Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Чўлпоннинг чўлпонлик ҳуқуқи
Facebook
Чўлпоннинг чўлпонлик ҳуқуқи PDF Босма E-mail

Истибдод, аввало, умуминсоний ҳуқуқларни поймол қилиши билан ваҳшатлидир. Сўнгра миллий равнақ йўлидаги эзгу ҳаракатларга монелик кўрсатиши билан ёмон. Унинг чангалидаги ҳудуд қанчалар «ваҳшатаобод»га айланмасин, катта-кичик барча ниятлар қанча кунпаякун бўлмасин, ҳақ-ҳуқуқи топталган элда эрк ва озодлик орзуси ё ошкор, ё пинҳон шунчалар катталашади. Ҳар яхшилик ва ҳар ёмонликда биз билган-билмаган ҳикматлар бор!

Зулм олдида ҳар бир нарса,
Эҳтимолки, бўйин эгар.
Агар зулм авжга келса,
Кўк боши-да ерга тегар.

Ҳайвонларга, инсонларга
Золим эга бўлмай қолмас.
Фақат эркин виждонларга
Эга бўлмоқ мумкин эмас!..

Ватанда озодлик туйғуси мароми ва кучланиш даражасини бундай кезлар фақат жасур, қўрқмас жонфидоларгина барометр мисоли намоён қилиб бера оладилар. Ҳатто оммавий зулмнинг ҳийла-риёсини, шакли-шамойилини, хавфи-хатари ва сабаб-оқибатини улар кўпроқ дардланиб ҳислайди. Зеро, «миллатни уйғотиш — уйғонганларнинг вазифаси».

Ўзбекнинг нодир истеъдодли ўғлонини порлоқ қилган омил нимада эди? Миллатининг шаъни-мавқеини ҳимоялаш уҳдасими? Ўлканинг бузилиш азобию талофат миқёсларими? Ўз бошига тушган уқубат, ноҳақликларми? Теграсидаги айғоқчи, риёкор, нодонларми?.. Ҳар қалай, булар ва яна бир талай сабаб-омиллар буюк адиб қисматининг уйғун қисмларидек навбат талашиб шуурингизда қаторлашаверади.

Санъатлар ичида ҳеч қайси соҳа бадиий адабиётчалик серимкон бўлмаганидек, ундаги беҳад кўп омилларга боғлиқ хусусий услуб неъмати ҳам жуда кенг қамровли ботиний-зоҳирий ҳодисадир. Услуб—ижоднинг ҳаёт-мамоти. Айни вақтда ижод чинакам истеъдод учун қисматдир, ижодкорона яшамоқнинг тақозосидир. Замона аҳли турмушида «ё бор бўлиш, ё йўқ бўлиш» кураши кетаётган бўлса, эрксизлик билан ярашиш «Мўъминларнинг оқ виждони, имони»га тўғри келмаса, ижодда муҳим талабларни номуҳим нарсалар гирдобидан фарқлаб танлаш иши асл ўғлонларда ҳар қачонгидан кўра кескинроқ кечади.
Муҳитни муайян азоб-изтироблар оташдек қиздириб турар экан, хомхаёллар, «беҳуда ҳислар», «вафосиз севгилар»— жамики майда туйғулар чин шоирнинг турмуши ҳамда шеъриятини барвақт, бироқ вақтинча тарк этадилар:

Кўнглим қуруқ эмас, яна севги бор,
Фақат бу севгида алданиш йўкдир.
Ҳорғин кўзларимда хаёл яна бор,
Фақат у хаёллар нурдан тиниқдир-

Энди ҳар нафасда яна куяман,
Фақат Мажнун бўлиб элни севаман.
Унга ҳурмат билан бўйин эгаман,
Бошимни «у» учун дорга қўяман!..
(«Мен ҳам севаман», 1923)

Ҳаққоний ғоялар кўламини беҳадик ва бешубҳа белгилай олгани туфайли шоирнинг шеърий оламида анъанавий тамойиллардан фарқли кўп ажиб фазилатлар мавжини кўрасиз: эрк, эркинлик, истиқлол истаги тараннумига деярли барча ҳислар ўз ўрнини бўшатиб беради ёки шахсий майда туйғулар катта фикрлар бадиий талқинига бир туртки-баҳона бўлиб, воситачилик қилиб туради; ўз ижодий топилдиғи бўлган «кишан», «юлдуз», «булут», «амал», «бинафша», «чечак», «пўртана», «кўланка», «каптар», «соз» сингари поэтик образлар шоир кўзлаган улуғвор мақсадларнинг ифодасига буйсунади ва ҳоказо.

