Facebook
Моҳир мутаржим PDF Босма E-mail

XIII —XIV асрлар Шарқ халқлари ўртасида маданий-адабий алоқалар кучайган давр ҳисобланади. Қутб Хоразмийнинг Низомий Ганжавий «Хамса»сига кирган «Хусрав ва Ширин» достонини таржима қилиши, Ҳайдар Хоразмийнинг Низомий «Махзан ул-асрор»и жавобида «Гулшан ул-асрор» достонини яратиши, Сайфи Саройи Шайх Саъдийнинг машҳур «Гулистон» асарини «Гулистон бит-туркий» номи билан ўзбекчалаштириши бунинг ёрқин далилидир.
Низомийнинг «Хусрав ва Ширин» достони таржимаси (1340 — 41) билан машҳур бўлган ва шу орқали ўзбек мумтоз адабиётидан ўзига муносиб ўрин эгаллаган Қутб Хоразмийнинг таржимаи ҳоли ҳақида маълумотлар деярли сақланиб қолмаган. Фақат «Хусрав ва Ширин» таржимаси муқаддимасидаги шоир ҳаёти ва фаолиятига оид айрим ишоралардан унинг XIV асрнинг ўрталарида яшаб ўтгани, Хоразмда туғилиб, шу ерда бошланғич маълумот олгани, Шарқ адабиётидан хабардор бўлгани, кейин Оқ Ўрданинг «Сиғноқ шахрига бориб, достонни шу ерда таржима қилгани англашилади. Шеърлар машқ қилиб, махорати ошган ва шоирликда шухрат пайдо қилган Қутб Хоразмий асари таржимасига узоқ тайёргарлик кўради. Лекин фақирликда яшагани учун ҳам «Хусрав ва Ширин»дек кўп вақт ва машаққатни талаб қиладиган катта ҳажмдаги достонни ўзи таржима қилишига кўзи етмай, Олтин Ўрда хони Муҳаммад Ўзбекхон (1312 —1340) нинг Оқ Ўрдадаги ноиби бўлиб турган шаҳзода Тинибек (1340—1342) ҳузурига ёрдам сўраб боради. Шон-шуҳратларини янада ошириш ва тарих зарварақларида абадий қолиш мақсадида Тинибек ва унинг давлат ишларида фаол кўмакчиси бўлган хотини Қутбни илиқ кутиб оладилар ва ижод қилиши учун барча шарт-шароитни яратиб берадилар.
Қутб достон таржимасини Оқ Ўрданинг ўзида бошлаб юборади. Малика мадхида битилган қуйидаги байт шундан далолат беради:

Жамилахон мулки ул бахт улки,
Оқ Ўрду давлати ул бахт улки.

Қутб ўз достонида Маликанинг «ҳар ишни тарозида ўлчаб, зеҳн билан фикр юритувчи оқила, комила» аёл сифатида мадҳ этиб, уни достон қаҳрамони Ширинга қиёс қилади ва бу билан унинг давлат ишларидаги фаол иштирокини кўрсатади.
Қутб қаламига мансуб «Хусрав ва Ширин» таржи-маси бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган озарбайжон олими А. Тоҳиржонов у 1330 — 1336 йилларда яратилган, деган фикрни илгари суради. Лекин Олтин Урдадаги нотинч ва пароканда вазият бу ерда илм-маданиятнинг рнвожланишига йўл бермади, кўпгина олиму адиблар ижод учун тинч жой қидириб, бошқа мамлакатларга кетиб қолдилар. «Хусрав ва Ширин» ҳам кенг тарқалмай, шуҳрат қозонолмади. Сайфи Саройи Мисрга бориб, муқим бўлиб қолгани ва шу ерда Саъдий Шерозийнинг «Гулистон» асарини таржима қилганидек, Қутб Хоразмийнинг «Хусрав ва Ширин» достони таржимаси ҳам амир Қутлу Хўжанинг тавсияси билав 1383 — 1384 йилларда Мисрда Берка Фақиҳ ибни Бароказ Эдгу Қипчоқий томонидан кўчирилади. Бу қўлёзма 1914 йили Парнж Миллий кутубхонасидан (инв. № 312) топилиб, илмий муомалага киритилади ва шарқшунослар ўртасида машҳур бўлиб кетади. 1940 йилда Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш комитети томонидан асарнинг фотонусхаси олиниб, Ҳоди Зариф уни нашрга тайёрлаган. Бу нусха ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида сақланади. 1958 йилда поляк шарқшуноси А. Зайоичковский таржимаии факсимиле ва транскрипцияси билан Варшавада нашр эттирган.
Қўлёзма 120 варақ (240 бет) бўлиб, 4750 байтни ўз ичига олади. Шундан 4685 байти Қутб қаламига мансуб бўлиб, қолгани котиб томонидан қўшилган. Достои 91 бобдан иборат. Ҳолбуки, Низомий достони 102 боб бўлиб, 6 мингдан ортиқроқ байтни ўз ичига олади. Таржимон аслият мазмунини, сюжетини сақлаб қолиш билан бирга, уни анча эркин таржима қилади, ўз даврига мослаштиради. Ўша даврда бадиий таржима принцинлари шундай бўлиб, таржимон таржимани ижодий иш санаб, унга хоҳлаганча ўзгартиришлар киритиши мумкин бўлган. Жумладан, Қутб ҳам асар муқаддимасига «Шаҳзода Тинибекхон мадҳи», «Малика марҳума Хонмалик мадҳи», «Китоб назм қилмоққа сабаби баён аюр» бобларини қўшади. Айни пайтда, достоннинг умумий сюжетига алоқасиз ҳисоблаганидан бўлса керак, «Чиҳил қисса аз «Калила ва Димна» («Калила ва Димна»дан қирқ қисса»), «Натижаи афсонаи Хусрав ва Ширин» («Хусрав ва Ширин афсонасининг натижаси»), «Меърожи Муҳаммад» («Муҳаммад меърожи»), «Дар насиҳати фарзанди худ Муҳаммад» («Ўз фарзандим Муҳаммадга насиҳат баёнида») каби қатор бобларни қисқартиради, айрим бобларни ихчамлаштириб, бир-бирига қўшиб юборади. Лекин «Қутб таржима қилганда воқеа ва сюжетни қисқартирмайди, балки буларга халал етказмайдиган даражада бобларни бир-бирига қўшган, аниқроғи, бобларнинг номларини ўзгартирган, холос. Масалан, аслиятдаги: «53-боб. Огох шудани Хусрав аз ҳоли Фарҳод», «54-боб. Талаб кардани Хусрав Фарҳод», «55-боб. Мунозараи Хусрав бо Фарҳод» деган уч бобни Қутб икки бобга келтирган: «52-боб. Хусрав Фарҳод бирла мунозара қилиб, Фарҳод тоғ қазимоқлиқи сўзи». Лекин шу икки бобда аслиятдаги уч бобнинг мазмуни, воқеа ва сюжети тўла берилган, ҳатто уч бобнинг сатрлар сони ҳам сақланган»(Шарипов Ж. Ўзбекистонда таржима тарихидан. Тошкент, 1965 йил, 46 —47-бетлар.).
Қутб Низомий достонидаги XII аср ҳаётига оид айрим лавҳаларни тушириб қолдиради, қисқартиради ёки таҳрир қилади, уларнинг ўрнига Олтин Ўрда ҳаётига доир воқеаларни киритади. Натижада, Содир Эркинов таъби-ри билан айтганда: «Достон билан танишган ўқувчи кўз ўнгида сосоний давлатининг манзаралари эмас, кўпинча Олтин Ўрда ҳаётини эслатувчи тафсилотлар, Ўрта Осиё халқларининг урф-одатлари, турмуш йўсинларини англатувчи мисралар диққатни тортади. Сарой ва у ердаги расм-русумлар, кишиларнинг ўзаро муносабатларидаги ахлоқ-одоб қоидалари бевосита Қутбнинг ўзи яшаган турмуш шароитини эслатиб туради»(Ўзбек адабиёти тарихи. 1-жилд. Тошкент, 1977 йил, 211 -212-бетлар.). Қутб Низомий достонидаги давлатлар ва мамлакатлар номини ҳам ўзига танишлари билан алмаштиради. Ёки Хусрав суҳбатида Хуросон беклари иштирок этадилар. «Агар Низомий айрим бобларнинг хулосасида лирик хотима тарзида ўзига мурожаат этса, Қутб бундай ўринларда ҳикоя қилинаётган воқеадан олган таассуротлари асосида ўзининг шахсий ҳиссиётини баён этади:

