Facebook
Яссавий ҳақиқати PDF Босма E-mail

Хожа Аҳмад Яссавий тасаввуфнинг улуғ пешволаридан бири, у яссавия тариқатига асос солганлиги ва туркий тилда содда, халқчил улуғ шеърият — сўфиёна адабиётни бошлаб берганлиги билан номи ислом оламида қадрли ва мўътабардир. Ул зоти шариф исломий ҳақиқатлар ва тасаввуф аҳкомини ажабтовур маҳорат билан омухта этиб, шариату тариқатни бир бутун деб билиб, имон ва садоқат ғояларини қизғин эҳтирос ила куйлаган ва афсонавий Арслонбоб тимсолида мужассам бўлмиш туркий авлиёлар руҳини пири Хожа Юсуф Ҳамадонийдан қабул қилган Хуросон сўфиёна таълимотига қўшиб, ўз халқини юксак маърифат ва илму ирфонга ҳидоят этди.
Хожа Аҳмад Яссавий қарашлари моҳиятини англаш учун, шубҳасиз тасаввуф таълимоти рукнларига мурожаат қилиш лозимдир. Тасаввуф ўзини англаш ва шу орқали Аллоҳни севиб таниш ва билиш илми ҳисобланади. Ўз-ўзини англаш, ўз нуқсонларини, айбу қусурини англаш демакдир. Шундай экан, тасаввуфни инсоннинг ўз вужуди, нафсига қарши исёни, ўз-ўзидан қониқмаслик норозилиги сифатида талқин этиш ўринлидир. Шайхларнинг ўз-ўзини мазаммат этиши, сурункали риёзатни бўйнига олиб, маҳрумликларга кўниши, ҳеч нарса билан ўрнини тўлдириб бўлмайдиган буюк бир руҳоний поклик оламига интилиши шу билан изоҳланади. Бу риёзат ва иродат зикр ва самоъ, жазава ва нолалар, муножот ва тоатлар, маънавий суҳбатлар, каромат ва ишоратлар, чиллада чилтанлар билан суҳбат қуриш, хилватда Ёр хаёли билан унс тутмоқ, ирфоний кашфиётлар йўлидаги тасвирлаб бўлмас завқу сурур нашидасидан иборат бўлган. Тасаввуф аҳли илоҳ маърифатини қозонишни инсон камолоти, ахлоқий покланиш йўли, инсоннинг инсонлигини очиш, унинг руҳини шайтон чангалидан қутқариш чораси деб ҳисоблар эдилар. Ҳақ ва ҳақиқат ғояси, руҳий фароғат ҳисси, тафаккур корхонаси, ижод — яратиш ниятлари ушбу таълимот бағрида паноҳ топиб, ривожланган. Албатта, авжу мавжлари, қирралари хилма-хил бу таълимотнинг ҳамма томонлари Аҳмад Яссавий ижодида акс этган дея олмаймиз. Жуда чуқур фалсафий тизимларни Яссавийдан қидириш ҳам зўрма-зўраки сунъийлик бўлар эди. Аҳмад Яссавий аввало курашчи бир инсондир. Унинг асарлари қуруқ насиҳатлар йиғиндиси (гарчи насиҳат-танбеҳ оҳанги мавжуд бўлса-да) ҳам, тасаввуф ва шариат ҳақидаги бетараф қарашлар, мулоҳазалар баёни ҳам эмас, балки шаррга-ёмонликка нафрат, эзгулик — хайрни ҳимоя этувчи зарбали сатрлардир. Яссавийнинг жуда кўп фикрлари, шу боис ғазабкор бир оҳангда жаранглайди, шоир дунёни тарк этиш, зулмга чидаш, ишқ-муҳаббат, дарвешнинг риёзату каромати ҳақида ёзар экан, буларнинг ҳаммаси, биринчидан, тасаввуф таълимоти талабларидан келиб чиқишини, иккинчидан, шоирнинг илоҳсевар ва инсонсевар қалби нидолари эканини эсда тутмоғимиз керак.
Бу ерда Аҳмад Яссавий қарашларининг бир жиҳати, яъни таркидунёчилик ақидаси устида тўхтаб ўтишни лозим топдик. “Девони ҳикмат”да ўқиймиз:

Аё дўстлар, пок ишқини қўлга олдим,
Бу дунёни душман тутиб юрдим мано.
Ломаконни сайр этибон макон оштим,
Дунё-ўқбин юз минг талоқ қўйдум мано.

Шунга ўхшаш “дунё ҳаром”, “дунё палид”, “дунё моли ҳирсу ҳаво кони” каби таъриф-тавсифларни Яссавий шеърларида кўп учратамиз. Хўш, нега дунё душман, нега уни тарк этиш керак?
Аҳмад Яссавий ва умуман барча тариқат аҳли фикрига кўра, илоҳ йўлини танлаган солик дунёвий алоқалар, яъни мол-мулк билан ташвишлардан халос бўлиши лозим (Шу ўринда мухлис-ихлос-халос-махлас сўзларининг бир ўзакдан экани, то халос бўлмай сўфий бўлиш мумкин эмас, деган фикрга эътибор қилинг). Шундагина со-ликнинг қалби буткул Аллоҳ ихтиёрида бўлади. Аллоҳнинг ғайри (Рақиб) ёдидан қутулади. Чунки Худо муҳаббати ва дунё муҳаббати бир-бирини инкор этувчидир. Ахир аждодларимиз ҳаёт деб, тириклик деб руҳни ва унинг соҳиби Тангрини билганлар. Моддийликни улар латиф руҳнинг зидди — зиндони ҳисоблаганлар, жумладан, вужудимиз ҳам. Ҳаттоки, дунёдаги ҳаёт, тириклик неъмати охиратдаги абадий ҳаёт учун сарфланувчи восита, холос. Айни ҳақиқат бўлган бу қараш берилса, унинг ишқи ёлғон, қилмиши риё, халқни гумроҳ этувчи шайтондир, дейди Аҳмад Яссавий.
Албатта, бизнинг заминий тор тушунчаларимиз билан ўлчанганда, Яссавий даъватлари ғайри табиий, ғайри инсонийдай бўлиб туюлади. Лекин тасаввуф ичига чуқурроқ кириб борсак, тарки дунёчилик ғояси ҳаётга зид кўз қараш бўлмай, балки теран инсонсеварлик ғояси эканини англаб оламиз. Масалан, дунё тариқат ақли нуқтаи назаридан қуйидаги маъноларга эга:
Дунё — махлуқот олами, моддий борлик.
Дунё — жисм, инсон бадани.
Дунё — давлат, бойлик.
Дунё — нафс, зулмат, қоронғилик тимсоли.
Дунё — мажоз, образ, фонийлик, ёлғон мавжудлик рамзи.
Дунё Холиқ яратган махлуқот олами, ўткинчи, фоний экан, у ҳеч кимга вафо қилмайди. Шунинг учун у муҳаббатимиз, меҳримизга арзимайди. Ҳақиқий боқийлик, абадий Парвардигорга муҳаббат — абадиятга муҳаббат бўлиб, у чин муҳаббатдир. Парвардигор маънавият ва файз кони, инсон руҳининг асл илдизидир.
Бу фикрлар инсон хилқатининг жисм ва руҳдан иборатлиги, инсонни жисми эмас, балки руҳи мукаррам этиши ҳақидаги қараш билан уйғунлашиб кетади. Инсоннинг инсонийлиги унинг руҳоний жавҳари, яъни илоҳийлигидадир. Шу боис руҳонийлик қанча камол топса, инсон шунча мукаммаллашади, покланади.
Аммо энг муҳими шундаки, Яссавий назарида дунё меҳр-муҳаббатга арзимагани учун, уни севганлар ҳам бахтли эмас. “Бу дунёда лаҳза фориғ бўлмоқ қайда”, деб ёзади у алам билан. Дарҳақиқат ҳам дунёда орому осойишталик, фароғат йўқ. Инсон ҳамиша ташвишу ғамда, ташвишлари эса майда ва умрни кемирувчи, маънавиятни беркитувчи. Ҳолбуки, инсоннинг бош вазифаси — ўз Тангрисини таниш, унга интилиш бўлмоғи керак.
Шу муносабат билан Яссавий инсон ва руҳ, лоҳут олами ва носут олами (яъни, жисмоний олам), руҳнинг жисм ичра изтироблари, жисмоний талаблар билан руҳоний-маънавий талаблар орасидаги зиддиятлар хусусида фикр юритади. Инсон фожеасини туб-тубидан идрок этишга жазм этади. Инсонни қанчалик чуқур англаганинг сари ундан ҳафсаланг пир бўлади, кўнглинг қолади, унинг ожизлиги, ноқобил ва ноқислигини кўриб ҳам раҳминг келади ва ҳам ғазабинг қўзғайди. Бу ночор махлуқнинг айбларини ўзига кўрсатиб, илоҳий мартабага ҳидоят этмоқчи бўлади вали-юллоҳ. Воқеан, инсонпарварлик нима? Инсондаги нуқсонларни очиқ-равшан айтиб, шу нуқсонлардан қутулиш йўлини кўрсатишми ёхуд уни “буюксан”, “улуғсан” деб мақ-ташми? Менимча, биринчи йўл афзал ва фойдали. Инсоннинг ожизликларини кўрсатиш, уни мазаммат этиш, бадбинлик эмас. Аксинча, чин гуманизм инсон учун қайғуришдир. Инсон учун қайғуриш эса, унинг нуқсон ва гуноҳларини кўрсатиш, тўғри йўлга бошлаш ҳисобланмоғи керак. Қуръони Каримда ҳам Парвардигори олам инсоннинг мукаррамлиги, шамойили гўзаллиги, Ердаги “халифа” экани, фаришталар унга сажда этгани ҳақида оятлар юбориш баробарида, инсоннинг норасолиги, гумроҳлиги, манманлиги ва ҳоказоларни ҳам кўрсатиб, буни нуқсон сифатида кўрсатган. Ҳатто, барча иллатлар одамдан, барча яхшилик Оллоҳдан деган қарама-қарши мазмунли оят ҳам келтирилади “Қуръон”да. Водареғо, одамнинг шайтон гапига кириб, ақл дарахти мевасини татигани (ёки буғдойни егани) ва оқибатда жаннатдан қувилиши ҳам унинг камчилиги, нуқси, гуноҳи, ахир. Шундан бери инсон савобу гуноҳ, хайру шарр, жаннату дўзах, Ҳурмузд ва Аҳриман, нуқсу камол, раҳмон ва шайтон орасида саргардондир, гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга ён босиб, гоҳ ғофил ва гоҳи ҳушёр бўлиб, умр ўтказиб келмоқда...
Аҳмад Яссавий тариқат изтироблари, ажзу азият чекиш йўли билан инсонни поклаб, нуқсонлардан, нохуш феъл-атвордан халос этиш мумкин, деб ўйлайди. Тарки дунё ана шу тадбирининг бошидир. Зеро, илоҳий маъна-виятга талпинувчи, поклик ва покизаликни, ҳақни севувчи ҳар бир ориф, Мутафаккир шахсда узлат ва хилватга эҳтиёж, соғинч бор. Шундай қилиб, тарки дунёчилик ошиқ руҳнинг талабидир:

Дунё қўймай, ҳол илмини билса бўлмас.

Сўфий — илоҳ ошиғи, унинг кўнглида Оллоҳдан ўзга нарса бўлмаслиги керак. Бундай одам қандай қилиб дунёга боғлансин? Тарки дунёнинг ёрқин намунаси Иброҳим Адҳам саргузашти, кўп шайхлар қатори Яссавий ҳам Иброҳим Адҳамни ибрат қилиб кўрсатади. Иброҳим Адҳам қалбида илоҳий ишқ жўш ургандан кейин Балх шаҳрида тахт-тожи, бола-чақасини ҳам ташлаб, хирқа кийиб дарвеш бўлган эди. У Худо муҳаббатини фарзанд муҳаббатидан ҳам баланд қўйди. Аҳмад Яссавий ўзи ҳам Иброҳимга эргашмоқчи бўлади, аммо тарки дунё ҳақида қизғин даъватлар қилган шоир шу ерга келганда юраги ларзага тушиб, мана бундай сатрларни битади:

Оллоҳ учун фарзандларим етим қилсам,
Жондан кечиб, молдан кечиб ғариб бўлсам,
Биёбонда ялғуз қоздек нола қилсам,
Нечук илож этаримни билмам, дўстлар!

Бир томондан илоҳий ишқтуғёни, иккинчи ёқдан, аҳлу аёл, фарзанд муҳаббати шиддати бақамти келган. Ориф инсон қалбидаги дардли фожеа, нозик руҳий мушкилот тасвирланади. Яссавийнинг мазкур ғоялари Фаридиддин Аттор ва Жалолиддин Румий асарлари билан ҳамоҳангдир. Чунки Аттор “Илоҳийнома”, “Жавҳаруз зот” номли достонларида фарзанд муҳаббати билан Худо муҳаббатини кўп марта қиёслаган.
Шуни айтиш жоизки, Яссавийнинг ўзи олтмиш уч ёшга киргунча оиласи, фарзандлари билан умр кечирган, боғбонлик қилган, косатарошлик касби билан шуғулланиб, муридлар тарбиялаган. Бироқ, ўшанда ҳам шайхул машойихнинг қалбида илоҳ муҳаббати устун эди, у дунёга эътибор қилмас, нафсни одамни бузадиган нарса деб қарарди. Бу эътиқод унда ота мерос бўлиб, Арслонбоб ва Юсуф Ҳамадоний тарбияси туфайли яна кучайганди. Зотан, тарки дунёчилик — бу ахир авлиёлар тавбаси, улар мижозига бу сут билан киргандир. Авлиёлар тарки дунё қилишни барчадан талаб қилган эмаслар, чунки узлатнишинлик, зикру самоъ дарвеш “насибаси” (улуши). Яссавий ўзини фақирлар зумрасига киритади ва бу билан фахрланади. Фақир эса дунёнинг асбобу аҳволидан ҳеч нарсага эга бўлмаган, ҳеч бир тамаъу даъвоси бўлмаган киши, фақирларнинг Оллоҳ дийдоридан ўзга талаблари йўқ. Фақирликни инсонийлик моҳияти деб билиб, ғанийлик, эгаликни Оллоҳнинг сифати ҳисоблайдилар.
“Девони ҳикмат”да ёзиладики, Яссавий руҳи ҳали у туғилмасдан Илоҳга ошиқ эди. Чунки ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом Меърож тунида кўкда фақр ҳайкалини кўрдилар (нур шаклида). Бу менинг руҳим эди, деб ёзади Аҳмад Яссавий:

Меърож узра ҳақ Мустафо руҳим кўрди.

Ўшал руҳким, Аҳмад онаси ҳамлида пайдо бўлган куни унинг вужудига кирган эди ва танаси билан бирга яшади. Бироқ, ушбу руҳ танага кирмасдан аввал ҳам баркамол ошиқ бўлиб, “кўз ёшли, боши эгик, қадди ҳилол эди”. Яъни тоат-ибодатга мойил, комил мусулмоннинг руҳи эди. Шу боис бу руҳ танага кирган заҳоти, жисм билан келишолмай, ўз аслига қараб интилди:

Тўққиз ою тўққиз кунда ерга тушдим,
Тўққиз соат туролмадим, кўкка учдум.

Чунки бу руҳнинг ватани Тангри ҳузури, жабарут оламидир. Шунинг учун у аршу самоларни сайр қила олади, ҳаққа роз айтади, жисмоний талаблар, яъни ҳирсу ҳавас, ҳасад ва манманлик, лаззатпарастлик тимсоли нафс билан жиҳод бошлайди. Нафс эса дунё демакдир. Бошқача айтганда тарки дунё қилиш — тарки нафс қилиш, шайтоний ҳирсларни жиловлаш демак:

Нафс йўлига кирган киши, расво бўлур,
Йўлдан озиб, тойиб тузиб гумроҳ бўлур,
Ётса-қўпса, шайтон била ҳамроҳ бўлур,
Нафсни тепгил, тепгил, эй бадкирдор!

Нафсга нафрат Аҳмад Яссавий шеъриятида кучли ифодаланган. Инсон зотини бузиб, хароб этган, энг қабиҳ ишларни қилишга йўллаган нарса унинг нафсидир. Жаҳонгирлик, уруш ва вайронагарчиликлар, беҳисоб қирғин ва шафқатсизликларнинг сабаби ҳам нафс. Солиҳ инсон аввало нафсини енгади. Фанофиллоҳга йўл очаман десанг, нафсни ўлдир, яъни “ўлмасдан бурун ўл”, деб таъкидлайди туркнинг улуг мураббийси. Аммо бу йўл оғир ва машаққатли. “Жондан кечмай ишқ шаробини ичса бўлмас”. Яссавий “ҳикмат”ларида “Муту анта қабла муту” (Ўлмасдан бурун ўлинг), “Ман арафа нафси арафуҳу рабби” (Кимки ўз нафсини таниса, раббини танийди), “Дунё ва дирҳамларга қул бўлганларга лаънатлар бўлсин”, деган ҳадислар келтирилади. “Ўлмасдан бурун ўлмоқ” — тирик туриб нафсни ўлдириш бўлса, “Кимки нафсини таниса, раббини танийди” ҳадиси нафснинг ёмонлигини англашга ишорадир. Демак, нафснинг ёмонлигини англаган унга қарши курашади ва шу кураш уни раббини танишига кўмаклашади.
Шундай қилиб, дунё алоқасидан қутулган ошиқ инсон тариқат босқичларини ўтаётиб, ўзидаги ёмон хислатларини тарк эта боради ва яхши сифатларни касб этади. Натижада бойлик тарки, нафс тарки ёмон хулқ-атвор, золимлик ва шафқатсизликни тарк этиш билан баравар давом этади, Солиҳ изтиробларга сабр қилиб, худо ёдида яшаб, зикру тоатни канда қилмай, қалбини илоҳий нурга тўлди-риб боради.
Маълум бўладики, тарки дунё деганда Аҳмад Яссавий бойлик тарки, кишининг ўзидаги ёмон хислатлар тарки баробарида ёмон одамлар, золим ва нодонлар таркини ҳам назарда тутади. У дейди:

Тариқатни шавқу завқи куймоқ-ёнмоқ,
Ҳақдан қочқон ножинслардан қочиб тонмоқ,
Юз минг турлук жафо текса, бўюн сунмоқ.