Чунки энди шоирни оламшумул миллий дард-изтироблар доимий безовталик исканжасига олган. Юртдаги бу мудҳиш аҳволнинг сабабияти ҳам кўп: фалокатлар кўрган ота-боболар «Истиқолнинг қимматини билмаган. Эл ва юртни сақлар учун Тузуккина чора-тадбир қилмаган». «Шул хатодан осуғланиб» ёвлар эл кўксини эзади («Ёруғ юлдузга», 1920). «Бир замонлар ер юзинда ўз бошли, Улуғ шонли маданият туғдирғон» гўзал Шарқ «Бўлди четлар панжасида кўз ёшли...» («Шарқ нури», 1918). Шу боис ростгўй кўнгилга «ўз чизиғи тор келди». «Оғриганда» шеърининг лирик қаҳрамони ўша замон руҳини чуқур ифода қилади. Унинг «бўғиқ, қисиқ» кўнгли «кучли ўт билан ёнадир». «У ўт орасида юртнинг хаёли жонланадир...».

Эрк қафас ичра яшайди. Ўзини қутқаргали интилиб, уриниб ётади. Эрк мустақиллик («ўзбошлилик») истайди («Эркинлик истаги»). Лирик қаҳрамон элпарварлигини ва эркпарварлигини қанча авжлантириб юзага чиқарса, ҳукмрон сиёсатга муте ва бу муҳитнинг илғор маддоҳлари шоир идрокини ноўрин ҳисоблашга шунчалик қатгиқ киришади. Шоирнинг "адашув"ини зўравонларча тушунтиришга интилади. Бундай кезлар шоир ўзини янада кучлироқ тафаккур ила тафтиш қилиб ҳам кўради:

Ёлғиз менми кўклам чоғи йиғлаган?
Ёлғиз менми ҳар умидда алданган?
Ёлғиз менми кўкрагимни тиғлаган?
Ёлғиз менми севинч билан бўлмаган?
(«Кўклам қайғуси», 1922)

Йўқ, у—тўғри йўлдаги йўловчи. Инсоннинг тафаккур тарзи нечоғлик юксак мақомга кўтарилмасин, илоҳий илм, ҳукматлар қаршисида барибир ожиз тирик жондир. Аммо ҳаётий масалаларни тўғри белгилаш учун эса ожизлик ноярашиқдир. Йўқ, шоир адашмаган, йўли—халқ ва ҳақ ризолигига муносиб йўл. Ва у ёлғиз ҳам эмас:

Йўлимизда чўллар, сувлар, денгизлар,
Босгувчисин таниб бўлмаслик излар.
Шул изларни босиб, денгизлар кечиб,
Буюк амал билан борамиз бизлар.

Юракдаги сақлаб борган амаллар
Йўллардаги денгизлардан улуғроқ.
Эзилганлар тилак тилар бу йўли
Бурингидан тўлуғроқ!..
Кенг чўллардан, денгизлардан кечайлик,
Шарқнинг эски чигалини ечайлик!
(«Улуғ йўлда», 1920)

Шундай экан, ўз руҳияти, амали тадқиқидан тўғри ҳукм-хулоса чиқармоққа ҳам ўткир фаҳму заковат керак. Йўқса, яна адашиш, алданиш мумкин. Шунингдек, қатьиятлилик деб, ўзликдаги хатоликни англамаслик-да номақбул ҳодиса. Йўқ, интилишини мақбуллайдиган, дадиллантирадиган ҳаммаслак инсонлар ва ғоялар қанча кам бўлмасин, у ўзлигида кўпликнинг дард-ҳасрати, хоҳиш-орзуси мужассамлигига асло шубҳа қилмайди:

Мен «ўзлик»дан кўпдан бери узилиб,
«Кўплик» ичра ботиб кетган танамен.
У «кўплик»нинг қайғусида чўзилиб,
Қулоч отиб сузиб юрган — яна мен.
(«Мен қочмадим», 1921)

Шахс ёки омма такдирида рўй берган яхши-ёмон ҳодисотдан хайрли ўзгаришлар кутиш, ибрату ҳикмат туйиш — иймонга хос фазилат. Синовларнинг оний воқеалари яхшилик умидидаги ҳар қайси инсонни фикрлашга, хулоса чиқармоққа чорлайди. У ёки бу хулосага келмоқ эса осон кечмайди. Бу жараён ниҳоясининг қандайлиги идрокнинг куч-қувватига боғлиқ. Вақт эса ҳакамлик қилади, холос. Рўй берган ҳолат-ҳодиса яхшилик умидидаги, улуғ ғоялар йўлидаги шахсни фақат вақтинчалик алдаши, бир чалғитиши мумкин, мустаҳкам дунёқарашини тамом издан чиқариб юбора олмайди. Лекин фойдаси бор: сабоқ ва ибрат. «Ҳар умидда алданган» шоир мўминга хос ишонувчанлик ва алданувчанликни, унинг «оқибат»ларини кўплаб шеърлари қаърига сингдиради, ҳатго ҳаётию ижодининг асл мазмунига айланган катта ғоя-орзуси йўлида учраган сиёсий ҳийланинг алдамчилик эканига оид «Алданиш» (1922) шеърини ёзади. Унда юқорида кузатганимиз беназир фазилатларга бой инсоннинг, ўткир фасоҳат ва балоғат эгасининг қатор жиҳатлари — жасорат, йўлида собитлик, халққа дардкашлик, истиқлол деб интилувчанлик каби кечинмалари мужассам:
Шунча ёнишлар беҳуда кетдими, кўзларига кўринган нарса саробмиди, унга алданиб тоғлар ошдикми? Кўз қаёққа қаради ёки унга киприклар халал бердими? Сезги ҳам тетик, бардам эди-ку? Кўнгил-чи, жон-чи, тирикмиди, тандамиди ё кўкларда? Ахир, уни беш йил бурун хаёлий, тотли бир ишқ, илоҳий бир муҳаббат билан севган эди. Энди маълум бўлдики, барчаси хаёл, барчаси бир тотли роҳат туш экан. Энди бағирга оғули тикан ботмоқда. Гўёки каъбага осилган нарса бут экан-у, инсон адашиб унга муҳаббат қўйган экан.

Чиндан-да мен бу кун севмасми бўлдим?
Чиндан-да муҳаббат ўтими сўнди?
Чиндан-да мен бу кун тиканми илдим?
Кўнгил бу алданишга, оҳ, қандай кўнди?

Лирик қаҳрамон характерининг жонлилик, ҳаққонийлик ва ёқимлилик даражалари ўқувчиларга биринчи шеър орқали барча сифатлари билан аён бўла қолмайди. Одатда тўлиқ тасаввур, таассурот шоирнинг бутун шеърияти билан танишувни талаб этади. Насрда қаҳрамон характерининг яхши-ёмон ҳамма томонлари хусусидаги тўлақонли тасаввурнинг ҳосил бўлиши кўпроқ воқеа—эпизодлар ростлиги, таъсирчанлиги, шулардан ёки бевосита ҳис-туйғулар ифодасига доир психологик талқиндан келиб чиқувчи тасвирларга бориб тақалади. Шеъриятда бошқача: шоир лирик қаҳрамонини, унинг характер белгиларини мукаммал ҳис этиш ва баҳолаш учун шу шеъриятдаги деярли ҳеч бир намунани эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Бунда яхлит тасаввур-хулосани, асосан, ички олам психологияси ҳодисалари инъикоси — шоир «мен»ининг ифода-изҳорлари таъминлайди.

Барча шоирларда, инчинун, Чўлпон шоирда ҳам худди шундай. Бизнингча, кузатаётганингиз тадқиқимизда ҳам шу диалектик нуқтаи назар беихтиёр устунлик қилаётир. Қолаверса, шоирнинг лирик қаҳрамони кетаётган ҳақ йўлдаги унинг кайфияти манзараларига юқоридагилардан ташқари яна талай турфа мисолларни қаторлаштириш мумкин. Масалан. Киши бошига тазйиқ, эътироз, қаршилик, зуғум, маломат каби «ҳужум»лар бот-бот ёғилиб турса, «ҳужум»лар хоҳ маънавий, хоҳ амалий, хоҳ шахсий, хоҳ ижгимоий бўлишидан қатьи назар, инсонни-ижодкорни мустаҳкам мавқе, эътиқодидан тойдира олмаса-да, уларга муносабат асарларида у ёки бу даражада сезгисини беради.

