Facebook
Камолот илми PDF Босма E-mail

Бутун маънавият тарихи шуни кўрсатадики, цивилизация дегани — бу инсоннинг ўз-ўзини англаши, ўзини камол топтириш учун олиб борган курашининг ҳосиласидир. Барча динлар, таълимотлар, тафаккур даҳолари инсон қобилияти, руҳияти ва ахлоқини ўрганиш, инсонни тарбиялаб, тўғри йўлга бошлаш, ноқисликлар ва иллатлардан халос этиш билан шуғулланиб келган. Инсон нима, нега у шунчалик буюк ақли, қилни қирқ ёрадиган заковати билан мўъжизалар яратишга қодир бўлгани ҳолда, яна тубан ишларга қўл уради, ҳайвоний ҳирсу нафс домига тушиб ўзини хароб этади, деган саволлар Шарқ мутафаккирлари қалбини қадимдан безовта қилиб келган.
Қуръони Каримнинг Ал-исро сурасида ўқиймиз: “Ва лақад каррамна бани одама” (Одам болаларини мукаррам қилиб яратдик). Шунга асосан, тасаввуф аҳли инсонни Худонинг ердаги халифаси, икки оламнинг гултожи, қаймоғи деб таъриф этади. Ҳазрат Навоий эса “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “Одамий шарифул кавнайндур” деган сўзни келтиради. Яъни: “Одам икки дунёнинг энг азиз ва энг шариф махлуқидир”. Парвардигор оламларни яратар экан, мақсади Инсон эди. Одам Парвардигор ҳусну жамоли учун кўзгу бўлса, Инсон бу кўзгунинг мазҳари — Тангри таоло қудрати ва сиру асрори, илму каромати акс этган мўъжиза хилқат. Инсон қалби эса Тангри илми ва ишқининг хазинасидир.
Инсон ана шундай буюк, муҳтарам ва мукаррам. Шунинг учун фаришталар ҳам унга сажда қилганлар. Албатта, бу одамзот фарзандини улуғлаш, унинг қадру қиммати, шаъну шарафини кўтариб, инсонпарварлик ғояларини илгари суриш эди.
Бироқ ҳамма инсонлар ҳам шу шарафга муносибми? Биз ҳаммамиз келтирилган юксак таърифу тавсифларга лойиқмизми? Афсуски, йўқ. Гарчи ҳар бир одам ўздаража ва ҳолати билан Парвардигор қудратини намойиш этувчи бир тимсол бўлса-да, бироқ инсонга берилган юксак таърифлар, аввало инсон ҳақиқати ва моҳияти ҳақидадир. Хўш. Инсоннинг ҳақиқати нима? Инсоннинг ҳақиқати унинг илоҳийлиги, раҳмоний руҳбилан йўғрилганлигидир. Кимдаки бу раҳмоний руҳ ғолиб бўлса, у шунча шарафли ва мукаррам. Аксинча, кимдаки бу руҳ кучсиз бўлса, шунча табиатга ён босган, яъни жисмоний-ҳайвоний майлларга берилган бўлади. Бунинг маъноси шуки, Шарқ мутафак-кирлари наздида инсонда икки асос мавжуд: бир томондан, у — илоҳий, руҳий қудрат, иккинчи томондан — моддий, ҳайвоний қувват. Ҳайвоний қувват деганда қадимги олимларимиз табиатдаги тўрт унсурни, яъни: тупроқ, сув, олов, ҳавони англаганлар. Бир-бирига зид бўлган бу тўрт унсур айни вақтда бир-бири билан мувофиқ келиб, барча биологик қувватларни ҳаракатга келтиради. Тирик мавжудотнинг бари шу тўрт унсур мавжудотлардан фарқли ўлароқ руҳи нотиқа, яъни илоҳий руҳ бор (руҳ ҳайвонларда ҳам қуйи кўринишда бор, бироқ у руҳий нотиқа эмас).