Ҳақдан қочганлардан қочиш. Ҳамма гап ана шунда. Ҳақдан қочганлар — имонсизлар, ножинслар, каззоб, фирибгарлар. Ҳақдан тонганлардан тониш эса тасаввуф аҳлининг имонидир. Шоир олтмиш уч ёшга кирганда ўз хонақосининг бир бурчагида ер ости ҳужра ясаб, энди менга ер юзида яшаш ҳаром деб шу ҳужрага кириб кетади. “Девони ҳикмат”даги бир туркум шеърларида бу узлатнинг сабаблари тушунтирилади. Бу сабаблардан бири-Расули акрамга муҳаббат, сидқу садоқат ибрати бўлса, иккинчиси нодон ва ножинслар, худобехабарлардан қочиш эди:

Ер остига қочиб кирдим нодонлардан,
Доно топмай ер остига кирдим мано.

Хуллас, тарки дунёчиликни ижтимоий зарарли ҳодиса деб билиш у қадар тўғри эмас. Буни ошиқ қалбнинг эҳтиёжи деб қараш лозим. Одамлар тарки дунё қилган чин сўфийларга қараб ибрат олганлар, яхшилик қилиш, меҳру шафқат кўрсатиш, Худодан қўрқиш ҳисси пайдо бўлган.
Бу ўринда шуни ҳам айтиш керакки, дунёга нафрат фақат сўфийларнинг ғояси эмас. Ушбу ғоя тасаввуф пайдо бўлишдан анча олдин бор эди. Қадимги бобилликлар, форслар, юнонларнинг ёзма ёдгорликлари, айниқса, ҳинд эпосларида дунёнинг бевафолиги, инсонлардан дўстлик ва садоқат кутиш хато эканлиги ҳақида фикрлар мавжуд. Тасаввуфга алоқаси бўлмаган Абул Фараж, Абу Нувос, Ал Бухтурий, Абу Аъло каби араб шоирлари, Рудакий, Фирдавсий каби форс-тожик шоирлари ижодида фалакдан шикоят оҳанги, инсондан норозилик туйғуси акс этган. Абу Аъло инсон зотини лаънатлаб шеърлар ёзади, “мен отамнинг хатосиман” дея ўзидан ҳам нафратланди. Аммо жаҳоннинг бирор тадқиқотчиси Абу Аъло ал Мааррийни реакцион ёки бадбин шоир демайди. Аксинча, у арабларнинг буюк гуманисти сифатида тилга олинади. Чунки Абу Аъло инсонлар бадбахтлиги, нуқсу касофати, жаҳолат ва ваҳшийлигини нафратли сўз билан фош этароқ, чин инсон учун курашган эди. Аҳмад Яссавий ҳам шундай қилди. Фарқи шундаки, у буни тасаввуф ғоялари ёрдамида амалга оширди.
Яссавийнинг тарки дунёчилигини зоҳидлар тарки дунёчилигидан ҳам фарқдаш керак. Зоҳидлар тақвоси тагида жаннатдан умидворлик, яъни тамаъ мавжуд бўлса, сўфийлар тарки дунёчилиги замирида муҳаббат ётади. Сўфий тафрид ва тажрид билан руҳини поклаб, ҳаққуляқин мартабаси сари кўтарилади, фано ҳолати нашидасидан лаззат олади. Шунга асосан, Яссавийнинг муқаддас руҳ тили билан айтган “ҳикмат”ларини реакцион, ғайриинсоний дейиш нотўғри. Хўжа Аҳмад Яссавий умр бўйи мазлумлар, етим, ғарибларни ҳимоя қилди, ўз ҳалқасига олди. Дарвешлар, софдил, солиҳ одамлар унинг таълимотини қабул қилиб, эл орасига ёйдилар. Шоир порахўрлик, ҳирсу ҳасадни, жаҳолатни танқид қилди, ҳаром еган қозилар, ришва олган муфтиларни, риёкор шайхларни мазаммат этди. Буми “реакцион” ғоя?
Аҳмад Яссавий шеърияти энг халқчил ва халқсевар, ҳақсевар шеъриятдир. Унинг ғоялари инсоният қозонган энг ардоқли ғоялар қаторида абадий яшаб келаверади.

Нажмиддин Комиловнинг
"Тасаввуф" китобидан