеҳлар шарқона нафосат билан жилоланади. Тасвир этилаётган воқеалар тадрижий ривожланиб, Шарқ иоэтикасига хос тадриж усули шеърда бўй кўрсатади. Шеърнинг сўнгги икки бандида савол ва хитоб эшитилади. Бу мисраларда биз «тажоҳили ориф»га муштараклик кўрамиз. Зеро, шарқона тас¬вир усулларига анчагина мойил бўлганини Пушкиннинг ўзи ҳам таъкидлаган. Пушкин ўзининг «Клас¬сик ва романтик поэзия ҳақида» номли мақоласида Оврупа шеъриятига кучли таъсир кўрсатган омиллар ҳақида фикр юритар экан: «Маврлар (араблар — Д.Қ.)» уни (Оврупа шеъриятини — Д.Қ.) севги ва муҳаббатнинг изтироб ва лаззатларига ошно этди, унда Шарқнинг ажиб ва серҳашам суханворлигига нисбатан майл уйғонди», деб ёзади.
Шарқ ҳаёти, тарихи, маданияти ва адабиёти би¬лан танишув Пушкиндаги шарқона майлларни ниҳоятда кучайтирди. Натижада шоир Шарқни ғоявий эстетик жиҳатдан ўзлаштиришга муваффақ бўлди. Бу ҳолат, ўз навбатида, Шарқ адабиётига хос поэтик усуллар шоир ижодида гоҳо бадиий ўзлаштириш, адабий таъсир тарзи, гоҳо типологик муштараклик тарзида мужассам бўлишини таъминлаган.

 

Дилбар ҚАМБАРОВА  “ҚУРЪОН БАХШ ЭТГАН ИЛҲОМ” китобидан