Инсондаги ана шу илоҳий руҳ ҳамиша унинг табиий асоси, яъни тўрт унсурдан иборат жисми билан курашиб келади. Руҳ қанча юксалса, у шунча мартабаларга эришаверади ва Мутлақ моҳият томон бораверади.
Ҳужжатул ислом Имом Абу Ҳомид Ғаззолий “Кимёи саодат” асарида ёзадилар: “Инсон фаришта ва ҳайвон орасидаги махлуқдир. Ҳайвон ривожланмайди, чунки унинг камолот қуввати йўқ. Фаришта ҳам ривожланмайди, чунки унинг ўзи пок илоҳий нурдан иборат. Фақат инсондагина ривожланиш, руҳий камолот хислати мавжуд”.
Демак, инсонни тарбиялаш, унинг моддий-ҳайвоний ҳирсларини барҳам эттириш, (гарчи бу батамом мумкин бўлмаса-да!), ёинки, тасаввуф таълимотига асосан, инсон руҳи Мутлақ руҳнинг бир қисми бўлганлиги боис у моддий тубанликни тарк этиши, Илоҳ сари парвоз қилиши керак. Бунинг учун инсон ўз Инсонлигини идрок этиб, ботиний оламини поклаб, маърифат нурларига тўлдириб бориши шарт.
Бундан юқоридаги фикримизга аниқлик киритадиган яна бир хулоса келиб чиқади: модомики инсон икки олам сарвари, шарафул махлуқот экан, бу унинг илоҳий-раҳмоний жиҳатига қараб айтилган гап бўлиб, Комил инсонга ишорадир. Комил инсон — жамики инсонларнинг ҳақиқатидир, яъни одамийлар одамийсидир. Биз ҳар биримиз илму амал, фазлу камол касб этиб, ана шу ҳақиқат сари интилишимиз лозим.
Хуллас калом, инсон тарбияси, инсонни нуқсонлар, гуноҳлардан қутқариш улуғ аждодларимизнинг қайғуси бўлиб келган. Улар савоб ва гуноҳ, соя ва нур, раҳмон ва шайтон, хайру шарр чегарасида яратилган инсон деган мубҳам хилқатни англаш, унинг раҳмоний ва шайтоний қувватларини қачон, қаерда кучга кириши, бу кучларнинг сабаби нима эканлигини тушунишга жидду жаҳд қилганлар. Айниқса, тасаввуфда инсон тарбияси, инсонни риёзатлар билан поклаш марказий ўрин эгаллаб келган. Шу асосда улар Комил инсон ахлоқи концепциясини ишлаб чиққанлар. Шариат аҳкомига қурилган тариқат расму русумлари, чунончи пир-муридлик анъанаси, солик одоби, покланиш, тавба-тазарруъ, зикру симоъ — ҳамма-ҳаммасидан мақсад инсонни юксалтириш, руҳни яйратиш, ғайб асрорини кашф этиш эди. Инсонни поклаш ва камол топтириш илми бўлган тасаввуф кишидаги барча салбий хислатларни Нафс тушунчасига боғлаб изоҳлайди ва унга қарши жиҳод эълон қилади. Нафс — шайтон қутқуси, нафс-тубанликка тортадиган куч, нафс-ҳирсу ҳавас даракчиси, тамаъ, манманлик, жаҳолат, фаҳшни келтириб чиқарадиган қувват. Шунинг учун инсоннинг биринчи вазифаси ўз нафсини жиловлаб олиш, уни маҳв этишдир. Қаноат ва саховат, ҳиммат ва ботиний фақр билан инсон ўзининг илоҳийлиги — улуғлигини англаса, энг ғаддор душман нафси эканлигини ҳам англайди. Алалхусус, футувват ҳақида ёзилган китобларда инсон қалбининг саховати, мардлик ва фидойилик ақидалари кенг ёритилади, авлодларга ибрат бўларли ишлар баён қилинади.
Шу тариқа, биз инсон тарбияси ва ахлоқий камолоти ҳақида бой маънавий меросга, аниқ тажрибалар ва илмий хулосаларга эгамиз.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан