Home icon Бош саҳифа»Кутубхона»Мақолалар»Ғазал бўстонининг булбули
Facebook
Ғазал бўстонининг булбули PDF Босма E-mail

Ўзининг ҳассос шеърлари билан адабиёт мухлислари қалбига ўт солган машҳур шоира Зебуннисо бобурийлар хонадонининг кўзга кўринган намояндаларидан ҳисобланади. Унинг отаси Абу Зафар Муҳиддин Аврангзеб Оламгир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг панневараси бўлиб, онаси Дилрасбону Бобурнинг қизи Гулбаданбегимга бориб туташади. Маълум бўладики, Зебуинисо ҳам ота, ҳам она томондан бобурийзодадир.
Бобурийзодалар орасида бадиий ижод билан шуғулланган шаҳзода ва маликалар кўп бўлган. Бобурнинг барча фарзандлари соҳиби қалам бўлишгани маълум. Қизи Гулбаданбегим бугунги кунда бутун дунёга машҳур «Ҳумоюннома» асарини яратган бўлса, ўғиллари Ҳумоюн, Комрон, Аскарий ва Ҳиндол Мирзолар форсий ва туркий тилларда шеърлар ёзганлар. Улардан Комрон Мирзонинг девонидан намуналар ўзбек тилида нашр этилган, унинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб номзодлик диссертацияси ҳам ёқланган(Қаранг: Комрон Мирзо. Девон (Нашрга тайёрловчи Саидбек Ҳасанов). Тошкент, 1993 йил; Шафица Ёрқин. Комрон Мирзонинг хаёти ва ижоди. Номзодлик диссертацияси. Тошкент, 1999 йил.).
Бобурнинг невараси Акбаршоҳ йирик ҳукмдор бўлиш билан бирга, илму фан, адабиёт ва санъат ҳомийси ҳам эди. Эвараси Жаҳонгиршоҳ бобокалони Бобурга тақлидан ўз таржимаи ҳоли ва ўн етти йиллик ҳукмронлик даврини қамраб олган «Жаҳонгир тузуклари» асарини яратган. У «Жаҳонгирнома» номи билан машҳурдир. Чевараси Шоҳ Жаҳоннинг катта қизи Жаҳоноро «Рисолаи соҳибия» («Дўстлик ҳақида рисола») номли асарнинг муаллифи бўлган.
Ижодкор бобурийлар орасида Зебуннисо бегим ўзининг ёрқин истеъдоди билан алоҳида ажралиб туради. У ўз даврининг етук ғазалнависларидан бўлган. Мазмунан теран, шаклан баркамол, оҳорли ва содда ташбеҳу тимсолларга бой, равон услубда ёзилган жозибадор ғазаллари билан Шарқ мумтоз сўз санъатида ўзига хос мавқе ва мақомга эга бўлган шоиранинг самимий туйғу-кечинмалари табиий ифодасини топган халқчил услубдаги ижод намуналари, мана неча асрдирки, нафақат форсий, балки туркий тилли шеър мухлисларини ҳам бирдай ҳайрату ҳаяжонга солиб келади. Унинг кўплаб ғазалларига куй басталаниб, улар халқимизнинг севимли қўшиқларига айланган. Хусусан, «Самарқанд ушшоғи» номи билан машҳур «Биё, ки зулфи кажу чашми сурмасо инжост» мисраси билан бошлаиадиган ғазали ҳозирда ҳам кенг тарқалган мумтоз қўшиқлардан ҳисобланади ва кун-кунора радио ва ойнаижаҳон орқали таралиб туради.
Зебуннисо 1639 йили Деҳлида туғилган. Қизидаги илму маърифатга иштиёқни кўрган Ҳиндистон ҳукмдори Аврангзеб унинг тарбияси билан жиддий шуғулланади. Ўз умароларидан бири Иноятуллоҳхоннинг олима ва фозила сифатида шуҳрат топган онаси Ҳофиза Марямни Зебуннисонинг мураббияси қилиб тайинлайди. Шоҳнинг амрига биноан Ҳофиза Марям бўлажак шоирага аввал диний илмлардан сабоқ беради. Қувваи ҳофизаси кучли бўлган Зебуннисо 10 ёшларида Қуръонни ёд билар, 14 ёшида эса ўзи билганича унга тафсир ёза бошлаган эди. Саройнинг бошқа донишманду адиблари ҳам унинг тарбиясига саъю кўшиш қиладилар. Улар орасида ўз даврининг етук олимлари Мулло Ашраф ва Мулло Жевоннинг ўрни алоҳида эди. Зебуннисо улардан араб тилининг сарфу наҳви, мантиқ, адабиёт ва тарихни, хаттотликни ўрганади. У, айниқса, насталик, насх ва шикаста хатларини ёзишда моҳир бўлган, Қуръонни етти марта кўчирган экан. Шунингдек, у уста танбур чертувчи созанда ҳам эди. Адабий мутолаа борасида ҳинд файласуфи Браматра, забардаст тасаввуф назариётчиси Муҳйиддин ибн Арабий ва буюк мутасаввуф шоир Мавлоно Жалолиддин Румий асарларини севиб мутолаа қилган. Бу серқирра истеъдод соҳиби «рассомликда ҳам моҳир бўлган, шахсий кишилар қўлида расмлари ҳам сақланган эмиш, Қуръон ўқиб ўтирган вақтида ишлаган бир расми ҳам маълум. Отаси унинг шарафига Деҳлидаги саройи олдида — «Аршин товус» номли жойда сарой қурдириб, уни қизи ижод қилган нафис асарлар билан безатган. У фақат дунё нозу неъматларидангина қаноатланиб қолмаган. Ҳар йили бир неча фақирни ҳажга юбориб турган, боғ ишлари ва жисмоний тарбия билан шуғулланган»(Аҳмад Закий Валидий Тўгон. Бўлинганни бўри ер. Тошкент, 1997 йил, 240 бет.).
Зебуннисо «Иродати фаҳм» («Англаш эҳтиёжи») номли шеърлар баёзи ва «Зеб ун-нишот» («Шодлик зийнати») деган мактублар тўплами тартиб берган. «Зеб ун-нишот» ҳалигача топилган эмас. Шоиранинг ўз ижоди намуналари ва севган шоирлари шеърларидан тузилган «Иродати фаҳм» баёзини эса канизакларидан бири тўфон вақтида ҳовузга тушириб қўйган. Шунинг учун Зебуннисонинг ижодий мероси бизгача тўлиқ етиб келмаган.
Зебуннисо туркийча ҳам, арабча ҳам шеърлар ёзган бўлса-да, уларнинг тақдири номаълум. Зебуннисо номидан эълон қилинган Махфий тахаллуси остида ёзилган ғазаллар эса, тадқиқотчиларнинг якдиллик билан таъкидлашларича, шоирага тааллуқли эмас. Бугина эмас. «Шоиранинг баъзи шеърлари амакиси Дорошукуҳнинг девонига ҳам кирган»(Аҳмад Закий Валидий Тўгон. Бўлинганни бўри ер. 240 бет.). Таниқли шарқшунос олим Турғун Файзиевнинг маълумот беришича, унинг тасаввуф фалсафасига оид «Мунис ул-арвоҳ» иомли асари ҳам бўлган. «Тафсир соҳасида 769 варақли қўлёзмадан иборат «Зеб ат-тафосир» («Гўзал тафсирлар») ни ёзади. Бундан ташқари, илоҳиётга оид бир асар ёзиб, уни ўз устози Мулло Ашрафга бағишлайди. Шунингдек, Ҳиндистон мусулмонлари орасида дастури-ламал бўлиб қолган «Фатавойи Оламгирий» («Шариат қонунлари мажмуаси») номли асарини форс тилига таржима қилдиради»(Қаранг: Файзиев Т. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари. Тошкент, 1996 йил, 76-бет.).
Зебуннисо илму ижод аҳлининг ҳомийси сифатида шуҳрат қозонган. Мамлакатдаги барча адабиёт, маданият ва санъат аҳли унинг ҳимоясида бўлиб, шахсан ундан маош олганлар. Шунинг учун ҳам «Олами ислом» тазкирасида: «Отаси Аврангзеб ҳукмдорлик билан қозона олмаган шуҳратни Зебуннисо бегим илму адаб билан қўлга киритди», — деб улуғланади. Тазкиранавис Ғуломалихон Озод ҳам мамлакатдаги фазлу камол аҳли унинг марҳаматидан баҳрамандлиги, олим, шоир ва хаттотлар Зебуннисонинг ҳомийлиги туфайли хотиржам илму ижод билан шуғулланганлиги ҳақида хабар беради. Шунингдек, манбаларда Зебуннисо бегимнинг Мирзо Бедилнинг қизига мураббийлик қилгани айтилади. Шу тариқа, у ўз замонида илму фан, маданият ва санъатнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган.
Зебуннисо нозиктабъ шоира, нуктадон олима, комил ахлоқ соҳибаси бўлибгина қолмай, ҳусну жамолда ҳам тенгсиз эди. Шунга қарамай, қандайдир сабабларга кўра унга оила қуриш насиб этмаган. Бу ҳодиса манбаларда турли-туман талқин қилинади. Шоиранинг ўзи бу ҳақда ўкинч билан шундай ёзади:

