Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Ўзбек сўзлари Навоий даврида қандай жаранглаган
Facebook
Ўзбек сўзлари Навоий даврида қандай жаранглаган PDF Босма E-mail

Алишер Навоий асарларига тузилган луғатлар орасида XV аср Ҳиротда яратилган Толеъ Ҳиравийнинг «Бадоеул-луғат»и алоҳида ўрин тутади. Бу луғат бевосита Султон Ҳусайн Бойқаро буйруғи билан амалга оширилганлиги ва XV аср эски ўзбек тили ҳақида ноёб маълумотларни сақлаб қолганлиги билан катта илмий ва амалий аҳамиятга эга. Уни ўрганиш бугунги кундаги кўпгина сўзлар ўша давр Ҳирот ўзбеклари тилида бошқачароқ талаффуз қилинганлигини кўрсатади. Чунончи, тўрт сўзи, Толеъ Ҳиравийнинг кўрсатишича, Навоий яшаган даврда тўрт шаклида талаффуз қилинган экан, ўтун сўзи утун шаклида бўлган. Ҳозирги ўлум, ўртоқ сўзлари улум, урток шаклида қўлланилган экан. Аскар, қўшин маъносидаги черик сўзи чирик тарзида ифода этилган. Қисқаси, «Бадоеул-луғат» маълумотларига қараганда, унда жуда кўп сўзлар шоир асарларининг нашрларида бугун, биз ишлатаётгандан бошқачароқ талаффуз қилинган экан. Ўқувчиларда, хусусан навоийшуносларда савол туғилиши мумкин. Наҳотки юқоридаги сўзлар XV асрда бошқача талаффуз қилинган бўлса?

Толеъ Ҳиравий адашмадимикин? Навоий асарлари, шева материаллари, экспериментал фонетика маълумотлари луғатшунос маълумотларининг тўғри эканлигини тасдиқлайди.
Чунончи, Толеъ Ҳиравий бугунги ўлим сўзини XV асрда улум бўлганлигини кўрсатади. Шоир асарларидаги қофиялар ҳам буни тўла исботлайди. Навоий улум, улдум, улмак сўзларини ўз асарида фақат таркибида у бўлган сўзлар билан қофия қилади, яъни шоир қофиялар таркибидаги товушларнинг бир-бирига юз фоиз уйғун бўлишига ҳаракат қилган. Масалан, «Лисонут-тайр»да бу сўз уштулум (жавр, жафо) сўзи билан:

Англабон- онсиз тирикликни улум
Жонга айлаб ҳажрида юз уштулум.

«Фарҳод ва Ширин» достонида кутулдум, кулмак сўзлари билан қофия бўлиб келган:

Деди жонпарвар анфосингдин улдум
Унингдин умр ранжидин қутулдум
Киши кўргайму мундоқ турфа улмак
Улусдин йиғламоқ ўрнига кулмак

Бу хилдаги мисоллар шоир асарларида жуда кўп учрайди. Агар юқоридаги сўзлар XV асрда ўлум, ўлдум, ўлмак шаклида бўлганида эди шоир интилган юз фоиз фонетик уйғунлик, тўлиқ қофия бузилган бўлур эди. Агар Навоий асарларидаги қофияларга диққат қилинса, шоир бугунги ўтун сўзига жуда кўп жойда фақат таркибида у унлиси бўлган сўзларни қофия қилгани сезилади. Масалан, «Лисонут-тайр» достонининг «Қушларнинг Фано водийсининг ниҳоятидан бақо мулкидин нишон топмоғлари» бўлимида бу сўзга бутун сўзини:

Жисм аро бир парлари қолмай бутун
Пора-пора уйлаким қоқшол утун.

Ушбу мақолада XV аср орфографиясининг айрим масалалари хусусида тўхталдик.  Навоий қофияларда юз фоиз товуш уйғунлигига интилганлиги ва бошқалардан ҳам буни талаб қилганлигини Отоийнинг:
Ул санамким сув ёқасинда ларидек ўлтурур
Ғояти нозуклигидин сув била ютса бўлур
байтида ўтурур сўзига бўлур калимасини қофия қилиш айб санаганлигидан ҳам кўриш мумкин.
«Ўзининг шайх руҳи мададидин анга татаббуъ қилғонға қақнус тимсоли» қисмида уни узун, ун сўзларига:

Бешада умри бўлур эрмиш узун
Умрида шуғли онинг йиғмоқ утун,
Умрида ул доғи жамъ айлаб утун
Ул иш асносида тортиб дилкан ун

«Бу китоб назмида ўз муносабатининг тақриби» ва «Хамса» достонларида бу сўзни тутун сўзига қофия қилади:

Ҳам қурутса-ю они қилса утун
Ёруғай вайронаси бўлмай тутун.
Килки улус ўртамагига утун
Ўткариб ул ўти фалакдин тутун.

Бу мисоллар, шунингдек, Толеъ Ҳиравий маълумотлари бугунги ўтун сўзини ҳам Навоий даврида утун шаклида бўлганлигини кўрсатади.
Навоий асарларида хусусан «Хамса Достонларида кема сўзи кўп учрайди:

Кемаси лекин ул тараф кетти
Ки бурун ўғли кемаси етти.
Тушуб дарё киби кўнгли аро жуш
Кема оғзидек оғзи лек хомуш.

Луғат муаллифи бу сўз XV асрда, Ҳирот ўзбеклари тилида кима шаклида бўлганлигини кўрсатади. Навоий асарларидаги қофия ҳам бу сўзни ҳақиқатан кима шаклида бўлганлигидан далолат беради. Шоир «Садди Искандарийининг ўттиз учинчи ва «Фарҳод ва Ширин»нинг йигирма етти, йигирма саккизинчи бобларида уни нима сўзига қофия қилади:

Су узра суруб бениҳоят кима
Солиб анда бори кераклик нима.
Деди: айлаб мураттаб кималарни
Солинг анда кераклик нималарни.
Дейилган баҳр аро ҳам навъи кима
Ичинда онча халқу онча нима.

Шунингдек, луғат материаллари жой маъносидаги бугунги ўрун сўзи XV асрда урун шаклида бўлганлигини кўрсатади. Сўзнинг бу шакли туфайли Навоий «Хамса» достонларида ўндан ортиқ марта уни фақат бурун сўзига қофия қилган:

Нима офаринишда тутмай урун
Ки тебранмиш ўлғай бу елдин бурун
Керак топиб ул нақб бошин бурун
Тикиб чодир ул ерда тутқай урун.

Луғатшуноснинг кўрсатишича, бугунги куёв сўзи Навоий даври Ҳирот диалектида кэйав шаклида талаффуз қилинган. Ушбу сўзнинг фақат шу шаклигинэ уни «Лайли ва Мажнунянинг ўттизинчи бобида шоирга икав сўзига тўлиқ қофия имконини берган:

Кўп зийнату зеб этиб икавни
Гулчеҳра келин билан кэйавни.

Луғат маълумотлари чўпон сўзи XV асрда шабан бўлганлигини кўрсатади. Навоий товушлар уйғунлигини сақлаш учун бу сўзга қуйида Дабан (чўл) ва боғбон сўзларини қофия қилади:

Қуртдек бўри бирла тўлди йабан
Дема қўй балки туъма бўлди шабан.
Бўлди раият галаву сен шабан,
Ул шажари мусмиру сён боғбон.

Толеъ Ҳиравий XV асрда қуш, тайр (қуш) ва пиёла маъноларини англатган ва қуйидаги байтда бу сўзнинг икки маънолигидан фойдаланиб, Навоий ийҳом санъати яратганлигини кўрсатади:

Эй, Навоий, демаким жону кўнгулни найладинг
Икисин қилдим фидо, чун бода нушим тутти қуш.

Шу ғазалдаги бу сўзга қофия бўлган хамуш, хуруш, майфуруш, суруш сўзлари ҳам ҳозирги қўш сўзи XV асрда қуш бўлганлигини тасдиқлайди. «Ҳамса»даги қофияларга эътибор берилса, Навоий жуда кўп жойда бу сўзга фақат хуш сўзини қофия қилади:

Ул бодадин ўйла тут манга қуш,
Ким ёдима ҳаргиз ўтмасун хуш.

Толеъ Ҳиравий бугунги қўй (уй ҳайвони) сўзи XV асрда қуй шаклида ишлатилган деб кўрсатади. «Лайли ва Мажнун» достонидаги ошнорўй қофияси буни тасдиқлайди:

Олиға етишди бир сурук қуй,
Чўпони қурунди ошноруй. 

Ҳозирги қўшиқ сўзи ҳам, Толеъ Ҳиравийнинг хабар беришича, эски ўзбек тилида қушуқ шаклида талаффуз қилинган. Бу сўзнинг «Бадоеул-васат»нинг қоф ҳарфига келтирилган ғазалда йаруқ, тавуқ, йазуқ, мамуц, суруқ, ачуқ сўзлари билан қофияланиши унинг XV асрда ҳақиқатан ҳам қушуқ шаклида бўлганини тасдиқлайди. Луғатни синчиклаб ўқиш Навоий асарларининг текстологик тадқиқотларига жиддий тузатиш киритиш кераклигини кўрсатади. Айрим ғазалларда бир сўз бир неча сўзнинг товуш тузилишига аниқлик киритиши мумкин. Масалан, агар кенг сўзининг фонетик тузилиши бизга луғатдан кинг эканлиги маълум бўлса, «Бадоеул-васатидаги қуйидаги ғазалда унга қофиядош бўлиб келган денг, енг (емоқ, менг, энг, енг (кўйлак енги), тенг сўзлари ҳам динг, тинг, минг, йинг шаклларида бўлади:

Кўрган эл бедоди ҳижрондин мени ер бирла тенг
Кўрсангиз ишқ аҳлини, мендин ўпуб ер, ишқ денг.
Сарв тенг тутса ўзун қаддинг била, ул навъдур
Ким гиёҳ ўлғай қад ичра сарви раъно бирла тенг.
Ғунча ичра жола лоф урса тишинг бирла не тонг
Бу адам кунжига қолиб, ул топибдур ерни кенг.
Турфадурким, куфр шоми рафъ ўлуб, қилғай тулуъ
Субҳи имон зулфин очиб, ошкор этса ул энг.
Турфароқ буким, саодат субҳида чиқмиш дегай
Тийра бахтим ахтариким, кўрса ул энг узра менг.
Ақл васвоси хароб этмиш мени ҳужжат била
Соқиё бир айш жоми тут мангау они енг.
Эй, Навоий енгда пинҳон этма ул ой руқъасин
Чун санга улдур ҳамиша ашк оритмоқ бирла енг.

Демак, бир сўз ғазалнинг ўзида бешта сўзнинг фонетик тузилишига аниқлик ки-ритмоқда. Достон ва айрим ғазаллардаги бир сўз битта сўзнинг фонетик тузилишига аниқлик киритиши мумкин. Масалан, бугунги ушатмоқ сўзининг ўзаги XV асрда ушат бўлган бўлса, қуйидаги байтда унга қофиядош бўлган ўрнат сўзи ҳам урнат бўлади:

Демон ул ой ўқин, эй дўст, сувур, йўқса ушат
Ким қоқиб тошлар ила, зор танимга урнат.

Чунончи қуйидаги байтдаги нарса маъносидаги нима сўзи;
йибордим қошингға   муносиб нима бутун тўлғама, номуносиб дема.

Ҳозирги демоқ сўзининг буйруқ шакли дима бўлиши кераклигини тақозо қилади. Ҳақиқатан ҳам бу сўз XV асрда шу шаклда бўлганлигини Толеъ Ҳиравий «Бадоеул-луғат»да кўрсатиб ўтган. Демоқ, сўзини XV асрда димоқ шаклида бўлганлиги ўз навбатида «Лисонут-тайряда унга қофиядош бўлиб келган эмас, эмиш сўзларини имас, имиш бўлишлигини тақозо қилади:
Одам ўлғон зебу зоҳирин димас Кимки андин фахр этар — одам имас.

Воқеъ ўлмиш қону бу боис имиш
Ким муни мақтул бадҳайът димиш.

Навоий «Муҳокаматул-луғатайняда бугунги термоқ сўзи тирмак бўлганлигини кўрсатади. Демак қуйидаги қитъадаги бермак сўзи ҳам бирмак бўлиши керак:
Сиймни сочқучи мингдин бирдир Ўзгаларнинг иши келди тирмак. Ул жиҳатдин будудур одатким Олмоқ осондуру мушкил бирмак.
Юқорида келтирилган мисолларда кўринадики, XV аср эски ўзбек тилидаги кўпчилик сўзлар биз тасаввур қилгандан бошқачароқ экан.

 

Эргаш УМАРОВ