Қайт, Қутб, онча эмгатма ўзунгни,
Ҳикоят бошла, қўй ўтмас сўзунгни»(Ўша ерда. 212-бет.).

Албатта, таржимада вазний сакталиклар, қофия бу-зилишлари ҳам мавжудки, уларни «Қутб қаламига мансуб дейишдан кўра, котибга нисбат бериш маъқулроқ бўлади»(Ўша ерда. 218-бет.).
Достонни эркин таржима қилганп ҳақида шоирнинг ўзи муқаддимада шундай деган эди:

Низомий назми янглиғ тут сўзунгни,
Анин билгут хонингға бу ўзунгни...
Қазонтск қайнаб-уш савдо пишурдум,
Низомий болидин ҳалво пишурдим.

Ҳар қандай етук таржима ҳам аслиятнинг ўрнини босолмайди. Шунинг учун ҳам Қутб ўз таржимасини Низомий болидан пиширилган ҳалво деб атайди.
Қутб Низомий достони асосида ўзбекча достон яратиш ва унинг воситасида ўзбек тилининг бой имкониятларнни намоён қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди ва у буни муваффақият билан уддалайди. Бу таржима ўша давр ўзбек тилини ўрганиш учун муҳим манба бўлибгина қолмай, балки ўзбек адабий тили ва адабиётининг тараққиётида ҳам муҳим роль ўйнади. Маҳорат билан назм силкига терилган ҳассос мисралар Қутбнинг ўзбек тилининг катта билимдони бўлганлигини кўрсатади. Чунончи, отасининг тахтини эгаллаган Хусравга Ширин насиҳатлар тўла мактуб йўллайди. Мактуб Қутб томонидан катта маҳорат билан таржима қилинганки, у таржима эмас, балки ўзбек тилида ёзилгандай таассурот қолдиради:

Укуш эл қарғишин олма, соқинғил,
Раийят асрамоқ яхши эрур, бил.
Қаю хондин раийят бўлса озор,
Темишларким, қолур ёлғу.з бўлуб хор.
Сан ўз фойданг учун бир пандим олғил:
Раийятга зулм қилма, адл қил.

Қутб таржимасини Низомий достони билан қиёслар экан, мутаржимнинг шеърий салоҳияти баландлиги ва у аслиятга қойилмақом таржима яратиб, «Низомий панжасига панжа» ура олганлигини кўрамиз. Мисол тариқасида, Хусрав ва Фарҳод мунозарасидан бир парча келтирайлик:

Нахустин бор гуфташ, к: «Аз кужои?
Бигуфт: Аз дори мулки ошнои.
Бигуфт: Он жо ба санъат дар чи кўшанд?
Бигуфт: Андуҳ харанду жон фурўшанд.
Бигуфт: Жонфурўши дар адаб нест,
Бигуфт: Аз ишқбозон ин ажаб нест...

Таржимаси:
Бурун сўрди: не ерликсан тею сан?
Айиттиким: ошиқлар шаҳриданман.
Айитти: анда не санъат қилурлар?
Айитти: жон сотиб, қазғу олурлар.
Айитти: жонни сотмоқлик хато ул,
Айитти: ишқ йўлинда ҳам раво ул.

Бу мунозарани ўқир экансиз, Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидаги Хусрав ва Фарҳод мунозараси тасаввурингизда жонланади. Бадиий барка-моллиги, равон ва жарангдорлиги жиҳатидан у Навоий достонидаги мунозарадан қолишмайди.
Қатор байт ва мисраларнинг ўзбек тилида ҳам мақол ё ҳикмат каби жаранглаши Қутбнинг Низомий асари таржимасида чиндан ҳам машаққат чекиб, маҳорат кўрсатганлигини тасдиқлайди:

Ҳунар кўргил, айб кўргунча зинҳор,
Чечак тер боққа кирсанг, олмағил хор.

Ажаб шахсе эрур бу одамизод,
Бўлур мум одами илгинда пўлод.

Тиласанг из.зат, барча элга бўл ёр,
Соқингил, қилма кўп эл кўнглин озор.

Маълумки, ўзбек тилида омоним сўзлар кўплиги жиҳатидан мумтоз шеъриятимизда тажнис санъати ривожланган. «Хусрав ва Ширин» достони таржимасида Қутб ўзбек тилининг упгбу имкониятларидан ҳам маҳорат билан фойдаланади:

Отин охурда боғлаб, бердилар ўт
Вале Ширин юракинда ёнар ўт.

Бу ерда ўт сўзи ўсимлик ва олов маъноларида келиб, тажнис санъатини ҳосил қилган. Мана бу байтда эса эл сўзи юрт ва қўл маъноларида келади:

Чиқардинг ҳийла бирла ўз элимдин,
Бироқтим тахту тожимни элимдин.

Низомийнинг «Хусрав ва Ширин»идек бадиий юксак ва салмоқли асарни таржима қилиш катта истеъдод ва фплологик тайёргарликни талаб қилиши шубҳасиз. Қутб ўзбек тилининг бой имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиб, достонни равон услубда, содда ва тушунарли тилда таржима қилади, «унда тушуниш қийин бўлган арабча, форсча сўзлар кам, бўлганлари ҳам халқ дилига сингиб кетган сўзлардир. Таржимада шундай иборалар, ифодалар борки, гўё улар ҳозирги замонамизда, шу кеча-кундузда, бу куннинг адабий тилида ёзилганга ўхшаб кетади». Таржимада Хоразм шевасига хос сўзлар кўп учрайди: учак (том), экинчи (деҳқон), қопу (эшик), кулан (теша), ал (қўл), ғоли (гилам), узоқитек (аввалгидек) ва ҳоказо. Айни пайтда, Қутб Низомийнинг мураккаб байт ва мисраларини кўпинча атай соддалаштириб таржима қилади:

Фасиҳе, к-ў сухан чу об туфти,
Сухан бо ў бо сутурлоб бигуфти, —

байти таржимасида устурлоб сўзини ташлаб кетади:

Фасиҳеким, равон сўз сўзлар эрди,
Сўзин андии уёлиб гезлар эрди.

Қуйидаги тўрт мисра эса Қутб таржимасида бир байтга айланган:

Чу омад зулфи шаб дар атрсои,
Ба торики фурў шуд рўшнои.
Бурун омад зи парда сеҳрсозе,
Шашандозе ба жои шишабозе.

Таржимаси:
Нетакким, сочти тун зулфи йипори,
Қоронғулиққа кирди тун ҳисори.

Қутбнинг «Хусрав ва Ширин»и ўзбек адабиётида маснавийнинг «Қутадғу билиг» ва «Ҳибат ул-ҳақойиқ»дан кейинги нодир намунасидир. У достонни ўз вазни-да — ҳазажи мусаддаси мақсур (маҳзуф)да таржима қилади. «Хусрав ва Ширин» ўзбек эпик шеърияти тараққиётида ҳам, бадиий таржимачилик ривожида ҳам алоҳида ўрин тутади.

Эргаш Очиловнинг
"Барҳаёт сиймолар" китобидан