Оний кайфиятлар, оний таъсирланишлар моҳиятан муроса бўладими, чекиниш бўладими, не бўлса ҳам, катта ғояларни кўзлаган шоирнинг асл мақсадига бир баҳона бўлиб, унинг назарда тутган бош ғояларига дастёрлик қилади. Бу таъсирлар зоҳир бўлишининг энг муҳим аҳамияти шундаки, лирик қаҳрамон қиёфаси янада табиий, жонли, кўнгилларга яқин намоён бўлади.
«Самон парча» (1923) шеъри шу нуқтаи назардан ҳам диққатни ўзига жалб этади: лирик қаҳрамон руҳиятида бироз умидсизлик, аччиқ тушкунлик, тамом иложсизлик дарди жўш ургандек бўлади. Аммо бу унииг йўлидаги охирги нуқта, сўнгги тўсиқ эмас. Мисралар замиридаги тагмаъно киноялар, ироник бадиий фикрлар бетимсол курашчининг ўз ғояларида дадиллигини, бардамлигини, чекинмаётганини уқтириб туради. Шеър лирик қаҳрамоннинг айни ҳолатига хос туйғулар тўфонидаги авж нуқта ифодаси билан бошланади: «Топширдим ўзимни муҳитнинг эркига...»

Ўзни қийнамай, сал жқддийроқ мушоҳада этишнинг ўзиёқ оқил шеърхонга бу фикр-фалсафанинг нақадар мудҳиш кўламдор эканлигини, қадимдан ҳеч бир кас ҳеч қачон бу аҳволотдан мосуво яшай олмаганини таъсирчан фаҳмлатиб қўяди. Миллионлаб одамларнинг умр исрофи, айбу гуноҳлари, адашув, армонлари, надомат, муросалари... барча-барча ёзиқлари муҳит гирдоби туфайли эмасми? Лирик қаҳрамон ҳам эндиликда ўз даври-муҳитининг гирдобида бир сомон парча, бир похол чўпдек оқиб борар экан, ундаги «ҳар амал, ҳар ишни «ҳақ» деб» (гарчи виждонга хилоф бўлса ҳам!) яшамоққа маҳкум.

Асл ўзлигидан нишона қолмагандек: «Вазминим қолмади бир узук қилча...» Муҳит кучли экан, кучлилигини кўрсатди: у энди бўйнини эгди, ўзини оқимнинг йўлига солди. Энди «чақмоқдек ялтираб ўчиш йўқ», «ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ», энди йўлидаги, эҳтимол, орзусидаги «на исён, на тўлқин, на тўфон, на ўт!» бор, кўзларида оғир бир таслим нури. Шоир ўтлик-оловлик кечмишига қарата «юзингни беркит» дея у билан видолашган бўлади.

Таҳлил этилаётган руҳий аҳвол тасвирида кучланишли тадрижни пайқаш қийин эмас. Мазкур ифодаларнинг давомида, ўтлик кечмишга мурожаатда «Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор!» сатри келади. Буни шартли равишда шеърнинг ўрта хулосаси, ўзигача бўлган фикрлар оқимининг якуний ҳукми деб қаралса бўлади.

Мисрадан икки мазмун англанади: а) ўзни муҳит эркига топшириш, ҳар амал, ҳар ишни тўғри-нотўғри демай қилишга маҳкумлик, ёниб яшашдан ва ҳатто унинг хотирасидан воз кечишлик шайтонларнинг ноодил зўровонлиги туфайли мажбурий бўлаётир; б) ёниб яшамоқ ахдидан қайтармоққа уриниш — шайтонларнинг ҳақсиз ва беҳуда ҳаракати, ўтли кечмишни яшириш — вақтинчалик.

Мен энди худд бир сомон парчаси...
Лекин зўр денгизнинг чексиз қўйнида;
Жимгина борадир кирсиз қўйнимда
Эркин кўпикларнинг аллақанчаси!..
Кирмайман кўчанинг боши беркига,
Чунки «таслим» бўлдим муҳит эркига!..

Албатта, шеърдаги энг салмоқдор, таъсирчан, истеҳзоли фикр лирик қаҳрамоннинг беғубор қўйнида жимгина бораётган, энди тарқоқ ҳолдаги «Эркин кўпикларнинг аллақанчаси!..»

Эрк сари ёниқ ҳаракатнинг, шу йўлдаги орзуларнинг барбоди чоғидаги кечинмалар тасвирига бу мисра муайян сўнгги якундир. Шу билан бирга ҳолат-кечинмага ўзига хос ойдинлик беради: энди эркинлик тўлқин янглиғ эмас, сачраган, кўпиклар мисоли; демак, барча сиқилиш, «надомат», «таслим»лик, ўзни ночор-ожиз кўришлар эрк ғоясининг бўғилишидан келиб чиққан умидсизлик экан; эрк умидсизлиги эса инсон ва умуман инсониятда ҳамма замонларда ҳам вақтинчаликдир. Шеър пафоси тахминан шундай ҳиссиётларга чорлайди ўз ўқувчисини. Англашиладиган ташқи, ички маънолардан қатъи назар, яна муҳими шуки, шоирнинг ўзга асарларида бўлганидек, туйғулар ишончли, самимий, барча даврларнинг ҳақпарвар кишиларига хос жонли қиёфаланади.

«Самон парча»нинг Фузулий шеъриятидан олинган эпиграфи шеърни, шеър шоҳ сатри мавқеини янада мустаҳкамлайди:

«Даҳр бир силобдир мулҳақ фано дарёсина,
Бизга саргарониз ул силоба душмиш хору хас.
Чиркинур хору хас ул силоба ўлдуқча равон,
Етимдан дарёя роҳат мумкин ўлмас бир нафас».

«Кишан» — шоирнинг ўзигагина хос ўнлаб топилдиқ поэтик образларидан бири. Худди шундай номланувчи арузона ёзилган шеъри ҳам бор: қаҳрамон гавдасида кишаннинг излари ҳануз битмаган, кишан темир бармоқларининг доғи буткул кетмаган. Кишаннинг қучоғи совуқ-манхус, мудҳиш. «Башар тарихининг ҳар саҳфасида қонли доғинг бор!» деган тўртинчи мисрадаёқ мазкур поэтик образ юксак умуминсоний умумлашма касб этади. Кишандаги юмилмас «кўзлар»нинг ҳар бири бир элга қаҳр айлайди. Ундан буткул қутулмоқлик иложи йўққа ўхшайди:

Қилич бирлан сенинг эркингда кўп йиллар қолиб кетдим...
Фақат ҳар тебранишдан қутулишлиқни умид этдим.

«Кўнгил» номли кичик, аммо энг машҳур шеърларидан бирида кўнгил рамзий образ сифатида ўз маъносидан ташқари инсон, халқ, Ватан, инсоният сингари маънолар кўламига эга. Аммо унда ҳам «кишан» «кўнгил»га тенг поэтик мавқеда туради, кўпмаъноли «кўнгил» эса нотиқ мурожаати қаратилган образ вазифасида келади:

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?
Ҳақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми?
Қиличлар энди синмасми?
Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсан.
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки, сен ҳам ҳур туғилғонсан!..

Табиийки, бу мардона, ўжар ва баравж шеърият шоир ботиний дунёсининг, дунёқарашининг тақдир бўлган намойишидир. Баъзи мисраларида сиёсий ваъдаларга инониб кўп алданганини ифода этса, баъзан ўзининг ниҳоятда ёлғизланаётганини яширмайди. Адибга қарши бетиним чиқаётган мақолалардаги миллатчи сифатида қораланишлар, таъналар, дашномлар, таъқибларнинг иккинчи беш йиллиги шоирни қисман муроса қилишга мажбур этади. Муросасоз шеърларида мақтов оҳангини кўкларга ўрлата олмайди. Негаки ёлғон, лекин ҳукмрон ғояларни қойилмақом юксак мадҳ этмоқ унинг ўз-ўзига қўйиб келаётган талабчанлигига, истеъдод сифатига хос эмас эди. Бундай шеърларида ҳам ироник оҳанг-мотивлардан воз кечмайди, аксинча, бу руҳ лирик қаҳрамонига зимдан ишончлилик, жонлилик бағишлаб туради, шеърларининг умрини узайтирувчи рипггалар бўлиб қолади. Айрим ҳолатларда ўзи истагандек куйлаш имкони берилмаётганига ишора қилади.

Чин ижодкор учун бу жуда оғир кечади. Бобур ёзганидек, «Не фикреким сенинг фикринг эмас, ул фикр эрур ботил, Не умреким ўтар сенсиз, эрур ул умр беҳосил!» Чўлпон гоҳида гўё тазйиқан, изтироблироқ, шубҳаланиброқ, иккиланиброқ куйлаётгандек бўлади:

Бир неча йил қантаргач,
Яна олдим созимни.
Энди айтиб йиғламас
Кўнгилдаги розимни.
Кўнгилдаги кудурат
Кўтарилди, ниҳоят.
Энди илҳом манбаи —
Қайнаб ётган шу ҳаёт!

Чўлпоннинг янги тузум афзаллигини, эркни, хотин-қизлар озодлигини улуғловчи шеърлари ҳам йўқ эмас: «Созим», «Халқ», «Қизил байроқ», «Наврўз кунида», «Қўзғалиш», «Кўлам келадир», «Паранжи», «Исташ», «Мен ва бошқалар»...

Букун байрам!
Озод ўлка ўйнаб кулади,
Букун байрам, қизил байроқ сўйлаб туради.
Букун байрам!
Бутун дунё меҳнаткашлари
Умид билан юзларини бизга буради.

Бундай қувноқ, умидбахш мисралар Чўлпон ижодининг ҳамма даврида яратилган. Шунингдеқ, жангаворлик, мардоналик кайфияти унинг лирик қаҳрамонини ҳеч тарк этган эмас. Шоирнинг «Ўзбек чиновликларига» шеъридан олинган қуйидаги мисралар бу жиҳатдан характерлидир:

Ерни ўлчанг, таноб тортинг, ҳандасага тўғирланг!
Ер экувчи деҳқонларнинг ҳолини ҳам хўб ўйланг!
Таноб деган жонсиз нарса, мўлжалгача чўзилар,
Аммо жонли деҳқонлар-чи, унга етмай узилар.
Рақам билган мия билан деҳқон ғамин англангиз!
Таноб тортган қўллар билан ярасини боғлангиз!
Ўзингизни ер эгатнинг хизматига чоғлангиз,
Ер меҳнат ёвларининг юрагини доғлангиз.

Ҳужумчиларидан бири: «...ҳали эски куйларини чуқурлаштиради. Ҳамон кўкламда кўкламни кўрмайди, ўзини булутлар қоплаган ҳолда кўради. «Қуёш» унга бевафо. Қачон қараса, уни яширинган ҳолда кўради, кўнгли зориқади, энтикиб қолади...» деб ёзади. Мунаққид ўз танқидига «муносиб» объект-шеър танлай олмаган бўлса-да, умуман, унинг бу шеъриятда яширин маънолар борлигини илғаши бежиз эмасди, фикрида бир чимдим жон бор эди. Фақат бу хулосанинг шоирни ҳамон душман дейиш учун керак бўлаётгани даҳшатли эди. Сиёсатнинг, мафкуранинг талай югурдаклари ва, афсуски, баъзи ҳамсафларнинг билиб-билмай қилаётган нотўғри танқидлари сезими буюк истеъдод эгасини қатлгоҳ томонга тобора яқинлатишга кўмак бермоқда эди.

Адиб Хайриддин Султонов ўзининг «Шоирона, дарвешона бир маъно» номли теран таҳлилли ажойиб мақоласида ҳаёт қанчалик оғир, қанчалар уқубатли бўлмасин, улуғ ижодкорларга хос турмуш ва борликдан ҳикматлару шоирона, дарвешона маънолар қидириш, топиш, уларни авлодларга бетакрор қолдириш жасорати хусусида фикрлайди. Хайриддиннинг «сохта ва машъум адабий андозалар кўплаб ноёб истеъдод эгаларини синдириб, қул қила бошлаган бир пайтда» яшаган Абдулла Қодирий феномени борасида ёзган қуйидаги муболағасиз хулосалари Чўлпон таъриф-тавсифига ҳам тўла ярашиқ:
«... Ва бу ҳаракатларнинг барчасидан пировард натижа ўлароқ тўкилган дарё-дарё қон, топталган такдирлар, чалкаш ва фожиали қисматлар, маданият рипггаларининг узилиши, юз йиллик тарихий анъаналарнинг инкори, адашган авлод армони... мана шунингдек, маънавий аросат майдонида туриб ҳам юрагига шеър ишқи, тоза, муқаддас сўз муҳаббатини сиғдира оладиган киши қалбан қанчалар юксак, руҳан қанчалар некбин бўлиши лозим!..»

Чўлпоннинг ҳар турли ижодида баъзи замонавий зиддиятларнинг борлиги, аслида, сир эмасди. Барчада бўлганидек, жузъий нуқсонларнинг ҳам мавжудлиги табиий эди. Аммо буларни унинг ўлимидан сўнг ҳам «кўкариши»га йўл бермаслик учун асос қилиб келингани янада оғир ижтимоий хатолик бўлди. Шоир шеъриятининг ҳамма мураккаблигини даврнинг ўзидаги чигалликлар, қийинчиликлар ва янгиликлардан келиб чиқиб, услубий хусусиятларини инобатга олиб ҳисламоқ, баҳоламоққа узоқ замон ҳеч ким ботинолмади. Фақат аср охирларида зукко ватанпарварларнинг, Л. Азиззода, А. Алиев, О. Шарафиминов, И. Ҳаққулов, Д. Қуронов сингари адабиётшуносларнинг, бир қатор катта-кичик адибларнинг саъй-ҳаракатлари туфайлигина Чўлпон билан қизиқиш ва, кечикиб бўлса-да, танишув кучайди.

Чўлпон жуда мураккаб, чигал ва қалтис муҳитда яшаб, хушомаддан йироқ бўла олишликнинг, балоларга қарши инкорчиликнинг, улуғвор мақсадлар йўлида уйғоқликнинг чин ҳақгўй истеъдодга муносиб намунасини кўрсатиб кетди. Унинг бутун фаолияти замирида дунёни эзгуликлар, адолатлар тантанаси ичра кўриш, ҳар қандай мустамлакачиликни тан олмаслик, ўз юртини озод қилиш, халқни уйғоқлик ва огоҳликка чақириш каби туйғулар тараннуми етакчилик қилди. Бу унинг ўзига хос жиҳоди бўлди ва бунга у ҳақли-ҳакдор эди. Ўзининг эмас, Ватанининг манфаатларини ҳимоялаш учун яшади. Бироқки, бошқа эркинликлар қаторида сўз эркинлигини топтаган жамият унинг инсоний ва ижодий ҳуқуқларини оёқ ости қилди.

Адиб умри танг вазият ҳукмрон бўлган, дунё миқёсида бурилиш ва ўтишлар юз бераётган даврда кечди. Халқлар турмушининг ҳамма жабҳасида моҳиятан хилма-хил ўзгаришлар содир бўлаётган, рўй бераётган ҳодисалар замирида турлича яхши-ёмон мақсадли курашлар кечаётган эди. Ижтимоий-сиёсий, тарихий-маданий бурилишлардан адабиётлар четда қолмайди. Хусусан, ўзбек адабиётида қадимдан анъанавий келаётган усул, услуб ва шакллар замон ўзгаришлари таъсирида бошқача муносабатга дуч келди. Янги турлар, жанрлар шакллана бошлади. Ҳаётнинг бу синовларидан Чўлпонннинг истеъдоди четда қолиши мумкин эмас эди. Шеъриятига хос жозибадор поэтик фазилатлар унинг насрий ижодига ҳам кўчиб, ажойиб натижалар берди. Насрида ҳам шеъриятдагидек миллат қайғуси, орзу-армонини, маърифатга чорлашни, шу орқали уйғоқ яшаб, истиқлол топиш ва дунёда шарафли мавқега кўтарилиш мумкинлигини, яна талай шу каби масалаларни асосий эътибордан узоқлаштирмади.

«Таъкидлаш жоизки, — деб ёзади таниқли олима Нинель Владимирова, — адибнинг барча ҳикоялари—тугалланганлари ҳам, чизгилар ҳолида қолганлари ҳам —шоирнинг прозаси эканлигини билдириб туради... уларнинг ҳаммаси ягона бадиий олам, ягона бадиий йўналиш, ягона лирик мусиқага уйғунлигини илғаш мумкин...» Олима Чўлпон ҳикоячилигининг кўп фазилатларини сидқидилдан холис ва юқори баҳолайди. Фойдаланганимиз кўчирмалар олинган «Миллий турмушнинг гўзал лавҳалари» мақоласидаги муаллифнинг яна қуйидаги фикрлари Чўлпон ижодини тадқиқ этишда муҳим бир туқтаи назар бўла олади:

«Такдири гоҳ ҳокимиятнинг ёвуз кучларига, гоҳ табиатнинг ўжар долғаларига боғлиқ бўлган инсон ҳақидаги Чўлпоннинг ўй-фикрлари, шубҳасиз, замонасининг воқелиги билан алоқадор. Бироқ Чўлпон икки хавфни ҳам: ўша давр сиёсий мафкурасининг қулига айланган адабиёт зўр бериб тарғиб қилаётган беҳуда оптимизмни ҳам, дунёга қўл силтаб, қайғу, ғамга берилиш тенденциясини ҳам четлаб ўта олган. Унинг иложсиз қолган қаҳрамони ўзини йўқотмайди, умидсизликка тушмайди. Охир-оқибатда инсоний ҳисларнинг ғалаба қилишига бўлган ишонч қаҳрамонни ҳам, муалифни ҳам тарк этмайди, Эҳтимолки, бадиий рамзнинг жозибаси ҳам Чўлпон бадиий тафаккурининг кўламдорлигида, озгина сўзлар воситасида энг муҳим нарсаларни ифода қила олишда бўлса керак. Бироқ бу рамзларни бир томонлама талқин қилишга уринмаслик керак. Ҳокимият учун кураш кучайган, одамлар жаҳолат ботқоғига ботиб, бир-бирини қиришга тушган дамларда Чўлпоннинг азалий ва абадий инсоний қадриятларга мурожаат қилишининг ўзиёқ биз учун улкан аҳамиятга эга».

Дунёқарашида, мушоҳада тарзида, демакки, бадиий талқинларида икки даврнинг тарихий тўфонлари, бўронлари бутун мураккаб зиддиятлари билан гавдаланган Чўлпон адабиётнинг деярли ҳамма анъанавий ва янги шаклланаётган жанрларида илғор, самарали ижод этди. Маданият намояндаси, адабиёт ва санъат олими сифатида ҳам ўзини кўрсатди. Шу каби кўп йўналишли фаолияти, адабий мероси нисбатида шубҳасиз шеърияти ва насри катта мавқени эгалайди.

Шеърияти муаллифнинг туркий ва эроний халқлар адабиётлари фазилатларидан, ғарб маданияти ва сўз санъати дурдоналаридан жиддий бохабарлигини сездириб туради. Янги давр янгича адабиётининг реалистик тўғри ифода намунасини кўрсата олган дастлабки шоирлардан бири ҳам Чўлпон бўлди.

Ҳаётлиги чоғида унга нисбатан қилинган танқидий чиқишлар, мақолалар, шунингдек, кейинги узоқ замонда тушуниб-тушунмай мунтазам такрорланиб келинган барча эътироз-танқидлар таҳлил этилиб, умумий хулосаланса, дашномларнинг асоссиз бўлганини тасдиқловчи мудҳиш бир адашувга дуч келиб, армон қиласиз: яъни барча танқидий ҳукмларда шоирдан «миллатчилик» унсурлари қидирилиши ва ғаразгўйлик натижасида умуман шеъриятни тушуниш қоидалари, индивидуал услубга ёндашиш этикаси ҳам батамом четга суриб қуйилади. Ҳолбуки, шу олтин муносабат маданияти сақланса, ҳеч бўлмаганда, кечиримлиликка йўл очилади. Бундай мушоҳадалардан сўнг ўша муҳитда «Чўлпон шоирни қандай текшириш керак?» деган мақола ёзиб, адибни имкон қадар ҳимоя қилишга чоғланган, замондошларни уни тўғри тушунмоққа чорлаган йигирма икки ёшли Ойбек жасоратининг нега ёвузона мафкура соясида билинмай қолиб кетганлигига ажабланмаймиз.

Эндиликда шоир туйғуларининг ҳаммаси ҳам табиий, ҳаётий, халқ руҳининг ифодаси, ўзбек тупроғидагина эмас, кўпчилик жойларда, қардош ва яқин кўшни бўлган тожик, қозоқ, қирғиз, туркман каби халқлар кайфиятида ҳам зоҳир аҳволнинг тасвири эканлиги теранроқ аён бўлиб бормокда. Турли халқлар бошига тушган репрессия муносабати билан хўрланган, маҳв этилган миллий ижодкорлар меҳнат ва заҳматлари тикланаётган ҳозирги пайтда адабиёт аҳли зиммасида улкан, долзарб вазифалар турибди.

Ҳар шеърида эрк, озодлик, адолат истагини, халқнинг ҳуқукдарини, мустақилликка элтгувчи маънавият сўқмоқларини Чўлпон шоирнинг нечоғлик чуқур идрок этгани айниқса, бугунги истиқлол авлодларини ҳайрат ва ҳаяжонга солади. XX аср тонгидаги ўзбек адабиётининг энг ёрқин юлдузи — Чўлпони бўлса-да, унинг юлдузлик ҳуқуқи аср охирларига келиб тикланди. Бу муборак эътироф, тикланиш унинг ўзи орзулаган ва жон тиккан Мустақилликнинг— «қутилиш тонгининг нури», хушхабари бўлди.

Истиқлол ва Чўлпон. Ўзбеклар учун бу номлар эгиз, ҳамоҳанг номлар. Истиқлол ва Чўлпон довонлар ошмоққа, янги авлодларга сабоқ бермоққа, баралла янграмоққа ва порламоққа ҳақли-ҳуқуқлидирлар:

Тўфоним элни босар,
Турмуш тоғларин ошар
Ва ўлмас, мангу яшар!..

Тоҳир Шермуродов
1995 йил.