Ҳар гулеро як харидорест дар бозори умр,
Пир шуд Зебуннисо, ўро харидоре нашуд.

Таржимаси:
Умр бозорида ҳар гулнинг харидори бўлар,
Қариди Зебуннисо, унга харидор бўлмади(Шоира шеърларидан олинган мисоллар муаллиф таржимасида берилмокда.).

«Шеърият, мусиқа, ижод — Зебуннисога ҳар қандай ёр васлидан тотлироқ бўлиб кўринган, — деб ёзади шоира ижодининг тадқиқотчиси Тўхтасин Жалолов. — Гўзаллик, санъат, илм — унинг идеали эди. У ўзининг бутун ҳаётини нафис санъатга, илмга бағишлайди. Зебуннисонинг энг севган машғулоти: Шеър ўқиш, шеър ёзиш, мусиқа тинглаш ва китоб мутолаа қилишдан иборат бўлган. Унинг: «Нега жуфтликни хоҳламайсиз?» - деган кишиларга қарата: «Менинг эрим ҳам китоб, бахтим ҳам китоб, ҳатто жаннатим ҳам китоб!» — деб берган жавоби бу фикримизни тўла тасдиқлайди».
Узбек адабиётшунослигида Зебуннисо шахси билан биринчи бўлиб Тўхтасин Жалолов қизиққан. Таниқли олим «Ўзбек шоиралари» китобида Зебуннисо ҳаёти ва ижодининг мухтасар очеркини берибгина қолмай, шоиранинг 3 ғазал ва 2 тўртлигини ҳам асл нусхасида ўзбекча таржимаси билан бирга келтирган. Кейинчалик таниқли адабиётшунос олима Маҳбуба Қодирова шоиранинг за-бардаст таржимон Муинзода таржима қилган 3 ғазали ва 3 рубоийсини мухтасар кириш сўзи билан Зебуннисо, Дилшод ва Анбар отинлар ижодидан тартиб берилган мажмуада (1981) нашр эттирган. Мазкур кириш сўзида, жумладан, қуйидагиларни ўқиймиз:
«Ўз асарларида инсонийлик, пок ахлоқ, ҳаётга ва табиатга муҳаббат мотивларини куйлаган Зебуннисо кўпчилик халқлар қалбига кириб борди. Шоиранинг дилрабо асарлари унинг ота-боболари ватани бўлмиш ўзбеклар диёрига ҳам етиб келди ва ўзбек китобхонлари учун қадрли бўлиб қолди. Тарихчи Ҳакимхоннинг «Мун-тахаб ут-таворих» асарида Зебуннисо шахси ва ижодига катта эътибор билан қараши, тазкиранавис Фазлий Намангонийнинг «Мажмуаи шоирон» ва Нодирнинг «Ҳафт гулшан» асарларида шоиранинг истеъдодига юксак баҳо берилиши, Ҳозиқ, Хиромий каби қалам соҳибларининг Зебуннисо шеърларига боғланган мухаммаслари маъ-рифатпарвар шоиранинг ўзидан кейинги давр ўзбек ва тожик адабиёти равнақига кўрсатган таъсири масаласини равшанлаштиради ».
Уйғун шоиранинг мураккаб ҳаёти ва фожиали севги достонига бағишланган «Зебуннисо» драмасини ёзган.
Зебуннисо шеърларини ўқир экансиз, унинг оташнафас шоира бўлганлигига ишонч ҳосил қиласиз. Бу шеърларни осойишта, хотиржам ўқиб бўлмайди: саҳифадан-саҳифага ўтган сари қалбингизнинг ҳарорати ҳам ортиб бораверади. Бир қарашда муҳаббат пайдо бўлганидек, бир ўқишда севиб қоладиган шоирларингиз ҳам бўлади. Зебуннисо худди ана шундай шеър ихлосмандларининг қалбига ғавғо соладиган, ақлу ҳушини ўғирлайдиган ҳассос ва дилўртар шоирлар жумласига киради.
Оташнафас шоир Усмон Носир Қора денгизга бағишланган шеърида: «Тўлқинлар, қалбимга қиздек кирдинги.», — деб лутф этган эди. Зебуннисонинг дилўртар ғазаллари ҳам ҳусну ахлоқда баркамол қиз каби ўқиган кишининг қалбига меҳру муҳаббат солади, унга маънавий завқ беради. Бу ижод уммонидан бир қатра сув ичган шеър ошиғи бир умр унинг мафтуни бўлиб қолади:
Булбул аз шогирдиам шуд ҳамнишини гул ба боғ, Дар муҳаббат комилам, парвона ҳам шогирди мост.
Таржимаси:
Гулга ҳамроз бўлди булбул, чунки шогирдим эди, Ишқда комилман ўзим, парвона ҳам шогирд менга.
Зебуннисо расман бирор тариқатга кирмаган бўлса-да, қалбан мутасаввиф эди. Шунинг учун ҳам бир шеърида у шоҳ қизи бўлсам-да, фақрга юз бурдим, дейдики, бу унинг сўфиёна ҳаётга бўлган майлу рағбатини кўрсатади:

Шоҳ қизи бўлсам-да, юз бурдим фақрга, боиси —
Менга бас шу зебу зийнатким: номим Зебуннисо!

Қолаверса, отаси Аврангзебнинг амрига биноан Зебуннисо бир умр тоат-ибодат билан шуғулланиб, зоҳидона ҳаёт кечиргани маълум. «Зебуннисонинг шеърлари диний жамоаларда, сўфийлар йиғилишида кўп ўқилади, сўфийлар унинг шеърларидан қаттиқ таъсирланганлар»(Аҳмад Закий Валидий Тўгон. Бўлинганни бўри ер. 211-бет. ).
Зебуннисо шеърияти тилининг тозалиги билан диққатни тортади: бу шеърларда мураккаб ва тушунарсиз сўз ва ибораларни учратмайсиз — барчаси содда, оддий, халқчил. Лекин мазмуни чуқур, фалсафаси қуюқ, ташбеҳу тимсоллари оҳорли. Услуби енгил ва равон. Оҳанги ёқимли, жўшқин ва ҳароратли:

Дар ниҳон хунам, ба зоҳир гарчи ранги ғозаам,
Ранги ман дар ман ниҳон чун ранги сурх андар ҳиност.

Мазмуни: «Гарчи ғозадай қип-қизил кўринсам-да, ичим қонга тўлиб кетган, худди ҳинода қизил ранг яширингандек, менинг рангим ҳам ўзимда ниҳон».
Кўриниб турибдики, бу ерда шоира ҳаммага таниш ғоза (аёллар юзига сурадиган қизил рангдаги упа-элик) ва ҳино мисолида ўз дардининг бадиий сувратини чизмоқда.
«Ўзининг даҳолигини англамаган даҳонинг даҳолиги даргумон», — деган эди таниқли поляк мутафаккири Станислав Еже Лец. Дарҳақиқат, буюкларни атрофдаги-лар тушунмаслиги, қадрламаслиги мумкин, лекин улар ҳамиша ўз пмкониятлари ва даражаларини яхши билганлар. Кўплаб машҳур сўз усталарининг ўз мавқе-мақоми, асарларининг даражаси ва шуҳрати ҳақида фахрланиб битган байту мисралари бунинг яққол исботидир. Зебуннисо ҳам ўзининг шеъриятдаги ўрнини яхши англаган, ўз гўзаллиги даражасини ҳам билган ва қуйидаги фахрия-қитъасини ёзган:

Булбул аз гул бигзарад, гар дар чаман бинад маро,
Бутпарасти кай кунад, гар барҳаман бинад маро.

Дар сухан пинҳон шудам чун бўи гул дар барги гул,
Ҳар ки дидан майл дорад дар сухан бинад маро.

Таржимаси:
Андалиб гулдан кечар, кўрса чаман ичра мени,
Бутпараст бутдан кечар, кўрса бу шаън ичра мени.

Гул ҳиди баргида пинҳон, менда сўз ичра ниҳон,
Кимки кўрмоқ истаса, кўрсин сухан ичра мени!

Мутаассиб Аврангзеб қизининг шеър ёзиши ва шу орқали шуҳрат қозониб, номи номаҳрамлар тилига тушишини хоҳламагап. Зебуннисонинг ўзи бу ҳақда киноя билан шундай ёзади:

Эй булбули хушилҳон, махрўшу дам фурў каш,
Табъи «латиф»и султон тоби сухан надорад.

Мазмуни: «Эй хушнағма булбул, наво чекишни бас қил-у, хомуш бўл, султоннинг «латиф» табъининг бадиий сўзга тоби йўқ».
Зебуннисо бегим 1702 йили 63 ёшида Деҳлида вафот этади. У Деҳлидаги «Зарзари» қабристонига дафн этилган. Шоиранинг қабр тошига унинг ғоят камтарлик билан айтган қуйидаги байти ёзилган:
Ба ғайри сабза напўшад касе мазори маро, Ки қабрпўши ғарибон ҳамин гиёҳ бас аст.
Мазмуни: «Майсадан ўзга нарса менинг қабримни қопламайди, зеро, ғариблар мазорини ёпиш учун шу гиёҳнинг ўзи етарлидир».
Мухтасар қилиб айтганда, адабий истеъдод кучи ва шеърларининг бадиий баркамоллиги жиҳатидан Зебуннисони ўзбек мумтоз санъатида фақат ҳассос шоира Нодира билан тенг қўйиш мумкин. Бинобарин, бобурийзода Зебуннисо ҳаёти ва ижодини ўрганиб, дурдона асарларини халқимизга етказсак, ўзбек адабиёти яна бир дилбар шоира билан бойиган бўларди.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан