Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Соҳибқирон ҳам байт битган...
Facebook
Соҳибқирон ҳам байт битган... PDF Босма E-mail


Темурни Чингиз ила бир сафга қўйиб, уни

ваҳший, золим, қароқчи деб атаган кишиларнинг

фикрлари икки маротаба хатодир.[1]

Ҳерман Вамбери

Қадим ва олис замонлар силсиласига туташувчи кўҳна тарихимиздан маълумки, йирик маънавий салоҳият ва инсоният илмий тафаккурининг бешиги ҳисобланган юртимиз жаҳонга машҳур ўз даврининг жаҳонгирлари, олиму-фозиллари, замонасининг маънавий баркамол асл мард, жасур ватанпарвар фарзандларини камолга етказган. Зеро, инсоният пайдо бўлган замонлардан олис манзилларни кўзлаб йўлга чиққан тарих аталмиш улуғ “карвон”га ҳар бир даврда улуғ сарбонлар, ўз манфаатларидан воз кечган, Ватан, халқ, миллат тақдири дея ҳаловатсиз ўғлонлар бошчилик қилганлар. Улар нафақат миллати, халқи тақдири учун балки, бутун инсоният тақдири учун қайғурганлар.

Соҳибқирон Амир Темур ана шундай улуғ соҳибкаромат Ватан фарзанди ҳисобланади. Ҳазрат Амир Темур халқимиз даҳосининг олий тимсолидир. Соҳибқирон Амир Темур бунёд этган йирик меъморий обидалар, боғ-роғлар, йўллар ва кўприклар ва ниҳоят у киши қолдирган улкан маънавий мерос у зотнинг улуғ маънавий салоҳият соҳиби эканлигидан далолатдир.

“Оқсоч” тарихда не-не саркадалар, жаҳонгирлар, шоҳлар от сурди. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам ўз номларини тарих саҳифаларига бита олмади. Соҳибқирон Амир Темур номини тарих зарварақларига “олтин ҳарфлар” билан мангуга муҳрлаган омил-бу унинг олиму-фозилларга, уламою-диндорларга, адабиёт, санъат, маданият аҳлига бўлган чексиз ҳурматию, ҳомийлигидадир.

Бинобарин, соҳибқирон Амир Темур нафақат маданият ва маънавият ҳомийси эди, балки, унинг ўзи ҳам адабиётни, шеъриятни севган ўта нозиктаъб инсон бўлган. Ҳазрат Мир Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарининг еттинчи мажлисида соҳибқирон Амир Темур тўғрисида тўхталиб, “мулук шажараларининг бўстони ва салотин гавҳарларининг уммони, ҳоқони жаҳонгири соҳибқирон, яъни: Темур Кўрагон ... –агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хуб маҳал ва мавқеъда ўқубдурларким, анингдек бир байт ўқуғони минг яхши байт айтғонча бор. Табаррук ҳайсиятидинким, ул ҳазратнинг муборак исми бу мухтасарда бўлғай, ва ул латойифдин бири била ихтисор қилилур.”[2], деб таъкидлайди. Шу билан бирга ўз сўзига исбот сифатида Амир Темурнинг қуйидаги мисрани ўринли ўқиганлигини ёзади:

Абдол эн бим чанг бар мусҳаф зад[3]

Мазкур мисра ҳазрати қутб ул авлиё Султон Абу Саййид Абулхайрнинг рубойисининг охирги қисми бўлиб, у бемор ётган бир азиз инсоннинг бошида ўқилган[4].

Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи ёзган бир байт тўғрисида унинг “Тузукот”ларида маълумотлар мавжуд.

Амир Темур ва Амир Ҳусайн марказлашган давлат барпо этиш мақсадида юрган кезлари, Амир Ҳусайннинг ҳийласи билан улар орасига нифоқ тушади. Шундай оғир бир вазиятда Амир Ҳусайн Амир Темурни ўлдиришни режалаштириб, унга “дўстлик ва қардошликни” таклиф этади ва Қуръонни қўлга олиб қасам ичади. Ва уни Темурга юбориб, элчи орқали “ўртадаги аҳду-паймолимизни янгиласак, худо хаққи дуруст бўлур эди”, деб унга Чакчек дарасида учрашишни таклиф этади. Амир Ҳусайннинг нияти қора эди. У Амир Темурни ўлдирмоқчи, йўлидаги асосий ва бирдан-бир “ғов”ни олиб ташламоқчи эди. Буни Амир Темур жуда яхши тушуниб турар эди. Шундай бўлсада, Қуръон ҳурматини сақлаб, айтилган жойга боради. Лекин эҳтиёт чораси билан икки юз отлиқни ўша ерга махфий жойлаштиради. Бундан бехабар Амир Ҳусайн минг навкари билан Амир Темур устига тўсатдан ҳужум қилади. Лекин Оллоҳнинг иродаси билан Амир Темур ғалаба қозонади. Ва ўзи таъкидлаганидек “Амир Ҳусайнга ушбу мазмунда туркий байт ёзиб юбордим:

Ёрга еткур сабо, ким макр қилмишдур манга,

Қилди эрса кимга макрин, қайтадир бир кун анга.”[5]

Яъни ким менга макр, ҳийла қилса сабо (тонг шамоли) уни ёрга (яъни Оллоҳга) етказади. Ким кимга макр, ҳийла қилса бир кун ўзига қайтади, Рўзи Маҳшарда жавоб беради (шарҳ бизники-муаллиф).

Бундай сермазмун ва сержило байтни битиш учун юксак тафаккур ва катта маънавият салоҳият соҳиби бўлиш керак. Бинобарин, соҳибқирон Амир Темур ана шундай улуғ ҳофиза ва ақл-заковат соҳиби эдилар. Аммо мустабид қизил империя даври тарихшунослиги ўз даврида соҳибқирон Амир Темурга хос бўлган ана шундай маънавият ва маданият айрим “ҳақгўй тарихчилар” томонидан нотўғри баҳоланди, нотўғри талқин қилинди. Ваҳолангки, унинг шахсига хос бўлган ижобий фазилатлар сифатида келтирилган юқоридаги маълумотлар фикримиз далилидир.

Амир Темур таваллудининг 672 йиллиги арафасида шуни алоҳида таъкидлаймизки, буюк инсонлар ўз зиммасига юклатилган тарихий миссияни, бурчни адо этмагунча бу дунёдан кетмайдилар. Улар нафақат тириклигида балки, вафотидан сўнг ҳам инсоният хизматида бўлдилар. Бу уларнинг тақдиридаги буюк қисматдир. Соҳибқирон Амир Темур нафақат тарихда балки, ҳозир ҳам халқ, миллат, Ватан ва истиқлол хизматидаги улуғ тарихий шахсдир.

О.Абдимўминов


[1] Қаранг: Ҳерман Вамбери. Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи. Т.: 1990. 48-бет.

[2] Алишер Навоий. Мажолис ун-нафоис. 12-жилд, Т.: 1966. 168-бет.

[3] Қаландар қўрқувдан Қуръонга чанг солди маъносида.

[4] Алийбег Рустамий. Амир Темур зикр қилган бир байт тўғрисида. // Қаранг: Амир Темур сабоқлари.

Т.: 1999. 8-бет.

[5] Қаранг: Темур тузуклари. Т.: 1991. 38-бет.